bannerbanner
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари

Полная версия

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
4 из 8

– Бу борада сизга ёрдам бера олмайман. Лекин фаҳмимча, сиз эртага жиноят содир бўлган ерга бизни бошлаб бормоқчига ўхшайсиз.

– Агар сизга малол келмаса, мистер Холмс. Эртага эрталаб соат олтида Чаринг-Кросс вокзалидан Чатамга поезд жўнайди, шунда биз соат саккиздан ошганида Йокслига етиб оламиз.

– Яхши, биз шу поездда жўнаймиз. Ишингизда баъзи бир қизиқарли тафсилотлар бор, шунинг учун бу ишни жиддийроқ ўрганиш ниятидаман. Лекин ҳозир вақт ярим кечадан оғиб кетди, биз сафар олдидан бир неча соатгина мизғиб олишимиз керак. Сизга камин олдидаги мана бу диванга жой солиб берамиз. Эрталаб спирт чироқда қаҳва дамлайман, кейин йўлга чиқамиз.

Эрталаб шамол тинди. Темза дарёси ёқасидаги кўримсиз ботқоқликлар узра нурсиз қуёш бош кўтариб чиқа бошлади. Узоқ ва толиқтирувчи саёҳатдан сўнг биз Чатамдан бир неча миля берироқдаги мўъжазгина бекатда поезддан тушдик. То файтонга от қўшишгунча шу ердаги меҳмонхонада наридан-бери нонушта қилиб олдик, шу боис Йокслига етиб борганимиз ҳамоно ишга киришдик. Полициячи бизни боғ дарвозаси олдида кутиб турарди.

– Хўш, Уилсон, янгилик борми?

– Ҳеч ниманинг дараги йўқ, сэр.

– Биронта янги келган одамни учратмадингизми?

– Йўқ, сэр. Полициянинг таъкидлашича, кеча бу ерга ҳеч ким келмаган ҳам, бу ердан ҳеч қандай кимса чиқиб кетмаган ҳам.

– Ҳамма меҳмонхона-ю, мусофирхоналарни айланиб чиқдингизми?

– Ҳа, сэр. Биронта ҳам шубҳали шахсни учратмадик.

– Қолаверса, бу ердан Чатамгача пиёда жўнаш мумкин. Демак, келган одам ўша ерга яшириниши ёки сездирмай поездга чиқиб олган бўлиши ҳам мумкин. Мистер Холмс, мана ўша сизга айтган хиёбон. Кафолат бериб айтаманки, кеча бу ерда ҳеч қандай из бўлмаган эди.

– Майса устидаги излар хиёбоннинг қайси томонида эди?

– Мана бу томонида, сэр. Хиёбон билан гул пуштаси оралиғидаги торгина узун ўтлоқни кўряпсизми? Кеча шу ўт устида излар аниқ кўринган эди, ҳозир кўрмаяпман.

– Ҳа, ҳа, дарҳақиқат, бу ердан кимдир юриб ўтган, – деб тасдиқлади Холмс, энгашиб майсани кўздан кечирар экан. – Хонимимиз ниҳоятда эҳтиётлик билан юрипти, шундай эмасми? Агар у қоқилиб кетиб, ё бу, ё у томонга қадам босганида борми, хиёбонда ҳам, пуштада ҳам изи қолган бўларди, пуштада-ку жуда ҳам аниқ кўринган бўларди.

– Ҳа, сэр, хоним ўз ишига пишиқ кўринади!

Шу пайт Холмснинг чеҳраси бир зумгагина жиддийлашди.

– Сиз аёлни қайтишда ҳам шу йўлдан ўтган деяпсизми?

– Ҳа, сэр, бошқа юрадиган йўл йўқ.

– Яъни мана шу торгина майса йўлдан бошқа-я?

– Албатта, мистер Холмс.

– Ҳм! Офарин! Оламшумул жасорат! Хўп, яхши, хиёбондаги ишимиз тугади. Энди бошқа жойларни кўрайлик. Бу эшик одатда очиқ бўладими? Демак, аёлнинг боққа осонгина киришига ҳеч нима халақит бермаган. Турган гапки, унда қотиллик қилиш нияти бўлмаган. Акс ҳолда, ўзи билан биронта қурол олиб келган ва ёзув столида ётган пичоқдан фойдаланмаган бўларди. У бордон сатҳида из қолдирмасдан мана шу йўлакдан юриб ўтган. Кейин кабинетга кирган. У кабинетда қанча вақт бўлган? Буни биз аниқ айта олмаймиз.

– Аёл кабинетда фақат бир неча дақиқагина бўлган сэр. Сизга айтишни унутибман: рўзғор соҳибаси миссис Маркер фожиа юз беришидан тахминан чорак соат олдин кабинетни йиғиштириб чиқиб кетган экан, у шундай деб тасдиқлаяпти.

– Демак, узоғи билан чорак соат. Шундай қилиб, хонимимиз хонага киради. Стол олдига боради. Унга нима керак ўзи? Чамаси, ён ғаладонларда унинг учун керакли нарса йўқ. Акс ҳолда, ғаладонлар қулфлоғлиқ бўларди. Қисқаси, аёлни ўрта ғаладон қизиқтиради. Ие! Бу ер қирилганми? Уотсон, гугурт чақинг. Нега бу тўғрида ҳеч нима демаган эдингиз, Хопкинс?

Биз кўрган чизиқ қулф тешиги атрофидаги биринж безакнинг ўнг томонидан бошланиб, кейин локланган ёғоч бўйлаб тахминан тўрт энлик жойга чўзилиб борган эди.

– Мен бу чизиқни кўрган эдим, мистер Холмс. Лекин ҳар қандай қулф тешиги атрофида ҳам бунақа қирилган ерлар бўлади-ку.

– Бу жой яқинда қирилган, у жуда янги чизиқ. Биринждаги чизиқнинг ярақлашини кўринг. Агар у эски бўлса, аллақачон хира тортиб, биринжнинг қолган сатҳидан фарқ қилмай қоларди. Қирилган ерга сиз заррабин орқали қаранг. Чизиқнинг икки лаби худди янги ҳайдалган ердаги эгатга ўхшайди. Миссис Маркер қаерда?

Хонага чеҳраси маъюс ва ҳорғин кекса аёл кирди.

– Кеча эрталаб бу ернинг чангини артганмидингиз?

– Ҳа, сэр.

– Мана бу қирилган жойни кўрувдингизми?

– Йўқ, сэр, кўрмовдим.

– Албатта кўрмагансиз. Сиз секретернинг чангини артаётганингизда у ҳали қирилмаган эди, акс ҳолда локнинг мана бу кўз илғамас ушоқларини латта билан сидириб юборган бўлардингиз. Секретернинг калити кимда?

– Профессор уни соатининг занжирига илиб олган.

– Калит оддийми?

– Йўқ, сэр, жимжимадор.

– Жуда яхши. Кетишингиз мумкин, миссис Маркер. Дуруст, иш анча ойдинлаша бошлади. Бизнинг хоним хонага кириб, тўғри ўрта ғаладон олдига боради, кейин уни очади ёки, йўқ деганда, очмоқчи бўлади. Бу пайт хонада ёш йигит Смит пайдо бўлади. Буни кўрган хоним калитни қулф тешигидан шошқалоқлик билан тортиб олаётганида қулф атрофини қириб юборади. Йигит уни ушламоқчи бўлади, лекин аёл қўлига биринчи бўлиб илинган қуролни (яъни стол устида ётган пичоқни) олади-ю Смитга санчади, йигит чалқанчасига йиқилади, шунда аёл, ўзи излаб келган нарсасини, эҳтимол, бир қўлида чангаллаганча, қочиб кетади. Оқсоч қиз Сьюзен шу ердами? Айтинг-чи, Сьюзен, сиз чинқирган овозни эшитганингиздан кейин бирон киши манави эшикдан чиқиб кетишга улгурармиди?

– Йўқ, сэр, ҳеч ким чиқиб кета олмасди. Негаки, мен зинадан югуриб тушиб келаётганимда йўлакда ўша одамни албатта учратган бўлардим. Ундан кейин, бу эшик очилганиям йўқ, очилса албатта эшитиларди.

– Бундан чиқди, хоним ўзи келган йўлдан қайтиб чиқиб кета олмаган. Бу йўлак профессорнинг хобхонасига олиб борадими? Бу ёқдан ташқарига чиқадиган йўл йўқми?

– Йўқ, сэр.

– Энди юринглар, бориб профессор билан танишайлик. Буни қаранг, Хопкинс! Профессорнинг кабинетига олиб борадиган йўлакка ҳам боягиндек норжил бордони тўшалипти. Бу жуда муҳим, жуда, жуда муҳим!

– Муҳим денг!

– Иккала йўлак ўртасида қандай боғланиш борлигини кўрмаяпсизми?.. Эҳтимол, мен янглишаётгандирман. Лекин бундай қараганда… Ҳа, яхши, юринг, мени профессор билан таништиринг.

Биз йўлакдан ўтдик. Бу ҳам тахминан, бояги, орқа эшиги боққа очиладиган йўлак билан бир хил узунликда эди. Йўлак охирида бир неча пиллапоя бўлиб, шуни босиб чиққач, эшикка етиларди. Ҳамроҳимиз шу эшикни тақиллатди, сўнг биз профессорнинг хобхонасига кирдик.

Хона катта бўлиб, унинг ҳамма девори сидирғасига китоб рафлари билан тўсилган эди, бир қисм китоблар хонанинг бурчакларида ва рафлар тагида ерда тўп-тўп бўлиб ётарди. Каравот ўртада бўлиб, уй соҳиби ёстиқларга ёнбошлаб ўтирарди. Мен унинг чеҳрасига боқиб ҳайратландим: чувак юз, қирғий бурун, худди соябондек пастга қайрилган бароқ қошлари остидан косасига чуқур ўрнашган тимқора кўзлари қаттиқ тикилиб боқарди. Унинг сочи ва соқоли, агар оғзи атрофидаги ажабтовур сарғишликни истисно қилинса, қордек оппоқ эди. Унинг бутун юзини қоплаган қуюқ оппоқ тук орасидан тутаётган папироснинг учи чиқиб турарди, хона қуюқ тамаки тутунига тўлганидан нафас олиш қийин эди. Профессор кўришиш учун Холмсга қўл чўзган эди, мен унинг бармоқлари ҳам никотиндан сарғайиб кетганини кўрдим.

– Чекасизми, мистер Холмс? – деб сўради профессор. У ҳар бир сўзни синчковлик билан танлаб-танлаб гапирар, нутқида аллақандай ғалати талаффуз мавжуд эди. – Марҳамат қилинг. Сизчи, сэр? Сизга манави сигареталарни тавсия қиламан. Буларни шахсан мен учун Искандарияда тайёрлашади. Бир йўла минг донадан юбориб туришади, лекин таассуфки, ҳар икки ҳафтада яна янгитдан буюртма беришимга тўғри келади. Аҳволим ёмон, сэр, жуда ёмон. Қари чолда қандай кўнгилхуши бўларди. Тамаки-ю иш. Шундан бошқа эрмагим қолмаган ҳаётда.

Холмс сигарета тутатди. Айни пайтда у хонани пинҳона кузата бошлади.

– Ҳа, бутун эрмагим тамаки билан иш. Энди бўлса, куним фақат тамакига қолди, – деди профессор маъюс оҳангда. – Бу мудҳиш фалокат ишимнинг белига тепди! Бундай машъум ёвузлик кимнинг хаёлига келибди дейсиз? Қандай қобил йигит эди-я. Атиги бир неча ойлик сабоқдан кейин энг лаёқатли ёрдамчимга айланувди. Бу фожиа ҳақида сиз қандай фикрдасиз, мистер Холмс?

– Ҳозирча бирон нарса дейишим қийин.

– Бу мавҳум ишнинг чигилини ечсангиз яхши бўларди. Мендек китоб жинниси ва бемор чол учун бу жуда оғир кулфат бўлди. Назаримда, фикрлаш қобилиятидан маҳрум бўлгандекман. Лекин сиз ишчан, серғайрат одамсиз. Сиз учун бу одатдаги иш. Ҳар қандай фалокат содир бўлганда ҳам асло руҳингиз тушмайди. Бахтимиз бор экан, бу ишни айнан сиз олиб боришга рози бўлибсиз.

Профессор гапираётганида Холмс хонада у ёқдан-бу ёққа юриб турди. Назар ташласам, у сигарета кетидан сигарета чекарди. Чамаси, уй соҳибининг Искандариядан юборилган сигареталарга кашандалиги дўстимга ҳам юққан кўринарди.

– Ҳа, сэр, бу ниҳоятда оғир кулфат, – деди профессор. – Анави ерда, столча устида бир даста қоғоз уюлиб ётибди, у менинг «тадпит opus»им. Яъни Сурия ва Мисрда истиқомат қилувчи коптларнинг7 монастирларидан топилган ҳужжатлар таҳлили. Бу янги кашф этилган дин негизи ҳақидаги жиддий тадқиқот. Мен кутилмаганда ёрдамчидан жудо бўлдим; ҳозир соғлигим шу қадар ёмонки, қилаётган ишимни ёрдамчимсиз тугатишимга ҳам кўзим етмаяпти. Вой-бў, мистер Холмс! Қарасам сиз менданам ўтиб кетган кашанда экансиз-ку!

Холмс жилмайиб қўйди.

– Ҳа, тамакининг пириман, – деди у қутичадан тўртинчи сигаретани олиб, уни қўлидаги сигарета қолдиғидан тутатар экан. – Ҳар хил саволлар билан сизнинг миянгизни ачитиб ўтирмоқчи эмасман, профессор Корэм, зеро, жиноят содир бўлган чоғда сиз тўшагингизда ётган бўлгансиз, бинобарин, нима бўлганидан бехабарсиз. Сизга фақат битта савол бермоқчиман: бахтиқаро йигит «Профессор, бу ўша аёл», деганида нимани назарда тутди экан? Шу ҳақда сиз нима дейсиз?

Профессор бош чайқади.

– Мьюзен – қишлоқи қиз, – деди у. – Ўзингиздан қолар гап йўқ, авом халқ ўлгудек овсар бўлади. Менимча, шўрлик йигит жон талвасасида бир нима деб алаҳлаган бўлиши мумкин, қиз бўлса алланималарни валдираб юрипти.

– Тушунарли. Ўзингиз бу фожиани хиёл бўлса ҳам изоҳлаб беролмайсизми?

– Эҳтимол, бу бахтсиз ҳодисадир. Ё бўлмаса, бу гап ўртамизда қолсин-у, йигит ўз жонига қасд қилгандир. Ёшларимиз ҳамиша қандайдир махфий ҳасратга, чунончи, толесиз муҳаббат дардига чалинган бўлишадики, биз кексалар бундан, одатда, ғофил бўламиз. Оқибат, мана, у ўзиниўзи ўлдирган. Менимча, қотилликдан кўра шу тахмин ҳақиқатга кўпроқ тўғри келади.

– Хўш, пенсне ҳақида нима дейсиз?

– Пенсне? Дарвоқе, пенсне! Афсуски, мен борйўғи хаёлот осмонида парвоз қилувчи олим одамман, холос. Демак, амалий ҳаётдан мутлақо бехабарман. Лекин ўзингиздан қолар гап йўқ, азиз дўстим, севги учун энг ғайритабиий буюмлар далил бўлиши мумкин. Олинг, олаверинг яна. Сигаретамни ёқтириб қолганингиздан хурсандман. Айтмоқчиманки, ўз жонига қасд қилган одам сўнгги дамда қўлига нималарни олмайди дейсиз, у нарса – елпиғич ҳам, қўлқоп ҳам ёки пенсне ҳам бўлиши мумкин. Мана бу жентльмен майса устидаги излар ҳақида гапирди. Ахир у ҳам адашиши мумкин-ку. Энди пичоқ масаласига келсак, шўрлик йигит ерга чалқанчасига йиқилганида, отилиб кетиб, нарига тушишиям мумкин. Эҳтимол, мулоҳазаларим ёш боланинг гапидек тутуриқсиздир, лекин фаҳмимча, Уиллоуби Смит ўз жонига қасд қилган.

Бу назария Холмсга таъсир этгандек бўлди, чунки у чуқур ўйга толиб ва кетини узмай папирос чекиб, хонада у ёқдан-бу ёққа тинмай бориб келди.

– Айтинг-чи, профессор Корэм, – деди у ниҳоят, – секретерингизнинг ўрта ғаладонида нима асрайсиз?

– Ўғрини қизиқтирадиган ҳеч нарса йўқ у ерда. Оилавий ҳужжатлар, раҳматли хотинимнинг мактублари, мени профессорлик шарафига муяссар қилган дорилфунунларнинг дипломлари. Мана калит. Ўзингиз кўришингиз мумкин.

Холмс калитни қўлига олди, сўнг профессорнинг юзига тикилиб туриб уни яна қайтариб берди.

– Миннатдорман. Энди бунинг аҳамияти қолмади, – деди у. – Ижозатингиз билан мен боққа чиқсам-у, бафуржа бир бош қотириб кўрсам. Сизнинг ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги назариянгизда маъно борга ўхшайди. Хуллас, ҳузурингизга бостириб кирганимиз учун бизни афв этгайсиз, профессор Корэм. Ҳозирча сизни бошқа безовта қилмасликка сўз бераман. Агар ижозат берсангиз, қошингизга иккинчи нонуштадан кейин, соат иккида кирамиз-да, ўтган вақт ичида қандай воқеалар содир бўлгани ҳақида сизга сўзлаб берамиз.

Холмснинг нимадандир кўнгли ғаш эди, шунинг учун у боғдаги хиёбонда сукутга толиб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.

– Калаванинг учини топдингизми? – деб сўрадим ниҳоят сабрим чидамай.

– Ҳаммаси мен чеккан сигареталарга боғлиқ, – деди у. – Эҳтимол, янглишаётгандирман. Лекин сигареталар аниқлаб беради.

– Азизим Холмс, – дедим мен, – ахир қанақасига сигареталар…

– Бунга ўзингиз шоҳид бўласиз. Агар янглишган бўлсам, ҳечқиси йўқ. Унда пенсне замирида иш олиб борамиз. Мен ҳар қандай изланишда ҳам, иложи борича қисқароқ йўлдан боришни яхши кўраман. Ана бизнинг муҳтарама миссис Маркер. У билан беш дақиқача суҳбатлашамиз, зора биронта янгилик эшитсак.

Мен Холмс хушмуомалалиги билан аёллар эътиборини қозона олиши ҳақида илгари айтиб ўтган эдим. Ҳозир ҳам улар орадан икки дақиқа вақт ўтар-ўтмас худди кўп йиллардан бери таниш одамлардек чақчақлашиб кетишди.

– Ҳа, мистер Холмс, ҳақ гапни айтдингиз, сэр. Профессор жуда кўп чекади. Кун бўйи, баъзида кечаси билан сурункасига тутатиб чиқади, сэр. Эрталаблари хонасига кирсанг борми, нақ ҳақиқий Лондон тумани дейсан, сэр. Раҳматли мистер Смит ҳам чекарди, лекин профессорчалик кўп чекмасди. Энди профессорнинг соғлиғига келсак, бу кашандаликдан тузалаётганиниям, ёмонлашаётганиниям билмайман.

– Ҳар ҳолда, бунақа чекишда иштаҳаси бўғилса керак дейман, а?

– Мен ундай деёлмайман, сэр.

– Профессор жуда кам овқат еса керак-а?

– Гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ, сэр.

– Онт ичиб айтаманки, бугун у нонушта қилмаган бўлиши керак. Бунақа чекишда у ҳали иккинчи нонуштадан ҳам воз кечади.

– Янглишдингиз, сэр. Аксинча, бугун эрталаб у жуда кўп овқат еди. Илгари бунчалик тўйиб нонушта қилганини эслолмайман. Бугунги иккинчи нонуштага бўлса, ошпичоқ билан уриб юмшатиб қовурилган гўшт буюрди. Эшитиб ҳайрон қолдим, чунки мен кеча ерда чўзилиб ётган бечора мистер Смитнинг жасадини кўрганимдан бери, овқат деса кўнглим айнийдиган бўлиб қолди. Лекин одам одамга ўхшамас экан. Айтмоқчиманки, профессорнинг иштаҳаси асло бўғилган эмас.

Биз чошгоҳгача боғни айланиб юрдик. Хопкинс, кеча эрталаб Чатам йўлида нотаниш бир аёлни кўришибди, деган миш-мишни аниқлагани қишлоққа кетди. Энди дўстимга келсак, у ўзи текшираётган ишга бутунлай қизиқмай қўйган эди. Унинг терговни бу даражада ҳафсаласизлик билан олиб борганини ҳеч қачон кўрмаганман. Ҳаттоки Хопкинс қайтиб келиб, қишлоқ болалари ҳақиқатан ҳам Холмс тасвирлаган қиёфадаги аёлни кўришгани, боз устига, унинг пенсне таққани ҳақида гапирганида ҳам дўстим бу янгиликка лоқайд қаради. Фақат нонушта пайтида бизга хизмат қилаётган Сьюзен: мистер Смит кеча эрталаб боғда сайр қилиб, фалокат юз беришидан ярим соат олдин уйга кирган эди, деб айтганидагина Холмс сал жонлангандай бўлди. Мен бу ҳолнинг ўзимиз текшираётган иш учун қандай аҳамияти борлигини кўз олдимга келтира олмадим. Шунга қарамай, Холмс бу воқеани ҳам ўз тасаввуридаги умумий манзарага тиркади шекилли, деб ўйладим. Бирдан у соатига қараб, ўрнидан туриб кетди.

– Соат икки бўлди, жентльменлар, – деди у, – юринглар, юқорига чиқиб, дўстимиз профессор билан очиқчасига гаплашиб олайлик.

Кекса профессор иккинчи нонуштани тановул қилиб бўлган эди, овқат келтирилган тақсимчанинг бўм-бўшлиги рўзғорбошининг гапи тўғри эканлигидан далолат берарди: профессорнинг иштаҳаси зўр кўринади. У тук босган юзини ўгириб, чўғдек ёниб турган ботиқ кўзларини бизга тикканида қиёфаси ниҳоятда ваҳимали бўлиб кетди. Турган гапки, у ҳозир ҳам чекаётган эди. Уни кийинтиришган, энди у олов яқинидаги креслода ўтирарди.

– Хўш, мистер Холмс, бу мудҳиш фалокат сирини фош қила олдингизми?

У сигарета қутисини Холмс томонга сурди. Холмс ҳам у билан баравар қўлини сигаретага узатди, шунда қути ерга тушиб сигареталар сочилиб кетди. Ҳаммамиз чўққайиб ўтириб, энг ноқулай ерларга думалаб кириб кетган сигареталарни тера бошладик. Биз ўрнимиздан турганимизда, қарасам, Холмснинг кўзлари порлаган, яноқларига қон югурган. Бу ғалабадан дарак эканлигини яхши билардим.

– Ҳа, – деди дўстим. – Мен уни фош қилдим.

Стэнли Хопкинс билан мен унга ҳанг-манг бўлиб тикилиб қолдик. Кекса профессорнинг чувакдек озғин юзида сезилар-сезилмас жилва пайдо бўлди.

– Фош қилдингизми? Қаерда, боғдами?

– Йўқ, шу ерда.

– Шу ерда-я? Қачон?

– Ҳозиргина.

– Ҳазиллашяпсиз, мистер Холмс. Кечирасиз-у, ниҳоятда жиддий бу ишни ҳазилга айлантириш яхшимас.

– Профессор Корэм, мен ўз мулоҳазаларим занжиридаги ҳар бир ҳалқани синчковлик билан текшириб, ниҳоятда пухта тоблаганман, аминманки, бу занжир бенуқсондир. Мен сизнинг ниятларингиздан бехабарман ва бу ғайриоддий воқеага қанчалик дахлдорлигингизни ҳам билмайман. Балки бу тўғрида яна бир неча дақиқадан сўнг ўзингиздан билиб оларман. Унгача, ижозатингиз билан, бу воқеанинг қандай содир бўлганини сизга сўзлаб берсам, токи сиз бутун воқеани мукаммал тасвирлаш учун яна нималар етишмаганини билсангиз. Кеча сизнинг кабинетингизга бир хоним келган. У секретерингизнинг ўрта ғаладонидан қандайдир ҳужжатларни олмоқчи бўлган. Бунинг учун, унинг ўзида калит бўлган. Мен сизнинг калитингизни кўздан кечириш имконига эга бўлдим ва унда лок юқи йўқлигига ишонч ҳосил қилдим. Демак, сиз ўша хонимнинг шериги эмассиз. У, менинг тушунишимча, бу ерга сизнинг нарсангизни ўғирлагани, демакки, сизга билдирмай кирган.

Профессор оғзидан паға-паға тутун чиқарди.

– Гапларингиз қизиқарли ва ибратли, албатта, – деди у. – Лекин кейин нима бўлипти? Сиз у хонимнинг ҳар бир қўйган қадамидан воқиф экансиз, кейин унинг қаёққа кетганини ҳам айта оларсиз, балки?

– Уриниб кўраман. Шундай қилиб, котибингиз ўша аёлни ушлаб олган, аёл эса, ўз жонини сақлаш мақсадида йигитга пичоқ санчган… Мен бу фожиани бахтсиз ҳодиса демоқчиман, зеро, хонимнинг бу мудҳиш жиноятга қўл уриш нияти йўқлигига имоним қомил. Негаки, қотил қуролсиз келмайди. Аёл қилиб қўйган ишидан даҳшатга келиб, қутулиш йўлини ахтарганча хонада зир югура бошлаган. Бунинг устига, омаднинг юрмаганини қарангки, йигит билан олишув пайтида хоним пенснесини йўқотиб қўйган, натижада, кўзи узоқни кўрмагани сабабли, бутунлай ночор аҳволга тушиб қолган. Ниҳоят, у йўлакка отилиб чиқиб югуриб кетган; чунки ўша йўлакни ўзи ҳовлидан кириб келган йўлак деб ўйлаган: ахир иккала йўлакка ҳам бир хил бордон тўшалган-да. Хоним бошқа йўлакка кириб қолганини ва қочиш учун нажот йўли тўсилганини пайқаганида вақт ўтган эди. Хўш, у нима қилиши керак? Орқага чекина олмасди. Йўлакда қолиш ҳам хавфли. Демак, шу йўлакнинг ўзидан олға юравериш керак. Хоним шундай қилган. Пиллапоялардан кўтарилиб эшикни очган-у, сизнинг хонангизга кириб қолган.

Кекса профессор Холмсга тикилиб қолди, пастки лаби осилиб тушди, унинг маънодор чеҳрасида ҳам даҳшат, ҳам таажжуб аломатлари яққол акс этар эди. У ўзини қўлга олишга уриниб, елкаларини учирди ва ясама табассум қилди.

– Бу ҳаммаси яхши, мистер Холмс, – деди у. – Аммо сизнинг бу оламшумул назариянгизда кичкинагина бир камчилик бор. Мен ҳамма вақт шу хонада эдим, кун бўйи ташқарига чиқмовдим.

– Бундан хабарим бор, профессор Корэм.

– Демак, мен ўз каравотимда ётиб хонамга аёл киши кирганини пайқамабман-да. Сиз шундай демоқчимисиз?

– Мен ундай деганим йўқ. Сиз аёл кишининг кирганини кўргансиз. У билан гаплашгансиз ҳам. Сиз уни танигансиз. Ниҳоят, унинг фалокатдан қутулишига ёрдам ҳам бергансиз.

Профессор яна носамимий кулди. У креслодан турди, кўзлари худди лаққа чўғдек ёнарди.

– Сиз телба бўлиб қолибсиз! – деб чийиллади у. – Сиз алаҳлаяпсиз! Мен уни қутқарибманми? Хўш, бўлмаса ўша аёл қаерда ҳозир?

– Аёл ҳўв анави ерда, – деди Холмс хона бурчагида турган баланд китоб шкафини кўрсатиб.

Кекса профессор қўлларини силкитди, маҳзун чеҳраси жуда ҳам бадбашара бўлиб кетди-ю, креслога «гурс»иллаб чўкди. Худди шу пайт Холмс тилга олган китоб шкафининг ошиқ-мошиғи ғижирлаб, унинг ичидан хонага бир аёл чиқди.

– Сиз ҳақсиз. – Аёл ғалати талаффуз билан гапирди. – Сиз ҳақсиз. Ҳа, мен шу ердаман.

Унинг ҳаммаёғи чанг ва ис эди, чамаси, бу ису чангни ўзи яширинган ердан юқтирган бўлса керак. Хунуккина юзининг ҳаммаёғи исқирт эди. Холмс унинг юз тузилишини тўғри топган экан, бундан ташқари, аёлнинг ияги чўзинчоқ бўлиб, бу унинг ўжар эканлигидан далолат берарди. У кўзининг ожизлиги ва кутилмаганда қоронғидан ёруққа чиқиб қолгани сабабли, кимлигимизни билишга уриниб нуқул кўзларини қисар, пирпиратар эди. Гарчи бу аёл бизга ўзини мутлақо ноқулай вазиятда намойиш қилган бўлса ҳам, унинг бутун қиёфасидан олижаноблиги, иягининг чўзинчоқлиги ва бошини мағрур тутиши мардлигидан далолат берар эдики, бу ҳол бизда унга нисбатан эҳтиром, ҳаттоки самимий майл уйғотди. Стэнли Хопкинс хонимнинг қўлига аста қўл тегизиб, сиз ҳибсга олиндингиз, деб эълон қилди, лекин аёл унинг қўлини мулойимгина, аммо виқор билан шундай четлатдики, унинг бу рафторига итоат этмай бўлмасди. Қари профессор креслода чўзилиб ётар, унинг юзи пир-пир учаркан, хонимга худди қопқонга илинган жонивордек мўлтираб қарарди.

– Ҳа, сэр, мен маҳбусингизман, – деди аёл. – Мен ҳамма гапни эшитдим, билсам, бутун ҳақиқатдан воқиф экансиз. Ҳаммасини бўйнимга оламан. Ҳа, мен ўлдирдим ўша йигитни. Лекин сиз, буни бахтсиз ҳодиса, деб тўғри айтдингиз. Мен ҳатто қўлимга олганим пичоқ эканлигини ҳам билмовдим, чунки йигитнинг қўлидан қутулиш учун, аччиқ устида дуч келган биринчи нарсани олиб унга зарба ургандим. Мен рост гапиряпман.

– Хоним, – деди Холмс, – гапингизнинг ростлигига заррача шубҳам йўқ. Балки ўтирарсиз, назаримда, ўзингизни ёмон ҳис қилаётганга ўхшайсиз.

Аёлнинг ранги мурданикидек оқариб кетганди, юзидаги исқирт доғлар гезарган юзини янада мудҳишроқ қилиб кўрсатарди. У каравот четига омонатгина ўтирди.

– Менинг вақтим оз, – деб гапида давом этди хоним, – лекин бор ҳақиқатни сизларга сўзлаб беришни истардим. Мен бу одамнинг хотини бўламан. У инглиз эмас. Рус. Исмини айтмайман.

Кекса профессор биринчи марта ўтирган ўрнида қимирлаб қўйди.

– Худодан қўрқ, Анна! – деб қичқирди у. – Худодан қўрқ!

Аёл унга чексиз нафрат билан қаради.

– Шу мараз ҳаётингга мунча ҳам канадек ёпишиб олмасанг, Сергей. – деди у. – Сен қанчаданқанча одамларни бадбахт қилдинг, аммо ҳеч бир кимсага, ҳатто ўзингга ҳам бирон марта бўлсин, яхшилик қилмадинг. Лекин қўрқма, мен бу нотавон умрингнинг чирик риштасини вақти-соати келмагунча узмайман. Мен бу касофат уйнинг остонасини ҳатлаб ўтганимдан буён, шундоқ ҳам ўз виждонимни беҳисоб гуноҳлар билан булғадим. Ҳай, мен ҳикоямни давом эттиришим керак, йўқса кеч бўлади. Ҳа, жентльменлар, мен бу одамнинг хотиниман. Биз турмуш қурганимизда у элликда, мен бўлсам йигирма ёшли тентак қиз эдим. Бу воқеа Россиядаги бир дорилфунунда бўлган эди, дорилфунуннинг номини сизларга айтмайман.

– Худодан қўрқсанг-чи, Анна, – деб ғўлдиради яна қари профессор.

– Биз инқилобчилар эдик, яъни нигилистлар, ўзингиз биласиз. У ҳам, мен ҳам, яна кўпчилик. Кейин бизни таъқиб қила бошладилар, чунки юксак мартабали полиция амалдори ўлдирилган эди. Кўпчилик ҳибсга олинди. Шунда эрим жонини омон сақлаб қолиш ва катта мукофот олиш мақсадида ўз хотинини ва ўртоқларини сотди. Бизларни қамашди. Баъзилар дорга осилди, қолганлар, шулар қатори мен ҳам Сибирга сургун қилиндик. Менинг сургуним муддатли эди. Эрим эса, дўстларининг қони билан бўялган пулларни олиб Англияга жўнади-ю, мана шу ерга жойлашиб узлатда кун кечира бошлади, чунки агар ташкилотимиз унинг қаерда бекиниб ётганини билса, узоғи билан бир ҳафта ичида устидан чиқарилган адолатли ҳукмни амалга ошириши муқаррар эди.

Кекса профессор қалтираётган қўлини чўзиб сигарета олди.

– Ўзимни ихтиёрингга топширдим, Анна, – деди у, – лекин сен ҳамиша менга меҳрибон эдинг.

– Ҳали мен унинг энг разил жинояти ҳақида гапирганим йўқ, – деб гапида давом этди аёл. – Ташкилотимиз аъзолари орасида дўстим бор эди. У олижаноб, беғараз одам эди, мени севарди, хуллас, эримнинг мутлақо тескариси эди. У зулмистибдоддан нафратланарди. Агар шу айб ҳисобланса, биз ҳаммамиз айбдор эдик, аммо у бегуноҳ эди. У мактублар ёзиб, мени ўзга йўлни танлашга даъват этарди. Ана шу мактублар ҳамда шу одамга бўлган ҳиссиётларимни ва ҳар хил мулоҳазаларимни муттасил қайд қилиб борган кундалик дафтарим дўстимни сургундан қутқарган бўлар эди. Аммо эрим шу кундалигимни ва Алексейдан келган мактубларни топиб олиб яшириб қўйди. У Алексейни ўлимга ҳукм қилишларини истаб, уни қоралай бошлади. Лекин қўлидан келмади. Алексей Сибирга сургун қилинди. Ҳозир, сиз билан биз бу ерда ўтирган пайтимизда у у ёқда, туз конида изтироб чекмоқда. Сен шуни ўйла, аблаҳ, разил аблаҳ! Алексей кишанбанд бўлиб қуллик азобини тортмоқда, аммо унинг ҳатто исмини тилга олишга ҳам арзимайдиган сен бўлсанг, бу ерда фароғатда яшамоқдасан. Ҳаётинг ҳозир менинг қўлимда, аммо мен қўлимни булғамоқчи эмасман!

На страницу:
4 из 8