Полная версия
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Тўсатдан сакраш, қандайдир кураш, занжир товуши ва ниҳоят оғриқдан чинқириш эшитилди.
– Фойдаси йўқ. Фақат ўзингизни майиб қиласиз, – деди инспектор. – Тек туринг!
Қўлга кишан солишганини яққол эшитдим.
– Ҳали шундайми?! Пистирма! – чинқириқ овоз эшитилди. – Холмс, бу қилмишингиз учун жавоб берасиз, мен эмас, балки сиз қора курсига ўтирасиз. У мени ўзини даволаш учун чақиртирди. Унга раҳмим келиб етиб келдим. Энди у албатта ҳар хил бўҳтонларни айтиб, қандайдир шубҳаларини менинг бошимга ёғдиради. Марҳамат, Холмс, истаганингизча ёлғон гапиришингиз мумкин. Менинг сўзларимнинг тоши сизникидан балки оғирроқдир…
– Ё Худо! – хитоб қилди Холмс. – Уни бутунлай унутибман. Минг бор узр, азизим Уотсон, мени кечиринг. Бу ердалигингиз мутлақо хаёлимдан чиқибди! Сизни мистер Кэлвертон Смит билан таништиришимнинг ҳожати йўқ бўлса керак, чунки бугун кўришгансизлар. Инспектор, файтонингиз борми? Мен кийинишим билан кетингиздан етиб бораман. Балки полицияга ёрдамим керак бўлиб қолар.
Холмс кийина туриб, бир неча бўлак бисквитни еди ва устидан бир стакан шарбат ичди.
– Назаримда ҳеч қачон бундай иштаҳа билан овқат емаганман, – деди у. – Бироқ ҳаётим бошқаларникидан тубдан фарқ қилгани учун менга бу қаҳрамонликлар енгилроқ. Миссис Хадсон касалимга ишонишини жуда-жуда истардим, чунки у сизга хабар бериши керак эди, сиз эса Смитга. Уотсон, хафа бўлмадингизми? Сизнинг беҳисоб истеъдодингизга қалбаки касал бўлиш кирмайди албатта, иқрор бўлинг бунга. Аммо агарда сиз менинг муғомбирлик қилаётганимни билганингизда Смитни бу ерга келишига кўндира олмаган бўлар эдингиз, бу эса менинг режаларимнинг энг асосий қисми эди. Мен унинг қасоскорлигини билганим учун, бу ерга келишига ва ўз қурбонини томоша қилишига ишонардим.
– Аммо сизнинг кўринишингиз, Холмс, мурдалардек оқариб кетган юзингиз?..
– Уч кун оғизга ҳеч вақо олмаса одамнинг албатта чиройи йўқолади. Қолгани грим. Бўртиб чиққан яноқларга қизил суриш, пешонага вазелин, кўзга белладон сепиш ва ниҳоят, лабга суртилган мумбулар ҳаммаси ўз таъсирини кўрсатади. Ўзини касалга солиш – бу менинг навбатдаги мавзуим. Монографияларимдан бирини шунга бағишламоқчиман. Ярим крон, чиғаноқлар ва бошқа шунга ўхшаш, асосий мавзуга оид бўлмаган гаплар алаҳсираш вазифасини яхши кўрсатди…
– Агарда ҳеч қанақа юқумли касал бўлмаса, унда нега олдингизга яқинлашишга йўл қўймадингиз?
– Азизим Уотсон, шуниям сўраб ўтирибсиз-а?! Мен сизнинг тиббий билимингизни юқори баҳоламайман, деб ўйлайсиз шекилли? Жон бераётган одамнинг иситмаси, томир уриши ўзгаришини сизнинг истеъдодингиздан яшириб бўлармиди? Фақат тўрт-беш қадам наридан сизни алдаш мумкин эди, холос… Агарда фош бўлганимда унда менга Смитни ким келтирарди? Уотсон, у қутичага тегманг. Агарда ён тарафидан синчиклаб қарасангиз, ўшандагина найзага ўхшаш пружинача қаердан очганда пайдо бўлишини сезишингиз мумкин. Балки шунга ўхшаш бирон нарса орқали бечора Виктор Сэвеж ўлдирилгандир. Чунки у шу махлуқ Смит билан катта бой меросни бўлишиб олишда келишолмаган эди.
Сизга маълум, мен ғаройиб посилкалар оламан, шунинг учун жуда эҳтиёт бўламан. Смитнинг режаси амалга ошганини унга ишонтиролсам, у бор гапни айтиб беришига ишонардим. Касаллик ролини эса ҳақиқий актёрлардек ўйнадим.
Раҳмат сизга, Уотсон, энди илтимос, пальтомни кийишимга ёрдамлашиб юборинг. Биз полицияда ишларимизни битказиб, Симпсоннинг ошхонасига биргаликда келсак, менимча, ёмон бўлмайди.
ТЎРТЛАР БЕЛГИСИ
I БОБ
Холмс дедуктив услубининг моҳияти
Шерлок Холмс каминдан шишача олди-да, ихчамгина сохтиён қутичадан тери остига укол қиладиган шприцни чиқарди. Оппоқ титроқ бармоқлари билан нинани шприцга ўрнатди-да, кўйлагининг чап енгини тирсагигача шимариб қўйди. У илгариги уколлардан сон-саноқсиз нуқталар қолган забардаст қўлига бир зум ўйчан тикилди. Сўнг нинани санчди-да, бахмал курси суянчиғига суяниб, ҳузур қилиб чуқур нафас олди.
Мен кўп ойлар давомида кунига уч марта шу бир хил манзаранинг шоҳиди бўлдиму, лекин унга сира-сира кўниколмасдим. Аксинча, кун сайин ғазабим ортиб, унга қаршилик кўрсатишга қурбим етмаганидан азият чекардим. Дўстимнинг бу одати ҳақидаги фикримни унга очиқ-ошкора айтаман деб ўзимга қайта-қайта сўз берардиму, лекин совуққон, вазмин табиати уни тўғри йўлга солиш тўғрисидаги ҳар қандай ниятимни пучга чиқарарди. Дўстимнинг ақл-заковати, бир сўзлиги, амирона хулқини, бошқа ажойиб, ноёб хислатларини билганим учун ҳам ҳадиксираб, айтмоқчи бўлган гапим бўғзимда қоларди. Лекин ўша куни нонушта пайтида жиндек ичиб олганим учунми ё Холмснинг ўжарлигидан жазавам тутганиданми, хуллас, ортиқ чидаёлмай ғазабимни тўкиб солдим:
– Бугун қайси бири, – деб сўрадим, – морфийми ё кокаинми?
Холмс лотин ҳарфда ёзилган эски китобдан кўзини узди.
– Кокаин, – деб жавоб қилди у. – Етти фоизли. Синаб кўрасизми?
– Раҳмат, ўзларига буюрсин! – дедим шартта. – Афғон урушидан кейин ҳалиям ўзимга келолганимча йўқ. Ўзимга ортиқча юк ортишни истамайман.
Жаҳлим чиққанига Холмс мийиғида кулиб қўйди.
– Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз, Уотсон, – деди у. – Наркотик моддалар ҳам соғлиқ учун зарар. Лекин, у ақлни ишлатишга, фикрнинг равшанлашишига ёрдам беришини кашф этдим. Бинобарин, уларнинг зарарли таъсирини эътиборга олмаса ҳам бўлади.
– Ахир, ўйласангиз-чи, – дедим қизишиб, – булар сиз учун жуда қимматга тушади-ку! Ҳа, ана, миянгиз жуда тез ишлади дейлик, лекин бунинг турган-битгани зарар, асабни ишдан чиқариб, охир-оқибатда ақли заифликка олиб боради. Кейин одамнинг қандай руҳий ҳолатга тушишини яхши биласиз. Йўқ, Холмс, бу арзийдиган иш эмас! Наҳотки, бир лаҳзалик ҳузур-ҳаловат деб табиат сизга инъом этган ноёб ақл-истеъдодни қурбон қилсангиз? Тушунсангиз-чи, сиз билан дўст эмас, балки ўз мижозининг соғлиғи учун жавоб берадиган шифокор сифатида гаплашяпман.
Шерлок Холмс ранжимади. Аксинча, бу гаплар унинг кўнглини очаётгандай эди.
– Менинг миям, – деди у тирсаги билан курсига суяниб, бармоқларини бир-бирига жуфтларкан, – бекорчиликка қарши исён кўтаради. Менга иш беринг! Менга энг мураккаб муаммони, ҳал қилиб бўлмайдиган вазифани, чигал воқеани беринг – ўша заҳотиёқ сунъий дори-дармонларни унутаман. Ақлим қаттиқ ишлаши керак. Худди шунинг учун ҳам мен ўзим учун ноёб бир касбни танлаганман, тўғрироғи, уни яратдим, чунки бу дунёда иккинчи Шерлок Холмс йўқ.
– Нима, сиз бу дунёда яккаю ягона хуфиямисиз? – деб сўрадим, қошларимни чимириб.
– Яккаю ягона хусусий хуфия-маслаҳатчи, – деб жавоб берди Шерлок Холмс. – Энг сўнгги ва олий инстанция. Грегсон, Лестрейд ёхуд Этелни Джонс мушкул аҳволга тушиб қолганларида, дарров менга мурожаат қилишади. Мен иш билан батафсил танишиб чиқиб, ўз фикримни, мутахассис фикрини айтаман. Шон-шуҳрат кетидан қувмайман. Бирор ишнинг чигалини ечишга муваффақ бўлсам, номим газеталарда тилга олинмайди. Ишнинг ўзи, ўз услубимни амалда қўллай олсам, шунинг ўзи мен учун олий мукофот. Сиз, Уотсон, уни яхши биласиз. Ақалли Джефферсон Хоуп ишини бир эсланг-а.
– Ҳа, эсимда, – дедим анча юмшаб. – Антиқа ҳодиса. Мен ҳатто бу тўғрида «Шафақ рангидаги этюд» деган ном билан қиссага ўхшаган бир нарса ёзганман.
– Қиссангизга кўзим тушувди, – Холмс қуруққина бош чайқаб қўйди. – Эътироф этишим керакки, сизни муваффақият билан табриклай олмайман, жиноятни текшириш, очиш – бу аниқ фан, ҳар ҳолда аслида шундай бўлиши керак. Бу ишни эҳтиросга берилмай, жуда аниқ ва изчил тасвирлаш керак. Китобингиз эса йиғлоқи бир руҳда ёзилган. Бу Эвклиднинг бешинчи постулоти тўғрисидаги мулоҳазаларга ишқий можарони аралаштиришдай бир гап.
– Ахир, унда чинданам романтик бир воқеа бор эди-да, – деб эътироз билдирдим. – Мен шунчаки фактларга қатъий амал қилдим.
– Баъзи бир нарсалар тўғрисида оғиз очмаса ҳам бўларди, ақалли фактларни баён этишда меъёрдан чиқмаслик керак эди. Бу ишда кишининг эътиборини тортадиган бирдан-бир нарса бу натижа-ю, сабабга оид фикр-мулоҳазалар сираси. Ишнинг чигалини муваффақиятли ечишга худди шу нарса ёрдам берди.
Бу сўзлар менга оғир ботди – ахир, кўнглини кўтариш учун Холмснинг ишини тасвирлаган эдим. Унинг худбинлиги ҳам жаҳлимни чиқарди, китобимнинг ҳар бир сатрини унинг бебаҳо услубига бағишлашим керак экан-да. Дўстим билан Бейкер-стритда бир неча йил бирга истиқомат қилиб, вазмин, насиҳатомуз гап-сўзлари замирида яширинган қандайдир манманлик, шуҳратпарастликни неча-неча бор пайқаганман. Лекин унга ҳеч нима деб жавоб қилмадим, афғон милтиғидан отилган ўқни яқингинада чиқариб олишган ярадор оёғимни қимирлатганимча индамай ўтиравердим. Жароҳат юришимга халақит бермаса-да, лекин ҳаво айниганда оёғим зирқираб оғрирди.
– Яқиндан буён қитъадаги жиноятларни очишда қатнаша бошладим, – деди бир зумдан кейин Холмс, трубкасига тамаки соларкан. – Ўтган ҳафтада Франсуа ле Виллар маслаҳат сўраб менга мурожаат қилди, сиз билсангиз керак, кейинги вақтда у Франциянинг энг зўр изқуварлари қаторига қўшилди. У кельт ирқига хос бўлган жудаям тез сезиш қобилиятига эга, лекин у энг зўр изқувар сифатида санъатимизнинг махсус соҳаларини етарлича билмайди. Иш бир васиятнома билан боғлиқ бўлиб, унда бир қанча қизиқарли деталлар бор эди. Мен Вилларга худди шунга ўхшаш икки воқеани эслатдим – биттаси 1857 йилда Ригада, иккинчиси 1871 йилда Сент-Луисда текширилди. Худди шу нарса унинг бир қарорга келиши учун туртки бўлди. Бугун эрталаб ундан хат олдим, ёрдамим учун миннатдорчилик билдирибди.
У шундай деб туриб, менга иккига букланган чет эл қоғозини узатди. Ундаги mednifudv, coupov-maitre dctoursov-force16 деган сўзларга кўзим тушди, бу французнинг жуда қойил қолганидан далолат берарди.
– У устозига мурожаат қилган шогирд сифатида ёзибди-да, – дедим.
– У ёрдамимга ортиқча баҳо бериб юборган, – деди Холмс бепарвогина. – Унинг ўзи ҳам жуда истеъдодли одам, идеал хуфиялар учун зарур бўлган уч хислатнинг камида иккитасига эга: у кузатишга уста, ўз кузатувлари асосида хулосалар чиқара олади. Ҳозирча унга билим етишмайди, лекин вақтсоати билан билим ҳам келади. У ҳозир китобларимни французчага таржима қиляпти.
– Нима, сиз ҳам ёзасизми?
– Ҳа, шу касалим ҳам бор, – Холмс кулиб юборди. – Мен бир нечта рисола ёздим. Улардан бири «Кулига қараб тамаки навини аниқлаш» деб аталиб, сигара, сигарет ва трубка тамакисининг юз қирқ нави таърифлаб берилган. Унга қўшимча равишда турли кулларни кўрсатувчи рангли расмлар берилган. Тамаки кули – энг кўп учрайдиган далил. Баъзида жуда муҳим ҳисобланади. Масалан, агар сиз қотиллик қилган одам ҳинд тамакисини чекади деб аниқ айтолсангиз, табиийки, қидирув доираси тораяди. Картошка карамдан қанчалик фарқ қилса, Трихинополь тамакисининг қора кули ҳам «қуш кўзининг» оппоқ баргларидан шунчалик катта фарқ қилишини тажрибали кўз дарров пайқайди.
– Майда-чуйда нарсаларни ҳам пайқайдиган ажойиб қобилиятингиз бор-да, – дедим.
– Шунчаки уларнинг муҳимлигини тушунаман. Ёки оёқ излари тўғрисидаги рисоламни олайлик. Унда ўша изни сақлаб қолиш учун гипсдан фойдаланиш тўғрисида гапирилади. Кичик бир тадқиқот касбнинг қўл шаклига таъсирига бағишланган, унда тунукачи, денгизчи, композитор, тўқувчи ва олмос пардозловчи қўлларнинг литографияси берилган. Бу тадқиқот ўз касбини фан, илм деб билувчи жосус учун катта амалий аҳамиятга эга. Ўликни аниқлаш ёки жиноятчининг нима билан шуғулланишини билиш керак бўлганида бу усул айниқса қўл келади. Лекин кўриб турибман, ўзим билган, яхши кўрган нарсам ҳақида кўп гапириб, сабр-чидамингизни суиистеъмол қиляпман.
– Заррача! – қизғин эътироз билдирдим. – Бу нарсалар мен учун ҳаддан зиёд қизиқ, айниқса шунинг учунки, билимларингизни амалда қандай қўлланилишини ўз кўзим билан кўрганман. Мана, сиз кузата билиш ва хулоса чиқара олиш қобилияти хусусида гапирдингиз. Мен бўлсам, буларнинг иккови ҳам бир нарса деб юрардим.
– Йўқ, булар бошқа-бошқа нарсалар, – деб жавоб қилди Шерлок Холмс, курсининг юмшоқ суянчиғига ҳузур қилиб суянар ва трубкасидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқараркан. – Мана, масалан, кузатув менга шуни кўрсатдики, сиз эрталаб Уигмор-стритдаги почтада бўлгансиз, мантиқий фикрлаш қобилияти эса менга, сиз у ерга телеграмма жўнатиш учун борганингиз тўғрисида хулоса чиқаришимга имкон берди.
– Қойил-э! – деб хитоб қилдим. – Топдингиз.
Лекин тан олишим керакки, буни қандай фаҳмлаганингизни билолмаяпман. Мен почтага тасодифан кириб қолдим, буни битта-яримтага гапирганимни эслолмайман.
– Бундан осони борми, – ҳайрон бўлганимни кўриб Шерлок Холмс мийиғида кулиб қўйди. – Шу қадар жўнки, тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Лекин шу мисолда сизга кузата билиш қобилияти билан хулоса чиқара билиш салоҳияти ўртасидаги фарқни кўрсатиб беришим мумкин эди. Кузатувлар шуни кўрсатдики, ботинкангизнинг тагчармига қизғиш лой ёпишган. Уигмор-стритдаги почтанинг олдида худди ўша пайтда ер қазишаётганди. Ҳаммаёқ қазиб ташланганидан почтага лойни босмасдан кириб бўлмасди. У ерларнинг тупроғи ўзига хос, қизғиш рангда, яқин атрофда бунақа тупроқ учрамайди. Кузатувлар натижаси шундай бўлди. Қолганларини мантиқий хулоса қилдим.
– Хўш, телеграмма жўнатганимни қаёқдан билдингиз?
– Буям жуда осон. Эрталаб ҳеч қандай хат ёзмаганингиз менга маълум эди-да, ахир, эрталаб анчагача рўпарангизда ўтирдим. Столингизнинг очиқ тортмасида бир даста почта откриткаси билан бир варақ маркага кўзим тушди. Хўш, почтага телеграмма жўнатиш учун бормасангиз, яна нима мақсадда боришингиз мумкин? Ортиқча, ўринсиз нарсаларни олиб ташласангиз, биргина фактнинг ўзи қолади, худди ўша факт ҳақиқатдир.
– Чинданам, ҳаммаси жўнгина-я, – дедим бир зум жим турганимдан кейин. – Лекин, ўзингиз ҳам сезиб турибсизки, бу жуда оддий, жўн воқеа. Хиралигимни кечирасиз-у, лекин услубингизни оғир бир синовдан ўтказишни истардим.
– Жуда хурсанд бўлардим. Бу мени ортиқча кокаин ичишдан халос этади. Истаган вазифангизни топширинг.
– Эсимда, бир пайт, агар бирор буюм узоқ ишлатилса, унда албатта эгасининг шахсига тегишли бирор из қолади, дегандингиз. Тажрибали одам ундан кўп нарсаларни уқиб олиши мумкин. Яқинда бир соат қўлимга тушди. Марҳамат қилиб айтсангиз, ўша соатнинг энг охирги эгасининг хулқатвори, одатлари қанақа бўлган?
Унга соатни қандайдир бир ички мамнуният билан узатдим, чунки, назаримда бу ечиб бўлмайдиган муаммо эди, мақсадим оғайнимнинг сал бўлсаям попугини пасайтириб қўйиш эди, зеро, унинг эътирозга ўрин қолдирмайдиган бир оҳангдаги гаплари, ўгит-насиҳатлари баъзида жаҳлимни чиқарарди. У соатни гўё салмоқлаб кўраётгандай қўлида бир зум ушлаб турди-да, кейин аввалига шундай, сўнгра икки қавариқли кучли лупа билан механизмини кўздан кечира бошлади. Холмс соат қопқоғини шиқ этказиб ёпиб, ҳафсаласизлик билан менга узатганида кулиб юборишимга сал қолди.
– Бир нима дейиш қийин, – деди у. – Соат яқиндагина устанинг қўлидан чиққан, у яхшилаб тозалаган. Шунинг учун ҳам қатъий бир нарса деёлмайман.
– Сиз ҳақсиз, – дедим. – Менга беришларидан олдин у чинданам соатсознинг қўлига тушган.
Унинг муваффақиятсизлигига ишонарсиз, шундай бир арзимас баҳона билан изоҳлагани учун кўнглимда оғайнимдан ўпкаладим.
Қизиқ, у тозаланмаган соатдан нималарни билиши мумкин?
– Гарчи натижаларим билан мақтана олмасамда, лекин ҳар ҳолда, унда баъзи бир нарсаларни кўрдим, – деди у шифтга паришонлик билан тикилиб. – Агар янглишгудай бўлсам, илтимос, мени тузатинг, Уотсон. Шундай қилиб, менимча, бу соат акангизники, унга отангиздан мерос қолган.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
1
Фишанг – патрон.
2
Кэб – извош, файтон.
3
Заррабин – лупа
4
Палимпсест – пергаментдаги ювилиб кетган ё қириб ташланган матн устидан қайта ёзилган қўлёзма.
5
Секретер – тикка туриб ишлашга мўлжалланган усти қия ёзув столи.
6
Пенсне – гардиши ва қулоққа иладиган чўпи бўлмаган, фақат икки шиша ўртасидаги тутқич билан бурун устига қўндириладиган кўзойнак.
7
Коптлар – Миср ва Сурияда яшовчи христиан динидаги араблар. Улар араб тилида сўзлашадилар.
8
Пиквик – Чарльз Диккенс романининг қаҳрамони.
9
Мисранг – лом.
10
Афина – Қадимги юнон мифологиясида олий худо Зевснинг қизи, жанговар маъбуда.
11
Ярд – Англияда 91,44 см.га тенг узунлик.
12
Фут – 30,48 см.га тенг узунлик ўлчови.
13
Миля – 7420 метр.
14
Юпитер – Рим мифологиясида олий худо.
15
Скотленд-Ярд – Лондон полициячиларининг бошқармаси.
16
Гўзал – моҳирона, доҳиёна (французча).