bannerbanner
Тирилиш
Тирилиш

Полная версия

Тирилиш

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
4 из 10

– Менинг ҳеч қандай айбим йўқ, – деди Маслова тез-тез гапириб, – аввал нима деган бўлсам, ҳозир ҳам шуни айтаман, мен ҳеч нарса олганим йўқ, дедимми, олганим йўқ, олганим йўқ, узукни менга унинг ўзи берган…

– Икки минг беш юз сўм пулни ўғирлашда ўзингизни айбдор деб ҳисобламайсизми? – деди раис.

– Қирқ сўмдан бўлак ҳеч нарса олганим йўқ деяпман-ку, ахир.

– Винога порошок солиб савдогар Смельковга ичирганингиз-чи, буни бўйнингизга оласизми?

– Бунисини бўйнимга оламан. Мен буни ухлатадиган порошок деб ўйлаган эдим, менга шунақа дейишган эди. Бундай бўлишини билганим йўқ, бундай бўлади деб ўйлаганим ҳам йўқ. Тепамда худо турибди – хаёлимга ҳам келтирмаган эдим, – деди у.

– Демак, сиз савдогар Смельковнинг пулини ва узугини ўғирлашда ўзингизни айбдор деб ҳисобламайсиз, – деди раис. – Аммо порошок берганингизни бўйнингизга оласиз?

– Бўйнимга оламан, албатта, фақат уни ухлатадиган дори деб ўйлаган эдим. Мен уни ухлаб қола қолсин деб берганман, бошқача бўлишини ўйламаган, хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

– Жуда соз, – деди раис саволининг натижасидан хурсанд бўлгандай. – Воқеа қандай бўлганини айтиб беринг-чи, – деди у икки қўлини столга қўйиб, кресло суянчиғига ясланиб. – Бўлган гапни оқизмай-томизмай гапириб беринг. Айбингизга чин кўнгилдан иқрор бўлсангиз, ўз аҳволингизни енгиллатган бўласиз.

Маслова раисга боягидай тўппа-тўғри тикилиб, жим турарди.

– Хўш, қандай бўлди?

– Қандай дейсизми? – деди тўсатдан Маслова тез гапириб. – Меҳмонхонага келдим, мени номерга бошлаб киришди, у ғирт маст бўлиб ўтирган экан. – Маслова у деган сўзни сесканиб гапирар, кўзлари қинидан чиқиб кетай дерди. – Мен кетмоқчи бўлган эдим, у юбормади.

Маслова калаванинг учини йўқотиб қўйгандек ёки бир бошқа нарсани эслагандек жим бўлиб қолди.

– Кейин нима бўлди?

– Нима бўларди? Бир ой ўтирдим-да, уйга келдим.

Шу чоқ прокурор ёрдамчиси ғайритабиий суратда бир тирсагига таяниб ўрнидан сал турди.

– Саволингиз борми? – деди раис; прокурор ёрдамчисидан тасдиқ жавобини олгач, сизга мен савол бериш ҳуқуқини бераман, дегандек ишора қилди.

– Шундай бир савол бермоқчи эдим: судланувчи Симон Картинкинни илгари ҳам танирмиди? – деди прокурор ёрдамчиси Масловага қарамасдан.

Саволни бериб бўлгач, лабини қимтиб, қовоғини солиб олди.

Суд раиси унинг саволини такрорлади. Маслова қўрқа-писа прокурор ёрдамчисига қараб:

– Симонними? Танирдим, – деди.

– Судланувчининг Картинкин билан танишлиги қандай бўлган, шуни билмоқчи эдим. Бир-бирлари билан тез-тез учрашиб туришганми?

– Танишлигим қандайлигими? Таниш эмас эдиму, лекин меҳмонлар ёнига чақириб турарди, – деб жавоб берди Маслова ташвишланиб прокурор ёрдамчисидан юз ўгириб раисга ва яна прокурор ёрдамчисига қараб.

– Мен яна шу нарсани билмоқчиман: Картинкин меҳмонларга бошқа қизларни чақирмай, нега доим Масловани чақирган? – деди прокурор ёрдамчиси кўзини қисиб ва айёрона илжайиб.

– Билмайман. Мен қаёқдан билай, – деб жавоб қилди Маслова қўрқув аралаш атрофига аланглаб, бир лаҳза Нехлюдовга кўз тикиб: – Кимни хоҳласа, шуни чақирган-да.

Нехлюдов юзига қон қуйилганини ҳис этиб: «Таниган бўлса-я?» – деб ўйлади ваҳима ичида, аммо Маслова унга тикилиб ўтирмай, шу ондаёқ юзини ўгирди ва яна қўрқув аралаш прокурор ёрдамчисига қаради.

– Бундан чиқди, судланувчи Картинкин билан яқин алоқада бўлганини инкор этаркан-да? Жуда соз. Бошқа саволим йўқ.

Прокурор ёрдамчиси шу замоноқ тирсагини столдан олди ва алланималарни ёза бошлади. Аслида эса у ҳеч нарса ёзмас, фақат олдин ёзган ҳарфларининг устидан қалам юргизиб чиқиш билан овора эди. У прокурор ва адвокатларнинг шундай қилишларини кўрган эди; улар усталик билан берилган саволдан кейин нутқларига рақибларини яксон қиладиган далиллар қўшиб қўйишарди.

Раис кўзойнак таққан аъзодан, олдиндан тайёрлаб ёзиб қўйилган саволларнинг қўйилишига розимисиз, деб сўраётгани учун судланувчига дарров мурожаат қила қолмади.

– Кейин нима бўлди? – деб саволини давом эттирди раис.

– Уйга қайтиб келдим, – деб давом этди Маслова энди раисга аввалгидан кўра дадилроқ қараб, – бекамга пулни бердим-да, ётдим. Энди кўзим илинган экан, ўзимизникилардан Берта деган қиз уйғотиб қолди. «Тур, савдогаринг яна келди», деди. Мен чиқмайман деган эдим, лекин хоним қўймадилар. У бўлса, – Маслова у деган сўзни гапирганда сесканиб кетди, – у бўлса ҳамма қизларимизни вино билан сийлай бошлади. Кейин яна винога одам юбормоқчи бўлган эди, пули етмади. Бека унга ишонмади. Шундан кейин у мени номерига юборди. Пулининг қаердалигини, қанча олиш кераклигини айтди. Шундан кейин мен меҳмонхонага бордим.

Раис шу маҳал чап томондаги аъзо билан шивирлашиб ўтиргани учун Маслованинг нима деганини эшитмади. Аммо ҳамма гапни эшитган кишидай, унинг охирги сўзларини такрорлаб:

– Меҳмонхонага бордингиз. Хўш, кейин нима бўлди?

– деди у.

– Бордим, у қандай тайинлаган бўлса, худди шундай қилдим: номерга кирдим. Хонага ёлғиз кирмадим. Симон Михайлович билан ана уни чақирдим, – деди у Бочковани кўрсатиб.

– «Ёлғон, хонага қадам босганим йўқ…» – деб гап бошлаган эди Бочкова, лекин уни тўхтатишди.

– Уларнинг кўзи олдида тўртта червон олдим, – деди Маслова Бочковага қарамасдан қовоғини солиб.

– Судланувчи қирқ сўм пулни олаётганда неча пул борлигини кўрмадимикин? – деб яна сўради прокурор.

Прокурор савол берган пайтда Маслова сесканиб кетди. У ўзи нима гаплигини билмаса-да, лекин прокурор унга ёмонлик тилаётганини ҳис этарди.

– Санаганим йўқ, ҳаммаси нуқул юз сўмлик пуллигини кўрдим, холос.

– Судланувчи юз сўмликларни кўрган экан, бошқа саволим йўқ.

– Хўш, пулни олиб келдингизми? – деб сўради раис соатига қараб.

– Олиб келдим.

– Кейин-чи? – деди раис.

– Кейин, у мени яна ўзи билан бирга олиб кетди, – деди Маслова.

– Қандай қилиб винога порошок солиб бердингиз? – деб сўради раис.

– Қандай қилиб бўларди? Винога солдим-да, беравердим.

– Нега бундай қилдингиз?

Маслова жавоб қайтариш ўрнига оғир ва чуқур хўрсинди.

– Ҳадеганда жўнатавермади у, – деди Маслова бир оз жим тургач. – Тинкамни қуритди. Йўлакка чиқдим-да, Симон Михайловичга: «Қани энди, жўнатиб юбора қолса. Жуда чарчаб кетдим», – дедим. Симон Михайлович бўлса: «Бизнинг ҳам жонимизга тегиб кетди. Биз унга ухлатадиган порошок бермоқчимиз, ухлаб қолса, кетаверасан» – деди. Мен: «Бўпти», – дедим. Буни зарарсиз порошок, деб ўйлабман. Қўлимга қоғоз тутқизди. Қайтиб кирдим, у тўсиқнинг нариги ёғида ётган экан. Киришим билан коньяк қуйиб беришни буюрди. Столдан бир шиша финьшампань олдим-да, иккита стаканга – унга ва ўзимга қуйдим. Унинг стаканига порошок солиб бердим. Билсам, берармидим.

– Узук сизга қаёқдан келиб қолди? – деб сўради раис.

– Узукни менга ўзи совға қилди.

– Қачон совға қилди?

– Номерга келишимиз билан, мен кетмоқчи бўлган эдим, у бошимга бир уриб, тароғимни синдириб қўйди. Мен жаҳл қилиб, кетмоқчи бўлдим. Кетиб қолмасин деб бармоғидан узугини олиб менга совға қилди, – деди Маслова.

Шу маҳал прокурор ёрдамчиси боягидай ўрнидан сал туриб, яна аввалгидай мунофиқона соддалик билан бир неча савол беришга рухсат сўради ва ижозат олгач, кўйлагининг гул солиб тикилган ёқаси устига бўйнини қийшайтириб сўради:

– Савдогар Смельковнинг номерида судланувчи қанча вақт бўлганини билишни истардим.

Масловани яна қўрқув босди. У гоҳ прокурор ёрдамчисига, гоҳ раисга кўз югуртириб, шошиб-пишиб жавоб берди:

– Қанча вақт ўтгани эсимда йўқ.

– Судланувчи савдогар Смельков ёнидан чиққач, меҳмонхонада бирон жойга киргани эсида йўқмикан?

Маслова ўйлаб кўрди.

– Ёнма-ён жойлашган бўш номерга кириб эдим, – деди у.

– Нега кириб эдингиз? – деди прокурор ёрдамчиси берилиб кетганидан тўғридан-тўғри Масловага мурожаат қилиб.

– Уст-бошимни ростлаб олиб, извошчини кутдим.

– Судланувчининг ёнида, номерда Картинкин ҳам бормиди ёки йўқмиди?

– У ҳам кирган эди.

– Нега кирган эди?

– Савдогардан финьшампань қолган эди, иккаламиз бирга ичдик.

– Ҳа-ҳа, бирга ичибсизлар-да. Жуда соз.

– Судланувчи Симон билан гаплашганми, агар гаплашган бўлса, нима тўғрида?

Маслова тўсатдан қовоғини солиб олди, қип-қизариб кетди-да, тез-тез гапира бошлади:

– Нимани гаплашибман? Ҳеч нарсани гаплашганим йўқ. Бўлган гапнинг ҳаммасини айтиб бердим, бошқа ҳеч нарса билмайман. Нима қилсангиз қилинг. Менинг гуноҳим йўқ, вассалом.

– Бошқа саволим йўқ, – деди прокурор раисга ва ғайритабиий бир тусда кифтини қисиб, нутқининг матнига судланувчининг Симон билан бирга бўш номерга киргани тўғрисидаги эътирофини ёза бошлади.

Орага сукунат чўкди.

– Айтадиган бошқа гапингиз йўқми?

– Ҳаммасини айтиб бўлдим, – деди Маслова хўрсиниб, сўнгра ўтирди.

Шундан кейин раис қоғозга ниманидир ёзди ва чап томонида ўтирган суд аъзосининг шивирлаб айтган гапини тинглаб, ўн дақиқа танаффус эълон қилди, шошиб ўрнидан турди-да, залдан чиқди. Раис билан чап томонида ўтирган серсоқол, катта, мулойим кўзли аъзо ўртасида бўлиб ўтган маслаҳат шундан иборат эдики, ўша аъзонинг меъдаси бузилган, у қорнини силаб, дори ичиб олмоқчи бўлган эди. У шу гапни раисга айтган ва унинг илтимосига кўра танаффус эълон қилинган эди.

Судьялардан кейин маслаҳатчилар, адвокатлар ва гувоҳлар ўринларидан туришди, муҳим ишнинг бир қисмини бажариб кўнгиллари жойига тушгандай, у ёқдан бу ёққа юра бошладилар.

Нехлюдов маслаҳатчилар хонасига ўтди ва дераза ёнига бориб ўтирди.

XII

Ҳа, бу Катюша эди.

Нехлюдовнинг Катюша билан муносабати қуйидагича эди: Нехлюдов Катюшани биринчи марта университетнинг учинчи курсида ўқиётган маҳалда, ёзда аммалариникига келиб, ерга бўлган хусусий эгалик ҳақида илмий асар ёзиш чоғида кўрган эди. Одатда у ёзда онаси ва опаси билан бирга онасининг Москва ёнидаги катта қўрғонида яшарди. Аммо бу йил опаси эрга тегиб кетди, онаси даволаниш учун чет элга сувга жўнади. Нехлюдов эса илмий асар ёзиши лозим эди, шундай қилиб, у ёзни аммалариникида ўтказишга аҳд қилди. Уларнинг ери бир чеккада, тинч, уларникида ўйин-томоша деган нарса йўқ, аммалари эса меросхўр жиянларини жуда яхши кўришар эди. Нехлюдов ҳам уларни, уларнинг эскича, оддий ҳаётларини яхши кўрарди.

Нехлюдов аммалариникида бўлган ёз ойлари унинг юраги шундай завқ-шавққа тўлган эдики, бу ҳолатда ўспирин йигит ҳаётнинг гўзаллиги ва маъносини ҳамда шу ҳаётда инсон зиммасига қўйилган вазифанинг бутун аҳамиятини бировнинг кўрсатганига қараб эмас, балки ўзи англайди, ўзи ва бутун олам чексиз такомил топиши мумкинлигини кўриб, шунга ишонибгина қолмай, балки тасаввуридаги камолатга дадиллик билан интилади. Яна шу йил университетда у Спенсернинг «Социал статика» деган асарини ўқиган ва Спенсернинг ерга бўлган хусусий эгалик ҳақидаги мулоҳазалари унда, хусусан ўзи катта ер эгасининг ўғли бўлгани учун, айниқса зўр таассурот қолдирган эди. Унинг отаси бадавлат эмас, аммо онаси сепга ўн минг ботмонча ер олган эди. Нехлюдов ерга бўлган хусусий эгаликнинг нақадар шафқатсиз ва адолатсизлигини биринчи бор ўша пайтларда англаб, ахлоқий талаблар йўлида фидокорлик қилишни энг юксак руҳий лаззат деб биладиган одамлардан бири бўлгани учун ерга бўлган хусусий эгалик ҳуқуқидан воз кечди, отасидан мерос қолган ерни ўша вақтдаёқ деҳқонларга бўлиб берди. У илмий асарини ҳам худди ана шу мавзуда ёзаётган эди.

Ўша йил аммаларининг қишлоғида унинг ҳаёти шундай ўтганди: у жуда эрта, баъзан соат учда турар ва қуёш чиққунча, баъзан тонгги туман тарқалмасдан бурун, тоғ ён бағридаги сойга бориб чўмилар ҳамда гиёҳлар ва гуллардаги шабнам кўтарилмасдан қайтиб келарди. Баъзида эрталаб қаҳва ичиб олгач, ўтириб илмий асарини ёзар ёки ўшанга керакли ҳужжатларни ўқирди, аммо кўпинча, ўқиш ёки ёзиш ўрнига яна уйдан чиқиб кетиб далалар, ўрмонларни кезиб юрарди. Тушлик овқат олдидан боғнинг бирон бурчагида ётиб ухлаб қолар, овқат пайтида қизиқчилик қилиб аммаларини кулдириб ўтирар, кейин от миниб кезар ёки кайиқда сайр қиларди-да, кечқурун яна аммалари билан ўтириб пасьянс13 ўйнарди. Кўпинча кечалари, айниқса ойдин кечалари, кўнгли ҳаёт қувончи билан тўлиб-тошганидан уйқуси келмас, ухлаш ўрнига баъзида тонггача ўз фикри хаёли билан банд бўлиб боғда юриб чиқарди.

Аммалариникида яшаган даврининг биринчи ойида у, оқсоч деса оқсоч эмас, асранди деса асранди қиз эмас, қоракўз, эпчил Катюшага эътибор бермай, бахтиёр ва осойишта ҳаёт кечирарди.

Она бағрида тарбия топган Нехлюдов у вақтларда ўн тўққизга кирган бўлса-да, чинакам маъсум йигит эди. У аёл киши ҳақида ўйлаганда, фақат унга уйланишини кўзда тутарди. Ўзига хотин бўла олмайдиган барча хотинлар, унинг назарида, хотин эмас, одам сифатида гавдаланарди. Шу йил ёзда Вознесенье байрамида Нехлюдовнинг аммалариникига қўшнилари бўлган аёл ўз болалари, яъни бўйи етган икки қизи, гимназист ўғли ва уйларидаги меҳмон – мужиклардан чиққан рассом билан бирга меҳмон бўлиб келди.

Чойдан кейин уй рўпарасидаги ўрилган ўтлоқда гургур ўйини14 ўйнашни бошладилар. Катюшани ҳам чақиришди. Бир неча ўйиндан кейин Нехлюдов Катюша билан қочишадиган бўлди. Катюшани кўрганда доим Нехлюдовнинг кўнгли хурсанд бўлар, лекин икковининг ўртасида бирон бошқача муносабат бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмас эди.

– Энди буларни тутиб бўпман, – деди «пойлоқчи» хушчақчақ рассом; унинг мужикларга хос кучли оёқлари калта ва эгри бўлгани билан у жуда тез югурар эди. – Қоқилиб кетишганда тутмасам…

– Сиз бўласиз-у, тутмай қўясизми?

– Бир, икки, уч!

Улар уч марта чапак чалишди. Катюша кулгидан ўзини зўрға тутиб, Нехлюдов билан ўрнини тез алмаштирди-да, ғадир-будур, кучли, кичкина қўли билан унинг катта қўлини қисиб қўйиб, крахмалланган юбкасини шилдиратиб чапга қараб югуриб кетди.

Нехлюдов жуда тез югурарди. У рассомга тутқич бермаслик учун кучининг борича чопди. Кейин орқасига қараган эди, рассом Катюшани қувлаб кетаётганини кўрди, Катюша чаққон югуриб, унга тутқич бермай, чап томонга қараб қочди. Олдинда сирень гули бутаси бор эди. У ёққа ҳеч ким бормаган эди. Катюша Нехлюдов томонга қаради-да, боши билан сирень гул бутаси орқасида бирлашамиз деб ишора қилди. Нехлюдов унинг ишорасини тушунди-да, бута томон югурди. Аммо у ерда бир ариқча бўлиб, устини қичитқи ўт қоплаган эди, Нехлюдов буни пайқамай тайғаниб йиқилди-да, қўлини қичитқига босиб олди ва оқшомга яқин тушган шудрингдан қўли ҳўл бўлди, лекин шу заҳоти кула-кула ўрнидан туриб, ялангликка чиқди.

Катюша хурсандлигидан чаросдек қоп-қора кўзларини чақнатиб жилмаяр экан, унга томон югурди. Улар чопиб келиб, қўл ушлашиб олдилар.

Катюша бўш қўли билан тўзғиган сочларини тўғрилаб, Нехлюдовга қушбоқиш билан тик қаради-да:

– Қўлингизни роса қичитаётгандир? – деди ҳарсиллаб жилмаяр экан.

– Бу ерда ариқча борлигини билмаган эдим, – деди у ҳам жилмайиб, қизнинг қўлини қўйиб юбормай.

Катюша унга яқинроқ келди. Нехлюдов қандай қилиб қизга юзини яқинлаштирганини ўзи ҳам билмай қолди. Катюша ўзини олиб қочмади, Нехлюдов унинг қўлини қаттиқроқ қисди-да, лабидан ўпиб олди.

– Вой ўлай, – деди қиз қўлини шартта тортиб олиб, сўнгра урасолиб қочиб кетди.

Катюша сирень гул бутаси ёнига югуриб борди-да, гуллари тўкила бошлаган иккита оқ сирень новдасини узиб олди. Кейин шу сирень билан ловиллаб турган бетига уриб, Нехлюдовга ўгирилиб қарай-қарай, қўлларини силкитиб орқага, ўйновчилар ёнига қайтди.

Ана шу пайтдан бошлаб Нехлюдов билан Катюшанинг муносабати ўзгарди ва бир-бирига интилган маъсум йигит билан маъсума қиз ўртасида бўладиган бошқача бир муносабат пайдо бўлди.

Катюша хонага кирса ёки Нехлюдов унинг оқ фартуғини узоқдан кўриб қолгудай бўлса, назарида, борлиқ қуёш нурига чўмгандай, ҳамма нарса жозибали, кўнгилли ва маънолидай туюларди, ҳаёт ширин бўлиб кетарди. Катюша ҳам шундай ҳолатда эди. Нехлюдовга бундай таъсир қилган нарса Катюшанинг шу ердалиги ёки яқинлигидагина эмас эди; дунёда Катюша бор-ку, деган фикрнинг ўзиёқ унга шундай таъсир этар, Катюша учун эса Нехлюдовнинг борлиги шундай туйғу туғдирарди. Нехлюдов онасидан кўнгилсиз хат олса ёки илмий иши юришмай қолса, ёинки ёшлик хаёллари сабабсиз-несиз кўнглини ғаш қилса, Катюша бор-ку, деб эслаши билан ёки уни кўриши билан бутун ғами тарқалиб кетарди.

Катюшанинг уйда юмуши жуда кўп эди. Аммо у югуриб-елиб ишини битирар ва бўш вақтларида китоб ўқирди. Нехлюдов Достоевский ва Тургенев китобларини ўқиб туширгандан кейин унга берарди. Катюшага Тургеневнинг «Хилватгоҳ» деган асари айниқса ёқар эди. Улар аҳён-аҳёнда: йўлакда, балконда, ҳовлида учрашиб қолишганда гаплашишар, баъзида эса оқсоч кампир Матрёна Павловнанинг хонасида гаплашиб ўтиришарди. Катюша бу хонада Матрёна Павловна билан бирга турар, Нехлюдов эса ора-чора қанд тишлаб чой ичгани кириб турар, Матрёна Павловна ҳузурида ўтадиган бу суҳбатлар жуда гаштли бўларди, ёлғиз қолганларида гаплашиш оғир туюларди. Бундай пайтларда кўзлар оғиздан чиққан сўзлардан кўра бошқа, муҳимроқ нарсаларни гапиргандек бўлар, лаблар бужмаяр ва негадир даҳшат босиб, улар дарров ўринларидан туриб кетар эдилар.

Биринчи марта аммалариникига келиб турган кезда Нехлюдов билан Катюша ўртасидаги муносабат ана шундай эди. Аммалари бу муносабатни пайқаб қолиб қўрқиб кетишди ва ҳатто, чет элга княгиня Елена Ивановнага, Нехлюдовнинг онасига хат ёзиб ҳам юборишди. Аммаси Марья Ивановна Дмитрий Катюша билан алоқа қилиб қўймасин, деб қўрқарди. Лекин унинг қўрқиши ўринсиз эди, чунки Нехлюдов, ўзи буни билмагани ҳолда, Катюшани пок муҳаббат билан севар, унинг севгиси ўзини ҳам, қизни ҳам бузилишдан асрар эди. Унда қиздан ўз ҳирсини қондириш мақсадида фойдаланиш истаги у ёқда турсин, ҳатто қизга нисбатан шундай муомалада бўлиш мумкин, деган фикрнинг ўзи йўқ эди. Буни ўйлаганда уни ваҳима босарди. Шоиртабиат Софья Ивановнанинг, ўз сўзли ва иродали Дмитрий қизни севиб қолиб, унинг зотини ва кимлигини суриштирмасдан унга уйланиб қўймасайди, деб хавотирланиши асослироқ эди.

Агар Нехлюдов Катюшага бўлган муҳаббатини ўша вақтда аниқ тушуниб олганда ва хусусан ўша вақтда унга, тақдирингни бу қиз билан боғлашинг асло мумкин эмас, деб уқдиришга уринганларида эди, у ўзига хос дангаллик билан, эҳтимолки, қизни севганимдан кейин унинг кимлигидан қатъи назар, уйланмаслигимга ҳеч қандай сабаб йўқ, деган қарорга келиши мумкин эди. Аммо аммалари унга ўз шубҳаларини билдиришмади ва у, қизга бўлган муҳаббатини англаб етмасдан бурун жўнаб кетди.

У Катюшага бўлган ҳиссиётини ўша вақтларда бутун вужудини тўлдирган ҳаёт шодлиги туйғусининг бир тури деб ўйларди, шу гўзал, хушчақчақ қиз унинг туйғуларига шерик бўлган эди. У кетаётганида, Катюша аммалари билан бирга пиллапояга чиқиб, хиёл ғилай, қоп-қора кўзларидаги жиққа ёш билан уни узатиб қолганда, Нехлюдов энди ҳеч қачон топиб бўлмайдиган қандайдир энг гўзал, қадрдон нарсасини ташлаб кетаётгандек ҳис қилди. У жуда хафа бўлиб кетди.

Нехлюдов Софья Ивановнанинг тепасидан қараб:

– Хайр, Катюша, бутун хизматларинг учун раҳмат, – деди извошга ўтирар экан.

– Яхши боринг, Дмитрий Иванович, – деди Катюша кўз ёшларини зўрға тутиб, ёқимли эркаловчи товуши билан ва даҳлизга қочиб кириб кетди. У ерда қиз бемалол, тўйиб-тўйиб йиғлаб олиши мумкин эди.

ХIII

Шундан кейин Нехлюдов Катюшани уч йил кўрмади. У офицерлик мансабига эндигина кўтарилиб, армияга кетар экан, йўл-йўлакай аммалариникига тушиб қизни кўрган маҳалда, уч йил муқаддам ёзни ўтказган вақтдагидан кўра бутунлай ўзгариб кетган эди.

У вақтларда Нехлюдов ҳар қандай эзгу, яхши ишга жонини фидо қилишга тайёр бўлган виждонли йигит эди, – энди у фаҳш йўлига кирган, фақат ўз ҳузурини ўйлайдиган худбин бўлиб қолган эди. У вақтларда ёруғ олам унинг кўзига сирли бўлиб кўринар ва у завқ-шавққа тўлиб, севиниб шу сирни билишга интилар эди, – энди ҳаётдаги ҳамма нарса назарида оддий ва аниқ, у яшаган турмуш шароитлари билан белгиланадиган нарсалардан иборат эди. У вақтларда табиат билан, ўзидан илгари яшаб ўтган, фикр қилган, ҳис этган одамлар (фалсафа, поэзия) билан яқин муносабатда бўлишни муҳим ва зарур деб билар эди, энди бўлса турли муассасалар ва ўртоқлар билан алоқада бўлиш муҳим ва зарур эди. У вақтларда кўзига хотин киши сирли ва дилбар, – худди шу сирли бўлгани учун ҳам дилбар бўлиб кўринарди, – энди бўлса хотиннинг, ўз қариндош-уруғлари-ю, ўртоқларининг хотинларидан бошқа ҳар қандай хотиннинг нима аҳамиятга эга эканлиги маълум эди: хотин киши ўзи татиб кўрган айш-ишратнинг энг яхши воситаларидан бири эди. У вақтларда унга пул керак эмас, онаси юбориб турган пулнинг учдан бири ҳам ортиқчалик қилар, у отасидан қолган ер-мулкдан воз кечиб, уни деҳқонларга бериши мумкин эди, – энди бўлса, онаси ҳар ой сари юбориб турган ўша бир ярим минг сўм пул етмас ва шу пул юзасидан онаси билан айтишиб ҳам қолган эди. У вақтларда Нехлюдов ҳақиқий мен деб ўзининг руҳий дунёсини билар, – энди эса соғлом, бақувват қуруқ танасини, ҳайвоний нафсини мен деб ҳисобларди.

Ундаги бу даҳшатли ўзгаришга сабаб фақат шу эдики, у ўзига ишонмай, бошқаларга ишонадиган бўлиб қолган эди. Ўзига ишонмай, бошқаларга ишонадиган бўлиб қолганига сабаб шу эдики, ўзига ишониб яшаш ниҳоятда оғир эди: ўзига ишониб яшаганда ҳар қандай масалани жон койитмай хурсандчилик қилиш пайида бўлган ҳайвоний нафсининг фойдасига эмас, балки деярли ҳамма вақт унинг зарарига ҳал қилиш керак бўларди; бошқаларга ишониб яшаганда эса ҳеч нарсани ҳал қилишнинг ҳожати йўқ, ҳаммаси ҳал қилинган ва доим маънавий ҳаёт зарарига, ҳайвоний нафсининг фойдасига ҳал қилинган бўларди. Бундан ташқари, ўзига ишониб яшаганда у доим одамларнинг маломатига қоларди, – бошқаларга ишонганда эса, атрофини ўраб олган одамларга манзур бўларди.

Чунончи, Нехлюдов худо тўғрисида, ҳақиқат, бойлик ва камбағаллик тўғрисида ўйлаганда, ўқиганда ва гапирганда атрофдаги одамлар буни ўринсиз ва қисман кулгили деб ҳисоблашар, онаси ҳам, аммаси ҳам кесатиб, уни notre cher philosophe15 деб аташарди; у романлар ўқиб беадаб латифалар айтганда, французча пьесаларни кўргани театрга борганда ва кўрганларини мароқ билан сўзлаб берганда эса, ҳамма уни мақтарди. У ўз эҳтиёжларини чеклашни зарур деб, эски шинель кийиб юрганда ва вино ичмай қўйганда ҳамма буни ғалати қилиқ ва беҳуда мақтанчоқлик деб ҳисоблар, лекин овга чиқиш ёки ғоятда ҳашаматли кабинетини жиҳозлаш учун катта-катта харж қилганда ҳамма унинг дидини мақтар, қимматбаҳо нарсалар совға қиларди. У иффатли йигит чоғидан то уйлангунча шундай юрмоқчи бўлганида қариндош-уруғлари унинг саломатлигидан хавотир олишди ва ҳатто у ўртоғидан аллақандай француз хотинни тортиб олганида, онаси буни эшитиб, хафа бўлиш ўрнига, ўғлим энди ҳақиқий эркак бўлибди, деб севинган эди. Дмитрийнинг Катюша билан бўлган муносабати, ўғлининг унга уйланиши мумкинлиги княгиняни даҳшатга соларди.

Нехлюдов вояга етгач, отасидан мерос қолган бир оз ерни, ерга эгалик қилиш адолатдан эмас, деб деҳқонларга бўлиб берган вақтида ҳам унинг бу қилиғи онасини ва қариндош-уруғларини даҳшатга солган эди. Шу туфайли у барча уруғ-аймоқларининг маломатига қолган эди. Нехлюдовга, ундан ер олган деҳқонлар бойиш ўрнига, учта қовоқхона очиб ва ишлашни йиғиштириб қўйиб қайтага қашшоқлашиб кетганлари тўғрисида гапиравериб унинг қулоғини битиришди. Нехлюдов гвардияга кириб, баланд мартабали ўртоқлари билан оламжаҳон пулни кўкка совуриб, қартага бой бериб қўйганда, Елена Ивановна дастмоясидан пул олиб юборишга мажбур бўлган ва шунда ҳам сира хафа бўлмай, бу табиий бир ҳол, қайтага яхши бўлибди, чечак ёшлигида эмлангани тузук, улфатлари ёмон эмас, деб ҳисоблаган эди.

Дастлаб Нехлюдов курашиб кўрди, аммо курашиш жуда оғир бўлди, чунки ўзига ишониб, яхши деб топган нарсаларини бошқалар ёмон дер ва аксинча, ўзига ишониб, ёмон деган нарсаларини атрофидагиларнинг ҳаммаси яхши дер эдилар. Бу курашнинг натижасида Нехлюдов таслим бўлди, ўзига ишонмай, бошқаларга ишонадиган бўлиб қолди. Авваллари ўз йўлидан қайтиш анча оғир бўлди, аммо бу ҳис узоқ давом этмади ва худди шу вақтдан бошлаб вино ичиш, папирос чекишни бошлаган Нехлюдов, кўп ўтмай, кўнглини ғаш қилган бу туйғуни ҳис этмай қўйди ва ҳатто анча енгил тортгандай бўлди.

Шундай қилиб, Нехлюдов эҳтиросли табиатга хос жўшқинлик билан атрофдагиларга маъқул бўлган шу янги ҳаётга берилиб кетди ва қандайдир бошқа нарсани талаб этувчи қалбидаги овозни бутунлай бўғиб ташлади. Бу ҳолат Петербургга кўчиб ўтганидан кейин бошланди ва ҳарбий хизматга кириш билан яна авж олиб кетди.

Ҳарбий хизмат, умуман, одамларни йўлдан оздиради, чунки ҳарбий хизматга кирганларнинг умрлари бекорчилик билан ўтади, яъни улар онгли ва фойдали иш қилмайдилар, умумий инсоний бурчларни унутиб қўядилар, улар ўрнига полк, мундир, байроқнинг расм бўлиб қолган шон-шуҳрати олдинга сурилади, бундан ташқари, улар, бир томондан, бошқа одамлар тепасидан чексиз ҳукмдорлик қилсалар, иккинчи томондан, ўзларидан баланд мартабадаги бошлиқлар олдида қулларча итоат қилишга мажбур бўладилар.

Одамларнинг ахлоқини бузадиган, мундир ва байроқ шон-шуҳратидан бошқани тан олмайдиган, зўравонликка, қотилликка ижозат берадиган ҳарбий хизмат устига бойликнинг ҳамда подшо хонадонига яқинликнинг касофати қўшилса, бу бадахлоқлик унинг таъсирига берилган одамларни ўтакетган худбин қилиб қўяди; бадавлат ва кибор офицерлар хизмат қиладиган гвардия полкларида шу ҳол юз беради. Ҳарбий хизматга кириб, ўртоқлари сингари яшай бошлагандан буён Нехлюдов ҳам худди шундай ўтакетган худбин бўлиб қолган эди.

На страницу:
4 из 10