bannerbanner
1985
1985

Полная версия

1985

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
2 из 6

Сиз буни кулгили ҳисоблайсизми? Эшитинг:

“Албатта, шу фурсатда уларни кузатишаётганини ҳеч ким билмасди. Фикрлар полицияси сенинг кабелингга тез-тез уланиб турадими? – бу ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин. Ҳаммани кузатган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас – ҳатто, суткалар давомида. Яшашга тўғри келди ва сен инстинктга эврилган одат бўйича яшадинг. Яъни ҳар бир сўзингни эшитаётганликлари ва чироқ ўчмагунча ҳар бир ҳаракатингни кузатаётганликларини англаш ҳисси билан”.

Йўқ, кулгили эмас, лекин у қадар қўрқитувчи ҳам деёлмайман. Шахсий ҳаётга ҳақиқий тажовуз – умуман, электрон кўз таъқибига тушиш мумкинлиги. Катта Оға Уинстон Смит ортидан “Ғалаба” турар жойидаги барча вазиятларда бирга, фақат ошхона ёки ҳожатхонага бормайди. (Ва менинг фикримча, агар унга шахсий квартирасида яшашга ижозат этилган бўлса, орқасидан юриш ҳам нотўғри. Кираверишида қулфбузар билан полициячиси каравотда ётган дортуар16 бўлгани яхшимасми?) Қоронғуликда, тўшакда ҳар қандай исёнкор ўй-хаёлларни суриш мумкин. Телеэкран – ҳақиқий хавф ёки нималар содир бўлаётганини биладиган одамлар учун эшитувдан каттароқ нарса эмас. У – шахсий ҳаётнинг ўлим метафораси. Бу ерда энг муҳими, телеэкран ўчири лиши мумкин эмас. Бу худди мияга ўрнашган реклама мусиқаси, катта корпорациялар ва давлатнинг иштироки ҳақидаги доимий эслатма, анти-“мен”.

Лекин, Уинстонни чиндан кузатишади. Уни ҳатто телеэкрандаги жисмоний тарбия мураббийи бўлган аёл ҳам койийди.

Ҳа, аммо кулгили сабабларга кўра. Вазият урушдан кейин дарҳол машҳур бўлиб кетган “Билли Батлиннинг дам олиш лагерлари”дан унча фарқ қилмайди. У ерда сени ҳар тонг маҳаллий радиодаги қувноқ қичқириқлар билан уйғотишади. У ерда сенга нонушта олдидан баланд мусиқа садоси остида бадантарбия қилишни буюрадилар.

Оруэлл бундай лагерлар ҳақида билармиди?

Йўқ, у бу лагерлар ташкил бўлишидан илгарироқ вафот этганди. Ва уларнинг асосчилари ҳам роман ҳақида билишмасди. Аммо, қизиғи, улар шундай бир вақтда машҳур бўлдиларки, у пайтларда ҳатто энг беозор қонун-қоидалар асосидаги “лагерь” атамаси ва у ҳақидаги ҳар қандай фикр оддий инглиз кўнглида қаттиқ ғазаб уйғотган бўларди. Шубҳасиз, улар анчагина арзон эди. Аммо уларнинг хизматини таклиф этиш учун бу камлик қиларди. Эркаклар ҳарбий хизматдан оилалари билан икки ҳафталик ёзги таътилни армияни эслатиб юборувчи шароитларда ўтказиш учун келардилар: уйғотиш сигнали, кўнгилочар дала тамаддихоналари, жисмоний машқлар (кўплаб аскарлар жанг майдонидан ҳам кўпроқ ёмон кўрадиган ҳарбий ҳаётнинг бир жиҳати). Униформа кийган хизматчи. Уларни “қизил мундирлар” деб аташарди – “қизил қалпоқлилар” деб аталадиган ҳарбий полиция номига ёқимсиз даражадаги ўхшашлик. Радиокарнайлардан эса доимо ҳаммани бахтли бўлишга чорлаётган Катта Оғанинг овози янграрди. Тамаддихонада ўтирган пиёнисталарни конго ёпиқ рақси олдидан “қизил мундирлар”нинг вакилалари ҳайдаб солишарди. “Батлиннинг дам олиш лагерлари” шуни исботладики, инглиз пролетариати интизомдан унчалик ётсирамас экан. Ишчи одам армия ҳаётига қарши унчалик эркин бўлмаган, қаттиқ тартибга солинган шахсий озодликни ва интизомий самимийликни қўйди. Урушдан кейинги пролетариат “Дам олиш лагерларини” Америка ҳарбийлари англиядаги қишлоқларда туганмас навбатлар ҳамда пасткаш бюрократларнинг беорлигига қандай кўниккан бўлсалар, шундай қабул қилди.

Ва бу нимани исботлайди?

Бу ерда мен маъно изламаган бўлардим. Оруэлл инглиз ишчилари мисолида топган маъно ниҳоятда қўрқинчли. Мен ҳажв излашни афзал кўраман.

У ҳолда, 1984 йилнинг 1948 йил билан бир хиллиги қаерда қолди?

Бу вақти-вақти билан рутубатли, вақти-вақти билан зим-зиё комедиянинг бир қисми. Ва жиндек пафос17. Фақатгина қирқинчи йиллардаги ишчилар синфидан чиққан оддий инглиз… “паст бўйли, нимжон …қирмизи юзлари сифатсиз совун, ўтмас устара ва эндигина тугаган қиш совуғидан пўст ташлаган” Уинстон Смит учун йиғлагинг келади. Совуқ ва муҳтожликка кўниккан, одатий камбағаллик ва ёмон овқатланиш туфайли бўйи ўсмай қолган инсон. У умрбод “изтироб аралаш нафрат билан… узоқларгача кетма-кет тизилган, ойналарига картон ёпиштирилган, ямоқ томли XV асрнинг хароб уйлари, уйлар олдида заиф деворли боғчалари бор…” Лондонга боқиб турадими? Жавоб – ҳар доим эмас. Бу Лондон уруш давридаги ёки урушдан эн дигина чиққан Лондон. Бу ҳеч қандай башорат кўзи билан қараладиган Лондон эмас.

Мана буниси аниқ. Меҳр-муҳаббат вазирлиги, Ҳақиқат вазирлиги ва ҳоказо масалалар-чи?

Умуман, Оруэлл уруш йилларида ишлаган Радиоэшиттиришлар уйини Ҳақиқат вазирлиги деб ҳисоблаш мумкин. Би-би-си штаб квартирасини. Қолган вазирликлар шу прототипга айнан ўхшамоғи даркор. Меҳр-муҳаббат вазирлигида дунёдаги энг қўрқинчли ҳодисалар содир бўладиган хона мавжуд – 101-хона. Радиоэшиттиришлар уйининг ертўласида жойлашган 101-хонада Оруэлл Ҳиндистон учун тарғибот эшиттиришларини олиб борган. Радиоэшиттиришлар уйидан унча узоқ бўлмаган жойда, янглишмасам, ҳали ҳам ишлаётган, Би-биси ходимларининг севимли жойи бўлган “Жорж” қаҳвахонаси жойлашган эди. Мусиқачилар жиғига тегаркан, сер Томас Бичем у ерга “Хира пашша” деб лақаб қўйганди. Номнинг ўзи ҳам шилқимона эди. “1984”да ҳам ёқимсиз аурали “Каштан остида” қаҳвахонаси ва якунда айнан шу ерда қўлида жин18 билан ўқни кутаётган Уинстон Смит тасвирланади. Қаҳвахона – ўша қаҳвахона. Фақатгина “Каштан остида”нинг “Мандрагора” клубига ўхшаш жиҳатлари бор эди: у ерда ҳам қаердан келтирилганлиги номаълум жин сотиларди ва шахмат ўйнаш мумкин эди. Қизиғи, “Жорж”даги ёқимсиз муҳит Оруэллнинг ўлимидан сўнг пайдо бўлди. Бу айнан ўша, Дилан Томас, Луис Манкис ёки Рой Кэмпбелл билан бирга ичиб, келгуси сафар келганингда уларнинг ўлганлиги ҳақида эшитиш мумкин бўлган қаҳвахона эди. Уинстон Смит жин ҳўплаб, шахмат бошқотирмасини ечаётган вақтда телеэкрандан қандай қўшиқ янграгани эсингиздами?

Тарвақайлаб кетган каштан остидаБир-биримиз сотдик куппа-кундузиМен сени, сен эса мени…

Бу нарса бизда доимо талқин қилинади. Шубҳасиз, боягидек ёқимсиз сўзлар билан эмас, аксинча қирол Георг VI ва унинг скаутлар етакчиси сифатидаги роли билан. Қўшиқни ҳатто “Ламбет бўйлаб сайр” сингари рақсга ҳам айлантиришган. Аммо у жуда ҳам даҳшатли ва буколика19 даражада маъсум эди. Оруэлл романдаги аҳмоқона “Сариқ оҳанг”ни қистириб ўтганда, том маънода сизга келажакни юборади. Бу умуман кулгили эмас.

Лекин, сиз унинг китобини бор-йўғи ёқимсиз вақтлар ҳақида муболаға, бундан бошқа нарса эмас, деб атайсизми?

О, йўқ, бундан ортиқроқ. Лекин олдиндан айтиб қўяй, Оруэлл, аслида, келажакни олдиндан айтиб бермаган. Романлар ғоялар туфайли эмас, сенсорли маълумотлар натижасида дунёга келади. Фикримча, бу ерда энг асосийси, романнинг ҳис-туйғуларга кўрсатган таъсири. Мен хитойча гуручли ароқ сингари ёғли ва жирканч ҳидга эга жин ҳақида айтмоқчиман (Уинстон гуручли ароқнинг бундай ҳид таратишини қаердан билди? Бу ерга яқиндагина Бирма20 полициясида хизмат қилиб қайтган муаллифнинг шахсий хотиралари аралашади). Сигарет етишмасди ва маълум вақтда бериладиган ягона сигарет “Ғалаба” деб аталарди. Айнан шундай маркали сигаретлар сарҳадлардан ташқарида хизмат қилаётган аскарларимизга аҳён-аҳёнда бериларди. Расво овқат, қўпол кийимлар, қатронли совун, ўтмас устара тиғлари, тамаки ва ич килик ёрдамида ҳиссиётларни алдаб, сенинг исқирт ва жирканч эканлигингга ишонтириш – бари ҳақиқат эди. Фақатгина уни санъатга кўчириш қолганди, холос. Бу тана учун ёқимсиз вақт эди. Сен нон ва энг майда зарур эҳтиёжлар учун ибодат қилардинг, улар эса елкангга тараққиёт тошини ортгандилар.

Тараққиёт?! Бу бизни ингсоцга олиб боради, шундайми?

Ҳа. Кўчада шамолда ҳилпираб турган йиртиқ плакат ва ундаги биргина сўз: “ИНГСОЦ”. Инглизча социализм. Инглизча социализм 1945 йилда ҳокимият тепасига қандай келганини эслайман. Бу сўлларнинг оламшумул ғалабаси эди. Парламент сессиясининг очилишида улар “Қизил байроқ”ни куйлашди. Қўшиқ овози “Тангрим, қиролни паноҳингда асра”, “Британия, ҳукмронлик қил” ва “Шон-шараф ва орзу-умидлар мамлакати” каби сўзларни босиб кетди. Уруш йилларидаги етакчи ва консерваторлар партияси раҳнамоси Уинстон Черчилль илк бор мағлубиятга учради. Мамлакат уни қоронғу водийдан ғалаба деб аталмиш қуёшли тоққа олиб чиққан, кейинчалик хиёнати учун жазога тортган инсондан юз ўгирди. Юз ўгирганликни оқловчи сабаб ҳам ҳайрон қоларли: у гўёки вазият тизгинини қўлдан чиқарган.

Нима учун бош қаҳрамоннинг номи айнан Уинстон Смит?

Бунгача ҳали борамиз. Мавзу анчагина илмоқли. Ингсоц ва инглиз социализми бир хил маънони англатадими? Оруэллнинг ўзи шундай деб ҳисоблаганми? У ахир социализмнинг келишини хоҳлаган. Ҳаммамиз буни хоҳлаганмиз. Инглиз социализми 1945 йилда ҳарбий хизматчиларнинг берган овозлари туфайли ғалабага эришган деб айтишганди. Бутун дунёдаги кемалар ва ҳарбий лагерларда Британия ҳарбийларига ўз сайлов ҳуқуқларини амалга оширишларига рухсат бериш учун мураккаб механизм яратилди. Жуда кўпчилик (ҳатто, мендек консерватизм анъаналари руҳида тарбияланганлар ва кейинчалик унга қайтганлар ҳам) ўйламай-нетмай лейбористларга овоз беришди.

Нега?

Уинстон Черчиллнинг ўзи бунга йўл қўйди. Офицерлар таркиби уни яхши кўрарди. Аммо у ўзининг командирлар орасидаги катта таъсир кучидан фойдаланмади. Унда халқ қаҳрамонига хос кўп сифатлар топиларди: ғайритабиийлик, беадаб гапларни айтиш қобилияти ва қўпол ҳазиллар, аслида, ўтган даврга хос аристократик ҳужум бўлса ҳам, лейборист етакчилардан фарқли равишда нутқ услубининг халқоналиги. У брендлар ва сигаралардан кўп миқдорда фойдалана оларди. Аммо ҳарбий қисмларга ташриф чоғида сигара чекиш, у томонидан ўйламай қилинган иш эди. Орамиздан кимлардир ўшанда “Ғалаба” сигаретидан бир мартагина тортиш учун виждонидан ҳам кечишга тайёр эди.

Сигаралардан ташқари унинг яна қайси иши ўхшамади?

У урушларни ниҳоятда севарди. 1945 йилдаги сайловларгача орамиздаги кўпчилик олти йилдан бери форма кийиб юрарди. Биз ҳаммасини ташлаб, ҳақиқий ҳаётга қайтишни (айримларимиз ҳатто бошлашни) хоҳлардик. Черчилль эрта демобилизациянинг21 хатарли оқибатлари ҳақида сафсата сотди. Шарқий Европага темир парда туширилди: рус иттифоқдоши ўзининг аввалги большевистик таҳдид ролига ўтди. Биз оддий аскарлар янги ташқи сиёсий жараёнлар – йўналишларда тўсатдан юзага келган танаффуслар борасида ҳеч нарсани тушунмадик. Биз русларни фашистик диктатурага қарши курашдаги буюк оғайниларимиз, деб ўйлардик. Бироқ, тўсатдан Россия душманга айланди. Биз катта давлат арбоблари сингари фикрлаш учун анчагина содда эдик. Катта амалдорлар каби бизлар учун ҳам уруш зарурат бўлса-да, оғриқли интерлюдия22дек эди. Катта сиёсий арбоблар учун уруш сиёсатнинг одатий жиҳати эканлигини билмасдик. Черчиллнинг биздан кўнгли тўқ эди. Юз ўгирганимизда эса у йиғлади.

Аммо Оруэлл унга яққол мафтун эди. Акс ҳолда ўз қаҳрамонини унинг шарафига номламаган бўларди. Шундай эмасми?

Йўқ, йўқ ва яна йўқ. “1984”нинг кўплаб америкалик ўқувчиларига Уинстон Смит номи абадиян бой берилган олижаноб эркин қадриятларнинг тимсолидек туюлади. Лекин ҳеч қандай ўхшашлик йўқ эди. Бу ерда яна комедия. “Уинстон Смит” номи кулгили ва инглиз ўқувчиларида табассум уйғотади. У аллақандай ноаниқ ҳамда замонавий профессионаллар олдида ҳеч қандай имконияти бўлмаган сиёсий ҳаваскорликка шаъма қилади.

Ахир Уинстон Черчиллнинг рақиблиги социализмнинг 1945 йилдаги ғалабасига энг кичкина сабаб-ку! Уруш йилларида асосий ҳисобланган фуқаролик ҳуқуқи масаласи билан шуғулланилмади, шундайми? Айнан шу нарса ҳарбий хизматчиларнинг ҳукуматни алмаштиришга бўлган хоҳишларини алангалатиб юбормадими?

Қандайдир даражада. Англияда ҳеч қачон сиёсат билан қизиқишмаган. Бироқ уруш йилларида энг асосий сиёсий билимларни сингдириш бўйича илк қадамлар ташланди. Айниқса, армияда: ҳар ҳафта взвод командирлари раҳбарлигида Армиянинг жорий воқеалар бўйича бюроси (АЖВБ) томонидан бе рилган материал муҳокамасига бағишланган йиғин ўтказиларди. АЖВБ – бу, аслида, янги давр даракчиси, кўп маънога эга қисқартма. Унга аталган, аммо ҳеч ким куйламаган жўшқин қўшиқ ҳам бор эди:

АЖВБ – айт ёки куйла:АЖВБ бошлар ортиданАжойиб ва янги бир йўлга.Европада ҳилпирагунчаОзодлик ва эркнинг байроғи,Асралгайдир қўлларимиздаБуюк демократия ўчоғи.

Худойим-ей, қандай сафсата… бундан ташқари офицер ёки сержантлар учун британча мақсад ва ҳаёт тарзи деб номланган маърифий маърузалар ҳам ташкил қилишди. Аслида эса, сиёсат дея аталган, гўёки нима учун жанг қилаётганларини билдириш мақсадида, онгли фуқаролар армиясида Кромвелнинг “юмалоқ бошлилар”и руҳидаги ғояларни уйғотиш учун ҳаракатларга киришилган эди. Ҳаттоки, совет армияси ва уларнинг газеталари, комиссар ва сиёсий раҳбарлари – бошқача айтганда, политруклари билан ошкора ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилди.

Тарих нуқтаи назаридан британча мақсад ва ҳаёт тарзини қандай тасаввур қилишарди?

Аниқ айта олмайман. Тушунчалар шизофреник23 ҳолатда қандайдир чалкашган ва иккига бўлинган эди. Ёки Ҳаёт тарзи ва Мақсад бир-бирларини унчалик ҳам ҳурмат қилмадилар. Материалларнинг катта қисми эскирган эди. Масалан, аллақачон бузилган колониялаштириш тизимини кўкларга кўтариш. Аммо хизматчилар орасидаги маълумотлиларига Британия империяси мавжудлиги ҳақида тасаввур га ҳам эга бўлмаган сафдошлари олдида империализмни муҳокама қилиш ва уларга таъсир ўтказишга йўл қўйиларди. Либераллар лорди Бирвиж томонидан Бисмарк Германиясидан ўзлаштирилган ҳамда Бирвиж Режаси деб аталган ягона давлат суғуртаси ва умумий фаровонлик мамлакати қуриш тўғрисида материаллар ҳам мавжуд эди. Менимча, британча ҳаёт тарзи анчагина демократик, британча мақсад эса – ўз-ўзидан қаерга тўғри келса, ўша ерга ўтқазиш мумкин бўлган эҳтиёткор эгалитаризм24. Билмайман. Аммо шуни аниқ биламанки, бир қатор полковник-инқилобчилар буларнинг барини “социализм” деб атаб, ўз полкларида АЖВБ материаллари устидан мунозара ўтказишдан бош тортишди.

Полковник-инқилобчилар ростдан мавжудмиди?

Фақат Британия армиясида эмас. Бироқ шахсий таркиб ва ёш офицерлар ичида инқилобчилар кам эмасди. Баъзида Лондон иқтисодиёт мактабидан чиққан қандайдир лейтенант учраб қоларди. Умуман, инглизча синфий тизим ўзининг энг улкан аксини Британия армиясидан топди. Юқори табақали профессионал офицерлар анъанавий нутқ услуби ва ижтимоий хулқ-атворни олиб кирдилар: ҳар қандай вазиятда ҳам офицер жентельмен бўлиб қолмоғи лозим эди. Шахсий таркиб ва офицерлар орасидаги муносабатларда юмшоқ қилиб айтганда, умумий нафрат, нутқ ва услубда, шунингдек, ҳужум қилган ва ҳужум қилишни истамайдиган томонлар орасида улкан жарлик пайдо бўлди. Ҳатто демобилизациядан ўттиз йил ўтгандан кейин ҳам собиқ аскарлар орасида юқори табақадагилар қилган ҳақоратлар, кўнгилсизликлар, илтифотсизлик ва орадаги катта тафовут учун ўч олишдан умидворлари топиларди. Ҳамон хотираларда “офицер овози”нинг акс садолари – масалан, умидсиз ва кучсиз ғазаб уйғотувчи фельдмаршал лорд Монтгомерига ўхшаганларнинг ошкора бақириқлари сақланиб қолганди. Армия структураси урушгача бўлган фуқаролик жамиятига қўпол пародия эди. Армияга келган вақтингда ўртача радикал25 эдинг, 1945 йилги сайловларда эса пихини ёрган радикалга айландинг. Буни менга уэлслик сержант икки оғиз сўз билан ифодалаб берди: “Мен хизматга чақирилганимда қизил эдим. Энди эса, жин урсин сизни, мен қирмизиман”. Агарда инглиз коммунистик партияси урушдан кейинги илк парламентга кўпроқ номзодлар қўйганида жуда ва жуда қизиқ бўларди.

Инглиз армияси лейбористларни ҳокимият тепасига олиб келди. Чунки у Черчиллни ёқтирмасди ва уни бошқаришларини ёмон кўрарди. Ҳаммаси шундайми?

Йўқ, иш анчагина каттароқ эди. Инглиз ҳарбийлари орасида утопик орзу шаклланганди: улар душман мағлубиятидан кўра каттароқ нарса учун жанг қилаётганликларига ишонишлари зарур эди. Улар тўғрини нотўғридан эмас, нотўғрини – ёмонроғидан ҳимоя қилардилар. Замонавий уруш фуқаролик жамиятининг функцияларини бузади ва қайта қуришни эмас, тикланишни осонлаштиради. Нолдан бошлаб қуриш кечиккан ижтимоий адолатни кафолатлаган бўларди – мана, “Қаҳрамонлар яшаши учун лойиқ мамлакат” шиори остидаги 1914 – 1918 йиллардаги урушнинг орзуси нима эди? Аммо бу орзу ҳам қолганлари каби орзулигича қолди. Харобалар ва ногиронлар уйидаги демобилизация қилинган ишсиз, умидсиз аскарлар Соммеда ўлиб кетмаганларидан афсус чекардилар. Инглизлар бу бошқа қай тарилмайди дедилар. Ростдан ҳам бу бошқа қайтарилмади. 1945 йилда балки тарихда илк бор оддий инглизлар нимани сўраган бўлсалар ўшани олдилар.

Оруэлл ҳам истаганига эришдими?

Оруэлл ҳақиқий социалист эди ва ниҳоят ҳокимият тепасига социалистлар келганлигини кўришдан фақат хурсанд бўлди.

Бироқ унинг жавоби қўрқитувчи роман бўлди. Унда инглиз социализми немис нацизмидан ва ўзининг русча турдошидан ёмонроқ эди. Нима учун? Нима ўхшамай қолди?

Билмайман. 1945 йилда ҳокимият тепасига келган инглиз социализмида ингсоцдан ҳеч нарса йўқ эди. Албатта, коррупция билан бир қаторда ҳокимиятга ташналик, самарасизлик, назоратнинг ўзи учунгина назоратга интилиш, “қаттиққўл иқтисодий сиёсат” мурватларини бурашдан маъюс завқланиш мавжуд эди. Британия радикализми ўзининг пуритан26ча илдизларидан халос бўла олмади, ёки буни истамади. Урушдан кейинги социалистик ҳукуматнинг типик сиймоси иқтисодиёт вазири сэр Стаффорд Криппс эди. Бу қувончсиз тараққиётнинг бадқовоқ тарафдори бўлиб, у ҳақида бир куни Уинстон Черчилль шундай деганди: “Тангримиз марҳаматсиз”. Оддий одамлар унда масхараомуз кулги объектини кўрдилар. Унинг шарафига чипслар номланди ва тамаддихоналарда “сэр стафс” пакетларини сўрашарди. Бунинг ҳеч қандай кулгили ери йўқ. Қолаверса, британча пуританизм беэътибор кулиб, қўл силташ учун ўтакетган қолоқ ва кескин эди. Чегарасига етган 1984 йил пуританизми (ҳатто, сэр Стаффорд ҳам жинсий алоқани тақиқлай олмади) кўп нарсаларда 1948 йилдан қарздор. Худди мен айтгандек, қаттиққўл иқтисод билан якдилликда сурбет бюрократия ҳам бор эди. У оддий халққа яқинлашган сари сурбетлашиб борарди. Масалан, маҳаллий идораларда озиқовқат учун карточка бериларди, аммо ҳеч қандай Катта Оға йўқ эди. Оруэлл китобининг америкалик биринчи ўқувчилари ичида кўпчилик уларнинг қаршисида лейбористлар Англияси ҳақида ўткир сатира турганлигини тахмин қилардилар; бир қанча Британия тори27лари Оруэлл қанчалик ториларнинг овозларини келтирса, улар шунчалик аҳмоқлик ва ичиқоралик билан қўлларини бир-бирига ишқардилар. Аммо улардан ҳеч ким буларнинг бари юзаки эканлигини, Оруэлл эътиқодли социалист бўлиб, ўлимигача шу эътиқодга содиқ қолишини гўёки тушунмади. Парадокс28 шундаки, инглиз социализми, инглиз социализмидан даҳшатга тушилган вақтда келди ва ҳал қилинмасдан қолди. Уни ҳал этиш эса, жуда ва жуда мушкул иш.

Ўйлашимча, мен уни еча оламан.

Қандай?

Мана, “Уиган бандаргоҳига йўл”дан парчани тингланг. Оруэлл поезд деразасидан Нортэм харобаларининг орқа ҳовлиларига қарайди: “Яланғоч тошларда тиззалаб ўтириб олган ёш жувон таёқ билан канализация қувурини кавларди. Мен унга яхшироқ разм солишга улгурдим: шакли беўхшов бот 29 лари, совуқдан қизарган қўлларига. Поезд унинг ёнгинасидан ўтиб кетаётганда у бошини кўтарди ва мен унинг нигоҳларини илғашга етарлича яқин келдим. Унинг юзлари думалоқ, рангпар эди… ва бир лаҳзада унда шу қадар ғамгин ҳамда умидсиз ифода балқидики, бунақасини кўриш менга илк бор насиб бўлганди… Аёлнинг юзларидаги қайғу жониворга хос маъносиз изтироб эмасди. У ўзи билан нималар бўлаётганини жуда яхши билар, шафқатсиз қисмат туфайли қутурган совуқда тиззалаб ўтирганини мендан кам ҳис қилмасди… ва таёқ билан сассиқ канализация қувурини кавлаб турарди”. Эсланг, худди шундай образ “1984”да ҳам пайдо бўлади. Романнинг биринчи қисмидаги миссис Парсонс ҳақида айтяпман. Унинг канализация қувури тўлган бўлиб, Уинстон Смит уни тозалайди. Сизифона 30 образ. Паст табақали аёлнинг умидсиз қисмати. Оруэлл ҳақиқий социалист партиядаги каттаконларнинг эмас, канализация қувури билан курашаётган аёлнинг тарафида бўлиши керак деб ҳисоблайди. Лекин бу партияни ҳокимият бошқарувига олиб келмасдан унга ёрдам бериш мумкинми? Партия ҳукуматга келди, бироқ канализация қувури тўлалигича турибди. Реал ҳаёт ва партия доктринасидаги мавҳумлик орасида юзага келган номувофиқлик – мана, нима Оруэллнинг қайғусига сабаб бўлган?

Қисман тўғри. Аммо бошқача айтамиз. Сиёсий эътиқоддаги муаммолардан бири шунда намоён бўладики, биргина сиёсий партиянинг ўзи инсоннинг ижтимоий эҳтиёжлари тўғрисидаги барча ҳақиқатни ҳам айтишга қодир эмас. Агар айтолганида, у сиёсий партия бўла олмасди. Бироқ мамлакатининг равнақи учун хизмат қилишни хоҳлайдиган виждонли инсон бир партияга алоқадор бўлиши лозим. Бу бирмунча умидсизликни билдиради. Лекин қисман ҳақиқатга олиб борадиган йўлни қабул қилмоқ ҳам даркор. Фақат аҳмоқлар ва ёвузларгина партияга тўлалигича содиқ бўлишга қодир. Оруэлл социалист эди. Шу сабабдан, анъанавий laissez faire31ни ўзида сақлаган келажакни кўра олмади. Ўз шахсий социализмингни реал социалистлар, тенгсиз мантиқ – социализм ўзининг энг чўққисига чиқишини истайдиган одамлар орасида ёлғиз сақлаб қолишинг мушкул.

Оруэллнинг социализми доктринада кўрсатилганидан кўра прагматик 32 роқ демоқчимисиз?

Шу томондан назар солинг. У сўлларнинг газетаси “Трибьюн”да ишлаб юрган кезларида эътиқоди мустаҳкамроқ ўқувчиларнинг танқидларига чидашга мажбур бўлган. Уларга Оруэллнинг “ишга” ёрдам бермайдиган, гўёки халақит берадиган адабиёт, масалан, англикан-роялист, шунинг билан бир қаторда эътиқодли тори ҳисобланган Т.С.Элиотнинг достонлари ёки туғма истеъдод Жеймс Жойснинг лингвистик экспериментлари ҳақида ёзиши ёқмасди. У ўз ўқувчиларидан якшанбани сўлларнинг памфлетларини тарқатиш билан ўтказмасдан, боғдаги илк момақаймоқларни томоша қилишга боришни сўрагани туфайли узр сўрашига ҳам тўғри келди. У марксизмнинг моҳияти нимада эканлигини биларди. У Испаниядаги марксистлар билан юзма-юз курашмади. Аммо янада радикалроқ инглиз социалистларидан фарқли равишда Россияда марксизм номидан қилинаётган ишларга кўз юмолмади. Оруэллнинг радикализми – ўзидан кўҳнароқ, Дефонинг диссентерик33 руҳи ва Свифтнинг гуманистик ғазаби аралашган XIX аср радикализми эди. У Свифтга ҳеч қандай гап-сўзларсиз қойил қолишини ва Свифт Дублиндаги авлиё Патрик собори декани бўлганда ҳам, унинг агностицизми34дан зинҳор ранжитмаганини изҳор қилган. Оруэлл жуда ёмон, лекин таъсирли шеър ёзганди: ўзининг ўтмишдаги инкарнация35сида у боғчада ёнғоқ дарахтларининг ўсишига қараб медитация36 билан шуғулланаётган қишлоқ руҳонийсига айланади.

Яъни унинг инглизча социализмида социализмдан кўра инглизлик кўпроқ хос эди.

Гўзал таъриф ва бунда ҳақиқатнинг яхшигина улуши бор. Оруэлл ўз Ватанини партиядан кўпроқ севарди. Эътиқоди мустаҳкамроқ социалистларнинг фақатгина доктрина дунёсида яшашга интилиб, мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларга беэътибор муносабатлари унга ёқмасди. Оруэлл ўзининг миллий анъаналари – тили, дала гуллари, черков архитектураси, “Купернинг Оксфорд мармелади”, денгиз бўйи откриткаларининг беозор одобсизлиги, инглизча мадҳиялари, ўткир пивоси-ю тенгсиз чойини ниҳоятда қадрларди. Унда буржуазия диди бор эди. Ўзи эса ишчилар тарафида бўлишни истарди.

Лекин у ўзини ишчилар билан бирга деб ҳисобламади. Қўрқинчлиси, ишчилар сафига қўшила олмагани учун уларнинг ўзини айбларди. Мен “1984”даги пролларга берилган мутлақ ҳукм ҳақида айтяпман.

Унутманг, у томоғигача тўйган ва умидини йўқотган эди. У ишчиларни севишга ҳаракат қилди-ю, буни эплай олмади. Ниҳоят, у бошқарувчи синф вакили эди. У Итонда ўқиган ва зодагонларга хос лаҳжада сўзлашарди. Ўзининг сафдош-интеллектуалларини бир поғона пастга тушиб, фабрика ишчилари ва кончилар маданиятини қабул қилишга ундаганида шундай деганди: “Талаффузингиздан бошқа нарсангизни йўқотмайсиз”. Аммо, негадир ўзи буни “йўқота” олмади. У қалбан ишчилар синфига адолатли бўлиш тарафдори эди. Бироқ, ишчиларни чин инсон сифатида қабул қила олмасди. Улар олижаноб ва азамат – “Молхона”даги тулпор Боксчи каби виждонли ҳайвонлар эдилар. Аммо, аслиятан уларнинг лойи бошқа жойдан, ўзиники бошқа жойдан олинганди. У ўзидаги қусур билан курашишга, уларни севишга қаттиқ ҳаракат қилди: Париж ва Лондон харобаларида кезишга ўзини мажбурлади, бир неча ойни оғир шароитларда ўтказди. Буларнинг меваси эса “Уиган бандаргоҳига йўл” ҳақидаги китоб бўлди. У ишчиларга ёки ҳайвонларга ачинарди. Бунинг устига улардан қўрқарди ҳам. Унинг асарларида ўзи яшай олмаган ишчилар ҳаёти ҳақидаги ностальгия37 унсурлари кучлироқ. Ва бу ностальгия уйдаги чегарасиз ғам-қайғуга айланди. Шунингдек, у бошқа бир ностальгия билан аралашиб кетди.

Сиз ўтмиш ностальгиясини назарда тутяпсизми? Англиянинг қайтариб бўлмас хира ўтмиши. Ёки Диккенсча ўтмиш. Бундан унинг социализми сархуш ҳолатга келган. Социализм ўтмишни ёвузлик деб баҳолаб ундан юз ўгиради. Унинг бор қарашлари келажак сари йўналтирилган.

На страницу:
2 из 6