
Полная версия
Тенг-тенги билан бахтлидир
Маҳбубим…
Бу дунёда муҳаббатдай кўҳна туйғу бормикин? Ахир, илк инсон – Одам Ато илоҳий уйқудан туриши ила қобирғасидан яратилган хилқат – Момо Ҳавони кўрган онида юрагида туйган туйғу энг гўзал эҳтиёж эмасмиди?! Йўқ, мен адашдим, Одам Ато кўз очиб фазони кўрган кезлари ул илк бор ва вақтинча ёлғиз инсоннинг юрагини титратган дард – Ёлғизлик бўлгандир. Аллоҳим бул дарднинг давоси ўлароқ ёр ва муҳаббатни инъом этгандир…
Маҳбубим…
Таърифи қийинлар учун энг аъло таъриф шу – “қийин”лигида бўлса керак. Мен ҳам сизни таърифсиз севдим, севилдим.
Севган одам учун севгилисининг сўзларидан таъсирлироқ сўз, севгилисининг нигоҳларидан кучлироқ жозиба, севгилисининг чеҳрасидан ёрқинроқ нур, севгилисининг бағридан ишончлироқ паноҳ топилармикан?..
Билмадим, “ишқ ўзи кўҳна нарсадир, ҳар бир юрак уни янгилар” каби, мен муҳаббатнинг ўзимнинг юрагимда, иккимизнинг ишқимизда кашф этилган қирраларинигина кўрардим ва ўзгаларнинг севгисини ҳам ўзимизникига ўхшатардим.
Мен учун сизнинг сўзларингиз кулгимни йиғига, йиғимни кулгига айлантира оладиган кучга эга, сизнинг нигоҳларингиз юрагимнинг энг қаттиқ жойларини ҳам титратиб юборадиган жозибага тўла, сизнинг чеҳрангиз эса алам билан эслаганимда ҳам руҳимни юмшатиб турадиган нурга бурканган.
Маҳбубим…
Ёнимда сиз борсизки, мен кучлиман, ботирман, беғамман. Менинг бир маъсум, бир чиройли, бир содда бахтим бор – бағрингизга бош қўйганча дунёни кузатиш, кифтингизга суянганча ҳамжиҳат курашиш бахти. Менинг бир хавотирим бор – шугина бахтимни йўқотишдан жуда-жуда қўрқаман, ҳар лаҳза Аллоҳдан қушчадай серҳадик юрагимга таскин тилайман.
Назар солинг, жигар жигарнинг бахтига чанг солаётган, дўст дўстнинг кураги остига пичоқ санчаётган замон бу. Бу замонда бахт бисёр, лекин одамлар барибир унга тўймайдилар, улушларини ўнг қўллари билан ола туриб, чап қўлларини ўзгаларникига узатадилар.
Шуни билиб туриб ҳам иккимизга бир инсоннинг бахтини сўрадим. Иккимиз – икки вужуддаги битта одаммиз-ку! Қолаверса, биламанки, сиз бахтни бутунлигича менга илинасиз. Мен эсам сизга илинаман: “Олинг, тортинмай олинг, сиз бахтли бўлсангиз, мен-да бахтиёр!”
Маҳбубим…
Сизни қачон яхши кўриб қолган эдим-а?.. Балки, танишган онимиздадир? Балки танишганимиздан кейин илк марта орамизга айрилиқ тушган кунлардадир? Балки ўша айрилиқдан сўнг кўришганимизда дийдорингиздан энтиккан дилимнинг “бошқача” бўлиб кетганидадир севги? Эҳтимол, сизни туғилмасимдан олдин, ҳали исмсиз ва жисмсиз, ғумбак руҳим ила, Аллоҳимнинг мавжудотлари сафида ёруғ дунёни инсон қавмида кўрувчилар рўйхатига тушганимдаёқ мубтало бўлгандирман ишққа? Бизнинг ҳали яралмаган ишқимиз дунёга чорлагандир иккимизни, учрашганимиз-да шунинг учундир…
Нима бўлганда ҳам, Аллоҳнинг марҳамати, шафқати бу. Бўлмаса асл муҳаббатни ҳамиша ҳижронга, армонга ҳукм қилиб-қилиб, бизга келганда ҳам асл туйғулар, гўзал бахту васллар инъом этиб қўярмиди!..
Маҳбубим…
Астағфируллоҳ! Ўз гапимдан ўзим чақилиб кетдим. Бу куфрлигим, бу мақтанчоқлигим учун афв тиланаман. Ўз севгимга, ўз бахтимга ўзимнинг кўзим тегиб қолади-ку бунақада. Ундан кўра меҳрибон Эгамга раҳмат айтмоғим, ҳамиша шундай марҳаматли ва шафқатли бўлишини ўтинмоғим лозим эмасми? Ахир… ахир ҳижрон умрнинг энг сўнгги лаҳзаларида, ҳатто мангу кўз юмгандан кейин келса ҳам даҳшатли. Унинг бир қатраси бир уммон, азоб билан заҳарланган уммон!
Ҳа, ҳа, мен аразлашиб қолган пайтларимизда ўзимиз қасддан ўртага ташлайдиган ёхуд вазият юзасидан пайдо бўлиб, соғинчларимиз эвазига орадан кўтарилиб кетадиган муддатларни айтяпман.
Ҳолбуки, инсон эртагагина эмас, бир неча лаҳзадан кейин ҳам тақдири қандай кечажагини билмайди. Шу муваққат ва омонат умримни сиз билан, сизнинг меҳрингиз билан ўтказаётганимдан жуда мамнун ҳамда ризоман.
Муҳаббат – имтиҳондир, туйғулари унинг синовлари. Бу имтиҳондан қандай ўтаётганимизни, бу синовларнинг қанчасини ўтказганимизни билмайман. Лекин… юқорида айтганим заҳар икки кўнгил ўртасидаги садоқат кўпригида турган ишқ лабига томмаслигига ишонгим келади. Ахир бизнинг севги гўдакдай бокира, маъсум, ҳалол… Айтинг-чи, маҳбубим, гўдакда айб бўладими, айбсиз гўдакни маҳв этиб бўладими?!
Маҳбубим…
Нафақат маҳбубим, дўстим, сирдошим, суянчим, қалбимнинг ярмигина эмас, бус-бутунлигича қалбим!..
Бизгача муҳаббат бўлган, биздан кейин ҳам бўлаверади. Бизгача бу дунё, бу ҳаёт бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо биз кетсак, биз билан дунёимиз кетади, кўнглимиз, кечмишларимиз, севгимиз кетади.
Маҳбубим, бизнинг бу дунёимиздан, севгимиздан шу дунёимизни, шу севгимизни яратган, соҳибига айланган инсон кетса-чи? Кимга, нимага ўхшаб қоларкинмиз?.. Эгасиз уйгами, қаровсиз гулгами, қуёшсиз осмонгами? Буларга айланиб қолмаслик учун меҳр беришдан тўхтамасликкина эмас, сустлашмаслик ҳам лозим экан.
Сохта меҳр кўпинча сўзда, асл меҳр доимо кўзда!
Кўзларимиз ҳамиша шивирлашиб туришсин:
“Мен сени жуда яхши кўраман…”
“Мен ҳам сизни…”
* * *Тарихдан ибрат:
Қадимги Рим императори Юлий Цезар ўзига итоат қилмаган Сабиний деган сенаторини зиндонга ташлайди. Бу ҳам камлик қилиб, унинг хотинини ҳам зиндонбанд этади. Епонина исмли бу садоқатли аёл тўққиз йил давомида эри билан биргаликда қоронғу зиндон азобларини тортади. Шунча йил давом этган азобларга қарамай, бўйсунишни истамаган сенаторни ва унинг садоқатли ёрини император энди ўлимга ҳукм қилади. Мағрур ва вафодор Епонина севгисига хиёнат қилмай, эрига қўшилиб ажал шаробини ичади. У ўлими олдидан императорга дадил ва тик қараб шундай дейди: “Эй Цезар! Мен эрим билан зиндонда шунчалар бахтиёр яшадимки, сен тожу тахтингнинг бутун шону-шавкати билан ёруғ дунёда яна минг йил яшасанг ҳам ҳеч қачон бу бахтни топа олмайсан!”
* * *Келинпошша, “Хотин учун энг гўзал фазилат қайси?” деган саволга “Сабр ва қаноат”, деб жавоб берган одам янглишмайди. Хотин эрининг топганига кўникиб, оз демай-кўп демай, тежамкорлик билан сарфламоғи, эрининг бирини икки қилмоққа интилмоғи лозим. Чунки хотин дўст бўлса – тежар, ёмон бўлса – бузар. Хотин уйга безак, эрга кўмак ва ойна; у саришта бўлса – уйнинг фариштасига айланади. Аллоҳ аёл зотини нозик қилиб яратган. Аммо бахт саройини қуриш учун аёлдан метиндек ирода, сабр талаб этилади. Сиз ана шундай сабрлилардан бўлишга интилинг.
Нафс уйига сабр ила иморат англа,Бесабрлиғин анинг шарорат англа,Иш сабр сори анга ишорат англа,Сабрни зафар сори башорат англа.(Нафс уйига сабр иморатини қургин. Нафснинг бесабрлигини ёмонлик деб бил. Нафсни сабр томон юришга ишорат қилгин, сабрни зафар сари башорат деб бил.)
Шукр айлади шиддатда рижо изҳори,Ҳар меҳнат аро дафъи бало изҳори,Мол истасанг эт шукру сано изҳори –Ким, шукр демак қилур ғино изҳори(Алишер Навоий).(Оғир кундаги шукр умид уйғотади. Бошга тушган балоларни даф қилувчи ҳам шукрдир. Бойлик истасанг шукр ва ҳамду сано изҳор қил, шукр туфайли инсон бадавлат бўлади.)
* * *“Қаноат битмас-туганмас молдир”.Мазкур шарафли ҳадиснинг “Арбаин”даги баёни:Ҳирсдин кечгил, ул ғамедурким,Ҳадду ғоят анга эмас пайдо.Тут қаноатким, ул эрур моле,Ки, ниҳоят анга эмас пайдо.(Ҳирсу ҳавасдан кеч. Чунки, у беҳад ва охири йўқ ғамдир. Қаноатни маҳкам тутки, у ниҳояси йўқ молдир.)
* * *Моли йўқ деб, эрдан кечма, чўпи йўқ деб, ердан кечма (Мақол).
* * *Тежамкорлик, сабр ва қаноат… бахтли ҳаёт кечиришнинг муҳим омилларидан эканини биласиз. Исрофдан қочасиз, камига қаноат қиласиз. Лекин оила бахтига рахна солувчи бошқа иллатлар ҳам бор. Эрнинг ёки хотиннинг, ёки икковининг хасис бўлиши оиладаги жиддий муаммодир. Сахий аёл – хасис эр ёки сахий эр – хасис аёлнинг турмушлари оғир кечади. Бир-бирларининг мувозанатларини ушлаб туришга уринишса ҳам, жуда-жуда оғир. Иккала вазиятда ҳам асабийлашадиган аёл, қийналадиган эса эр бўлади. Аёл хасис, эр эса сахий бўлса, хотин эрининг барча харажатларига чегара бўлади. Ўзи сарфлагиси келмайди, пул тўплаш дардида бўлади ва эрини ҳам шунга ундайверади.
Аёл сахий, эр хасис бўлса бу янада каттароқ қийинчилик туғдиради. Бахил эрнинг топар-тутари яхши бўлса-да, оиласининг зарурий эҳтиёжларига сарф қилгиси келмайди. Емоқ-ичмоққа доир нарсаларни ҳам мисқол-мисқолигача ҳисоблаб олади, сарфланишини қаттиқ назорат остига олади. Пиёз унинг мўлжалидан кўра бир кун олдин тугаса, хотинини исрофгарликда айблаб, ғалва кўтаради. Таажжубки, у ўзининг бахиллигини сира-сира тан олмайди, балки “тежамкор” деб ҳисоблайди. Яъни, бу тоифа эрлар хасислик билан тежамкорлик чегараси мавжудлигини билмайдилар. Эрнинг ошхонадаги сабзавотларнинг граммларини ўлчаб туриши хотин учун оғир, ҳатто ҳақоратлидир. Бой эр билан камбағал бўлиб яшаш аёл учун азобдир – бундай аҳвол аёлнинг зеҳнини ҳам, жағини ҳам чарчатади. Хасис эрни даволовчи табиб йўқ. Бу касаллик болаликда шаклланган бўлади. Эр болалигида камбағал яшагандир, болалиги оғир кечгандир, кўп кунлар оч қолгандир ёки оиласида пулга доир тарбия нотўғри олиб борилгандир. Шунинг учун қайта тарбиялаш мақсадида жанжал қилавериш ўрнига муроса маъқулдир. Эрнинг хасислигидан нолийвериш ўрнига у уйга битта нон кўтариб келса ҳам, шодликни ифода этиш, раҳмат айтиш яхши натижа бериши, эрда оила учун пул сарфлашга ҳавас орта бошлаши мумкин.
Хасис эр билан яшаётган аёлларнинг деярли барчаси бир хилдаги хатога йўл қўйишади – умрларини пул жанжали билан ўтказиб, охири асаблари қақшаб бир касалга йўлиқишади-да, қолган умрларини даволанишга сарфлашади. Англамоқ лозимки, ҳеч бир хасис эр хасислигини тан олмайди, аксинча, пул сўровчи хотини унинг кўзига пул еювчи, исрофгар, ҳеч нарсадан ва ҳеч қачон рози бўлмайдиган нонкўр аёл мақомида кўринаверади.
Бир гапни эшитдим, ростми-ёлғонми, билмайман. Эрининг хасислиги жонига теккан айрим аёллар унга ўлим тилармиш. Тушунишимча, улар эрлари ўлгач, ишлатилмай қолган пулларга эга чиқишни орзу қилишса керак. Бу ниҳоятда бемаъни, амалга ошмайдиган орзу. Аллоҳ бунақа орзуларни амалга оширмайди, ўлимга доир дуоларни ҳам қабул этмайди. Чунки ўлим муддати азалдан белгиланган, бировнинг орзуси ёки дуоси билан ўзгартирилмайди. Эрининг хасислигидан сиқилаверадиган, унинг ўлимини кутаверадиган хотиннинг ўзи бир дардга чалинади ва эридан эртароқ вафот этади.
Хасис эрнинг ўзига хос яхши томонлари ҳам бор: агар хотин пул сўрайвермаса, унинг ишларига ҳуда-беҳуда аралашавермайди. Энг муҳими – хасис эр хотинбоз бўлмайди, бошқа хотинга пул сарфлашни хоҳламайди…
* * *“Топган гул, топмаган бир боғ пиёз келтирар”, деган мақол бор. Эр уйга битта кир совун олиб келадими ё тилла суви югуртирилган қошиқми – фарқи йўқ, ақлли хотин уни қувонч билан қаршилаб, “Топган-тутганингизга Аллоҳ барака берсин”, деган дуо билан қабул қилиши керак. Эрнинг олиб келган нарсасини менсимай қабул қилиш нодонликдир. Шу менсимаслик гўё бир челак совуқ сув – меҳр-муҳаббат ўтини ўчириши ҳеч гап эмас. Тўйдан кейинги дастлабки кунларда ва ойларда куёв келинга, келин эса куёвга нимадир совға қилгиси келади. Бу кунларда ҳар иккови ҳам камчиқим бўлади, қимматбаҳо совғага қурби етмайди. Лекин “Гап совғанинг қиммат-арзонлигида эмас, гап – эътиборда”, деган ҳикмат бор. Келин бунга жиддий аҳамият бермоғи лозим.
Бир хонадонда куёвтўра келинпошшага кичикроқ совға олиб келган эди, хоним уни арзимас матоҳдай четга олиб қўйди, раҳмат ҳам демади. Ўша куни унинг онаси меҳмон бўлиб келган эди. Қизининг бу қилиғидан ранжиб, унга танбеҳ берди: “Эй менинг ўз қадрини билмаган жоҳил қизим! Эр келтирган нарсага ҳам бепарво бўладими?! Сен бу ёмон одатни қаердан ўргандинг? Отанг бирор нарса олиб келганида бепарво бўлганимни ҳеч кўрганмидинг? Агар мен отангга шундай муомала қилсам, у менинг таъзиримни берган бўларди, ҳатто уйдан ҳайдаб юбориши ҳам мумкин эди”.
Бундай оқила оналарга шарафлар бўлсин! Тўйдан олдин беролмаган тарбияни кеч бўлса ҳам, ўрнида берди. Агар бу она кибрлилардан бўлганида куёви келтирган нарсага бурнини жийириб қарарди, “Менинг қизим шу матоҳга зормиди?” ёки “Шу матоҳни менинг ойдек қизимга муносиб кўрдингизми?” деб минғирларди. Ана шу пайтнинг ўзида оила қиёмати бошланармиди? Куёв ўзини босолмай, она-болани ҳайдаб юбормасмиди? Ҳайдамаган тақдирда бирор муддат, жаҳаннамга айланган уйида кўнгли сиқилса ҳам, эр қадрини билмайдиган тарбиясиз хотин билан яшашга мажбур бўларди. Аммо дунёга келганига эмас, шу хотинга дуч келганига минг пушаймон бўлиб яшарди. Пушаймонлик адоқсиз давом этмайди, вулқон каби куч тўплаб, барибир портлайди ва оилани вайрон қилади.
Баён этилган воқеадаги куёвнинг бахти – қайнонаси оқила эди. У қизига танбеҳ бериш баробарида бир ҳикоят айтди:
– Ўтган замонда бир кўзи ожиз бадавлат йигит уйланибди. Йигит оиласига меҳр қўйган, инсофли, виждонли, саховатли эди. Ҳар оқшом уйига қучоғини тўлдириб турли нарсалар олиб келарди. Хотини эрини қувонч билан кутиб оларди. Орадан йиллар ўтиб, йигит иши орқага кетиб, совға-салом олишга қурби етмай уйга қуруқ қўл билан қайтди. Ақли оз, феъли эса ёмон, тарбия кўрмаган хотин бу ҳолни кўриб:
– Вой, сизнинг бир кўзингиз кўр экан-а! – деди.
Эрнинг бу гапдан кўнгли оғриса-да, ўзини босиб, совуққонлик билан: “Шу кунгача билмаганмидинг?” – деди.
– Шу пайтгача қўлингизга боқиб, кўзингизга қарамаган эканман, – деди бефаҳм хотин.
– Хоним, сен сал адашибсан. Эрингнинг бир эмас, иккала кўзи кўрдир. Сўқир бўлмаса, ақли қисқа қизга уйланармиди, – деди эр, тақдиридан афсусланиб.
“Хотинларнинг сочи узун, ақли қисқа”, деган мақол менга ёқмайди. Ҳатто буни мақол ўрнида қабул қилмайман. Чунки мақолда чуқур маъно яширинган бўлади. Бунда эса бемаънилик мавжуд. Агар тўғри мақол, деб қабул қилсак, унда бувиларимиз ва оналаримиз, опа-сингилларимиз ва қизларимизни ҳам “ақли қисқа”, деб ҳақоратлаган бўламиз. Бу “мақол”ни кимдир маълум бир аёлга нисбатан тўқигандир, деб ўйлайман. Эҳтимол, юқоридаги воқеада баён қилинган хотинга ўхшаганлар назарда тутилгандир. Чунки фақат ақли қисқа хотингина ўзига берилган неъмат қадрини билмайди. Аёл учун эридан ортиқ неъмат бўлиши мумкинми? Шуни идрок эта олмайдиган хотинни лаънатлаган эрга нима деймиз? Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир хотиннинг ҳаётини, номусини, шараф ва ҳурматини қўриқлай олиши учун икки паноҳ бордир: бири – эри, иккинчиси – қабрдир”, деганлар.
Келинпошша, англадингизми? Воқеа баёнидаги фаҳми кам хотин эрнинг хотин учун қадри қанчалик буюк ва керакли эканлигини билмади. Унутмангки, бу мезон виждони бор, оқилалар учундир. Оқила аёлнинг номуси бўлади. Виждонсиз аёлнинг номус мезони Чорсу бозоридаги ўтмас матоҳ кабидир. Виждонсизнинг калта ақли нимага етса, ўшандан фойдаланади. Ақлини бойитишни ўйламайди. Виждон ва ақл нуқтаи назарида номус бир қуш кабидир. Агар сақланмаса, бир учганича қайтиб келмайди.
Номусли хотиннинг паноҳи эр экан, шунинг учун эрнинг қадр-қимматини баланд тутинг. Унинг қадрига етинг, унга меҳрибон бўлинг. Ҳеч вақт кўнглини қолдирманг!
* * *Доимо кулиб турувчи эрнинг хотини дунёда энг яхши хотиндир (Абулқосим Фирдавсий).
* * *Ақлли аёл эрининг камчиликларига бир кўзини ёпар ва иккинчи кўзи билан унга қараб яшар (Мақол).
* * *Шубҳасиз, сиз чиндан ҳам кимнингдир суюкли ва ардоқли қизи, яна кимнингдир суюмли ва азиз келинисиз. Эҳтимол, сиз келин бўлиб тушган хонадон бугунча қадрингизга етмаётгандир? Тушкунликка тушманг, Ардоқланувчи келинлар қаторида бўлишингизни Раббимиздан сўранг. Сўранг-да, ўйланг: “Нима учун бу оилада қадрим йўқ? Булар ёмонми ё менинг камчилигим борми?” Шу саволга биринчи галда ўзингиз жавоб топишга ҳаракат қилинг. Масалага инсоф юзасидан қарасангиз, ўзингизда ҳам озгина айб топасиз. “Озгина” дейишимнинг сабаби, айрим ҳаракатларингизнинг айб эканини ўзингиз ҳам билмайсиз. Чунки ота-онангиз сизга одобдан етарлича яхши тарбия бермаган бўлишлари мумкин. Бу борадаги айбни улар зиммасига юклаймиз. Бу камчиликни тузатиш эса энди ўзингизнинг зиммангизда бўлади.
* * *Эрга меҳрли бўлиш керак, деганда нималарни тушунасиз? Таомни тотли пишириш, кийимларни ювиб-дазмоллаш, ишдан қайтганида чиройли жилмайиш билан кутиб олишми? Ҳа. Аммо булар хотиннинг зиммасидаги вазифалар. Эрга бўлган меҳр ўзгача шароитларда намоён бўлади. Бунга бир мисол:
Яхши хулқли аёлнинг оиласи тотув, бахтиёр эди. Бир кеча эри уйғониб кетиб, сув сўради. “Хожамнинг юраклари куйяпти шекилли, ҳароратлари ҳам борга ўхшайди. Уйдаги сув илиб қолган. Ташқарига чиқиб совуқ сув олиб кирайин, ичиб ҳузурлансинлар”, деб ўрнидан турди. Ҳовлига чиқиб, сувни олиб қайтса, эри яна ухлаб қолибди. Аёл “Эрим уйғониб қолар”, деб чойнакни ерга қўймай, ўтираверди. Бир қанча вақтдан кейин эри уйғониб, “Нега ўтирибсиз?”– деб ажабланди.
– Сиз сув сўраганингизда уйдаги илиб қолган сувдан беришга кўнглим бўлмади. Ҳовлидан қайтсам, ухлаб қолибсиз, уйғотишни истамадим. Хожам балки завқли бир ҳол, рангин бир рўёдадирлар, деб ўйладим. Уйғонишингизни кутаётувдим. Мана, сувни ичиб олинг, ташналигингизни қондиринг.
Хотинининг бунчалик меҳридан севинган эр ҳаяжонланиб:
– Сиздек хуш хулқли, ҳикматли бир хонимга соҳиб бўлганимдан саодатлидирман. Хуш хулқли, оқила хоним, мендан тилагингизни тиланг, нима яхшилик қилай? – деди.
– Сизнинг соғлиғингизни истайман, – деди хотин.
– Хайр майли, хоним, мендан ҳеч нарса сўрамайсиз. Сизнинг бу муомалангиздан олган қувончим, мамнунлигим эвазига сизга бир яхшилик қилгим келяпти, айтинг, нима истайсиз?
– Ўзимга ҳеч нарса керак эмас, сизнинг соғлиғингизни истайман, – деди хотин.
Эр неча марта сўраса ҳам, жавоб бир хил бўлди.
Келинпошша, англагандирсиз, чинакам меҳрда миннат бўлмайди.
* * *Кўп суюкли қизларимиз тўйдан олдинги орзу-умидлари амалга ошмаса кўнгиллари чўка бошлайди, уйда хафагарчилик бошланади. Чунки ниманидир кутиб яшаш ҳар қандай одамни чарчатади. Одатда аёллар эрларидан кўп нарсаларни кутишади ва шунинг учун ҳам кўп ранжишади. Орзу-умидларнинг чеки бўлмайди. Масалан, қиз “Қассобга тегяпман, тўйиб-тўйиб гўшт ейман”, деб ўйлаши мумкин. Тўйдан кейин билсаки, касби қассоб бўлгани билан бу уйдагилар мутлақо гўшт ейишмас экан. Ҳақиқат шуки: тўйдан олдин кўп нарса орзу қилиш керакмас, тўйдан кейин кутганлари амалга ошмаса, хафа бўлмаслик лозим.
Шундай латифа бор: келинчак тўйнинг эртасига уйғониб қараса, куёв ошхонада ивирсиб юрганмиш, зимдан кузатибди. Эри нонушта тайёрлагач, кийимига дазмол уришни бошлабди. Келин “Орзуйимдаги эрга тегибман”, деб қувониб, жойига ётиб, уйқуни давом эттирибди. Салдан кейин эри уни туртиб уйғотиб, қилган ишларини кўрсатибди-да:
– Кўриб қўй, ҳар тонгда барвақт туриб, шу ишларни бажариб қўйишинг керак, – дебди.
* * *Бир солиҳа аёл эрига етти кун хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги дўзахнинг етти эшигини ёпиб, жаннатнинг саккиз эшигини очади (Жаъфар Содиқ).
* * *Оиланинг ҳусни – келишув, оиланинг завқи – боғлиқлик, Оиланинг қувончи – муҳаббат, оиланинг қонуни – меҳнат, оиланинг фароғати – мамнун диллар (Донолар ҳикматидан).
* * *Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.






