![Уч мушкетёр](/covers_330/69875542.jpg)
Полная версия
Уч мушкетёр
– Рости, мен сизнинг сўзларингиздан ҳижолат чекаяпман, – назокатли илтифот билан деди Атос. – Агар қаршилигингиз бўлмаса, яхшиси, бошқа нарсалар ҳақида гаплашсак… Уҳ, шайтон сиз қандай оғритдингиз-а! Елкам шундай ёняпти!
– Агар ижозат берганингизда эди, – қўрқа-писа ғўлдиради д’Артаньян.
– Нима эди, тақсир?
– Менда жароҳатларни даволаш учун мўъжизакор малҳам бор. Бу малҳамни менга волидам берган, мен уни ўзимда синаб кўрганман.
– Хўш, нима бўпти?
– Гап шундаки, уч кунга бормай – бунга ишончим комил – соғайиб кетасиз, бу уч кун ўтгач, сиз тузалганингиздан кейин эса, тақсир, сиз билан қиличлашишни улуғ марҳамат деб билгайман.
Д’Артаньян бу сўзларни ўз одобига ярашиқ, айни замонда мардлигига шак-шубҳа қолдирмайдиган бир соддадиллик билан айтди.
– Худо ҳаққи, тақсир, – жавоб берди Атос, – бу таклиф менга манзур. Бунга розиман дейман-у, лекин бутун бир мил нарида ҳам дворяннинг олижаноблиги мана мен деб турибди. Улуғ Карл замонининг жангчилари шу зайл сўзлаб, ҳаракат қилишган, ҳар бир кавалер уларга таассуб қилиши лозим. Лекин, таассуфки, биз улуғ император замонида яшамаймиз. Биз муҳтарам жаноб кардинал даврида яшаяпмиз ва уч кун ичида сиримизни нечоғлик пухта асрамайлик, ошкор бўлиб, ниятимизни амалга оширишга халал беришадими, дейман. Ҳа, бу ялқовларни дом-дараги йўққа ўхшайди!
– Агар шошиб турган бўлсангиз, тақсир, – бир дақиқа бурун Атосга муборазани уч кунга кечиктиришни таклиф этган ўша кўнгилчанлиги билан сўзлади д’Артаньян, – агар шошиб турган бўлсангиз ва мени дарҳол тугатиб қўйгингиз бўлса, илтимос қиламан – тортиниб ўтирманг.
– Бу сўзлар ҳам менга манзур, – деди Атос д’Артаньянга очиқ юз билан бош ирғаб. – Бу ақлли ва шубҳасиз, олижаноб кишининг сўзлари. Тақсир, мен сизга ўхшаш одамларни жуда ёқтираман, башарти, бир-биримизни ўлдирмасак, кейинчалик сиз билан улфатчилик қилишдан ғоят мамнун бўлишимни кўриб турибман. Дўстларимни кутайлик, илтимос қиламан, менинг шошадиган жойим йўқ, шундай қилсак, дурустроқ бўлади. Ие, ана улардан бири келяпти, шекилли!
Дарҳақиқат, шу он Вожирар кўчасининг охирида Портоснинг баҳайбат қомати кўринди.
– Ие? – хитоб қилди д’Артаньян. – Сизнинг биринчи ҳакамингиз жаноб Портосми?
– Ҳа. Сизга бу малол келяптими?
– Йўқ, йўқ!
– Иккинчиси ҳам ана.
Д’Артаньян Атос кўрсатган томонга ўгирилиб, Арамисни таниди.
– Ие? – биринчи галгидан ҳам ортиқроқ таажжубни ифодаловчи оҳангда хитоб қилди д’Артаньян. – Сизнинг иккинчи ҳакамингиз – жаноб Арамисми?
– Албатта. Бизни ҳаргиз бир-биримизсиз кўрмасликларидан, мушкетёрлар сингари гвардиячилар орасида ҳам, сарой ва шаҳарда ҳам бизларни Атос, Портос ва Арамис ёки уч ажралмаслар деб аташларидан сизнинг хабарингиз йўқми ҳали. Дарвоқе, сиз эндигина Даксдан ёки По…
– Тарбдан, – тузатди д’Артаньян.
– … келганингиз учун бу тафсилотларни билмаслигингиз, узрли.
– Чин сўзим, – деди д’Артаньян, – лақабларингиз боп экан, муҳтарам афандилар. Менинг воқеам, у овоза бўлган тақдирда, сизларнинг дўстлигингизга табиатларингизнинг тафовути эмас, балки ўхшашлиги асос солганининг исботи бўлиб хизмат қилади.
Шу пайт Портос яқинроқ келиб, Атосга қўл силкитиб салом берди, сўнг ўгирилиб, д’Артаньянни таниган заҳоти таажжубдан анқайиб қолди.
Бу орада Портос ридосини ташлаб, тасмасини алмаштириб олганини ҳарна эслатиб қўяйлик.
– Хў-ўш, – чўзиб деди у. – Бу қандай гап?
– Мен шу жаноб билан уришаяпман, – қўли билан д’Артаньянни кўрсатиб ҳамда шу ҳаракатнинг ўзи билан уни қутлагандай қилиб деди Атос.
– Лекин, мен ҳам худди шу киши билан уришаман, – маълум қилди Портос.
– Фақат, кундуз соат бирда, – тинчлантирувчи оҳангда деб қўйди д’Артаньян.
– Лекин, мен ҳам шу жаноб билан уришаман, – уларга яқинлашаркан ўз навбатида эълон қилди Арамис.
– Фақат, соат иккида, – ҳамон ўша вазминлик билан деди д’Артаньян.
– Сен нима важдан уришаяпсан, Атос? – сўради Арамис.
– Тўғриси, жавоб беришга қийналаман, – деди Атос. – У елкамга ёмон туртиб юборди. Сен-чи, Портос?
– Мен бўлсам, шунчаки уришаётганим учун уришаяпман, – қип-қизариб жавоб берди Портос.
Ҳеч нарса назаридан қочмайдиган Атос гасконлик йигитнинг лабларидан сирпаниб ўтган хиёл табассумни пайқади.
– Биз либос масаласида тортишиб қолдик, – деди ёш йигит.
– Сен-чи, Арамис?
– Мен ақоиднинг бир масаласида келишолмай уришаяпман, – муборазанинг асл сабабини яширишини д’Артаньянга имо қилиб, деди Арамис.
Атос гасконлик йигитнинг лабларига яна табассум қўнганини пайқади.
– Наинки? – қайта сўради Атос.
– Ҳа, дарвешона Августиннинг бир жойида фикрларимиз мос келинади.
«У шубҳасиз ақлли», кўнглидан ўтказди Атос.
– Энди эса, муҳтарам афандилар, ҳаммаларингиз тўплангандан кейин, – деди д’Артаньян, – сизлардан узр сўрашга ижозат бергайсиз.
«Узр» сўзини эшитиб, Атоснинг юзи хиралашди, Портос истиғно билан мийиғида кулиб қўйди, Арамис эса бошини салбий чайқади.
– Сизлар мени тушунмадингиз, жаноблар, – деди бошини кўтариб д’Артаньян. Шу маҳал унинг бошига қуёш ёғдуси тушиб, латиф ва жасур чеҳрасини яққол кўрсатди. – Мен учалангизни ҳам рози қилолмасам, деб узр сўрадим. Ахир, жаноб Атоснинг мени биринчи бўлиб ўлдиришга ҳақи бор; бу сизга нисбатан инсофсизлик бўлади, жаноб Портос; сизга берган мажбуриятим эса, жаноб Арамис, қарийб йўққа чиқади. Энди эса, муҳтарам афандилар, яна бир такрорлайман: мени маъзур тутинг, шу учун халос… Бошласак бўлар?
Шу сўзлар билан ёш гасконлик йигит қиличини дадил чиқарди.
Унинг боши қизиб кетди. Шу лаҳзада у қиличини ҳозир Атос, Портос ва Арамисга қарши яланғочлагандай қиролликнинг барча мушкетёрларига қарши яланғочлашга тайёр эди.
Соат ўн иккидан чоракта ўтган. Қуёш қиёмида турар ва дуэл учун танланган жой унинг жазирама нурларига кўмилган эди.
– Иссиқ, – ўз набатида қиличини яланғочлаб деди Атос. – Аслида эса камзулимни ечиб ташлашнинг иложи йўқ. Мен жароҳатим қонаётганини сезиб турибман, лекин, рақибимга ўзи чиқармаган қонни кўрсатиб, уни хижолат қилишдан қўрқаман.
– Ҳа, тақсир, – жавоб берди д’Артаньян. – Бу қонни мен чиқарганманми, ўзга кишими, лекин бунча мард дворяннинг қонини кўриш мен учун ҳамиша оғир. Мен сиз сингари камзулимни ечмай уришаман.
– Буларнинг ҳаммаси жуда дуруст! – хитоб қилди Портос. – Аммо, ширинсуханлик етар! Биз ҳам навбат кутаётганимизни унутманглар.
– Бундай бемаъни гапларни айтаётганда ўзингиз номингиздан гапиринг, Портос, – унинг сўзини бўлди Арамис. – Менга келганда, бу икки жанобнинг ҳамма гаплари, менинг назаримда, жуда соз ва икки олижаноб дворянга бутунлай муносиб.
– Бош устига, тақсир, – дея жойига бориб турди Атос.
– Мен сўзингизни кутдим, холос, – у билан қиличини чалиштириб жавоб берди д’Артаньян, Бироқ, тиғлар бир-бирига тегиб жаранглагунча бўлмай, монастир муюлишида жаноб де Жюссак командаси остида кардинал гвардиячиларининг отряди кўринди.
– Кардинал гвардиячилари! – бир овоздан қичқиришди Портос билан Арамис. – Қиличларни қинига солинг, жаноблар! Қиличларни қинига солинг!
Аммо вақт ўтганди. Ниятлари борасида шак-шубҳа қолдирмайдиган бир тарзда гвардиячилар рақибларнинг устидан чиқиб қолдилар.
– Ҳой! – улар томонга қадам ташлаб ҳамда қўл остидаги кишиларга эргашишни ишора қилиб, қичқирди де Жюссак. – Ҳой мушкетёрлар! Сизлар шу ерда уришмоқчимисиз? Фармонлар нима бўлади?
– Сизлар ўта илтифот қиляпсизлар, жаноблар, – алам билан деди Атос, чунки де Жюссак икки кун муқаддам содир бўлган ҳужумнинг иштирокчиси бўлганди. – Агар сизлар уришаётганингиз устидан чиқиб қолганимизда, сизларни ишонтиришим мумкинки, биз халал бериб ўтирмасдик. Бизни ўз ҳолимизга қўйинг, шунда заҳмат чекмасдан, маза қиласиз.
– Муҳтарам жаноблар, – деди де Жюссак, – минг афсуски, бунинг иложи йўқ, деб сизларга маълум қилишга мажбурман. Биз учун бурч – ҳаммасидан афзал. Қиличларни қинига солиб, орқамиздан юринг.
– Муҳтарам жаноб, – де Жюссакни мазах қилиб, деди Арамис, – бу бизга боғлиқ бўлганда илтифотли таклифингизга жон-жон деб кўнардик. Лекин, бахтга қарши, бунинг иложи йўқ: жаноб де Тревил буни тақиқлаб қўйган. Қани, йўлингиздан қолманг – бундан тузук чорангиз йўқ.
Масхарадан де Жюссакнинг жони чиқиб кетди.
– Агар итоат қилмасангиз, – хитоб қилди у, – биз сизга ҳужум қиламиз!
– Улар беш киши, – нимтовуш билан гапирди Атос, – биз уч кишимиз, холос. Биз яна мағлубиятга дучор бўламиз ёки турган жойимизда ўлишимизга тўғри келади, зеро, сизларга маълум қиламанки, мағлуб бўлиб, мен капитаннинг кўзига кўринмайман.
Атос, Портос ва Арамис шу заҳоти бир-бирларига яқинроқ сурилиб олишди, де Жюссак эса аскарларини сафга тизишга шошилди.
Шу дақиқа д’Артаньян учун кифоя қилди: у бир қарорга келди. Инсон тақдирини ҳал қилувчи воқеалардан бири содир бўлди. У қирол ёки кардинални танлаши, танлаб олгач эса, шунга риоя қилиши лозим эди.
Жангга кирмоқ – қонунга бўйсинмаслик демак эди, бошини тикиш демак эди, қиролнинг ўзидан кўра қудратлироқ министрнинг душмани бўлиш демак эди. Буларнинг ҳаммасини ёш йигит бирпасда тушуниб олди. Унинг шаънига шуни айтишимиз зарурки: у бир лаҳза ҳам иккиланмади.
– Жаноблар, – Атос ва унинг дўстларига юзланиб деди у, – сизни тузатишга ижозат берсангиз. Сиз уч кишимиз, дедингиз, лекин, менимча, биз тўрт кишимиз.
– Сиз мушкетёр эмассиз-да, – эътироз билдирди Портос.
– Бу ҳақ гап, – маъқуллади д’Артаньян, – эгнимда мушкетёрлик либоси йўқ, лекин, дилимда мушкетёрман. Менинг қалбим – мушкетёрнинг қалби. Мен худди мушкетёр сингари ҳис қилиб, ҳаракат қиляпман.
– Йигитча, нари туринг! – д’Артаньяннинг имо-ишораси ва авзоидан унинг ниятини пайқаб бўлса керак, қичқирди де Жюссак. – Сиз кетаверишингиз мумкин, қаршилигимиз йўқ. Жонингизни қутқариб қолинг! Тезроқ қимирланг!
Д’Артаньян турган жойидан силжимади.
– Сиз чиндан ҳам ажойиб йигит экансиз, – унинг қўлини қиса туриб деди Атос.
– Тезроқ, тезроқ ҳал қилинг!– қичқирди де Жюссак.
– Тезроқ, – деб гапира бошлашди Портос билан Арамис, – бирор нарса қилиш керак.
– Бу йигит тантилик қилаяпти, – деб қўйди Атос.
Лекин, учовини ҳам д’Артаньяннинг ёшлиги ва тажрибасизлиги хавотирга соларди.
– Биз уч киши бўламиз, бундан бири ярадор, бунинг устига ёш йигит деярли гўдак-у, тўрт киши эди, дейишади.
– Ҳа, лекин, чекиниш!.. – хитоб қилди Портос.
– Бунинг иложи йўқ, – деди Атос.
Д’Артаньян уларнинг иккиланиш сабабини тушунди.
– Муҳтарам афандилар, – деди у, – мени синаб кўринг, виждоним ҳаққи қасам ичаманки, мағлуб бўлсак бу ердан кетмайман.
– Исмингиз нима, мард йигит? – сўради Атос.
– Д’Артаньян, тақсир.
– Демак, Атос, Портос, Арамис, д’Артаньян! Олға! – қичқирди Атос.
– Хўш, қалай, афандиларим, – суриштирди де Жюссак, – ҳал қиласизларми-йўқми, ахир?
– Ҳаммаси ҳал, тақсир, – жавоб берди Атос.
– Қарор қандай бўлди? – сўради де Жюссак.
– Биз сизларга ҳужум қилишга мушарраф бўламиз, – бир қўли билан шляпасини кўтариб, иккинчиси билан қиличини яланғочлаб деди Арамис.
– Шундайми ҳали сиз қаршилик қилаяпсиз! – хитоб қилди де Жюссак.
– Минг лаънат! Бунга ажабланаяпсизми?
Тўққиз киши, албатта, ҳаракатларининг маълум мўлжалини истисно қилмаган ғазаб билан бир-бирига ташланишди.
Атос кардиналнинг арзандаси – аллақандай Каюзак билан уришарди. Портосга Бикара тушди, Арамис бўлса, икки рақибга юзма-юз келиб қолди.
Д’Артаньянга келганда де Жюссакнинг ўзи унга рақиб бўлди.
Ёш гасконлик йигитнинг юраги шундай ҳаприрардики, кўксини ёриб ташлагудай эди. Худо шоҳид, қўрқувдан эмас – у заррача қўрқувни ҳис қилмасди – ҳаяжондан. У рақибининг атрофида қутурган йўлбарсдай гир айланиб, турган жойини ва услубини йигирма бор алмаштиришиб олишарди. Де Жюссак, ўша маҳал ибораси бўйича «тиғ устаси» бўлиб, яна пихини ёрганлардан эди. Лекин, барибир, у дақиқа сайин умумий қоидаларни тан олмай, бир вақтнинг ўзида ҳамма томондан ҳужум қилиб, ҳамда зарбаларни терисини жуда авайлаётган одам сингари қайтараётган қайишқоқ ва эпчил рақибидан ўзини жуда қийналиб мудофаа қиларди.
Ахийри бу кураш де Жюссакнинг тоқатини тоқ қилди. Ўзи ғўр деб ҳисоблаган рақибни уддалаёлмаётганидан ғазаби қайнаб, у хато кетидан хатога йўл қўя бошлади. Кўп тажриба орттирмаган, лекин, назария ёдида турган д’Артаньян ҳаракат тезлигини икки марта оширди. Жюссак рақибга даҳшатли зарб билан уни тугатиб қўя қолишга интилиб, бирдан ҳамла қилди. Лекин, д’Артаньян уни боплаб қайтарди ва Жюссак қаддини тиклаётган онда гасконлик йигит унинг қўли остидан илондай сирғаниб чиқиб, қиличини унга паррон санчди. Жюссак шилқ этиб йиқилди.
Рақибидан қутулиб олган д’Артаньяндан дарҳол жанг майдонига ташвишли назар ташлади.
Арамис рақибларининг бирини тугатиб улгурган эди, лекин иккинчиси уни анча сиқиб, чекинтирганди. Ҳар қалай, Арамиснинг аҳволи дуруст, у ҳали ўзини ҳимоя қилиши мумкин эди.
Портос билан Бикара қиличларини моҳирлик билан ўйнатмоқда эдилар. Портос аллақачон билагидан, Бикара сонидан яраланган эдилар. На у яра, на буниси ҳаётни таҳликага солмас, ҳар иккаласи ҳам янада шиддат билан қиличбозлик санъатида устомонлик қилишарди.
Каюзак томонидан иккинчи марта яраланган Атоснинг дақиқа сайин ранги ўчиб борарди-ю, лекин у бир қадам ҳам чекинмасди. У фақат қиличини бошқа қўлига олиб, энди чап қўли билан уришарди.
Д’Артаньян ўша вақтлар қабул қилинган мубораза қонунларига биноан уришгувчиларнинг бирига мадад бериши мумкин эди. Унинг кўмаги кимга кўпроқ даркорлигини билмай, тараддудланиб турганда у тўсатдан Атоснинг нигоҳини пайқади. Бу нигоҳнинг уқубатли маъноси равшан эди. Атос ёрдамга чақиргандан кўра ўлиб қўя қоларди. Лекин, қараши ва нигоҳи билан мадад сўраши мумкин эди. Д’Артаньян тушунди-ю, олға ташланиб, Каюзакка ён томонидан ҳужум қилди:
– Жаноб гвардиячи, менга қаранг! Сизни мен ўлдираман!
Каюзак ўгирилиб қаради. Мадад вақтида келган эди. Фақат мислсиз матонати тутиб турган Атос чўккалаб қолди.
– Лаънат! – қичқирди у. – Уни ўлдириб қўйманг, йигит. Тузалиб, соғ бўлганимда у билан қиладиган ҳисобкитобим бор. Уни қуролсизлантиринг, қиличини чиқариб ташланг… Ана шундай… Жуда яхши! Жуда яхши!
Каюзакнинг қиличи йигирма қадамча нарига учиб кетгандан кейин Атоснинг оғзидан шу хитоб чиқиб кетди. Д’Артаньян билан Каюзак бир вақтда унга ташланишди: бири ўзига қайтариш, иккинчиси эгаллаб олиш учун. Эпчилроқ д’Артаньян аввал чопиб бориб қиличга оёғини қўйди.
Каюзак сакраб Арамис ўлдирган гвардиячининг қиличини олди ва д’Артаньяннинг олдига қайтишга шайлангани ҳамон шу қисқа муддатда нафасини ростлашга улгурган Атосга дуч келди, д’Артаньян душманини ўлдириб қўйишидан қўрқиб, у жангни қайтадан бошлашни истарди.
Унга халал берса, Атосни ранжитиб қўйишини д’Артаньян тушунди. Дарҳақиқат, зум ўтмай, Каюзак йиқилди. Атоснинг қиличи унинг бўғзига санчилган эди.
Худди шу маҳал Арамис қиличини рақибининг кўксига тақаб, мағлуб бўлганини тан олишга мажбур этди.
Портос ва Бикара қолган эди. Портос, унинг фикрича, соат неча бўлганини сўраб, Наварр полкида акаси олган рота билан уни табриклаб, қизиқчилик қиларди. Аммо бу масхаралар ҳеч натижа бермади. Бикара жони чиққандагина йиқиладиган метин тоифа кишилардан бири эди.
Шу асно ишни тугатиш пайти бўлиб қолганди. Соқчилар келиб қолиши ва дуэлнинг барча иштирокчиларини – омон қолганлару ярадорларни, қиролчилару кардиналчиларни ҳибсга олиши мумкин эди. Атос, Арамис ва д’Артаньян таслим бўлишни таклиф этиб, Бикарани ўраб олишди. Ҳаммага қарши ёлғиз ўзи қолган, сонидан яраланган Бикара, барибир, бош тортди. Лекин, Жюссак тирсагига таяниб, таслим бўлавер, деб қичқирди. Бикара д’Артаньян сингари гасконлик эди. У парво қилмай кулди, холос. Уришишда давом этиб, у икки ҳамла орасида қиличининг учи билан ерда бир нуқта кўрсатди.
– Шу ерда, – Тавротнинг26 сўзларини ҳажв қилиб деди у, – Бикара, ўзи билан бўлмиш ҳаммадан бири, шу ерда қазо қилади.
– Лекин, ёлғиз сенга қарши улар тўрт киши-ку. Таслим бўл, буюраман сенга!
– Агар буюрсанг, бу бошқа гап, – деди Бикара. – Менинг бошлиғимсан, сенга итоат қилишим керак!
У бирдан орқага сакраб, қиличини душманга бермаслик учун иккига бўлди. Синиқларини монастир деворидан ошириб ташлаб, аллақандай кардиналча қўшиқни хиргойи қилганча қўлларини қовуштирди.
Жасорат, ҳатто, бу душманнинг жасорати бўлган тақдирда ҳам ҳамиша ҳурмат қўзғатади. Мушкетёрлар қиличлари билан жасур гвардиячига салют бериб, уларни қинига солиб қўйдилар. Д’Артаньян уларга таъсиб қилди, сўнгра тик қолган ягона гвардиячи ёрдамида монастир пешайвонига Жюссак, Каюзакни ва Арамиснинг фақат яраланган рақибини элтиб қўйди. Тўртинчи гвардиячи айтганимиздек ўлдирилган эди. Сўнгра кираверишдаги қўнғироқларни чалиб қўйиб ва беш қиличдан тўрттасини ўзлари билан олиб, шодликдан маст ҳолда, жаноб де Тревилнинг уйига йўл олдилар.
Улар кўчанинг бор энини эгаллаб, қўл ушлашиб, дуч келган ҳамма мушкетёрларга гап қотиб боришардики, пировардида бу тантанали юришга ўхшаб қолди. Д’Артаньян сархуш эди. У Атос билан Портослар орасида, уларни меҳр билан қучиб борарди.
– Мен ҳали мушкетёр бўлмасам ҳам, – де Тревиль уйининг бўсағасида янги дўстларига юзланиб гапирди у, – ҳарҳолда, шогирд бўлдим, деб ҳисоблашим мумкин, тўғрими?
VI
Қирол Людовик XIII ҳазрат олийлари
Бу воқеа кўп шов-шувга сабаб бўлди. Жаноб де Тревиль ўз мушкетёрларини оғзида сўкар, зимдан эса табрикларди. Бироқ, вақт ғанимат: зудлик билан қиролни огоҳлантириб қўйиш лозим. Жаноб де Тревиль ҳам Луврга ошиқди. Лекин фурсат ўтган: қирол кардинал билан эшикни ичидан беркитиб ўтирарди. Де Тревилга қирол ҳозир жуда банд, ҳеч кимни қабул қилолмайди, деб айтилди. Де Тревиль кечқурун соат бирда, қирол карта ўйнаётган пайти ташриф буюрди. Қирол ютмоқда эди ва бошқалардан фарқли ўлароқ ҳазрат олийлари ўта хасис бўлгани учун шу муносабат билан жуда димоғи чоғ эди.
– Қани, бу ёққа келинг жаноб капитан! – анча йироқдан капитанга кўзи тушиб қичқирди у. – Яқинроқ келинг, мен сизни яхшилаб койиб қўяй. Мушкетёрларингиздан арз қилиб, ҳузуримга падари бузруквор келгани ва азбаройи ҳаяжонланганидан суҳбатдан кейин, ҳатто, ётиб қолгани сизга маълумми? Бу қандай гап: мушкетёрларингиз каллакесар, шайтон-пайтонми ўзи?
– Йўқ, ҳазрат олийлари, – бир луқмадан кейиноқ гап қаёққа айланишини фаҳмлаб, жавоб берди де Тревиль. – Йўқ, худди акси: булар энг кўнгилчан, энг беозор, кафилманки, ёлғиз бир нарсани, қиличлар ғилофни ҳазрат олийларининг хизмати учунгина тарк этишини ният қилган одамлар. Лекин, на чора: жаноб кардиналнинг гвардиячилари ҳар ерда уларнинг жиғига теккани-теккан, йигит бечоралар лоақал полкининг шарафи учун ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлиб қолишяпти.
– Қулоқ солинг, жаноб де Тревиль! – хитоб қилди қирол. – Қулоқ солинг! Гап роҳибалар жамоаси хусусида деб ўйлаш мумкин. Дарҳақиқат, азиз капитаним, сизни капитанлик унвонидан маҳрум этиб, монастир нозири қиламан, деб ваъда берганим мадмуазел де Шамрога тортиқ қилиб юбориш истаги туғиляпти менда. Лекин, сўзларимга ишонади деб хаёл қилманг. Мени-чи, жаноб де Тревиль, Одил Людовик дейишади, қани, ҳозир кўрамиз…
– Айни шу адолатдан кўнглим тўқ бўлгани учун, қарорингизни сабр-қаноат ва тўла хотиржамлик билан кутаман, ҳазрат олийлари.
– Кутинг, кутаверинг, – деди қирол, – мен сизни кўп куттириб қўймайман.
Бу орада ўйиндаги омад қиролдан юз ўгира бошлади: у ютқаза бошлаб, бундай иборамизни кечирсинлар-у, ғирромлик қилишдан ҳам тоймасди. Бир-икки дақиқадан сўнг қирол ўрнидан қўзғалди ва олдидаги столда турган, ўзи қарийб ютган ҳамма пулларни чўнтагига яшира туриб, деди:
– Ле Вевил, ўрнимни эгалланг. Мен жаноб де Тревиль билан муҳим масала юзасидан гаплашиб олишим зарур. Ҳа-я, бу ерда саксон луи турган эди – худди шунча тикинг, токи ютқазганлар зиён кўрмасинлар. Адолат – ҳамма нарсадан афзал.
Сўнгра у де Тревилга ўгирилди.
– Шундай қилиб, тақсир, – деразаларнинг бирига томон юра туриб, деди у, – мушкетёрларингиз билан жанжални падари бузруквор гвардиячиларнинг ўзлари қўзиган, деб таъкидлаяпсизми?
– Ҳа, ҳазрат олийлари, ҳар доимгидай-да.
– Бу қандай содир бўпти? Сўзлаб беринг. Ахир ҳакам ҳар иккала томонни ҳам эшитиши зарурлигидан сиз воқиф бўлсангиз керак.
– Худоё тавба! Бундан жўн нарса бўлмайди. Менинг энг яхши уч нафар аскарим – уларнинг номлари сизга яхши таниш, ҳазрат олийлари йигитларнинг садоқатига кўп тан берганлар, улар бутун қалби билан ўз хизматига содиқ деб сиз ҳазрат олийларини ишонтиришим мумкин – демак, уч нафар аскарим Атос, Портос ва Арамислар эътиборига мен бугунгина ҳавола қилган бир ёш гасконлик йигит билан сайрга отланишган. Улар, янглишмасам, Сен Жерменга бормоқчи бўлиб, учрашув жойи қилиб Дешо монастири олдидаги ялангликни тайин қилишган. Тўсатдан жаноб Каюзак, жаноб Бикара, яна икки гвардиячи ҳамроҳлигида жаноб де Жюссак пайдо бўлган. Бу жаноблар кўпчилик бўлиб, фармонни бузиш ниятидан холи бўлишмаган чоғи.
– Хўш, хўш, мен энди тушундим, – деди қирол. – Уларнинг ўзлари шу ерда уришмоқчимикан?
– Мен уларни айбламайман, ҳазрат олийлари, лекин ҳазрат олийлари, ўзингиз бир ўйлаб кўринг: беш нафар қуролланган киши роҳиблар монастрининг атрофидай хилват жойга нима мақсадда боришлари мумкин?
– Сиз ҳақсиз, де Тревиль сиз ҳақсиз!
– Лекин, мушкетёрларимни кўриб қолиб, уларнинг нияти бузилган ва шахсий хусумат полклар орасидаги адоватга ўрин берган. Ҳазрат олийларига маълумку, ахир: қиролга ва ёлғиз қиролга содиқ мушкетёрлар жаноб кардиналга содиқ гвардиячиларнинг азалий душманлари!
– Ҳа, Тревиль, ҳа, – ғамгин гапирди қирол. – Францияни икки қароргоҳга бўлиниб кетганини кўриш жуда қайғули. Қиролликнинг боши иккиталиги жуда қайғули ҳол. Лекин, ҳаммаси барҳам топади, Тревиль барҳам топади. Демак, гвардиячилар мушкетёрлар билан жанжал чиқаришган дедингизми?
– Мен иш худди шундай бўлди, шекилли, деяпман. Лекин, кафил бўлолмайман. Ҳақиқатни аниқлаш нечоғлик мушкуллигини сиз биласиз. Бунинг учун ўша Людовик XIII Одил Людовик деб ном чиқаришига сабаб бўлган ажойиб фаросатга молик бўлмоқ лозим.
– Сиз ҳақсиз, Тревиль. Лекин, мушкетёрларингиз ёлғиз эмас эди. Улар билан бир ёш йигит, қарийб ёш бола бўлган.
– Ҳа, ҳазрат олийлари, яна бири ярадор эди, шунга кўра, бири ярадор, орасида ёш бола бўлган уч қирол мушкетёрлари жаноб кардиналнинг энг машҳур беш гвардиячисига бас келганлар, ҳаттоки, уларнинг тўрттасини узала туширганлар.
– Ахир бу ғалаба-ку! – юзлари ёришиб хитоб қилди қирол. – Тўла-тўкис ғалаба!
– Ҳа, ҳазрат олийлари, худди Седаги сингари тўлатўкис…
– Тўрт киши, улардан бири ярадор, яна бири қарийб ёш бола дедингизми?
– Уни йигит дейишга ҳам тилинг бормайди. Тўқнашув пайти у ўзини бирам зўр тутганки, уни сиз ҳазрат олийларига тавсия этишга журъат қиламан.
– Унинг исми нима?
– Д’Артаньян, ҳазрат олийлари. Бу менинг энг эски дўстларимдан бирининг ўғли. Сиз ҳазрат олийларининг оталари билан урушда кўнгилли бўлиб қатнашган кишининг ўғли.
– Шу йигит ўзини яхши тутган денг? Буни менга батафсилроқ сўзлаб беринг, Тревиль: мен уруш ва жанглар мавзусидаги ҳикояларни яхши кўришимни биласиз-ку, ахир.
Шундан кейин қирол Людовик XIII виқор билан орқага суяниб, мўйловини бураб қўйди.
– Ҳазрат олийлари, – давом этди де Тревиль, – сизга айтганимдек, жаноб д’Артаньян – ҳали деярли ўспирин, мушкетёр бўлиш шарафига ноил бўлмагани важҳидан шаҳарлик кишидай кийинган эди. Жаноб кардиналнинг гвардиячилари унинг ҳаддан ташқари ёшлигини ва хусусан полкка дахлсиз бўлганини назар-эътибор қилиб, улар ҳужум бошламасидан кетишини таклиф қилишган…
– Кўряпсизми, Тревиль, – унинг сўзини бўлди қирол, – биринчи улар ҳужум қилишган.
– Мутлақо тўғри, ҳазрат олийлари, бунга шубҳа йўқ. Демак, улар кетишни таклиф қилганлар, у эса қалбида мушкетёрлиги, сиз ҳазрат олийларига тамомила содиқлиги ва бинобарин, мушкетёр жаноблар билан қолажагини айтиб, жавоб қилган.
– Ажойиб йигит! – шивирлади қирол.
– У ҳақиқатда бирга қолган, ҳазрат олийлари ажойиб жангчига эга бўлдилар, зеро, жаноб кардинални қутуртираётган ўша даҳшатли қилич зарбини де Жюссакка ўша берган.
– Жюссакни ўша яралаганми ҳали? – хитоб қилди қирол. – Ўша-я! Бола-я? Бу мумкин эмас, Тревиль!
– Ҳаммаси худди мен сизга маълум қилишга мушарраф бўлгандек рўй берган.
– Жюссак – бутун Франциянинг энг яхши қиличбозларидан бири-ку!
– Нима бўпти, ҳазрат олийлари, у ўзидан кучли рақибга дуч келипти-да.
– Мен у йигитни бир кўрай, Тревиль уни бир кўрай, агар унинг учун бирор нарса қилишнинг иложи бўлса, биз бу билан шуғулланамиз.
– Ҳазрат олийлари уни қачон қабул қилишни мақбул кўрадилар?
– Эртага пешинда, Тревиль.
– Ёлғиз ўзини бошлаб келайми?
– Йўқ, тўртовини бирга келтиринг. Мен уларга бир вақтда миннатдорлик изҳор қилмоқчиман. Содиқ кишилар ҳадеб учрайвермайди, Тревиль, садоқат мукофотга арзийди.
– Пешинда Луврда бўламиз, ҳазрат олийлари.
– Кичик дарвозадан, Тревиль, кичик дарвозадан. Кардинал ғофил қола қолсин.
– Эшитаман, жаноб олийлари.
– Сиз тушунасиз, Тревиль: фармон бу, барибир, фармон. Ахир ҳарҳолда уришиш тақиқланганлиги бор-да.