bannerbanner
Тирилиш
Тирилиш

Полная версия

Тирилиш

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
9 из 10

– Жуда топиб гапирдингиз, – деди Софья Васильевна Колосовнинг аллақандай мулоҳазасига қўшилиб. Кейин кушетка ёнидаги, девордаги қўнғироқ тугмачасини босди.

Шу маҳал доктор ўрнидан турди, ўз уйида юргандек, ҳеч нарса демасдан чиқиб кетди. Софья Васильевна гапини давом эттириб, уни кўзи билан кузатиб қолди.

– Филипп, марҳамат қилиб, шу пардани тушириб қўйсангиз, – деди у қўнғироқ товушини эшитиб кирган кўркам лакейга.

– Йўқ, нима десангиз денг, унда қандайдир сирли бир нарса бор, сирли нарса бўлмаган жойда шеърият бўлмайди, – деяр эди у қора кўзининг биттаси билан пардани тушираётган лакейнинг ҳаракатларини кузатаркан.

– Шеъриятсиз мистицизм – хурофот, мистицизмсиз шеърият эса наср, – деди у ғамгин жилмаяркан, пардани тўғрилаётган лакейдан кўз узмай.

– Филипп, бошқа пардани айтяпман – катта деразанинг пардасини, – деди жони ачигандек Софья Васильевна. У шу сўзларни айтгунча кўп куч сарфлагани учун ўзига ачингандек эди; ўзини тинчлантириш мақсадида узукларга беланган қўли билан хушбўй ҳид таратаётган папиросни оғзига тутди.

Кенг яғринли, гўштдор, кўркам Филипп афв сўрагандек, енгилгина таъзим қилди, кучли, болдирлари ўйнаб чиққан оёқларини секин-аста босиб, гилам устида аста юриб, итоаткорлик билан индамай нариги дераза томонга ўтди, Софья Васильевнага тангадек қуёш нури туширмасликка ҳаракат қилиб, княгиняга қараб-қараб қўйиб пардани ёпа бошлади. Аммо бу гал ҳам у алланарсани ўрнига қўя олмади шекилли, азоб чеккан Софья Васильевна яна мистицизм ҳақидаги сўзини ярим йўлда тўхтатиб, гап уқмас, шафқатсизлик билан ўзини ташвишга солаётган Филиппга ақл ўргатишга мажбур бўлди. Филиппнинг кўзларида учқун пайдо бўлди, бир лаҳза ёнди-ю, яна сўнди.

«Сенга нима кераклигини шайтоннинг ўзи ҳам билмайди, деяпти Филипп ўз ичида», деб ўйлади бу томошани кузатиб турган Нехлюдов. Аммо кўркам ва кучли Филипп тоқатсизланганини яшириб, тинкаси қуриган, нотавон, туриш-турмуши қалбаки Софья Васильевнанинг буйруғини оҳиста бажара бошлади.

– Дарвин таълимотида анчагина ҳаққоният бор, албатта, – деярди паст креслода ялпайиб ўтирган Колосов мудроқ босган кўзларини Софья Васильевнага тикиб, – лекин у ҳаддан ошиб кетяпти-да, шундай.

– Сиз ирсиятга ишонасизми? – деб сўради княгиня Софья Васильевна Нехлюдовдан; унинг жим тургани княгиняга малол келган эди.

– Ирсиятга дейсизми? – деб қайтариб сўради Нехлюдов. – Йўқ, ишонмайман, – деди у негадир шу тобда хаёлхонасида туғилган ғалати образларга берилиб. У кўркам ва кучли Филиппни натуршик деб тасаввур этди ва унинг ёнида қорни тарвуздай, мускулсиз қўллари косовдек, боши ярғоқ Колосов турганини кўз олдига келтирди. Софья Васильевнанинг шоҳи ва барқутлар ташланган елкаси аслида қандай эканлиги ҳам кўз ўнгида ғира-шира гавдаланди. Аммо кўз ўнгида гавдаланган бу манзара шу қадар даҳшатли эдики, Нехлюдов уни унутишга шошилди.

Софья Васильевна уни бошдан-оёқ кўздан кечирди.

– Мисси сизни кутиб қолгандир, – деди у. – Бора қолинг, у сизга Шуманнинг янги нарсасини чалиб бермоқчи эди… Жуда ажойиб…

«Ҳеч нарса чалмоқчи бўлган эмас. Негадир бўлмаган гапларни ўйлаб чиқаряпти», – деб ўйлади ўрнидан туриб, Софья Васильевнанинг узуклар билан безанган ориқ, оппоқ қўлини сиқар экан Нехлюдов.

Меҳмонхонада Катерина Алексеевна учраб қолди-да, шу заҳоти гапга тушиб кетди.

– Маслаҳатчилик лавозими сизни жуда эзиб қўйибди, – деди у ҳар вақтдагидай французчалаб.

– Ҳа, кечирасиз, бугун кайфим йўқроқ, бошқаларнинг ҳам кайфини бузишга ҳақим йўқ, – деди Нехлюдов.

– Нега кайфингиз бузилган?

– Сабабини айтмасликка ижозат этгайсиз, – деди у шляпасини ахтараётиб.

– Эсингиздами, ҳамма вақт рост гапириш керак, деб туриб олганингиз. Ўшанда ҳаммамизга шундай аччиқ ҳақиқатни гапирардингиз. Нега энди бугун айтгингиз келмаяпти? Эсингдами, Мисси? – деб мурожаат қилди Катерина Алексеевна шу тобда кириб келган Миссига.

– Нега деганингизда, у ўйин эди, – деб жавоб берди Нехлюдов. – Ўйинда ҳаммаси мумкин. Аммо ҳақиқатда бизлар шундай ёмонмизки, яъни мен шундай ёмонманки, ҳар ҳолда ростини гапириш мумкин эмас.

– Гапни бургандан кўра, яхшиси, ёмонлигимиз нимадалигини айтиб беринг, – деди Катерина Алексеевна, Нехлюдовнинг жиддийлигини сезмагандек, аския қилиб.

– Кайфинг бузилганлигини тан олишдан ёмони йўқ, – деди Мисси. – Мен ҳеч қачон буни тан олмайман, шунинг учун ҳам доим кайфим жойида. Юринг, мен билан. Биргалашиб сизнинг ўша mauvaise26 humeur ингизни тарқатамиз.

Нехлюдов ўзини шундай ҳис этдики, жиловлаб кейин аравага қўшиш учун ташлаётганларида от ўзини худди шундай ҳис қилиши мумкин эди. Бугун у, айниқса, бўйинтуруққа киргиси келмади. Нехлюдов уйига кетиши кераклигини айтиб, узр сўради ва хайрлаша бошлади. Мисси унинг қўлини одатдагидан узоқ ушлаб турди.

– Ёдингизда бўлсинки, сиз учун аҳамиятли бўлган нарса, дўстларингиз учун ҳам аҳамиятлидир, – деди у. – Эртага келасизми?

– Қайдам, – деди Нехлюдов ва изза тортганидан қип-қизариб, шошиб чиқиб кетди. Ўзи учун изза бўлдими ёки Мисси учунми, буни ўзи ҳам англаб ололмади.

– Тинчликми ўзи Соmme сеlа m’intrgue,27 – деди Катерина Алексеевна Нехлюдов кетгандан кейин. – Албатта билиб оламан. Қандайдир бир аffaire d’аmour proprе: il est tres suscebtible, notre cher Митя.28

Мисси боя Нехлюдовга қараганидан кўра бутунлай бошқача, қандайдир маъюслик билан бир нуқтага тикилган эди: Рlutôt une affaire d’аmour sale,29 – демоқчи бўлди-ю, лекин мазмуни хунук бу қочириқ гапни ҳатто Катерина Алексеевнага ҳам айтмади. Фақат:

– Ҳаммамизнинг ҳам баъзан димоғимиз чоғ, баъзан ичимизга чироқ ёқса ёримайдиган кунлар бўлади, – деб қўя қолди.

«Наҳотки бу ҳам алдаб кетса, – деб ўйлади у. – Шунча гап бўлиб ўтгандан кейин ҳам ташлаб кетса, жуда хунук иш қилган бўлади».

Агар Мисси: «Шунча гап бўлиб ўтгандан кейин ҳам», дегани нимасилигини тушунтириши лозим бўлса эди, ўзи бирон тайин нарсани айтиб бера олмасди, аммо шунга қарамай, унинг билишича, Нехлюдов уни умидвор қилибгина қўймай, балки ваъда бериб ҳам қўйган эди. Булар сўз билан изҳор этилган бўлмаса-да, имо-ишоралар, кўз уриштиришлар, табассумлар, луқмалар, сукут қилиб туришлар орқали ифодаланар эди. Лекин шунга қарамай, қиз уни ўзиники ҳисоблар, ундан ажралиб қолиш қиз учун жуда оғир эди.

XXVIII

Бу орада Нехлюдов таниш кўчалардан уйига пиёда қайтаркан: «Шармандалик, разиллик, шармандалик» деб ўйлар эди. Мисси билан сўзлашган вақтдаги оғир ҳислар кўнглига тинчлик бермас эди. У, агар шундай дейиш мумкин бўлса, расмий жиҳатдан қиз олдида ҳақли эди: чунки у қизга уйланишни таклиф этмаган, у билан ўзини боғлайдиган бирон сўз айтмаган эди. Аммо аслига келганда эса, у ўзини қиз билан боғланган, унга ваъда этган деб ҳисоблар, лекин шунга қарамай, бугун у, Миссига уйлана олмаслигини бутун вужуди билан ҳис этар эди. У фақат Миссига бўлган муносабати ҳақидагина эмас, балки бошқа ҳамма нарсалар ҳақида ҳам гапириб: «Шармандалик, разиллик», деб такрорларди. Нехлюдов уйига етиб келиб зинапоядан чиқаётганида ҳам ҳамон: «Разиллик, шармандалик», деб такрорларди ўзича.

– Овқат емайман, – деди у идиш-товоққа ва чой ҳозирлаб қўйилган емакхонага кетидан кирган Корнейга. – Бораверинг.

Корней:

– Хўп бўлади, – деди-ю, лекин чиқиб кетмай стол устидаги нарсаларни йиғиштира бошлади. Нехлюдов Корнейга қараб турар ва ғижинарди. Нехлюдов одамлар уни ўз ҳолига қўйишларини истар, назарида, аксига олиб, жиғига тегишаётгандек туюларди. Корней чиқиб кетгач, Нехлюдов чой дамлаш учун самовар ёнига бораётган ҳам эдики, Аграфена Петровнанинг оёқ шарпасини эшитиб қолди ва уни учратмаслик учун, меҳмонхонага чиқиб, эшикни ёпиб олди. Бундан уч ой муқаддам онаси шу уй, шу меҳмонхонада вафот этган эди. Ҳозир, биттаси, отасининг портрети ёнига, иккинчиси онасининг портрети ёнига қўйилган иккита шамчироқ ёқилган хонага кирар экан, у сўнгги вақтларда онасига бўлган муносабатини эслади. Бу муносабатлар унга сохта ва жирканч туюлди. Бу ҳам уялтирар, ҳам жиркантирарди. Нехлюдов онаси бемор ётган сўнгги кунларда касалнинг ўлгани яхши, уйдагиларнинг тингани яхши деб ўйлаганини эслади. У, бечора онам азоб тортишдан қутулсин деганим учун шуни тилаяпман, деб ўзини ўзи юпатарди-ю, аслида эса, онасининг азоб тортишини кўришдан қутулиш учун шундай деган эди.

Нехлюдов онаси ҳақидаги яхши хотираларни эслаш учун, унинг атоқли рассом томонидан беш минг сўмга чизилган портретига қаради. Онаси кўкраги очиқ, қора барқут кўйлакда тасвирланган эди. Рассом, кўкракни, икки кўкрак орасидаги чуқурчани, ниҳоятда гўзал елкаси ва бўйнини зўр иштиёқ билан чизган бўлса керак. Буниси ўтакетган шармандалик, разиллик эди. Онасининг бу ҳолда, ярим яланғоч бир малак сифатида тасвирланишида қандайдир қабиҳлик ва таҳқирлаш бор эди. Бу шунинг учун ҳам қабиҳ эдики, мана шу аёл уч ой муқаддам худди мана шу хонада чўпдек ориқлаб мурдадек қоқшол бўлиб, фақат хонанигина эмас, балки бутун уйни ҳеч нарса билан кетказиб бўлмайдиган қандайдир қўланса ҳидга тўлдириб ётган эди. Унинг назарида шу ҳид ҳозир ҳам димоғига урилгандек бўлди. Нехлюдов онаси ўлмасдан бир кун илгари унинг оппоқ, кучли қўлларини қорайиб, ориқлаб кетган қўлларига олиб кўзига тикилганини: «Мендан ризо бўл, Митя, яхши-ёмон гапирган бўлсам кечир», деганини, азоб чекканидан хиралашган кўзларига ёш келганини эслади: «Нақадар жирканч!» деди яна бир бор Нехлюдов ўзига ўзи, мармардек оқ елкаси ва қўлларини кўз-кўз қилиб, гердайиб, жилмайиб турган ярим яланғоч аёлга бир қараб. Кўкраги очиқ аёл сурати куни кечагина бошқа бир ёш аёлнинг худди шундай ярим яланғоч ҳолда кўрганини эсига туширди. Бу Мисси эди. У балга кийиб бораётган янги кўйлагида Нехлюдовга кўриниш учун, бир баҳона топиб, уни кечқурун чақиртирган эди. Нехлюдов Миссининг чиройли елкаси ва қўлларини эслар экан, нафратланди. Ўтмишда золим бўлган ҳайвонсифат, қўрс отаси, ёмон ном чиқарган bel esprit30 онаси кўз олдига келди. Ҳаммаси разиллик, шу билан бирга, шармандали эди. Шармандалик ва разиллик эди.

«Йўқ, йўқ, – деб ўйларди у, – озод бўлиб олиш керак, ҳамма сохта муносабатларни узиш, Корчагинлардан ҳам, Марья Васильевнадан ҳам, меросдан ҳам, бошқа нарсалардан ҳам халос бўлиш керак… Эркинроқ нафас олиш керак. Чет элга – Римга кетиш, рассомлик билан шуғулланиш керак… – У истеъдоди борлигига шубҳаланганини эслади. – Ишқилиб, шу ердан қутулиб кетсам бўлди, эркин нафас оламан-ку. Аввал Истамбулга бораман, кейин Римга, фақат суд маслаҳатчилигидан тезроқ қутулиб олсам бўлди. Кейин адвокатдаги ишни ҳам бир ёқлик қилсам».

Бирдан қора, ғилай кўзли маҳбус аёл кўз олдида яққол гавдаланди. Судланувчиларга охирги сўз берилган вақтда унинг йиғлаб юборишини қаранг! Нехлюдов чекиб бўлган папиросини шошилинч ўчира туриб кулдонга эзғилаб ташлади-да, бошқасини тутатиб, хона ичида у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Катя билан бирга кечган дақиқалар унинг тасаввурида бирин-кетин гавдалана бошлади. У Катюша билан бўлган охирги учрашувни, ўша маҳал бутун вужудини қамраб олган ҳайвоний ҳирсни, шаҳвоний ҳирси қонгандан кейин эса бирдан кўнгли совиб қолганини эслади. Зангори лентали оқ кўйлакни, эрталабки ибодатни эслади: «Ахир мен уни севардим, ҳақиқатан ҳам шу кеча уни яхши, соф муҳаббат билан севганман. Ундан аввал ҳам севардим, аммалариникида биринчи бор турган, асаримни ёзган кезларим нақадар севардим уни!» Нехлюдов ўша вақтда ўзининг қандай эканлигини эслади. Ўша софлик, ёшлик, тўлиб-тошган ҳаёт эсиб ўтгандай бўлди ва шу он кўнгли вайрон бўлди.

Ўша вақтдаги ҳолати билан ҳозирги аҳволи ўртасидаги фарқ жуда катта эди: ўша вақт черковда кўрган Катюша билан ҳозирги фоҳиша, яъни савдогар билан ичкиликбозлик қилган, шу бугун эрталаб ўзлари суд қилган Катюша орасидаги фарқ қанча бўлса шунча, балки ундан ҳам ортиқ фарқ бор эди. У вақтларда ўзи тетик, олдида бениҳоя имкониятлар қучоқ очиб турган эркин одам эди, энди у ўзини ҳар томондан бемаъни, пуч, муайян бир мақсадсиз, арзимас ҳаётнинг чангалига тушгандек сезар, бу чангалдан қутулишнинг иложи йўқдек кўринар, аксари ўзи қутулишни истамас эди. У, бир вақтлар ўзининг ҳаққонийлиги билан мағрурланиб юрганини, ҳамма вақт ҳаққоний гап гапиришни ўзига қоида қилиб олганини ва ҳақиқатан ҳам ростгўй бўлганини, энди бўлса, ўзини қуршаган барча одамлар ҳақ деб топган ёлғончилик ботқоғига ботганини эслади. Бу ёлғончилик гирдобидан қутулишнинг иложи йўқ эди, хуллас, бу аҳволдан қутулишнинг йўлини топа олмасди. Нехлюдов шу ботқоққа ботиб, ўрганиб кетди, ҳузур қиладиган бўлди.

Қандай қилиб, Марья Васильевна ва унинг эри билан, унга ва болаларининг кўзига қарашга уялмайдиган бўлиб, алоқани узса экан? Мисси билан муносабатини ёлғон-яшиқсиз қай тариқа бир ёқлик қилса? Қандай қилиб, ерга бўлган хусусий эгаликнинг қонунга зидлигини тан олиш билан онасидан қолган меросга эгалик қилиш ўртасидаги қарама-қаршиликдан қутулса? Қандай қилиб, Катюшага нисбатан қилган гуноҳини юва олса? Бу аҳволда қолдириб бўлмайди-ку, ахир. «Бир вақтлар ўзим севган аёлни ташлашга, бир вақтлар унга пул бериб, тўғри қилдим деб ўйлаганимдек, адвокатга пул бериб, каторга азобидан қутқазиб, айбимни пул билан ювиб кетишга ҳақим йўқ, ахир у бегуноҳдан бегуноҳ каторгага ҳукм қилинган-ку».

Шу маҳал, бир вақтлар йўлакда кетидан етиб бориб, қўлига пул қистиргани ва қочиб кетгани шу бугунгидек эсига тушди. «Эҳ, бу пул! – бу дақиқаларни, у, худди ўша вақтдагидек, даҳшат ва нафрат билан эслади. – Эҳ! Нақадар жирканч иш! – деди у худди ўша вақтдагидек овозини чиқариб. – Фақат разил, ярамас одамгина шундай қила олади! Ўша ярамас, ўша разил одам мен! – деди у овозини чиқариб. – Наҳотки ҳақиқатан ҳам, – у юриб туриб тўхтаб қолди, – наҳотки ўша ярамас мен бўлсам? Сен бўлмай, ким? – деб жавоб берди ўзига ўзи. – Кошки, шунинг ўзигина бўлса? – деб ўзини ўзи фош қиларди у. – Марья Васильевна билан унинг эрига бўлган муносабатинг қабиҳ эмасми? Мулкка бўлган муносабатинг-чи? Пуллар онамдан қолган деган баҳона билан ғайриқонуний деб билганинг бойликлардан фойдаланасан. Бекорчилик билан ўтадиган ифлос ҳаётинг-чи? Катюшага нисбатан бўлган муносабатинг ҳаммасидан ошиб тушади. Ярамас, разил! Улар (одамлар) мен тўғримда нима деб ўйласа ўйлайверсин, уларни алдай оламан, лекин ўзимни алдай олмайман-ку».

Тўсатдан у, кейинги вақтларда одамларга нисбатан, айниқса бугун князга, Софья Васильевнага, Миссига, Корнейга нисбатан ҳис этган нафрати – ўзидан нафратланиш эканлигини тушунди. Шуниси қизиқки, ўзининг қабиҳлигига иқрор бўлар экан, бир томондан алам қилган бўлса, иккинчи томондан негадир шодлик ҳис этар, хотиржам бўларди.

Нехлюдов, ўз умрида, унинг таъбирича, бир неча бор «қалбини покизалаб олган» эди. Баъзан, орадан анчагина вақт ўтгач, у маънавий ҳаёти сусайиб ёки турғунликка учраб қолганини ҳис этар ва кўнглида йиғилиб қолган бу турғунликка сабаб бўлган барча ифлосликни тозалай бошларди. Ана шундай руҳий аҳволни «қалбни покизалаш» деб атарди.

Ана шундай уйғонишлардан кейин Нехлюдов ўзига қоида тузар ва бутун умр шу қоидага риоя этишга қасд қиларди: кундалик дафтар тутар ва умрининг охиригача шундай яшашга аҳд қилиб, янгича ҳаёт бошларди, turning a new feaf31 дерди у ўзига ўзи. Лекин ҳар сафар дунёдаги турли-туман ҳаваслар уни қамраб олар, у ўзи сезмаган ҳолда яна тубанлашар, кўпинча аввалгидан ҳам пастлашиб кетарди.

Шу зайл у бир неча бор ўзини поклаб олди ва тубанликдан кўтарилди; ёзда аммалариникига биринчи бор келганда, худди шу аҳволда эди. Бу – жонли, завқли уйғониш эди. Унинг оқибати ҳам анча узоққа борди. У фуқаролик хизматини ташлаб, жонини фидо қилиш учун уруш вақтида ҳарбий хизматга кирганида шундай уйғониш юз берган эди. Лекин бу ерда у жуда тез бузилди. Кейин яна уйғониш рўй берди, у истеъфога чиқиб, чет элга жўнаб кетди ва рассомлик қила бошлади.

Ўшандан бери то шу бугунгача узоқ муддат ҳеч қандай тозаланиш деган нарса бўлмади. Шунинг учун ҳам у ҳеч қачон бу қадар ифлосликка бориб етмаган эди. Виждони буюрган ҳаёт билан ҳозирги ҳаёти ўртасидаги фарқ шу қадар катта эдики, буни кўриб бутун вужудини даҳшат қамраб олди.

Бу фарқ шу қадар катта, ифлослик шу қадар кучли эдики, аввалига у покизаланишдан умидини узди. «Яхшироқ бўлишга ҳаракат қилдинг, лекин ҳеч нима чиқмади-ку, – деб шайтон васвасага соларди уни, – яна бир карра уринишдан нима фойда бор? Фақат сенгина эмас, ҳамма шунақа – ҳаёт ўзи шундай», – дерди яна шу овоз. Лекин ҳар вақт ҳаққоний, ҳар вақт қудратли, мангу бўлган озод, маънавий мавжудот Нехлюдовнинг дилида аллақачон уйғонган эди. Унинг бу мавжудотга ишонмай иложи йўқ эди. Нехлюдовнинг ҳозирги аҳволи билан, ўзи истаган аҳвол ўртасидаги фарқ қанчалик катта бўлмасин, маънавий мавжудот учун бунинг ҳеч қандай оғирлиги йўқ эди.

«Оёқ-қўлимни чамбарчас боғлаган ёлғонни, ҳар қандай қилиб бўлса ҳам парчалаб ташлайман, ҳаммасига иқрор бўламан, ҳаммага тўғрисини айтаман, ҳаққоний иш тутаман, – деди у ўзига ўзи шартта овозини баланд чиқариб. – Миссига тўғрисини айтаман, бузуқ одамлигимни, унга уйлана олмаслигимни, бекорга безовта қилганимни айтаман; Марья Васильевнага (дворянлар бошлиғининг хотинига) айтаман. Айтгандай, унга гапиришнинг ҳожати йўқ, эрига айтаман, ярамас одам эканлигимни, уни алдаб юрганимни айтаман. Мерос ҳақида ҳам шундай буйруқ қиламанки, ҳаққоният юзага чиқмай қолмасин. Ярамас одам эканлигимни, унинг олдида гуноҳкорлигимни, тақдирини енгиллатиш учун нимаики қилиш лозим бўлса ҳаммасини қилишимни унга, Катюшага айтаман. Ҳа, уни кўраман ва мени афв этишини ўтинаман. Ҳа, гуноҳимдан ўтишини болалар сингари ялиниб сўрайман. – У жим бўлиб қолди. – Агар лозим бўлиб қолса, унга уйланаман».

У тўхтади, ёшлик чоғларидаги сингари қўлини кўкрагида қовуштирди, кўзини осмонга тикиб, кимгадир мурожаат қилаётгандай гапира бошлади:

– Парвардигори олам, ўзинг қўлла, йўл кўрсат, менга тавфиқ бер, мени маразлардан пок эт.

У топинар, худодан ёрдам беришни, кўнглини мусаффо қилишни, тавфиқ беришни тиларди, ваҳоланки, у тилаган нарса аллақачон рўёбга чиққан эди. Унинг дилидан жой олган раҳмон онгини уйғотди. Нехлюдов тангрига етишганини ҳис этди, шунинг учун ҳам эркинлик, бардамлик ва ҳаёт завқинигина эмас, балки эзгуликнинг нақадар қудратли эканини ҳис этди. У ўзини инсон қўлидан келадиган ҳар қандай эзгуликка қодирдек ҳис қилди.

У ўзига ўзи шуларни айтар экан, кўзларига ҳам хайрли, ҳам хайрсиз ёш келди; буни шунинг учун ҳам хайрли кўз ёшлари деймизки, Нехлюдовнинг дилида шунча йиллардан буён ухлаб ётган маънавий мавжудотнинг уйғониш шодиёнаси бўлган кўз ёшлари эди. Ўзининг яхшилигидан, фазилатли эканлигидан ийиб кетиб кўзига ёш олгани учун бу хайрсиз кўз ёшлари эди.

У бўғриқиб кетди. Иккинчи тавақаси олиб қўйилган дераза ёнига келди-да, очиб юборди. Дераза боққа қараган эди. Сокин, салқин ва ойдин кеча эди. Кўчада ғилдирагини тарақлатиб арава ўтиб кетди, кейин яна жимлик чўкди. Деразанинг нақ ёнгинасида супуриб тозаланган майдончадаги қум устида баланд, яланғоч терак шохларининг сояси тушиб турарди. Чап тарафдаги омборнинг томи ой нурида оппоқ бўлиб кўринарди. Олдинда, бир-бирига чирмашиб кетган дарахт шохлари орасидан деворнинг қоп-қора кўланкаси кўзга ташланарди. Нехлюдов ой нурига чўмган боққа, томга, терак соясига қарар ва ўпкасини тўлдириб салқин ҳаводан сўлиш оларди.

«Қандай яхши! Э, Парвардигори олам, нақадар яхши!» – дерди у кўнглидан кечаётган нарсалар ҳақида.

XXIX

Маслова уйга, камерага кечқурун соат олтида, ҳориб-чарчаб, тош йўлдан ўн беш чақирим пиёда юрганидан оёқлари зирқираб, кутилмаганда чиққан бундай қаттиқ ҳукмдан кўнгли вайрон бўлиб, бунинг устига қорни оч ҳолда қайтиб келди.

Танаффусларнинг бирида соқчилар унинг ёнида нон билан пишган тухум ейишаётганда, оғзининг суви келиб, қорни очганини ҳис этди-ю, лекин улардан тилаб олиб ейишга ор қилди. Орадан уч соат ўтгандан кейин иштаҳаси бўғилиб, бўшашиб кетаётганини ҳис қилди. Шу аҳволда экан, у сира кутмаган ҳукмни ўқиб эшиттиришди. Бошда у янглиш эшитган бўлсам керак, деб ўйлади, қулоқларига ишонмади, ўзини каторгачи бўлишини ақлига сиғдира олмади. Аммо судьялар, маслаҳатчилар ҳукмни табиий бир нарсадек хотиржам тинглаб ўтиришганини кўриб, ғазаби қайнади ва гуноҳи йўқлигини айтиб, қичқириб юборди. Лекин бақирганини ҳам табиий, кутилган бир нарсадек қарши олишганини, фойдаси йўқлигини сезиб, бу шафқатсизликка ва уни ҳайратга солган адолатсизликка итоат этиш кераклигини ҳис қилиб, йиғлаб юборди. Кекса эркаклар эмас, ҳамма вақт унга мулойимгина қарайдиган ёшгина эркакларнинг аямай қоралаганлари Масловани айниқса ҳайратга соларди. Биттасини – прокурор ёрдамчисини у бутунлай бошқача кайфиятда эканини кўрди. Катюша суд бўлишини кутиб маҳбуслар хонасида ўтирганида, мажлислар орасидаги танаффус пайтларида ана шу эркаклар, бошқа бир иш билан кетаётгандай эшик ёнидан ўтар ёки уни бир кўриб чиқиш учун хонага кирар эдилар. Келиб-келиб шу эркаклар, унинг тамомила айбсиз эканига қарамай, негадир, каторгага ҳукм қилиб юбордилар. Бошда Катюша йиғлади, кейин дами ичига тушиб кетди, жўнатишларини кутиб маҳбуслар хонасида эсанкираб ўтирди. Ҳозир у фақат бир нарсани: чекишни истарди. Ҳукмдан сўнг Бочкова билан Картинкин худди шу хонага олиб кирилганда, Катюша шу кайфиятда эди. Бочкова кириши биланоқ Масловани уриша кетди ва каторгачи деб ҳақорат қила бошлади.

– Ҳа, қўлингдан нима келди? Барибир қутулиб кета олмадинг-ку, манжалақи. Нима эккан бўлсанг, шуни ўрасан. Каторгада ҳам олифтагарчилик қиламан деб ўйлама.

Маслова қўлларини халатининг енгига тиқиб, бошини қуйи солиб, икки қадам нарига, ифлос полга тикилганича қимир этмай ўтирар ва:

– Сизларга тегаётганим йўқ-ку, қўйинглар ўз ҳолимга, – дерди фақат. – Ахир тегаётганим йўқ-ку, – деб такрорлади у бир неча бор, кейин бутунлай жим бўлиб қолди. Картинкин билан Бочковани олиб кетганларидан кейин, қоровул унга уч сўм пул олиб келгандагина у сал жонланди.

– Масловамисан? – деб сўради у. – Ма, ол, бойвучча хоним бериб юборди, – деди у пулни Масловага узата туриб.

– Қанақа бойвучча?

– Олишингни билсанг-чи, сенлар билан гаплашиб ҳам ўтираманми энди…

Бу пулни фоҳишахонанинг эгаси Китаева киргизган эди. У суддан чиқиб кетатуриб суд приставидан Масловага бир оз пул бериб кетиш мумкинми деб сўради. Суд пристави мумкин деб айтди. Ижозат олгандан кейин Китаева дўмбоққина оппоқ қўлидан уч тугмали юмшоқ қўлқопини ечиб, шоҳи юбкасининг орқа томонидаги бурмаларидан янги расм бўлган ҳамён чиқарди, ҳозиргина билетдан қирқиб олинган анча купон орасидан, уйида ишлаб топган пуллардан битта икки ярим сўмликни олди, унга иккита бир тангалик ва битта ярим тангаликни қўшиб приставга берди. Пристав қоровулни чақирди ва садақа берувчининг кўзи олдида бу пулни қоровулга берди.

– Илтимос қиламан, ҳаммасини беринг, – деди Королина Альбертовна қоровулга.

Бу ишончсизлик қоровулга қаттиқ ботди. Шунинг учун ҳам у Масловага қўпол муомала қилди.

Маслова пулни кўриб ўзида йўқ қувонди. Чунки ҳозир шу туфайли истаган нарсасини олиши мумкин эди.

«Қани энди папирос топиб бир чексам», деб ўйлар эди у. Ҳозир бутун фикру ёди ана шунда эди. Маслованинг шу қадар чеккиси келар эдики, у кабинетларнинг йўлакка қараган эшикларидан чиқаётган тамаки ҳидини ютоқиб ичига тортарди. Лекин узоқ кутиб қолишга тўғри келди. Чунки уни жўнатиб юборадиган котиб, судланувчиларни унутиб қўйиб, гап билан овора эди, ҳатто, ман этилган бир модда ҳақида адвокатлардан бири билан баҳслаша кетди. Суддан кейин ҳам бир неча ёш ва қари кишилар Масловани кўриш учун киришди, бир нималар деб шивирлашишди. Лекин Маслова уларга парво қилмас эди.

Ниҳоят, соат бешларда унга ижозат беришди ва конвойлар – нижегородлик ва чуваш уни суднинг орқа эшигидан олиб чиқиб кетишди. Йўлакка чиққанлари ҳамон Маслова уларга йигирма тийин бериб иккита кулча билан папирос сотиб олиб беришларини илтимос қилди. Чуваш кулиб юборди, пулни олди-да:

– Майли, олиб берамиз, – деди. Ҳақиқатан ҳам гапида туриб, папирос билан иккита кулча сотиб олиб келди, ҳатто ортган пулни ҳам берди.

Йўлда чекиш мумкин эмас эди. Шу сабабли Маслова турмага яқинлашганида ҳам хумор қилиб турарди. Уни эшик ёнига олиб келишган пайтда, поезддан юзтача маҳбус келтиришди. Маслова йўлакда уларга дуч келди.

Маҳбуслар – соқоли ўсган, қирилган, қари, ёш руслар, ғайри руслардан иборат эди. Баъзиларининг сочи ярим олинган. Улар оёқларидаги кишанларини шиқирлатиб келишар, йўлакни чанг-тўзонга, ғовур-ғовурга, аччиқ тер ҳидига тўлдиришар эди. Маҳбуслар Маслованинг ёнидан ўтиб кетаётиб, еб қўйгудек бошидан-оёқ тикилишарди. Баъзиларининг ҳирслари қўзғаганидан афт-ангорлари ўзгариб унга яқинроқ келар, тегишишарди.

– Зап жонон эканми, – дерди бири.

– Салом бердик, холажон, – деб қўярди иккинчиси кўзини қисиб.

Бошининг орқа томонидаги сочи қирилган ери кўкариб турган, соқолини олдириб мўйлов қўйган, қорачадан келган бир маҳбус кишанларига ўралашиб, шиқирлатиб, Маслованинг ёнига сакраб ўтди-да, қучоқлаб олди. Маслова уни итариб юборгандан кейин эса кўзларини ола-кула қилиб, тишини иржайтириб:

– Ҳа, танимай қолдингми жазманингни? Мунча олифтагарчилик қиласан! – деб ўшқирди.

– Бу нима қилиқ, аблаҳ? – деб қичқирди ноиб орқа томондан келиб қолиб.

Маҳбус ғужанак бўлиб қолди ва апил-тапил ўзини четга олди. Ноиб эса:

– Бу ерда нима қилиб юрибсан? – деб Масловага дўқ ура кетди.

На страницу:
9 из 10