Полная версия
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
– Сен мудом олиҳиммат аёл бўлгансан, Анна, – деди у сигарета тутунини чуқур-чуқур тортаркан.
Аёл оёққа турди, лекин шу заҳоти қаттиқ оғриқдан инграб, яна ўтириб қолди.
– Гапимни ниҳоясига етказишим керак, – деди у. – Сургун муддатим тугагач, мен қандай қилиб бўлмасин кундалик билан мактубларни қўлга киритишга ва уларни Россия ҳукуматига жўнатишга аҳд қилдим: фақат шундагина дўстимни озодликка чиқаришлари мумкин эди. Мен эримнинг Англияда эканлигини билардим. Бир неча ой давом этган бесамар қидирувлардан кейин, ахири уни топдим. Унинг кундалигимни асраб қўйганини ҳам билардим, чунки Сибирдалигимда ундан хат олган эдим; у хатида кундалигимдан лавҳа келтириб гинахонлик қилган эди. Лекин унинг ичиқора одамлигини билардим, демак, кундалигимни ўз ихтиёри билан менга қайтариб бермаслигига имоним комил эди. Демак, уни ўғирлашим лозим эди. Мен шу мақсадда хусусий хуфия агент ёлладим, у эримга котиб сифатида ишга ёлланди. Бу сенинг иккинчи котибинг эди, Сергей; у сал вақт ўтар-ўтмас бўшаб кетди. У кундалик билан мактублар секретернинг ўрта ғаладонида сақланишини аниқлаб берди, яна ғаладон калити шаклини ясаб берди. У бошқа ҳеч нима қилишни истамади. У менга уйнинг режасини топшириб, куннинг иккинчи ярмида кабинетда ҳеч ким бўлмаслигини айтди. Чунки бу пайтда котиб юқорида, яъни бу ерда ишлар экан. Қисқаси, мен таваккал қилдим-у, ҳужжатларни қўлга киритиш учун ўзим уйга кириб келдим. Тўғри, мен кўзлаган нарсаларимни олдим, лекин бу жуда қимматга тушди! Ҳужжатларни қўлимда ушлаб, ғаладонни қулфлай бошлаган эдим, шу пайт анави йигит мени тутиб олди. Уни эрталаб кўрган эдим. Мен у йигитга катта йўлда тўқнаш келиб, ундан профессор Корэм қаерда туради, деб сўраган эдим: профессорга котиблик қилишини қаёқдан билибман!
– Жуда тўғри! – деди Холмс. – Котиб уйга келиб бу учрашув ҳақида хўжайинига сўзлаб берган. Кейин, жон бераётиб, қотил ўша, яъни профессорга сўзлаб берган эрталабки аёл эканлигини айтмоқчи бўлган
– Гапимни тугатишга имкон беринг! – деди аёл буйруқ оҳангида, шунда дардининг оғирлигидан афти буришиб кетди. – Йигит ерга чалқанча йиқилиб тушганидан кейин, мен хонадан отилиб чиқиб кетдим, лекин адашиб эримнинг хобхонасига кириб қолдим. У мени тутиб бермоқчи бўлди. Лекин унга, ҳаёти менинг қўлимда эканлигини, агар мени адлия маъмурларига топширадиган бўлса, уни ташкилотимизга чақиб беражагимни айтдим. Мен жонимни сақлаш ниятида яшамоқчи эмасдим, балки кўзлаган ниятимни амалга оширишим керак эди. Эрим сўзимнинг устидан чиқишимни, тақдири менинг қўлимда эканлигини биларди. Мана шу сабабга кўра, фақат шу сабабга кўра у мени яширди. У мени ўтмишдан қолган ва ёлғиз унинг ўзигагина маълум бўлган мана шу хуфия ерга итариб киритди. Шундан буён у ўз хобхонасида овқатланадиган ва овқатининг бир қисмини менга қолдирадиган бўлди. Биз шундай аҳдлашиб олдик: полиция уйни тарк этганидан кейин, тунда бу ердан сездирмай чиқиб кетадиган ва бошқа ҳеч қачон қайтиб келмайдиган бўлдим. Лекин сизлар буни қандай билиб олгансиз – ҳайронман.
У кўйлаги ичига, кўксига қўл тиқиб кичкинагина бир пакет чиқарди.
– Охирги сўзларимни яхшилаб эшитинг. Бу қоғозлар Алексейни сургундан қутқаради, мен уларни виждонингиз ва адолатпешалигингизга ишониб сизга топшираман. Олинг уларни. Олиб бориб рус элчихонасига топширинг. Мен ўз бурчимни бажардим, энди…
– Тўхтатинг уни! – деб чинқирди Холмс.
У аёлга ташланиб қўлидан кичкинагина шиша идишни тортиб олди.
– Кечикдингиз, – деди аёл каравотга чалқанча бўлиб йиқиларкан. – Мен боя беркинган еримдан чиқаётганимда заҳар ичган эдим. Бошим айланяпти. Мен ўламан. Илтимос қиламан, сэр, ҳужжатларни топширишни унутманг.
– Оддий бир воқеа, лекин шу билан бирга айрим жиҳатлари ниҳоятда ибратли, – деди Холмс биз шаҳарга қайтаётганимизда. – Ҳамма гап пенснега бориб боғланган эди. Агар бахтли тасодиф туфайли котиб йигит жон бера туриб пенснени юлиб олмаганида, аминманки, бундай қарорга келолмаган бўлардик. Менга бир нарса аниқ эди: шишалари ниҳоятда кучли пенснесидан жудо бўлган одам худди кўр одамдек каловлаб қолиши керак эди. Эсингиздами, аёл орқага қайтаётганида яна ўша ўт босган ингичка йўлакдан ўтган ва қадамини бир марта ҳам четга босмаган, деб мени ишонтирмоқчи бўлган эдингиз, шунда мен буни оламшумул жасорат деб атаган эдим. Лекин ичимда бу мумкин эмас, деган қарорга келгандим, фақат агар аёлнинг ёнида эҳтиёт шарт олиб юрган иккинчи пенснеси бўлсагина гапингизга ишониш мумкин эди. Ана шунда мен, пенсне эгаси уйда бўлиши керак, деган тахминга қаттиқ ёпишиб олдим. Кейин икки йўлакнинг бир-бирига ўхшашлигини кўриб, аёл йўлдан адашган бўлса ажаб эмас, деб ўйладим. Агар шу тўғри бўлса, у албатта профессорнинг хобхонасига кириб қолиши керак. Бу мулоҳазам мени ҳушёр бўлишга ундади, шунга кўра, бу ерда биронта хуфия жой белгисини топиш учун, хонани ниҳоятда синчковлик билан кўздан кечириб чиқдим. Хонадаги гилам яхлит ва ерга таранг қилиб ёзилган эди, шунинг учун ертўла ҳақидаги фикримни миямдан чиқариб ташладим. Китоблар орқасида камгак ер бўлиши мумкин эди – қадимги кутубхоналарда бунақа жойлар учрайди. Мен хонанинг ҳаммаёғида, ерда девор ёқалаб китоблар уюлиб ётганига эътибор бердим, фақатгина ўша шкаф олди китоблардан холи эди. Бундан чиқди, бу шкаф эшик вазифасини ўташи мумкин эди. Лекин фаразимни исботлайдиган бошқа ҳеч қандай белги ё аломат йўқ эди. Шунда мен диққатимни яна гиламга қаратдим. У оч жигарранг тусда эди, бинобарин осонгина кўзлаган тажрибамни қўллаб кўришим мумкин эди. Бунинг учун мен ўша олий нав сигареталардан қанчадан-қанчасини узлуксиз чекиб, кулини шубҳали туюлган шкаф олдидаги гилам устига тўкавердим. Бу энг одми найранг жуда ҳам яхши самара берди. Кейин биз пастга тушдик, шунда мен, профессорнинг иштаҳаси очилиб кетганига ишонч ҳосил қилдим (ваҳоланки, миссис Маркерга нима мақсадда бундай савол бераётганимни сиз, Уотсон, унча тушунмадингиз ҳам). Шундай бўлиши турган гап эди, чунки профессор яна бир одамни боқаётган эди. Кейин биз яна ётоқхонага кўтарилдик. Мен бир қути сигаретани тўкиб юбориб, гилам сатҳини диққат билан кўздан кечириш имконига эга бўлдим ва бизнинг йўқлигимизда маҳбус аёл беркинган жойдан чиққанига ишонч ҳосил қилдим. Мана, Хопкинс, Чаринг-Кросс бекатига ҳам етиб келдик. Олиб борган тергов ишингизнинг муваффақиятли чиққани билан табриклайман. Сиз бу ердан тўғри Скотленд-Ярдга борсангиз керак, албатта. Биз эса, Уотсон, рус элчихонасига йўл оламиз.
ТОВЛАМАЧИНИНГ ТУГАТИЛИШИ
Мен ҳикоя қилаётган ушбу воқеанинг юз берганига анча йил бўлди, шунга қарамай, уни ниҳоятда эҳтиётлик билан баён қилишимга тўғри келади. Узоқ вақтгача бунинг ҳатто учини чиқариш ҳам мумкин бўлмаган эди, аммо ҳикоямнинг асосий қаҳрамонига адлия қонунининг қўли етмайдиган эндиги пайтда, ҳеч кимга зиён тегмайдиган қилиб, айрим қисқартиришлар билан уни ошкор қилсам бўлади. Бу нарса Шерлок Холмснинг, шунингдек, менинг ҳам фаолиятимда қиёси йўқ ягона ҳодиса эди. Башарти, ҳикоям тизмасидан воқеа юз берган пайтни ёинки унинг ҳақиқий иштирокчиларига шама қилувчи бирон бир далилни олиб ташласам, китобхон мени кечирар деб умид қиламан.
Қаҳратон қиш оқшоми эди. Холмс билан мен одатдаги кечки сайрдан уйга соат олтиларда қайтардик. Холмс чироқни ёқди, шунда унинг шуъласи столда ётган ташрифномани ёритди. Дўстим унга бир қиё боқди-ю, жирканч нидо билан уни ерга отди.
Мен ташрифномани ердан олиб ўқидим:
ЧАРЛЬЗ ОГАСТЕС МИЛВЕРТОН
АПЛДОР ТАУЭРС ХЕМПСТЕД
АГЕНТ
– Ким бу? – деб сўрадим.
– Бутун Лондонда энг мараз одам шу бўлади, – деб жавоб қилди Холмс камин қаршисига ўтириб оёғини оловга тутаркан. – Ташрифноманинг орқасида ҳеч қандай ёзув йўқми?
Мен уни ўгириб:
– «Соат 6.30 да ҳузурингизда бўламан. «Ч.О.М.», – деган ёзувни ўқидим.
– Ҳм! Демак, ҳозир кириб келади. Сиз, Уотсон, ҳайвонот боғида илонлар олдига борганингизда, кўзлари совуқ боқувчи ясси тумшуқли ўша шилимшиқ, заҳарли махлуқлардан ҳазар қилганмисиз, жирканганмисиз? Милвертон ҳам менда худди шундай жирканч ҳиссиёт уйғотади. Ўз фаолиятим давомида элликта қотилнинг ишини кўришимга тўғри келган, лекин улар ичида энг марази ҳам менда бу бадкирдорчилик жирканч ҳиссиёт уйғотмаган. Лекин шунга қарамай, у билан алоқа қилмай иложим йўқ… Қисқаси, бу ерга у менинг таклифим билан келяпти.
– Ахир қандай одам ўзи у?
– Ҳозир сизга айтиб бераман, Уотсон. Бу одамни барча товламачиларнинг қироли деса ҳам бўлади. Пок номи Милвертоннинг чангалига тушган эркакка (агар ўша шўрпешона аёл киши бўлса, инчунин) Худонинг ўзи мададкор бўлсин. Зеро, бу бадкирдор одамларнинг нозик сирларини билиб олиб, мудом тиржайганча, ўта шафқатсизлик билан шўрликларнинг то қуруқ турқи қолгунча сиқиб сувини ичаверади, ичаверади. Уни маълум даражада даҳо деса бўлади: агар шу истеъдодини у ҳалол тижорат ишига бағишлаганида борми, жуда машҳур бўлиб кетиши мумкин эди. Милвертоннинг иш услуби қуйидагича: у бадавлат ёки мансабдор одамларнинг нуфузига доғ туширувчи мактублар учун катта пул беражаги ҳақида овоза тарқатади. Бундай молни у нафақат ўз соҳибларига хиёнат қилишдан ҳазар қилмайдиган хизматкорлару оқсочлардан, балки аксарият пайт, олижаноб аёлларнинг ишончи ва ихлосини қозонган асилзода аблаҳлардан ҳам сотиб олади. Бу борада у асло хасислик қилмайди. Мен унинг бир малайга икки сатрли хат учун етти юз фунт тўлаганини биламан, оқибат ана шу хатча нуфузли бир оилани хонавайрон қилган эди. Харидга чиқарилган бундай молларнинг бари Милвертоннинг қўлига бориб тушади, зотан унинг номини эшитганда ранги қув учиб кетувчи одамлар бу улкан пойтахт шаҳарда юзлаб топилади. Эртага у кимни хароб қилади – буни ҳеч ким билмайди, чунки у жуда бадавлат, жуда айёр одам, демак, унинг ҳар куни пул ишлаб топиши шарт эмас. У қиморга тикилган довнинг жуда катта миқдорга етишини кутиб, қўлидаги қартани бир неча йиллаб очмай сақлайди. Мен уни бутун Лондонда энг мараз одам деб айтдим, дарҳақиқат, қани, менга айтинг-чи, шеригини жаҳл устида сўйил билан уриб ўлдирган қароқчини олтинга шундоқ ҳам тўлиб кетган хазинасини яна ҳам ошириб-тошириш мақсадида инсон қалбини тадрижий равишда ҳеч шошмасдан қийноққа солувчи, асабларини бузувчи бу одамга қиёс қилиб бўладими?
Дўстимнинг бунақа қизишиб гапирганини жуда кам кўрганман.
– Ахир қонун бор-ку, – деб эътироз билдирдим. – Демак, бу одамнинг ҳам танобини тортиб қўйиш мумкин.
– Назарий жиҳатдан мумкин, лекин амалда мумкин эмас. Уни бир неча ойга қаматган аёл нима манфаат кўрарди дейсиз: ахир у малъун қамоқдан чиққан заҳоти бечора аёлнинг бошини ейди-ку! Милвертоннинг домига илинган шўрпешона унинг зарбасини қайтаришга журъат эта олмайди. Агарда у бирон марта бегуноҳ одамни товлаганида эди, ана унда чинакамига уни тузоққа илинтирсак бўларди, лекин у худди шайтондек айёр. Йўқ, йўқ, унга қарши курашиш учун бошқа усулни ўйлаб топиш керак.
– У нега келмоқчи бу ерга?
– Обрў-эътиборли бир хоним менга ўзининг кулфатли ишини топширди. Бу – ўтган мавсумдан бошлаб жамоа орасида кўрина бошлаган Лондондаги энг латофатли қиз леди Ева Брэкуэл. Яна икки ҳафтадан кейин бу ледининг герцог Доверкор билан никоҳ тўйи бўлиши керак. Лекин анави касофатнинг қўлига хонимнинг камбағал бир заминдор йигитга эҳтиётсизлик билан, ҳа, ҳа, Уотсон, фақат эҳтиётсизлик билан ёзган бир неча мактуби тушиб қолган. Никоҳни бузиш учун шу мактубларнинг ўзи кифоя. Агар леди талаб қилинаётган йирик миқдордаги пулни Милвертонга бермаса, у ўша мактубларни герцогга жўнатади. Менга ана шу товламачи билан учрашиб, у билан битим тузиш топширилган.
Шу пайт кўчадан от туёқларининг ва файтон ғилдирагининг тарақлаши эшитилди. Деразадан қараб, бир жуфт тўриқ от қўшилган ғоят ҳашаматли каретани кўрдим; карета томига ўрнатилган фонуснинг ёруғ шуъласи зотдор жониворларнинг ярақлаган сағрисида товланарди. Хизматкор каретанинг эшигини очди, ундан эгнига қоракўл ёқали пальто кийган, паст бўйли бақалоқ бир одам тушди. У бир дақиқадан кейин хонамизга чиқиб келди.
Чарльз Огастес Милвертон эллик ёшлар чамасидаги, калласи катта, кўринишидан фаросатли одам эди; унинг соқол-мўйлови олинган, сохта жилва қотиб қолган юзи юм-юмалоқ ва лўппи, ўткир қўй кўзлари олтин гардишли кўзойнаги орқали одамга қаттиқ тикиларди. Агарда унинг табассуми худди ёпиштириб қўйилгандек сохта, кўзлари олазарак ва совуқ бўлмаганда бу одам Пиквик8 ни эслатарди. Овози биринчи қарашда оқкўнгил бўлиб кўринган бу одамнинг ташқи қиёфаси сингари мулойим ва ёқимли эди: у Холмсга яқин келиб, дўмбоқ қўлчасини узатаркан, биринчи ташрифида бизни учрата олмаганидан таассуф қилди.
Холмс узатилган қўлни эътиборсиз қолдирди, унинг чеҳрасида кескинлик вужудга келди-ю, худди тошдек қотиб қолган эди. Лекин тиржайиб турган Милвертоннинг оғзининг таноби қочди; у кифтини учириб қўйиб, пальтосини ечди, авайлаб тахлади-да, стул суянчиғига осиб, ўзи ўтирди.
– Бу жентльмен ким? – деб сўради у боши билан мен томонга мулойимгина ишора қиларкан. – Бегона одамнинг иштироки ножўя бўлмасмикин?
– Доктор Уотсон менинг дўстим ва ҳамкасбим.
– Ундай бўлса, жуда соз, мистер Холмс. Мен фақат мижозимнинг манфаатини кўзлаб эътироз билдираётувдим. Зеро, бу ғоятда нозик иш…
– Доктор Уотсоннинг бундан хабари бор.
– Демак, ишга киришаверсак ҳам бўлар экан. Сиз леди Еванинг номидан ҳаракат қилаётганингизни айтгандингиз. У хоним шартимни қабул қилиш учун сизга ваколат бердими?
– Шартингиз қандай?
– Етти минг фунт.
– Агар рози бўлмаса-чи?
– Азизим сэр, бу ҳақда музокара юритиш мен учун жуда оғир, лекин агар ўша пул ўн тўртинчигача тўланмаса, турган гапки, ўн саккизинчида никоҳ тўйи бўлмайди.
Унинг меъдага тегувчи жилваси яна ҳам назокатлироқ кўриниш олди.
Холмс бир оз ўйланиб қолди.
– Назаримда, – деди у ниҳоят, – ҳозир сиз кўзлаган режангизга қаттиқ ишонган ҳолда ҳаракат қилаётганга ўхшайсиз. Мактубларнинг мазмуни менга маълум. Бинобарин, мижозим албатта менинг маслаҳатимга амал қилади. Мен бўлсам унга ҳамма гапни бўлғуси эрига очиқ айтишни ва унинг олиҳимматлигига умид боғлашни маслаҳат бераман.
Милвертон кулиб юборди.
– Сиз герцогни билмас экансиз, назаримда, – деди у.
Холмснинг таъби хира бўлганини кўриб, герцогнинг қанақа одамлигини яхши билишини сездим.
– Мактубларда ҳеч қандай ножўя гап йўқ, – деди у.
– Улар жўшқин… ғоятда жўшқин қалб билан ёзилган, – деб жавоб қилди Милвертон. – Ледининг услуби ниҳоятда дилбар. Аммо сизни ишонтириб айтишим мумкинки, герцог Доверкорский бу услубни қадрлай олмайди. Лекин, агар сиз бошқача фикрда бўлсангиз, унда ишимизга хотима ясаб қўя қолайлик. Чунки бу масалани фақат пул билан ҳал қилиш мумкин. Сиз, агар бу мактублар герцогнинг қўлига бориб тушса, мижозингиз бундан ҳеч қандай зиён кўрмайди деб ҳисоблаяпсиз – яхши, агар шундай бўлишига қатъий ишонсангиз, у ҳолда мактубларни йирик пулга сотиб олишингиз бемаънилик бўлар эди.
Милвертон ўрнидан туриб, пальтосини қўлига олди.
Холмснинг ранги ғазаб ва аламдан гезариб кетди.
– Тўхтанг, – деди у. – Жуда ҳам шошқалоқ экансиз. Биз бу нозик ишнинг жанжалга сабаб бўлмаслиги учун қўлимиздан келганча уриниб кўрамиз, албатта.
Милвертон яна жойига ўтирди.
– Бу ишга айнан шундай ёндашишингизни билардим, – деди у минғирлаб.
– Шуниси ҳам борки, – деб гапида давом этди Холмс, – леди Ева бадавлат аёллардан эмас. Гапимга ишонинг, у ўша мактублар учун сизга ҳатто икки минг фунт тўлаганида ҳам хонавайрон бўлади, аммо сиз белгилаган миқдордаги ақчани тўлашга унинг мутлақо қурби етмайди. Шунинг учун, илтимос қиламан сиздан, талабингизни бир оз чекланг-у, ҳозир мен тилга олган ақча эвазига мактубларни қайтариб беринг, гапимга ишонинг, леди Еванинг шу пулдан бир чақа ҳам ортиқ маблағи йўқ.
Милвертоннинг юзи табассумдан баркашдек ёйилиб кетди, кўзларида шўх учқунлар чақнади.
– Биламан, ледининг имконияти ҳақида айтганларингиз тўғри, – деди у. – Лекин бир ўйлаб кўринг: бу никоҳ тўйи муносабати билан хонимнинг дўстлари-ю, хешлари албатта унга ул-бул нарса совға қилиш тараддудига тушадилар. Сиз уларга, Лондондаги барча совғабоп қандиллар-у, кўзалардан ҳам кўра, шу бир даста мактуб келиннинг кўнглини кўпроқ хушнуд қилади, деб тушунтиринг.
– Бунинг иложи йўқ, – деб эътироз билдирди Холмс.
– Э Худо, қандай ачинарли ҳол! – деди Милвертон киссасидан қалин ёндафтар чиқараркан. – Таассуфки, хонимларимизнинг маслаҳатчилари донишманд эмас, деб ўйлашга мажбурман: улар йўл-йўриқ кўрсатишни билмайдилар. Мана буни кўринг!
У муҳрланган конверт ичидан хат чиқарди.
– Буни ёзган… йўқ, беандишалик қилиш яхши эмас. Аммо эртага бу мактуб, уни ёзган хонимнинг эрига бориб тегади. Бундай бўлишига борйўқ сабаб шуки, хоним бу мактуб учун арзимаган ҳақ тўлашдан бош тортаяпти, ҳолбуки, ўша талаб қилинган ҳақни ярим соат ичида – бриллиантларини қалбакисига айрибошлаб топса бўларди. Афсус, афсус! Айтинг-чи, мисси Майлс билан полковник Доркингнинг никоҳ тўйи бузилгани эсингиздами? Бу ҳақда «Morning post» газетаси никоҳга атиги икки кун қолганида хабар қилган эди. Хўш, нега бундай бўлган эди? Йўқ, ҳеч ақл бовар қилмайди бунга – арзимаган бир минг икки юз фунт пул билан ишни пиширса бўларди. Ахир бу аянчли эмасми? Сиз эса, шундай бамаъни одам бўла туриб, мижозингизнинг номуси ва келажаги ҳал бўлаётган чоғда савдолашиб ўтирибсиз-а! Мени ҳайрон қолдиряпсиз, мистер Холмс.
– Мен очиғини айтдим, – эътироз билдирди Холмс. – Мижозим бунча пулни топа олмайди. Лекин мен айтган нарх ҳам кам пул эмас. Шунча ақчадан воз кечиб бир бечора аёлни бахтиқаро қилиш яхшими? Ахир сиз бундан ҳеч қандай манфаат кўрмайсиз-ку.
– Янглишдингиз, мистер Холмс, орқаваротдан тарқатилган миш-мишлар менга жуда катта фойда келтиради. Ҳозир худди шунга ўхшаган ишлардан саккиз-ўнтаси қўлимга илинай деб турипти. Агар леди Евани жазолаганим ҳақида овоза тарқалса, бошқалар мулоҳазали бўлиб қолишади. Энди тушундингизми?
Холмс сапчиб ўрнидан туриб кетди.
– Уотсон, орқасига ўтинг! Уйдан қочиб чиқмасин! Ҳозир, сэр, ёндафтарингизда нималар ёзилганини ўқиб кўрамиз.
Милвертон «шип» этиб бурчакка ўтди ва орқасини деворга тираб туриб олди.
– Мистер Холмс, мистер Холмс, – деди у камзулининг олдини очиб, қўйин чўнтагидан оғзи чиқиб турган каттакон тўппончасини кўрсатаркан. – Мен сизнинг бундан дурустроқ усул қўллашингизни кутган эдим. Бунақа муносабатни менга кўп ишлатишган, лекин ҳеч қачон ҳеч нимага эриша олишмаган. Шуни яхши билингки, мен тиш-тирноғимгача қуролланганман ва истаган пайтимда қурол ишлата оламан, зеро, қонун мени ҳимоя қилишини яхши биламан. Қолаверса, ўша сиз тилга олган мактубларни ёнимга солиб келадиган даражада аҳмоқ ҳам эмасман. Айтмоқчиманки, сиз яна бир марта хатога йўл қўйдингиз, мистер Холмс. Хўп, саломат бўлинглар, жентльменлар, бугун кечқурун мен яна икки киши билан учрашишим лозим, ўзингиз биласиз, бу ердан Хемстедгача анча йўл.
Милвертон юриб келиб, стул суянчиғига ташлаган пальтосини олди ва қўлини револьверига қўйганча эшик томон йўл олди. Шунда мен стулни олиб унга отмоқчи бўлган эдим, лекин Холмснинг бош чайқаганини кўриб, яна уни ерга қўйдим. Милвертон тиржайганча бизга таъзим қилиб ва қошларини учириб хонадан чиқди, орадан бир зум ўтгач, кўчадан карета эшигининг «қарс» этиб ёпилгани ва ғилдиракларнинг шалдираб юриб кетгани эшитилди.
Холмс қўлларини шимининг чўнтагига тиқиб, бошини эгганча, кўзини каминдаги лаққа чўғдан узмай ўтирарди. Шу алфозда у ярим соатча чурқ этмай ўтирди. Сўнг қатъий бир қарорга келган одамдек сапчиб ўрнидан турди-да, ётоқхонаси томон юрди. Салдан кейин у ердан қилиқлари анча бетакаллуф, эчкисоқол, олифта бир ҳунарманд йигит чиқди. У сопол трубкасини чироқдан тутатиб олиб, эшик тутқичидан ушлади.
– Мен тезда қайтаман, Уотсон, – деди у ва зулмат тун қўйнига кириб кўздан ғойиб бўлди.
Тушунишимча, дўстим Чарльз Огастес Милвертонга қарши жанг бошлаган эди. Лекин бу жангнинг нима билан тугаши етти ухлаб тушимга кирмаган эди.
Холмс бир неча кун муттасил ҳар хил пайтда шу қиёфада уйдан чиқиб юрди. Тўғри, дўстимнинг Хемстедга қатнаётганини ва вақтини бекор ўтказмаётганини билардим, аммо унинг қандай иш билан шуғулланаётганидан мутлақо бехабар эдим. Ниҳоят, ташқарида бўрон қутураётган рутубатли оқшомларнинг бирида, у уйга қайтиб келиб, либосини ечди ва оловга яқин ўтириб самимият билан хандон отиб кулиб юборди.
– Сиз, Уотсон, менда уйланишга мойиллик борлигини ҳеч сезганмидингиз?
– Йўқ, сезмагандим.
– Бўлмаса, билиб қўйинг, мен бир қиз билан аҳд-паймон қилиб келдим.
– Азиз дўстим! Табрикла…
– Қаллиғим –Милвертоннинг уй ходимаси.
– Ё тавба, бу нима қилиқ, Холмс?
– Менга Милвертон тўғрисида маълумотлар керак эди.
– Ҳатто шу даражага бордингизми?
– Ўзга иложим йўқ эди. Камина омади юришган мисгарман, исмим – Эскот. Биз ҳар куни кечқурун сайр қилдик, суҳбатлашдик. Э Худо! Ҳиқилдоғимга келди у суҳбатлар! Лекин ниятимга етдим. Энди мен Милвертоннинг уйини худди беш қўлимдек биламан.
– Ахир, қиз нима бўлади, Холмс?
У елкасини учириб қўйди.
– Бошқа иложимиз йўқ эди, азизим Уотсон. Ов қилгандан кейин биракай ов қилиш керак. Лекин мен мамнуният билан сизга шуни баён қилишим мумкинки, бу борада рақибим бор, у қиздан юз ўгирганимни кўрган заҳоти албатта ўрнимни эгаллайди. Қандай ажойиб тун!
– Сизга ёқадими шунақа ҳаво?
– Бу айни муддао. Мен бугун тунда Милвертоннинг уйига кирмоқчиман, Уотсон.
Унинг ниҳоятда жиддият ва қатъият билан айтган бу гапини эшитдим-у, нафасим ичимга тушиб, аъзойи баданим жимирлаб кетди. Зулмат тун қўйнида чақмоқ чақиб, поёнсиз қишлоқ манзарасининг энг майда икир-чикирларигача бир зумга ялт этиб ёритгандек, мен ҳам Холмснинг бундай қилмиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган барча фалокатларни оний фурсатда ақлий нигоҳим билан кузатиб чиқдим – азиз дўстим қўлга тушиши, ҳибсга олиниши, натижада унинг обрўси тўкилиб шарманда бўлиши ва мараз Милвертоннинг тузоғига илиниши мумкин эди.
– Худо ҳаққи, Холмс, ўйлаб иш кўринг! – деб чинқириб юбордим.
– Азиз дўстим, ўзингиз яхши биласиз, мен бемулоҳаза иш кўришни ёқтирмайман, ҳаммасини пухта ўйлаб кўрдим, бинобарин, агарда бошқа йўл топилганида ҳеч қачон бундай хатарли тадбирга қўл урмаган бўлардим. Келинг, масалага жиддий ёндашиб кўрайлик. Ўйлайманки, маънавий жиҳатдан сиз бу ниятимни маъқуллайсиз, яъни бу қилмишим фақат қонун олдидагина жиноят ҳисобланади. Милвертоннинг уйига ўғриликка тушишдан мақсад – бор-йўғи, куч ишлатиб бўлса ҳам, унинг ёндафтарини тортиб олиш. Бу ишда ўзингиз ҳам менга кўмаклашмоқчи бўлган эдингиз.
Мен ўйланиб қолдим.
– Ҳа, – деб тасдиқладим, – ниятимиз – Милвертондан фақат ғайриқонуний мақсадда фойдаланаётган буюмнигина тортиб олиш экан, бу иш маънавий жиҳатдан қонунга зид бўлмайди.
– Балли. Агар бу иш маънавий нуқтаи назардан қонуний ҳисобланар экан, дангал қалтис ишга қўл уришдан ўзга чора йўқ. Лекин аёл кишининг ёрдамга муҳтожлигини кўрган ҳақиқий жентльмен қалтис ишдан ҳам қайтмаслиги керак.
– Сиз ноқулай аҳволга тушиб қолишингиз мумкин.
– Шунинг учун ҳам бу қалтис иш-да. Мактубларни қўлга киритишда қўл келадиган бошқа йўлни кўрмаяпман. Шўрлик ледида бунақа кўп пул йўқ, хешлари орасида бўлса, биронта ишончли одам йўқки, бечора қиз унга юрагини ёза олса. Эртага охирги кун, демак, агар бугун кечаси ўша мактубларни қўлга киритмасак, анави аблаҳ эртага сўзининг устидан чиқади-ю, ледини жувонмарг қилади. Шунинг учун мен ё тақдирга тан бериб қўл қовуштириб ўтиришим керак, ё бўлмаса шу охирги чорани қўллашим лозим. Очиғи, Уотсон, буни мен билан Милвертон ўртасидаги махсус олишув деса ҳам бўлади. Бу олишувнинг муқаддимасида, ўзингиз кўрдингиз, унинг қўли баланд келди, бас, шундай экан, пок номим ва қадру қийматим мени жангни давом эттиришга даъват этади.
– Бу иш менга ёқмаяпти, лекин шундай қилишимиз шартга ўхшайди, – дедим. – Қачон жўнаймиз.
– Бу гал сиз мен билан бормайсиз.
– Унда сиз ҳам бормайсиз, – деб эътироз билдирдим. – Онт ичиб айтаманки (биласиз, умримда ҳеч қачон сўзимнинг устидан чиқмай қолмаганман), агар бирга бормасам, ҳозироқ кўчага чиқиб кэб ёллайман-да, полиция маҳкамасига бориб сизни чақиб бераман.
– Сиз менга бу ишда ёрдам бера олмайсиз.
– Қаёқдан биласиз? Нима бўлиши маълум эмас. У ерда не ҳол юз бермасин, қарорим қатъий. Ўз қадрини ҳис этадиган, номини пок сақлашга уринадиган одам фақат сиз эмассиз.
Холмс аввалига ранжигандай бўлиб кўринганди, лекин энди, шу гапимдан кейин юзи ёришиб, елкамга қўлини ташлади.
– Майли, азиз дўстим, сизнингча бўла қолсин. Биз жуда кўп йил ҳамхона бўлиб яшадик, эндиликда шу анъанамиздан юз ўгиришимиз яхши эмас. Агар омадимиз юришмаса, битта камерани баҳам кўрармиз. Очиғини айтсам, Уотсон, мендан ажойиб жиноятчи чиққан бўларди деб ўйлардим ҳамиша. Мана, ниҳоят, бунинг учун зўр имконият туғилди!
Холмс стол ғаладонидан пишиқ бир чарм ғилоф олиб, уни очди-да, ичига терилган бир неча ялтироқ асбобни кўрсатди.
– Бу ўғриларнинг сўнгги пайтда кашф этилган энг олий нав асбоблари; бу ерда никелланган жажжи мисранг9, ойна кесиш учун олмос, очқичлар-у, ривож топаётган дунёвий маданият талабига жавоб берувчи энг янги мосламалар бор. Мана яна хуфия чироқ. Ҳаммаси жобажо. Сизда таги юмшоқ ботинка борми?