bannerbanner
Seçilmiş Eserler 2. Cilt
Seçilmiş Eserler 2. Cilt

Полная версия

Seçilmiş Eserler 2. Cilt

Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
5 из 7
Юзингдек қамар йўқдур,Қадингдек шажар йўқдур, -

сўзлари англатган маънодан камлик қилмайди. Натижада докторга юракдан чиққан оддий ва ўз табиийлиги билан ўқувчини дарҳол ишонтира қолган раҳмат ўрнига, ҳурмат ўрнига қандайдир бошқача оддий одам тушунолмаган ифода ишлатиши тўғри эмас, албатта. Бир вақтлар, яъни “санъат санъат учун” шиори амалда турга чоғида поэтик асар тили олдига ўта образлилик талаби қўйилар эди: дабдабали ўхшатишлар, болохонадор эпитетлар ичида айтилмоқчи бўлган асосий фикр. шеънинг ғояси кўмилиб, муаммо ҳусусияти кенгроқ ўрин олар эди.

Ҳозир ҳам шоирларимиз олдига ана шундай талаблар қўйиш, шеъриятнинг ҳозирги кун талабини унитиш, халқоналигини чеклашга олиб келадики, бу ҳол билан келишиб бўлмайди. Тўғри, шеър, умуман, бадиий асар образли фикрлаш демакдир. Аммо юқоридаги бадиий асар бундай образли ифодаларга жуда бой бўлмаса ҳам, унда лирик қаҳрамон кайфияти, характерини равшан очиб берувчи поэтик интонация, шоирнинг руҳий тўлқини мавжуд. Шеърдаги “Раҳмат, доктор опа, қойилман…” сўзларида лирик қаҳрамоннинг қандай одамларга мансуб эканлиги, қувончи, шодлиги, соддалиги, маънавий тушунчаси, ватанпарварлик ҳисси…13

Шундай экан шеърдаги ана шу фазилатдан кўз юмиб, интонация, оҳангдорликни бир ёққа қўйиб, ундан фақат образлик ифода қидириш билан шеър қимматини белгилаш масалага фақат бир томонлама ёндашишдир.

БЕЛОРУС АДАБИЁТИ ДЕКАДАСИ КУНЛАРИДА ЎҚИЛГАН НУТҚ 14

Азиз меҳмонлар! Колхозчи ўртоқлар!

Мен қисқача сўзимни белорус классиги Франц Богушевичнинг қуйидаги шеъри билан бошламоқчиман:

Булутларим менинг, юзлари сиёҳ,Йўлсизликда сизни ҳайдайди бўрон.Манзил йўқдир сизда, йўқдир ошиён,Оллоҳ даргоҳида олурсиз ором.Қайда туғилдингиз, эй булутларим,“Шу ерлик” дея ном олдингиз қачон?Бошимдан ўтдингиз ҳасрат кўтариб,Айтингиз, қайларда тўхтайсиз бир он.Азиз булутларим ғариб, бехона,Кўкларда кезасиз безори каби.Қаҳрини қоқади шамоллар яна,Сиз-чи, сиз учасиз уларга тобе.Кўз ёшингиз билан ерлар чайқалган,Япроқлар шовуллаб қаршилайди шод.Далаю ўтлоққа, чекка-чеккага,Ўлаётиб ҳадя этурсиз ҳаёт.(Таржимон: Р. П.)

Бу шеърда дунёдаги бутун халқлар учун муштарак бўлган туёғу, юксак инсонийлик барқ уриб турибди. Чинакам санъат асарлари учун тавсияларни кераги йўқ. Бундай асарларни у қайси тилда ёзилмасин халқ ўзи топиб олади. Ўзининг маънавий хазинасига қўшиб олади. Натижада бир санъаткор ўзи етишиб чиққан халқнинг вакилигина бўлиб қолмасдан инсоният санъаткорига айланади. Шунинг учун ҳам халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлашда, турли халқларни бир-бирига яқинлаштиришда адабиёт ва санъат ходимларининг роли бениҳоя каттадир. Мана бундай декадалар эса, дўст, қўшни халқлар ҳаётини, маданиятини яна-да чуқурроқ билишни, шубҳасиз, тезлаштиради.

Белорус ва ўзбек халқларининг тарихида, ҳар иккаласи учун ҳам бир хил бўлган томонлар жуда кўп. Бу икки улуғ халқ ҳам бир неча асрлар чет эл ва чоризм истибдодига қарши озод ҳаёт учун тинмай курашиб келди.

Ўзбек ва белорус халқларининг қардошлиги бу халқлар адабиётлари ўртасидаги алоқалар инқилобдан олдин куртак шаклида бўлса, Октябрь революциясидан сўнг кенг ривожланди. Чунки Октябрь ғалабаси, янги инқилобий онг иттифоқда яшовчи барча халқларни бир-бирига яқинлаштирди, уларнинг дўстликда яшашларига кенг йўл очиб берди.

Белорус адабиётини юксак босқичларга кўтарган Янка Купала, Якуб Колас бугун бутун дунё меҳнаткашларининг, шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам ўз шоирларига айланди. Улуғ Ватан уруши даврида Ўзбекистонда яшаган Якуб Колас ўзбеклар учун “Ёқуб ака” бўлиб қолди. Якуб Колас олтмишдан ортиқ мақола, ҳикоя, шеър ва достонларини Ўзбекистон тупроғида ёзди. Ўзининг 60 йиллик тўйини бу ерда ўтказди. Мана нималар деди у: “Провардида Ўзбекистон ҳукуматига, унинг большевиклар партиясига, меҳнатсевар, доно ва мард ўзбек халқига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман. Она юртимиздан ажралган бизлар бу ерда– меҳмондўст Ўзбекистонда қардошлик бошпаси (?) ва эътибор топдик.” Ўша пайтлар фашист босқинчилари ватанимизга ҳужум қилган пайтлар эди. Бу йилларда бизнинг дўстлигимиз яна-да мустаҳкамланди. Ҳ. Олимжоннинг “Шарқдан Ғарбга кетаётган дўстга” шеърини эсланг:

Бор, Ғарбга бор, баҳодир йигит,Дўстларимиз элдан ажралди.Ёв қўлида ёнди шаҳарлар,Қадрдонлар беватан қолди…Белоруснинг қонли бағридаБир зўр ёнғин тутаб ётибди.Элни севган ҳар бир одамнингЮрагига минг ўқ ботибди.Боргил тезроқ, баҳодир дўстим,Кунчиқишдан Кун ботишга бор.Тунни доим қуёш қувади,Қардошларни зулматдан қутқор!Нафасини ёв бўғиб ётганКенг далалар изингга зордир.Олучазор, мевазор боғларСен бормасанг қора мозордир.Сен бормасанг баҳор бўлмайди,Очилмайди боғларда гуллар.Қарағайлар барг чиқармайди,Ўрмонларга келмас булбуллар.

Балки шу ерда қонли жангларда Белорусияга қўлини ташлаб келган, оёғини ташлаб келган, вужудини ташлаб келган кишиларнинг ўзлари, укалари, фарзандлари ўтиргандир. Балки шунинг учун ҳам белорус ва ўзбек халқларининг дўстлиги муқаддасдир.

Ўзбек китобхонлари Янка Купала, Якуб Колас, Петрус Бровка, Аркадий Кулешов, Эди Огнецвет, Максим Танк асарларини жуда севадилар.

Кондрат Крапива, Петро Глебка, Анатоль Астрейка, Сергей Граховский, Алесь Бачила, Михась Машара сингари шоирлар ўзбек шеърхонларининг ҳурматига сазовор. Лекин бу соҳада ишлар қанчалик авжида бўлмасин, биз ёш китобхонлар учун барибир оз. Хусусан, белорус адабиётининг ёш бўғини– ёш шоирлар ва ёзувчиларнинг асарлари. Булар жуда кам таржима қилинмоқда ёки умуман қилинмаётир. Бунга биз колхозчи-ёшлар билмайдиган сабаблар бор бўлса керак.

Бу ерда таржима ҳақида гапириб кетишга тўғри келиб қолди. Белорус адабиётидан қилинган таржималар бизда ўзбек тилига белорус тилидан таржима қилинадими ёки рус тилиданми? Бизнингча, кўпроқ (ёки бутунлай)рус тилидан қилинса керак. Бундай ҳолда таржима асл нусха даражасида бўлмаслиги ҳаммага аён. Бундан келиб чиқадиган хулоса: ўзбек ёшлари белорус тилини, белоруслар ўзбек тилини ўрганиб олишсин, деган гап эмас. Маълум кишилар мана шу соҳада иш олиб борсин. Бунга қандай шароитлар яратилиши кераклиги ўзбек ва белорус ёзувчилари иттифоқига маълум.

Белорусларда “Молодосць” номли ёшларнинг журнали бор. Ўзбекларда шунинг ўрнини босадиган бошқа нарсалар бўлса-да, алоҳида ёшлар журнали йўқ. Ёки бизда истеъдодли ёшлар камми? Ҳаддан зиёд!

Биз Василь Биков, Иван Науменко, Михас (?), Ригор Бородулин, Иван Пташников, Геннадий Буровкин ва бошқа кўп ёш ёзувчи ва шоирларни биламиз. Биламиз– турли суҳбатлардан, рус тилидаги таржималардан. Ватанпарварлик, меҳнаткаш халқнинг орзу ва дардларини ифодалаш, ўз она эли ва она тилига муҳаббат– бу санъаткорнинг севимли мавзуидир.

Сўзимнинг охирида, бу йўлда сира ҳормасликларини тилаб, Сиз азиз меҳмонлар белорус халқига Ҳамроқул Турсунқулов номли колхоз аъзоларининг қизғин саломини етказишингизни сўрайман.

МАНТИҚДАН ЙИРОҚ 15

1987 йилни Ишонч йили деб аташни истардим. Инсон ўзининг инсонлигига инонди. Бу бизнинг биринчи ютуғимиз.

***

Яқин-яқинларда “Ватан”, “Миллат”, “Она тили” каби муқаддас сўзларни айтиш унчалик осон эмасди. Бу сўзларни такрорлаган кишини миллатчиликда айблашлари мумкин эди-да.

Ўзбек халқи ўз ватани учун жонини фидо қилишга тайёр халқ. Биз букун ватанимизнинг қоровули эмас, эгаси бўлмоғимиз керак.

***

Ўзбек халқи етмиш йил ичида (…) тортган азоб-уқубатлари ҳақида гапирмаслик кўрлик бўлур эди. Коллективлаштириш, Улуғ Ватан уруши, шахсга сиғиниш, турғунлик даврларида ватансиз, миллатсиз кимсалар турли-туман шиорлар ниқоби остида минг-минглаб ҳалол меҳнат кишиларини, ажойиб такрорланмас зиёлиларимизни қурбон қилдилар. Афсуски, қурбон бўлганларнинг ўрнини ҳеч ким, ҳеч қачон боса олмайди. Бу сохта “ғолиблар” ва улар ўзлари учун яратган муҳит ҳақида, албатта, бу кун ошкора гапирмоқ шарт, илло, бу фожеавий хатолар такрорланмасин. Мен ўзбекман, шунинг учун ҳам ўзбекнинг ғалабаси мени жондан қувонтиради, мағлубияти қон йиғлатади.

***

Маълумки, 40 асрлик тарихга эга бўлган маданий-адабий ёдгорликлар фақат ўзбекники, фақат қирғизники, фақат қозоқники, фақат озарбайжонники, фақат туркманники эмас, балки бутун туркий халқларнинг муштарак меросидир. Уларни ўрганиш учун Бирлашган Илмий Марказни ташкил қилиш вақти келгандир.

БИР ШЕЪР ШАРҲИ 16

Тошкентнинг 2000 йиллиги тантаналари давом этаётган кунларнинг бирида ўтказилган “Шеър ва қўшиқ” кечасида шоир Дадахон Ҳасан афғон қўшиқчиси “Аҳмад Зоирнинг онасига қилган сўнгги ноласи” шеърини ўқиди. Ўша мушоирада мен бир гўзал шеър топдим, бир истеъдодли санъаткорни ўзим учун қайта кашф этдим.

Шоир Дадахон Ҳасан бу шеърни ўқиркан, борлиғимни қўрғошин каби оғир, рангин, пароканда туйғулар чулғадилар, гоҳ хотирамнинг осмонларида нашъа юлдузлари ёндилар, гоҳ чанқоғимнинг саҳроларида севинч ғунчалари очилдилар. Ўша оқшом мен Дадахон Ҳасан сиймосида чин маънода шоир ва ҳофизни кўриб, чексиз қувондим. Бу шеър мақтул ҳофиз Аҳмад Зоир тўғрисида ёзилган барча манзумаларнинг гултожи, десам, муболаға бўлмас. Бу – санъаткор ва замон ҳақидаги ғоят халқона равон асардир. Зеро, бу шеърда ҳофизнинг дунёга муносабати ёрқин ва эзгу манзаралар орқали намоён бўлади.

Дарвоқе, ҳофиз ва дунё…

Ҳофиз она ҳалқининг ҳасратлари, орзу-армонлари, кўндаланг шодликларини кўзда ёш билан куйларкан, оҳанглар беланчагида авайлаб тебратади, ғамгин кишиларга юксак руҳият бағишлайди, шодмон кимсаларни сескантириб уйғотади. Қўшиқ – тушунган инсоннинг содиқ дўсти, елкадошидир. Қўшиқ билан бораётган инсон умидли ва жасур. Қўшиқнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ҳаёти бордирким, уни бўғишга, уни йўлига ғов бўлган кимсалар аянчлидирлар. Афсуски, улар ҳали бор.

Овозимни бўғдилар   яна ўша, ўшалар,Ўшалардан бу олам,   билмам, қачон бўшалар…

Ҳофизулло Амин бошлиқ сотқинлар тўдаси Аҳмад Зоирни, аввал, афғон радио ва телевидениесида қўшиқ айтишдан маҳрум этдилар. Кейин нафасини ҳам қизғондилар… 1979 йил 31 июль куни Аҳмад Зоирни фожеали тарзда ўлдирдилар. У буюк халқнинг буюк санъаткори эди, дунёга жуда кўп даҳо шоирлар, олимлар, давлат арбобларини берган қадимий Афғонистон тупроғининг майин ва қодир, нафис ва аламли овози эди.

Шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг “Аҳмад Зоирнинг онасига қилган сўнгги ноласи” шеърини сиз азиз китобхонларга чин юракдан илиндим.

АФҒОН ҚЎШИҚЧИСИ АҲМАД ЗОИРНИНГ ОНАСИГА ҚИЛГАН СЎНГГИ НОЛАСИҒунча ишқида булбул куйлар экан мастона,Гулни эса тонг чоғи узиб кетар бегона…Бу не кулфат шўрликка, дея ёқамни йиртсам,Садо келгай ҳамиша – “Бу кечмишдир шарқона –Шу боис дод этарлар ҳар ошиқи девона”.Мен ҳам бир аҳли ошиқ, эдим мутриби даврон,Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!Қўшиғимни йўқотдим ғунчани очмасимдан,Ҳисларимни маржондек гулшанга сочмасимдан.Ғунча чиройин кўриб, девонавор чарх уриб,Булутлар теппасинда чўғ бўлиб учмасимдан,Офтобни қулочлаб, бахтим деб қучмасимдан.Нетай ахир кўкларга боқиб қолдим нигорон,Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!Овозимни бўғдилар яна ўша-ўшалар,Ўшалардан бу олам, билмам, қачон бўшалар,Ўшаларким Маждиддин, Абдуллатиф, Шоҳ Маҳмуд,Хожа Аҳрор валию Муҳйи, Офоқхўжалар,Токай руҳимиз улар оёғига тўшалар?!Мудом аҳли дилларнинг кўнгли вайрон, дили қон,Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!Қўшиқ айтмоқ гуноҳми, нечун бағрим порадир,Нега чеккан афғоним осмонни ёрадир,Қўшиқ айтган етарди муродига, водариғ,Мен етмадим не боис, наҳот, бахтим қорадир,Бахти банд этилганлар, айтинг, қайга борадир?!Мен халқимнинг қўшиғи, бағри эдим бир замон,Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!Қўшиғи йўқ улусда файзу фароғат қайда?Шукуҳ, шиддат, шижоат, кўрку камолат қайда?Ожизу афтодаҳол, толеи нигун, ўксик,Нашъу намо, руҳият, идрок-фаросат қайда?Соз қайда, овоз қайда, санъат-саодат қайда?Қўшиқсиз халқ халқмидур – у эл-элат, оломон,Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!Билмам, қай кун, қай фасл кўнглимни шод этдилар,Юртимга хуш ҳаволар қачон келиб кетдилар,Қалдирғочлар жўр бўлиб маним чеккан оҳимгаҚучиб ҳасратларимни учиб қайга етдилар!Садо келгай ҳамиша: Ҳиндукушдан ўтдилар,Тутиб кетди фиғоним Чину Турон, Ҳиндистон –Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!Қарға-қузғунга қолса бу кўҳлик дилбар олам,Махлуқу даррандага ўхшаб кетарди одам,Бинафша қизил, зангор, жийда гули топталиб,Адирлар тош қотарди, қирда кулмасди лолам,Ўн саккиз минг оламни ёндирмасми оҳ-нолам?!Йиқилмасми тоқидан бошима баланд осмон,Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!Бир менмидур чаманда қўшиқларин йўқотган?Созини соз этолмай ғаму ғуссага ботган?Истаб меҳр-ҳидоят, топмай бир валиънемат,Саҳарлар нола айлаб, кўкларга қараётган,Жиндай меҳр-шафқатга ҳатто жонини сотган,Дунёга сиғмаганлар айтинг қайда сақлар жон,Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!

ДАВР БИЛАН ҲАМНАФАС СЎЗЛАР 17

Телевизор экранларида, радио карнайлари қошида, одамлар тўпланган тантанали анжуманларда тез-тез кўриниб туришликни севадиган ўртоқларга ҳавасим келади. Мен ундай қилолмайман. Қаттиқ уяламан. Ҳолбуки, тўғри сўзингни ҳар қайда, ҳар қачон айтиш зарур. Журналхонлар мени тўғри тушунар, деб ўйлайман. Гап шундаки, ҳали бизнинг тўғри сўзимиз беқиёс сабрли жафокаш халқимизнинг ўтмиши, ҳозири, келажак тақдири олдида хиралашиб қолади. Хусусан, ўзбек аёлининг қисмати, болаларимизнинг аҳволи ҳар бир фикрловчи инсонни ларзага солади. Нима қилмоқ керак? Бу кунги давр фақат проблемаларни қўйиш даври бўлиб қолмаслиги керак, албатта. Уларнинг амалий натижаларини ҳам талаб қилишимиз лозим.

Учрашувларда кўпинча турли тоифадаги, фикрлаш даражаси турлича бўлган кишилар таъна қилишади – турғинлик йилларида қаерда эдингиз, нега виждонингиз буюрганини айтмадингиз, энди эса лоф урасиз, ундай қилайлик, бундай қилайлик, деб. Лекин ижодий зиёлиларимиз, меҳнаткаш омма бир дақиқа бўлсин, ҳаракатдан тўхтаган эмас – турғунлик уларга ёд нарса бўлган. Янги Инқилоб жараёни моҳият нуқтаи назаридан ғоят кўламли ва мураккаб жараёндир. Мен “яшасин”чиликка мутлақо қаршиман. Аммо “Яшасин Янги Инқилоб! Яшасин Гарбачев!” деб ҳайқиргим келади. Балки мен хато ўйлаётгандирман, ҳар ҳолда мен шундай тушунчада собитман. Буюк ўзгаришларнинг шоҳиди бўлиб турганимдан хурсандман.

Халқ Янги Инқилобни ҳимоя қилишга қодир, деб ўйлайман. Халқ имон-эътиқодига қайтганидан бахтиёрман.

Шахсга сиғиниш даврининг асоратлари ҳақида ҳали яна кўп гапирсак керак. Бу даврда ўзбек халқи ўзининг минг йиллик ёзувидан айрилди. Аввал лотин алифбосига, кейин крилицага ўтказилди. Менимча, бу ўйламай қилинган иш – жиноят эди. Бу жиноят тарихимиз билан бўлган алоқаларимиз ришталарини илдизидан чопиб ташлади, натижада биз ўзимизнинг неча асрлик тарихимиздан, қадим маданиятимиздан ажралиб қолдик. Баъзи сохта олимлар томонидан араб имлоси асосида бунёдга келган ўзбек ёзуви тарихимизга бутунлай ёд, деган нотўғри хулоса олға сурилди. Буни қандай тушунмоқ керак, бир минг тўрт юз йил давомида халқ ривожига, дунё маданияти ва фани тараққиётига мислсиз ҳисса қўшган – Форобий, Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Кошғарий , Яссавий, Наршахий, Навоий, Жомий, Бобур каби улуғ сиймоларга хизмат қилган ёзувни ёт ва бегоналикда қандай айблаш мумкин!! Крилицага ўтишнинг афзалликларидан бири омма томонидан рус тилини интенсив ўрганишга шарт-шароит яратилади, деган олимларимиз ҳам бўлдилар. Аммо бунинг акси бўлиб чиқди. Ўз ёзувларини сақлаб қолган яҳудийлар, арманлар, грузинлар, латишлар, эстонлар, литваликлар рус тилини биздан яхшироқ билишади. Мен эски ёзувини халққа қайтариш шарт, деб ҳисоблайман.

Ҳар бир миллат ўзлигини англашга, ўз моҳиятига чуқурроқ кириб боришга, ўзининг ўтмишини билишга, келажагини англашга интилади. Маданият, адабиёт, санъат ҳар бир халқ руҳий имкониятларининг ифодасидир. Миллатлараро муносабатларни яна яхшилаш учун СССРда яшовчи ҳар бир халққа ва миллатга ўзининг маданияти, маорифи, адабиёт ва бошқа барча масалаларни мустақил ҳал қилишга шароит яратиш керак. Иқтисодда ҳам ҳар бир республика мустақил бўлмоғи керак, шунда ҳозирги кунларда тез-тез эшитилиб турадиган биз фалон республикани боқаяпмиз, фалон республика қарзга яшаяпти, деган гап-сўзларга ўрин қолмайди. Ўртага миннат аралашмайди. Миннат ва таъмалар ортида туриб халқлар дўстлиги ҳақида гапирманг, бунинг самимийлигига ишониш қийин.

Оилани планлаштиришга қаратилган барча тадбирлар бу кунги демографик масалаларни чигаллаштирса чигаллаштирадики, аммо ҳал қилолмайди. Оилани планлаштиришдан аввал ўзбек халқининг тарихий психологияси, унинг турмуш тарзи чуқур ўрганилиши зарур. Менимча, аввало, демографик аҳволимизни яхшилаш учун, ижтимоий-иқтисодий программа яратилса. Бу программа ўз ичига уй-жой қурилиши муаммосини ҳал қилиш, қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш, маданий-оқартув хизматини изга солиш кабиларни қамраб олса. Аммо бу масалаларнинг ҳеч бири алоҳида эмас – булар ҳаммаси бир-бирига боғлиқдир. Уй-жой масаласини ҳал қилиш учун маблағ керак, маблағ бўлиши учун эса ўзимизда етиштирилаётган пахтанинг таннархини одилона баҳолаш, уни четга камроқ чиқазиб, республиканинг ўзида кўпроқ фойдаланиш керак-да. Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсиши масаласини ўраб турган “қобиғ”лар очилгач, муаммони соф ҳолда кўриш мумкин бўлади. Аммо бир нарсага тўхталишни хоҳлардим: болалар ўлими бўйича жаҳонда биринчилардан бўлган халққа яна болалар туғилишини режалаштириш жиноятдир.

Бугун Совет Иттифоқининг бирор ерида бирор аёлнинг аҳволи ўзбек аёлининг аҳволидек оғир ва ачинарли эмас. Бугун энг қийин, энг қора юмушларни аёллар бажараяпти ва эвазига арзимаган ҳақ оляпти. Аёлларимизнинг қўли касов, сочи супурги бўлди. На ҳомиладорман, дейди, на касалман, дейди, индамай меҳнат қилаверади. Аёлларимизнинг турмуш шароитини яхшилашимиз керак, деб жуда кўп сўзлаймиз, аммо ҳеч нарса қилмаймиз. Аёлларимиз ўзини ёндиряпти, ўлдиряпти, биз эса бунинг неча йиллик сабабларнинг оқибати эканини тан олишни истамаймиз, уларнинг хотирасини ҳақорат қиламиз. Ҳамма гапни эр-хотин ёки қайнона-келин муросасига олиб бориб тақаймиз. Баъзан, ҳатто дин таъсири, деб ҳам туриб оламиз. Шу пайтгача ўзини ёққан аёлларнинг турмушини, шароитини фақат фожеа содир бўлгач текширамиз. Олдини олиш учун эса ҳаракатимиз йўқ. Менимча, текширувчи эмас, ўрганувчи махсус бригадалар тузиш лозим. Бу бригадалар ўзбек аёлининг психологияси, ижтимоий аҳволини чуқур таҳлил қилиш керак. Бу бригадалар таркибида психологлар, социологлар, иқтисодчилар, врачлар ва ёзувчилар бўлса мақсадга мувофиқ бўлурди.

Юқорида айтганимдек, ўзбек аёллари шунча ташвишларга қарамасдан шеър ёза олишлари мени беҳад қувонтиради. Шоирларимизнинг асримизнинг барча дағалликлари орасидан ўзларининг назоратларини омон-эсон олиб чиқаётганларига тан бермай иложимиз йўқ. Ўзбек халқи азалдан ўзининг шоиралари билан машҳур. Бу кун ҳам ўз халқининг шоираси деган номга лойиқ қизларимиз кўп. Ҳалима Худойбердиеванинг кўп қамровли, Фароғат Камолованинг соғинч, Қутлибека Раҳимбоеванинг куюнч, Ойдин Ҳожиеванинг назокатли, Ҳалима Аҳмедованинг жўшқин шеърларини севиб ўқиб бораман. Имкониятдан фойдаланиб “Саодат” журналининг барча ўқувчиларига, шу журнал ижодкорларининг ҳаммасига энг эзгу тилакларимни билдираман. Бундан кейин ҳам “Саодат” журнали АЁЛни ҳимоя қилувчи даргоҳ бўлиб қолишини истайман.

…Албатта. Аёл ҳақида ёзмаган кимса йўқ дунёда. Мен ҳам бир вақтлар Аёл ҳақида шундай ёзгандим:

Қани, муҳаббатдан тонганлар, келинг,Бошларга минг савдо солганлар, келинг,Ҳайкалга айланиб ёнганлар, келинг,Қон ичиб, қонларга қонганлар, келинг,Келингиз жам бўлиб сажда қилмоққаМуқаддас пойида тинглангиз буйруқ,Одамлар, топининг, туриб оёққа.Ўзга меҳроб йўқдир, ўзга қалам йўқ.

Ҳозир жуда оғир сокинлик билан тайёрланаётган, иккиланаётган китобимни “Она Туркистон” деб атадим. Бу китобда “Аёл” туркуми бор. Туркумга Валерий Брюсовнинг “Сен аёлсан, шу билан ҳақсан” мисрасини тазмин қилиб олдим.

Аёл – бизнинг номусимиз, Ватан каби аччиқ, Ватан каби ширин қисматимиздир.

ЗУЛМ ВА ШЕЪРИЯТ 18

Дуняни изладим изғиб, борми деб иймонга йўл…

Абдураҳмон ВОДИЛИЙ

Ўзбек халқи маънавият дунёсининг тарихи– ҳазрати муҳаддислар, буюк уламолар, улуғ шоирлар ижодиёти ва ҳаётлариниг муборак тарихи бўлганидек, мақтуллар, хўрланганлар, унитилганлар тарихи ҳамдир.

Шоир Абдурраҳмон Водилий (1993–1963) ҳаёти асримизнинг жаҳолат ва чиркин даври– заъфарон юзли, кир тирноқли, ёвуз-маккор ўргумчак тўрига ўралган замонага тўғри келди.

Чин шоир учун Руҳоний Тириклик, оддий тирикчилик доим машаққатли кечган… Аммо ўрис босқинидан кейин машаққат калимаси ҳеч нарса бўлмай қолди. У Илоҳий Руҳни, инсоннинг Ўзлигини, Шахсини бўғди. Ичимиздаги иймонни суғуриб олмакчи бўлди. Бизни бурун остидан бўлак нарсани билмайдирган нафс бандаларига айлантирди. Аллоҳдан айирмак нийяти ила ташланди.

Бу дунёда кечаги, бугунги, эртага бўладиган жамъи жиноятларнинг дояси– ахлоқсизликдир(Абдурраҳмон Водилий).

Ўликлар ичинда тирик, тириклар ичинда унитилганлардан бири шоир Абдурраҳмон Водилийдир. Ундан мерос бўлиб бир “Девон”, Абдурраҳмон Жомийнинг тасаввуфга бағишланган китоби таржимаси, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр”, Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр” достонларининг қиёсий насрий баёнлари, Муҳаммад Ҳодийнинг “Алвоҳи интибоҳ” асарининг ўзбекча табдили, фарзандларига ёзган ўгитлари қолгани бизга маълум. Аммо бу асарлар ҳаммаси ҳам изсиз йўқолиб кетмагандир, деб умид қиламиз. Бу асарлар топилгай, иншооллоҳ.

Қўлимизда Абдурраҳмон Водилийнинг фарзандлари Абдулборий, Абдурауф, Абдуллатиф, Абдулазизлар кўз қорачиғидай асраб келаётган шоирнинг қоралама асарлари, қўлёзмалари, айрим пароканда парчалар бор, холос. Тасаввуф шоири Абдурраҳмон Водилийнинг асарларини шоир тириклигида, ундан кейин-да узоқ йиллар давомида чоп этишни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди, албатта. Букун вақти-соати келган экан, Худога шукур.

ЭНГ МАДАНИЯТЛИ АДИБ 19

Асқад Мухтор– ХХ аср ўзбек-турк дунёсини бутун фожеалари-ла, бутун парвозлари-ла мужассам қилган буюк адибдир. Бу аср не эканини, уни идрок этмак не қадарлигини биз– эртага кўмиладиганлар билмаймиз, Яратганнинг ўзи билади.

ХХ аср… Тақрибан, чамалаб, хомчўт қилиб кўрайлик-чи: Асқад Мухторнинг йигирма жилдлик асарлари кўз ўнгимизда ёрқин намоён бўлади. Миллатимизнинг бу муҳташам меросини яна миллатга бир бутун ҳолда етказмак учун букунги адабиёт сардорлари масъулдирлар.

Асқад Мухтор ижодиёти кўзгусида авлиё Зардўштий, Конфуций, Дао, Муҳаммад алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Баҳовуддин Нақшбанд таълимотларининг бадиий савлати юз кўрсатади.Бу инъикос у ёки бу даражада бўлишидан қатъи назар, Инсон ва инсонийлик, Инсон бахти учун кураш ғояси билан суғорилгандир. Биз ўзимизнинг майда, икир-чикир тирикчилик гирдобимизга қориштириб фикр қилмайлик. Чунки бу гирдоб юз йиллар изтироб чекиб терган маънавий маржонларимизни ютиб юборишга ҳам қодир.

Асқад Мухтор ижодиётини у жонини фидо қилиб суйган халқига армуғон қилинг, савобга ботгайсиз, илоҳим.

Жаҳон миқёсидаги энг маданиятли адибимиз Асқад Мухтор йигирма биринчи асрга мардларча ҳалол кириб бораётир:

– Ассалому алайкум, устоз Асқад Мухтор, Сизга олқишларимиз, Сизга таъзимларимиз, севгиларимизни қабул қилгайсиз!

ЭРК ВА ИШҚ КУЙЧИСИ 20

***

Ўзбек-турк шеърияти ўзининг неча мингйиллик узоқ тарихида Инсон қисмати – қаҳрамонлик руҳини, фожеанинг аччиқ таъсирини муқаддас туркий сўз билан ифодалади ва сўзга “ипакдан кийим кийдирди” (Чўлпон), яъни илоҳий-туркий оҳанглар яратди.

Ўзбек ҳалқ ижоди чексиз, тубсиз бир уммондир. Халқ қўшиқлари бу уммоннинг жаранглаган инжуларидир. Бу инжуларни асрлардан асрларга, замонлардан замонларга, салтанатлардан салтанатларга ва, энг муҳими, улуғ Миллатга – Турк дунёсига авайлаб етказган Аллоҳ ёрлақаган жасур ва гўзал шоирлар ўзанлар, бахшилар, ошиқлар, ҳофизлардир. Уларнинг тамасиз буюк заҳматлари туфайлидир.

Дадахон Ҳасан ана шундай заҳматкаш шоиримиз ва ҳофизимиздир. Унинг асосий ғояси Туркистон Бирлиги, Турк Дунёси қавмларининг бир бутунлиги.

Дадахон Ҳасаннинг халқ йўлида ёзган ва куйлаган қўшиқлари, шубҳасиз, ўзбек халқининг нодир маънавий-мусиқий бойлиги ҳисобланади.

Дадахон Ҳасан шеърлари содда, аммо ўткир, кўринишда анъанавий, аммо замонавий кескир жаранглайди.

Дадахон Ҳасан шеърияти ҳақида олимлар ҳали фикрлар билдиражаклар. Мен, бир дўст сифатида, шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасанга Туркистон тупроқларрида, шеърият уфқларида доим ярқираб яшашини Аллоҳдан тилаб қоламан.

***

Вақт ўтаркан, кўзларингда Вақтнинг сувратлари, тасвирлари, оҳанглари ҳам ўтаверар экан. Ўзбекистон турк давлатларининг бири ўлароқ мудҳиш кунларни бошидан кечирди. 60, 70, 80, 90-йилларда маънавий нуқтаи назардан уйғонган ўзбек-турк мунавварларининг миллий-ижтимоий-диний тафаккури ҳаракатлана бошлади. Ўзбек миллий руҳини уйғотиш ғояси ва унинг дастурини яратиш фикри кўндаланг бўлиб қолди. Болтиқбўйи, Кавказ ва Қирим туркларининг тарихий Ватанларини қайта тадқиқи учун курашлари ўзбек-туркларининг юрагига кириб келди. Бу буюк ўзгаришларнинг бошида шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан турганлигини ҳамма ҳам билавермайди. Аввал “Ўзбекистон Миллий Халқ жабҳаси” деб номланган, кейинчалик “Бирлик” халқ ҳаракати отини олган курашнинг биринчи ташкилотчиси Дадахон Ҳасан эди.

На страницу:
5 из 7