![Уч мушкетёр](/covers_330/69875542.jpg)
Полная версия
Уч мушкетёр
– На чора, – деярди мушкетёр, – бу расмга айланаяпти. Бу исрофгарчилик, ўзим ҳам биламан, аммо расм бўлиб қолди. Дарвоқе ота-онанинг пулини бирор нарсага ишлатиш керак-да.
– Оҳ, Портос, – хитоб қилди шу ердагилардан бири, – бу тасма ота саховатидан, деб бизни ишонтиришга уринма! Уни якшанба куни Сент-Оноре дарвозаси олдида сен билан учратганим, ҳижоб22 ёпинган хоним сенга тортиқ қилган бўлмасин тағин?
– Йўқ, виждоним ҳақи қасам ичаман ва дворянлик сўзи билан айтаманки, мен уни ўз шахсий пулларимга харид қилдим, – жавоб берди Портос деб аталмиш киши.
– Ҳа, – сўз қотди мушкетёрларнинг бири, – мен мана бу янги ҳамёнимни қандай харид қилган бўлсам худди шундай олгансан-да: ўша маъшуқам эскисига солиб қўйган пулларнинг ўзгинасига.
– Йўқ, рост ахир, – эътироз билдирди Портос, – мен унга ўн икки пистол тўлаганимни тасдиқлаб беришим мумкин.
Мақтов хитоблари кучайиб кетди-ю, лекин гумон тарқамади.
– Тўғримасми, Арамис? – бошқа мушкетёрга юзланиб сўради Портос.
Бу мушкетёр унга Арамис деб мурожаат қилган кишининг тамоман акси эди. Бу соддадил ва чучмал чеҳрали, куз шафтолисидай майин тук билан қопланган қирмизи юзли, кўзлари қоп-қора, йигирма икки ёки йигирма уч ёшлардаги йигит эди. Ингичка мўйловлар бежирим тўғри чизиқ каби ўтиб, устки лабини яққол кўрсатарди. Томирлари бўртиб чиқишидан ҳадиксираб, қўлларини туширишдан ўзини тияётгандай туюларди. Нафис ранги ва тиниқлигини сақлаб қолиш учун у қулоқ солинчакларини гоҳ-гоҳ чимчилаб қўярди. У салмоқлаб, кам гапирар, тез-тез таъзим қилар, ўзининг бошидан оёғигача оро берганидай, афтидан, ҳафсала билан парвариш қилгувчи чиройли тишларини кўрсатиб, товушсиз куларди. У ўз дўстининг саволини маъқуллаб, бошини ирғаш билан жавоб қилди.
Бу таъкидлаш тасма борасидаги ҳамма гумонларга барҳам берди, шекилли, уни томоша қилавердилар, лекин у ҳақидаги гап-сўзлар тўхтатилди ва суҳбат кутилмаган руҳий жиҳатларга бўйсуниб, бошқа мавзуга ўтиб кетди.
– Жаноб де Шаленинг отбоқари ҳикоя қилаётган нарсалар тўғрисида сизлар қандай фикрдасиз? – алоҳида, ҳеч кимсага, лекин шу ердагиларнинг барчасига бир йўла мурожаат қилиб сўради бошқа бир мушкетёр.
– Хўш, у нималарни ҳикоя қиляпти? – салобат билан сўрарди Портос.
– У Брюсселда Рошфор билан, бу кардиналнинг энг содиқ хизматкори билан учрашиб қолганини ҳикоя қиляпти. Рошфор капутсин либосида эди ва шундай ниқобдан фойдаланиб, бу лаънати Рошфор жаноб де Легани бориб турган лавангдек лақиллатиб кетган.
– Бориб турган лавангдек, – такрорлади Портос. – Бироқ бу рост гапмикан?
– Мен бу ҳақда Арамисдан эшитдим, – маълум қилди мушкетёр.
– Чиндан-а?
– Ахир сизга бу жуда яхши маълум-ку, Портос, – деди Арамис. – Мен бу ҳақда сизга кеча ҳикоя қилгандим. Бунга қайтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
– «Қайтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ!» – хитоб қилди Портос. – Сиз шундай ўйлайсизми? «Қайтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ!» Азбаройи шифо, сиз қандай тез ҳал қиласиз-а!.. Қандай! Кардинал дворян кишини пойлайди, у сотқин, қароқчи, осилиши лозим одам ёрдамида унинг мактубларини ўғирлайди ва ҳамон ўша жосусдан фойдаланиб, шу мактублар асосида, гўё Шале қиролни ўлдириб, герсог Орлеанскийни қироличага уйлантирмоқчи бўлган, деган бемаъни баҳона билан Шалени қатл қилишга эришади! Ҳеч ким бу жумбоқнинг калитини тополмаётган эди. Сиз, ҳаммани мамнун қилиб, буни бизга кеча маълум қиласиз-да, биз ҳали, ҳатто, ҳушимизга келмасимиздан бугун: «Бунга қайтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ!» деб эълон қиласиз.
– Хўш, шунчалик хоҳласангиз, қайта қолайлик, – тоқат билан рози бўлди Арамис.
– Мен жаноб де Шаленинг отбоқари бўлганимда борми, – хитоб қилди Портос. – Бу Рошфорнинг адабини бериб қўярдим.
– «Қизил герсог» эса сизнинг адабингизни бериб қўярди, – деб қўйди Арамис хотиржамгина.
– «Қизил герсог…» жуда соз, жуда соз! «Қизил герсог!..» – чапак чалиб маъқуллаб, бошини сарак-сарак қилиб, қичқириб юборди Портос. – «Қизил герсог» – бу жуда зўр. Мен бу аскияни тарқатишга ҳаракат қиламан, хотиржам бўлинг. Зап аскиячи-да, бу Арамис!.. Ўз истеъдодингизга эргашолмаганингиз роса ачинарли-да, азизим! Сиздан қандай дилбар аббат23 чиққан бўларди-я!
– О, бу вақтинча хаёл, холос. – деб қўйди Арамис. – Бир кунмас бир кун мен, барибир, аббат бўламан. Шунга кўзим етиб, ақоидни ўрганишни давом эттираётганимни сиз биласиз-ку, ахир, Портос.
– У ниятига етади, – деди Портос. – Эртами-кечми, лекин, етади.
– Эрта денг, – жавоб берди Арамис.
– У фақат бир нарсани – жовонида мушкетёрлик либосининг орқасида осиғлиқ турган жуббани яна кийишни кутаяпти! – хитоб қилди мушкетёрларнинг бири.
– У нимани кутаяпти ўзи? – сўради бошқаси.
– Қиролича мамлакатга меросхўр ато қилишини.
– Жаноблар, бу хусусда ҳазил қилишнинг кераги йўқ, – деб қўйди Портос. – Қиролича, худога шукур, ҳали шундай ёшдаки, бу имкон хорижида эмас.
– Лорд Бэкингем24 Францияда дейишади! – бу гўё беғараз сўзларга ғалати икки тус бергувчи қув кулги билан хитоб қилди Арамис.
– Арамис, дўстим, бу гал сиз ноҳақсиз, – унинг сўзини бўлди Портос, – аскияга майлингиз сизни маълум меъёрдан ошишга мажбур этяпти. Жаноб де Тревиль эшитиб қолгудай бўлса, бу хил сўзлар учун сизга яхши бўлмас.
– Менга ўргатмоқчимасмисиз, Портос? – юввош нигоҳида ногаҳон ўт чақнаб сўради Арамис.
– Дўстим, – жавоб берди Портос, – мушкетёр ё аббат бўлинг, лекин бир вақтнинг ўзида униси ҳам, буниси ҳам эмас. Эслаб кўринг, куни кеча Атос сизга: ҳамма ёғлиқ жойлардан тотиниб юрасиз, деб эди… Йўқ, йўқ, илтимос қиламан, жанжаллашмайлик. Бунинг ҳожати йўқ. Сиз, Атос ва менинг қилган аҳдимиз сизга яхши маълум-ку. Сиз ахир д’Егилён хонимникида бўлиб турасиз, унинг кўнглини овлайсиз, сиз де Шеврез хонимнинг холаваччаси де Буа Траси хонимникида ҳам бўласиз ва айтишларича, бу хонимнинг кўпданкўп илтифотидан баҳрамандсиз. О тангрим, бахтингизга иқрор бўлишингизнинг кераги йўқ, ҳеч ким сиздан тавба-тазарру қилишингизни талаб этаётгани йўқ – сизнинг сиполигингизни ким билмайди, дейсиз! Лекин, азбаройи шифо, модомики, жим юриш қобилиятига эга экансиз, гап ҳазрат олиялари ҳақида бораётганда, буни унутманг. Ким бўлса ҳам қирол ва кардинал хусусида нимани хоҳласа, вайсайверсин, лекин қиролича муқаддасдир, модомики, у тўғрисида гап очилган экан, фақат яхши сўзларни айтсинлар.
– Портос, сиз Нарсиссдай ўзбилармонсиз, буни билиб қўйинг, – деди Арамис. – Сизга маълум-ку, ахир, мен насиҳатларга тоқат қилолмайман, уларни ёлғиз Атосдан эшитишга тайёрман. Сизга келганда эса, азизим, сизнинг ўта дабдабали тасмангиз олижаноб туйғуларингизга нисбатан унчалик ишонч қўзғатмайди. Мабодо лозим топсам, аббат бўламан, ҳозирча мен мушкетёрман ва шу сифатда кўнглимга нимаики келса айтавераман. Ҳозир жонимга текканингизни айтгим келди.
– Арамис!
– Портос!
– Жаноблар! Жаноблар! – эшитилди ҳар томондан.
– Жаноб де Тревиль жаноб д’Артаньянга мунтазир! – кабинет эшигини ланг очиб, уларнинг гапини бўлди мулозим.
Бу сўзлар айтилаётган пайти кабинет эшиги очиқ қолган ва ҳамма бирдан жимиб кетган эди. Бу сукунат ўртасида ёш гасконлик йигит қабулхонани кесиб ўтди ва бу ғаройиб жанжалнинг хотимасига аралашиб қолишдан вақтида қутулганидан ич-ичидан қувониб, мушкетёрлар капитани ҳузурига кирди.
III
Қабул
Жаноб де Тревиль энг нохуш кайфиятда эди. Ҳар қалай, сал бўлмаса ергача эгилиб, қуюқ таъзим қилган ёш йигитни у тавозе билан қарши олди ва унинг сўзларини табассум билан тинглади. Йигитнинг беарнча талаффузи ёшлигини, туғилган диёрини – ҳар қандай ёшда ҳам инсонни қувонтира оладиган хотираларни унинг ёдига солди. Лекин, шу заҳоти қабулхона эшигига яқинлашиб, аввал бошқаларни бир ёқли қилиб, кейин эса у билан суҳбат бошлашга д’Артаньяндан рухсат сўрагандай маънода қўлини кўтариб, уч марта товушини гал сайин кучайтириб, шундай қичқирдики, унда оҳангларнинг буйруқдан ғазабгача бўлган бутун қатори янграб кетди:
– Атос! Партос! Арамис!
Биз танишиб улгурмаган охирги икки исмлар соҳиби бўлмиш мушкетёрлар дарҳол дўстларидан ажралиб, бўсағадан ўтиши билан уларнинг ортидан кабинетнинг эшиги ёпилди. Буткул хотиржам бўлмасаларда, уларнинг бир вақтнинг ўзида ҳам виқор, ҳам итоат билан туриб, ўзларини бемалол тутишлари бу кишиларни ярим худолар-у уларнинг сардорини гумбирлатиб чақмоқ чақишга шай даҳшатли Юпитер деб билаётган д’Артаньяннинг ҳавасини келтирди.
Иккала мушкетёр ичкари кириб, ортидан эшик ёпилгандан кейин, мушкетёрларнинг чақирилиши янги хўрак бўлган гап-сўзларнинг ғовур-ғувури яна кучайиб кетгандан сўнг, ниҳоят, жаноб де Тревиль қовоғини солиб, кўрикда сингари қаддини ростлаб, унсиз турган Портос ва Арамисларнинг ёнидан ўтиб, кабинетни уч ёки тўрт марта жимгина айланиб чиқди, сўнг қўққисдан уларнинг қаршисида тўхтади-да, мушкетёрларнинг бошидан оёғигача қаҳрли назар ташлаб, деди:
– Узоғи билан кеча кечқурун менга қирол нима дегани сизларга маълумми, жаноблар? Сизларга бу маълумми?
– Йўқ, – қисқа сукутдан сўнг жавоб қилдилар иккала мушкетёр. – Йўқ, тақсир, бизга ҳеч нарса маълум эмас.
– Лекин, бизларга илтифот кўрсатиб, маълум қиларсиз, деган умиддамиз, ғоят даражада тавозе билан илова қилди Арамис ва назокатли таъзим бажо келтирди.
– У менга мушкетёрларни келгусида жаноб кардинал гвардиячилардан танлаб олишини айтди.
– Жаноб кардиналнинг гвардиячиларидан? Бу қанақаси бўлди? – қичқириб юборди Портос.
– У, ўзининг нордон виносига яхши вино қўшиш эҳтиёжи туғилди, деган хулосага келди.
Иккала мушкетёр қулоқларигача қизариб кетишди. Д’Артаньян ўзини қаёққа уришни билмас, ер ёрилса кириб кетгудай ҳолатда эди.
– Ҳа, ҳа, тобора қизишиб давом этди жаноб де Тревиль, – Ҳазрат олийлари тамоман ҳақлар, зеро, виждоним ҳақи онт ичаманки, жаноб мушкетёрлар саройда хунук роль ўйнаётирлар! Кеча кечқурун жаноб кардинал шахмат ўйини устида менинг ғашимга тегадиган ҳамдард оҳангда, – бу лаънати мушкетёрлар, бу каллакесарлар, – деб ҳикоя қилишга тутинди, бу сўзларни у менга янаям кам манзур бўлган бошқача заҳархандалик билан талаффуз этди, – бу қассоблар, – менга ўзининг ёввойи мушукникига ўхшаган кўзлари билан қараб-қараб, қўшиб қўйди, – Феру кўчасидаги майхонада рухсат этилган соатдан кейин ҳам қолишибди. Унинг гвардиячилари, – у юзимга қараб, кулиб юборадигандай туюларди, – тун осойишталиги бузғунчиларини ушлашга мажбур бўлишган. Минг лаънат! Сизлар биласизми, бу нима деган гап! Мушкетёрларни ҳибсга олиш! Сизлар шу даврада бўлгансиз… ҳа, сизлар, тонмай қўя қолинг, сизларни таниб қолишган, кардинал номларингизни ҳам айтди. Гуноҳ мен-да, гуноҳ менинг ўзим-да, ахир одамларни ўзим танлаб оламан-да. Лоақал сизни олайлик, Арамис: сизга шунчалик жубба ярашаркан-у, нега мендан мушкетёрлик камзулини сўраб олдингиз? Хўш, сиз-чи, Портос… сизга бундай ажойиб олтин тасма похол қилич осиш учун керакдир. Атос бўлса… Мен Атосни кўрмаяпман. Қани у?
– Тақсир, – маъюс гапирди Арамис, – у бетоб, жуда бетоб.
– Бетоб? Жуда бетоб дедингизми? Унга нима бўпти?
– Чечакми, деб қўрқишяпти, тақсир, – ўзининг ҳам сўзини қистиришга интилиб деди Портос. – Ғоят қайғули воқеа: бу дард унинг юзини расво қилиши мумкин.
– Чечак?.. Ана, холос. Сиз ажабтовур ҳикоя айтаяпсиз-ку, Портос! Унинг шу ёшида чечак чиқса! Йўқ, йўқ!.. У яраланган бўлса керак… ёки ўлдирилган… Оҳ, кошки мен билолсам эди!.. Минг лаънат! Жаноб мушкетёрлар, одамларимнинг шубҳали жойларда санқиб юришларини, кўча-кўйларда жанжал чиқаришларини, қоронғи бурчакларда қилични ишга солишларини мен хоҳламайман! Хуллас, одамларимни жаноб кардиналнинг гвардиячиларига калака бўлишларини истамайман. Бу гвардиячилар тинч болалар, чаққон, одамшаванда. Улар ҳибсга олишга муносиб эмас, бундан ташқари, улар ўзларини қамоққа олдириб ўтирмасдилар. Бунга ишончим комил! Бирон қадам чекингандан кўра улар ўлимни раво кўрган бўлардилар. Жонини қутқариш, қочиш, жуфтакни ростлаш – булар қирол мушкетёрларининг қўлидан келади, холос!
Портос ва Арамис ғазаби қайнаб, титраб-қақшаб туришарди. Кўнглининг тубида фақат ўзларига нисбатан оташин муҳаббатгина уни шу йўсинда гапиришга мажбур этаётганини англаб етмаганларида жаноб де Тревилни улар бўғиб қўйишлари турган гап эди. Улар пошналарини гиламга уриб-уриб қўйишар, лабларини қонагунча тишлар ва жон-жаҳдлари билан қилич сопларини қисишарди.
Қабулхонада Атос, Портос ва Арамиснинг чақирилганини эшитишган ва жаноб де Тревилнинг товушидан унинг қаттиқ жаҳли чиққанини пайқашган эди. Синчковлик азобида қолган ўнлаб бошлар бирорта ҳам сўзни қочирмаслик ниятида эшикка ёпишган, тирқишга босилган қулоқлар бирор товушни оқизмайтомизмай эшитаётган бир пайтда юзлар қаҳру ғазабдан бўзарар, оғизлар эса капитаннинг ҳақоратли сўзларини шу ердагиларнинг ҳаммасига бирма-бир етказиб турарди. Бир зумда бутун уй, кабинет эшигидан то дарвозахонагача, қайнаётган қозонга айланиб кетди.
– Шундай денг! Қирол мушкетёрлари кардинал гвардиячиларига ўзларини ҳибсга олдириб ўтирса! – юрагининг тўрида ғазаби аскарлариникидай тошган жаноб де Тревиль сўзларни чертиб ва гўё қилич зарбидай тингловчиларининг кўксига санчиб-санчиб давом этарди. – Шунақами ҳали! Кардиналнинг олти гвардиячиси ҳазрат олийларининг олти мушкетёрини ҳибсга олса! Минг лаънат! Мен бир қарорга келдим. Шу ерданоқ Луврга жўнайман-да, бўшайман, қирол мушкетёрлари капитани унвонидан кечиб, кардинал гвардиячиларига лейтенант қилиб қўйишларини илтимос қиламан. Борди-ю, рад этишса, минг лаънат, аббат бўлиб оламан!
Шу сўзлардан сўнг девор ортидаги шовқин тўполонга айланиб кетди. Ҳар томондан лаънатлар ва сўкинишлар ёғила бошлади. «Минг лаънат!», «Худо-ю бор фаришталар!», «Ажал ва дўзах!» сингари хитоблар ҳавода муаллақ туриб қолди. Д’Артаньян кўзлари билан ўзи яширинса бўладиган бирор дарпарда қидирар ва енгиб бўлмас даражада столнинг остига кириб кетгиси келарди.
– Бўлмаса гап бундай, жаноб капитан! – ўзини тутолмай хитоб қилди Портос. – Биз ростдан ҳам олти кишига қарши олтита эдик, аммо бизга туйқусдан ҳужум қилишди, биз қиличларимизни яланғочлаб улгурмасдан иккитамиз шарт ўлдирилди, Атос эса чунон оғир яраландики, ўликлардан кам фарқ қиларди; у икки марта туришга уриниб, иккала сафар ҳам ерга қулаб тушаверди. Барибир, бўш келмадик. Йўқ! Бизни зўрлик билан судраб кетишди. Йўлда биз яшириниб қолдик. Атосга келганда, уни ўлик ҳисоблаб, овора бўлишга арзимайди, деб жанг майдонида тинч қолдириб кетишибди. Мана, иш қандай бўлган. Азбаройи шифо, капитан! Ҳар қандай жангда ҳам ютиб бўлавермайди. Улуғ Помпей Фарсал жангини, эшитишимча, унча-мунча донғи чиққан қирол Францик Биринчи эса Павиядаги жангни ютқазган.
– Мен ҳам маълум қилишга мушаррафманки, – деди Арамис, – ҳужум қилаётганларнинг бирини мен унинг ўз қиличи билан чопиб ташладим, чунки менинг қиличим биринчи ҳамладаёқ синиб кетди. Ўлдирдимми ёки чопиб ташладимми – сизга қай бири маъқул бўлса, шуниси, тақсир.
– Мен буни билмабман, – бир оз юмшаб гапирди жаноб де Тревиль, – назаримда, жаноб кардинал унчамунча оширган кўринади.
– Лекин, илтижо қиламан, тақсир, – де Тревилнинг юмшаганини кўргач, энди унга илтимос билан мурожаат этишга журъат қилиб давом этди Арамис, – илтижо қиламан, тақсир, ҳеч кимсага Атоснинг жароҳатланганини айтмасангиз. Бундан қирол хабар топгудай бўлса, унинг кўнгли хира бўлади. Лекин, жароҳат оғир бўлгани важҳидан тиғ кифтни тешиб, кўксига етган – қўрқиш мумкинми…
Шу дақиқа дарпарданинг чети кўтарилди ва бўсағада ўктам ва гўзал, лекин ҳаддан ташқари рангпар юзли мушкетёр кўринди.
– Атос! – қичқириб юборишди иккала мушкетёр…
– Атос! – уларнинг кетидан такрорлади де Тревиль.
– Сиз мени чақирибсиз, жаноб капитан, – жаноб де Тревилга юзланиб деди Атос. Унинг овози заиф, лекин, мутлақо хотиржам эшитиларди. – Дўстларимнинг маълум қилишларича, мени чақирибсиз, ҳузурингизга шошдим. Амрингизга мунтазирман, тақсир!
Шу сўзларни айтиб, уст-боши бежирим ва ҳамишагидай қадди расо мушкетёр шахдам одимлар билан кабинетга кирди. Жасоратнинг бундай намунасидан дил-дилидан таъсирланган де Тревиль унга отилди.
– Мен боягина бу жанобларга мушкетёрларимнинг жонини эҳтиёжсиз хавф остида қолдиришларини тақиқлайман, деб эдим, – деди де Тревиль. – Мард кишилар қиролга азиздир, мушкетёрларнинг эса ер юзидаги энг жасур кишилар экани қиролга маълум. Қўлингизни беринг, Атос!
Киргувчининг дўстона туйғуларнинг бу туғёнига жавоб қилишини кутиб ўтирмасдан де Тревиль Атоснинг ўнг қўлини тутди-да, ўзининг бор матонатига қарамай унинг оғриқдан сесканиб кетгани ва гарчанд, бу имкон хорижида туюлса-да, ранги янаям оқариб кетганини пайқамай, уни кучининг борича қисди.
Эшик қия очилганича қолган эди. Бу ишлар атрофидаги махфиятдан қатъи назар, жароҳати кўпчиликка ошкор бўлган Атоснинг пайдо бўлиши ҳаммани ҳайрон қолдирди. Капитаннинг сўнгги сўзлари мамнуният шовқини билан қарши олинган ва икки-уч калла завқи жўшиб, дарпарда орасидан суқилган эди. Де Тревиль, эҳтимол, одоб қоидасининг бундай бузилишини аччиқ танбеҳ билан жазолашни унутмасди, лекин қўққисдан Атоснинг қўли унинг қўлида талвасада қалтираб кетганини сезиб қолди ва нигоҳини мушкетёрга кўчириб, унинг ҳушидан кетай-кетай деб турганини кўрди. Айни шу дам оғриқни босиш учун бор кучини йиғиб, барибир, енгилган Атос полга жонсиздай қулаб тушди.
– Табиб! – қичқириб юборди де Тревиль. – Меникими ё қиролникими – энг яхшисини! Табиб, ёки, минг лаънат, менинг мард Атосим ўлиб қолади!
Де Тревилнинг овозига у ёпиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмаган эшикдан қабулхонада тўпланганларнинг ҳаммаси кабинетга ёпирилиб кирди. Ярадорга ҳамма парвона бўлиш билан овора. Лекин, табиб уйнинг ўзидан чиқиб қолмаган тақдирда барча уринишлар беҳуда кетарди. Оломонни итариб йўл очиб, у ҳамон беҳуш ётган Атосга яқинлашди ҳамда шовқин ва тўполон унга халал бераётгани сабабли беморни қўшни хонага ўтказишларини қатъий талаб этди. Жаноб де Тревиль шошиб эшикни очди-да, дўстларини қўлларида кўтариб бораётган Портос ва Арамисга йўл кўрсатгани кўйи ўзи олдинда юрди. Унинг кетидан табиб эргашди, табибдан кейин эшик ёпилди.
Шунда келувчиларни ҳамиша ҳаяжонга солиб келган жаноб де Тревилнинг кабинети қабулхона бўлимига айланиб қолди. Тўпланганлар маҳмадоналик қилишар, товушларини пасайтирмай вайсашар ва қўпол иборалардан ҳам тап тортмай кардинал билан унинг гвардиячиларини жинлар маконига жўнатар эдилар.
Хийла вақт ўтгач, Портос ва Арамис қайтиб чиқишди. Ярадорнинг олдида де Тревиль билан табиб қолишди, холос.
Ниҳоят, жаноб де Тревиль ҳам қайтди. Унинг сўзларига қараганда ярадор ҳушига келган эди. Табиб беморнинг аҳволи дўстларини хавотирга солмаслиги керак, чунки дармонсизликка кўп қон йўқотиш сабаб бўлган деб ҳисобларди.
Сўнгра жаноб де Тревилнинг қўл имоси билан, гасконликка хос бир сўзлик ила ўзига қабул тайинланганлигини унутмай жойида қолган д’Артаньяндан бўлак ҳамма чиқиб кетди.
Эшик ёпилгач, де Тревиль ўгирилди-да, ёш йигит билан юзма-юз тўқнашди. Рўй берган воқеалар унинг хаёллар риштасини узиб қўйган эди. У саботли зиёратчининг истаги нималигини суриштирди. Д’Артаньян де Тревилнинг хаёлида ҳам ўтмишни, ҳам ҳозирги кунларни бир йўла уйғотиб, ўзини танитди.
– Узр, муҳтарам юртдошим, – деди у табассум билан, – мен сизни мутлақ унутиб қўйибман. Иложим қанча: капитан – бу оила бошлиғининг худди ўзи, фақат оддий отадан кўра кўпроқ нарсаларга жавобгар. Аскарлар – бу ёши катта гўдаклар, лекин мен қиролнинг ва хусусан жаноб кардиналнинг фармойишларини бажарилишини талаб этганим сабабли…
Д’Артаньян табассумини яширолмади. Бу табассум жаноб де Тревилга қаршисидаги йигит ҳаргиз фаросатсиз эмаслигини кўрсатди-ю, у дарҳол ишга кўча қолди.
– Мен отангизни жуда севардим, – деди у. – Ўғлига қандай нафим тегаркин? Тезроқ гапиринг, вақтим тугай деб қолди.
– Тақсир, – деди д’Артаньян, – Тарбдан Парижга жўнаётганимда сиз унутмаган ўша дўстлик ҳурмати сиздан мушкетёрлик ридосини сўраб олишни умид қилган эдим. Лекин, шу икки соат мобайнида кўрган нарсаларимдан кейин бу марҳамат қандай улканлигини идрок этиб, унга арзимайманми, деб қўрқяпман.
– Ҳа, йигитча, бу ҳақиқатан ҳам марҳамат, – жавоб берди жаноб де Тревиль. – Лекин, сиз учун ўйлаганингиздек ёки ўйлаганга солаётганингиздек қўл етмас бўлмаса керак. Дарвоқе, ҳазрат олийларининг бир фармойиши бундай ҳолни назарда тутади ва таассуфки, сизга маълум қилишим лозимки, у ҳеч кимсани бир неча жангларда синалмагунча, бирор ёрқин қаҳрамонликлар кўрсатмагунча ёки бизникидан жўнроқ полкда икки йил хизмат ўтамагунча мушкетёрликка қабул қилмайди.
Д’Артаньян индамай таъзим қилди. Ниятига етиш нечоғлик мушкуллигини билганидан бери у мушкетёрлик либосини яна ҳам кучли қўмсай бошлади.
– Лекин, – ўз юртдошига, гўё унинг юрагига қўл солиб кўрмоқчидай, унга ўткир нигоҳини қадаб давом этди де Тревиль, – лекин, отангизга, сизга айтганимдек эски дўстимга бўлган ҳурматим туфайли сиз учун бирор нарса қиларман, йигитча. Бизнинг беарнлик йигитларимиз камдан-кам бадавлат бўлишади, мен қадрдон ўлкани ташлаб кетганимдан бери аҳвол кўп ўзгармагандир, деб ўйлайман. Олиб келган пулларингиз кун кечиришга етиши маҳолдир.
Д’Артаньян бутун қиёфаси билан ҳеч кимдан садақа сўрамаётганини кўрсатиб, мағрур қад ростлади.
– Бас, бас, йигитча, – давом этди де Тревиль, – менга бу қилиқлар таниш. Мен Парижга чўнтагимда тўрт экю пул билан келганман ва менга Луврни сотиб олишга қурби етмайди, дейишга журъат этолган ҳар кимсани муборазага чақиришим турган гап эди.
Д’Артаньян бошини баландроқ кўтарди. Отни сотиш шарофати билан у ўз мартабасини дастлабки пайтлар де Тревил эга бўлганидан тўрт экю кўпроқ пул билан бошламоқда эди.
– Демак, – давом этди капитан, – келтирган маблағингизни, у қанчалик кўп бўлмасин, сақлаб қўйишингиз лозим. Лекин, яна қурол тутиш санъатини такомиллаштиришингиз лозим – бу дворян кишига зарур. Мен бугун Қирол академиясининг бошлиғига мактуб ёзиб бераман ва эртадан бошлаб у сизни ҳеч бир ҳақ талаб этмасдан қабул қилади. Бундан бош тортманг. Бизнинг ёш дворянларимиз, ҳатто, энг аслзода ва бадавлатлари ҳам кўпинча у ерга киришга беҳуда уриниб юрадилар. Сиз от миниш, қиличбозлик ва рақслар ўрганасиз. Фойдали таниш-билишлар орттирасиз, менинг ҳузуримга эса ора-сира келиб турасиз, ишларингиз қандай бораётгани, сизга қандай ёрдам қилишим тўғрисида менга ахборот бериб турасиз.
Сарой ҳийлалари д’Артаньян учун нечоғлик бегона бўлмасин, барибир, у бу қабулнинг совуқлигини ҳис қилди.
– Эвоҳ! – хитоб қилди у. – Отам берган тавсиянома билан мактубнинг ҳозир ўрни қандай билинаётганини кўриб турибман.
– Дарҳақиқат, – жавоб берди де Тревил, – биз беарнликларга шу қадар зарур, ўша ягона сеҳрли калитсиз бунча олис сафарга отланганингиздан таажжубдаман.
– Мактубим бор эди, тақсир, худога шукур, туппатузук ҳам ёзилган эди! – хитоб қилди д’Артаньян. – Лекин, уни мендан ҳийла билан ўғирлаб кетишди!
Шундан кейин у Менгда юз берган воқеаларнинг ҳаммасини ҳикоя қилиб, нотаниш дворянни барча тафсилотлари билан тасвирлаб берди. Унинг жўшқин нутқидан уфуриб турган самимият де Тревилга манзур бўлди.
– Ғалати воқеа… – ўйчан гапирди мушкетёрлар капитани. – Сиз, демак, баланд овоз билан менинг номимни тилга олдингизми?
– Ҳа, албатта. Мен эҳтиётсизлик қилиб қўйдим. Лекин, иложим қанча, сизники сингари ном йўлда менга қалқон бўлиб хизмат қилиши керак эди-да. Уни қанча кўп дастак қилганимни ўзингиз ўйлаб кўринг.
Хушомад у маҳаллар расм бўлган эди, де Тревиль ҳам ҳар қандай қирол ёки кардинал сингари мақтовдан таъсирланарди. Шу сабабдан у мамнун бўлганини ифода этгувчи табассумни тиёлмади, лекин, табассум бирпасда сўнди.
– Айтинг-чи, – Менгдаги воқеага қайтиб, ўзи гап бошлади у, – айтинг-чи, ўша дворяннинг чаккасида енгил чандиқ йўқмиди?
– Ҳа, ўқ тешиб ўтгандай.
– У келишган кишимиди?
– Ҳа.
– Барвастамиди?
– Ҳа.
– Рангпар, сочлари қорами?
– Ҳа, ҳа, худди шундай. Сиз қаердан у кишини танийсиз, тақсир? Оҳ, зора мен уни бирор кун қидириб топсам – онт ичаманки, мен уни дўзахдан бўлсаям қидириб топаман…
– У аёл кишини кутармиди? – унинг сўзини бўлди де Тревиль.
– Ҳарҳолда, ўша аёл билан бир-икки оғиз гаплашиб олгандан кейингина жўнаб кетди-ку.
– Улар нималарни гаплашганини сиз билмайсизми?
– У аёлга қутича бериб, ундан фармойишларни топажагини айтди ва қутичани фақат Лондонда очишни таклиф этди.
– Ўша аёл инглизмиди?
– У, миледи деб гапирди.
– Бу ўша! – шивирлади де Тревиль. – Бу ўша! Мен бўлсам уни ҳалиям Брюсселда деб ўйлаб юрибман.
– О, тақсир, – хитоб қилди д’Артаньян, – унинг ким ва қаерданлигини менга айтиб беринг, мен сиздан бундан бўлак ҳеч нарсани, ҳатто, мушкетёрликка қабул қилишингизни ҳам сўрамай қўя қоламан! Негаки, мен аввало у билан ҳисоб-китоб қилишим керак.
– Сизни худо асрасин бундан, йигитча! – хитоб қилди де Тревиль. – Уни кўчада учратиб қолгудай бўлсангиз – дарҳол бошқа томонга ўтиб олишга шошилинг. Бу қояга йўлиқманг – шишадай синиб кетасиз.
– Барибир, – деб қўйди д’Артаньян, – агар уни учратиб қолсам…
– Ҳарҳолда, ҳозирча уни қидиришингизни маслаҳат бермайман, – деди де Тревиль.
Тўсатдан кўнглига ғалати шубҳа келиб, де Тревиль жимиб қолди. Отасининг мактубини гўё ўғирлаган кишига нисбатан йигит билдираётган жўшқин нафрат… Ким билсин, бу нафрат остида маккор режа яширинганми? Бу йигитни падари бузруквор юборган бўлсачи? У де Тревилни қўлга тушириш ниятида келган бўлса-чи? Ўзини д’Артаньян деб танитаётган бу одам, бошқаларнинг бошига тушгандек, унинг ҳам пинжига кириб, кейин ҳалок қилмоқчи бўлган жосус эмасмикан? У д’Артаньянга аввалгидан ҳам синчиклаброқ разм солди. Ақл, муғамбирлик ва сохта сиполикни ифодалаб турган бу серҳаракат чеҳра унинг кўнглига унчалик таскин бермади.