bannerbanner
1985
1985

Полная версия

1985

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
3 из 6

Ҳақсиз. Оруэлл қулайлик ва шинамликдан маҳрум – ўзига яраша ошхона, устунга осилиб турган сон гўшти ва қари итнинг ҳиди омухталашган ўтмишни тасаввур қилади. Мутахассис сифатида у ўтмишга ҳушёрроқ ва эҳтиёткорроқ кўз билан қараши лозим эди. Меҳрибон полицияни, қаҳвахоналардаги шовқинли ва эркин гурунгларни, тоза ҳавони, ҳамиша бирга яшайдиган оилангни, қовурилган гўшт ва йоркшир пудингини, эски мюзик-холлардаги жанжалларни қўмсай бошласанг, ўгирилишга ҳам улгуролмайсан, гўё сквайр қаршисида қалпоғингни бурдалаб ташлагинг келади. Бу ўтмишнинг қаршисига ҳақиқатни – сиёсий ақидалар, пиво кўтарган қуролланган полиция, тергов олдидаги қўрқув, балиқли сосискаси бор ҳақиқатни қўйишга тўғри келади. “Ҳавони ютиш” қаҳрамонини эслайсизми? У ярамас бир нарсани тишлайди-да, ўзини гўё оғзида замонавий дунё бордек ҳис қилганлигини айтади. Афтидан, Оруэлл келажакдан қўрқарди. У келажакка ўтмишни, яъни сохта нарсаларсиз, ҳақиқий дунё ҳисобланган ўтмишни қўйишни истарди.

Ахир портловчи куч ролини айнан келажак ўйнайди, деб ҳисобланади-ку. Бовужуд, Уинстон Смитнинг исёни ҳам ўтмиш билан боғлиқ.

Ўтмиш чиндан портловчи унсур ролини ўйнайди. Қайси маънодаки, назариётчиларнинг доктринал қадриятларига қарши туради. Ўтмиш инсонийдир, абстракт эмас. Бир қарашда аҳамиятсиз ва анчагина нейтрал жиҳатларни оламиз – масалан, узунлик ва оғирлик ўлчовларини. “1984” – моҳиятан башоратчи, Британия метрик системага ўтишини айтгувчи китоб. Уруш якунида Британиянинг анъанавий бирликларини ҳатто ҳали илгари сурилмаган Франциянинг картезиан38ча абстракцияларига алмаштириш бўйича расмий таклиф берилди. Кўпчилик ўзгаришлар яқин эканлигига амин эди. Дюймлар, футлар ва ярдлар бармоқлар, қўл-оёқларга ҳаддан ортиқ боғланган, ҳақиқий рационал дунёда амалда қўллаш учун эскирган эди. Уинстон Смит учратган, пиводан шишиб кетган прол бир литр ёки ярим литрдан ичишига тўғри келаётганидан шикоят қилиб, одатий пинтада қуйишларини сўрайди. Бироқ, Буюк Британия қадриятлари тарафдорларининг норозиликларига қарамай, ўнлик тангалар бериларди. Оруэлл шундай бўлаётганини билди: Уинстон Смитнинг ҳамёнига долларлар ва центларни солиб қўйди. Британияликларга кўра, ҳақиқат шундаки, “оғир доллар” аввалгидек фунт деб аталади. Ундаги янги юзлик пенслар – шармандалик ва инсонийликни йўқ қилиш. Америкаликларнинг пул тизими инқилобий зарурият тусини олди ва эскирган шиллинглар, гинейлар ва ярим кронларнинг йўқотилиши инглизларнинг юрагини нега бу қадар яралаганини тушуниб бўлмасди. Анъанавий тизимнинг бутун моҳияти шундаки, у абстракт рационализмдан эмас, тажрибадан ўтган соғлом фикрдан пайдо бўлган. Фунтни хоҳлаган сонга бўлса бўлади: 3, 5, 6, 7, 8, 9, 10. Ҳозир эса 3 га бўлишга ҳаракат қилсанг, вергулдан кейинги чексиз белгилардан бошинг айланади.

7 ва 9 гами?

Ҳа. Фунт плюс шиллинг гинейни беради. Гинейнинг еттидан бири – уч шиллинг. Гинейнинг тўққиздан бири – икки шиллинг ёки тўрт пенс ёки малай доллари. Уч ва унинг кўпайтирувчиларга бўлинадиган ҳафтанинг етти куни, бир ойнинг тўрт ҳафтаси, бир йилнинг ўн икки ойи ва соат мавжуд экан, эски тизим ақллироқ эканлиги намоён бўлади. У ҳаддан ортиқ инсоний ва ақлли бўлганлиги учун ҳам йўқ бўлиши керак эди. Унинг яна бир оғир хатоси – эски халқона анъаналарни ўзида мужассам этганлиги, пул бирликларининг номи мақол ва матал номидан олинганлигидир: “Апелсинлар гўё асал, Сент-Клемент қўнғироқ чалар. Жаранглатар Сент-Мартин:

берсанг-чи менга фартинг”. Бундай маталлар ва қўшиқлар – Катта Оғанинг Лондони ва аллақачон дафн этилган эски черковлари, мўриконлари ва виждон эркинлиги бор Лондон ўртасида сирли ҳалқа саналади. Лекин романдаги 1984 йилда фартинг нима эканлигини аллақачон ҳамма эсидан чиқариб юборади. 1960 йилда у ҳақидаги маълумот йўқолган. “Мана қўшиқ ярим пенс учун, уни куйламоққа тайёрман…” дея бошланувчи болалар қўшиғида гап нима ҳақида кетяпти, билиш мушкул. Шекспирнинг “Тўнғиз боши”даги Фальстафнинг саноғида ҳам шу аҳвол: каплун39 – 2 шиллинг 2 пенс, соус – 4 пенс, 2 галлон херес40 – 5 шиллинг, 8 пенс, кечки овқатдан кейинги анчоуслар ва херес – 2 шиллинг, 6 пенс; нон – 0,5 пенс.

Нима сабабдан Оруэллда Уинстон Смит лабларида Шекспир исмини такрорлаб уйғонади?

Шекспир, гарчи партия томонидан эълон қилинмаган бўлса ҳам, қонундан ташқари бўлиб, мавжуд тартиб-қоидаларга қарши эди. Янги тил уни нимага айлантирганини Худо билади. Аммо эски тилли Шекспир индивидуалликлар билан тўла: индивидуал ҳаёт ва индивидуал қарорлар билан. Шекспир ўтмишни англади. Лекин эътибор беринг, Уинстон Смит ўтмишни янада хавфлироқ йўсинда уйғотади. Икки ярим долларга у ўзининг замонавий дунёсига – ёки таъбир жоиз бўлса, Совет Россиясига нотаниш бўлган, кремли бетлари сип-силлиқ ва бўш китоб сотиб олади. Бундан ташқари ёзув учун архаик восита – ҳақиқий пероли ручка ҳам олади. Афтидан, у кундалик юритмоқчи эди. Ҳамонки, унинг ёзув столи телеэкран кўзидан наридаги кичик сарпардада жойлашган экан, у бу ишни жазога тортилмай қилса бўлади, деб ҳисоблайди. Бошида хаёлига биринчи келган нарсалар ҳақида ёзади. Кейин эса, чалғийди ва қўллари китобда эркин ёзишларига йўл қўяди. Ўзига келиб, саҳифаларга қарайди ва автоматик равишда фақатгина бир жумлани ёзганлигини кўради: “ЙЎҚОЛСИН КАТТА ОҒА”. Эшикни миссис Парсонс тақиллатади. Бу ўша, қувури бузилган аёл эди. Аммо Уинстон Смит фикрлар полициясидан келишди, деб ўйлайди. Эшикка яқинлашгач, китобни ёпмаганлиги эсига келади. “Учига чиққан аҳмоқлик. Йўқ, у буни ўйлаганди, афсуски, кремли қоғоз сотиб олган ва ҳатто таҳлика ичида ҳам сиёҳи қуримаган кундаликни ёпишни истамаганди”. У қилган портлатувчи ҳаракат ва қуроллар бир бутун бўлдилар. Ўтмиш – партия душмани. Бинобарин, ўтмиш ҳақиқат. Миссис Парсонснинг муаммолари билан шуғулланиб бўлгач, у шундай ёзади:

“Келажак ёки ўтмишга – фикр эркин бўлган, инсонлар бир-биридан фарқ қиладиган ва ёлғиз яшамайдиган вақтларга, ҳақиқатга ҳақиқат сифатида қараладиган, ўтган ҳодисалар уйдирма деб ҳисобланмайдиган замонларга, бир-биридан фарқ қилмайдиганлар давридан, ёлғиз ва кимсасизлар давридан, Катта Оғанинг давридан, қўшфикрлилик давридан салом”.

Биз келажак ёки ўтмишга – аллақачон ўлган ёки ҳали туғилмаган замонга мурожаат қилиб гапиришимиз мумкин. Униси ҳам, буниси ҳам абсурд. Бироқ абсурдлик эркинлик учун зарур.

Ёки аксинча бу келажакнинг ўзи абсурд эканлигини исботлайди.

Ҳа, ҳа. Оруэллнинг бир қатор замондошлари наздида эркинлик архаик абсурд эди. Буюк Британия ва унинг иттифоқдошлари шахсий эркинликни йўқ қилишга ўзини бағишлаган фашизмга қарши курашдилар. Бинобарин, иттифоқчилардан бири озодликни душмандан кам бўлмаган ҳолатда сиқиб қўйди. Совет Россияси демократик давлатларнинг дўсти эди…

Кўп вақтга эмас.

Ҳа. Мана, нима учун ўшанда одамлар титроқ қалб билан уруш бу билан ўз моҳиятини йўқотди, деб ишонганлар. Мана, нима учун ўша вақтда инглизлардан Сталинни севиш ва советча тартибларни олқишлаш талаб этилган. Бир қатор инглиз интеллектуаллари, айниқса, сўлларнинг “Нью стейтмен” журнали билан ҳамкорлик қилувчилар ҳатто тоталитаризмнинг сталинча моделидан дарс ҳам бердилар. Масалан, ўша журнал муҳаррири Кингсли Мартин. Мартиннинг совет доҳийсига нисбатан нуқтаи назарини Оруэлл тахминан шундай баҳолаган: Сталин кўплаб даҳшатли ишларни амалга оширди. Бироқ улар тараққиётга хизмат қилдилар ва бир неча миллионлаб қатллар билан бу нарсани хаспўшлашга йўл қўйиш мумкин эмас. Мақсад воситаларни оқлайди. Бу ўта замонавий ёндашув. Оруэлл ҳақиқатан ҳам аксарият британиялик зиёлилар тоталитаризмга тарафдор, деб ўйлаган.

У жуда ҳам узоқлашиб кетди.

Ўзингиз ўйланг… Зиёлининг табиати тараққиётга мойил. Бошқача сўзлар билан айтадиган бўлсак, у оддий инсонларга тезда катта ўзгаришлар ваъда этадиган сиёсий тузумни қўллаб-қувватлайди. Бу эса, ўз-ўзидан ландовур ва эски демократик тараққиёт ҳамда унинг сабрли мухолифатчиларига нисбатан нафрат туйғусини намоён этади. Ҳар қандай ҳукумат машинаси ўтмишни мажақлаб ташлаб, оқилона келажак яратишга қодир. Жуда ҳам ақлли ғоя. Ҳатто Оруэллга авторитаризмни севган ёки унга чидашга тайёр – Эллиот, Йейтс, Ивлин Во, Рой Кэмпбелл сингари зиёлилар “фашист” бўлиб туюлган. Ҳатто Шоу ва Уэллс ҳам. Аммо фашист бўлмаган зиёлиларнинг кўпчилиги коммунистлар эди. Яъни давлат ҳокимияти, репрессиялар, бир партияли тизим ва ҳоказолар ҳақида гапирадиган бўлсак, шу нарса келиб чиқади. “Фашизм” ва “коммунизм” атамалари ўзининг асл шуҳратини акс эттирмайди. Оруэлл уларни бир категорияга мансуб деб ҳисоблайди. Масалан, бу нарсани “олигархик коллективизм” деб аташ мумкин.

Лекин ҳар қандай прогрессив фикр – з иёлилар меҳнатининг меваси. Зиёлиларсиз, уларнинг ижтимоий адолатга, тенг даромадларга, меросий имтиёзларни йўқ қилишга чақириқлари ва ҳоказоларсиз – умуман, тараққиёт бўлиши мумкинми?

Аммо, уларнинг тараққиёт борасидаги фикрлари беғаразмикан? Оруэлл Артур Кестлер сингари Европа ҳокимиятини ҳаракатга келтирувчи пружиналар нималар эканлигини жуда яхши тушунган. Иккаласи ҳам ҳеч бир инсон сиёсий бошқарувга чин альтруизм41 сабабидан интилмайди, дея ҳисоблайди. Кестлерни у қўллаб-қувватлаган тузум қамоққа жўнатди. Оруэлл Испания озодлиги учун курашди ва рус коммунизми каталонча бошбошдоқликка жазо қўллаганда, у қочиш билан ўзини қутқарди. Сиёсий амбицияси бор зиёлилардан шубҳаланадилар. Ахир эркин жамиятда зиёлилар оддий синфга мансублар. Улар ўқитувчи, маърузачи ёки ёзувчи сифатида нима таклиф қилсалар, катта муҳокамаларсиз фойдаланилмайди. Агарда улар норозилик кўтариб, ўз меҳнатларидан бош тортсалар, ҳеч ким пинак ҳам бузмайди. Оқ шеърлар тўпламини чиқаришдан ёки соҳавий тилшунослик бўйича маъруза қилишдан бош тортиш – бу электрни узиш ёки авто бус қатновини тўхтатиш эмас. Уларга бир томондан капиталист хўжайин, бошқа томондан касаба уюшмаси бошлиғининг қўлидаги ҳокимият етишмайди. Уларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Чин маънодаги интеллектуал ҳузур уларга кераксиздек туюлади. Ва улар инқилобчиларга айланадилар. Инқилоблар қоидага кўра, сафсатабозлик қобилиятига эга бўлган норози зиёлилар меҳнатининг натижасидир. Зиёлилар деҳқон ёки ишчилар учун кўча намойишларига чиқадилар. “Бутун дунё зиёлилари, бирлашингиз!” – унчаликк ҳам илҳомбахш шиор эмас-да.

Аммо, нима учун Оруэлл зиёлилардан қўрқарди? Ахир 1940 йилларда лейбористлар тепасида зиёлилар турмаганди-ку.

Йўқ. Лейбористлар етакчиларининг “Нью стейтман” тарафдорларига умуман алоқаси йўқ эди. Уларнинг Буюк Британияни Сталин Россиясининг миниатюрасига айлантириш нияти бўлмаган. Аммо гапирдилар – балки ҳаддан ортиқ гапирдилар: кучайиб бораётган давлат назоратининг хавф-хатарлари, ўсиб бораётган бюрократия, тенглик доктринасига умуман мос келмайдиган шахсият қадрсизланиши ҳақида. Жиддий айтадиган бўлсак, социалистик ҳукумат ўзининг мутлақ давлат мулки ҳақидаги мафкурасини, агар муддати чегараланмаган мандатга эга бўлса, амалга ошира олади. Социализм ғоясининг ўзи унчалик демократик эмас. Агар, демократия деганда бир-бирига қарама-қарши партиялар, эркин сайлов ҳуқуқи ва даврий сайловларни тушунсак. Парламент борган сари партияларнинг қонун лойиҳаларини шарҳловчи ва шахсий ҳуқуқ сингари масалаларни эътиборсиз қолдирувчи жойга айланди. Аслида, уларни ҳимоя қилиш парламент аъзоларининг асосий вазифаси бўлиши лозим. Оруэлл инглиз социализми ўзида намоён этаётган қуйидаги хусусиятлар билан муроса қила олмади: минимал миқдордаги давлат мулки, жуда ҳам қимматга тушадиган ижтимоий таъминлаш тизими, ҳаётни қийинлаштираётган “тенглаштирувчи” қонунлар мажмуаси, ниҳоят, коллектив интилишларга қарама-қарши дея баҳоланиб, индивидуалликнинг муқаррар чекланиши. Бироқ, ҳатто ўша, социализмнинг илк фараҳбахш кунларида ҳам ингсоц концепцияси дунёга келмаган бўларди – ҳар ҳолда, қайсидир университет маърузачисининг квартирасида туғилиши мумкин эди.

Сиз буни тоза ономастик 42 ғайритабиийлик бўлган деб ўйлайсизми?

Ҳа, бу ҳурматга сазовор номни беҳаёларча ўзлаштириш ва уни расво қилиш. Гитлердан сўнг бирор кимса национализмни сесканмасдан эслай оладими? 1948 йилги инглиз социализми ва 1984 йилдаги ингсоц орасидаги боғлиқлик фақат номигагина. Фараз қилинг: “Нью стейтман” атрофидаги интеллектуаллар гуруҳи нафақат Буюк Британияни, балки бутун инглиззабон дунёни ишғол қилди. Бунда, Англия ёки Парвоз йўлаги I бор-йўғи Американинг бир қисмигагина айланади ва олдинга ўтиб айтиш мумкинки, “Нью стейтман”дан бўлган олигархлар аввалига Қўшма Штатларда юқорига кўтариладилар ҳамда кейинроқ ҳокимиятнинг бир улуши билан уйга қайтадилар. Ҳеч нарса бемаъно бўлиши мумкин эмас ва Оруэлл буни тушунади. Буюк ядро уруши бўлди. Шундан кейин ҳам Виктория давридаги Лондоннинг катта қисми ҳали ҳам турибди – тағин абсурд. Эллигинчи йиллардаги сиёсий тозалашлар билан боғлиқ изтиробли хотиралар қолган. Аммо Уинстон Черчиллнинг шахсий хотира лари ва деярли бошқа барчаси ҳам – хира тушнинг жилосига эга. Ҳаммани гўё амнезия43 қамраб олганди. Ҳатто улар “ўзни тўхтатиш”ни амалга оширмасалар ҳам. Ўз-ўзидан бу, революцияга қадар нималар содир бўлганлигини билмаганимиз ҳамда юз берган ҳодисаларга аҳамият ҳам бермаганлигимизни тан олишимизда ўз аксини топади. Бу шунчаки зиёлиларни ҳокимиятга олиб келишда қўлланилувчи керакли усул. Тутуриқсиз, кулгили. Мен нимадан бошлаган бўлсам, шунга қайтаман.

Демак, сизнингча “1984”да “бир минг тўққиз юз саксон тўртинчи”дан ҳеч нарса йўқ? Ҳаммаси 1948 йилда содир бўлган ва ўз фурсати етиб келишини кутиб турган?

Қандайдир маънода, ҳа. Аслида, газеталар ва расмий баёнотлардагина мавжуд қийноқлар ёки концентрацион лагерларни Буюк Британияга кўчиришнинг ўзи етарли бўлди. Интеллектуал тоталитаризм бадиий адабиёт воситаларини таъқиб қилишига тўғри келди. Аммо, романлар чиндан ҳам кундалик тажрибалар натижасида ёзиларди. Уинстон Черчиллда норозилик уйғотган нарсалар бизда ҳам норозилик уйғотарди: ифлос кўчалар, нураётган бинолар, завод ошхоналаридаги кўнгилни беҳузур қилувчи овқатлар, деворлардаги ҳукумат шиорлари…

“Эркинлик – бу қуллик” ёки “Жаҳолат – бу куч” каби шиорларми?

Бизнинг давримиздаги шиорлар бошқача эди. Сиз тоза сув деб атаганингиз миллатчи Германия. Аммо эндигина демобилизация қилиниб, ватанга қайтганимда тинчлик давридаги илк плакатда нималарни кўрганимни эслайман: қора кийимли, озғин, пажмурда ва дилхаста аёл, унинг остидаги ёзув: “йўлингда ги ўлимни ўтказиб юборма”. Шубҳасиз, бу шиорни кимдир ўчириб ташлаган ва остига ёзган: “у социалистларга овоз берганди”. Биз ахборот вазирлигида илинган ингсоцнинг қўшмаъноли плакатларидан фарқли ўлароқ қўпол шиорга кўп эътибор берардик: “сизнинг тиришқоқлигингиз, сабрингиз, сизнинг қатъиятингиз бизга ғалаба келтиради”. “Биз” ва “сиз” – тушуняпсизми? Ажабланарли жойи йўқ. Биз ҳаммамиз ўзимизча ўтакетган улуғворлик касб этгандик. “Оталар каби оналарга маҳкам бўл”. Бу ишчи оналар орасида сал қолса ғалаённи юзага келтирарди. Шиорлар британча ҳаётнинг ажралмас қисми эди. Оруэлл ҳеч қандай янгиликни бизга тақдим этмаган.

Огоҳлантириш янгилик эмасмиди?

Қанақа огоҳлантириш? У бизга Кромвел даври Англиясида Мильтон нима деган бўлса, шуни айтди: ўз эркингиз учун чиданг. Оруэлл ҳатто бу нарсани айтмаган бўлиши ҳам мумкин. У утопиянинг ёки какотопиянинг амалдаги моделини яратиб, интеллектуал ўйин ўйнайди. Ҳойнаҳой, у синчиклаб ишлаб чиқилган тузилма барбод бўлгунча қанчалар узоққа кетиш мумкинлигини кўрсатишни истаган. Ахир у ҳайвонларни Октябрь инқилоби ўйинини ўйнашга мажбур этганди-ку. Яна бир ўйин. У ўзида Свифтни ифода қилди de nos jours44. Ўзингизнинг даҳшатли келажагингизни қуринг, ўйнанг. Барчаси иш берди ва Оруэлл мамнун бўлиши керак. Аммо завқ-шавқнинг сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Ташаккур, жаноб.

ИНГСОЦ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Шубҳасиз, Океанияни назокатли зиёлилар олигархияси бошқаради. У осонлик ила солипсистик фалсафани тарғиб қилади, у хотира ва тилни, уларнинг табиати орқали қабул қилинадиган воқеликни қандай манипуляция қилишни билади, шунингек, у қандай сабабларга кўра ҳокимиятда ташналик юзага келишини ўта нозик тарзда ҳис этади. У шахсий бошқарувга йўналган амбицияларни қандай бостиришни ўрганди. Океанияда на гитлерча, на сталинча шахсга сиғиниш йўқ: Катта Оға – тўқима, шунинг учун умрбоқий ва фақат унга дахлдорларгина у билан. Олигархия зиддиятларни тадрижий ҳамда вақт устидан назоратда оқсайдиган диалектика45 орқали эмас, синхрон қўшфикрлилик усули ёрдамида баҳолашни ўрганди. Ингсоц – илк профессионал бошқарув тизими, бинобарин охиргиси ҳам.

Унинг доктринаси шунчаки этикетга эмас, метафизикага асосланган. Мантиқ кучига таянган сиёсий тизим реаллик концепциясига асосланади ва шубҳасиз Платондан ҳам қадимийроққа бориб тақалади. Ингсоц моҳиятини идрок этишнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг метафизикаси коллектив эмас, алоҳида онг учун мосланган. Метафизика умумий аҳамиятга эга бўлишидан олдин, коллектив ягона онг каби фикрлашни ўрганмоғи лозим.

Солипсизм – лотин тилидаги “solus” ва “ipse” (сўзма-сўз таржима қилсак, унинг таркибий қисмлари “танҳо мен” ёки “мен”, “ўз-ўзим” деган маъноларни билдиради) сўзларидан олинган. Солипсизм воқелик фақатгина инсоннинг “мен”и доирасида, яна ҳам мантиқий гапирадиган бўлсак, билим ва идрокни фақатгина “мен” қўзғата олади деган ғояни илгари суради. Шундай экан, гўёки ички дунёда қандайдир мустақил олам бор, дея фараз қилмаслик керак. Солипсизм онгни воқелик сифатида баҳолайдиган, материяни эса ғоядан ортиқ нарса эмас деб фараз қилувчи идеализмдан кенгроқ тушунча. Аммо у бошқа онгларнинг мавжудлигини инкор қилмайди. Ва ниҳоят, ҳамма нарсани қамраб олувчи онг мавжудлигини илгари суради. Солипсизм solus ipse дан ўзга онгларнинг мавжудлигини исботлаш иложсиз, дея ўргатади. Бироқ барибир мантиқни инкор қилиш, қарама-қаршилик ёки ноизчилликни тан олиш учун индивидуал онгнинг вақтинчалик ёки қисман узилишларига йўл қўяди. Модомики, якка онг чиндан мавжуд экан, унинг хотиралари ҳақиқатдан узоқ бўлиши мумкин эмас. Ўтмиш беқарор ва мослашувчан эмас: онг доирасида у реал ўрин эгаллайди ва ҳақиқат ўзгарувчан, деган фикр хато. Математик формулалар ўзгармасдир. Яъни 2+2 ҳамиша 4 га тенг. Коллектив солипсизмга эса бунинг дахли йўқ.

2+2 баъзида 4 га тенг бўлса, худди шу эҳтимол билан 3 ёки 5 ни ҳам бериши мумкин. Ғалати эшитилади. Аммо, партия ғалатилик – бу коллектив онгнинг нуқтаи назарини қабул қилмайдиган ва у билан бирлашишни рад этувчи индивидуал онгнинг таркибий қисми, деб уқтиради. Уинстон Смит ҳатто партия назорати остида бўлмаган, аммо унинг ўзини оқлаш жараёнларида муҳим мурватлардан бири ҳисобланган, ҳақиқат сингари туюлган оддий арифметикага ўралашиб қолади. Оқлаш жараёни 2+2 партиянинг айтганларига тенг эканлигига ўзини (шунчаки механик қабул қилиш эмас) ишонтиришда намоён бўлади. Шекспир, қуйидагиларни илгаридан кўради:

КАТАРИНА: Нима, ой? Офтоб-ку, тунга ҳали бор.

ПЕТРУЧЧО: Йўқ, у ой – ёп-ёруғ нур сочаётган.

КАТАРИНА: Йўқ, қуёш – ёп-ёруғ нур сочаётган.

[…]

ПЕТРУЧЧО: Ой дедим, ой.

КАТАРИНА: Ҳа, ҳа, ҳа, албатта ой!

ПЕТРУЧЧО: Тағин алдаяпсан, қуёш-ку ахир.

КАТАРИНА: Ҳа-я, у қуёш-ку, қандай роҳатбахш!

Қуёшмас десангиз, қуёшмас, тамом.

Ойдан фарқингиз йўқ ўзгаришда ҳам.

Нима деб айтсангиз ўша бўлади.

Ва шундай ҳамиша Катаринага46.

Ўжар Уинстон Смитнинг ғазабини босишга тўғри келади ва бу ҳолатда Петруччо ролида О’Брайан намоён бўлади.

Партия солипсизми ушбу терминнинг анъанавий талқинидан фарқли равишда анчагина соғлом ҳамда бамаънироқ (ва, албатта, изчилроқ ҳам). Solus ipse ўзида маконни мужассамлаштирган, аммо замон ундан ташқарида бўлиб, мавжудлик шартларидан бири, дейиш мумкин. Аммо, мантиқан олиб қараганда, ягона онг агар ягона воқеликда мавжуд бўлса, ўзида барчасини, жумладан, вақтни ҳам мужассамлаштирмоғи лозим. Бундан ташқари мантиқнинг ўзини ҳам. Туйғулар – бор-йўғи “мен”нинг хизматкорлари ва улар бенуқсон эмас. Туйғулар алдамчилигини ҳеч ким инкор этолмайди. Биз иллюзияни ҳақиқатдан қандай фарқлаймиз? Фақатгина органларга таяниш ақлга тўғри келмайди. Ёлғизгина “мен” – бу номоддий, ишончли ва нима ҳақиқат-у, нима ёлғонлигини белгиловчи моҳият. Ушбу ягона атрибутдан “мен”нинг (у тасдиқланган, ўзгармас, барҳаёт, пок – пировард воқелик бўлмоғи учун) ке ракли улушини ажратиб олиш учун уни фақатгина жамоавий “мен”га айлантириш лозим.

Негадир, ушбу ўлмас, қудратли, ҳар ерда ҳозир, инсонларни назоратда тутиб турувчи ғоя, умидсизлик ва ғамгинликдан кўра, руҳиятга кўтаринкилик бағишлайди. Инсоният тарихи – бу унинг атрофдагиларни назорат этиш мақсадида олиб борган ўжар курашлари тарихи. Мағлубиятларнинг асосий сабаби эса ҳар доим танаси қариган, ақли ривожланишдан ортда қолган алоҳида индивиднинг калтафаҳмлигидир. Жамоавийликни кўтаринг ва алоҳида шахсни камситинг, шунда тарих инсониятнинг кетма-кет ғалабаларига гувоҳ бўлади. Аслида, ингсоц тарихи ҳам шундай.

Жамоа ягона онг каби ҳаракатланиши учун унинг барча аъзолари ёки ячейкалари кўрган-билганлари тўғрисида якдил бўлишлари керак. Индивидуал кузатув олиб бориш ва хотира партиянинг қарорларини ҳақиқат сифатида қабул қилиши учун ҳар лаҳзада қўшфикрлилик дея номланган услубдан фойдаланилади. Реаллик муҳим фурсатга тенглаштирилади. Ўтмиш бугунни белгиламайди, аксинча, бугун ўтмишни модификациялайди. Ҳаммаси туюлгани сингари даҳшатли эмас. Жамоавий онгнинг хотиралари архивларда бўлмоғи лозим. Архивларни эса – ўзгартирмоқ даркор. Яна бир қадам ташлаймиз: ўтмиш мавжуд эмас, сабаби биз уни яратишда эркинмиз. Қачонки, яратилган бир ўтмиш бошқаси билан зиддиятга борса, қўшфикрлилик ишга тушади. Унинг аниқ изоҳи Океания ҳамжамиятининг зарурий, шу туфайли ўлдирилмайдиган душмани Эммануэль Голдстейн қаламига мансуб бўлган “Жамоавий олигархия назарияси ва амалиёти” китобида келтирилади. Мана ўша сўзлар:

“Қўшфикрлилик бир вақтнинг ўзида икки хил қарама-қарши маслакка таяниш қобилиятини бил диради. Партия интеллегенти ўз хотираларини қайси томонга ўзгартиришни яхши билади; аниқроғи, нима ҳақиқат билан фириб бераётганлигини ҳис қилади; демак, қўшфикрлилик ёрдамида ҳақиқат дахлсиз қолганлигига ўзини ишонтиради. Бу жараён онгли равишда юз бермоғи лозим, бўлмаса уни бекаму кўст амалга оширолмайсан. Шунингдек, идроксиз ҳам бўлмоқ даркор, акс ҳолда ёлғон ҳисси, унинг ортидан айбдорлик туйғуси юзага чиқади. Қўшфикрлилик – ингсоцнинг қалби, шу сабабли партия уни қасддан алдаш йўли орқали, ўз мақсадига элтувчи йўналишни қаттиқ ушлаб ишга солади. Бу эса тўла ҳалолликни талаб қилади. Ғирт уйдирмани гапириш ва бир вақтнинг ўзида унга ишониш, ҳар қандай ноқулайлик туғдирувчи фактларни унутиш ва уни бутунлай эсдан чиқарилишидан сақлаб қолиш (у яна керак бўлиб қолиши мумкин-да) объектив ҳақиқат мавжудлигини рад этиш ва инкор этилаётган ҳақиқатни ҳисобга олиб қўйиш – буларнинг барчаси жуда муҳим”.

Голдстейн китобининг, шу қаторда партия фарзанди ҳисобланмиш Голдстейннинг мавжудлигини қўшфикрлиликнинг ўта нозик даражада қўлланилиши деб ҳисоблаш мумкин. Ўйлаб топилган душманнинг сўзлари орқали партия ўз-ўзини ёлғончиликда айблайди. У ҳақиқатни гапириш учун ёлғоннинг барча асосларини фош этади. У иккита бир-бирига номутаносиб жараённи бирлаштиради: онглилик ва ғайришуурийликни. У – барча эзгуликларнинг сақловчиси ва бир вақтнинг ўзида айбдорлигини ҳам тан олади. Қўшфикрлиликдан қўшфикрлиликни аниқлаш учун фойдаланилади.

Қўшфикрлилик на кулгини ва на муаллифнинг чўчитувчи фантазиясидан сесканишни чақирмаслиги керак. Оруэлл инсоният ҳамиша “мутлақо зарур”

деб билган фикрлаш жараёнини ифодалаётганини биларди. Бу нафақат фикрлаш жараёни: биз ўз эмоционал ва ҳиссий идрокимизнинг қарама-қаршиликларини бирлаштиришга нақадар ўрганиб қолганлигимизни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. “Odi et amo”, – деб ёзганди Катулл, яъни “ёмон кўриб севаман”. Бир хил вақтдаги бир турли икки предмет. Оруэлл гўштнинг бир вақтнинг ўзида ҳам мазали, ҳам зарарли эканлигини эслатиб ўтади. Жинсий жараён ихтиёрий равишда амалга ошади, бунга эса биологик эҳтиёж мажбур этади; у маст қилувчи даражада эмоционал, аммо ўз табиатига кўра ҳайвоний ҳам. Туғилиш – ўлимнинг ибтидоси. Инсон – танаси руҳига, инстинкти интилишларига қарама-қарши бўлган икки ёқлама мавжудот. Оруэлл ўзининг икки тарафлама эканлигини жуда аниқ идрок этади. У бир вақтнинг ўзида Эрик Блэр47 ва ўзини ишчилар синфи билан тенг ҳисоблашга интиладиган ҳукмрон табақа вакили, зиёлиларга ишонмайдиган кишилар билан тенг зиёли, сўзга ишонмайдиганлар билан тенг тилшунос Жорж Оруэлл эди. Қўшфикрлилик гарчи сиёсий мақсад воситаси сифатида тасаввур этилса ҳам, анчагина пухта ўйланган услуб. Бизнинг қўшфикрлиликка нисбатан шахсий муносабатимиз ҳам турган гапки, қўшфикрлиликка асосланган.

Амбивалент48 бўлмаган инсоний кечинма ва туйғу зўрға топилса керак. Ингсоц файласуфлари айтадилар: биз инсон ҳаёти – бу қисман қарама-қарши жонглёрлик масаласи эканлигини тан оламиз. Биз инсон ҳаётига янги мазмун – ягона организм каби ҳаракатланувчи жамоавийликни олиб кирмоқчимиз. Фикрлар бирлигига қарама-қаршиликларни бартараф этишнинг онгли услубларини чиниқтириш орқали етишиш мумкин (то “чиниқтириш” сўзига етгунча сизда ҳам қўшфикрлилик жараёни яшин тезлигида юз берганлигини сездингизми? Контекстдаги чалғитиш туфайли сиз қалбакилаштирилган чек ёки пулга ўхшаш маънони қабул қилишга шай эдингиз, аммо кейинчалик сиз асл маънога – металл буюмлар тайёрловчи темирчининг ҳалоллигига йўғрилган маънога қайтдингиз). Феноменлар бизни назорат қилишига йўл қўймаймиз, аксинча, уларни ўзимиз назоратда тутамиз. Ўтмиш ва келажак ўртасида мутлақ мувозанат ҳосил бўлсин. Ўтмиш нима, бу бугуннинг ёрқин ҳақиқатига таъсир этувчи тушунуксиз ва ҳаракатсиз, бетартиб воқеа-ҳодисаларнинг йиғиндисими? Бу ерда асосий масала кимнинг кимга хўжайинлигида.

На страницу:
3 из 6