
Полная версия
Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)
Отанинг бу гапларини эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.) ўғилнинг елкасидан маҳкам ушладилар-да, дедилар: “Топган нарсаларинг, ҳатто сенинг ўзинг ҳам отангнинг мулкидир. Агар топган мулкинг етмаса, отанг сенинг ўзингни сотиб пулини емоқликка ҳаққи бор. Сен ўйламагинки, топган мулкларимга ўзим моликману отамнинг унга алоқаси йўқ, деб. Ҳаммасига отанг эгадир!”
Бир қўшиқ радиода, тўй оши маросимларида ҳам кўп айтилади. Ундаги “Эй ўғил, ҳаддингда тур, отанг сени сотганда ҳам” сатрига ёшларнинг ҳамиша эътибор қаратишларини истар эдим.
Не шодки, бизнинг юртимизда ота-онасини ҳурмат қилувчилар кўп. Камина истиқомат қилувчи “Илғор” маҳалласида Япония мамлакатидан келган бир ёш олим ижтимоий тадқиқот олиб борди. У маҳалладаги барча маросимларда иштирок этишга ҳаракат қилди. Унинг зийрак фаҳми фарзандларнинг ота-оналарини беқиёс тарзда ҳурмат қилишларини англабди. Бир куни у билан суҳбат чоғида дунёга машҳур япон адибларининг асарларидан гап очдим.
– Ҳа, Япония улуғ ёзувчиларга бой мамлакат. Менинг юртим илм-фанда ҳам илгарилаб кетган, – деди у. – Аммо ҳар бир халқ илм-фанда ёки адабиётда худди шундай, балки бундан ҳам аълороқ ютуққа эртами-кечми эришиши мумкин. Лекин сизнинг халқингиз эришган бойликкаҳамма ҳам эриша олмайди. Айниқса, ҳозирги кунларда, ҳамма нарса илм-фан тараққиёти мезони билан ўлчаниб, маънавий оламдан узоқла-шилаётган асрда қийин, ғоят қийин. Мен фарзандларнинг ота-оналарига меҳрибонлигини назарда тутяпман. Бу мен учун янги оламдай туюляпти. Чунки мен бу оламни йўқотганман. Ҳозир ота-онам хаста. Акам қўшни оролда яшайди. Лекин бир неча ойлаб келиб кўролмайди. Келса, ишдан қолади. Ишдан қолса, вазифасидан ҳайдалади…
Япониялик меҳмон шундай деб хўрсиниб, кўзига ёш олган эди…
Муҳтарам ва азиз мухлисимиз, китобнинг шу сатрига қадар мен билан ғойибони сирдош бўлиб келаётганингиз учун миннатдорлик билдираман. Гап ота ва она ҳақида кетаётгани учун хотиранинг бу ўрнида бир хайрли дуога эҳтиёж сездим. Келинг, биргаликда Аллоҳга муножот қилайлик:
– Ё Аллоҳим, ё Раббим! Гуноҳларимизни афв эт. Кимники отаси ёки онаси, ёки икковлари ҳаёт бўлса, уларнинг умрларига-ризқларига барака бер. Дардмандларининг дардларига даво бер. Фарзанду набиралари бахти иқболини кўриш саодатини насиб айла. Фарзандларини гўдаклик чоғида қандай раҳм ва шафқат билан тарбия этган бўлсалар, Сен ҳам уларни шундай шафқатинг билан паноҳингда асра. Ҳақ йўлингдаги ота-оналарнинг фарзандлари ҳаққига қилган хайрли дуоларини даргоҳингда қабул ва мақбул айла. Ҳақ йўлингдан адашганлар орасидаги ота-оналарга ҳидоят бер. Ота-онасини Ўзингнинг байтинг – Каъбатуллоҳ зиёратига олиббормоқни ният қилиб юрган фарзандларнинг ниятларини амалга ошир. Оталари ёки оналари, ёки икковлари билан ёнма-ён юриб, “лаббайка!”ни айтиб Ҳаж ибодатларни солиҳ равишда амалга оширмоқларини насиб айла. Ота-оналарининг қадрига етмай юрганларнинг қалбини юмшат, кўзларини оч, инсофу тафвиқ ва ҳидоят бер. То Қиёматга қадар туғилиб, яшовчи зурриётларни бизлар йўл қўйган хато ва гуноҳлардан асраб, ота-оналарга иззатда бўлувчи солиҳ фарзандлардан қил.
Кимнинг отаси ёки онаси, ёки икковлари бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилишган бўлишса, уларни мағфиратингга ол. Уларнинг изидан қилинаётган дуоларни даргоҳингда мақбул айла. Уларнинг тавбаларини ва улар учун фарзандлар қилаётган тавбаларни ҳам қабул этиб, то Қиёматга қадар қабр азобларидан асра. Қиёматда Ўзинг “бандам!” деб, аъмол номаларини ўнг қўлларидан олмоқликларини насиб айла, жаноб расули акрам Муҳаммаднинг (с.а.в.) шафоатларини насиб этиб, Ўзингнинг жамолингни кўриш бахтини бер. Кимки бурчини солиҳ фарзандлар қаторида адо эта олмаган бўлса, кимки отаси ёки онасини, ёки икковининг кўнглини ранжитган бўлса-ю, энди надоматлар чекаётган бўлса, уларнинг ҳам тавбаларини қабул этиб, лутфи караминг билан гуноҳларини кечир. Қиёматда волидайнга очиқ юз билан рўпара келишларини ва жаннатда бирга бўлмоқларини насиб айла. Омийн йа Раб ал-оламийн!
Онангдан бош товлама, ошмасин дарди, Ҳаёт тожи эрур оёғин гарди. (Рудакий)“Жаннат оналар оёғи остидадир”, мазмунли ҳадиси шарифни эшитмаган одам йўқдир. Аммо унинг маъносини ҳамма ҳам билавермаса керак. Онасини ёлғиз ташлаб, мушриклар билан урушга отланган йигитни Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтариб, шундай деганлар. Яъни, жаннатга тушиш учун ғазотда жон бериб, шаҳидлик мартабасига етиш шарт эмас. Онангнинг хизматини қилиб, розилигини олсанг бас, шу топган савобинг сенга жаннат йўлини очади, дейилмоқчи.
“Аяжонимнинг хизматларини етарли даражада адо эта олдимми, розиликларига эришдимми?” – деган савол мени ҳеч тинч қўймайди. Бундай савол онажонини боқий дунёга кузатган ҳар бир фарзандни қийнаса керак? На иложки, ҳеч ким бу саволга фоний дунёда жавоб топа олмайди. Аниқ жавобни Қиёмат куни биламиз. Унгача эса ота-онамиз билан Жаннатда учраштиришни Аллоҳдан илтижо қилиб яшаймиз.
Японларнинг кўп қисмли “Ошин” кинофильмини кўриб, аяжоним ҳаётлари асосида шундай асар ёзишни орзу қилиб эдим. Ҳозирча бу иш қўлимдан келмай турибди, аммо орзуим кучи сусайганича йўқ, инша Аллоҳким, умидим ушалиб қолар. Сабр ҳақида кўп гапирилади. Агар бу руҳий қувватни жисмоний шаклда кўрсатиш мумкин бўлиб, ҳайкал ўрнатилса, мен бу ҳайкални аяжоним тимсолида кўраман.
…Барг устида ўрмалаётган ипак қурти бир зумгина тўхтаб, бошини кўтарди-ю, атрофида ҳаёт жўш ураётганини кўрди: кимдир чириллаб қўшиқ айтарди, кимдир сакраб қувнарди, кимдир роҳатланиб учарди… Атрофдаги ҳамма тинимсиз ҳаракатда эди. Фақат у бечорагина учолмасди, қўшиқ ҳам айтолмасди. Ўрмалашдан ўзга юмуш қўлидан келмасди. Бир баргни кемириб адо қилиб, иккинчисига ўтгунча ўз назарида дунёни айланиб чиққандай бўларди. Бироқ шунга қарамасдан у тақдиридан нолимасди, бошқаларга ҳавас ҳам қилмасди, “ҳар ким ўз иши билан шуғулланмоғи лозим”, деб ҳисобларди. Ҳафталар ўтиб, ўзига ипакдан ажойиб уй тўқишга навбат етди. У ошиқча мулоҳаза қилиб ўтирмай, ўзига буюрилган юмушни адо этишга киришди – атрофини ипак толалари билан ўраб чиқди-да:
– Яна нима қилай? – деб сўради.
– Сабр қил, – деган овоз эшитилди, – ҳаммаси ўз навбати билан.
Вақти келиб ипак қурти уйғонди, у энди аранг ўрмаловчи қурт эмас, гўзал капалак бўлиб кўз очди. Ўзининг ипак саройидан чаққонлик билан ёруғ дунёга чиқиб, чиройли қанотларини қоққан ҳолда уча бошлади…
Сабр гадони подшоҳ даражасига кўтариши мумкин. Сабрсизликподшоҳни гадолик ботқоғига ботиради. Қудсий ҳадисда: “Эй Одам фар-занди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражага кўта-раман”, – деб марҳамат қилинган.
Фарзандларимизни, яқинларимизни дуо қилганимизда бахт-саодат тилаймиз-у, аммо сабр-тоқат, қаноат тилашни унутамиз. Сабр-қаноатсиз бахт-саодатга етиб бўлмаслигини биламизми? Биз фақат жанозага борганимиздагина марҳумнинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу яхши одат. Бошига мусибат тушган ҳар бир бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиб туриш аъло фазилатлардан. Қудсий ҳадисда дейиладики: “Эй бандаларим, мен бандаларим ичидан бир мўмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойдан турганида хато-гуноҳлардан онаси туққан кунидек пок бўлиб туради”. Мусибатга чидаш қийин бўлганидан унга сабр қилувчиларга ана шундай мукофот ваъда қилиняпти! Мусибат сабрли одамга бир, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлади. Мусибат кўрганида кишининг илк сўзлари: “Аллоҳим, мени собирлардан қилгин. Мусибатнинг ажрига муваффақ қил”, – деган дуо бўлса хайрлидир. Бироқ, афсуски, айрим биродарларимиз мусибат тоши остида эзилиб, тилларидан қандай сўзлар учаётганини билмайдилар, Аллоҳга қарши исён қиладиган даражага бориб етадиларки, шу боис уларга сабр тиламоғимиз, Имом Ғаззолий ҳазратларининг: “Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асл бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир”, деган ҳикматларини эслатиш дурустдир. Аммо сабр фақат мусибатли кундагина керакми? Бу саволга ҳар биримиздан жавоб лозим.
Инсон жисмоний жиҳатдан бақувватлигига мағрурланиб юраверади, аслида эса у ғоят ожиздир. Тоқати етмайдиган юмушлари кўп. Сабрсизлиги учун йўл қўяётган гуноҳлари ундан-да кўпроқ.
Ҳаёти давомида кишининг боши устидан қуёш чарақлаб туриши баробаринда турли хил ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик – танглик ҳам, тўқлик – очлик ҳам, ғалаба –мағлубият ҳам, шодлик – мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Одам боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиши, умидсизланмаслиги, ҳақ устида сабот билан туриши талаб этилади. Дунё ғами келиб-кетувчи меҳмондир. Абадий қолади, деб ранжимаслик керак. Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса собир бўлиш иймон жумласига киради.
Буқрот ҳаким илми ҳикматда равнақ топгач, узлатни ихтиёр этдилар. Бир куни подшоҳ хасталаниб, ул зотни ҳузурига чақиртирди. Буқрот ҳаким подшоҳнинг даъватини қабул қилмадилар. Шунда ул зотнинг ҳузурига вазирнинг ўзи келди. Қарасаки, Буқрот ҳакимнинг емишлари турли гиёҳлар экан. Вазир подшоҳнинг амрини айтиб, ялинса ҳам, ҳаким кўнмадилар. Шунда вазир аччиқланиб дедики:
– Подшоҳларнинг хизматини қилишни ўрганганингда бунақа гиёҳ еб ўтирмас эдинг.
Бу дашномни эшитган ҳаким кулдилар ва дедиларки:
– Агар сен гиёҳ еб яшашга қаноат қилишни ўрганганингда жонингни хатарга қўйиб, подшоҳ хизматини қилмас эдинг.
Донолар деганларки: “Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси”. Ҳикмат аҳли барча нарсадан айнан шу сабр азобини аъло кўрганларки, ажрлари юқори бўлгай, инша Аллоҳ! Ҳазрат Навоий айтганларидек: “Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ”. Чунки: “…уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: “Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай яхши, дерлар” (Раъд сураси).
Европанинг машҳур файласуфи, узлатга чекиниб, умрини бочкада ўтқазган Диогендан бир одамнинг бойми ёки камбағал эканлигини сўрадилар.
– Билмайман, – деб жавоб берди Диоген, – менга фақат унинг пули кўплиги маълум.
– Пули кўп бўлса, демак, бой экан-да?
– Кўп пулга эга бўлиш ва бой бўлиш – бир нарса эмас, – деб жавоб берди Диоген. – Борига қаноат қилган одамгина чинакам бойдир. Ўзида бор нарсадан кўпроқ бойлик орттиришга ҳаракат қилган одам, оз бўлса-да, борига қаноат қилган одамдан камбағалроқдир.
Кутиш ва сабр қилиш бир хил тушунчами? Масалан, омадни кутиш ва омадсизликка сабр қилиш – бирми? Йўқ, менингча, кутиш бошқа, сабр қилиш бошқа. Сабр – фазилат. Кутишда фазилат кам. Унда ғайратсизлик ҳам мавжуд. Сабр дегани барча ёмонликларга чидаш эмас, сабр адолат учун курашни инкор этмайди.
Баҳодир акамни ҳарбий хизматга кузатиш чоғида аяжоним йиғладилар. Шунда тоғам: “Нега йиғлайсан? Эринг урушга кетди, кутдинг. Аканг урушга кетди – кутдинг. Азобли йилларда кутишга сабринг чидаган, бунисига ҳам чидайсан”, – деган эдилар. Уч йил соғина-соғина кутдилар. Ойда икки-уч марта байрам шодиёнаси бўларди – акамдан келган мактубни қайта-қайта ўқирдилар.
Ким ҳар қайда хабардор биздан,Умид билан овутар ўзин,Ким у бизнинг юзларимизданУза олмас ёш тўла кўзин?О, бу она, сенсан, онажон!Мактабда яшаётганимизда мен аяжонимнинг ёнларида ётардим. Баъзан кечалари уйғониб кетардим. Аяжонимнинг тиззаларида дўппи, тепчиб ўтирибдилар. Кўзларида эса ёш. Қамоқдаги тоғамни соғиниб йиғлаганларини кейинроқ билганман. Бир куни пешинга ош пиширдилар-да, тўрт-беш кишига етадиган миқдорда сирланган тоғорачага солиб, дастурхонга ўрадилар. “Қолган ошни ўзинглар сузиб еяверинглар”, – деб шошилганча кетдилар. Қош қорайганда маъюс ҳолда қайтдилар. Бир оз индамай ўтирдилар-да, сўнг йиғлаб юбордилар. Акаларим-опаларим қучоқлаб: “Нима бўлди, тоғамни кўрдингизми?” – деб сўрашди. “Тоғангни кўрсатишмади, “ошни ўзимиз берамиз”, дейишди, лекин қорнинг тешилгурлар деворнинг орқасида ўзлари еб олишди…”
Қарилик ёшига етганларида аяжонимда букрилик бошланди. Бу эгилиб ўтириб дўппи тикишнинг натижаси эди. Аяжонимда тиним йўқ эди. Биз – фарзандларнинг қорин ғами-ю, уст-боши, хуллас, рўзғор аталмиш барча ташвиш аяжонимнинг зиммаларида эди. Ҳар якшанба бўладиган бозорга беш-олти дўппи тикишга улгуриш учун тинмас эдилар. Ўзлари тепчирдилар, акаларим, опаларим пилталашарди. Мен кичкина бўлганим учун бу ишлардан озод эдим. Кейинроқ улғайиб, кучга тўла бошлаганимда дазмол қилишга ёрдамлашардим. Оғир чўян дазмол ичига ўт қалаб, қиздириб, елимлаб қуритилган дўппиларга дазмол урардик. Ҳафта давомидаги азоб дўппи тикиш билан кифояланмас эди, уни сотиш керак,бозорнинг хўжайини бўлган қориндор милиционерлар таъқибидан қочиб юриб сотиш керак. У дамларда ҳунармандлар таъқиб остида эдилар. Қонунга кўра, улар “текин даромад топувчилар” деб саналарди. Новвойми, заргарми, кўнчими, маҳсидўзми, дурадгорми, наққошми, ўймакорми… ҳаммалари меҳнат қилсалар-да, советнинг кўзига текинхўр бўлиб кўринардилар. Маҳалла раислари, участка инспекторлари уларнинг фаолиятидан “кўз юмиб” индамай юрганлари учун вақтида чўтал олиб туришарди. Бозордаги милиционерлар еб-тўймасликда улардан ошиб тушарди. Шунинг учун кўпинча Баҳодир акам бозорга бирга тушардилар, вазифалари – пойлоқчилик. Кейинроқ бу вазифа менга юкланди. Дўппиларни ушлаб, бир четда қунушиб тураман. Битта дўппини сотиб бўлгач, аяжоним иккинчисига келадилар. Милиция ушлаб олса, дўппиларни олиб қўяди. Ҳеч қанақа хат-ҳужжатсиз олиб қўяверади. Қонунни билмаган одамлар милициянинг шундай қилишга ҳаққи бор, деб ўйлаб, қамамай қўйиб юборганига қувониб кетаверадилар. Мен ҳам ўшаларнинг биттаси эдим, милиция ушлаб олиб қамаб қўймасин, деган қўрқувда ўтирардим. Агар дўппиларнинг ҳаммаси сотилса, чойхонада ўтириб бир чойнак чой, биттадан сомса олиб ердик. Эрталаб нонушта қилмай, Ҳастимомдаги бозорга пиёда борардик. Пешинга қадар дам офтоб тиғи остида, дам совуқда, дам ёмғирда туриб, аяжоним жуда-жуда ҳолдан тоярдилар. Лекин ҳориганларини сездирмасдилар. Чой ичиб, сомсани еяётганларида қўллари нима учун титраётганини ўшанда билмаганман. Энди биламан. Ўша ҳолатни эсласам, вужудим фиғон ўтида куя бошлайди, бўғзимга йиғи келади.
Киши улғайган сайин болалигидаги ночорлик уни руҳ азобига сола бошлайди. Чорсуда дадажонимни урган маст йигит, аяжонимнинг иккита дўппиларини олиб қўйган қориндор милиционер, тоғажонимга аталган ошни еб қўйганлар… Агар йигитлик чоғимда мўъжиза юз бериб шулар менга рўпара бўлишганда тепкилаб-тепкилаб хумордан чиқардимми, деб ўйлайман.
“Шайтанат”даги Асадбек улғайганида отасини қамоққа олиб кетган-ларни топади ва қасосини олади. Аслида ўзим шундай қилишни истарэдим… Боланинг кўз ўнгида отаси ёки онасини хорлаган кимсалар оқибатда жазосиз қолмасликлари керак, деб ўйлайман.
Афсуски, бола чорасиз, лекин адолатсизликка қарши қалбида бир вулқон куч тўплайди. Ривоят қиладиларки, ўғри ушланиб, жазога ҳукм қилинганда бир қизча подшоҳ ҳузурига келиб, тиз чўкиб, йиғлаганича ўтиниб сўрабди:
– Отамнинг қўлларини кесишга буюргансиз. Биламан, ҳукмингиз адолатли. Лекин отамнинг мендан кичик яна тўрт фарзандлари бор. Онамиз касалвандлар, бизларни боқа олмайдилар. Агар отамизнинг қўлларини кестирсангиз, ҳаммамиз очдан ўламиз. Бизларга раҳм қилинг, отамизнинг қўлларини кестирманг. Агар қўл кесмасликнинг бошқа иложи бўл-маса, у ҳолда отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кеса қолинг.
Подшоҳ бу гапни эшитиб, кичкинагина қизнинг ота-онасига муҳаббати бу қадар улуғлигидан ҳайратда қолди. Қизни синамоқ мақсадида унга:
– Майли, отанг қўли ўрнига сенинг қўлингни кестираман. Қўлингни бугун эмас, эртага кесишади. Эртагача яхшилаб ўйлагин, кейин яна пушаймон еб юрмагин, – деди.
Эртаси куни жазо майдонида яна одам тўпланди. Қизнинг отасини келтирдилар. Қиз ҳам ҳозир бўлиб, отасига деди:
– Отажон, сира қўрқманг, мен подшоҳга: “Отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кестиринг”, – деб ялиндим. Илтимосим қабул бўлди. Ҳозир менинг қўлимни кесиб, сизни озод қилишади.
Қиз шундай деб, кундага қўлини қўйди. Бу ҳолатдан подшоҳ ҳам, тўпланганлар ҳам кўз ёши тўкдилар. Қизнинг отаси озод этилди. Ота-болага илтифотлар кўрсатилди. Подшоҳнинг амри билан жазо майдонидаги кунда олиб ташланиб, унинг ўрнига бир мармартош тикланди-да, бу сўзлар ўйиб ёзилди:
“Бир ёшгина қиз отасининг қўли ўрнига ўз қўлини фидо этишни истади. Шу қиздек фарзандга эга бўлган ота-она жуда-жуда бахтиёрдир…”.
Болалигидаги адодатсизликдан ўртанган ҳар ким шу қизча жасоратини такрорлаши мумкин, деб ўйлайман.
“Меҳри чексиз, бутун дунёни кўкраги билан боққан аёлни – ОНАни шарафлайлик! Инсондаги бутун гўзаллик қуёш нурлари-ю ва Она меҳридан! Жаҳоннинг бутун ғурури оналардан, Қуёшсиз гуллар очилмайди, севгисиз бахт йўқ. Аёлсиз муҳаббат йўқ, онасиз шоир ҳам, қаҳрамон ҳам бўлмайди”, деган эди донишмандлардан бири. “Она қалби битмас-туганмас мўъжизалар манбаидир”, – деган эди яна бир доно.
Бола ҳали Худони танимасдан туриб, Онани танийди. Улғайган онида Онасини унутса, Худони унутган бўлади. “Битта қалбга икки муҳаббат сиғмайди”, – дейдилар. Бу ҳикмат никоҳ тўшагига бошлаб борувчи эр ва хотин севгисига доирдир. Аммо инсон юраги Аллоҳга бўлган ишқ ва Онага бўлган муҳаббатни ўзига сиғдиради. Янада аниқроқ айтилса, бу икки муҳаббат бир юракда жо бўлмас экан, юрак эгасини инсон деб атамоқ мушкул. Бу икки муҳаббатни ўзига жо қилмаган юрак фақат қон ҳайдаш билан машғул бўлади. Бундай юракдан Ватанга, дўстга… муҳаббатни излаб овора бўлманг. Аллоҳнинг инсонга бахш этган илк неъмати – онамуҳаббати бўлади. Шу сабабли ҳам Яратган ўз бандаларидан онага муҳаббатли бўлишни талаб этади. Аллоҳга бўлган Ишқ билан онага бўлган муҳаббат ўзаро боғланган. Яъни биринчиси бўлмаса – иккинчиси ҳам йўқ (ёки аксинча). Киши миллати ёки динидан қатъи назар Яратганни сева олса, ўз онасини хорлаб қўймайди. Чунки бу ўринда “севиш” Аллоҳ буйруғини бажариш билан ифодаланади.
Оналарга шараф ва шонлар бўлсин! Биз – фарзандлар ҳамиша улар олдида қарздормиз. Оналар ҳақида неча юз минг сатр шеър ёзилган экан? Миллиардлаб сатр ёзилганда ҳам Онанинг шаънини етарли даражада улуғлай олмаймиз. Доғистонлик машҳур шоир Расул Ҳамзатовнинг ёзишича, авар шоирларининг ижодини кузатса, ўтмишда уларнинг биронтаси, ҳатто шоирнинг отаси Ҳамзат Цадаса ҳам Она ҳақида шеър ёзмаган экан. Бутун дунёга ибрат қилинадиган рус адабиёти тарихи ҳам бу мавзуда қашшоқ экан. Қаранг, Некрасовга қадар ҳеч бир шоир Онани шеърда мадҳ этмабди. Ҳатто дунё олқишидаги Пушкин ва Лермонтовда ҳам йўқ экан бундай шеър. Пушкин ўз энагасини тилга олган-у, Онасига атаб меҳр сатрларини битмаган экан.
Худога шукур, бизнинг адабиётимиз бу соҳада барчага ибрат бўларли даражада. Навоий ҳазратларининг “Жисмни қил садқа ано бошиға” сатрларини билмайдиган одам кам, десам янглишмайман. “Онангнинг муборак боши учун бутун жисмингни садақа қилиб юборсанг, яъни жонингни берсанг арзийди”, дейилмоқчи. Бизнинг адабиётимизда бундай мисоллар оз эмас. Бунинг сабаби – мумтоз адабиётимиз баҳраманд бўлган булоқнинг суви ижод аҳлига гўзал илҳомлар берган.
Онанинг фарзандга меҳри фитратида – яралишида бор, десак хато қилмаган бўламиз. Бундай меҳрни биз ҳатто жониворларда ҳам кўрамиз. Далада кузатган эдим: она совлиқ боғланган. Қўзичоқ ўйнаб юрибди. Бир маҳал ўзидан каттароқ қўзи билан сузишмоқчи бўлди. Бундан совлиқ безовта бўлиб маърайверди. Арқондан қутулишга уринди. Қўзиси биқинидан бир-икки зарба еб йиқилгач, совлиқ қаттиқ силтанди-да, арқонни узди. Бу ҳолатни “она меҳри арқонни узди”, деб сифатласак ҳам бўлар. Сиз ювош кўринган мушукнинг боласини олишга уриниб кўринг-чи, таламасмикин?
Оналарга хос бўлган меҳр фақат ўз фарзандларига аталмаган. Улар бегоналарга, ҳатто дин ва миллатини фарқламай меҳр кўрсатадилар. Дейлик, бир мусофир сизникида қўноқ эканида хасталаниб қолди. Албатта, сиз унинг ҳолидан хабар оласиз. Аммо онангиз ёки бувингиз сиздан кўра кўпроқ ачинадилар. Даволаш учун зарур ҳамма чораларни бажарадилар. Мусофир миннатдорлик белгиси сифатида ҳадя берса олмайдилар, шундай эмасми? Бу ҳам она қалбидаги меҳрдан.
Бир сабаб билан гўдаклар етим қолишса, уларни биринчи галда тоға ёки амаки эмас, амма ёки хола ўз бағрига олади. Аяжоним ҳам шундай қилганлар. Исмоилхўжа опоқ дадам Ҳикматхон катта бувимизни талоқ қилганда замон оғир экан. Катта бувимиз болаларни боқишга қийналиб, етимхонага берган эканлар. Бундан хабар топган аяжоним: “Онаси бошқа-ку, менга нима, ўзим бир ижарадаги уйда зўрға яшаётган бўлсам”, – демай, кичик укалари Алихон тоғамни етимхонадан олиб, ўзлари боққан эканлар. Тоғам ўшанда тўнғич ўғил мавқеида бўлганлари учун ҳам катта акам билан опам “Тоға” демай, “ака” деб мурожаат қилишарди. Умиджон тоғам ҳам, Алихон тоғам ҳам баъзан ўша онларни эслаб катта бувимга таъналар қилишса, аяжоним уларни тўхтатардилар. “У кунларни эслама, бувимни айблама, кўнгилларини оғритма, замон оғир эди”, – деб насиҳат қилардилар.
Ким меҳрибон сўзласа ҳаргизГапларига қулоқ солмаймиз.Кимнинг сўзин унутамиз тез,Юракларда сақлаёлмаймиз.О, бу она, сенсан, онажон.Фарзанднинг ҳаётига сабаб бўладиган биринчи қувват – она жисмидаги қондир. Чақалоқ шу қондан озиқланиб, ҳаётини сақлайди. (“Сут билан кирган жон билан чиқади” деган мақолни “Қон билан кирган жон билан чиқади” деганимиз тўғрироқ бўлади.) Бола биринчи сўзни онадан эшитади ва ундан ўрганади. Шунинг учун ҳам биз “ота тили” демай “она тили” деб сифатлаймиз. Болани ўстиришда, тарбия қилишда отага қараганда она кўпроқ ҳисса қўшади. Шунинг учун бўлса керак, ёш болалар отадан кўра онага кўпроқ майл этадилар. Улғайганларидан кейин ҳам сирларини аввало онага айтиб, маслаҳат сўрайдилар. Она фарзанди учун ўзини фидо қилишга тайёр туради. Баъзи бировлар ўз оналаридан эмас, бошқалардан маслаҳат сўрайдиларким, мен бундан ажабланаман.
Муовия ибн Ҳаййида (р.а.) айтадилар: “Расулулоҳдан (с.а.в.) “Эй Расулаллоҳ, мен яхшилигимни кимга қилсам бўлади?” – деб сўрадим. “Онангга”, – дедилар. Мен бу саволни уч марта қайтарсам ҳам Расулуллоҳ “Онангга”, деявердилар. Тўртинчи марта сўраганимда: “Отангга ва яқин бўлган қариндошларингга”, – дедилар. Фарзандда онанинг ҳақи отаникидан кўпроқ бўлиши бежиз эмас, “…онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтаради” (Луқмон сураси), деган ояти каримага диққат қилсак, бунинг сабабини янада ойдинроқ англаймиз. Яъни, она ҳомиладорлик пайтида ҳам, эмизиш даври деб белгилаган икки йил мобайнида ҳам катта қийинчиликларни бошдан ўтказади. Шоирларнинг илҳомига ҳам айнан шу ҳолатлар қувват берса керак.
Агар она қад-қоматини бир дарахтга ўхшатсак, фарзанд шу дарахтнинг ширин бир меваси. Бир йигит она қадрига етмас эди. Она кўз ёшлари унга таъсир этмас эди. Бир куни она бешикни олиб, ўғли қаршисига қўйиб деди:
– Эй ёшлик, чақалоқлик пайтини унутган ноинсоф! Мана бу бешикни кўряпсанми? Чақалоқ чоғингда шу бешикка михланиб, тунги уйқуларни мен ўзимга ҳаром этдим. Бешикда ётганингда юзингга битта пашша ёки чивин қўнса, уни қувишга имконинг бўлмай йиғлар эдинг. Мен сени хира пашшалардан асраб, бешигингни тебратар эдим. Йиғидан тўхтамасанг, сени ечиб олиб, бағримга босардим. Сени деб барча машаққатларга чидадим. Куч-қувватимни сенинг камолинг учун сарф этдим. Мана энди катта бўлиб, куч-қувватга тўлдинг. Чақалоқлик, болалик, ёшлик пайтларингни унутиб қўйдинг. Энди эса мени ранжитяпсан. Лекин бир куни келиб, албатта бу дунёдан ўтасан. Қабрнинг тубига, қоронғулик қаърига кирасан. Ўшанда Аллоҳдан раҳмат нури ололмайсан…
Биз бешикларни кўп кўрамиз. Аммо қачондир шу каби бешикда ётганимизни, онамиз тунлари бедор алла айтиб чиққанларини ўйлаб кўрамизми? Агар ўйламасак, эсламасак, унда ноинсоф фарзанд эканмиз. У ҳолда уйимиз тўрига бешик суратини чиздириб, остига “Унутма!” деган хитобни ёзиб қўйганимиз лозимдир?
Баён қилинмиш ривоятда шарқнинг буюк мутафаккири Шайх Саъдий оналик ҳақининг нозик жиҳатларига эътиборни тортганлар. Дунёда валинеъматларини билмаганлар Ҳаққа исён қилган бўлишади. Оналарга хизмат қилиш эса жаннатий амаллардандир. Шубҳасизки, она ҳақини тўлалигича, бекаму кўст адо қилмоқ бу дунёда мумкин эмас. У бешикдаги гўдагини минг турли ниёзлар билан ўстириши фарзанди устидаги энг катта ҳақидир.
Бир киши Муҳаммад алайҳиссаломдан:
– Мен онамни кўтариб Маккани зиёрат қилдирдим, ҳақини адо этдимми? – деб сўради.
Расулуллоҳ (с.а.в.) унга жавоб бердилар:
– Йўқ, у сени қучоғида олиб юрганда “фарзандим униб-ўссин, катта бўлсин”, – деб ўйлаганди. Сен эса кўтариб юрган пайтингда онангнинг ўлими ҳақида ўйлардинг…
Фарзандлардан ўтинчимиз шуки, оналарингиз ҳузурларида турганингизда Саъдийнинг бешик ҳақидаги ривоятларини доимо ёдда тутинг.
Абдуллоҳ Ибн Умар бир яманлик одамнинг ўз онасини опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрдилар. У одам бир байтни оҳанг билан ўқиркан:
Онаизорим учун бўйнимни эгкан теваман (туяман),Тевага минган онам ҳорсаларда, мен чарчамам.У шуни ўқиб туриб, Абдуллоҳга қаради-да: “Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Мана шу хизматим билан мен онамнинг хизматини қила олдимми?” – деб сўради. “Йўқ, бу хизматинг сени туғиш вақтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларининг биттасига ҳам баробар эмас”, – дедилар”.






