bannerbanner
Дарё
Дарё

Полная версия

Дарё

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
5 из 7

Ғиёс хомуза тортиб керишди:

– Бир пасда… – ногоҳ у қизларни кўриб қолди. – Ие! Тушимми, ўнгимми? Ўзингмисан, Акбарали? Э, қойил-э! Кесакданам ўт чиқаркан-ку! Қачон улгура қолдинг?

– Бу менинг сменадошим, – тушунтира бошлади Акбарали. – Оти…

Ғиёс хурсанд бўлиб қичқириб юборди:

– Отим Ғиёс менинг! Ғиёсбек! Бўлди, Акбарали, рулни менга бер!

– Балки яна бир оз дам оларсан.

– Э, йўқ, дам олиб бўлдим, жўра!

– Булар… тўйдан чиқишган экан. Кечроқ. Дарёгача обориб қўйинг, дейишди. Шунга…

– Тўйдан? – Ғиёс қизларга ишонқирамай қаради. – Шунақа дейишдими! Жуда яхши-да! Баҳонада гаплашиб кетамиз. Исмлари нима экан бу жононларнинг?

– Менинг отим Дилобар. Дугонамники Тамара, – бажонидил таништирди қорасоч қиз. – Дугонам ўзи татар, ўзбекчани қотириб қўяди.

– Бўлди. Ҳаммаси тушунарли, – ғайрат билан кафтларини бир-бирига ишқалади Ғиёс. – Қани, Акбартой, машинани чеккага ол-чи. Роса чарчагандирсан-а? Бу ёғига ўзим. Бунақаларнинг тилини мана биздан сўра!

Акбарали машинани йўл ёқасида тўхтатди. Ҳайдовчилар жой алмашишди, Акбарали ортга, ётиб ухлаб кетиладиган жойга ўтди.

Машинани юргизаётган Ғиёс Акбаралига қараб кўз қисиб қўйди:

– Сенга, ўртоқ, дарё бўйидаги меҳмонхонага боргунча «тихий час». – Сўнг қизларга ўгирилди: – Жонон қизлар, ҳозир сизлар билан яхшилаб танишиб оламиз!

Акбарали тайёр ўринга чўзилди. Ғиёс радиони ўчириб, диск қўйди. Кабинани чет элнинг баланд овоздаги шовқинли мусиқаси босди. Ғиёс елкаларини учириб, қош қоқиб ўзини ўйнаётгандай кўрсатди. Қизлар қиқирлаб кулиб юборишди.

Машина гувиллаб олдинга интилди…

* * *

Ой нурида кумушдай товланиб оқаётган дарёда мотори ўчирилган қайиқни ўз ҳолига қўйиб, оқим измида сузиб кетаверишнинг бошқача гашти бор. Кўкка боқасан, ғуж-ғуж юлдузлар, сувга қарайсан, ҳар замонда балиқлар шалоп этиб юзага сакраб чиқиб, тасвирни жимирлатиб юборишини айтмасанг, яна ўша юлдузлар сайли…

Қанчалик такрор бўлиб туюлмасин, бундайин фусункор манзара ҳар гал янгироқ, бошқачароқ кўриниши билан кишини ўзига маҳлиё этиб қўяди. Тоҳир дарёга чиққан кезлари бу гўзалликни мириқиб томоша қилиш ўрнига бутун эътиборини тунги овга келган бирон қонунбузарни қидиришга қаратгани учун ачинади, аммо на илож, касби шуни тақозо этади.

Мана, олдинда қўл чироғи бир ёниб-ўчди, қандайдир шовур эшитилди. Тоҳир эшкакдан рул ўрнида фойдаланганча шу томонга сассиз сузди.

Икки эркак эшкакли қайиқда. Улар сувга ташланган тўрни шоша-пиша тортиб олишмоқда эди. Тоҳир дурбинда қаради: новчароғи Самад, қўлга тушавериб, отнинг қашқасидай танилиб қолган; пастга эгилиб олган иккинчисининг юзи аниқ кўринмади.

Тоҳир уларнинг гап-сўзларини аниқ эшита бошлади.

– Тезроқ, Қаҳҳор! Анави аблаҳ келиб қолмасин яна!

Бу Самаднинг зардали буйруғи эди. Қаҳҳор деганлари қаддини ростлаб, тўрдан олаётган каттакон бир балиқни силади:

– Жониворлар-эй… Э, мен-чи, ўзиям емас, бировгаям бермас унақанги инспекторни битта чинчилоғим билан эзиб ташлайман, ҳа!

Тоҳир барибир Қаҳҳорни танимади. Бу қирқ ёшлардаги, гирдиғум, сочини тақир олдирган эркак эди. Балки янги кўчиб келганлардандир.

– Мақтанма, ғоз… Сен яхшиси унинг қорасини кўрганинг заҳоти бошқа ҳеч қаёққа қарамасдан қуённинг расмини чизиб қол. Шунда қутулиб қолсанг, омадинг чопгани!

– Э, шунча зўр бўлса Рустам акага айтаман, пул билан уриб йиқитади!

Самад пишқирди:

– Бу аблаҳ пулга сотилмайди-да! Бўлмаса-ку, ўзимизам етти авлодига етгудай қилиб таъминлаб ташлардик-а.

Қаҳҳор пиқирлаб кулди:

– Йўғ-э! Роса опқочасан-а! Сотилса керак-у, а-анча қимматга юрса керак-да. Бу дунёда аёл билан инспекторнинг пулга сотилмайдигани бўлмайди, оғайни, фақат нархини билиш керак. Ўша аблаҳнинг ҳам ставкаси бўлса керак, менимча. Балки у бизга ўхшаган майда балиқчаларга қирон келтириб, лаққа балиқлардан оладиганини олиб юргандир. Мўмайгина…

Қайиғининг учи браконьерларнинг қайиғига тегай деб қолган Тоҳир садо берди:

– Унақа эмас.

Қаҳҳор деганлари чўчиб тушди, ваҳима билан шу томонга қаради:

– Ким бу?

– Ўша, сиз ҳозиргина эслаб турган аблаҳ.

Тоҳирни таниган Самад жон алфозда тўрни сувга ташлаб юборди:

– Қочдик!

– А?

Қаҳҳор довдираб, тўрга ўралашиб қолди, Самад қайиққа ўтирасола эшкакка ёпишди.

Тоҳир қайиғи чироғини ёқди. Кучли нур Самаднинг кўзларига тушди.

– Самад ака! Биринчи ўқни оёғингизга отаман. Лекин иккинчисида кўзлаб ўтирмайман! Кўтаринг қўлингизни!

Самад ноилож қўлларини кўтарди. Тўрга баттар чалкашиб-ўралиб бораётган Қаҳҳор сувга ағдарилиб тушдию, сув юзасида қалқиб-қалқиб, дод солиб юборди:

– Вой, чўкяпман! Чўкяпман. Ёрдам беринг! Ёрдам! Самад!.. Самад!..

Тоҳир иштонини ҳўл қилиб қўйган боладай шуурсиз аҳволда қотиб қолган Самадга мурожаат қилди:

– Тортиб олинг шеригингизни! Тўрни ташлаб юборишни эса хаёлингизга ҳам келтирманг! Ўзингиз ташлаб юборсангиз, ўзингиз тушиб опчиқасиз!

Самад жон ҳолатда ёрдамга ошиқиб, чўкаётган Қаҳҳорнинг қўлидан ушлаб тортди. Тангалари ялтираётган катта-кичик балиқлар илиниб турган тўр ҳам Қаҳҳорга илашиб чиқа бошлади.


Тоҳир браконьерларнинг қайиғини ўз қайиғида шатакка олиб келди. Пристанга етгач, қайиғини тўхтатиб, моторни ўчирди-да, тахта супага сакраб тушди, қайиғининг арқонини устунга боғлади. Ишига пухта Тоҳир аллақачон ўлжа қайиқнинг эшкакларини ҳам ўз қайиғига олиб қўйганди. Браконьерлар бўлса ўз қайиғида қўллари орқага боғланган ҳолда, бир уюм балиқ билан тўр ёнида тўрсайиб ўтиришарди.

Пристан ёнидаги ўриндиқ четидан омонатгина жой олган Маърифат холани кўриб, Тоҳир ажабланди:

– Хола, «Тез ёрдам» ҳалиям келмадими?

У жаҳл билан чўнтагидан қўл телефонини олди.

– Келди, болам, келди, – шошиб гапирди хола. – Бунинг учун раҳмат. Дўхтир амакингизни эрта-индин балнисага оборинг деб кетди. Шунга… Гулнозни чақирсамми девдим. Ҳозир ухлаётгандир. Ваҳимага соб қўймайлик униям… Тонг отгандан кейин, агар вақтингиз бўлса яна бир марта телефон қилиб қўясизми деб… – Маърифат хола чўнтагидан қоғозча чиқариб берди. – Манави номери. Ўзи ёзиб бериб кетгани.

Тоҳир беихтиёр рақамлар ёзилган қоғозчани олгач, бир зум ўйланиб қолди, сўнг иккиланиброқ гапирди:

– Холажон, мен жон деб… Лекин ўтган сафар… хуллас, хўжайини кўтариб қолган экан телефонни… анча ғишава қилди… Мастмикан… Гулнозагаям гап тегиб қолди-ёв.

Масаланинг бу томонини ўйламаган экан, холанинг ўзи хижолат тортди:

– Унда майли, болам, эрталаб ўзим почтага бора қоларман. Амакингизга шунча айтдим, шу сабилдан битта олинг деб, қани кўнса…

– Яхшиси, холажон… Келинг, битта хат жўнатайлик. Сизнинг номингиздан.

– Хат?

– Ҳа. Буни SMS дейишади. Гулноза эрталаб туриб хатни кўради. Бўладими?

Хола суюниб кетди:

– Бўлади, болам, бўлади.

– Нима деб ёзай?

– Аввал менинг номимдан салом денг. Ўзига, куёвга, неварамга. Кейин амакингиз номидан ҳам…

– Хола, булар шарт эмас, – жилмайиб қўйди Тоҳир. – Қисқа ёзиш керак. Икки-уч сўз бўлса етади.

– Қисқа? – хола ўйланиб қолди. – «Вақтинг бўлса кел, отангнинг мазаси йўқ», деб ёзса бўладими?

– Бўлади, холажон, бўлади.

Тоҳир қўл телефонида тез-тез SMS терди.

– Мана, бўлди, холажон. Охирида «онанг» деб қўшиб қўйдим. Энди эрталабдан почтага бориб юришингиз шарт эмас. Амакимнинг олдида бўлинг. Агар балнисага оборадиган бўлсангиз, айтинг, машина тўғрилаб бераман.

– Майли, болам, майли. Сизга кўп раҳмат, Тоҳиржон. Илойим болангизнинг роҳатини кўриб яшанг…

Маърифат хола Тоҳирни дуо қила-қила уйи томон кетди.

Тоҳир қайиғига қайтиб бораётган маҳал орқадан таниш овоз келди:

– Камандир!

Тоҳир тўхтади. У янглишмаганди: қоронғиликдан Бердиқул чиқиб келди, нимадандир мамнун, кўзлари чақнаб турибди. «Ичиб келяпти», деган ўй ўтди инспекторнинг кўнглидан.

– Яна бир марта ассалому алайкум, камандир.

Тоҳир ҳайрон қолганини яшириб ўтирмади:

– Бердиқул, сиз ўзи ухлайсизми?

– Ҳали роса ухлашга улгурамиз, камандир, – янада мамнун бўлиб жавоб қайтарди Бердиқул. – Исрофил бурғусини чалгунга қадар «қилт» этмай ухлаймиз.

Бердиқулнинг майнавозчиликка ўтаётганини сезган Тоҳир жиддий тортди:

– Шу совуқ гапни айтиш учун мени кутиб турганмидингиз, Бердиқул?

– Йўғ-э, камандир. Уйқу келмагандан кейин юрибман-да айланиб. Бойқушман, бойқуш. Ўзи мени штатсиз инспектор қилиб олсангиз зўр иш бўларди-да.

– Буни ўйлаб кўрамиз, Бердиқул.

– Ўйлаб кўринг, камандир.

– Қоровуллик қилаётгандингиз шекилли?

– Э, шуям ишми? Бир сутка бир жойда қадалиб ўтир, икки сутка дам ол. Одам тарс ёрилиб кетади. Бўшасамми деб турибман. Лекин ишсиз юришим ҳам мумкин эмас. Рўйхатда турамиз, камандир, рўйхатда.

Тоҳир ўйланиб қолди. Кўп ҳолларда, аниқроғи дўппи тор келиб қолганда браконьер «Бунинг барини инспекторнинг ўзи уюштирди, унинг менда азалдан қас-ди бор!» деб туриб олади, шу йўл билан айбни бўйнидан соқит қилишга уринади. Ё бўлмаса «Инспектор фалон сўм сўради, бунақа катта пулни беролмаганим учун мени айбдор қилиб далолатнома ёзди!» дейди. Ишқилиб, терговниям, судниям аччиқ ичакдай чўзади, бир амаллаб қутулиб кетишга ҳаракат қилади. Ахир чиқмаган жондан умид. Шунақа пайтлари биттагина холис гувоҳ бўлсами, иш анча енгил кўчади…

Тоҳир ахийри бир қарорга келди:

– Сизга бир илтимосим бор, Бердиқул. Фуқаролик бурчингизни бажаришингизга тўғри келади.

– Бу нима деганингиз, камандир? Оддийроқ тилда гапиринг, йиғилишда эмассиз-ку.

Тоҳир қайиқдагиларга ишора қилди:

– Нима гаплигини тушуниб турибсиз. Далолатнома тузаман. Шунга гувоҳ бўласиз. Балиқларни бирга тарозида тортиб, дарёга қўйиб юборамиз. Кейин далолатномага қўл қўйиб берасиз.

– Майли… Шуларми қўлга тушган?

– Ҳа.

– Қайиқлари пишиққина экан. Кўриниб турибди. – Бердиқул кўз қисиб қўйди: – Бегона қилмасак-чи, а?

– Буни хаёлингизгаям келтирманг. Тўр билан қайиқ давлат фойдасига мусодара қилинади.

Тоҳир қайиқни супага яқин тортиб, Самад билан Қаҳҳорни пастга туширди. Ўзининг қайиғидан тарози олиб, ерга қўйгач, сумкасидан далолатнома қоғози чиқариб текислаётган Тоҳирнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Телефонининг экранчадаги рақамига қараб, бирдан сергак тортган инспектор беш-олти қадам узоқлашиб, тескари ўгирилди.

– Эшитаман.

Жуда таниш овоз:

– Ким бу?

– Бу мен, – дея олди томоғи қақраб кетган Тоҳир.

Гулноза таниди:

– Рақамингиз ўзгарибдими?

– Ҳа.

– Ўшандан кейинми?

– Ҳа.

– Нима бўлди? Хабар юборибсизлар.

– Маърифат холам илтимос қилганди.

– Отам…

– Сиз хавотир олманг. Амаким яхши. Холам илтимос қилмаганида…

– Ўзингиз бориб кўрдингизми отамни?

– Тўғриси, сменадайдим.

– Тушунарли. Мен ҳозироқ йўлга тушаман.

– Айтдим-ку…

Аппаратдан қисқа гудоклар эшитилди.

Тоҳир телефонда гаплашаётган пайт Бердиқул ёнидан пичоқ чиқариб, Самад билан Қаҳҳорга кўрсаткич бармоғини лабига босганча «жим» ишорасини қилди-да, мушукдай чаққонлик билан уларнинг ёнига бориб, қўллари боғланган арқонларни кесди, сўнг ҳар икковининг пристанга сассиз чиқиб олишига кўмаклашгач, қайиқ шатакка олиб келинган арқонни ҳам кесди-да, Тоҳирнинг эшкакларини ҳам қўшиб тўр устига ташлаб, қайиқни дарёга итариб юборди. Қайиқ оқимда лапанглаб сузиб кетди. Бердиқул янада чаққонлик билан Тоҳирнинг қайиғидаги моторнинг ингичка бир шлангини юлиб олган эди, қайиқ ичига мотордан бензин жилдираб оқиб туша бошлади.

Шундан кейингина Бердиқул ҳамон гарангсиб турган Самад билан Қаҳҳорнинг ёнига келди ва ўзини берилиб дарёни томоша қилаётгандай тутган кўйи чўнтагидан сигарета чиқариб, хотиржам тутатди.

Бу орада Тошкент билан гаплашиб бўлган Тоҳир телефонини ўчириб, ортига ўгирилдию, кўрган манзарасидан донг қотиб қолди.

– Бердиқул! – ахийри бўкириб юборди Тоҳир.

– Лаббай, камандир.

– Қайиқ… қайиқ қани?

Бердиқул Тоҳирнинг қайиғига ишора қилди:

– Мана, турибди. Бус-бутун.

– Буларники қани? Браконьерларники! Тўр қани? Балиқ қани? Буларнинг қўлини ким ечди?

– Начайник, сизни жин чалиб кетдими? – гапирган сари ҳузур қиларди бир қўлини намойишкорона шими чўнтагига солиб олган Бердиқул. Бироқ эътибор берган одам унинг сигарета тутган қўли дир-дир титраётганини сезарди. – Кўзингизга нима балолар кўринаяпти? Қанақа қайиқ? Қанақа браконьерлар? Мана, биз уч ўртоқ тинчгина соҳилда айланиб юрибмиз. Ё бунга ҳаққимиз йўқми? Ё шунинг учун ҳам сиздан рухсат сўрашимиз керакмиди, камандир?

Тоҳир ҳаммасини тушунди:

– Бердиқул… Уялмайсанми? Бундан кўра, кўчага чиқиб гадойчилик қилганинг яхши эмасми?

– Сен-чи? – Бирдан авзойи бузилди Бердиқулнинг. – Тўртта балиқ учун ўз ҳамқишлоқларингни тутиб беришга уялмадингми! Нима, дарё, ундаги балиқлар катта энангнинг маҳрига тушганми? Ё буларни қон қақшатиб, амал-тақал тирикчилик ўтказиш учун яраб турган охирги қайиғини тортиб олиб, маза қиласанми?

– Бердиқул! Ҳозир ов қилинмайдиган ой эканлигини яхши биласан. Бунақанги ўнта браконьер увилдириқ дардида юз минглаб балиқларни қириб юборишиниям биласан!

– Билмайман! Билишниям истамайман! Раз дарё бўйида яшайманми, демак, унда менинг ҳам ҳаққим бор. Мен дарёдан ўз ҳаққимни ажратиб олишим керак. Булар ҳам худди шундай!

– Бердиқул! Мен барибир буларни қамоққа оламан. Уларга қўшиб сениям!

– Бир уриниб кўр-чи! – яна мазахомуз оҳангга ўтди Бердиқул. – Қайиқ йўқ, балиқ йўқ, тўр йўқ, демак, далил-исботинг ҳам йўқ. Далил-исботсиз қуруқ гап эса туҳмат ҳисобланади. Қасддан туҳмат қилганинг учун учаламиз сени судга бериб, юз миллион сўм моддий-маънавий зарар талаб қилиб туриб олайлик, ана шундан кейин орқангга қалампир суртилгандай диконглаб қоласан! Айбсизлик презумпцияси нима эканини биларсан?

Тоҳир хўрсинди:

– Ҳа, анов ёқларга бориб келганинг билиниб турибди.

Бердиқул тишлари орасидан «чирт» этказиб тупурди:

– Сенинг эса ўша ёқларга бормаганинг билиниб турибди.

– Демак, қайиқни оқимга қўйиб юборгансан. Ҳозир олиб келаман. Мендан осонликча қутулолмайсанлар… Ҳозир…

Тоҳир чопиб бориб арқонни ечди-да, қайиғига сакраб чиқди. У дарёдан кўз узмаган кўйи тугмачани босди, мотор ғириллади, аммо ўт олмади. Шундагина моторга қараган Тоҳир қайиқ тагида кўллаб қолган бензинни кўрди. Тоҳир аланглаб эшкакларни излади.

– Эшкаклар қани, аблаҳ!

Бердиқул хотиржам сигарета тутатишда давом этарди. Тоҳир қайиқдан сакраб тушди, арқонни яна устунга боғлади.

– Ҳозир!

Тоҳир дарёга тикилиб қаради, афтидан, у сув ёқалаб чопишга шайланарди. Бердиқул буни дарров илғади.

– Маслаҳат бермайман, камандир. – У қайиққа ишора қилди. – Бензини, эшкаги бўлмаса ҳам бу давлат мулки. Давлат мулки қўлингизга ишониб бериб қўйилганми, марҳамат қилиб уни асранг. Масалан, мен ўзим чекмайман, лекин ҳозир ким кўп, чекувчи кўп. Билиб бўладими, биронтасининг сигаретасидан билмай битта чўғ учиб келиб қолса ҳам, бу ёнади-кетади. Чўғ бу хусусий, бу давлат мулки деб ажратиб ўтирмайди…

Қанақа қопқонга тушиб қолганлигини тушунган Тоҳир алам билан муштларини бир-бирига урганча, жойида тўхтади.

Бердиқул сигаретасини чуқур тортиб, тутунини осмонга пуфлади, сўнг учи чўғли сигаретасини Тоҳирнинг қайиғи томонга чертди. Сигарета Тоҳирнинг қайиғига келиб тушди. «Пов» этиб ёнган аланга қайиқни ўз домига олди.

Тоҳир жон ҳолатда устун ёнидаги ёнғинга қарши ускуналар қўйилган махсус бурчакдан кўпикли ёнғин ўчиргич олди, йўл-йўлакай унинг юқори қисмини ерга урганча бориб вошиллатиб кўпик сепиб, оловни ўчиришга киришди.

Бердиқул хотиржамлик билан қоронғилик томон юрди. Самад билан Қаҳҳор шошиб унга эргашишди.

Тоҳир тобора гуриллаётган оч олов билан олишарди…

* * *

Юк машинаси шаҳарчага кириб келганда вақт аллақачон ярим тундан ошган эди. «Ором» ёнидан ўтаётганлари маҳал Ғиёс энгашиб чироқлари ўчган ресторанга қаради.

– Ёпиб қўйишибди, – деди у афсусланиб.

Дилобар истеҳзоли кулимсиради:

– Шу пайт ресторан қоладими? Ака, айтгандай, сиз «Қирғоқ»қача борасизми?

– Ҳа, ўша ерда дам оламиз.

Дилобар сумкачасини кавлаб, ҳамёнини чиқарди, қўлига бир даста пул олди:

– Бизни ўша меҳмонхона ёнида қолдирсангиз ҳам бўлади. Борар жойимиз яқин.

– Пулингизни жойига солиб қўйинг, Дилобархон. Одамни хафа қиляпсиз.

Қиз дарҳол пулни ҳамёнига қайтариб солди:

– Майли, сизни хафа қилмай бўлмаса.

– Менда бир таклиф бор, – яна жонланиб қолди Ғиёс. – Келинглар, меҳмонхонада тўрталамиз бир маза қилиб ўтирамиз. Бизда ҳамма нарса бор.

– Сиз, – яна истеҳзоли кулишдан ўзини тийиб туролмади Дилобар, – машинангизга чиққан қизларнинг ҳаммасидан йўл ҳақини шунақа қилиб ундирасизми, Ғиёс ака?

– Ҳаммасидан эмас, Дилобархон. Фақат сизларга ўхшаган гўзаллардан. Келинг энди, йўқ деманг. Бу ўладиган дунёда бир яйраб қолайлик.

Бир муддатлик мулоҳазадан сўнг Дилобар дугонасига ўгирилди:

– Сен нима дейсан, Тамарчик? Яхши йигит бизни меҳмондорчиликка таклиф қиляпти.

Тамара кабина шифтига тикилганча ўйланиб тургач, ноаниқроқ тарзда деди:

– Ўйлаб кўриш керак.

– Э, ўйлаб ўтирасизларми, қизлар? Бир маза қилсак қипмиз-да…

Дилобар эътироз билдирди:

– Лекин биз тўйга паспортимизни кўтариб келмаганмиз.

– У томонини менга қўйиб беринглар, ташкиллаштирамиз. Неча марталаб бу ерда ётиб қолганмиз, ҳаммасини таниймиз…

Машина «Қирғоқ» меҳмонхонаси ёнига келиб тўхтади.

Ҳовлиқиб қолган Ғиёс шоша-пиша шеригини уйғотди. Акбарали ётоғидан каттагина дипломат билан чиқиб келди. Икковлон қабулхонага кириб кетишди.

Навбатчи, ўттиз беш ёшлардаги кўҳликкина, дарҳақиқат, юзи таниш Муқаддам исмли жувон ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштиргач, биринчи қаватдаги икки кишилик хона эшигини уларга очиб берди, аммо Ғиёснинг паспорти уйда қолиб кетган яна икки кишига бир кечага хона бериш ҳақидаги илтимосига кўнмади.

Ноилож қолган Ғиёс чўнтагидан бир даста пул чиқариб, Муқаддамнинг қўлига тутди:

– Опажон, илтимос…

Жувон кескин бош чайқади:

– Бунинг ҳеч иложи йўқ. Мен паспортсиз одамга хона беролмайман. Истаган маҳал текшириб келиб қолишлари мумкин.

– Бир кеча минг кеча эмас-ку, опажон.

– Кўза ҳар куни эмас, кунида синади деган гап ҳам бор, укажон. Хайрли тун.

Муқаддам қайтиб кетди. Ғазабланган Ғиёс тишларини ғижирлатганча хонага кирди. Акбарали нарсаларини шкафга жойламоқда эди. Ғиёс шошиб бориб деразани очди, ташқарига қаради. Автомобиллар тўхташ жойидаги машина ёнида Дилобар билан Тамара гаплашиб туришарди.

Ғиёс қизларга қўл силкиганди, бунга жавобан Дилобар ҳам шундай қилди.

Ғиёс қўлидаги сумкани столга қўйиб, Акбаралига буюрди:

– Майда-чуйдаларни олиб столни безатиб тур. Мен ҳозир.

– Сен қаёққа?

– Эшикдан бўлмаса тешикдан олиб кираман бу жононларни!

Акбарали иккиланиб қолди:

– Шарт эмасдир, Ғиёс.

– Қара, ўзлари ўлиб туришибди. Аёлнинг раъйини қайтариш гуноҳ. Мен гуноҳкор бўлиб қолишни истамайман.

Ғиёс деразадан ошиб ўтди-да, илдам юриб қизларнинг ёнига келди ва уларга ним эгилиб, таъзим қилган бўлди:

– Жон қизлар, жонон қизлар, оққушлар, оппоқ қушлар… Хуллас, камтарона дастурхонимиз сизларга мунтазир. Фақат кириш эшигимиз сал торроқ бўлади, холос. Лекин кўнглимиз кенг…

Аввалига қизлар гап нимадалигини тушунишмади. Ахийри Ғиёс режасини баён қилгач, улар бир оз тайсалланиб туришди, аммо йигит илтимос қилавергач, ахийри кўнишди.

Йўлда чеккароққа ўтган Тамара кимгадир қўнғироқ қилиб, шивирлаб қўйишга ҳам улгурди:

– Ҳаммаси жойида, Жора. План «Б». «Қирғоқ»дамиз.

Бу ёғи хамирдан қил суғургандай осон кечди: қизлар очиқ деразадан мушукдай чаққонлик билан ошиб ўтишдики, ҳатто Ғиёснинг кўмаги ҳам керак бўлмади.

Акбарали столга у-бу қўйиб улгурган экан, қолганига Ғиёс кўмаклашди. Столда нон, колбаса, «кола», пишлоқ, помидор-бодринг, битта ароқ шишаси пайдо бўлди.

Ғиёс пиёлаларни тўлдириб ароқ қуйди.

– Қани, танишганимиз учун оламиз!

Улар пиёлаларни чўқиштиришди. Ғиёс ароқни бир кўтаришда ичиб юборди, «оқ» қилганини кўрсатиш учун пиёласини қизларга кўрсатди, кейин мақтанди:

– Бизда биринчисига закуска қилинмайди.

Жилмайиб қўйган Акбарали ўзининг пиёласини столга қайтариб қўйди-да, «кола» тўла пиёладан бир ҳўплади. Буни кўрган қизлар бир-бирига қараб қўйишди.

– «Қизил»ига ўтиб кетибсизми, ака? – жилмайди Дилобар.

– Мен ўзи умуман ичмайман, – деди Акбарали.

Дилобар ҳайрон қолди:

– Наҳотки? Ростдан-а?

– Ҳа, – кулимсиради йигит. – Шунақа айбимам бор.

Тамара одатига кўра шифтга қараб гапирди:

– Бу қизиқ…

– Қани, олинглар, қизлар! – вағирлади Ғиёс. – Шеригимга қараманглар. Ўзи ичмайди, лекин бошқа ҳамма томондан зўр йигит.

– Қанақа томонларини айтяпсиз, Ғиёс ака?

– Э, Дилобархон, буни кейин ўзларинг билиб оласизлар.

Кулги кўтарилди. Қизлар пиёлаларга лаб тегизиб қўйишди. Буни кўрган Ғиёс норози бўлди:

– Э, бунақа ичилмайди-да, жонон қизлар.

– Қанақа ичилади, жонон йигит?

– Мана бундай!

Ғиёс Акбаралининг ҳам пиёласини қўлига олиб, ичиб юборди ва уни ҳам «оқ» қилганини қизларга намойиш этди, кейин яна мақтанди:

– Бизда иккинчисигаям закуска қилинмайди.

Қизлар чапак чалиб юборишди. Ғиёс стол ёнига қўйилган қўл телефонининг тугмачасини босган эди, чет элнинг шовқинли мусиқаси янграй бошлади.

– Энди бир вальсга тушсак, – таклиф қилди Ғиёс.

– Вой, – деб юборди ногоҳ нимадир эсига тушган Дилобар, – машинанинг эшиги очиқ қолди-ку.

Ҳалидан буён стол атрофида ўзини сал ўнғайсизроқ ҳис қилаётган Акбарали шошиб ўрнидан турди:

– Мен бориб қулфлаб келаман.

Бу таклифга Ғиёс «маъқул» маъносида бош ирғади. Акбарали хонадан чиққан маҳал Дилобар кўзлари сузила бошлаган Ғиёсга ишвали қараб қўйгач, сумкачасини очди-да, қалам билан лаб бўёғини чиқазди:

– Ғиёс ака. Танцага тушадиган бўлсак, биз сал у ёқбу ёғимизга қараб олсак дегандик. Ахир онангниям отангга бепардоз кўрсатма деганлар.

– Марҳамат, – йигит кириш эшигининг чап тарафидаги яна бир эшикка ишора қилди: – Ванна сизларнинг ихтиёрингизда.

Дилобар норози бўлиб қош чимирди:

– Э, тор жойда юрагим сиқилиб кетади. Ундан кўра сиз кириб туринг ваннага, биз сал ўзимизга оро бериб олайлик. Олдингизда пардоз-андоз қилишга уяламиз ахир.

– Майли, жонон қизлар, майли.

Ғиёс салгина гандираклаганча бориб ювиниш хонасига кираркан, эшикни қия очиқ қолдирди.

– Мўраламанг! – дея буйруқ берган Дилобар дугонасига ишора қилди.

Тамара бориб эшикни қизларни пойлашга уринаётган Ғиёснинг юзига «қарс» этиб ёпди-да, елкаси билан суяниб турди. Дилобар шоша-пиша сумкачасидан кичкина салафан халтачага солинган оқ кукунни олди, бўш пиёлага кукуннинг ярмини солиб, унга ароқ қўшиб аралаштирди. Сўнг қолган кукунни «кола»ли пиёлага солиб аралаштиргач, салафанчани сумкасига яширди-да, жойига ўтириб, лабига бўёқ сурган бўлди. Тамара ҳам чўнтагидан кўзгуча олиб, лабини бўяди.

Дилобар буйруқ берди:

– Марҳамат қилсинлар, жонон йигит!

Тамара илдам келиб жойига ўтирди. Ювиниш хонасидан оғзи қулоғида Ғиёс чиқиб келди, қизларга мастона термилди:

– Ў, очилиб кетибсизлар, жононалар!

Дилобар ароқ тўла пиёлани Ғиёснинг қўлига тутди:

– Қани, биз учун эллик грамм олмайсизми энди?

– Оламиз, жонидан, оламиз.

Ғиёс бу пиёладаги ароқни ҳам «оқ» қилиб ичиб юборди.

Акбарали кириб келганида кўзлари юмилиб кетаётган Ғиёс Тамара билан танца тушмоқда эди.

Дилобар машина калитини стол четига қўйган Акбаралининг қаршисига келиб ўтирди, «кола» тўла пиёлани унинг ёнига сургач, ўзи бир қултум ароқ қуйилган пиёлани қўлига олди.

– Қадаҳ сўзи айтмоқчимисиз? – сўради йигит.

Дилобар негадир маъюс кулди:

– Мен ўзи ичмасдим, ака. Лекин агар жуда қадаҳ сўзи эшитгингиз келаётган бўлса, марҳамат. Мен эркакларнинг камтарин бўлишлари учун ичаман!

Дилобар бир кўтаришда пиёлани бўшатди. Қизга ялт этиб қараб қўйган Акбарали ҳайрон бўлганча «кола» тўла пиёлани оғзига яқин олиб борган маҳал Ғиёс текис жойда қоқилиб кетди, кейин, ўзини ўнглашга уриниш асносида Тамарани маҳкам қучоқлаганча ёнбошга, Дилобарнинг устига оға бошлади. Тамара бир амаллаб йигитни тутиб қолди. Афти буришиб кетган Дилобар уларни нари итарди:

– Ўзларингни тутсаларинг-чи, Тамарчик!

Тамара яна шифтга қараб жавоб қайтарди:

– Ҳаракат қиламан.

Хавотирга тушган Акбарали пиёлани жойига қўйди:

– Ғиёсга бир бало бўлдими?

Шу сўзлар билан Акбарали ўрнидан турмоқчи бўлганда Дилобар унинг қўлидан тутиб қолди:

– Қадаҳ сўзим ёқмадими, ака? Ё сизам эркакларнинг камтаринлигига қаршимисиз?

– Нега энди? Аксинча…

– Ундай бўлса олинг. Охиригача. Кейин бирга танца тушамиз. Хоҳласангиз, албатта.

Акбарали баттар ҳайрон бўлганча «кола»ни ичди. Шу аснода кўзлари деярли юмилиб қолган Ғиёснинг иккинчи бор қулаб бораётгани кўриб қолдию, отилиб ўрнидан туриб, шеригини ушлаб қолди:

– Ғиёс! Ғиёс! Сенга нима бўлди?

Ғиёс жавоб ўрнига бир нималар деб ғўлдираб бошини Акбаралининг елкасига қўйди ва шу заҳоти қўзичоқдек пишиллаб уйқуга кетди.

На страницу:
5 из 7