
Полная версия
Тенг-тенги билан бахтлидир
Бугун келинлик либосини кийган қизингизда (ёки ўғлингизда) оила ҳаёти, оила масъулиятига доир тушунча йўқ экан, бунга ёшлар эмас, сиз – ота ва она сабабчи. Энг ачинарлиси – ўзга хонадонга келин бўлиб тушган қизларининг бошларига ёғилаётган ташвиш тошларининг сабабини тўғри тушунишга уринмайдилар, бу аламларда ўзларининг катта айблари борлигини тан олишни истамайдилар. Ҳамонки одам айбини тан олмас экан, аҳволнинг яхшиланишига умид йўқ. Бир оиладаги тўйдан кейинги шодликлар узоққа чўзилмади. Асъасаю дабдаба билан куёвга узатилган тўнғич қиз юраги зардобга тўла ҳолда ота уйига қайтиб келди. Албатта, ота ва онанинг “Нима бўлди?” деган биринчи саволигаёқ қиз куёвнинг хонадонини қора бўёққа чаплаб беради. Ота ва она шунда “Нима учун шундай бўлди, бу можародан сенинг қанчалик айбинг бор?” деган саволга жавоб топишга уринмайди. Она: “Ўзим ҳам билардим, фалончи мақтайвериб, ҳоли-жонимга қўймади”, деб, ота “Кўнглим сезувди-я…”– деб гап бошлайди ва муҳокама шу тарзда – лаънат ўқлари бир томонга қаратиб отилганча давом этаверади. Бугун ҳам, эртага ҳам, ҳафта ўтиб ҳам мавзу ўзгармайди, уларнинг “Қуда томон ярамас!” деган фикрлари қатъийлашиб бораверади. Қизлари эса бир жабрдийда, унда ҳеч қандай айб йўқ… Бу оиланинг бўйи етган яна икки қизи бор. Каттасининг турмуши бузилиб қайтгач, иккинчисига келаётган совчиларнинг қадами узилди. Ота-онанинг ақли бўлганида барча айбни қудалардан изламай, ўзларидан ҳам қидириб кўрардилар. Тарбияда йўл қўйган хатоларини англагач, кейинги икки қизнинг ахлоқ-одобига назар ташлаган бўлардилар. Агар улар ҳам опалари каби беодоб, бетгачопар, ялқов бўлишса, тўйдан кейинги тақдирлари ҳам аянчли тарзда такрорланадими?
* * *Эр-хотиннинг урушига уй остонаси кулар (Мақол).
* * *Оила ҳаловати тамоман бузилиб, қайнона-келин можаролари тузалмас даражага етганда ўғлингиз оилани сақлаб қолиш ниятида бошқа уйга кўчишни хоҳласа, кўпам монелик қилманг. Албатта, фарзанднинг ота-она бағрида бўлиши аъло. Аҳволни яхшилаш учун айрим оталарнинг ўзлари кўчишни таклиф қиладилар. Бу масалани ҳал қилишда шошилмаслик керак. Чунки оилавий можаролар бошқа уйга кўчгандан кейин ҳам давом этиши мумкин. Ўғлининг оиласи яшаётган янги уйга бориб ҳам жанжални давом эттирадиган қайноналар бор. Ёки қайнона-келин можаросидан узоқлашилгач, эр-хотин жанжаллари авж олиши эҳтимоли бор. Чунки ота-она уйида яшаганларида жанжални тўхтатиб турувчилар, насиҳат қилувчилар энди йўқ. Кўчиришдан олдин янги уйда ҳаловат бўлишига амин бўлинсагина ижозат берилиши лозим.
Баъзилар ўғилнинг бошқа уйга кўчишидан қатъий норози бўладилар. Ҳатто айрим оналар “Берган оқ сутимга розимасман” , ота эса “Оқ қилдим!” деб ёшларнинг қалбларини яралайдилар. “Оқ қилиш”дан эҳтиётроқ бўлиш керак. Баъзилар бунинг маъносини яхши англамас эканлар. Шу боис бир оз тушунтириш берсам:
Бир қиз ёмон йўлга кириб кетгани учун ота-онаси уни “оқ” қилибди. Бу билан улар ўзларини ҳам Аллоҳ олдида, ҳам эл-юрт олдида поклаб олишган. Ота-она бошига тушганни “фалокат” деймизми, “фожиа” деймизми, “қора тун” деймизми, юракларни поралаб ташлаган “бало чақини” деймизми – номи нима бўлса бўлсин, буни ҳатто душманимизга ҳам раво кўрмайлик. Ота-она фарзандини оқ қилгани билан унинг қоронғи туни ёриша қолмайди. Оқ қилиш билан ўзларига озгина тасалли бергандай бўлишади. Иснод ўтида қовжираб, азобланишлари эса давом этаверади.
“Оқ қилиш” араб лисонидаги “аъқ(қа)” сўзидан келиб чиққан. Дастлабки маъноси покланишни билдиради. Яна бир маъноси эса “ажратиш” экан. Демак, оқ қилмоқлик – гуноҳкор фарзандни ўзидан ажратиб, покланиш деган маънони англатаркан. Яъни: “Бу бадкирдор гуноҳлар ботқоғида қолди. Мен унинг гуноҳларига шерик эмасман, масъул ҳам эмасман”, дейилмоқчи бўлади.
Юқорида айтганимдай, бу ҳолат кишининг ўзига тасалли бериши учунгина асқатади. Ота-онанинг фарзанд тақдирига масъуллиги ҳеч қачон озаймайди. Солиҳ фарзанд ота-онага раҳмат, яъни савоб келтиргани каби, ёмонликни касб қилган фарзанд оқ бўлган тақдирда ҳам, ҳар бир гуноҳ иши билан ота-онасига лаънат келтираверади. Шу сабаб, эҳтимол, ота-она аъмол дафтарига гуноҳлар ёзилаверар, валлоҳи аълам? Агар оқ қилиш билан ота-она гуноҳдан осонгина қутула олса эди, унинг масъулияти, фарзанд тарбиясининг савобларидан олажак ажрлари юқори қилиб қўйилмас эди.
Баъзи оилаларда ўғилга нисбатан кўпроқ қизни “оқ қилиш” билан қўрқитмоқчи бўлишади. “Шу қизга уйланмасанг сени оқ қиламан”, деган пўписани деярли эшитмаймиз. Бироқ, “Шу йигитга тегмасанг қизим эмассан, сени оқ қиламан”, деган таҳдидлар қулоғимизга чалиниб туради. Бу ота-оналар ранжисалар ҳам, қилмишларини нодонлик деб баҳолашдан ўзга иложимиз йўқ. Нодонликларидан ташқари гуноҳкор ҳамдирлар. Чунки қиз болани зўрлаб никоҳлаш мумкин эмас. Бугун қизини зўрлаб узатиб, эртага кўз ёши тўкиб юрган ота-оналарни кўрсак ҳам ибрат олмаймиз.
Хулоса шуки, алоҳида уйда яшашни хоҳлаган фарзандингизни “оқ қилиш”га шошилманг. У сиздан бутунлай юз ўгирмоқчи эмас, демак, сиз ҳам юз ўгирманг. Оқ қилманг-да, янги уйда ҳаловатли ҳаёт тилаб, хайрли оқ фотиҳа беринг. Ёшларнинг бошқа уйдаги ҳаётларини назорат қилиб туриш масъулиятини зиммангиздан соқит қилманг ва буни фарзандларингизга тушунтириб қўйинг. Токи улар “Бошқа уйга чиқсак ҳам тинчлик йўқ экан-да, ҳаётимизга ҳадеб аралашаверадиларми”, дейишмасин. Бундай норози бўлмасликлари учун эса назоратни ҳаддан ташқари ошириб юборманг.
* * *Бир ҳовлида 2-3 келиннинг аҳил яшаётганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Ҳатто аканинг уч келини, уканинг икки келини иноқ яшаётганларини ҳам кўрганмиз. Уч хонали уйнинг икки хонасига икки келин тушириб, тотувликда яшаётганлар ҳам бор. Бу қайнота ва қайнонанинг яхши тарбияси, ширин муомаласи натижаси. Улар бир хонада яшасалар ҳам, ўзларини бахтиёр ҳис қиладилар. Чунки оила бахти кўп хонада, кенг ҳовлида яшашда эмас, балки тотувликда! Буни ўзингиз яхши биласиз.
Баъзи ота-оналар ўғилни уйлантиргач, дастлабки нохуш гап-сўз чиқиши биланоқ ёшларни алоҳида уйга чиқариб юбориш пайида бўлишади. “Ёшларнинг ғалвасидан безорман, тинчгина яшай”, дейишади. Баъзи нодон ва ношукрларга эса набираларининг “ғалваси” ёқмайди. Мен гўдакларнинг ўйинкулгулари, бақириқ-чақириқларидан безор бўлувчи бобо ва бувиларга тушунмайман. “Болалик уй бозор, боласиз уй – мозор”, дейдилар. Бошқаларни билмайман-у, менга “мозор”, эмас, “бозор” ёқади. Набираларимнинг бирлари боғчага, яна бирлари мактабга кетишгач, уй ҳувиллаб, мени ютворай дейди, ўзимни қаерга қўйишни билмай қоламан. Сиз ҳам шундай бўлсангиз керак, азизим!
Бугун ёлғизликни, ҳаловатни, тинчликни истайдиганларга “Келажакни, қарилигингизни ҳам ўйланг”, дейман. Ҳозирги ёлғизлик сизга ҳузур берса, қариликдаги ёлғизлик ҳам тан, ҳам руҳ азобини беради. Бўлган воқеа билан танишинг: бир одам отасининг қадрдонларини зиёрат қилгани боради. Бу оилага Худо тўрт ўғил неъматини берган. Лекин уларнинг барчаси бошқа-бошқа уйда яшайди. Ёши саксонга яқинлашган ота-она катта ҳовлида ёлғиз. Зиёрат қилувчи дарвоза қўнғироғини чалганда, уй деразаси очилиб, кампирнинг “Ким, бу ёққа қаранг”, деган овози эшитилади. Зиёратчини кўргач, қувониб: “Вой, келинг, келинг!” – деб унга калит узатади: “Эшикни ўзингиз очинг, ичкари киргач, яна қулфлаб қўйинг”.
Манзарани кўз олдингизга келтирдингизми? Чол-кампирнинг эшикни очишга ҳам ҳоли йўқ! Бунга асосан ўзлари айбдор. Фарзандлари, баъзан набиралари хабар олиб туришар экан. Кексалик роҳати учун шу кифоями? Фарзандларни оқламайман, уларда ҳам айб бор. Уларни бемеҳрликда айблашга асос мавжуд. Ўзингиз айтинг: ота-оналарини “Қариялар уйи”га топширган бемеҳрлар билан катта ҳовлида ота-онасини ёлғиз қолдирган бемеҳрлар орасида қандай фарқ бор? Худодан икки дунё саодатига етиштирмоқ сўралганида авваламбор қарилик бахти назарда тутилади.
Яхшими-ёмонми ўғилнинг, яхшими-ёмонми келиннинг ўз бағрида бўлиши – ота-онанинг бахти. Бу бахт қушини учириб юбормаслик керак.
* * *Уч кимса киши кўнглини вайрон қилиб, тинчини бузади: булар – ёмон қўшни, ноқобил фарзанд ва бадфеъл хотин (Арасту ҳаким).
* * *Кимга яхши куёв учраган бўлса, у одам ўғиллик бўлибди. Кимга ярамас куёв йўлиққан бўлса, у одам қизини йўқотибди (Демокрит).
* * *Оилада ҳамжиҳатлик бўлмаса, уни бахт ташлаб кетади (Мақол).
* * *Ёшлар муроса қила олишмай қолган кезлари қайнота кўпроқ келин томон, қайнона эса ўғли томон бўлади. Шундан эҳтиёт бўлиш керак. Шундай қилингки, хотинингиз ҳам келин томон бўлсин. Чунки ўғил – ўзингизники. Отанинг, айниқса онанинг гаплари ботмайди. Агар хотинингизни ўзингиз томонга оғдириб ололмасангиз, у ўғли томон бўлиб, келин томонга ҳужумни кучайтиргудай бўлса, хонадонингиз “жаҳон уруши” майдонига айланиб, жанг маромини бошқара ололмай қоласиз.
* * *“Келин биз ўйлагандек чиқмади, ўғлингизнинг ҳам кўнгли йўқроқ, қўйса қўйиб юбора қолсин, тузукроғини топиб уйлантирамиз. Худога шукр, яна ўнта тўй қилишга қурбимиз етади”… Хотинингиз шу мазмунда гап бошласа, дарров оғзини юминг. Агар сизда ҳам шундай фикр бўлса, тилингизга чиқара кўрманг. Яхши гапга ҳам, ёмонига ҳам фаришталар “омийн” дер экан. Яхши ният қилаверинг. “Келининг бугун кўнглингга ёқмаётган бўлса, сабр қил, тарбияла, эртага, Худо хоҳласа, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган келинга айланади”, денг. Хотинингиз айтган “тузукроғи” сизга таппа-тайёр турибдими? Балки акси чиқар, баттарроғига учрарсиз? Ўнта тўйга қурбингиз етгани яхши, аммо ўғлингизни ўн марта уйлантирмайсиз-ку?
* * *Келинингиз пиширган таомни тановул қилар экансиз, “Бемаза экан”, деб афтингизни буриштирманг. Айниқса, келин дастлаб пиширган таомларни мақтаб-мақтаб енг. Танқид қилгингиз келса, “Таом жуда тотли, маза қилдим, тузи сал пастроқ бўлса, янада ҳузурланардим”, деб қўйсангиз, келинингизнинг кўнгли оғримайди, балки камчилигини англайди. Сизга ибрат бўлсин учун ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани баён қилай:
Андижондаги дўстим ўғлини уйлантирди. Тўй куни узрли юмуш чиқиб қолиб, бир ҳафтадан кейин “Қутлуғ бўлсин”га бордик. Зўр хурсандчилик билан кутиб олдилар. Одатга кўра, биринчи таомга шўрва олиб киришди. Бир қошиқ ичдим-у, иккинчисига иштаҳам бўғилди. Шўрва ниҳоят даражада бемаза эди. Мен баъзан таомга инжиқликни ошириб юбораман. Таомни бемаза, демасам ҳам бир баҳона билан қўл тортаман. Шерикларим бу камчиликдан холи эдилар, шунга қарамасдан улар ҳам косани суриб қўйдилар. Мезбон буни сезиб: “Ҳозир қандай қилиб бўлса ҳам, шўрвани охиригача ичиб қўясизлар. Келиним бугун биринчи марта бир ўзи мустақил таом пиширди. Косада бир қошиқ қолса ҳам кўнгли оғрийди”, деди. Дўстим табиатан кескинроқ, ҳатто жиззакироқ эди. Бу ҳолатда ғоят босиқлик ва донолик билан гапирганига қойил қолдим. Ана шу донолиги сабабли мен ҳам инжиқлигимни енга олдим.
Қани эди, барча қайноталар шу дўстим каби донишманд бўлса!
* * *Сиз оиланинг хожаси экансиз, демак барча ишларда масъулсиз. Биринчи галда исрофгарчиликка йўл қўймаслигингиз керак. Бу фақат насиҳат ёки талаб билан амалга ошмайди. Доимий назорат керак. Сабзавотларни яхши сақламай иритиб юбориш, нонни моғорлатиш, овқатни ачитиш – аёллар йўл қўйган камчиликнинг самараси. Бундан ташқари электр чироқ, газ бекордан-бекорга ёниб туради. Кўп оилаларда аёлларнинг эътиборсизлиги туфайли чойнаклар эриб кетади. “Маҳаллада дув-дув гап” кинофильмидаги самоварнинг эриб тушиш манзараси ёдингиздами? Ҳозир самовар йўқ, газ плитасида эриб кетадиган чойнаклар, куядиган дазмоллар бор. Эътиборсизлик туфайли ёнғин чиқиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Агар танбеҳ берсангиз хотинингиз ҳам, келин ҳам “Вой, эсимдан чиқибди”, деб баҳона қилади. Эсдан чиқаргани рост, атай куйдирмайди. Демоқчиманки, сиз назоратчи сифатида бу жиҳозларни кузатиб юришдан чарчаманг. Бу камчилик фақат сизнинг оилангизга хос эмас, фикримча 98-99 фоиз хонадонда шу иллат мавжуд. Каминанинг хонадони ҳам шулар жумласидандир ва насиҳат қилишга сабабни узоқдан қидирганим йўқ.
* * *“Оилангизда нон исрофига қандай қарайсиз?” – деб сўрамоқчи эдим. Ўйлай-ўйлай саволга ўзгартиш киритдим:
“Оилангиздаги нон исрофига нима учун бефарқ қарайсиз?”
Саволни бу тарзда кўндаланг қўйишимга сабаб – бугунги кунда деярли барча оилаларда нон исрофига кўзимиз тушади. Бугун 45-50 ёшида келин тушираётган қайнота ва қайноналар болалик чоқларида нонга муҳтож бўлмаганлар, шунданмикин, нон қадрини билмайдилар, деган гапларни ҳам эшитаман. Бу гапларда жон бор, лекин болалигида қорни тўйиб нон емаганлар нон қадрини билади, нонни исроф қилишга йўл қўймайди, дейиш ҳам бир ёқлама тўғри. Нонга муҳтож бўлмаган одамга нонни исроф қилавериш ҳуқуқи берилмаган. Нонни қадрлашга доир қанчадан-қанча ҳикматлар, ҳаётий мисоллар бор. Агар келинингиз, ўғлингиз, сўнг набираларингиз нонни қадрламас экан, биринчи галда сиз айбдорсиз. Уларга бу борада тарбия бермагансиз.
Мен оиладаги бешинчи фарзандман. Худога шукр, икки акам, икки опам борлар. Урушдан кейинги оғир кунларда туғилган эканман. Дадам-аямнинг, опаларим ва акаларимнинг ярим оч, ярим юпун ҳолда азобли ҳаёт кечирганларини кейинроқ билганман. Аям, катта акам билан катта опам нон олиш илинжида қишин-ёзин кечаси билан дўкон остонасида навбатда туришаркан. Бу манзара катта авлод учун яхши таниш. Бугун нонуштада нон танлайдиган, нонни исроф қилаётган авлод очарчилик кунлари ҳақидаги ғамли ҳикояларни катталардан эшитса ҳам, китобларда ўқиб, кинода кўрса ҳам нечундир таъсирланмаяпти, бу борадаги хунук қилиқларидан воз кечмаяпти, мен шунга куяман. Ҳозир “Ким эдиг-у, ким бўлдик?” деган ибора кўп тилга олиняпти, тадбирлар ўтказиляпти. Шунга жавобан: “Бир бурда нонга зор халқ эдик”, деб жавоб берсам, айрим дўстларимиз бундан ғашланмасинлар. Бугун, Худога шукр, ҳар бир хонадоннинг дастурхонида нон бор. Дўконларда нон тахланиб турибди. Лекин шу кунларда дунёнинг қанча мамлакатларида миллионлаб одамлар очдан тиришиб ўляпти? Бу манзарага биз бефарқ қарай олмаймиз. Чунки халқимиз, бизнинг боболаримиз-момоларимиз, оталаримиз-оналаримиз бу даҳшатли кунларни бошдан кечирганлар. Иккинчи жаҳон урушидан аввалги йилларда бизнинг юртда ҳам қаҳатчилик-очарчилик бўлганини кўп ёшларимиз билмайдилар. Мен турли учрашувларда шу мавзуда сўз очиб, азиз ёшларимизнинг булардан бехабар эканликларини билиб, айниқса, билишга қизиқмаётганларини англаб изтиробга тушаман. “Оч одамлар кўчаларда ўлиб қолишаркан, шаҳар ҳокимияти ўлик йиғадиган махсус хизмат ташкил қилган экан. Ҳозир ахлат ташийдиган машиналар кўчаларни айлангани каби, ўлик йиғадиган араваларда юришаркан”, деганимда ҳам ўтирган ерида лоқайдлик, ҳатто сурбетлик билан сақич чайнаб ўтирган ёшларни кўрганимда баъзан аламдан дод деб юборай дейман.
Менга Муборак шаҳрида яшаётган 80 ёшли Малика опа Маматқулова хат ёзибдилар. Унда баён қилинган воқеадан ғоят таъсирландим. Сиз ҳам танишинг-да, ёшларга айтиб беринг, зора уларга таъсир қилса.
Хатларидаги сатрларни айнан кўчираман: “Уруш йиллари отам колхозда аравакаш бўлиб ишлардилар (урушдан яроқсиз бўлиб қайтган эдилар). Ҳар куни колхозчи аёлларни аравага ўтқизиб, далага олиб борадилар ва кечқурун олиб қайтадилар. Марҳаматхон исмли аёлнинг сочлари жуда узун ва қалин эди. Отам у кишига: “Опа, сочингизни отга якка жилов қилса, ҳеч узилмайди-да”, деб ҳазиллашардилар. Уруш, қимматчилик, қаҳатчилик бошланди. Одамлар нонга зор бўлдилар. Бизнинг қишлоқда очликдан ўлганлар ҳам бўлди. Ҳозиргидек эсимда, апрель ойининг бошлари, бодом қийғос гуллаган. Бизлар шу бодомнинг тагида чой ичиб ўтирибмиз. Марҳаматхон опа қўлларида бир тугун билан ҳовлимизга кириб келдилар ва отамга қараб: “Олинг, Маматқул, сочларимни отингизга яккажилов қилмоқчи эдингиз. Эшон бобонгиз, жиянларингиз уйда оч ётибдилар. Бирор нарса беринг”, – дедилар. Отам тугунни очиб, узунлиги бир метрдан узун, қалин, олти ўрим сочни кўриб йиғлаб юбордилар: “Ойим опа, ахир мен ҳазиллашувдим-ку! Бундай кунлар келишини ким ўйлабди?! Мени кечиринг. Сочларингизни кесиб келмасангиз ҳам сизни қуруқ узатмасдик”, – деб нима қиларларини билмай қолдилар ва соч ўримларини бодомнинг устига қаратиб отдилар. Бодомга худди олтита қора илон чирмашиб чиқаётгандек соч ўримлари осилиб қолди. Отам онамга қарадилар. Онам икки килоча тариқ ун ва тўртта зоғора нон бериб, Марҳаматхон опани кўчага кузатиб чиқдилар. Соч ўримлари ёзи билан бодомда осилиб турди. Мен: “Ота, нимага сочларни олмаймиз?” – деб сўраганимда, “Шу соч ўримлари ёдингиздан чиқмасин. Тўқчилик замонлар келганда ҳам нонни эъзозлаб, кўзингизга суртинг”, – дер эдилар…”
Мавзуни бойитиш учун марҳум дўстим шоир Сабриддин Садриддиновнинг болалигини эслай.
Нон дўкони ёнида туни билан навбатда туришни яна кўз олдимизга келтирайлик: ёзми ё қаҳратон қишми, ёмғирми ё қор бўроними – фарқи йўқ, каттами ё кичикми – фарқсиз, навбатда турилади. Баъзан навбат тартиби сақланиши учун кафтга қаламда рақамлар ёзиб чиқилади. Кичкина Сабриддиннинг кафтига ҳам рақамни ёзишган. Ўшанда кимёвий қалам бўларди, агар сув тегса қалам сиёҳга айланарди. Ёмғир ёғаётгани сабабли Сабриддин кафтидаги ёзув ўчиб кетмаслиги учун муштумини қаттиқ сиқиб олган. Лекин қўли терлаганми ё панжалари орасидан ёмғир суви сизиб кирганми, ҳар ҳолда ёзув чапланиб, ўчиб кетибди. Тонг отгач, навбат тартиби текширилаётганда Сабриддиннинг кафтида ёзув йўқлигини кўриб, уни навбатдан чиқариб юборишибди. Боланинг зорли ноласига ҳеч ким қулоқ солмабди. Туни билан ёнма-ён турганлар ҳам, кафтига рақам ёзган йигит ҳам “Бунинг навбати бор”, демабди. Энг ачинарлиси, Сабриддиннинг отаси – Садриддин мақсум Тошкентдаги эътиборли уламолардан бўлганлар. Шу маҳаллага хизмат қилганлар, чақалоқнинг қулоғига азон айтиш ҳам, никоҳ ёки жаноза ўқиш ҳам шу кишининг зиммасида бўлган. Шунга қарамай, нонга тезроқ етишиш учун битта болани ноҳақдан-ноҳақ навбатдан чиқариб юборишдан ўзларини тия олмаганлар. Садриддин мақсум ўша адолатсиз одамларнинг бири қулоғига азон айтганлар, бирининг никоҳини ўқиганлар, йиллар ўтиб жанозасини ҳам ўқиганлар. Жаноза намозида уларнинг гуноҳини кечиришни илтижо қилиб сўраганлар…
Баъзан “Ноннинг исрофига нисбатан муносабатда оилаларимиз орасида фарқ борми?” деб ўзимга ўзим савол бераман. Бир оилада суви қочган нон пўчоққа ташлаб юборилади, иккинчисида бунинг катта гуноҳ эканини билиб, исрофга йўл қўйилмайди. Тўкинлик замонида яшаётганимиз учун нонни исроф қилишдан уялмайдиган, гуноҳидан қўрқмайдиган бўлиб қолганмиз. Бу гуноҳ ишларга қишлоққа нисбатан шаҳарда кўп дуч келамиз. Оиладаги гўдак ҳам, ўсмир ёки эрта-индин узатиладиган қиз ёки уйланадиган йигит ҳам дастурхон устидаги нонни ушлаб кўради. Салгина суви қочган бўлса, “янгиси йўқми?” деб сўрайди. Баъзан нон бўлаклари, баъзан бутун-бутун нонлар моғорлаб кетади. Пўчоққа ташланади. Маҳаллаларда чорваси бор хонадонлар мол-қўйга берадилар. Кўп қаватли уйларда эса ахлатга ташланади. Мана шу ҳол “нонкўрлик” дейилади. Ким нонни хор қилибди, Худо уни бир тишлам нонга зор қилиб қўйишидан қўрқсин.
Бугун нонни қадрламаётганимизнинг икки сабаби бор: биринчиси – дастурхонимиз тўкин. “Тўқликка – шўхлик”, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз. Иккинчиси – фарзанд тарбиясида нонни қадрлаш, уни исроф қилмаслик масалалари тушиб қолган. Болалигимизда ноннинг ҳатто ушоғини ҳам қадрлаш лозимлигини уйда ота ва онамиздан ҳам, кўчада бегоналардан ҳам эшитардик. Фақат уйда эмас, ҳатто кўчада кимдир тушириб кетган ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, ўзини кўзга суртиб сўнг ейишни тайинлашарди. Ҳозир уйдаги дастурхондан бир бўлак нон гилам устига тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланади. “Нон ушоғини олмай босиб ўтсанг кўр бўласан”, деб таъкидлашарди. Кўрлик жисмонан эмас, маънавий жиҳатдан эканини кейинроқ тушуниб етдик. Ҳозирги азиз ёшларимиз-чи, буни англайдиларми?
* * *Ҳеч кимга ғазаб билан қаттиқ муомала қилмадим ва ҳеч бир ишда танглик қилмадим, токи Тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин ва ишимни бузиб, ҳолимни танг айламасин деб (Амир Темур).
* * *Сабр-қаноатингиз даражасини ҳеч синаб кўрганмисиз? Бунинг йўли осон: оч қолсангиз ёки ташналикдан азоб чексангиз бир неча соат чидашга уринасиз. Лекин жаҳлингиз чиққан пайтда ғазабингизни неча сония ёки дақиқа давомида жиловлай оласиз? Кимдир вулқон каби, яна кимдир бомба сингари портлайди. Ақлли одам эса бу кучларни бўғишга қувват топади. Кўчадаги ёки чойхонадаги, ёки ишхонадаги ҳолатингизга аралашмайман. Аммо уйда, оила аъзолари орасида энг сабрли одам бўлишга мажбур эканингизни эслатаман. Чунки оилангиз ҳаловатини айнан сиздаги сабр-қаноат қуввати белгилайди. Қайнона-келин, куёв-келин орасидаги катта-кичик жанжалларни сиздаги сабр боса олади. Оилада шахсий намуна жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳазрати шайх Сирри Сақотий сабрдан сўзлаётган эдилар. Чаён ул муҳтарам зотнинг бир неча жойларидан чақди. Шайх чаённи ўлдирмадилар. «Нечун ўлдирмадингиз?» – деб сўрашди. «Сабрдан сўзлаб турар эканман, Аллоҳдан уялиб, чаённи ўлдирмадим. Нединким, сабрдан гапира туриб, сабр қилмаган бўлардим», деб жавоб қилдилар.
Фарзандларимизни, яқинларимизни дуо қилганимизда, айниқса никоҳ тўйида бахт-саодат тилаймиз-у, аммо сабр-тоқат, қаноат тилашни унутамиз. Сабр-қаноатсиз бахт-саодатга етиб бўлмаслигини биламизми? Биз фақат жанозага борганимиздагина марҳумнинг яқинларига сабр тилаймиз. Ҳолбуки, одамнинг ёшидан, жинсидан қатъи назар, сабр ҳар куни ҳар нафасида керак. Донолар деганларки: «Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси». Ҳикмат аҳли барча нарсадан айнан шу сабр азобини аъло кўрганки, ажри юқори бўлгай, иншааллоҳ! Ҳазрат Навоий айтганларидек: «Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ». Чунки: «…уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай яхши, дерлар» (Қуръони каримнинг Раъд сурасидан).
Европанинг машҳур файласуфи, узлатга чекиниб, умрини бочкада ўтқазган Диогендан бир одамнинг бойми ёки камбағал эканини сўрадилар.
– Билмайман, – деб жавоб берди Диоген, – мен фақат унинг пули кўплигини биламан.
– Пули кўп бўлса, демак, бой экан-да?
– Кўп пулга эга бўлиш ва бой бўлиш – бир нарса эмас, – деб жавоб берди Диоген. – Борига қаноат қилган одамгина чинакам бойдир. Ўзида бор нарсадан кўпроқ бойлик орттиришга ҳаракат қилган одам, оз бўлса-да, борига қаноат қилган одамдан камбағалроқдир.
«Қаноат – эҳтиёжсизлик негизидир, иззат ва шараф тантанасидир, – деб ёзганлар ҳазрат Навоий. – Қаноатли камбағал – давлатманддир, унинг шоҳу гадога иши тушмайди:
Хорлиғлар боши тамаъ билгил,Доимо «азза ман қанаъ» билгил».(Маъноси будир: хорликларнинг бошланиши тамадан эканини фаҳм этгин ва ҳамиша «қаноатли киши азиздир», деб билгил.)
Қаноат тўғрисида кўп ҳикматлар айтилган, кўп таърифлар берилган. Шулар орасида ҳазрат Навоийнинг таърифлари ғоят аҳамиятлидирки, буни англаб олсангиз, фарзандларингизни ва келинингизни сабрсизлик балосидан қутулишларига ёрдам бера оласиз:
«Қаноат – бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди; у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди. У бир экинзорки, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради; у бир дарахтдирки, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бордир.
Қаноат – киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвешнинг қаттиқ нони тамагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи – олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир.
Шоҳ удирки – олмайди-ю беради, гадо улдирки – сочмайди-ю теради. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди. Гарчи тирикчилик уйи доим тор, бу ҳақда қанча муболаға қилсанг, ўрни бор. Қаноат бир қўрғонки, унга кирсанг, нафснинг ғалвасидан қутуласан. Қаноат бир чўққики, унга чиқсанг, дўст-душманга муҳтожликдан халос бўласан. Қаноат – хокисорлиғдирки, натижаси – юксаклик; муҳтожликки, фойдаси – эҳтиёжсизлик. Қаноат – экиндир, уруғи – бойлик; дарахтдир, меваси – муҳтожсизлик; майдир, аччиқ, лекин нашъаси – шодлантирувчи; йўлдир қаттиқ, лекин борар манзили – севинтирувчидир».
Сиз оила аъзолари учун фақат шахсий намуна эмас, балки доно насиҳатгўй ҳам бўлишингиз керак. Азиз фарзандларингизга ва уларнинг сафини тўлдирган суюкли келинингизга бу мавзуда ҳеч гапирганмисиз? Жавобга қийналяпсизми? Аттанг! Хижолат бўлманг, сизга ўхшаганлар орамизда анчагина. Оила даврасида сабр-қаноат ҳақида суҳбат қилар бўлсангиз, сизга асқатар, деган умидда бу ҳикматни ҳам баён қиляпман:
Қадим замонда Кобул шаҳрида истиқомат қилувчи икки бесабр одам маишатларини яхшироқ ўтказиш иложини тополмай Султон Маҳмуддан нажот истаб, Ғазна шаҳрига юрдилар. Йўлда бир киши уларга ҳамроҳ бўлди. Бу икки қаноатсиз бошкентга не мақсад ила бораётганларини айтиб, янги ҳамроҳнинг ҳам сафардан муддаосини билмоқ истадилар.
– Мен дурадгорман, ҳалол касбим билан топганимга қаноат қилиб яшайман, – деди янги ҳамроҳ. – Ҳеч кимдан бирор нарса тама қилмайман. Ҳатто султоннинг ҳам инъом-эҳсони менга керак эмас. Мақсадим – Ғазна шаҳрини бир томоша қилиб келиш, холос.
Ғазнага етиб келишгач, икки қаноатсиз киши султон қароргоҳига йўл олди. Дурадгор эса бормади. Қаноатсиз кишилар султон ҳузурига кириб, муддаоларини изҳор қилиб бўлишгач, қаноатли дурадгорнинг бу зиёратга келишдан бош тортганини ҳам айтиб ўтдилар. Бундан ажабланган султон Ғазнавий одам юбортириб, дурадгорни олиб келтирди. Қаноатсизлардан бири султондан бир халта олтин сўради, иккинчиси эса ҳали уйланмай юрганини, султоннинг саройдаги бирон чўри қизга уйлантириб қўйишидан умидвор эканини билдирди. Султон буларнинг тилакларини қабул этиб, қаноатли дурадгордан сўради:






