![Уч мушкетёр](/covers_330/69875542.jpg)
Полная версия
Уч мушкетёр
Д’Артаньяннинг тасаввурида аллақачон – орзуларнинг хаёл қанотида учишини қаранг – ёш жувон юборган одам унга яқинлашиб, кутилажак висолдан дарак берувчи номани топширар, сийловига эса олтин занжир ёки олмос кўзли узук ҳадя қиларди. У замоннинг йигитлари ўз қиролидан тортинмасдан ҳадялар олишини биз айтиб ўтган эдик. Ахлоқ талаблари паст ўша маҳаллар улар маъшуқалари билан ҳам орият талашиб ўтирмасдилар. Уларнинг хонимлари деярли ҳамма вақт гўё беқарор туйғуларини ўз тортиқларининг собит пухталиги билан боғлаб қўймоқчидай, эсдалик учун қимматбаҳо ва ноёб совғалар қолдиришарди.
У замонлар аёл кишининг ёрдами билан ўзларига йўл очишдан ор қилмасдилар. Фақатгина гўзал бўлганлар ўз ҳуснларини тортиқ қилардилар, «енг соҳибжамол қиз ўзида борини бера олади, холос» деган мақол шундан тарқалган бўлса, ажаб эмас. Бадавлатлари эса пулларининг бир қисмини бериб юборишарди. Ўша серсаргузашт замон қаҳрамонларининг эгарларига маъшуқалари боғлаб қўйган сила ёки лиқ тўла ҳамёнлари бўлмаган тақдирда на мансабларга, на жанг майдонидаги ғалабаларга эришиши даргумон бир талай номларни айтиб ўтиш мумкин.
Д’Артаньян фақир эди. Уч мушкетёр дўстлари унга сингдирган хийла бадахлоқ насиҳатлар қуюни унинг қишлоқча журъатсизлигини – бу нозик гул, бу шафтоли тукини – бирпасда асар ҳам қолдирмай учириб кетди. Ўз замонининг ғаройиб таомилларига бўйин эгиб, д’Артаньян ўзини Парижда қарийб Фландрияда юрган сингари, истило қилинган шаҳарда сингари ҳис қиларди: у ёқда – испанлар, бу ёқда – аёллар. Унда ҳам, бунда ҳам курашиш лозим. Душман мавжуд, тўланиши лозим хирож бор эди.
Ҳарҳолда, ҳозир д’Артаньянни анча юксак ва беминнатроқ туйғу идора қилаётганини айтмоғимиз зарур. Рост, аттор унга бадавлат эканини айтганди. Жаноб Бонасе сингари гўл эрнинг ҳамёнини рафиқаси бошқариши жуда эҳтимоллигига д’Артаньяннинг фаҳми етиши қийин эмасди. Лекин, буларнинг ҳаммаси Бонасе хонимни кўрган замон лов этиб аланга олган ҳиссиётларига таъсир этмади, қалбида куртак ёзган муҳаббат қарийб мутлақ таъмадан холи эди. Биз қарийб деяпмиз, негаки, гўзал, дилкаш, бурро ёш жувон, бунинг устига бадавлат ҳам бўлса, бу хусусидаги хаёл эҳтиросга халал бермайди, ҳатто, аксинча – уни кучайтиради.
Давлатмандлик бир талай кибор икир-чикирлар билан вобастаки, улар ҳуснга, узукка кўз солгандай мос тушади. Нафис, оппоқ рангидан кўз қамаштиргувчи пайпоқ, тўр ёқа, бежирим кавушча, сочга тақилган чиройли тасма бадбашара аёлни хушрўй қилолмайди, лекин, хушрўйининг жамолини очиб юборади, қўллар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади, чунки улар бу нарсаларнинг ҳаммасидан фойда қилади. Аёл қўллари гўзаллигини йўқотмаслиги учун бекорчи бўлиши лозим.
Бундан ташқари, д’Артаньян – унинг маблағлари ҳолатини китобхондан яширмадик – д’Артаньян лак минг пулга эга эмасди. Тўғри, у бир кун келиб, шундай бўлишини орзу қиларди. Лекин, бу хуштабаддул учун унинг ўзи тайин қилган муддат анча йироқ эди. Ҳозирча эса, севгили аёлнинг, бу заифа мавжудотларнинг бор қувончини ташкил қилгувчи минг-минглаб майдачуйда нарсаларга зорлигини кўриб туриб, унга шу сон минг майда-чуйдаларни тақдим этиш имконига эга бўлмаслик – не даҳшат! Агар аёл бадавлат-у, ошиғи фақир бўлса, у тақдим қилолмаган нарсаларни лоақал аёлнинг ўзи харид қилиши мумкин. Гарчанд, бу арзимас нарсаларни у одатда эрининг пулига харид қилса-да, жуда нодир ҳолларда унинг қадрига етилади.
Д’Артаньян назокатли маҳбуб бўлишга ҳозирланар экан, ғоят садоқатли дўстлигича қолганди. Латофатли Бонасе хонимга буткул мафтун бўлгани ҳолда у дўстларини хотиридан чиқармасди. У аёл Атос, Портос ва Арамисларни эргаштириб, Сен-Дени чимзорида ёки Сен-Жермен ярмаркасида бирга сайр қилишга ярашиқли эди, д’Артаньяннинг уларнинг олдида ўз ғалабаси билан бир мақтаниб қўйгиси ҳам бор эди. Узоқ сайрдан кейин иштаҳа очилади. Яқин орадан бери д’Артаньян шунинг фаҳмига ета.бошлади. Ора-сира қўл дўстнинг қўлига, оёқлар эса маъшуқанинг оёқчасига тегиб тургувчи ўша сўлим зиёфатлардан бирининг эвини қилиш мумкин бўлади. Ниҳоят, алоҳида мушкул дақиқаларда д’Артаньян оғайниларининг жонига оро кириш имконига эга бўлади.
Хўш, д’Артаньян баралла товуш билан баҳридан ўтиб, шивирлаб, нажот ва мадад ваъда этиб, изқуварларнинг қўлига топшириб юборган жаноб Бонасечи? Китобхонларимиз олдида шуни эътироф этишга мажбурмизки, д’Артаньян уни эсига ҳам олмасди, мабодо хотирга олганда ҳам, у қаерда бўлмасин маконида қолаверишига хаёлан тилакдош бўлиш учунгина эсларди. Эҳтироснинг барча турлари ичида муҳаббат – энг худбинидир.
Бироқ, китобхонларимиз хавотир олмасинлар: қайга жўнатганларидан ғофил қолганини баҳона қилиб, д’Артаньян уни унутган ёки ўзини унутганга солаётган бўлса ҳам биз уни эсимиздан чиқарганимиз йўқ-ку, унинг турган макони бизга маълум-ку. Лекин, ошиқ гасконлик йигитдан вақтинча намуна олиб, муҳтарам атторга кейинроқ қайтайлик.
Ишқий хаёлларга ғарқ бўлиб, тунги само билан суҳбат қуриб, юлдузларга табассум қилиб, д’Артаньян Шерш Миди ёки ўша йиллари уни атаганларидек, Шасс-Миди кўчасининг бошига томон юриб бормоқда эди. Арамис истиқомат қилгувчи уйнинг яқинига бориб қолгач, у дўстиникига кириб, не важдан зудлик билан, «қопқонга» келишини илтимос қилиб, Планшени юборганини изоҳлаб беришга қарор қилди.
Планше борганда Арамис уйида бўлган тақдирда, у шубҳасиз, Гўрковлар кўчасига ошиққан, унда ўзининг икки дўстидан бўлак ҳеч кимни тополмай, буларнинг ҳаммасининг маъносига тушунолмаган. Д’Артаньян дўстини нега чорлаганини шарҳлаб бериши зарур эди. Д’Артаньян баралла товуш билан ўз-ўзига мана нималарни сўзламоқда эди.
Кўнглининг тўрида у, қалбини бўлмаса ҳамки, хаёлларини тамом асир этган дилбар Бонасе хоним тўғрисида гурунглашиш учун буни қулай баҳона деб билмоқда эди. Сир сақлаш лаёқатини илк ошиқдан талаб этиш маҳол гап. Биринчи муҳаббатга шунчалар жўшқин қувонч ҳамроҳ бўладики, уни баҳам кўриш зарур, акс ҳолда у ошиқни бўғиб қўяди.
Икки соатки, Париж зулматга чўмган, кўчалар ҳам ҳувиллаб қолган. Сен-Жермен теварагидаги ҳамма соатлар ўн бирга занг урди. Ҳаво илиқ, сокин. Д’Артаньян ҳозирги Асса кўчаси кесиб ўтган жойда мавжуд бўлган тор кўчада бормоқда эди. Вожирар кўчасидан, кечки шабнам ва тун рутубатидан тирилган боғлардан шабада уфураётган муаттар бўйлар ҳавони босиб кетган. Олислардан, гарчи, зич ёпиқ дарчалар ичидан бўлса-да, қай бир хароботда вақтихушлик қилгувчи санқиларнинг қўшиқлари келарди. Тор кўчанинг сўнгига етгач, д’Артаньян чапга бурилди. Арамис истиқомат қилгувчи уй Кассет кўчаси билан Сервандони кўчаларининг орасида жойлашган эди.
Д’Артаньян Кассет кўчасидан ўтиб олди, заранг шаббалари ғовлаб ўсган, ёввойи узум билан ўралашиб, тепасида зич яшил бостирма ҳосил қилган дўстининг уйи эшигига йироқданоқ кўзи тушди. Туйқусдан аллақандай шарпа Сервандони кўчасидан ўтгандай туюлди д’Артаньянга. Бу шарпа ридога бурканган бўлиб, д’Артаньянга дастлаб у эркак кишига ўхшаб кўринди. Лекин, паст бўйи, рафтори ва ҳаракатларининг журъатсизлиги қаршисида аёл киши турганига уни бирпасда ишонтирди. Гўё ўзи ахтарган уйнинг шу эканлигига гумон қилгандай, аёл ўзи турган жойни тузукроқ аниқлаш учун бошини кўтарар, тўхтаб қолар, ортига бир-икки одим ташлаб, яна илгари юрарди. Д’Артаньян қизиқиб қолди.
«Унга хизматимни таклиф қилсаммикин, – хаёлидан ўтказди у. – Рафторига қараганда, у ёш, эҳтимол, хушрўйдир. Албатта! Лекин, бундай бемаҳалда кўчаларда изғиб юрган аёл фақат маҳбуби билан дийдор кўришмоққа чиққан бўлиши керак. Азбаройи шифо! Мулоқотга халал бериш – таниш орттириш учун макруҳ баҳона».
Жувон бу орада уй ва деразаларни саноқдан ўтказиб, илгари силжиб бормоқда эди. Дарвоқе, бу на алоҳида уринишни, на вақт талаб этарди. Кўчанинг бу бўлагида фақат уч иморат бўлиб, бор-йўғи икки дераза шу кўчага қараган эди. Улардан бири Арамис банд қилган уйга мувозий тушган ёндош бостирманинг деразаси, иккинчиси эса Арамиснинг деразаси эди.
«Худо ҳаққи!» – деб ўйлади бирдан ақоидшуноснинг жияни ёдига тушган д’Артаньян. – Худо ҳаққи, бу каптарча бемаҳалда дўстимизнинг уйини ахтариб юрган бўлса, зап қизиқ иш бўларди-да. Лекин, ўлай агар, шунга ўхшаб қолди. Хўш, азизим Арамис, бу дафъа ҳақиқатга етганим бўлсин».
Д’Артаньян камроқ жой олишга ҳаракат қилиб, энг қоронғи кунжакда, аллақандай кавакнинг тўрида турган тош тахтанинг олдида яширинди.
Жувон ҳамон яқинлашиб келарди. Унинг ёшлиги борасида шак-шубҳага ўрин қолмаган эди: уни дафъатан фош этган рафторидан ташқари товуши ҳам уни ошкор қилмоқда эди: у хиёл йўталиб қўйди, бу йўталдан д’Артаньян унинг товуши соғлом ва жарангдор эканини аниқлаб олди. Шу заҳоти бу йўтал – шартли сигналмикан, деб кўнглидан ўтказди.
Бу сигналга худди шу сингари сигнал билан жавоб қилиндими ёки ахири у ўзга ёрдамсиз ҳам мақсадига етганини аниқладими, аммо бирдан у Арамиснинг деразаси томон дадил йўналди ва дарчани гажак қилинган бармоғи билан уч карра бир маромда тақиллатди.
– Ҳа, албатта, у Арамисникини тақиллатяпти! – шивирлади д’Артаньян. – Ана холос, жаноб риёкор! Ақоидни қандай ўрганишингизни энди билиб олдим!
Аёл тақиллатиб ҳам бўлмасдан ички ром очилди ва дарчаларнинг тирқишидан лип этиб, ёруғ кўринди.
– Аҳа, – деди эшикдан кўра деразага яқинроқ жойда қулоқ солиб турган йигит, – аҳа, келган хонимга кўз тутишган экан-да! Ҳозир дарча очилади-да, хоним деразадан кириб кетади. Жуда соз!
Лекин д’Артаньянни ғоятда таажжублантириб, дарча берклигича турарди. Бир зум йилт этган шуъла йўқолди-ю борлиқ қайта зулматга чўмди. Д’Артаньян бу узоққа бормас, деб қарор қилди-да, бутун вужуди билан кўз ва қулоққа айланди.
У ҳақ экан. Бир неча лаҳзадан сўнг дарча ичкаридан икки марта тақиллади.
Кўчада турган жувон унга жавобан бир марта тақиллатгач, дарча очилди.
Д’Артаньян нечоғлик харислик билан тикилганини, тинглаганини тасаввур этмоқ мумкин.
Бахтга қарши ёруғлик манбайи бошқа хонага ўтказилган эди. Лекин, йигитнинг кўзлари қоронғиликка ўрганиб қолди. Бундан ташқари, таъкидлашларича, гасконликларнинг кўзлари худди мушукларнинг кўзлари сингари қоронғида ҳам кўравериш қобилиятига эга эмиш.
Ёш жувон чўнтагидан аллақандай оқ жимит бўғча чиқариб, уни шоша-пиша ёзганини д’Артаньян кўрди. Бу рўмолча эди. Рўмолчани ёзиб, суҳбатдошига унинг бурчини кўрсатди.
Ўзи Бонасе хонимнинг оёқлари остидан топиб олган, Арамис тушириб юборганини эсига солган рўмолча д’Артаньяннинг кўз ўнгида аниқ намоён бўлди.
– Бу рўмолчанинг аҳамияти нима экан ўзи, азбаройи шифо?
Ўзи турган жойдан гасконлик йигит Арамисни кўролмас эди – дераза тагида турган хоним билан Арамис сўзлашаётганига унда бир зум ҳам шубҳа туғилмади. Синчковлик эҳтиёткорликдан устун келди-ю, бу манзаранинг иккала иштирокчиси диққатини батамом рўмолча жалб қилганидан фойдаланиб, у яшин тезлигида бирон шарпа чиқармай югурганича, кўчани кесиб ўтди ва деворнинг Арамис хонаси ичкарисига кўзи ўтадиган жойига ёпишди.
Деразага назар ташлаб, д’Артаньян сал бўлмаса қичқириб юбораёзди: тунги меҳмон билан Арамис эмас, аёл киши сўзлашмоқда эди. Таассуфки, д’Артаньян, гарчи, унинг қоматини қоронғида фарқласа-да, юзини кўра олмасди.
Шу дам хонада турган аёл чўнтагидан бошқа рўмолча чиқариб, ўзига узатилганини ўша билан алмаштириб қўйди. Шундан сўнг икки аёл бир-икки оғиз сўзлашдилар. Ниҳоят, дарча ёпилди. Кўчада турган аёл ўгирилиб, ридосининг ёпинчисини юзига тушириб, д’Артаньяндан бир-икки қадам наридан ўтиб кетди. Лекин, бу эҳтиёт чораси ҳаяллаган, д’Артаньян Бонасе хонимни таниб қолган эди.
Бонасе хоним! Бу, ўша деган гумон у чўнтагидан рўмолча чиқарган ҳамон бир чақнаб ўтган эди. Лекин, ўзини Луврга кузатиб қўйиши учун жаноб де Ла Портни чақиртирган Бонасе хонимнинг яна ўғирланиш хавфи остида тунги соат ўн бир яримда кўчама-кўча изғиб юриши эҳтимолдан нақадар йироқ эди!
Демак, бу жуда муҳим бир иш юзасидан қилинмоқда. Хўш, йигирма беш яшар жувон учун муҳим иш муҳаббат бўлмай нима?
Лекин, у жон ҳовучлаб, ўзининг манфаати учун юрибдими ёки бирор учинчи шахс манфаати учунми? Д’Артаньян ўз-ўзига берган савол мана шу эди. Рашк азоби гўё у тан олинган ошиқ бўлгани каби қалбини тилкаламоқда эди.
Дарвоқе, Бонасе хонимнинг қайга интиқаётганини тасдиқлаб олишнинг одми воситаси мавжуд эди. Бу восита шу қадар жўн эдики, д’Артаньян ўйлаб-нетиб ўтирмасдан унга мурожаат қилди.
Лекин, тахмондан чиққан ҳайкал сингари девордан ажралган йигитни кўрган, унинг оёқ шарпаларини эшитган заҳоти Бонасе хоним қичқириб юборди-да, қочиб қолди.
Д’Артаньян уни қувиб кетди. Ридосининг бурмаларига ўралашиб кетгувчи аёлга етиб олмоқ д’Артаньян учун ҳеч гап эмасди. У аёл ўзи бурилган кўчанинг учдан бир бўлагини чопиб ўтмасдан унга етиб олди. Чарчоқдан кўра қўрқувдан унинг сира дармони қолмаган, д’Артаньян қўлини унинг елкасига қўйганда, у бир тиззаси билан чўккалаб тушди ва бўғиқ товуш билан қичқириб юборди:
– Истасангиз, мени ўлдиринг! Барибир, мен ҳеч нима айтмайман!
Д’Артаньян уни қучиб, ўрнидан турғизди. Лекин, қўлларида зил-замбил бўлиб осилиб қолганини сезиб, ҳушдан кетишига сал қолганини тушуниб, ўзининг садоқатини таъкидлаганича, уни юпатишга киришди. Бу таъкидларнинг Бонасе хоним учун аҳамияти йўқ: ёмон ниятда ҳам шундай ваъдалар ёғдириш мумкин. Лекин, ҳамма гап уларни талаффуз этган овозда эди. Жувон бу овозни таниётгандай бўлди. У кўзларини очиб, ўзини хўп қаттиқ қўрқитган кишига қаради-ю, д’Артаньянни таниб, қувончи ичига сиғмай, қийқириб юборди:
– Оҳ, бу сизмисиз! – деб такрорларди у. – Худойим, сенга шукур.
– Ҳа, бу менман, – деди д’Артаньян. – Худо сизни қўриқлаш учун юборган мен бўламан.
– Фақат шу сабабдан мени кузатибсиз-да? – истеҳзоли феъли устунлик қилиб қув табассум билан сўради жувон. Душман деб ўйлаган одами, ўз дўстилигини билган замон унинг қўрқуви босилди.
– Йўқ, – жавоб берди д’Артаньян, – йўқ, эътироф қиламан сизга. Тасодиф мени йўлингизга солиб қўйди. Дўстларимдан бирининг деразасини аёл киши тақиллатаётганини кўриб қолдим…
– Дўстларингиздан бирини? – унинг сўзини бўлди Бонасе хоним.
– Албатта, Арамис менинг энг қалин ошналаримдан бири.
– Арамис? У ким?
– Қўйсангиз-чи? Наҳотки, Арамисни танимайман, деб мени ишонтирсангиз?
– Мен бу номни биринчи марта эшитиб турибман.
– Демак, бу уйга биринчи марта келишингизми?
– Албатта.
– Бу ерда ёш йигит истиқомат қилишидан хабарингиз йўқмиди?
– Йўқ.
– Мушкетёр-а?
– Йўқ, ахир, йўқ!
– Бинобарин, сиз уни қидирмагансиз?
– Албатта, йўқ. Ўзингиз ҳам кўргандирсиз, мен сўзлашган киши – аёл эди.
– Бу рост. Лекин, бу аёл – Арамиснинг танишими?
– Қайдам.
– Уникида истиқомат қилса-я?
– Бунинг менга даҳли йўқ.
– Лекин, у ўзи ким?
– О, бу сир – меники эмас.
– Азиз Бонасе хоним, сиз дилбар, лекин, шу билан бирга бағоят сирли аёлсиз…
– Нима, бу ярашмаяптими?
– Йўқ, аксинча, сиз жуда зебосиз.
– Бундай экан, қўлингизни беринг, суяниб олай.
– Жоним билан. Энди-чи?
– Энди мени кузатиб қўйинг.
– Қаёққа.
– Мен кетадиган ёққа.
– Лекин, сиз қаёққа кетяпсиз?
– Эшикнинг тагигача обориб қўйганингиздан кейин кўрасиз-да.
– Сизни кутиш керак бўладими?
– Йўқ, буниси беҳуда.
– Демак, сиз ёлғиз қайтмас экансиз-да?
– Эҳтимол – ҳа, эҳтимол – йўқ.
– Лекин, сизни кузатажак шахс-чи, у эркак киши бўладими, ёки аёл.
– Буни ҳали билмайман.
– Бўлмаса мен билиб оламан!
– Қай тарзда?
– Мен пойлаб тураман-у, сизнинг ким билан чиқишингизни кўриб оламан.
– Бу ҳолда – алвидо!
– Бу қанақаси бўлди.
– Сизнинг менга ортиқ заруратингиз йўқ.
– Лекин, ўзингиз илтимос қилиб эдингиз…
– Дворяннинг ёрдамини, жосуснинг азмойишини эмас.
– Бу ўта шафқатсиз сўз.
– Одамни ихтиёрга хилоф равишда пойлаб юрган кишини нима деб атайдилар?
– Андишасиз деб.
– Бу сўз ўта юмшоқ.
– Иложим қанча, хоним. Кўриб турибман, истакларингизни адо этишдан ўзга чора йўқ.
– Нега бу истакни дарҳол бажариш хизматидан бўйин товладингиз?
– Тавба қилиш хизмат эмасми?
– Сиз чиндан тавба қиляпсизми?
– Ўзим ҳам билмай қолдим. Бир нарсани биламан: агар ўзингиз кетаётган жойгача кузатиб қўйишга ижозат берсангиз, сиз нимаики истасангиз, ҳаммасини бажо келтираман.
– Кейин-чи, мени холи қолдирасизми?
– Ҳа.
– Мени пойламайсиз ҳамми?
– Йўқ.
– Чин сўзми?
– Дворян сўзим!
– Унда қўлингизни беринг – кетдик!
Д’Артаньян қўлини берди. Чеҳраси хандон, лекин, ҳамон зириллаб турган жувон унинг қўлига суянди. Улар шу зайл Лагарп кўчасига етиб олдилар. Бу ерда жувон илгари Вожирар кўчасида иккилангандай тараддудланиб қолди, лекин, кейин баъзи нишонларидан бўлса керак, зарур эшикни таниди.
– Энди бўлса, – ўша эшикка яқинлашиб деди у, – мен шу ерга киришим зарур. Олижаноб ёрдамингиз учун минг бор ташаккур. Ёлғиз бўлганим тақдирда эҳтимол дучор бўлишим мумкин хавф-хатарлардан мени сақлаб қолдингиз. Лекин, ваъдангизга вафо қиладиган вақт келди. Мен керакли жойга келиб бўлдим.
– Орқага қайтишда-чи, сиз хавфсирайдиган ҳеч нарса бўлмайдими?
– Бўлса, ўғрилар, бўлади-да.
– Бу ҳеч нарса бўлмаганими ҳали?
– Улар мендан нимани олишарди, ёнимда бир мири йўқ.
– Сиз герб тикилган кўркам рўмолчани хотирингиздан чиқараётибсиз…
– Қайси рўмолчани?
– Оёғингиз остидан топиб, чўнтагингизга солиб қўйганимни-да!
– Жим бўлинг, жим бўлинг, бадбахт! – хитоб қилди жувон. – Ёки мени хароб қилмоқчимисиз?
– Ўзингиз кўриб турибсиз, сизни шундай безиллатиш учун бир сўз кифоя қилгандан кейин сизга ҳали хатар таҳдид солар экан, бу сўз бирор кимсанинг қулоғига етгудай бўлса, хароб бўлишингизни ўзингиз ҳам тан оляпсиз. Қулоқ солинг, хоним, – қўлини ушлаб, унга оташин нигоҳини қадаган ҳолда хитоб қилди д’Артаньян. – Қулоқ солинг, дадилроқ бўлинг, менга ишонинг! Наҳот кўзларимдан қалбим сизга нисбатан хайрихоҳлик ва садоқатга лиммо-лимлигини уқиб олмаган бўлсангиз.
– Мен буни сезиб турибман. Шунинг учун бир сирасроримни суриштирсангиз, майли, лекин ўзгаларнинг сирлари – бу бошқа нарса.
– Яхши, – деди д’Артаньян, – лекин, мен уларни тагига етаман. Башарти, ўша сирлар тақдирингизга таъсир этоларканми, улар меники ҳам бўлиши шарт.
– Сизни бундан худо асрасин! – хитоб қилди жувон, унинг товушида эса шунча хавотир эшитилдики, д’Артаньян бехос сесканиб тушди. – Илтижо қиламан, менга дахлдор ҳеч нарсага аралашманг, зиммамга юкланган нарсани бажаришимда менга ёрдам беришга уринманг. Менга нисбатан ҳис қилаётган туйғуларингиз ҳақи, менга қилган, умрим бўйи ёдимдан чиқармайдиган яхшилигингиз ҳақи илтижо қиламан. Сўзларимга ишонинг. Мени ортиқ ўйламанг, мен энди сиз учун мавжуд эмасман, гўёки сиз мени ҳеч қачон танимагансиз.
– Арамис ўзини худди мен сингари тутиши керакми? – унинг сўзлари оғир ботиб, сўради д’Артаньян.
– Бу номни, мана, уч-тўрт марта тилга олдингиз, тақсир. Ваҳоланки, менга у таниш эмас, деб сизга айтган эдим.
– Сиз деразасини чертган одамни танимайсизми? Қўйсангиз-чи, хоним! Сиз мени жуда лақма деб биляпсиз.
– Фақат мени очиқ гапиришга ундамоқ ниятида шу воқеанинг ҳаммасини тўқиб, ўша Арамисни ўйлаб чиқарганингизни бўйнингизга олинг.
– Мен ҳеч нимани тўқиганим йўқ, хоним, ҳеч нимани ўйлаб чиқарганим йўқ. Бор ҳақиқатни айтаяпман.
– Сиз ошналаримдан бири шу уйда истиқомат қилади деяпсизми?
– Мен шундай деяпман ва учинчи марта такрорлайман: бу дўстим истиқомат қиладиган уй, ўша дўстим эса – Арамис.
– Мавриди билан ҳаммаси ойдинлашади, – шивирлади жувон, – ҳозирча эса оғиз очманг, тақсир!
– Башарти, сизга шайдо қалбимни ўқиёлганингизда эди, – деди д’Артаньян, – сиз унда шунчалар синчковлик кўрардингизки, менга раҳмингиз келарди, шунчалар муҳаббат кўрардингизки, ўша синчковликни дарҳол қондирган бўлурдингиз. Сизни севадиганлардан ҳадиксираш ярамайди.
– Сиз муҳаббат тўғрисида жуда тез гап очдингиз, – бошини чайқаб деди жувон.
– Муҳаббат менда илк бор ва тез уйғонди. Ахир мен йигирма ёшга ҳам тўлганим йўқ-да.
Бонасе хоним унга зимдан қараб қўйди.
– Қулоқ солинг, мен учини топдим, – деди д’Артаньян. – Уч ой муқаддам мен Арамис билан худди сиз унинг уйидаги аёлга кўрсатганингиздек рўмолча важидан, айнан шундай герблик рўмолча важидан мубораза қилишимга сал қолган.
– Қасам ичаманки, тақсир, – деди жувон, – сиз шу тергашларингиз билан менинг тинкамни қуритяпсиз.
– Лекин, сиз-чи, хоним, бирам эҳтиёткор ўзингизчи, мабодо ҳибсга олиш пайти шу хил рўмолчани сиздан топиб олишганда бу обрўйингизни тўкмасмиди?
– Нега? Ахир ҳарфлар меники эмасми? «К. Б.». Констанция Бонасе.
– Ёки Камилла де Буа-Траси.
– Жим бўлинг, тақсир! Жим бўлинг! Агар менинг бошимдаги хавф-хатар сизни тўхтатолмаса ўзингизга таҳдид солгувчи хатарларни ўйлаб кўринг.
– Менгами?
– Ҳа, сизга. Мен билан танишлигингиз касрига қамоққа тушиб қолишингиз, ҳаётингизни қурбон қилишингиз мумкин.
– Унда энди ёнингиздан қимирламайман!
– Тақсир, – тавалло қилиб қўлларини қайирган кўйи деди жувон, – тақсир, мен ҳарбий кишининг виждонига, дворяннинг инсофига даъват қиламан – кетинг! Эшитяпсизми, соат ярим кечага занг уряпти, менга бу соатда мунтазирлар.
– Хоним, – таъзим билан деди д’Артаньян, – мен бунча ўтинган кишига рад қилишга журъат этолмайман. Тинчланинг, кетяпман.
– Сиз ортимдан бормайсизми, мени пойламайсими?
– Мен бу тобда уйимга қайтиб кетаман.
– Оҳ, мен билганман, сиз софдил йигитсиз! – бир қўлини унга узатиб, бошқаси билан тош деворга ўрнатилган чоққина эшикнинг болғачасини ушлаб, хитоб қилди Бонасе хоним.
Д’Артаньян ўзига узатилган қўлни ушлаб олиб, эҳтирос билан унга лабларини босди.
– Сизни сира учратмаганим яхшироқмиди! – деб хаёллар қаърига назар солмоқ имконини бергувчи ва ҳислар идрокдан устун келаётганини исбот қилгувчи, кўпинча аёллар нозик такаллуфдан аъло кўргувчи ўша қўполлик билан хитоб қилди д’Артаньян.
– Йўқ, – ҳалиям қўйиб юбормаган д’Артаньяннинг қўлини қиса туриб, қарийб мулойим гапирди Бонасе хоним, – йўқ, шундай деб айтолмайман: бугун иложи йўқ нарса, эҳтимол, келгусида рўёбга чиқар. Ким билсин, бир кун келиб, озод бўлсам, ўшанда синчковлигингизга малҳам бўлмасмикинман…
– Муҳаббатим-чи, у ҳам шундай рижо қилса бўладими? – завқ туғёни ичида хитоб қилди йигит.
– О, бу масалада ўзимни боғламоқчи эмасман. Кўнглимни топа билишингизга боғлиқ бўлади.
– Демак, хоним, ҳозирча…
– Ҳозирча мен фақат миннатдорлик ҳис қиляпман, тақсир.
– Сиз бениҳоят дилкашсиз, – маъюс гапирди д’Артаньян, – муҳаббатимни суиистеъмол қиляпсиз.
– Йўқ, мен ўктамлигингиздан баҳра оляпман, холос, тақсир. Лекин, ишонинг, ваъдаларини фаромуш қилмаслик қўлидан келгувчи одамлар бор.
– О, сиз мени энг бахтли бандага айлантириб қўймоқдасиз! Бу оқшомни унутманг, шу ваъдани унутманг.
– Хотиржам бўлинг. Пайти келганда мен ҳаммасини ёд этаман. Ҳозир эса кетинг, барча авлиёлар ҳаққи, кетинг! Роппа-роса ўн иккида менга кўз тиккан эдилар, кечикиб қоляпман.
– Беш дақиқагина.
– Маълум шароитда беш дақиқа бу беш аср.
– Севганингда.
– Гап ошиқ хусусида эмас, деб сизга ким айтди?
– Сизни эркак киши кутмоқда! – қичқириб юборди д’Артаньян. – Эркак киши!
– Ана холос, мунозарамиз янгитдан бошланяпти, – билинар-билинмас бетоқатлик аралаш хиёл табассум билан деди Бонасе хоним.
– Йўқ, йўқ! Мен кетяпман, кетяпман. Мен сизга ишонаман, мен садоқатимдан, гарчи, бу садоқат тентакликка яқин турса-да, кўнглингиз тўқ бўлишини истайман. Яхши қолинг, хоним, яхши қолинг!
Шундан кейин унинг қўлини, гўё шартта ажралишдан ўзгача йўсинда қўйиб юборишга қурби етмагандай, у қўққис четга отилди. Бонасе хоним бу орада қўлига болғачани олиб, худди аввал деразани чертганидай, бир маромда уч марта суст зарб билан тақиллатди. Муюлишгача югуриб бориб, д’Артаньян ўгирилиб қаради. Эшик очилиб ва ёпилиб бўлган эди. Атторнинг хушрўй рафиқаси энди кўринмасди.
Д’Артаньян йўлида давом этарди. У Бонасе хонимни пойламасликка сўз берди ва ҳатто, ҳаёт-мамоти унинг қай томонга кетгани ёки уни ким кузатишига боғлиқ бўлган тақдирда ҳам сўз бергандан кейин, барибир, уйига кетган бўларди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас у Гўрковлар кўчасида ҳозир бўлди.
«Бечора Атос! – ўйларди у. – У буларнинг ҳаммаси маъносига тушунмайди. У мени кута-кута ухлаб қолгандир ёки уйига кетгандир, у ерда эса, ўзиникида аёл киши ўтирганидан хабар топгандир. Атоснинг уйида аёл киши! Дарвоқе, Арамисникида аёл бор эди-ку. Буларнинг ҳаммаси жуда ғалати, бу нарсаларнинг оқибати нима бўлишини жуда билгим бор».
– Чатоқ, тақсир, чатоқ! – деган товуш эшитилиб д’Артаньян унинг Планше овозилигини таниди.
Гап шундаки, бирор нарсадан қаттиқ безовта бўлган кишиларда учраб турганидек, у ўз-ўзи билан баралла сўзлаганича, ичкарисида юқорига элтгувчи зинаси бор уйнинг дарвозахонасига ўзи билмай келиб қолганди.
– Нима чатоқ? Бу билан нима демоқчисан, аҳмоқ? – сўради д’Артаньян. – Нималар содир бўлди бу ерда?
– Ҳар қанақа фалокатлар.
– Қандай?
– Авваламбор, жаноб Атосни ҳибсга олдилар.
– Ҳибсга олдилар? Атос қамалдими? Нима учун?
– Уни бизникида кўриб қолишди. Уни сиз деб ўйлашди.