bannerbanner
Дарё
Дарё

Полная версия

Дарё

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
7 из 7

– Ўзим.

Ноила ойисининг икки юзидан чўлпиллатиб ўпди:

– Хайр, ойижон.

* * *

Дарё бўйида ўсган одам оқимнинг қаерда кенгайиб, қаерда торайишини, инчунин, фалон жойда ташланган сувда чўкмас нарсани пистон жойда бемалол тутиб олиш мумкинлигини жуда яхши билади.

Қаҳҳорнинг эскироқ «Жигули»си бор экан. Бердиқул билан Самад йўл кўрсатиб туришди. Ишқилиб, учовлон бир пасда дарё торайган жойга етиб келишди-да, сувдан кўз узмай, сабр билан ўлжаларини кута бошлашди.

– Бердиқулжон, – деб қолди Самад хушомадомуз оҳангда, – анави аблаҳни бопладингиз лекин. Бир яйрадим, бир яйрадим.

Бердиқул бепарво қўл силтади:

– Гапирманг. Бу бошланиши ҳали. У билан ўзимнинг алоҳида ҳисоб-китобим бор.

Ногоҳ Қаҳҳор қичқириб юборди:

– Ана! Ана!

Дарҳақиқат, ой ёғдусида дарё сатҳида оҳиста оқиб келаётган қайиқ кўзга ташланди.

Бердиқул Қаҳҳорга қаради. Бунинг маъносини тушунган Қаҳҳор дарҳол ўзини оқлашга тушди:

– Мен сузишни билмайман. Чўкиб кетаман!

Бердиқул нигоҳини Самадга тикди. Самад ҳам ўзини олиб қочишга уриниб кўрди:

– Хайр қилсанг бутун қил, деганлар, Бердиқулжон. Бу ёғиниям ўзингиз тўғрилаб берасиз-да, а?

Бердиқул унга ўқрайиб қаради:

– Балиғингизни бозорга опчиқиб сотиб, пулиниям опкелиб беришим керакдир балки? Бўлди, тушинг!

Ноилож қолган Самад ечина бошлади:

– Нима бўлса Самад, Самад! Ўлмаган жоним!

– Мендан битта яримта! – таклифини айтди Қаҳҳор.

Самад хурсанд бўлиб кетди:

– Бу бошқа гап!

Самад ўзини сувга ташлади, уҳ-уҳлаганча пишқириб сузиб бориб, қайиққа чиқиб олди. Кейин қалт-қалт титраган ҳолида бир амаллаб эшкак эшиб, яқин келди. Бердиқул билан Қаҳҳор қайиқни қирғоққа тортиб олишди. Қайиқда балиқлар ҳам, тўр ҳам, Тоҳирнинг қайиғидан олинган эшкаклар ҳам бус-бутун турарди.

Шоша-пиша кийинаётган Самад Қаҳҳорга буюрди:

– Қопларни опке!

Энди машинага қараб югурмоқчи бўлаётган Қаҳҳор дарёга кўз ташладию:

– Анавини қаранглар! – дея бақириб юборди.

Бердиқул билан Самад шу томонга қарашди. Сувда оғзи боғланган қоп оқиб келарди.

Самад ҳайрон бўлди:

– Чўкмапти.

– Ичи тўла пул бўлса-я! – ширин тамшанди Қаҳҳор.

– Пул бўлса чўккан бўларди, каллаварам! – шеригини жеркиб ташлади Самад.

Ўз тахмини ўзига маъқул туюлиб кетган Қаҳҳор бўш келмади:

– Салафанга солинган бўлса-чи?

Бу сафар Самад иккиланиб қолди.

– Нима бўлсаям қизиқ… – иягини қашлади Бердиқул ва Самадга маънодор қаради.

Энди кийиниб бўлган Самад тўнғиллай-тўнғиллай ечина бошлади:

– Нима бўлса Самад, Самад! Бу дунёда мендан бошқа одам йўқдай.

– Мендан яна битта яримта! – ҳаяжонланиб хитоб қилди Қаҳҳор.

Самад дарҳол мулойим тортиб, рози бўлди:

– Майли, қўймадиларинг-қўймадиларинг-да.

Самад сузиб бориб, суриб келган қопни Бердиқул билан Қаҳҳор қирғоққа тортиб олиб чиқишди.

Қаҳҳор ҳансираб қолди:

– Оғир экан. Ишқилиб, овора бўлганимизга яраша нарса бўлсин-да.

Бердиқул ерда ётган қоп шаклига қараб қолди:

– Менимча, бу одам.

Самад кийинаётган жойида таққа тўхтади:

– А?

– Тўғрироғи, мурда, – мулоҳазасини давом эттирди Бердиқул. – Қаранглар, мана боши, мана гавдаси, мана оёқлари.

Қаҳҳор бир қадам ортга чекинди:

– Бердиқулжон ука, қайтариб ташлаб юбора қолайлик дарёга.

– Ҳа, шундай қилайлик, – дарҳол рози бўлди Самад. – Ҳов бир йили далада ўра қазиётганимда бир суяк чиқиб қолганида милиса қанча овора қилганди. Кейин аниқлашди, у эшакники экан. Бу одам бўлса.

Қаҳҳор гапни илиб кетди:

– Оч қорнимиз – тинч қулоғимиз, Бердиқулжон ука.

– Қани, аввал кўрайлик-чи, бу эркакми, аёлми. – Бердиқул шерикларига тик қаради: – Балки қулоғида зираги бордир. Балки оғзида тилла тиши.

Самад шошиб ўзини четга олди:

– Йўқ, йўқ, унақа нарсадан худонинг ўзи асрасин.

Қаҳҳор титраб кетди:

– Мен унақа нарсалардан қўрқаман, Бердиқулжон ука.

– Мен барибир очаман.

Бердиқул қоп оғзидаги ипни еча бошлади. Самад билан Қаҳҳор яна бир неча қадам орқага чекинишди.

Ип ечилиб бўлгач, Бердиқул қоп ичига қаради ва ҳуштак чалиб юборди.

– Бердиқулжон, – сўради Самад, – эркакмикан ё аёлми?

Бердиқул бош чайқади:

– Ҳм-м… Менимча… хунаса.

– Йўғ-э?

– Бемалол яқин келаверинглар. Қўрқманглар, бу тишлаб олмайди.

Барибир Самад яқинлашмади:

– Бердиқулжон, укажон, менинг кўришим шарт эмасдир. Ўзи юрагим слабийроқ.

– Мен ўликдан қўрқаман, – унга жўр бўлди Қаҳҳор.

Бердиқулнинг жаҳли чиқди:

– Нима, мен сизларга ғассоллик қилинглар деяпманми? Келиб кўринглар деяпман. Балки танирсизлар. Нимагадир менинг кўзимга жуда иссиқ кўриняпти, лекин қаерда кўрганимни эслолмаяпман.

Самад билан Қаҳҳор қўрқа-писа қопга яқинлашишди.

– Э, худо! Ишқилиб, бир балога гирифтор қилма! – Аянчли нола қилган Самад Қаҳҳорга шивирлади: – Бундан кўра қайиғимиздан айрилиб, отнинг калласидай жарима тўлаганимиз яхшимиди?

– Шунақага ўхшаб турибди.

Икковлон яқинлашган маҳал Бердиқул қопни шартта кўтарганча:

– Жон кирди! Ўликка жон кирди! – дея уларга ташланиб қолса бўладими!

Самад билан Қаҳҳор жон ҳалпида диконглаб қочишди. Қаҳҳор ҳатто додлаб юборди:

– Вой, ўлдим!

Қотиб-қотиб кулаётган Бердиқул ахийри тўхтади. Анча нарига борган Самад билан Қаҳҳор унга хавфсираб қарашди.

– Қайтинглар-э, қуён юраклар! Шу юрак билан эркакман деб юрибсизларми ҳали?!

Самад билан Қаҳҳор ноилож бир-бир босиб яқинлашиб келаверишди. Бердиқул тантанавор тарзда қопни ағдарди.

Қопдан бўйи ўртача одамга тенг полиз қўриқчиси чиқди. Калла ошқовоқдан қилинган. Гавда, қўллар ва оёқлар одамникига ўхшаш.

– Мана сизларга тирик мурда! Танидиларингми?

Ўзини босиб олган Самад қўриқчига диққат билан қаради:

– Бир нарса дейиш қийин. Олтибой бобонинг даласида шунақаси турарди шекилли.

– Йўқ, менимча, бу Каромат опанинг томорқасидан, – билағонлик қилишга уринди Қаҳҳор. – Яна билмадим.

– Болалар… ҳазиллашишган шекилли, – тахминини ўртага ташлади Самад.

– Ҳа, ўшаларнинг иши бу! – деди Қаҳҳор ишонч билан. – Бировнинг юрагини ёриб қўйишдан ҳам тоймайди шумтакалар!

Бердиқул диққат билан қоп ичини кўздан кечирарди:

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «Литрес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Конец ознакомительного фрагмента
Купить и скачать всю книгу
На страницу:
7 из 7