
Полная версия
Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)
– Шу книгаларнинг ҳаммасини ўқиганмисиз? – деб сўрадилар.
– Баъзиларини охиригача ўқиб чиққанман, айримлари билан қисман танишман, – дедим.
“Яхши”, деб чиқиб кетдилар. Бир оздан кейин аҳли аёлим кириб менга маъюс қараб, бирон сўз айтмай чиқиб кетди. Кейин аяжоним кириб тикилиб ўтирдилар, бошимни силадилар. Хуллас, кейин маълум бўлдики, дадажоним ихлос қўйган врач: “Кўп китоб ўқийверганидан ўғлингизнинг мияси айниб қолганга ўхшайди, психиатрга олиб боринглар”, – дебди. Ажабки, унинг гапига амал қилиб, психиатрга ҳам олиб боришди. Ботир акам билагимдан ушлаб олганлар, бошим айланиб кетмаслиги учун бир нуқтага тикилиб юраман. Буни кўриб психиатр мени кўзи ожиз деб ўйлабди. “Нега олиб келдинглар?” – деб ажабланди. Акам врачнинг йўлланмасини кўрсатдилар. Унинг жаҳли тез экан: “Ўша врачни олдимга олиб келинглар, ўзини даволаш керак”, – деб бобиллаб берди. Бу воқеани кўп эслайман, аҳли аёлимга ҳазил тариқасида таъна ҳам қиламан. Ўшанда кундалик дафтаримга буларни ёзиб қўйган эканман:
“Ажаб! Ҳисоблаб кўрилса, одам танасидаги аъзолар йигирма-ўттизта чиқар, балки сал кўпроқдир. Аммо шу танага шифо беришга мўл-жалланган юзлаб, балки минглаб дорилар бор. Ҳеч қайси дори, айниқса кимёвий дори хасталикни батамом даволай олмайди. Оддий мантиқ будир: агар даволай олганида ўлим бўлмас эди. Дори хасталик азобини бир оз ортга чекинтира олади, холос.
Замонавий медицина, асосан, Европа шароитини ҳисобга олган. У томонларнинг табиати, қуёши, ҳарорати бизникидан фарқ қилади. Ишлаб чиқарилаётган дорилар ҳам ўша ернинг тажрибасидан ўтади. Ўша ердаги беморларда синалади. Ҳолбуки, дард ва унга шифо масаласида ҳаво, сув, қуёш, тупроқ каби омиллар орасида жиддий фарқлар бор. Биргина мисол: Европа медицинасида “иссиқ ёки совуқ мижоз” деган тушунча йўқ. Иссиқ мижозли беморга ҳам, совуқ мижозлига ҳам бир хил дори. Айни бир дорининг баъзиларга ижобий, бошқаларга салбий таъсири айнан шундандир. Бизнинг табобатимизда эса бу нарса муҳим аҳамиятли саналади. Замонавий медицина яна бир нарсани эътибордан четда қолдиради: тан хасталигини келтириб чиқарувчи омил – руҳ хасталигидир. Руҳ хасталиги эса руҳнинг нопоклигидан келиб чиқади. Руҳ покланмай туриб шифога умид қилмаса ҳам бўлади”.
1988 йил ноябрь ойининг биринчи кунлари дадажоним ухламасалар-да, алаҳсирай бошладилар. Девор томондан кўзларига аждодлари кўриниб, улар билан суҳбатлашдилар. Кейин ўзлари қаттиқ ухлаб қолдилар. Мен Қори акани чақириб келдим. У киши аввал дадажонимга, кейин менга қараб: “Аллоҳдан умид қиламиз”, – деб пичирладилар-да, “Ёсин”ни ўқий бошладилар. Учинчи “мубийн”дан сўнг дадажоним чўчиб тушгандай кўзларини очдилар. Аввалига ҳеч нимага тушунмадилар. Менга тикилиб ётдилар, кейин Қори акага қарадилар-да: “Ёсин”ни ўқияптими?”– деб сўрадилар. Жавобни кутмай, бошларини девор томон ўгириб, кимлар биландир гаплаша кетдилар. Қори ака дам солишни ниҳоясига етказган пайтларида яна ухлаб қолдилар. Шунда Қори ака бир неча нафас ҳаракатсиз ўтирдилар-да: “Умид ёлғиз Аллоҳдан”, – деб пичирлагач, менга юзландилар:
– Ўғлим, қаранг, бурун катаклари кенгайиб, тепага тортиляпти. Умид Аллоҳдан, аммо зийрак бўлинглар, – дедилар.
Яқинда бир воқеани айтиб беришди: тақводор бир одам оғир хасталикка учраб, худди дадажонимга ўхшаб, уйқуга кетибди. Ўғиллари мураттаб қори эканлар, “Ёсин”ни ўқий бошлабдилар. Бир марта ўқиб, дам солганларида дадалари уйғониб: “Ҳа, ўғлим сизмисиз?” дебдилар-у яна уйқуга кетибдилар. Иккинчи марта ўқиб дам солганларида ҳам шу ҳол такрорланибди. Учинчисида яна уйғониб, ўғилларига қараб, мамнун равишда жилмайибдилар:
– Ўғлим, Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Аянгиз мени олиб кетгани келган эдилар, энди эргашган пайтимда сизнинг овозингиз келиб, изимга қайтдим. Сўнг яна аянгизга эргашдим, яна қайтардингиз. Энди учинчи марта қайтдим. Аянгиз узоққа кетганлари йўқ, интиқ кутяптилар, Аллоҳнинг изнига қарши бора олмаймиз, – дебдилар-у, ўша жилмайиш билан мангу уйқуга кетибдилар.
Бу воқеани эшитиб, дадажонимнинг сўнгги нафасларини эсладим. Аяжоним, Худога шукур, ҳаёт эдилар. Дадажонимнинг кўзларига кимлар кўринди экан? Уйқу аралаш “дада” деб ғўдираганлари ҳали ҳам қулоғим остида жаранглайди. Балки масжид остонасида қонга беланиб ётган дадалари кўрингандирлар? Балки онажонлари йўқлаб келгандирлар.
Эҳтимол шундайдир, билгувчи Аллоҳ! Хасталик мени қийноққа олган тунларда тушимга кўпроқ аяжоним кирадилар, пешонамни силайдилар. Дадажонимни ҳам кўраман, лекин улар мени чорлашмайди. Хирургларнинг қўлларидан омон чиқаётганимнинг ишораси шундадир.
Бунга ўхшаган ҳолатларни “Шайтанат”да баён қилганман:
Элчин тўппонча оғзидан сачраган оловни кўрди, сўнг… чуқур қудуққа ағанади. Юраги қинидан чиққудай бўлиб шитоб билан тубсизлик сари учаверди. Учаверди, учаверди… қудуқнинг тубидан эса дарак йўқ. Сўнг… қоронғулик чекиниб, атрофи ёриша борди. Ғалати манзаралар кўринди. Кейин бирдан… харобгина бостирма ёнида ота-онасини кўриб, титраб кетди. Волидайн тажрибахонада киядиган оқ либосларида эдилар. Элчин шум хабарни эшитибоқ мактабдан етиб келганида улар қўланса ҳидли тажрибахонада шу кийимда, жонсиз ҳолатда ётар эдилар. Уларнинг кимёвий тажриба ўтказаётиб заҳарланишганини кейинроқ билди. Шу пайтгача бирон марта бўлсин “заҳарланишганмиди ё ҳасадчи ҳамкасблари заҳарлашганмиди?” деб сира ўйламаган эди. Ҳозир тубсизлик сари учиб бораётганида нечукдир шу савол хаёлига келди. Пича тўхтаб, сўроғини сўради, аммо жавоб ўрнига бошқа гап эшитди:
– Сен бу ерда тўхтама, сени Ноила кутяпти, – деди онаси жойидан жилмай.
– Нима учун бу хароб бостирмада яшаяпсизлар? – деб сўради Элчин.
– Ҳар ким амалига яраша ажр олар экан, – деди отаси.
Элчин бу гапнинг маъносини тушунмади.
– Мени ахийри отишди, – деди Элчин. – Ойи, эсингиздами, қамоқдалигимда келиб, бошимни силардингиз, ўзим ҳимоя қиламан, дердингиз?
– Ҳимоя фақат Яратгандандир. Биз Тангримнинг хоҳиши билан сени ҳимоя қилар эдик. Бизга берилган бундай ҳуқуқ кучи бугун қирқилди. Биз сендан ҳар он дуолар кутдик. Ақалли бир мартагина пешананг саждага тегиб, ҳаққимизга дуо қилсанг, бизларни бу хорликдан оз бўлса-да, қутқарар эдинг.
– Имконим бўлмади.
– Имкон ўз қўлингда эди. Сен ҳам биз каби Тангридан йироқлашдинг. –Бўлди, бас, тўхтама, энди Қиёматда дийдор кўришамиз.
– Мен… ўлдим… энди сизлар билан бирга бўлишни истайман.
– Йўқ, болам, бу бахтдан бизлар бенасибмиз.
…Бу аёвсиз ҳукмни эшитиб, Элчин инграб юборди. Куёвининг ҳаракатсиз гавдаси узра энгашган Асадбек шу аламли, азобли инграшни эшитган эди…
…Ота-онаси бағрига сиғмаган Элчин яна уча бошлади. Сўнг яйдоқ далада, ўтлари, чечаклари топталган кенгликда Ноиласи кўринди. Ўша кўйлакда, аммо… кўкрагида қонли доғ йўқ. Ўша пичоқ… кўкрагида эмас, қўлида… учидан қон томиб турибди. Қамоқда эканида, тушларида кўрганида бу кўйлакда қонли доғ бўлгувчи эди. Энди эса топ-тоза…
– Ноилам, ниҳоят келдим, энди ҳамиша бирга бўламиз. Отишганидан хурсандман. Лекин афсусим ҳам бор… Охиригача қасос ололмадим. Фақат биттасини ўлдирдим… Нега индамайсан, Ноила?
– Биттасини ўлдирдингиз… бир бегуноҳ бокира қизни эса, булғаб ташладингиз. Бу камми сизга?!
– Бу – қасос, Ноила! Ахир эсингдами, тушларимга кириб, қасосга ундар эдинг?
– У мен эмас эдим.
– Нима учун бундай деяпсан, тушларимга киргучи сен эдинг!
– Йўқ, адашяпсиз, у – қалбингиздаги шайтон эди. Менинг қиёфамга кириб сизга кўринар эди. Ўйлаб кўрмадингизми, бир қизни булғашга мен сизни даъват этишим мумкинмиди? Мен сизни ҳеч ёмонликка қараб ундаганманми? Мана бу топталган чечакларни кўряпсизми? Буларнинг бари булғанган қизлар. Зайнаб ҳам бир куни шу ерга келади. Мен сизни деб бир неча дақиқага турдим, ҳадемай яна чечакка айланаман.
– Мен келдим, Ноила, у дунёда зурриёдим қолмади. Ёлғиз ўғил эдим, уруғимиз қуриди.
– Фарзанд кўришни ўзингиз истамадингиз, ёшликда ўйнаб қолайлик, дедингиз. Ўйнаб-ўйнаб шу мартабага етдингиз.
– Гуноҳларим кўп, биламан, Ноила, энди иложисизман. Энди биз бирга бўламиз.
– Йўқ, сизнинг жойингиз бошқа. Сиз изингизга қайтасиз.
– Ноила, мени ота-онам ҳам ҳайдашди, сен ҳайдама. Мен энди айрилиқ азобига чидай олмайман.
– Сизни ҳайдовчи мен эмасман. Сиз Зайнабга қайтинг.
– Ундай дема, Ноила, қайтмайман. Ҳайдама мени… Биламан, сенинг олдингда гуноҳкорман.
– Сиз Аллоҳ олдида гуноҳкорсиз. Мен сиздан розиман, аммо Аллоҳ рози бўладими-йўқми, билмайман. Қайтинг!
– Ҳайдама! Ноила!
– Сизни ҳайдагувчи мен эмасман.
Шундай деб Ноила кўздан йўқолди – чечакка айланди. Элчин фарёдли овози билан чақирди:
– Ноила!
Унинг ноласи саҳро бағрига томган томчи каби самарасиз бўлди. Кўкрагида алам илони тўлғониб, ингради.
* * *Ўшанда бир дўстимни ранжитганман, ранжитишга мажбур бўлганман. 3 ноябрь куни дадажонимнинг аҳволлари янада оғирлашиб, “Тез ёрдам” чақирдим. Ўша пайтда дўстим келиб: “Балконимга ясатган ромни ўрнатиб беринг”, – деб илтимос қилди. Шу онда врач чиқиб: “Дадил бўлинг, хафа бўлсангиз ҳам айтаман, эрталабгача бормайдилар”, – деди. Бу ҳукмни дўстим ҳам эшитди. Врачнинг гапи эсимни тескари қилиб юборди. Юрагим тўхтаб қолгандай бўлди. Врачнинг гапи Қори аканинг огоҳлантиришини ҳукмга айлантирди. Бўғзимга бир нима тиқилди, тақдир ёзуғига бўйсинишдан ўзга чорам йўқ эди. Шу ҳолда турганимда ўша дўстим: “Эртага ўрнатиб беринг, индинга менинг вақтим йўқ”, –деди. Чорасизликдан эзилиб турган юрагим бир қалқиб тушди. “Бугун ҳам, эртага ҳам бора олмайман”, – дедим. У вазиятни тушуниб, менга руҳий далда бериш ўрнига “Вой-бў, бир марта ишим тушувди, тарозига соласиз-а”, деб бурилди… Жанозага келмади… Ўзи тирик, қалби ўлик дўстдан ажралиш шунақа бўларкан.
Дадажонимнинг жанозалари ўзлари ишлаган, обод қилган мактабнинг рўпарасидаги Кўкча масжидида, 4 ноябрь, жума намозидан сўнг ўқилди. Ўзлари севган мактабнинг яқингинасида, шайх Зайниддин бува зиёратгоҳининг пойида ётибдилар…
Дадам ўлди,гўё чўкди тоғ,шамол йўли очилиб кетди.Қучоқладик бир-биримизни,ўткир совуқсуякка етди.Шундагина англадик, қандайоғир бўлган унинг аҳволи,Тоғдай жисми билан у тўсибтурган экан барча шамолни.Бўшлиқ эзди юрагимизни,Оғушида сўзлатди қайғу:“Биз ғафлатда яшар эканмиз.Қандай улуғ одам эди у”. (Шавкат Раҳмондан)Шомдан кейин акаларим, бошқа ҳассакашлар уйларига кетишди (Авваллари марҳумнинг яқинлари тобут олдида ҳасса ушлаган ҳолда борардилар. Баъзи жойларда бу одат ҳали ҳам бор. Дарахт навдаларидан таёқ ясаб олишади. Дафн маросими тугагач, ҳассалар қабр тепасига ташланади. Тошкент томонларда бу одат энди йўқ, лекин “ҳассакаш” атамаси “дардкаш” – “ҳамдард” маъносида сақланиб қолган. “Ҳассакаш” араб ва форс тилидаги сўзлардан ясалган, олдинда йўл бошлаб борувчи маъносини англатади. Тўй маросимида хизмат қилувчи қариндошлар, яқинлар ҳам “ҳассакаш” аталади). Хуфтондан сўнг кўча эшигини ёпиш учун бордим. Эшикни беркитишга, айниқса, қулфлашга қўлим бормади. Дадажоним худди эшик ортида маъюс тургандай эдилар. Кўчага чиқиб Кўкча томонга қараб турдим. Ҳолатимни сездилар шекилли, аяжоним чақирдилар. Эшикни қия ёпдим, қулфламадим. Субҳи содиқда туриб, эшикни очиб қўйдим. Бу вазифани ҳамиша дадажоним бажарардилар. Энди бу иш менинг зиммамда эканини англадим. Ўшандан бери эрта тонгда дарвозага яқинлашаман, Ўз паноҳида асрагани учун Тангри таолога шукурларимни изҳор этгач, эшикни очаман, ўзимизга, қўшниларга ҳаловат беришини сўраб дуо қиламан.
1988 йил 5 ноябрдан эътиборан менинг кун тартибим ўзгарди. Аввал барча ухлагандан кейин ёзув столига ўтирар эдим. Баъзан тонгга қадар жойимдан жилмасдим. Дадажоним туриб, бомдодни ўқиганларидан кейин мен уйқуга ётардим. Тонгда кўча эшигини очиш вазифаси зиммамга тушгач, ижод вақти ҳам тонгга кўчди. Энди хуфтондан сўнг уйқуга ётиб, субҳи козибдан аввалроқ, тунги учда туриб иш бошлашга одатландим. Тенгдошларим эрталаб ухлаб ётишимни гапириб, масхара ҳам қилишарди. Айниқса, наҳордаги тўй ёки маърака ошига кечиксам, уларга гап топиларди. 1988 йилдан эътиборан кулишларига асос қолмади.
Отанинг ёки онанинг ёки икковининг хасталаниб ётиб қолиши бемор учун ҳам, унинг фарзандлари учун ҳам ҳаётдаги энг асосий имтиҳонлардан бири саналади. Хазонрезги фаслига кирган қарияларнинг Аллоҳга илтижо қилиб: “Селдай келиб, елдай олсин жонимни” ёки “Илойим ётқизиқлиқ қилмасин” ёки “Қариганимда бошқаларга муҳтож қилма”, деган дуоларини эшитиб турамиз. Ажал фариштасининг бирданига келиб, осонгина жон олишини ҳамма истайди. Яширмайман, менинг бу кунлардаги умидим ҳам шу. Пешонаси саждага қўйилганича жон берганларга ҳавас қиламан. Афсусларки… пиёласига тўлдирилган ароқнинг иккинчи қултумини ютолмай жон берганлар ҳам, ўйнашининг уйида жағи очилиб, кўзлари олайиб қолганларни ҳам эшитганмиз. Европадаги тунги ресторанларнинг томи босиб қолгани, ўнлаб ёшларнинг ўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқатиб турилади.
Гап қандай жон беришда эмас, боқий дунёга покиза руҳ билан боришда, иймон калимасини айтишга улгуришда. Қандай жон бериш одамнинг истаги билан эмас, тақдир ёзуғига ёзилган Аллоҳнинг амри билан бўлади. Хасталикка одамлар турлича муносабатда бўладилар. Бировлар “Қилган гуноҳларининг жазоси” сифатида қарайди. Бировлар эса: “Аллоҳ менга оғир хасталик бериб синаяпти”, – дейди. Қайси бири тўғрилигини ҳам Яратганнинг Ўзи билади. Қудсий ҳадисда марҳамат қиладики: “Эй бандаларим, мен бир мўмин бандамни (бирон касаллик билан) мубтало (имтиҳон) қилсам ва Менинг (мубтало қилганимни) ўзини зиёрат этиб келувчиларга шикоят қилмаса, мен у бандамни асирлар қаторидан (жаҳаннам асирлари ёки турлича касаллик асирлари қаторидан) халос этаман”. Яна айтадики: “Эй бандаларим, мен бандаларимдан бирортасининг баданига ёки боласига ёки мол-дунёсига мусибат юборсам, у менинг мусибатимни сабр билан кутиб олса, Мен Қиёмат кунида унинг номига тарози тикишдан ёки унинг амал дафтарини очишдан ҳаё қиламан (чунки унинг амаллари тарозига сиғмайди, амал дафтарини Мен фазли карамим билан нуқсонларини беркитаман) ва азоб бермайман”.
Булардан шундай маъно оламизки, хасталик сабр имтиҳони экан. Бу ўринда фақат бемор эмас, фарзандлар ҳам сабр имтиҳонидан ўтадилар. Қуръони карим оятларига диққат қилайлик:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, не азобда туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Энди у қачон вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукур қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта, мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва, албатта, мен мусулмонлардандирман”, – деди (Аҳқоф сурасидан).
“Раббинг фақат Унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт. Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва “Раббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт” (Исро сурасидан).
“Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга яхшилик қилинглар!” (Нисо сурасидан).
Ота ёки она ёки иккови тўшакка ётиб қолгудай бўлса, фарзандлар “Уфф” демасликлари, балки уларга чиройли хизмат қилишлари лозим экан. Узоқ ётиб қолган беморга қараш осон эмас. Бировлар чидам билан қарайди, кимдир бурнини чийиради, бошқаси “уфф”лайди. Беморнинг зийрак нигоҳи барча ҳолатни сезиб туради. Шунга яраша дуо қилади. Беморнинг дуосини ижобат қилишга Аллоҳнинг ваъдаси бордир.
Ўтган йиллардан мисол: қариб қолган отанинг бир ўғил ва бир қизи бор. Ўғилнинг турмуши тўкин, жамиятдаги мавқеи ҳам баландроқ. Қизининг оиласи бир амаллаб кун кўради. Ота хасталаниб касалхонага тушганида бу фарзандларнинг меҳр-оқибати аниқ кўринади. Ўғил ишда банд эканлигини баҳона қилиб кам келади. Ўғилнинг меҳри шундай бўлгач, оиласиники қандай бўларди? Қиз эса кунда икки-уч қатнайди. Шунда ота қўлларини баланд кўтариб, қизни дуо қилади. Қиз кетгач, жони узилади. Ўша дуо – отанинг розилиги эди. Аллоҳ ҳам ундан рози бўлди. Ўғилнинг оиласидан барака кўтарила бошлади. Бошига кўп ташвишлар тушди. Қариганида фарзандлари ёнида бўлса ҳам, сутга ивитилган бир қошиқ нонни оғзига тутгувчи меҳрибон топилмади. Касалхона фаррошининг қўлида жон берди. Фаррош мусулмонлик қоидаларини билмагани сабабли жағлари, оёқ-қўллари боғланмай, ғассолни ҳам анча қийнади. Ғассол қанча уринмасин, жағ очиқлигича кетди. Бемор ота дуосини олган қизнинг оиласи эса кундан-кун яшнай берди. Қиз кексалик ёшига етганида, хасталанганида фарзандлари қўлларида кўтариб юрганларини ўзим кўрдим. Жон беришлари ҳам мўъжиза каби юз берди. Фарзандлари даврасида, гапларидан адашмай, яхши насиҳатлар қилиб, бир нафас билан енгилгина жон бердилар.
Шу кунларда, шу дақиқаларда ҳам кимнинг отаси ёки онаси шифохонада ётгандир. Уларни йўқлаб ҳар куни боряпмизми? Билишимиз жоизким, уларга докторнинг дориси эмас, бизнинг иссиқ юзимизни кўриш даводир. Кунда бир борамизми? Нима учун икки марта бормаймиз? Борганда ҳам неча дақиқа ўтирамиз? Ўн дақиқами ё ярим соатми? Ҳа… биз ишга банд одамлармиз. Ишимиз кўп. Энди диққат қилайлик: ишимиз кўп, аммо ота-онамиз кўп эмас. Биттагина! Бугунги ишни эртага бажарсак ҳам бўлади. Бугунги мажлисга кирмаслик ҳам мумкин. Бироқ ота-она ғанимат, бугун кўргани келолмасангиз эртага иссиқ юзларини эмас, совуган жасадларини кўришингиз мумкин. Аллоҳ сақласин! Ҳар нафас ғанимат, ҳар дақиқа ғанимат. Дийдор онларини қўлдан чиқарсангиз то ўлгунингизча армонда яшайсиз. Қиёматда қандай ҳолда дийдор кўришасиз? Жаннатда жам бўласизми ота-онангиз билан ёки дўзахда армон ўтида ёнасизми?
Азизим, эҳтимол шу сатрларни ўқиётганингизда отангиз ёки онангиз шифохонададирлар. Аллоҳ уларга шифо берсин. Сиз эса… қўлингиздаги китобни қўйинг. Уларни йўқлашга шошилинг, ҳузурларига боринг, дуоларини олинг. Эҳтимол ота-онангиз соғдир (ҳамиша соғ бўлсинлар), аммо бошқа маҳаллада ёки бошқа шаҳарда яшашар. Бошқа шаҳарда бўлишса қўнғироқ қилинг, ёки икки оғиз ширин сўзингизни оқ қоғозга тушириб, йўлланг. Бу ҳам савоб…
Сабр имтиҳонидан ўтган фарзандлар Аллоҳнинг марҳаматига эришадилар. Мен, акаларим, опаларим, жиянларим шундай мартабага эриша олдикми? Бу ҳам бизларга маълум эмас, шундай даражага етказишни Аллоҳдан илтижо қилиб сўраб яшаяпмиз. Атрофимиздаги воқеаларни кузатганда кўриб, ёки бошқалардан бундай мартабага эриша олиши гумон бўлган фарзандлар ҳақидаги гапларни эшитиб, афсусланаман. Фарзандларнинг нодонликларидан афсусланаман. Булар ҳақида ҳам кўп ўйлайман, айрим издиҳомларда ёшларга ибрат бўлсин учун, гапириб бераман.
Бир биродаримиз кўзида ёш билан айтиб эди: отаси хаста экан. Катта акаси ақиқа маросимига тайёрланаётган экан. Бизда бунақа одат кўп учрайди. “Отам (ёки онам) кўриб қолсинлар”, деб тўй ёки бошқа маросимни тезлатамиз. Бу, албатта, яхши ният. Аммо бу ният ортида “отам (ёки онам) ўлса, тўйим қолиб кетади (ёки тўйга атаганларим азага ишлатилиб кетадими)” деган ҳадик ҳам бўлади, буни яширмайлик. Хуллас, биродаримизнинг акаси ақиқа дастурхонига олинажак неъматларни рўйхат қилиб ўтирганида хаста ота: “Қуюлтирилган ширин сут ҳам олиб келгин”, – деб илтимос қилибди. Шунда нодон ўғил ўйламай-нетмай: “Бунақа сут ҳозир отлиққа йўқ, қаердан топаман”, – дебди. Хаста ота индамабди. Ўша пайтда бу нарсанинг топилиши чиндан ҳам қийин эди. Аммо ўғил отанинг кўнгли учун “албатта топамиз”, деса кифоя эди. “Худонинг марҳаматини қарангки, – дейди биродаримиз, – акамнинг бу гапларидан ранжиб турганимда бир дўстим дадамни йўқлаб, иккита нон билан ўша сўралган қуюлтирилган ширин сутдан олиб келди. “Мана, дада, сўраганингиз, очиб берайми?” – деб сўрадим. Дадам банкани қўлларига олиб, ҳудди гўдак бошини силагандай силардилар-да: “Кейин очасан”, – дедилар. Ақиқадан сўнг дадам ҳушларини йўқотдилар ва кўп ўтмай бу фоний дунёни тарк этдилар. Аёллар дадам истаган қуюлтирилган сутни очиб, ширинликлар пишириб, маърака дастурхонига қўйдилар…”
Шунга ўхшаган воқеалар оз бўлса ҳам учраб турадики, ундан кўзюммоқлик мусулмон боласига хос эмас. Ота-оналарини иззат қилувчиларни ҳаётда кўп учратамиз ва бундан кўнгилларимиз шодланади. “Менинг фарзандларим ҳам шундай солиҳ бўлсин”, деб ният қиламиз. Ният қилишимиз яхши, аммо шунинг ўзи кифоя эмас. Фарзанднинг олижаноб, фазилатли бўлиши фақат унинг насл-насабига тааллуқли бўлиб қолмайди.
Баъзи беморларнинг нафси ниманидир талаб қилади. Бу талаб кўпинча ўткинчи бўлади. Ўша нарса топиб келинганда егиси, ичгиси келмай қолади. Бобур Мирзо ўлим тўшагида ётганларида Андижон қовунини егилари келган экан. Баъзи беморларнинг хаёллари чалғиб қолади. Нимадаъво қилаётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Ҳикматхон катта бувимизнинг бетобликларини эшитиб, Тўйтепага бордим. Овқатланиб ўтир-ган эканлар. “Келиним менга гўшт бермайди”, – деб нолиб қолдилар. Шўрванинг сувини ичиб олганлар, битта картошка билан иккита сергўшт устихонга ҳали навбат келмаган… Фотимахон янгамиз бу гапдан уялиб кетдилар. Мен бу қарилик сабабидан хаёлнинг чалғиши эканини айтиб, хижолатликдан чиқаргандай бўлдим. Агар киши соғ пайтида шундай деса, туҳматга киради ва унга жавобан бир нима дейиш мумкин. Лекин бу андишали ҳолатни сабр сукути билан енгиш, беморга норизо сўз айтмаслик, кўнглини оғритмаслик керак бўлади.
Ўз уйида фарзандларининг меҳрибонликларини кўриб ётган беморни бахтли дейиш мумкин. Чунки айни дамда “Қариялар уйи” деб номланмиш жойларда ўз ўлимларини кутиб ётган беморлар ҳам бор. У бечораларнинг фарзандлари ҳақида нима деймиз? Бундан ўттиз-қирқ йил аввал бундай уйларда ўзбекларни кўрсак ажабланардик. Энди ажабланмайдиган бўлиб қолдик. Ҳолбуки, биз ажабланиш нима экан, фарёд уришимиз керак! Отаси ёки онасини шундай жойга юборган аблаҳнинг ёқасидан олишимиз керак. Ўша аблаҳ қайси биримизнинг яқин қариндошимиз, ён қўшнимиз, ёки маҳалладошимиз, ёки бирга ишлайдиган ҳамкасбимиз-ку? Нега индамаймиз?
Биз жамиятдаги ана шундай фожиага шоҳидмиз. Нечун жиммиз? Нечун бундайлар билан муроса қиламиз? Нечун уларнинг дастурхони атрофида ўтириб, таомидан еймиз? Сиз қариялар уйидаги бечораларнинг кўзларидаги ёшларни кўрганмисиз? Кўрмаган бўлсангиз, тасаввур қила оларсиз? “Ота-онанинг йиғлаши боладан норози бўлганларидан далолат беради ва бу эса катта гуноҳлардандир”, деган ҳадиси шарифни била туриб, нечун уларни огоҳ этмаймиз? Ота-онага оқ бўлиш гуноҳларнинг энг катталаридан бири эканлиги ҳақидаги Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак сўзларини нега етказмаймиз у нодонларнинг онгига?
Оқ бўлиш – ота-онага озор бериш, ранжитиш ва буйруқларини бажармасликдан иборатдир. Ота ёки онанинг ноқобил фарзандига қараб: “Сени оқ қилдим”, – деб эълон қилиши шарт эмас экан. “Диллари оғришининг ўзиёқ фарзанднинг оқ бўлишидир”, – дейдилар. “Оқ бўлиш”нинг луғавий маъноси – ажралишдир. Яъни фарзанд ота-онасидан тириклайин ажраляпти, демак. “Қариялар уйи”да отаси ёки онасига жой ҳозирлаётганлар унутмасинларким, улар айни чоқда дўзахдан ўзларига ўтли жой тайёрлаяптилар. Зотан, дўзахнинг “ҳасрат қудуғи” деб номланган энг ёмон жойи ота-онасини хорлаганлар учун эканлиги мўътабар китобларда алоҳида зикр этилган.
Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани судида бундан-да аянчлироқ воқеага шоҳид бўлган эдим: ота қизини судга бериб, оғир жазо беришни талаб қиляпти. Ажабланяпсизми? Мен ҳам дастлаб ажабланган эдим, сўнг ғазабландим. Гувоҳликка келганлардан бири: “Агар одилман, десангиз, бу қизни энг олий жазо – отишга ҳукм қилинг, ҳукмни халқ олдида ижро этинг. Ноқобил фарзандлар бундан ўрнак олсин!” – деди. Ўлим жазосига лойиқ кўрилаётган қиз отанинг ёлғиз фарзанди экан. Онадан ёш етим қолибди. Қизининг бахтини ўйлаб, ота бошқа уйланмабди. Қизини орзу-ҳавас билан куёвга узатибди. Хасталаниб, шифохонага ётганида нафсига банди қизи ота номидан қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, уйни сотиб юборибди. Ота шифохонадан қайтсаки, уй йўқ… Қолгани сизга маълум. Албатта, суд бу фарзандни ўлимга ҳукм қилмайди. Товламачилиги учун бир неча йилга қамар ёки аёллигини эътиборга олиб, озодликдан шартли равишда маҳрум қилар. Лекин Аллоҳнинг жазоси қаттиқ бўлади. У фарзандни суд ўлимга ҳукм қилмаса ҳам, у аллақачон ўлган, тирик ўликка айланган. Ундан энди ер ҳам ҳазар қилади. Эсини йиғиб тавба қилса қилди, бўлмаса охирати тамоман куяди. У-ку, тавба қилар, аммо ота рози бўлармикин ундан?
Бир йигит Расулуллоҳга (с.а.в.) шикоят қилиб дедики:
– Отам қариб, жуда бевош бўлиб кетганлар. Ақлдан озганларми, деб қўрқаман. Уйимга келиб, қўлларига нима илинса, шуни олиб чиқиб кетаверадилар.
Сарвари коинот (с.а.в.) отани чақиртирдилар. Ҳузурларига келганқари, бечораҳол, уст-бошлари хароб одамдан: “Ўғлингнинг гаплари тўғрими?” – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўғри, – деди чол. – Мен ўғлимни ўзим тарбия этганман. Онаси барвақт вафот этган эди. Ўзим емай – ўғлимга едирдим, ўзим киймай – ўғлимга кийдирдим. Қариганимда боқар, деб умид қилдим. Аммо у бераҳм чиқди. Мендан хабар олмайди. Ўзим уйига келиб, қўлимга илинган нарсани олиб чиқиб сотаман-да пулига овқат олиб ейман. Ё Расулаллоҳ! Шу ишим дурустми ё дуруст эмасми?






