Полная версия
1985
Бошқача сўзлар билан айтганда, бахтнинг ортидан қувиш бемаънилик. Эркинлик-чи? Бу нарса учун курашда маъно бор, дейиш мумкин. Оруэлл ҳукмдорлари бошқарилувчилари устидан ўзларининг юз фоизлик ҳукмини ўтказишга хуши йўқ жамиятни тасаввурига сиғдира олмайди. Ва айнан шу нарса унинг наздида “сиёсий тафаккур” ҳисобланади. Жамият мувозанати бошқарилувчиларнинг бошқарувчилар хоҳиш-иродасига қаршилиги асосига қурилган. Ҳукмрон табақа душманлик кайфияти дея баҳоланувчи, куч билан бостиришни талаб этадиган қарама-қаршилик ва шулардан ҳосил бўлувчи садистик лаззатни уюштиради. Оруэлл жамиятни айнан шундай баҳолайди ва тарих у тарафда. Нега бировлар бошқаларни бошқаришга интилади? Бу уларнинг фаровонлиги учун эмас. Ушбу маслакка таяниш – “сиёсий тафаккур”ни намоён этиш демак.
Лекин Г.Уэллс каби адолатли жамият қуриш мумкинлигига ишонувчи утопистлар мавжуд эди. “1984” – маъсум манзарали, эллинистик (ёки Муссолинига хос) архитектурали, кийимлардан ва иш қуролларидан оқилона фойдаланиладиган олам устидан, ақл-заковат ёрдамида бошқариладиган, қўполлик, ҳукмронликка ташналик сингари инстинктив туйғулар шафқатсиз бостириладиган жамият устидан масхаралаш. Оруэлл чиндан ҳам инглиз роҳиби бўлганида бу нарсани қайси атама билан изоҳлашни билган бўларди. У илмий социализм ғолиб бўлган ижтимоий жамиятни “пелагианик” деб атаган бўларди.
“Пелагианик” ва “Августинианик” атамалари гарчи теологияга оид бўлса ҳам, инсоннинг борлиқ ҳақидаги тасаввурларидаги икки қутблиликни изоҳлашда фойда беради. Пелагий ёки Морган (иккала ном ҳам “денгиз одами” деган маънони англатади) мавжуд диний ақидаларга хилоф иш қилганликда айбланиб, Ғарбнинг ахлоқий фалсафасига таъсирини ҳеч қачон тўхтатмаган черков томонидан милодий 416 йилда судланган. Гарчи, анъанавий христианлик таълимотининг бир қисми эса-да, улар томонидан илгари сурилган инсон концепцияси ниҳоят даражада ишончсиз эди. Анъанавий таълимотга кўра, инсон бу дунёга Илк гуноҳнинг оғир юкини кўтариш учун келади. Бу юкка бардош бериш эса, ожиз инсон боласининг қўлидан келмайди. Ва унга Худонинг раҳм-шафқати ва Исонинг шафоати керак бўлади. Илк гуноҳ Одам томонидан жаннатда содир этилган ҳамда башариятнинг ёвузликка, жиноятга мойиллигининг сабабчиси, деб ишонилади. Замятин бизга эслатганидек, Одам Ато бахтли бўлишни эмас, “эркин” бўлишни истади. У ўзига танлов ҳуқуқини тилаб олди. Яъни у ёки бу қилмишларидан бирини танлаш ҳуқуқини. Аслида, гап ахлоқий муҳокамадан ўтказилиб, сўнг танланган қилмиш ҳақида бормоқда. Озодликка эришиб, у катта эҳтимол ила ҳақиқатдан кўра кўпроқ ёлғонни танлаши мумкинлигини сезмади. У Худога хуш ёқадиган эмас, ўз худбинлигини қондирадиган ишлар ни содир этди. Бу билан у ўзини Худонинг жазосига гирифтор этди ва мазкур жазони бекор қилиш ёлғиз Худонинг марҳаматигагина боғлиқ.
Пелагий бу шафқатсиз тақдирни инкор этди. У илгари сурган ғояга кўра, инсон лаънатни ҳам, шафоатни ҳам бир меъёрда танлашга қодир: у гуноҳга ихтисослашмаган, Илк гуноҳ эса умуман мавжуд эмас. Қизиғи, у эзгуликка ҳам ихтисослашмаган ва мутлақ танлов ҳуқуқи уни нейтралга айлантирди. У ҳеч қандай тўсиқларсиз ўзининг гуноҳларга мойил қалбига қулоқ солиши ёки шафоатга лойиқ бўлишга интилиши мумкин. Илк гуноҳга асосланган анъанавий таълимотни ҳимоя қилиш учун янги далиллар келтираркан, авлиё Августин, епископ Гиппонский Пелагийни қаттиқ суд қилди. Аммо, ўн беш асрдан ортиқроқ вақт ўтибдики, у ҳануз жим бўлгани йўқ.
Мазкур нуқтаи назарни биз кўпинча беэътибор қолдирамиз ва гуноҳ ҳақида унутиб, жамият учун нима яхши-ю, нима ёмонлигига диққатимизни қаратамиз. Руҳонийлар “Илк гуноҳ” деб атаган нарса бечоралик, харобалар, нодонлик ва камбағалликка реакциядир. Илмий социализм гуноҳга даъват этувчи сабабларнинг илдизига етиб боради. Инсон нафақат ахлоқий бетараф: жамоавий “жонзот” бўлгани ҳолда у “яхши” ёки жамиятнинг масъулиятли аъзоси бўлишни истайди; унга фақатгина муҳит халал беради. Бироқ, агар дунёвий-пелагианлар бор бўлса (гарчи улар 1933 йилдагига нисбатан камроқ эсалар-да), дунёвий-августинианлар гўё хаёлга ҳам келмайди. Ахлоқий тараққиёт имкониятларини инкор этувчилар одамдаги бузғунчилик, ёвузлик, нафсга эргашиш кабилар унинг гуноҳкор табиатига хос белгилар деб ҳисоблайдилар, зарурий ҳолларда анъанавий теологик позицияларда турадилар. Агар инсонни яхшилаш учун бирор бир нарса зарур бўлса, у ташқаридан – Худо, Ҳаётий Қувват ёки номаълум учар жисм томонидан олиб келинган ажнабий вирусдан келиши керак. Бироқ, мазкур дунёқарашларнинг қутблилиги унчалик қотиб қолмаган. Биз бир вақтнинг ўзида ҳар хил циклик фазалар ёки қўшфикрлилик туфайли ҳам Пелагиан, ҳам Августиниан бўлишимиз мумкин. Оруэлл пелагиан ва социалист, ингсоцни яратганда эса Августиниан эди. Баъзан эркин жамиятдаги сиёсий ҳаёт қуйидаги циклга мувофиқ давом этаётганга ўхшайди: Пелагианлик эътиқоди натижасида одамлар ўзларини ривожланишга, либерал идеалга етишишга қодир эмас, дея ҳисоблаганларида ҳокимиятга у ёки бу либерал тартиб келади; либерал тузум қулайди, ўрнига авторитар тузум иқтидорга келади ва одамларни мажбурий тарзда яхши инсонларга айлантиради; кейин одамлар Августиниан фалсафасини ўрганадиган даражада аҳмоқ эмасдек туюла бошлайдилар; яна либерализмга йўл очилади. Биз худбинлигимиз туфайли ўзимизни жирканч ҳис этганимизда Августинианликка, ўзимизни яхши тута бошлаганимизда эса Пелагианликка мойил бўламиз. Эркинлик Пелагианлик учун ниҳоятда зарур; детерминизм (илк гуноҳ туфайли биз ўз ҳаракатларимизга тўлиқ жавоб беришга қодир эмасмиз) – Августинианлик учун. Орамизда ҳеч ким қанчалик даражада озод эканлигимизни билмайди.
Бир-бирига сингиб кетувчи икки теологик таълимотга мурожаат қилганимизда, “ёвузлик” ва “эзгулик” ўртасида ўйин ўйнаётгандек ҳис қиламиз ўзимизни. Ўз илдизларидан узилиб, уларнинг маънолари хиралашса-да, ҳиссий бўёқдорлигини йўқотмайдилар. Сиёсатчининг оғзидан “яхшилик” ва “ёмонлик” сўзларини эшитиш ноқулай. Гарчи қўрқинчлироқ бўлса-да, бу сўзлар “тўғри” ва “нотўғри”га алмашганда ноқулайлик бироз чекина ди. Мухтасар айтганда, ушбу сўзлар билан ифодаланган ахлоқий иккиюзламалик давлат фаолиятига айнан мос келади, сабаби, ёвузлик ва эзгулик доимий теологик тушунчалардир. Нима хато-ю, нима тўғри? Буни давлат белгилайди. Остазиядан нафратланиш тўғри, аммо кейинги лаҳзада бу нотўғри бўлиши ҳам мумкин. Картошкани мўл-кўлчилик вақтида истеъмол қилиш тўғри, ҳосилдорлик паст бўлган даврда эса – нотўғри. Консерваторлар ноҳақ, биз социалистлар ҳақмиз, масала – ёндашувда. Давлат қонунлари мудом ўзгариб туради. Улар билан биргаликда тўғри ва нотўғрининг қиймати ҳам. Ўзгармас қадриятларга давлатнинг ўзгарувчан хоҳиш-иродасини қарши қўйиш зарурияти, маълум бир қонуннинг қабул қилинишини, гарчи у нотўғри бўлса ҳам, эзгулик, бошқасининг қабул қилинишини эса ҳатто у тўғри бўлса-да, ёвузлик деб аташимизни тақозо этади.
Яхшиликдан кўра ёмонликка мисол келтириш ҳар доим осонроқ. Августиниан айтиши мумкин: бу муқаррар, сабаби ёвузлик бизнинг табиатимизда мавжуд, эзгулик эса йўқ. Ва умуман, “Яхши” – турли маънолар жилвасига эга сўз, биз эса ахлоқий яхшиликни, агар муносиброқ атама бўлмаса, эстетик яхшилик деб аталиши лозим бўлган нарса билан осонгина адаштирамиз. Башариятнинг энг буюк жумбоқларидан бири фашистларнинг ўлим лагерларида яширингани эди. Минглаб яҳудийларнинг йўқ қилинишини назорат қилган қайсидир комендант уйга қайтгач, Шуберт сонаталарини ижро этаётган қизига қараб, қувонч кўз ёшларини тўкади. Шундай бўлиши мумкинми? Ёвузликка хизмат қилувчи инсон қандай қилиб бундай осон тарзда илоҳий эзгулик дунёсига ўта олади? Жавоб шуки, мусиқанинг “эзгулиги” ахлоққа умуман алоқадор эмас. Санъат бизни меҳр-оқибат ва адолатга ўргатолмай ди. У олманинг таъми сингари ахлоқий жиҳатдан бетарафдир. Оғзаки чалкашликларни англаш ўрнига биз аномалия ҳақида мулоҳаза юритамиз ёки Жорж Стейнерга ўхшаб, санъатга бўлган муҳаббат, одамларнинг ахлоқий талабларни англашига туртки беради, дея даъво қиламиз. “Вертер ва Шопенга қайғуриб йиғлаган одамлар ўзлари сезмаган ҳолда дўзахдан ўтдилар”. Бу ерда ҳеч қандай жумбоқ йўқ.
“Худо бу эзгуликдир” деганда нимани назарда тутамиз? Худо меҳрибон ва ўзи яратган махлуқотларнинг бахтини таъминлаш билан шуғулланади, дейиш мумкин. Аммо бунга ишониш ва тасаввурга сиғдириш маҳол. Илоҳий “яхшиликни” панжарали мол гўшти ёки Моцарт симфониялари сингари “тоза нарсалар”га таққослаш осонроқ. Сабаби уларнинг иккаласи ҳам ўткир ва туганмас лаззат беради. Хўранда истеъмол чоғида бир вақтнинг ўзида симфонияни тинглаши мумкинлигини ҳисобга олсак, улар бир-биридан мустақилдир. Санъатдаги “эзгулик” – илоҳий яхшиликка энг яхши метафора.
Мусиқа асаридаги “эзгулик” ва эзгу ишнинг умумий тарафи – беғаразлик. Давлат нима тўғри-ю, нима нотўғрилигини белгилаб беради ва унга ишонган, давлатнинг буйруқларига сўзсиз бўйсунган инсон яхши фуқаро, дейилади. Эзгулик ва фуқароликнинг бир-бирига сира алоқаси йўқ. Эзгулик қонунга бўйсуниш, мақтовга сазовор бўлиш ёки жазодан қутулиб қолиш учун қилинмайди. Эзгу ҳаракат альтруистик ҳаракатдир. У ўзи ҳақида чор атрофга жар солмайди ва ҳеч қандай мукофот ҳам таъма қилмайди. Эҳтимол, Бетховеннинг Тўққизинчи симфонияси (карлик, сўқирлик, касаллик ва қашшоқликда яратилган) ва камбағалларга плашини совға қилган, моховларни бағрига босган, ўзгаларни қутқариш учун ўзини қурбон қилган авлиёнинг эзгулиги ўртасидаги хаёлий фарқни илғаш мумкин. Бетховеннинг эзгулиги авлиё амалга оширган яхшилик доираларидан ташқарида. Санъат бу жаннатни беминнат кўриш воситасидир. Ярим илоҳий ҳолатида санъат инсоний манфаат ва қизиқишларидан анча юқори. Насронийлик таълимотидаги жаннатдан фарқли ўлароқ у яхши учун ҳам, ёмон учун ҳам тенг – гўё Худонинг авлиё Августинга кўрсатган марҳамати сингари. Ва бу тор фикрли ахлоқшуноснинг наздида шубҳалидир.
Унда яхши иш нима? Фақирни кийинтиришми, беморга ғамхўрлик қилиш, очларга таом бериш ёки жоҳилларга илм ўргатишми? Мазкур бир-биридан алоҳида ҳаракатларни тирик организмга табиий муҳитда эркин ишлаш қобилиятини қайтариш истаги нуқтаи назаридан умумлаштириш мумкин. Бу ҳаракатлар эзгу бўлса-да, ҳар доим ҳам тўғри эмас. “Жаҳолат – куч”, – эълон қилади ингсоц. Фашистлар айтган эдилар: барча яҳудийлар оч қолсинлар, музласинлар ва ўлим топсинлар. Эзгу иш манфаатдор кишилар орасидаги ирқий ва бошқа тафовутларни тан олмайди. Яхшилик – бу қушнинг синган қанотини тузатиш ёки гуаляйтер56нинг ҳаётини асраб қолишдир. Эзгуликнинг поклиги унинг қай даражада беғаразлиги билан ўлчанади; унчалик юксак бўлмаган одамларнинг яхшиликлари аралаш, тушуниксиз ва ғайриихтиёрий мотивларга эга бўлиши мумкин; бироқ, яхши иш назоратдан чиқишга интилади, мақсадлар, қонун ва сиёсат унинг учун аҳамиятсиз тушунчалар бўлиб қолаверади. Биламизки, эзгу ният ёмон оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Темир йўл фалокатида Чарлз Диккенс бепарволик билан ярадорларнинг томоқларига бренди қуйди ва бу билан бир неча инсоннинг умрига зомин бўлди. Аммо, у қотил эмасди. Чинакамига яхшилик қилиш қобилияти юқори интеллект ва катта илм билан боғлиқ. Инсонда эзгуликни жоҳил ёвузликдан ажрата олиш қобилиятининг босқичма-босқич ортишини тараққиёт деб аташ мумкин.
Соф шаклда ёвузлик ҳам яхшилик сингари беғараз хусусиятга эга. Агар эзгулик инсон организмининг куч ва имкониятларини эркин намоён этишга ҳисса қўшса, унда ёвузлик муқаррар равишда бу эркинликни чеклашга интилиши керак. Модомики, биз пелагиан эканмиз, унда инсонга тўлиқ ахлоқий танлов эркинлиги берилганлигини қабул қилишимиз керак. Бу имкониятни йўқ қилиш – одамийликдан чиқаришдир. Ёвузлик тирик қалбни манипуляцияга айлантириш вақтида ўзини янада ёрқинроқ намоён этади. Ўлимга маҳкум этиш етарлича ёвуз қилмиш, аммо қийноқлар доимо ундан-да ёмонроқ, дея ҳисобланган. Давлат – инсонийликдан чиқаришдан энг кўп манфаатдор. Давлат ахлоқий танлов масалаларида ташаббусни қўлга олишга мойил ва шахснинг мустақил қарор қабул қилишини таъминлашга интилмайди. Ҳокимият эгалари ҳукмдор ва бошқарилувчининг хоҳиш-иродалари ўртасидаги фарқни англашлари ниҳоятда муҳим. Идеал ҳолатда ҳукмдорнинг хоҳиш-иродаси мутлақо эркин бўлиши лозим; бўйсунувчиларнинг эркинлиги эса тузумнинг қай даражада авторитарлигига боғлиқ. Давлат – ҳукмдорнинг бошқарилувчилар устидан ҳокимиятни амалга ошириш воситаси. Шундан келиб чиқиб, мазкур восита ўз вазифаларини амалга оширишда иложи борича камроқ қаршиликка учраши керак ва давлатда мужассамлашган ёвузлик ҳеч қачон беғараз бўлмайди, дейиш мумкин. Бироқ, Оруэллнинг какотопиясидаги қудратли тузум вужудга келади ва у шу қадар ўзига ишонганки, у ёвузликни шунчаки эрмак учун амалга оширади ҳамда бундан қувонч туяди – бошқача сўзлар билан айтсак, эркак ва аёлларни қасддан қийноқлар ичида фарёд чекувчи ва соғлом ақлидан секин-аста жудо бўлувчи ғайриинсонларга айлантиради. Бу фашистлар Германияси, Совет Россияси ва бошқа кичик автократик тузумлар истаган, аммо ҳеч қачон эриша олмайдиган какотопия. Эҳтимол, агностик Оруэлл учун давлат миясидан энг кичик суягига қадар ёвузлик бўлиб кўринарди. Ёвузлик алоҳида шахс учун эмас, илк гуноҳ – кулгини қистовчи таълимот. Оруэлл социализми инсоннинг ахлоқий ва иқтисодий томонлама юксалишига нафақат йўл қўйиб берди, балки бу нарсага қаттиқ ундади. Унинг Августианлик пессимизми фақат олигархик давлатда дунёга келган инсон авлодларига тегишли эди. Давлат – иблис, аммо, Худо мавжуд эмас. Алмисоқдан қолган диний қарашларидан бошқа ҳамма нарсани ташлаган Ғарбда ёмонлик қандайдир тарзда индивиддан ташқарида мавжуд, деган қараш шаклланган. Вьетнамнинг Милай қишлоғидаги хунрезликлар, Чарльз Мэнсоннинг қотилликлари, Американинг йирик шаҳарларидаги кўчаларда ҳукмрон зўрлашлар, қийноқлар ва одам ўлдиришлар ёвузлик каби кўринади ва қабул қилинади. Аммо, ёвузликни Августин таълимотида бўлгани каби одам табиатининг ажралмас қисми эмас, “ташқаридан келган касаллик”, деб қабул қилиш қулайроқдир. Иблис ва унинг хизматкорлари бўлмиш шайтонлар ёвузлик устидан якка монополияга эгалар, улар одам руҳини эгаллаб олиб, унда ёвузликнинг ҳар қандай кўринишларини – даҳрийликдан тортиб, каннибализмгача ўстиришга ҳаракат қиладилар. Балки шайтонларни қувиб юбориш мумкиндир. Аммо, ёвузлик инсоннинг ўзида кўпаймайди. Имонлилар анчагина бахтлидирлар, боиси улар ўз гуноҳларини ёлғон Ота сининг бўйнига қўйишлари мумкин. Оруэллга кўра бутун гуноҳ Катта Оғанинг чекига тушади. Оруэлл гўё реал дунё (унинг бемор хаёлотидан фарқли ўлароқ) янада улканроқ ва ёмонроқ какотопиялар сари ҳаракатланаётганига ишонган. Давлатлар каттароқ ва қудратлироқ бўлиб боради. Босимнинг энг шайтоний усулларини қўллаб, улар борган сари кўпроқ одамларни гуманоид манқуртларга айлантирадилар. Оруэллнинг тасаввуридаги келажак давлат ва одам ўртасидаги тенгсиз кураш, унда инсоннинг муқаррар ва қақшатқич мағлубиятидир. Энди бизнинг вазифамиз – унинг башоратлари ҳақиқатга эвриладими ёки йўқ, шуни аниқлаш.
МАМЛАКАТЛАР ВА БУЮК ДАВЛАТЛАР: МУНОЗАРА
Замонавий дунёдаги кучлар мувозанати Оруэллнинг тўқималари билан қандай таққосланади?
Тамоман ўзгача. Супер кучлар пайдо бўлдилар, аммо, маълум бўлдики, улар учун кичикроқ давлатлар устидан назоратни амалга ошириш осон эмас. Митти давлатлар катталари томонидан ютиб юборилмади. Урушдан кейинги давр регрессив руҳ, беҳисоб собиқ мустамлакаларнинг ажралиб чиқиши, мустақил диктатуралар, олигархиялар ва чин демократиялар тўпламларининг вужудга келиши билан ажралиб турди. Тўғри, ҳозир таъсир доиралари, бир-бирига сингишиб кетган тизимлар ва ҳоказолар ҳақида кўп гапирилмоқда, лекин шунга ўхшаш мафкурага эга бўлган Оруэлл моделининг улкан марказлашган блоклари мавжуд эмас. Ҳокимият манбаи қани унда? Давлат механизмларини ағдариб ташлашга қодир ҳақиқий ҳокимият Ислом нефтида оқмоқда. Оруэлл учун Яқин Шарқ улкан кучлар тасарруф этиш учун баҳслашадиган арзон ишчи кучи манбаи бўлиши лозим эди. Ислом – мана, темир мушти билан қоронғу асрларда насронийликни тормор этган, ҳақиқий жанговар эътиқодидан маҳрум этилган (Иккинчи Ватикан черковига раҳмат) Ғарбга ҳамон таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, кучли диний мафкурага эга том маънодаги супер куч.
Ё, Тангрим! Аммо, умуман олганда, сиз Оруэллнинг башоратлари айрим жабҳаларда амалга ошганлигини эътироф этишингиз керак. Америка, Россия ва Хитой тиш-тирноғигача қуролланган, бир-бирига ҳужум қилишга шай турган учта даҳшатли буюк давлат ўрнига ўтишлари мумкин.
Аммо, улар ҳужум қилмаяптилар. Ҳеч қандай ошкора таҳдид бўлмади. Ҳа, оғзаки “жанглар” бор, бироқ, Москва, Пекин ёки Нью-Йоркка ядро ҳужумлари уюштирилмади.
Демак, ҳеч қандай мангу уруш йўқ, шундайми?
Тўғри, йилига бор-йўғи икки-учта майда урушлар. Ҳиндистон Покистон билан, Исроил Миср билан, Иордания Сурия билан жанг қилмоқда. Фаластин, Кения, Ҳинди-Хитой, Жазоир, Ангола, Мозамбик, Тибет, Нигерия, Юнонистон, Голландия Янги Гвинеяси, Конго, Кипр, Ява ҳамда Гоадаги отишмалар. Буюк мамлакатларнинг ҳеч қандай ошкора тўқнашуви йўқ, у фақат воситачилар орқали рўй бермоқда. Корея ва Вьетнам сингари. Ёки 1967 йилда Голан тепаликларидаги рус ҳарбий маслаҳатчилари каби. Руслар ҳам, хитойликлар ҳам Яман Халқ Озодлиги фронти учун мужоҳидларни тайёрламоқдалар. Ва рус қўшинлари 1953 йилги Шарқий Германиядаги қўзғолонни бостириш, 1956 йилда венгерларга, 1968 йилда чехларга ўз жойларини кўрсатиб қўйиш учун бевосита ва очиқ иштирок этишди.
Аммо, Оруэлл Евроосиёсининг куртаклари, яъни советлаштирилган Европа бор-ку.
Лекин, Европанинг қайси қисми унга кирди? Ғарбий Европа автократиядан нафақат Гитлер истибдоди, балки узоқ йиллик пруссизм ва Габсбурглардан кейин ҳам чарчаган. Россия Евроосиёни куч билангина барпо этиши мумкин эди. Бироқ, Россия ҳам, Америка ҳам ҳаддан ташқари куч ишлатишдан қўрқадилар. Митти давлатларнинг таваккалига маҳаллий урушларни бошлашга тайёргарлиги ва буюк давлатларнинг бир-бирига ошкора душманлик қилишни истамаслиги – 1945 йилдан кейинги даврнинг буюк парадокси.
Менинг фикримга кўра, тўғридан тўғри тўқнашувлар юз берган, бунга мисол қилиб, 1953 йилги Корея можароси ёки 1962 йил Кубада содир бўлган ракеталар билан боғлиқ ҳодисани келтириш мумкин.
Оруэллнинг тахмин қилишича (бу масалада у ёлғиз эмасди), ядро уруши ортида доимий, аммо ўтмишда бўлгани сингари чекланган ва доимий қуроллар ёрдамида олиб бориладиган уруш бўйича келишувга эришилади. Ҳаммамиз қачонлардир ядро бомбаларидан қўрққанмиз: улар бизнинг кундалик даҳшатимиз эди. Қирқинчи йиллар охири ва эллигинчи йиллар бошида адабиёт қандай бўлганини эсланг. Ҳеч бўлмаса Олдос Хакслининг “Маймун ва моҳият”ини олайлик. Унда ядро урушидан сўнг варварликка қайтган Жанубий Калифорния, мутацияга учраган махлуқларнинг туғилгандаёқ ўлдирилиши, мавсумий жинсий алоқа, Пашшалар Ҳукмдори ва Бомбалар Ҳомийсига ибодат, уларга келтирилган қурбонликлардан завқланиш ҳолатлари тасвирланади. Ёки Л.П.Хартлининг “Адолат мавжуд” асари дунё ядро урушидан сўнг айбдорлик ҳиссини бошдан кечирмоқда. Гўдакларга қотилларнинг исми қўйила ди. Одамзотнинг дунёни ўзгартиришга бўлган ҳар қандай уриниши блокланади. Ахир, биз қиладиган ҳар қандай иш бу ёмонликдир. Ёки “Доктор Стрейнжлав”ни олинг – бу энди олтмишинчи йилларнинг боши. “Хатоларга бардошли” романи каби руҳга эга асарлар ҳам бор. Оруэлл даҳшат ва террор ядро урушидан анча илгари бошланганлигини тушуна олмасди. Бироқ, ҳамма бир хил хатога йўл қўйди.
Шунингдек, у тез орада атом бомбаларидан кўра даҳшатлироқ потенциалга эга термоядровий қурилмалар пайдо бўлишини олдиндан кўра олмаган. Ўйлашимча, ядро асри ҳақида хулосаларингиз мана бундай: буюк давлатлар бошқалар номидан ёки ўзларининг таъсир доираларида маҳаллий жазо операцияларини амалга оширишдан ташқари тўғридан тўғри ҳаракат қилишдан қўрқадилар; кичик мамлакатлар ҳаракатсиз гигантларнинг оёқлари остида қирпичоқ бўлишмоқда. Гигантлар ажаловар парвозларни амалга оширишнинг қулайлиги ва уларнинг оқибатларига жавоб бериш ҳам хамирдан қил суғургандек кечишини биладилар: гап миллионлаб қурбонлар эмас, балки иккала ёки ҳар томондан ҳам зарар етган минглаб тонна электрон қурилмалар ҳақида боряпти. Пигмейлар 57 ўз жанговарликлари учун айбдор эмаслар.
Улар қанчалик узоққа боришлари мумкинлигини тушунадиган даражада бегуноҳ эмаслар. Ва уларнинг иқтисодиёти қанчалик узоққа боришга имкон бераркин? Айтганча, Оруэллнинг уруш учун махсус иқтисодий назарияси ядро бомбалари даврида ишламаганлигини таъкидлаш ҳам қизиқ. Мен ҳаётнинг паст даражасини қўллаб-қувватлаш учун саноат ишлаб чиқариш маҳсулотларини ҳарбий мақсад ларда сарфланиши ҳақида айтяпман. Ғоянинг ўзи миллатчи Германияда пайдо бўлди: сариёғ ўрнига тўппонча. Америка иқтисодиёти эса қуролланишга сарфланган улкан харажатлар ва тинчлик даврида маҳсулот ва хизматлар ҳажмининг ўсиб бориши билан ажралиб турган. Гўё қитъалараро ракета ва рангли телевизор иқтисодий экспансиянинг бир йўналишига мансубдек. Замонавий дунёда технологияларнинг икки турини – ўлимга олиб келадиган ва гўёки ҳаётни яхшилайдиган хилларини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Ва чиндан ҳам, бу даврни асосан ушбу иккаласининг синтези орқали тавсифлаш мумкин: сокин ва ёқимли оқшомда Вьетнам урушини хроматик ўйин-кулги манбаи сифатида телевизор орқали томоша қилиш. Америкалик ҳарбий эскапада58ларга истеъмолчилик қувончлари билан ёнма-ён юрибдилар. Бу ерда Оруэллга хос ҳеч нарса йўқ.
Аммо, Американча империализм ҳақида Оруэллга хос бўлган нимадир бор – майли, тарқоқ ва яширин бўлса ҳам, ўзининг ингсоци ва куч марказларига эга Океанияни қуриш. Бунда Марказий Разведка Бошқармаси фикрлар полицияси ўрнини босади. Демократиянинг иккиламчи ўйини: ўз тақдирини ўзи белгилаш, сўз ва эътиқод эркинлиги каби тушунчалар қўрқитиш ва босимлар билан муросага келади. Озод франкафоник Канада? Муртадларни ўйлаб ўтирмасдан отиб ташланг. Шимолий қўшнига катта миқдорда Америка сармояси йўналтирилди. Италиядаги коммунистик ҳукумат? Буни хаёлингизга ҳам келтирманг. Мен Римда яшовчи, сиёсатга аралашмайдиган зарарсиз ёзувчиман. Марказий Разведка бошқармаси глобал тинчлик ва озодлик шиори остида мени кузатаётганини, телефон суҳбатларим тингланаётганини жуда яхши билардим.
Кенгроқ фикрлайлик. Қўшма Штатларнинг анъанасида авторитаризмнинг Европа моделига мойилликни келтириб чиқарувчи ҳеч нарса йўқ. Эллигинчи йиллардаги жазавали антикоммунизм гарчи ёқимсиз ва хавфли бўлса-да, марказлашган кучга нисбатан туғма нафратнинг ифодаси сифатида қаралиши мумкин. Америка Ғарбий Европа демократиясининг тақдирини белгилашда улкан ҳисса қўшганини инкор этолмайсиз. Трумэн, Эйчесон, Маршалл режаси. Биз Американинг ҳамма нарсани олдиндан кўра олиш қобилиятидан, маърифий демократия анъаналари учун Худо уни ахлоқий устунлик ила мукофотлаганидан, мағрур ишончидан ҳеч қаёққа қоча олмаймиз, аммо бу жамоавий зулмга мутлақо ўхшамайди.
Аммо, авторитаризм йирик давлатларнинг монополияси эмаслиги ҳақиқат. Африка ёвуз ва майда диктатураларга тўлиб-тошган. Гўё мустамлака бўйинтуруғи исканжасида фарёд чеккан халқлар диктатура ўрнатилиши орқасидан зўрға озодликка эришдилар. Сингапурга саёҳат қилинг, у ерда жаноб Ли мусаффо ва рутубатсиз эркин савдо осмонига мамнун назар солмоқда. Унинг қамоқхоналардаги ёки чет элдаги сиёсий рақиблари ўзини-ўзи тарбиялаш, дея номланган курслардир. Полиция узун сочли ёшларни сартарош столига мажбурлаб судраб боради. Оммавий ахборот воситаларида Испаниядаги генерал Франко даврида бўлгани каби муаммосизлик бўшлиғи мавжуд: дунёвий тантаналар, хушрўй ёшлар, лентали мушукчалар. Кинематографик беқарорлик порнография деб аталади. Мен бир неча йил Мальтада – цензурага учраган фильмлар, тақиқланган китоблар, ёшларнинг онгини бузмаслик мақсадида Англиядан келтирилган газеталардан кесиб ташланган ички кийим рекламалари муҳитида яшаганман. Мальта ҳукумати “хавфли”
газета ва китобларга тўла бўлган уйимни мусодара қилганди. Репрессив ҳукуматлар ҳамма жойда мавжуд ва уларнинг сиёсати иккиюзламачиликка асосланган, гўё улар “халқ фаровонлиги учун энг яхши иш”ни қиладилар. Майда, ёлғончи диктаторлар фонида О ’ Брайаннинг ҳукмронликнинг ўзи учунгина ҳукуматга интилаётганлигини тан олиши ҳатто мақбул ва ишончли кўринади.
Келинг, бир дақиқага улкан, кўҳна демократияга қайтайлик. Биз бу ерда шахсий эркинликка дахл қилиш аломатларини излашимиз лозим бўлади. Шубҳа йўқки, эски демократик давлатларда репрессив технологиялар мавжуд бўлиб, уларнинг фонида Оруэллнинг фикрлар полицияси ниҳоятда ибтидоий туюлади. Шу боисдан мени мазкур технологияларни баҳолашдаги қийинчиликлар ташвишга солади. Технологияни бундай қоралашни истамасдим. Компьютерларни олайлик. Норберт Винер ва Уоррен Маккалох миянинг математик ва фалсафий фаолиятини тадқиқ этиб, кибернетика асосларини яратдилар. Уларнинг мақсади машина қанчалик даражада инсон онгини симуляция қила олишини, кейинчалик инсон моҳиятидан нима қолиши мумкинлигини аниқлаш эди. Аммо, кибернетик ғоялари муқаррар равишда амалиётга татбиқ этилади ва биз “амалийлик” одатда қандай талқин этилишини биламиз. Назорат қилиниши мумкин бўлган объектларни бошқариш нуқтаи назаридан асосан бу одамлардир.