![Уч мушкетёр](/covers_330/69875542.jpg)
Полная версия
Уч мушкетёр
– Яхши, – деди кардинал. Кейин столдан кумуш қўнғироқчани олиб, чалди.
Яна бояги офицер кирди.
– Рошфорни айтиб келинг, – ним товушда буюрди Ришеле, – қайтган бўлса, дарҳол етиб келсин.
– Граф шу ерда, – деди офицер. – Падари бузруквордан қабул қилишни ўтиниб илтимос қиляпти.
– Майли, кирсин! – хитоб қилди кардинал. – Кираверсин.
Офицер кардиналнинг амрини ўринлатишга интилгувчи жамики мулозимларига хос зудлик билан югуриб чиқиб кетди.
– Оҳ, «Падари буриквор»! – даҳшатдан кўзлари олакула бўлиб, шивирлади Бонасе.
Офицер чиқиб кетгач, беш дақиқа ўтар-ўтмас эшик очилди-ю, янги киши кириб келди.
– Бу ўша! – бақириб юборди Бонасе.
– Ўшаси ким? – сўради кардинал.
– Рафиқамнинг ўғриси!
Кардинал яна қўнғироқ қилди. Офицер кириб келди.
– Бу одамни олиб бориб, уни келтирган аскарларга топширинг. Мен қайта чақиришимга қадар кутиб турсин.
– Йўқ, зоти олийлари: йўқ, бу ўша эмас! – бўкира бошлади Бонасе. – Мен янглишдим! Уни олиб қочган бўлак одам, бу кишига сира ўхшамайди! Бу жаноб – ҳалол одам!
– Бу овсарни олиб кетинг! – деди кардинал.
Офицер уни тирсагидан тутиб, соқчилар кутиб турган даҳлизга чиқариб қўйди.
Кардинал ҳузурига эндигина кириб келган киши Бонасени бетоқат назар билан кузатди-да, унинг кетидан эшик ёпилган замон шахдам юриб, Ришельега яқинлашди.
– Улар кўришдилар, – деди у.
– Кимлар? – сўради кардинал.
– Хоним билан у.
– Қиролича билан герсогми? – хитоб қилди Ришелье.
– Ҳа.
– Хўш, қаерда?
– Луврда.
– Аминмисиз?
– Мутлақо аминман.
– Сизга ким айтди?
– Де Ланнуа хоним, у кишининг падари бузрукворга астойдил ихлоси ўзингизга маълум.
– Нега буни эртароқ маълум қилмабди?
– Тасодифанми, гумонсирабми, де Сюржи хонимга қиролича ўзининг ётоқхонасида тунаб қолишни буюрган, кейин ҳам кун бўйи жавоб бермаган.
– Хўш… Биз мағлубиятга учрадик. Ўч қайтаришга уриниб кўрамиз.
– Зоти олийларига мадад бериш учун бор кучимни ишга соламан. Бундан кўнглингиз тўқ бўлсин.
– Бу қачон содир бўлган?
– Тун ярмидан оғганда қиролича сарой хонимлари даврасида ўтирган эди…
– Баайни қаерда?
– Ўз ётоқхонасида.
– Хўш.
– Тўсатдан унга кийим-кечаклар бекаси юборган рўмолчани бериб қолишган…
– Ундан кейин!
– Қиролича қаттиқ ҳаяжонга тушиб, упа-элигига қарамай, хийла ранги ўчган…
– Ундан кейин! Ундан кейин!
– Қўзғалиб, ўзгарган товуш билан: «Мени ўн дақиқа кутинглар, бирпасда қайтаман» деган-у, эшикни очиб, чиқиб кетган.
– Нега де Ланнуа хоним ҳамма гапни бизга дарров маълум қилмабди?
– Унинг ҳали тўла ишончи бўлмаган. Бунинг устига қиролича «Мени кутиб туринглар» деган-да, ахир. Ўзбошимчалик қилишга журъат этолмаган.
– Қироличанинг қанча вақт дараги бўлмаган?
– Чорак кам бир соат.
– Сарой хонимларидан ҳеч ким уни кузатиб бормаганми?
– Ёлғиз доня Эстефания, холос.
– Кейин қиролича қайтганми?
– Ҳа, лекин фақат ўзининг монограммаси билан нақшланган қизғиш ёғочдан қилинган қутичани олиш учунгина. Уни олгач, чиқиб кетган.
– Қайтган пайтида-чи, қутича ўзида бўлганми?
– Йўқ.
– Қутичада нима бўлганидан де Ланнуа хонимнинг хабари борми?
– Ҳа. Ҳазрат олийлари қироличага тортиқ қилган олмос тақинчоқлар.
– У ўша қутичасиз қайтиб келдими?
– Ҳа.
– Бинобарин, де Ланнуа хоним қиролича қутичани герсог Бэкингемга бериб юборган, деб гумон қиляптими?
– Бунга унинг ишончи комил.
– Нега?
– Кундузи қироличанинг камер-фрейлинаси де Ланнуа хоним қутичани қидирмаган жойи қолмаган, ўзини унинг йўқолганидан хавотирланганга солган, охири, қаерга йўқолганини билмайсизми, деб қироличадан сўраган.
– Хўш, қиролича-чи?..
– Қиролича қип-қизариб, арафада тақинчоқларнинг бирини синдириб қўйиб, заргарга созлатгани юборганини айтган.
– Қирол заргари ҳузурига кириб, бу гап ростмийўқми, билиш керак.
– Мен у ерда бўлдим.
– Хўш, нима гап? Заргар нима деди?
– Заргарнинг ҳеч гапдан хабари йўқ.
– Жуда соз! Жуда соз, Рошфор! Ҳали ҳаммаси қўлдан кетмабди, яна ким билсин, ким билсин… қайтага ҳаммаси яхшироқ бўлаётгандир.
– Мен заррача шубҳа қилмайман, падари бузрукворимнинг даҳолари…
– …Ўз жосусининг хатоларини тузатишига, шундай эмасми?
– Падари бузрукворим гапимни тугатишга ижозат берганларида мен худди шу гапни айтмоқчи бўлиб тургандим.
– Энди… герсогиня де Шеврез билан герсог Бэкингем қаерга яширинганидан воқифмисиз?
– Йўқ, зоти олийлари. Жосусларим бу борада ҳеч қандай аниқ маълумот беролмадилар.
– Мен бўлсам биламан.
– Зоти олийлари, сиз-а?
– Ҳа, Ҳар қалай, кўнглим сезяпти.
– Падари бузрукворим иккаласини ҳибсга олишга фармойиш беришимни истайдиларми?
– Фурсат ўтди. Улар жўнаб кетгандир.
– Мумкин. Ҳарҳолда, ишонч ҳосил қилиш мумкин…
– Ўзингиз билан ўн нафар гвардиячимни олинг-да, иккала уйда тафтиш ўтказинг.
– Бош устига, падари бузрукворим.
Рошфор шошиб чиқиб кетди.
Ёлғиз қолган кардинал бир зумлик мулоҳазадан сўнг учинчи дафъа қўнғироқ қилди.
Эшикда яна ўша офицер пайдо бўлди.
– Маҳбусни олиб киринг! – деди кардинал.
Жаноб Бонасени яна кабинетга олиб кирдилар. Офицер кардиналнинг ишораси билан чиқиб кетди.
– Сиз менга панд берибсиз, – жиддий гапирди кардинал.
– Мен-а? – қичқириб юборди Бонасе. – Мен падари бузрукворимга панд берсам-а!..
– Рафиқангиз Вожирар кўчасига ва Лагарп кўчасига борганда асло баззозлар ҳузурига кирмаган.
– Кимникига кирибди экан, тавба?
– У герсогиня де Шеврез билан герсог Бэкингемнинг олдига кирган.
– Ҳа, – хотираларга ғарқ бўлиб сўзлади Бонасе, – ҳа, тўғри, падари бузрукворим ҳақлар. Рафиқамга бирикки бор айтиб эдим, баззозлар шундай иморатларда – ёзув лавҳаларисиз уйларда яшаши қизиқ деб. Ҳар сафар рафиқам қотиб-қотиб кула бошларди. Оҳ, зоти олийлари, – падари бузрукворнинг пойига йиқилиб, давом этди Бонасе, – сиз ростдан ҳам кардиналсиз, улуғ кардиналсиз, ҳамма топингувчи даҳосиз!
Бонасе сингари аянч махлуқ устидан қилинган тантана нечоғлиқ ғариб бўлмасин, кардинал, барибир, бир нафас роҳатланди.
Сўнгра гўё хаёлига лоп этиб бир фикр келди-ю, лабларига қўнган хиёл табассум билан атторга қўлини чўзди.
– Ўрнингиздан туринг, дўстим, – деди у, – сиз ҳалол одамсиз.
– Кардинал қўлимни ушлади, мен улуғ инсоннинг қўлини ушладим! – қичқириб юборди Бонасе. – Улуғ инсон мени дўстим деди!..
– Ҳа, дўстим, ҳа! – оталарча оҳанг билан, Ришельени тузук билмаган кишиларнигина ғафлатда қолдириши мумкин оҳанг билан деди кардинал. – Сизни беҳуда айблашибди, шунинг учун сизни рози қилиш лозим. Мана бу кармонни олинг, ичида юз пистол бор ва мени авфу этинг.
– Мен сизни авфу этсам, зоти олийлари! – афтидан, буларнинг ҳаммаси ҳазил деган ҳадик билан пул тўла қопчиққа қўл тегизишга ботинолмай деди Бонасе. – Мени ҳибсга олиш, қийноққа солиш, дорга осиш сизнинг ихтиёрингизда эди, сиз бизнинг ҳукмдоримизсиз, мен бўлсам миқ этолмасдим. Сизни авфу этсам-а, зоти олийлари! Қандай даҳшат!
– Оҳ, муҳтарам жаноб Бонасе, сиз ажаб валламат одам экансиз! Кўриб турибман ва ташаккур билдираман. Демак, сиз бу кармонни олиб, унча ранжимай кетасиз-а.
– Мен роса қойил бўлиб кетяпман.
– Демак, хайр. Ёки – яхшиси – кўришгунча, зеро, мен яна кўришармиз, деган умиддаман.
– Падари бузрукворимнинг кўнгли истаган пайти! Мен падари бузрукворимнинг хизматларига тайёрман.
– Биз бот-бот кўришиб турамиз, хотиржам бўлинг. Сиз билан суҳбат менга бағоят манзур бўлди.
– О, падари бузрукворим!..
– Кўришгунча, жаноб Бонасе, кўришгунча!
Кардинал қўли билан ишора қилди, бунга жавобан Бонасе чуқур таъзим бажо келтирди. Сўнгра, орқасига тисарилганича у хонадан чиқиб кетди, кардинал даҳлизда унинг жони борича: «Яшасин зоти олийлари! Яшасин падари бузруквор! Яшасин улуғ кардинал!» дея бўкирганини эшитди.
Кардинал метр Бонасенинг жўшқин туйғуларининг бу суронли ифодасига жилмайиб, бир оз қулоқ солди.
– Мана шу топдан эътиборан мени деб жонини ҳам берадиган одам, – Бонасенинг бақириқ-чақириқлари олисда сўнгандан кейин, деди у.
Шундан кейин кардинал, айтиб ўтганимиздек, столи устида ёзиғлик Ларошел харитаси устига зўр диққат билан энгашиб, унга бир ярим йил ўтгач, қамалда қолган шаҳар кўрфазига йўлни тўсиб қўйган машҳур кўтарманинг чизиғини қалам билан тортишга киришди. У ўзининг стратегик режаларига боши билан шўнғиб ўтирганда тўсатдан эшик яна очилиб, Рошфор кириб келди.
– Хўш, қалай? – дарров сўради кардинал, унинг ўрнидан туришдаги чаққонлиги эса ўзи графга берган топшириққа нақадар катта аҳамият берганини кўрсатиб турарди.
– Вазият бундай экан, – жавоб берди граф. – Падари бузрукворим кўрсатган уйларда ҳақиқатан ҳам йигирма олти-йигирма саккиз ёшлардаги жувон билан ўттиз беш-қирқ ёшлардаги эркак киши истиқомат қилишган. Эркак киши у ерда тўрт кун турган, аёл – беш кун. Аёл бугун тунда, эркак эса – саҳарда жўнаб кетишган.
– Ўшалар! – хитоб қилди кардинал ва девор соатига бир кўз югуртиб қўшиб қўйди: – Ҳозир улар кетидан қувишга фурсат ўтди – герсогиня Турга, герсог Бэкингем эса Булонга етиб бўлишди. Уни Лондонгача қувиб боришга тўғри келади.
– Падари бузрукворимнинг қандай фармойишлари бор?
– Содир бўлган воқеа ҳақида лом-мим демайсиз. Қиролича ҳеч нарсани пайқамай турсин, сирларининг тагига етганимиздан ғофил қолсин. Бизларни аллақандай фитнани очиш билан машғул деб ўйлайверсин… Ҳузуримга канцлер Сегени чақириб юборинг.
– Падари бузрукворим ҳалиги одамни нима қилдилар?
– Қайси одамни? – сўради кардинал.
– Ўша Бонасени-да?
– Уни нимаики қилиш мумкин бўлса, шуни қилдим. Мен уни жосус қилиб қўйдим, у ўз-ўзини, рафиқасини кузатиб юради.
Граф Рошфор ўз ҳукмдорининг қўл етмас даражада юксаклигига тан берган киши қиёфасида таъзим қилиб, чиқиб кетди.
Ёлғиз қолган кардинал креслога чўкди, бир мактубни қоралаб, уни ўзининг шахсий тамғаси билан сурғичлагач, қўнғироқ қилди. Яна ўша офицернинг ўзи кирди.
– Ҳузуримга Витрени чақириб юборинг, – деди кардинал, – унга олис сафарга чиқишга шай туражагини айтинг.
Бир-икки дақиқадан сўнг йўқлаган кишиси қўнжи баланд шпорли ботфорт кийиб, сафарга чиқишга тахт ҳолда унинг ҳузурида турарди.
– Витре, – деди Ришелье, – сиз зудлик билан Лондонга учасиз. Йўлнинг ҳеч қаерида бир нафас ҳам тўхтамайсиз. Сиз шу мактубни миледининг қўлига топширасиз. Мана, икки юз пистол учун буйруқ. Хазиначимнинг ҳузурига боринг, у сизга нақд топширади. Борди-ю, топшириғимни яхши бажариб, олти кун ичида қайтсангиз, яна шунча оласиз.
Бирор сўз демасдан чопар таъзим қилди, мактубни ва икки юз пистолга чекни олиб чиқиб кетди.
Мактубда мана нималар ёзилган эди:
«Миледи! Бэкингем кўринадиган биринчи базмдаёқ ҳозир бўлинг. Унинг камзулида ўн иккита олмос тақинчоқларни кўрасиз; унга яқинлашиб, иккитасини қирқиб олинг.
Тақинчоқлар қўлингизга тушган заҳоти менга хабар қилинг».
XV
Ҳарбийлар ва ҳакамлар
Шу воқеалар кечгандан сўнг келаси куни д’Артаньян билан Портос Атоснинг дараги йўқлигини кўриб, унинг ғойиб бўлганини жаноб де Тревилга хабар қилдилар.
Арамисга келсак, у одамларнинг гапларига кўра, беш кунлик ҳордиққа ижозат олиб, оилавий юмушлар билан Руанга кетиб қолган эди.
Жаноб де Тревиль ўз аскарларининг падари эди. Мушкетёрлик сарпосини кияр-киймас уларнинг энг кўримсиз ва бетайини ҳам ўз оғасига ишонгандек, капитаннинг нусратидан кўнгли тўқ бўлиши мумкин эди.
Шу боисдан де Тревиль дафъатан жиноий ишлар бўйича бош ҳакам ҳузурига йўл олди. Қизил Крест тагидаги посбонлар саркорини чақиришди ва олинган маълумотларни таққослаб кўриб, Атоснинг Фор-Левекка жойлаштирилганини бир амаллаб аниқлашди.
Гувоҳ бўлганимиздек, Бонасе йўлиққан барча синовларни Атос ҳам бошидан кечирди.
Иккала ҳибсга олинганлар юзлаштирилганидан хабаримиз бор. Д’Артаньянни безовта қилиб уни зарур ҳаракат эркидан маҳрум этишларидан чўчиб, шу дамгача индамай келган Атос энди менинг номим д’Артаньян эмас, Атос деб таъкидламоқда эди.
Бундан ташқари у, на жаноб Бонасе, на хонимни танимаслигини маълум қилди. Кечқурун соат ўнлар чамаси у ўз дўсти жаноб д’Артаньяндан хабар олгани кирган, лекин ўша соатгача жаноб де Тревиль ҳузурида тамадди қилган. Бу жиҳатни кам деганда йигирма киши тасдиқлаб бериши мумкин. Кейин у талай казоказоларнинг номларини, шулар қаторида герсог де Ла Тремулнинг номини ҳам санаб берди.
Иккинчи комиссар худди биринчиси сингари бу мушкетёрнинг содда ва аниқ кўрсатмаларидан хижолат чекса-да, аслида, ҳакам мутасаддилари ҳарбий кишилар билан курашда ҳамиша ҳавас қилганларидек устун келишга ташна эди. Лекин, жаноб де Тревил ва герсог де Ла Тремулнинг номлари уни мулзам қилиб қўйди.
Атосни ҳам кардинал ҳузурига олиб бордилар, лекин, бахтга қарши, кардинал Луврда, қирол ҳузурида экан.
Бу айни жаноб де Тревиль жиноий ишлар бўйича бош ҳакам ва Фор-Левек нозири олдидан Атосни кўролмай чиқиб, қирол ҳузурига етиб келган пайт эди.
Қиролнинг қироличадан шубҳалари: фитналар бобида эркак кишилардан кўра аёллардан кўпроқ ҳадиксирагувчи кардинал моҳирлик билан авжига миндириб келаётган шубҳалари нақадар кучлилигини биз биламиз. Унинг Анна Австрийскаяга қарши адоватининг асосий сабабларидан бири қироличанинг де Шеврез хоним билан қалинлиги эди. Бу икки аёл уни Испания билан урушлар, Англия билан муросасизлик ва маблағларнинг чигал аҳволидан кўра кўпроқ хавотирга солмоқда эди. Унинг чуқур эътиқоди ва фикрича, де Шеврез хоним қироличага нафақат сиёсий фитналар – уни янада бадтарроқ чўчитаётган нарса – ишқий фитналарда ҳам ёрдам берарди.
Турга бадарға этилган ва ўша ерда деб гумон қилинаётган де Шеврез хоним махфий суратда Парижга келгани ҳамда беш кун туриб, миршабларни чалғитиб кетгани хусусидаги кардиналнинг дастлабки сўзлариданоқ қирол тутақиб кетди. Инжиқ ва беқарор бўлгани ҳолда у ўзини Одил Людовик ва Маъсум Людовик деб аташларини истарди. Саноқсиз омиллар келтириб, лекин мулоҳазалардан қочиб тарих изоҳлаб беришга ҳаракат қилаётган бу феъл-атворнинг тагига авлодлар машаққат билан етишар.
Кардинал де Шеврез хоним Парижга ёлғиз ўзи келмаганини, балки қиролича у билан алоқани ўша маҳаллар каббалиотик деб аталмиш шифр ёрдамида тиклаганини илова қилганда у, кардинал, бу фитнанинг ғоят нозик ришталари учини топай-топай деб, бор далилу исботлар билан қуролланган ҳолда қувғинди билан қиролича ўртасидаги воситачи аёлни жиноят устида ҳибсга олай деб турган бир пайтда аллақандай бир мушкетёр терговни узиб қўйишга журъат этган ва ҳаммасини қиролга етказиш учун зиммасига бу ишни холисона текшириш юкланган ҳалол мутасаддиларга қилич яланғочлаб ҳужум қилган, деб таъкидлай бошлаганда Людовик XIII ўзини сира идора қилолмай қолди. Тошиб кетган кезлар бу ҳокимни ўта шафқатсиз ишлар қилишга ундагувчи унсиз қаҳр алангасида ранги ўчиб, у қироличанинг кўшки томон бир қадам ташлади. Кардинал эса бу орада Бэкингемнинг номини ҳали тилга олиб улгурмаган эди.
Айни шу дақиқада бошдан-оёқ вазмин, одобли, беками кўст де Тревиль пайдо бўлган эди. Бу ерда кардинални кўриб, қиролнинг буришган чеҳрасига кўз қирини ташлаб, де Тревиль нима гап ўтганини фаҳмлади-ю, ўзини филистимлар қошида турган Самсон сингари дадил ҳис этди.
Людовик XIII эшик тутқичидан тутиб бўлган эди. Де Тревилнинг қадам товушлари уни ўгирилишга мажбур этди.
– Сиз ўз вақтида ташриф буюрдингиз, – деди ҳисларига эрк берганда ичида гап сақлаш лаёқатини йўқотиб қўядиган қирол. – Мушкетёрларингиз ҳақида менга зап нарсаларни ҳикоя қиляптилар!
– Менда эса, – совуққина жавоб берди де Тревиль, – уларнинг ҳакамлари ҳақида ҳазрат олийларига сўзлагудек анча-мунча дуруст гаплар топилади.
– Гапингизга тушунмадим, – такаббур оҳангда гапирди қирол.
– Ҳазрат олийларига маълум қилишга мушаррафманки, – аввалгидек хотиржам давом этди де Тревиль, – бир тўп мутасадди, комиссар ва миршаблар, ғоят эътиборли, лекин, афтидан ҳарбий кишиларга нисбатан ўта адоватли кишилар мушкетёрларимдан ёки, тўғрироғи, сизнинг мушкетёрларингиздан бирини, феъли-хулқи бенуқсон, довруғи достон бўлган, қолаверса, ҳазрат олийларига энг яхши жиҳатдан таниш кишини – жаноб Атосни бир уйда ҳибсга олиб, кўчалардан рўй-рост олиб ўтишни ва Фор-Левекка қамаб қўйишни ўзларига эп кўрганлар, ҳазрат олийлари – бунинг ҳаммасига менга кўрсатишга розилик беришмаган буйруқ баҳона.
– Атосни-я? – беихтиёр такрорлади қирол. – Ҳа, менга бу исм танишга ўхшайди…
– Малол келмаса, ҳазрат олийлари бир эслаб кўрсинлар, – деди де Тревиль, – жаноб Атос – бу сизга маълум муборазада жаноб де Каюзакни оғир жароҳатлаб қўйган мушкетёрнинг ўзгинаси бўлади… Ҳа, дарвоқе, падари бузруквор, – кардиналга юзланиб деди де Тревиль, – жаноб де Каюзак соғайиб қолгандир, тўғрими?
– Ҳа, ташаккур, – ғазабдан лабини тишлаб гапирди кардинал.
– Шундай қилиб, жаноб Атос ҳазрат олийларининг кадет гвардияси Дезессара ротасидаги ўз дўсти беарнлик йигитдан хабар олгани кирган. Ёш йигит уйида бўлмаган. Жаноб Атос дўстини кутиш ниятида стулга ўтириб, қўлига китоб олгунча бўлмай, бир тўда изқувар ва аскарлар аралаш-қуралаш бўлиб, бинони қуршаб олган, бир неча эшикларни синдирган…
Кардинал қиролга имо билан изоҳ берди: «Бу ўша мен айтган иш юзасидан…».
– Буларнинг ҳаммасидан хабаримиз бор, – деди қирол. – Негаки, ҳаммаси бизнинг манфаатимиз йўлида қилинган.
– Демак, – гапида давом этди де Тревиль, – сизнинг манфаатингиз учун мушкетёрларимдан бирини, бегуноҳ кишини ушлаганлар, сизнинг манфаатингиз учун у икки аскарнинг соқчилигида ҳазрат олийлари йўлида ўнлаб марта қонини тўккан ва ҳар дақиқа яна тўкишга тайёр бу ўктам киши шаънига ҳақоратлар ёғдиргувчи оломон орасидан, кўча-кўйлардан олиб ўтилган.
– Шундай денг! – иккиланиб деди қирол… – Наинки воқеа шундай кечган бўлса?
– Жаноб де Тревиль, – пинагини бузмай гапирди кардинал, – ўша бегуноҳ мушкетёр, ўша ўктам киши қўлга олинишидан бир соат илгари мен фавқулодда аҳамиятга эга бир ишни текшириш учун юборган тўрт нафар комиссарга қилич яланғочлаб, ҳамла қилганини сизга айтмади.
– Падари бузруквор буни исботлаб берсинлар! – ғирт гасконча самимият ва ғирт ҳарбийча қўполлик билан хитоб қилди де Тревиль. – Гап шундаки, ундан бир соат илгари жаноб Атос, сиз ҳазрат олийларига маълум қилишга журъат этсам, бағоят нажиб насабли киши уйимда тамадди қилиш шарафига мени ноил этиб, меҳмонхонамда герсог де Ла Тремул ва граф де Шалю билан суҳбатлашиб ўтирган.
Қирол кардиналга қараб қўйди.
– Мен неки деган бўлсам, – қиролнинг унсиз саволига жавобан деди кардинал, – жабр кўрганлар тузган қарорда баён этилган. Уни ҳазрат олийларига топширишга мушаррафман.
– Ҳарбий кишининг лафзи ҳакамларнинг протоколига арзимайдими ҳали? – мағрур сўради де Тревиль.
– Бас, бас, Тревиль, – деди қирол, – жим бўлинг.
– Мабодо падари бузрукворнинг мушкетёрларимнинг бирортасидан шубҳаси бўлса, – жавоб берди де Тревиль, – мен ўзим тергов қилишни илтимос қиламан, жаноб кардиналнинг адолати ҳаммага барибир маълум-ку ахир.
– Тафтиш ўтказилган уйда, – ҳамон сир бой бермай давом этди кардинал, – ўша мушкетёрнинг дўсти, янглишмасам, аллақандай беарнлик йигит истиқомат қилади, а?
– Падари бузруквор д’Артаньянни назарда тутяптиларми?
– Мен сиз валинеъматлик қилиб келаётган ёш йигитни назарда тутяпман.
– Ҳа, падари бузруквор мутлақо ҳақлар.
– Сизнингча, эҳтимолга яқин эмасми, ўша ёш йигит ёмон таъсир қилаётган…
– …жаноб Атосга, ўзидан ёши икки ҳисса улуғ одамгами? – гапни бўлди де Тревиль. – Йўқ, зоти олийлари, эҳтимолга яқин эмас. Бундан ташқари, жаноб д’Артаньян ҳам оқшомни менинг уйимда ўтказган.
– Ана холос! – хитоб қилди кардинал. – Оқшомни ёппасига ҳамма сизникида ўтказганми дейман!
– Падари бузруквор сўзларимдан шубҳа қилмаяптиларми? – чеҳраси ғазаб оташида ёниб сўради де Тревиль.
– Йўғ-эй, худо сақласин! – деди кардинал. – Лекин, д’Артаньян қай маҳалда сизникида бўлди?
– О, буни падари бузрукворга мутлақо аниқ маълум қилишим мумкин: у кириб келганда соат тўққиз яримни кўрсатаётганига кўзим тушган эди, гарчанд, менга анча кечроқ туюлган эди.
– Уйингиздан қай соатда чиқиб кетди?
– Ўн яримда. Шу воқеалардан бир соат кейин.
– Лекин, пировардида, – деди де Тревиль сўзларининг чинлигига бир зум ҳам шубҳаланмай, ғалаба қўлдан чиқиб кетаётганига фаҳми етиб турган кардинал, – пировардида, Атосни Гўрковлар кўчасидаги ўша уйнинг ўзида қўлга олишган-ку ахир.
– Ёр-биродарларнинг бир-бирларини йўқлаб туриши, менинг ротам мушкетёрларининг жаноб Дезессара ротасининг гвардиячиси билан қардошларча дўст тутиниши тақиқ этилганми ҳали?
– Агар у дўсти билан мулоқот қилаётган уй шубҳали бўлса, ҳа.
– Ахир гап ўша уйнинг шубҳалилигида-да, Тревиль, – луқма ташлади қирол. – сизнинг бундан хабарингиз бўлмагандир.
– Ҳа, ҳазрат олийлари, дарҳақиқат, бундан хабарим йўқ эди. Лекин, бу нарсанинг жаноб д’Артаньян эгаллаб турган бўлагига алоқаси йўқлигига аминман, зеро, сизни ишонтириб айтишим мумкинки, сиз ҳазрат олийларининг ундан фидойироқ қароли ва жаноб кардиналининг ундан ўткирроқ мухлиси йўқдир.
– Монастир ёнидаги машъум олишувда де Жюссакни худди шу д’Артаньян жароҳатлаганмиди? – аламидан қизариб кетган кардиналга кўз ташлаб сўради қирол.
– Келаси куни эса Бернажуни шикастлаган эди, – илова қилишга шошди де Тревиль. – Ҳа, ҳазрат олийлари, худди ўзи; ҳазрат олийларининг хотиралари аъло экан.
– Хўш, нима қарорга келдик ўзи?– сўради қирол.
– Бу мендан кўра кўпроқ сизнинг ишингиз, сиз ҳазрат олийларининг иши, – деди кардинал, – мен ўша Атос гуноҳкор деган гапимда тураман.
– Мен эсам буни инкор этаман! – хитоб қилди де Тревиль. – Лекин, ҳазрат олийларининг ҳакамлари бор-ку, бу ишни ўшалар ҳал қиладилар.
– Тўппа-тўғри, – деди қирол. – бу ишнинг ҳаммасини ҳакамларга қўйиб берайлик. Ҳукм чиқармоқ уларнинг иши, ўшалар бир ёқли қиладилар.
– Ҳар қалай, ачинасан киши, – яна сўз бошлади де Тревиль, – бизники сингари аросат замонда энг беғубор ҳаёт, энг шаксиз тийнат одамни иснод ва таъқиблардан сақлаёлмайди. Армия ҳам миршабларнинг аллақандай ғалвалари важҳидан шафқатсиз таъқиблар нишонига айланаётганидан унчалик мамнун бўлмаса керак, деб сизни ишонтиришга журъат этаман.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
1
Анна Австрийская – Франция қироличаси, Людовик XIII нинг ратиқаси ва Австрия қиролининг синглиси.
2
Аббат Анкетил (1723-1806) – Франция кўп жилдли тарихининг муаллифи.
3
«Атиргул ҳақида роман» – машҳур ўрта аср француз поэмаси (XIII). Поэмани Гилём де Лоррис бошлаган, иккинчи қисми Жон Клопинел (Менгский) томонидан яратилган.
4
Гугенотлар – Францияда калвинист (протестан) динининг тарафдорлари. XVI асрнинг иккинчи ярми – XVII асрнинг бошида асосан қирол ҳокимияти ўтказган марказлаштириш сиёсатидан норози дворянлар ва феодал аъёнларининг бир қисми гугенот бўлган.
5
Ларошел – Атлантик океани соҳилидаги шаҳар. Гугенотларнинг таянчи, 1628 йили кардинал Ришелье томонидан узоқ қамалдан кейин эгаллаб олинган.
6
Ришелье Арман Жандю Плесси – нуфузли герсог, машҳур француз давлат арбоби. 1622 йилда қиролнинг илтимоси билан Рим папасидан кардинал (католик черковининг энг катта амалдори) унвонини олган ва 1624 йилда қудратли министр бўлган. Ришельенинг асосий вазифаси қирол ҳокимиятини кучайтириш, мамлакатнинг феодал тарқоқлигини ва қадимий феодаллик имтиёзларини йўқотишдан иборат эди.
7
Гаскон – Франциянинг жанубидаги область (вилоят). Гаскон зодагонлари одатда қирол гвардиясида хизмат қилишган.
8
Беарн – Франциянинг жанубидаги, Пиреней тоғлари этагидаги область (вилоят).
9
Ле – узунлик ўлчови.
10
Генрих IV Бурбон – француз қироли (1589-1610). Тахтга ўтиришидан илгари гугенотлар йўлбошчиси бўлган. Кейинчалик сиёсий мулоҳазалар билан католизмга оғиб кетган. 1598 йилда у Нонт эдикт (фармон) нашр қилган, унга биноан гугенотларга эътиқод эрки билан бирмунча сиёсий мустақиллик берилган.
11
Мубораза – яккама-якка олишув.
12
Людовик XIII – француз қироли (1610-1643). У ўзининг биринчи министри кардинал Ришельенинг батамом таъсирида бўлган.
13
Мушкетёрлар – Франция гвардиясининг энг имтиёзли отрядларидан бири.
14
Харобот – қовоқхона, майхона.