bannerbanner
Уч мушкетёр
Уч мушкетёр

Полная версия

Уч мушкетёр

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
2 из 14

Унинг файтон деразаси ромидан боши кўриниб турган суҳбатдоши йигирма-йигирма икки ёшлардаги ёш жувон эди. Биз д’Артаньяннинг инсон юзи хусусиятларини қандай тез кўра билишини зикр этиб ўтгандик. У хонимнинг ёшлиги ва соҳибжамоллигини кўрди. Бу ҳусн д’Артаньян шу маҳалгача ўзи яшаб келган жанубий Франция учун мутлақо хос бўлмагани билан уни кўпроқ таажжублантирди. У узун зулфлари елкасигача тушган, дудоқлари қирмизи, қўллари бўрдай оппоқ, сарғиш сочли, мовий хумор кўзли рангпар аёл эди. У алланималар ҳақида нотаниш киши билан жонланиб суҳбатлашарди.

– Хуллас, падари бузрукворнинг менга амр қилганлари… – деярди хоним.

– … дарҳол Англияга қайтасиз ва, башарти, герсог Лондонни тарк этса, у ердан ошиғич хабар юборасиз.

– Қолган фармойишлар-чи?

– Уларни Ламаншнинг нариги томонида, мана бу қутичани очиб, ичидан топасиз.

– Жуда соз. Хўш, сиз-чи, нима қилмоқчисиз?

– Мен Парижга қайтиб кетяпман.

– Бу қўрс боланинг адабини бермасдан-а?

Нотаниш киши жавоб бермоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди ҳамки, бутун суҳбатни эшитиб олган д’Артаньян бўсағада пайдо бўлди.

– Ўша қўрс боланинг ўзи кимни бўлса адабини бериб қўяди! – хитоб қилди у. – Умид қиламанки, у адабини бермоқчи бўлган кимса, бу гал ундан беркинмайди.

– Бекинмайди? – қошларини чимириб, қайта сўради нотаниш киши.

– Хотинимнинг кўз ўнгида қочишга юрагингиз бетламас, деб ўйлайман?

– Хотирга олинг, – нотаниш киши қилич сопига ёпишганини кўриб, қичқирди миледи, – сал пайсалга солсангиз, ҳаммаси барбод бўлиш мумкинлигини хотирга олинг!

– Сиз ҳақсиз, – шошиб гапирди нотаниш киши. – Ўз йўлингиздан боринг. Мен ўзимникидан кетаман.

Хонимга таъзим қилиб, у сакраб эгарга минди, файтоннинг кучери эса отларнинг устига кетма-кет қамчи босди. Нотаниш киши ва унинг суҳбатдоши қарамақарши томонларга елдек учиб кетдилар.

– Ҳисоб-чи, ҳисобни ким қилади? – Унинг ҳисобкитоб қилмасдан узоқлашаётганини кўрган заҳоти меҳмонга илтифоти чуқур нафратга айланиб, бўкириб юборди хўжайин.

– Тўлаб қўй, ялқов! – деб суворий отини тўхтатмасдан хизматкорига қичқирди, униси харобот эгасининг оёқлари остига бир-иккита кумуш танга улоқтирди-да, соҳибининг кетидан от қўйди.

– Номард! Аблаҳ! Қаллоб дворян! – ўз навбатида хизматкор кетидан қувиб қичқирди д’Артаньян.

Бироқ, йигит бундай ҳаяжонга дош бериш учун ҳали жуда заиф эди. У ўн қадам ҳам чопиб ўтмасидан қулоқлари шанғиллаб, боши айланиб кетди, кўзларини қонли булут қоплади, ҳамон:

– Номард! Номард! Номард! – дея қичқирганича кўчанинг ўртасига гуп этиб йиқилди.

– Ростданам хасис номард экан! – д’Артаньянга яқинлашиб ҳамда масалда қарқара шиллиқ қуртга панд берганидек, хушомад билан бояқишнинг кўнглини овлаб, уни алдашга ҳаракат қилиб гапга тушди хўжайин.

– Ҳа, манфур номард, – шивирлади д’Артаньян. – Аммо униси қандай гўзал-а!

– Ким униси? – сўради харобот эгаси.

– Миледи, – шивирлади д’Артаньян ва иккинчи бор ҳушидан кетди.

– На чора, – деди хўжайин. – Иккитасини бой бериб қўйдим. Аммо, буниси бир-икки кун шу ерда қолиб кетади, деб ишонсам бўлади. Ишқилиб, ўн бир экю ишлаб қоламан-ку.

Бизнинг хабаримиз бор – д’Артаньяннинг ҳамёнида қолган бор бисоти ўн бир экю эди.

Харобот эгаси меҳмонини кунига бир экюдан тўлаб, ўн бир кун бетоб ётади, деб мўлжаллаганди, бироқ, у ўз меҳмонини билмас экан. Эртасига д’Артаньян тонг саҳарда туриб, ўзи ошхонага тушди ва тўла рўйхати бизгача етиб келмаган баъзи бир дориворлар, яна бундан ташқари, вино, мой, розмарин топиб беришларини сўради ҳамда онаси берган қўлланмани қўлида ушлаб туриб, малҳам тайёрлади-да, ёнига бирор табибни йўлатмасдан уни беҳисоб жароҳатларига суриб, қайта боғлаб олди. Д’Артаньяннинг ўша куниёқ кечқурун оёққа тургани ва келгуси куни аллақачон буткул соғайиб кетгани малҳамнинг шифобахш хусусиятларидан ёки, эҳтимол, табибнинг аралашмаганидан бўлса, ажаб эмас.

Аммо, саман тойчанинг нафси бўйига яраша мўлжалдан, хўжайиннинг даъвосича, уч ҳисса ёмон чиққан бўлса-да, ўзи ўта қатъий парҳез сақлаб, шу куни тановул қилган бирдан-бир нарсалар – розмарин, мой ва вино учун ҳисоб-китоб қилар пайтида йигит чўнтагидан ичидаги ўн бир экюси билан ишқаланиб кетган бахмал ҳамёнини топди, холос. Жаноб де Тревилга ёзилган мактуб йўқолган эди.

Мактубни йигит дастлаб жуда синчиклаб, астойдил излади. Иштон ва камзулининг чўнтакларини йигирма мартача ағдариб, ён халтасини қайта-қайта пайпаслаб кўрди. Аммо мактубнинг йўқолганига тамом ишонч ҳосил қилгач, унинг чунон жаҳли чиқдики, сал бўлмаса, вино-ю, хушбўй мойга яна эҳтиёж туғилаёзди, зеро, ёш меҳмоннинг мактубини топиб беришмаса, дўконни остин-устун қилиб ташлайман деб таҳдид солиб, тутақиб кетганини кўриб, хўжайин – тўқмоқ, хотини – супурги, қароллар эса икки кун муқаддам ишга солган таёқларининг худди ўзи билан қуролланиб олдилар.

– Мактуб, тавсиянома билан мактуб? – қичқирарди д’Артаньян. – Мактубимни топиб беринглар, минг лаънат! Ёки ҳаммангизни какликдай сихга санчиб қўяман!

Бахтга қарши пўписасини амалга оширишда йигитга бир нарса монелик қиларди. Биз баён қилганимиздек, унинг қиличи биринчи олишувда иккига бўлиниб кетган, буни у мутлақ унутаёзган эди. Шу важдан у қиличини суғуриб кўрганда харобот эгаси учидан шпиглайдиган нина15 ясаш ниятида уни ўзига қолдириб, ғилофга яхшилаб тиқиб қўйган бир-икки дюйм узунликдаги чўлтоқ нарса билан қуролланиб қолди.

Башарти хўжайиннинг ўзи меҳмоннинг талаби тўғри, деган хулосага келмаганда бу ҳол жўшқин йигитимизни тўхтатолмасди, эҳтимол.

– Ростдан ҳам, – деди у тўқмоғини тушириб, – мактуб қаёққа йўқолди экан?

– Ҳа, мактуб қани ахир? – қичқирди д’Артаньян. – Аввало, сизни огоҳлантириб қўяй: мактуб жаноб де Тревилга ёзилган, у топилиши шарт. Мабодо топилмаса, жаноб де Тревиль уни топишга мажбур этади, гапимга ишонинг.

Бу пўписа хўжайинни бутунлай чўчитиб юборди. Қирол ва жаноб кардиналдан сўнг жаноб де Тревилнинг номини нафақат ҳарбийлар, балки шаҳарликлар ҳам энг кўп тилга олишган, дейиш мумкин. Тўғри, яна «Жозеф ота»16 бор эди, аммо унинг номи шивирлашдан ўзгача тилга олинмасди: кардинал Ришельенинг дўсти «бўз маҳлуқ» олдидаги даҳшат шу қадар кучли эди.

Тўқмоқни четга улоқтириб ва хотинига супургини, хизматкорига эса таёқларни ташлашни ишора билан буюриб, харобот эгасининг ўзи яхши ибрат кўрсатди ҳамда мактубни қидириш билан машғул бўлди.

– Бу мактубга бирор қимматбаҳо нарса солинганмиди? – беҳуда изланишлардан кейин сўради у.

– Бўлмаса-чи! – хитоб қилди саройга ўзи учун шу мактуб йўл очишига ишонган йигит. – Менинг бор мулким ўшанда эди.

– Испан бонларими? – хавотирланиб суриштирди хўжайин.

– Ҳазрат олийларининг шахсий хазинасидан пул олиб берадиган бонлар, – деб д’Артаньян мактуб ёрдами билан қирол хизматига киришни ният қилгани учун ёлғон-яшиқсиз бу анча қалтис жавобни беришга ўзини ҳақли деб билди.

– Жин урсин! – тамом каловланиб хитоб қилди харобот эгаси.

– Аммо, муҳими бу эмас, – гасконликларга хос лоф билан давом этди д’Артаньян, – муҳими бу эмас, пул арзимас нарса. Мактубнинг ўзи – алоҳида аҳамиятга эга нарса. Мактубдан маҳрум бўлгандан кўра, минг пистолни йўқотишни афзал кўрардим.

Худди шу тазрда у «йигирма минг» ҳам деб юбориши мумкин эди, аммо йигитлик ҳаёси тийиб қолди.

Тўсатдан ҳамма хоналарни беҳуда тинтиб юрган хўжайиннинг миясида ялт этиб нур чақнагандай бўлди.

– Мактуб асло йўқолмаган! – деди у.

– Нима? – қичқириб юборди д’Артаньян.

– Йўқ. У сиздан ўғирланган.

– Аммо, ким ўғирлаган?

– Кечаги нотаниш дворян. У ошхонага, сизнинг камзулингиз турган ерга тушиб эди. У ерда ёлғиз қолиб эди. Гаров бойлашаман, бу ўшанинг қилмиши.

– Шунақа денг! – иккиланиб гапирди д’Артаньян.

Ахир мактубнинг фақат ўзи учун аҳамияти борлиги унга бошқалардан кўра яхшироқ маълум бўлиб, бирор кимсанинг унга кўзи ўтиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмасди. Мусофирхонадаги қўноқларнинг ҳеч бири, хизматкорларнинг ҳеч бири ундан наф кўра олмаслиги шак-шубҳасиз эди.

– Демак, сиз ўша сурбет дворяндан гумон қиляпман, дедингизми, – яна сўради д’Артаньян.

– Бунга ишончим комил деяпман-ку, сизга, – тасдиқлади хўжайин. – Мен унга, муҳтарам афандимга жаноб де Тревиль шафе эканлар, ҳатто, унда шавкатли аслзодага мактуб ҳам бор деганимда, у очиқдан-очиқ безовта бўлиб, ўша мактуб қаердалигини сўради ва шу заҳоти ошхонага тушиб кетди, камзулингиз ўша ерда ётгани унга маълум эди.

– Унда ўғри – ўша! – хитоб қилди д’Артаньян. – Мен жаноб де Тревилга арз қиламан, жаноб де Тревиль эса қиролга айтиб қўяди!

Сўнгра салобат билан чўнтагидан икки экю чиқариб, уни дарвозагача қалпоғини ечиб кузатиб чиққан хўжайинга узатди. Шу жойда йигит ўзининг сариқ-малла отига сакраб минди-ю, Париж шаҳрининг Сент Антуан дарвозасигача бесаргузашт етиб олди. У ерда д’Артаньян отини уч экюга – саёҳатнинг ниҳоясигача эгаси роса ҳолдан кеткизганини ҳисобга олганда, анча дуруст нархга сотиб юборди. Шу важдан д’Артаньян олибсотарга отни юқорида кўрсатилган пулга бой берганида, у бу қулоқ эшитмаган нархга фақат отнинг ғаройиб тусига учиб, кўнганини ёш йигитга шама қилиб қолди.

Шу зайл д’Артаньян бўғчасини қўлтиқлаб, Парижга яёв қадам қўйди ва ўзининг озроқ маблағига яраша хонани ижарага олиш насиб қилмагунча кўча-кўйларда тентираб юрди.

Бўнагини тўлаб, д’Артаньян дарҳол ўз хонасига кўчиб кирди ва кун қайтгунча иш билан машғул бўлди: онаси ота-д’Артаньян жанобларининг ҳали яп-янги камзулидан сўтиб, яширинча ўғлига берган уқаларни иштон ва камзулларига қадади. Сўнгра Темир Лом соҳилига бориб, қиличини янги тиғ қилиш учун бериб келди. Шундан кейин у Лувргача17 юриб борди-да, биринчи дуч келган мушкетёрдан жаноб де Тревилнинг уйи қаердалигини суриштириб, билиб олди. Бу уй Эски Каптархона кўчасида, д’Артаньян томонидан муваффақиятнинг нишонаси деб таъбир қилинган жиҳати, у қўнган жойнинг яқингинасида экан.

Сўнгра у ўзининг Менгдаги хатти-ҳаракатидан мамнун ҳолда ўтмишдан ўкинмасдан, ҳозирги кунидан кўнгли тўқ бўлиб, келажагидан умидларга тўлиб-тошиб, қаттиқ уйқуга кетди.

Асл вилоят кишиси сифатида у эрталаб соат тўққизгача ухлади, кейин ўрнидан туриб, ота-д’Артаньян жанобларининг наздида, қиролликда учинчи шахс бўлмиш шавкатли жаноб де Тревилнинг ҳузурига йўл олди.

II

Жаноб де Тревилнинг қабулхонаси

Гаскондаги уруғ-авмоқлари ҳанузгача аталиб келаётган ном – жаноб де Труавил ёки у Парижга бориб ўзини пировардида атай бошлаганидек – де Тревиль ўз йўлини ҳақиқатан ҳам худди д’Артаньяндек, яъни чўнтагида бирор су пулсиз, аммо зийраклик, ҳозиржавоблик, шижоатнинг ўша энг камбағал гаскон дворянчасининг ҳам кўпинча ота орзуларининг энг дадилларини рўёбга чиқаришга, мерос имкониятларга таянган энг бадавлат перигор ва берри дворянларидан кўпроқ нарсаларга эришиб келишига имкон бергувчи хазинаси билан бошлаган. Унинг қўрс мардлиги, янада қўрс омадлилиги қилич зарбалари дўлдай ёғилаётган бир пайтда уни сарой мартабаси деб аталмиш, ўзи уч поғона оша ҳатлаган зинапоянинг энг юқори чўққисига чиқариб қўйди.

У ўз отаси Генрих IV нинг хотирасини чуқур ҳурматлаши ҳаммага маълум бўлган қиролнинг дўсти эди. Жаноб де Тревилнинг отаси Лигага қарши урушларда унга бирам садоқат билан хизмат қилган эдики, нақд пулнинг камлигидан – қарзларини ўзида сероб бўлган бирдан-бир нарса – ҳазил-мутойибалар билан узиб юрган у беарнлик киши умр бўйи нақд пулга зориқиб ўтган – айтиб ўтганимиздек, нақд пулнинг камчилигидан Париж олингандан сўнг унга ўз гербига топпон устига осилган шер билан фиделис ит фортис18 деган девизини қўшиб олишга қирол ижозат берган. Бу катта шараф, лекин кам даромад эди. Ажал соати етгач, улуғ Генрихнинг шонли сафдоши ўғлига мерос қилиб, қиличи билан девизини қолдирди, холос. Шу мерос ҳамда доғ тушмаган номи туфайли жаноб де Тревиль ёш шаҳзода саройида қабул қилиниб, у ерда ўз қиличи билан шу қадар мардона хизмат қилдики, азалий девизига шунчалик содиқ қолдики, қиролликнинг энг яхши қиличбозларидан бўлмиш Людовик XIII, одатда, борди-ю, дўстларимдан битта-яримтаси мубораза қилмоқчи бўлиб қолса, ҳакамликка дастлаб ўзимни, кейин – де Тревилни мукаллаф этишни, ҳатто, эҳтимол, уни аъло кўришни маслаҳат берардим, дерди.

Людовик XIII де Тревилга чинакам меҳр қўйган, рост, бу қиролча, худбин меҳр бўлса-да, ҳарҳолда, меҳр эди. Гап шундаки, бу мушкул вақтларда юқори мартабали кишилар ўзларини, умуман, де Тревиль тахлит кишилар билан ўраб олишга уринардилар. Де Тревиллар гербидаги ёзувнинг иккинчи қисми – «кучли» сўзини ўз девизи деб ҳисоблай оладиганлар кўплаб топилиши мумкин эди-ю, аммо дворянлардан камданками бу ёзувнинг биринчи қисмини ташкил этган «содиқ» ташбеҳига даъво қила оларди. Тревиль бу ҳуқуққа эга бўлган. У зеҳни ўткир, чангали маҳкам, ўша содиқ итлардай бемулоҳаза, кўр-кўрона итоат қиладиган ноёб кишиларнинг бири эди. Кўзлари – қирол бирор кимсадан жаҳли чиққан-чиқмаганини пайқаб олмоқ, қўллари эса гуноҳкорни – бирор Бема ёки Мореверними, Полтроними, де Мере ёки Витриними жазосини бермоқ учун унга хизмат қиларди. Шу дамгача ўзини кўрсатиш учун фақат баҳона бўлмаган, аммо кези келганда, ўша баҳонанинг гирибонидан дарҳол тутиш учун у пайт пойлаб юрарди. Генрих III нинг ординар соқчилари, Людовик XI нинг шотланд гвардияси қандай роль ўйнаган бўлса, худди шундай аҳамиятга молик ўз мушкетёрларига Людовик XIII капитан қилиб, де Тревилни бежиз тайинламаган эди.

Кардинал бу жиҳатдан қиролга ён бермасди. Людовик XIII ўзини мумтоз кишиларнинг қандай ҳайбатли сафи билан ўраб олганини кўриб, Франциянинг бу иккинчи ёки, тўғрироғи, биринчи ҳукмдори ҳам ўз гвардиясига эга бўлишни ихтиёр қилиб қолди. Шунинг учун Людовик XIII нинг ўз мушкетёрлари бўлганидек, у ҳам ўзиникига эга бўлган ва бу икки рақиб-ҳукмдорларнинг барча Франция вилоятларидан, ҳатто, чет эл давлатларидан ўзининг жанговар қаҳрамонликлари билан донг чиқарган кишиларни териб олишларини кузатиш мумкин бўлган. Кўпинча оқшомлари Ришелье ва Людовик XIII шахмат партияси устида ўз жангчиларининг фазилатлари борасида баҳслашиб ҳам қолардилар. Уларнинг ҳар бири ўзиникининг хушқадлиги, ботирлигидан керилар ва оғзида тўқнашув ва муборазаларни қоралаб, зимдан ўз шахсий соқчиларини тўқнашувларга ундарди. Мушкетёрларининг ғалабаси ёки мағлубияти уларга чексиз қувонч бахш этар ёки чинакам қайғуга соларди. Шу ғалабаларнинг кўпига ва баъзи мағлубиятларга иштирокчи бўлган киши ўз мемуарларида лоақал шундай тасвирлаган.

Тревиль ўз ҳукмдорининг бўш жойини билиб олди ва бунинг учун дўстликда субутсизлиги билан донг чиқарган қиролнинг узлуксиз илтифотидан миннатдор бўлмоғи лозим эди. Кардинал Арман дю Плесси Ришельенинг олдидан мушкетёрларини парад марши билан ўтказган кезларда унинг такаббур сиёҳи бузрукворнинг оппоқ мўйловларини диккайтириб юборарди. Ё душманлари ҳисобига, ё ватандошлари ҳисобига кун кўришга тўғри келган ўша замон уруш санъатини у ипидан игнасигача биларди; унинг аскарлари ёлғиз ўзига итоат қиладиган бебош зўравонларнинг легионини ташкил этганди.

Қиролнинг ёки, тўғрироғи, жаноб де Тревилнинг сармаст, тирналган, пала-партиш кийинган мушкетёрлари қовоқхоналарда, кўнгилочар жойларда мўйловларини бураб, қиличларини пеша қилиб, бақириб-чақириб юришарди, йўлларида дуч келган кардинал шахсий соқчиларининг жиғига тегиб ҳузур қилишарди. Кейин минг қайта пичинглар билан қиличлар қинидан чиқариларди. Уларни ўлдиришган ва улар мотам тутиб, ўзлари учун қасос олишларига комил ишонч билан йиқилган ҳоллар ҳам бўлган, кўпинча эса қамоқхонада чириб кетишга йўл қўймасликларидан кўнгиллари тўқ ҳолда уларнинг ўзлари ўлдиришарди: жаноб де Тревиль уларни халос қилади-да. Бу кишилар ўзлари жон-лили билан севган жаноб де Тревилни ҳар кўйга солиб, кўкларга кўтаришарди, ҳаммаси жуда довюрак бўлса-да, унинг ҳузурида талабалар устози олдида тургандек безиллаб туришарди, унинг биринчи каломига бўйсунишар ва заррача дашномини ўзларидан соқит қилиш учун жон беришга тайёр эдилар.

Жаноб де Тревиль бу қудратли воситадан, даставвал, қирол ва унинг тарафдорлари манфаати учун, сўнгроқ, ўзи ва дўсту биродарлари манфаати учун фойдаланди. Дарвоқе душманлари ҳам – улар эса қалам соҳиблари сингари қилич соҳиблари орасида ҳам талайгина бўлган – ҳатто, душманлари ҳам бу ўктам кишини содиқ аскарлари кўрсатган ёрдам эвазига бирор ришва олган, деб айблагани ўша даврнинг ҳеч бир мемуаридан аён эмас. Фитна қилиш қобилияти пихини ёрган фитначилардан кам бўлмагани ҳолда у ҳалол кишилигича қолганди. Яна силла қуритадиган сафарлардан, ҳарбий ҳаётнинг ҳамма машаққатларидан қатъи назар, у қизиқ саргузаштларнинг ўта кетган ишқибози, ўрни келганда, олифтагарчилик қилиб, латиф мадригал19 ҳам айта биладиган ғоят назокатли аёллар жазмани бўлган. Йигирма йил илгари Бассомпер20нинг кўнгил ишлари тўғрисида қанча бўлса, унинг аёлларни мағлуб қилгани ҳақида ҳам худди шунча миш-мишлар юрардики – бунинг анча-мунча маъноси бўлган. Мушкетёрлар капитани одамларни мафтун қилар, уларнинг қўрқув ва муҳаббатини қўзғатарди – бошқача қилиб айтганда, бахт ва омаднинг чўққисига етган эди.

Людовик XIV ўз саройининг барча майда-чуйда буржларини оламтоб кўрки билан тўсиб, ютиб юборди, ваҳоланки, отаси плурибус импар21 қуёш арзандаларининг ҳар бирига, муқаррибларининг ҳар бирига ўз-ўзича порлашга имкон берган. Қирол ва кардиналнинг эрталабки қабулидан ташқари яна алоҳида диққатга сазовор икки юздан зиёд «эрталабки қабул»лар бўлиб турган. Шулар қаторида де Тревилнинг эрталабки қабули томошабинларнинг энг кўп сонини жалб қилиб келарди.

Эски Каптархона кўчасида жойлашган унинг данғиллама иморатининг ҳовлиси саҳарданоқ – ёзда соат олтидан, қишда саккиздан – қароргоҳга ўхшаб қоларди. Эллик ёки олтмиш чоғли мушкетёр, одам сонини бирдай ваҳимали сақлаш учун, аҳён-аҳёнда алмашиниб бўлса керак, ҳамиша тиш-тирноғигача қуролланган, ҳар нарсага шай ҳолда ҳовлида юргани-юрган эди. Ўрнида замонавий қурувчи бемалол бутун бошли уй қурса-қургудай кенг зинапоядан бирор марҳаматдан умидвор толиблар, мушкетёрликка қабул қилинишни ҳавас қилиб, вилоятлардан келган дворянлар, ўз хўжайинларидан номалар келтирган ранг-баранг зарбоф либос кийган мулозимлар чиқиб, тушиб турардилар. Қабулхонадаги деворлар бўйлаб қўйилган узун-узун курсиларда мумтоз яъни, соҳиб томонидан мукаллаф бўлган кишилар ўтирардилар. Эртадан то кечгача қабулхонада шовқин-сурон тинмасди, бу орада де Тревиль қўшни хонадаги кабинетида меҳмон қабул қилар, арзлар тинглар, фармойишлар берар ва деразага яқинлашиб, қирол Луврдаги ровонида тургандек, ўз кишилари ва қурол-аслаҳасига кўрик ўтказарди.

Д’Артаньян бу ерга дастлаб келган куни тўпланганлар давраси, хусусан, вилоят кишиси кўзига ғоят салобатли кўринди. Рост, бу вилоят кишиси юртдошлари у маҳаллар бирор нимадан хижолат қилиш мушкул одамлар сифатида донг чиқарган гаскондан эди. Келганлар узун-узун мурабба қолпоқли михлар қоқилган каттакон дарвозадан ўтгандан кейин қуролланган кишилар тўпига қўшилиб кетардилар. Бу одамлар ҳали ўйин, ҳали жанжал бошлаб, бир-бирларини чақиришиб, ҳовлида айланиб юрардилар. Бу мавж ураётган тирик пўртанани ичидан ёриб ўтиш учун ё офицер, ё мансабдор ёки хушрўйгина аёл бўлиш лозим эди.

Йигитимиз юраги ҳаприқиб, меъёрдан узун қиличини ориқ оёқларига босган, кенг соябонли шляпасининг четларидан қўлини узмаган ҳолда вилоят кишисининг ўз хижолатини босиш ҳаракатидаги ғарибона табассуми билан илжайиб, бу тиқилинч тўполонда йўл солиб борарди. У ёки бу гуруҳдан ўтиб олгач, у хийла енгил тортиб нафас олар, аммо ҳозир бўлганлар унинг кетидан ўгирилиб қараётганларини яққол ҳис қиларди ва ўз шахси тўғрисида анча дуруст фикрда юрган д’Артаньян умрида биринчи бор ўз-ўзига бесунақай ва кулгили кўринарди.

Зинапоянинг олдигинасида вазият яна оғирлашди. Пастки поғоналарда тўрт нафар мушкетёр шўх ўйин эрмак қилишмоқда, бу орада уларнинг ҳовли саҳнида тўдаланишиб турган ўн ё йигирма чоғли улфатлари ўйинда иштирок этиш учун ўз навбатларини кутмоқда эдилар. Тўртовидан бири бошқалардан бир поғона юқорида туриб, қиличини яланғочлаганча учаласини зинадан чиқишга қўймас ёки қўймасликка ҳаракат қиларди. Бу учовлари қиличларини моҳирлик билан ўйнатиб, унга ҳамла қилишарди.

Д’Артаньян дастлаб бу қиличларни учлари ниқобланган машқ рапиралари деб ўйлади. Лекин, ҳадемай, ўйин иштирокчилари юзларининг баъзи жойлари тилинганидан, тиғлари жуда ҳафсала билан қайралиб, ўткирланганини тушунди. Ҳар гал янги тирналганда томошабинлар тугул жабрланганларнинг ўзлари ҳам қаҳ-қаҳ отиб, кулиб юборишарди.

Бу дақиқада юқори поғонани эгаллаб турган мушкетёр қойил қилиб, ўз рақибларини даф этарди. Уларнинг атрофида бир талай одам йиғилиб қолди. Ўйин шартлари шундан иборат эдики, биринчи гал тирналгандаёқ ярадор ўйиндан чиқиб, унинг навбати ғолибга ўтар эди. Ҳаш-паш дегунча беш дақиқа ўтар-ўтмас, бирининг қўли, иккинчисининг ияги, учинчисининг қулоғи тирналиб, уч киши шикастланди-ю, лекин зина мудофаачисига бирон марта тиғ тегмади. Шартларга кўра, бундай чаққонлик уч навбат сурилиш билан тақдирланарди.

Ёш сайёҳимизни ҳайрон қилиш ёки, тўғрироғи, уни ўзини таажжубланганга солишга мажбур этиш нечоғлик мушкул бўлса-да, ўйин уни ҳайратда қолдирган эди. Унинг ватанида, бўлар-бўлмасга қон мияга урадиган ўша диёрда, муборазага чақириш учун қандай бўлмасин, ҳар қалай, бирор важ талаб этиларди. Тўрт ўйинчининг томошаси унга, ҳатто, Гасконнинг ўзида ҳам қачондир ўзи эшитган-билганларининг энг ғаройиби бўлиб туюлди. Унга ўзи Гулливер бориб қолиб, қанча ваҳшатларни бошидан кечирган улкан паҳлавонларнинг ғалати мамлакатига тушиб қолгандай кўриниб кетди. Аслида эса мақсад олис: ҳали зина супаси билан қабулхона турарди.

Супада энди уришишмас – у ерда аёллар тўғрисида, қабулхонада эса – қирол саройи тўғрисида ғийбат қилишарди. Майдончада д’Артаньян қизариб кетди, қабулхонада титрай бошлади. Гасконда ёшгина оқсоч қизлар, гоҳида эса уларнинг ёш бекалари учун ҳам хавфли қилгувчи унинг жонли, дадил тасаввури ҳеч қачон, ҳатто, иситмадан аланглаб ётганда ҳам ҳозир бу ерда суҳбатга мавзу бўлаётган ва бир-бир санаб ўтилаётган сирли тафсилотлар-у, машҳур номлардан алоҳида кескинлик касб этаётган ишқий нашидаларнинг ярмини, севги йўлидаги қаҳрамонликларнинг, ҳатто, чорагини ҳам тасвир этолмасди. Бироқ, майдончада унинг иффатига нуқс теккан бўлса, қабулхонада кардиналга бўлган ҳурмати зил кетди. Бу ерда д’Артаньян бутун Европани ларзага келтираётган сиёсатни танқид қилишаётганини ўта таажжуб билан эшитди; кардиналнинг шахсий ҳаёти ҳам унга суқилишга заррача уриниш учун, д’Артаньяннинг билишича, қанчадан-қанча қудратли кибор мансабдорлар жабр кўрган бўлса-да, бу ерда маломатга қолаётган эди. Ота-д’Артаньян жаноблари роса чуқур ҳурмат қилган шу улуғ киши бу ерда жаноб де Тревилнинг мушкетёрларига калака бўлмоқда эди. Бир хиллари унинг маймоқ оёғлари билан букир елкаларини мазах қилишарди; баъзан бировлари унинг маъшуқаси мадам д’Егилён билан унинг жияни де Комбале хоним ҳақида қўшиқлар куйлашарди; бошқалари эса шу ернинг ўзида кардиналнинг ғуломлари ва шахсий соқчиларини кулги қилишга келишиб олардилар – д’Артаньянга буларнинг ҳаммаси ақл бовар қилмас ёввойи нарсалар бўлиб туюларди.

Лекин, кардиналга аталган бу аччиқ, ҳажвияларга ногаҳон қиролнинг номи ўралашиб қолса, гўё аллакимнинг кўринмас қўли бу заҳарханда лабларни бир зумга юмиб қўярди. Суҳбатлашаётганлар товушлари девордан ўтиб, жаноб де Тревилнинг кабинетига етишидан чўчиётгандай хижолатли аланглашарди. Аммо, деярли шу заҳоти, гап орасида ташланган ишора суҳбатни яна падари-бузрукворга ўтказар, товушлар яна баланд янграр ҳамда улуғ кардиналнинг бирор қилиғи сояда қолиб кетмасди.

«Бу кишиларнинг ҳаммасини муқаррар Бастилияга қамаб, осиб ташлашади, – даҳшат ичида ўйларди д’Артаньян. – Мени ҳам уларга қўшиб олиб кетишади: уларнинг гапларига қулоқ солганимдан, эшитганимдан кейин мени уларга шерик деб ҳисоблашади. Кардинални ҳурмат қилишни тинмай уқтириб келган отам-чи, бунақа шаккокларнинг даврасида турганимдан хабар топса, нималар деяркин!»

Тушуниш қийин эмаски, д’Артаньян шу важдан суҳбатга аралашишга ботинолмай турарди. Лекин, у ўзининг бешала сезгисига зўр бериб, кўзларини бақрайтириб қарар, бирор гапни қочирмаслик ғамида иштиёқ билан тингларди. Ота насиҳатларига ҳурматидан қатъи назар, у ўз майли ва таъбига эргашиб, атрофида юз бераётган нарсаларни қоралашдан кўра, маъқуллашга мойилроқ эди.

Бироқ, де Тревиль мухлисларининг бу тўдасида у мутлақо бегона эканини эътиборга олиб, ташриф мақсадини билиш учун унинг ёнига келдилар. Д’Артаньян камтаринлик билан номини айтди ва ўзининг жаноб де Тревиль юртдоши эканини баҳона қилиб, савол билан ёнига келган мулозимга бир-икки дақиқа вақтини дариғ тутмаслигини жаноб де Тревилдан илтимос қилишни топширди. Мулозим илтимосни ўз вақтида етказишга нуфузли оҳангда ваъда берди.

Дастлабки хижолатдан бир оз ўнгланиб олган д’Артаньян энди бекорчиликда атрофдагиларнинг устбошларини ва юзларини дурустроқ кўздан кечириши мумкин эди.

Энг гавжум гуруҳлардан бири ўртасида ғаройиб либоси умумий диққатни жалб этаётган такаббур юзли, бўйчан мушкетёр турарди. Унинг эгнида у пайтлар – камроқ эрк-у кўпроқ мустақиллик пайтлари – кийилиши шарт ҳисобланмаган формали уст-бош эмас, балки анча ўнгиб, эскириб қолган камзул бўлиб, унинг устидаги кўркам зар тасма пешинги қуёш шуълаларининг сув сатҳидаги жилвасидай ялтирарди. Каттакон қилич осиғлиқ кўз қамаштирувчи тасмани фақат олд томонидан кўришга имкон бериб турган алвон бахмалдан тикилган узун ридо унинг елкаларидан нафис қуйилиб тушган эди. Бу мушкетёр боягина қоровулликдан бўшаган, тумовдан нолиб, жўрттага йўталиб-йўталиб қўярди. Бошқалар ва ҳаммадан кўпроқ д’Артаньян шовқин солиб, зар тасмани мақташаётганда у мўйловларини бураб-бураб, шу сабабдан ҳам ридо ташлаб олишга тўғри келганини бепарво тушунтирарди.

На страницу:
2 из 14