
Полная версия
Гладиолус
– Хижолат бўлманг, Жалил… Аслида ман шу темада гапиришни ёқтирмайман…
– Ундай бўлса…
Жалилнинг гапиришига имкон бермади.
– Лекин сизга айтаман… Ҳа, айтаман… Негадир сизни кўп йиллардан бери биладигандайман. Рости сиз сўрамасангиз ҳам, айтмоқчи эдим. Фақат қачон айтишни ўйлаб юргандим. Мана, мавриди келди. – У бирзум жим қолди. Оҳу кўзларини йигитга қадади. Жалил ҳам унинг кўзларига термулди. Азиза Жалилдан нигоҳини узмаган кўйи давом этди. – Ҳар қандай эркак аёл билан, айниқса, гўзал аёл билан, – шу сўзларни таъкидлаб айтди ва чиройли жилмайди, – ёлғиз қолганида турли хаёлларга бориши аниқ. – Энди найза каби киприкларини ерга қаратди. – Аёллар ҳам фаришта эмас… Хусусан… сиз сингари келишган, ақлли, билимли йигитлар олдида. Шу сабаб бор нарсани очиқ айтмоқчиман… – Жалилнинг юраги гупиллаб ура бошлади. – Биз эрим билан севиб-севилиб турмуш қурган эдик. – “Эдик… Демак, ҳозир эри йўқ экан-да”, ўйлади йигит. – Аммо бу севги узоққа чўзилмади… Беш йил бирга яшадик, борйўғи беш йил. – У бироз маъюс тортди. Овози титради. Нигоҳини бир нуқтага қадаб сўзида давом этди. – Шундай бўлди, Жалил… Ҳолбуки, биз беш йил бирга ўқидик, беш йил севишдик, беш йил не-не орзулар қилдик. Бу беш йилнинг кучи бор-йўғи беш йилга етди, холос… Тўйдан кўп ўтмай, негадир муносабатларимиз ўзгара бошлади… Йўқ, ман эримни айбламайман, ундан ҳеч қандай ёмонлик кўрмадим. Эримнинг ота-онаси ҳам, ака-укалари, сингиллари ҳам тилла одамлар… Аммо турмушимиз бўлмади. Сабабини тушунтириб беролмайман… Тўйдан олдинги орзу-ҳаваслар бошқа, оила бошқа экан. – Унинг атиргулнинг ғунчасидек лабларида кулгию, шаҳло кўзларида ёш жилваланди.
– Нималар деяпсиз, Азиза? – деди Жалил. Севиб турмуш қуриб, қўша қариганлар камми?
– Тўғри айтасиз, бундайлар кўп, эллик йил, ундан ҳам кўп бирга яшаганлар бор. Лекин, биласизми, Жалил, улар ақл билан иш кўрган, ақл билан яшаган, ақл билан оилани сақлаб қолган, оила – муқаддас, уни барбод қилиш гуноҳ, деган ақидага амал қилган. Ман билган оилаларнинг баъзилари бурч юзасидан, айримлари фарзандларини ўйлаб, яна бошқаси жамиятдаги мавқеини, мансабини йўқотишдан қўрқиб яшаяпти. Тўғри, муҳаббат билан яшаётганлар ҳам кўп… Ман уларга ҳавас қиламан, шундай қилиш кераклигини биламан. Лекин биз, аниқроғи, ман шуни эплай олмадим, қўлимдан келмади. Буни тан оламан.
– Ростданам, оила – муқаддас, бир никоҳ бузилса арш ларзага келади, дейишади. Қийинчиликларга чидаш керак…
Азиза Жалилнинг гапини бўлди.
– Бўлди, Жалил, бу гапларни кўп эшитганман… Ўзим ҳам биламан… Мани фамиллямни биласиз, адамнинг исми Пўлатхўжа эди. Оиламизда диний темада ҳам суҳбатлар бўлиб турарди… Никоҳ муқаддаслигини, у Аллоҳ томонидан буюрилганини… Ҳаммасини биламан. Яна шуни ҳам биламанки, айнан диний нуқтаи назардан, келинга ҳурмат билан қараш керак. Кечирасизу баъзи оилаларда келинга чўридай муносабатда бўлишади. Ё нотўғрими?.. Йўқ, ман келин бўлиб тушган оила ундай эмас. Улар жуда замонавий оила… Ман умуман айтаяпман-да… Аммо юракка, кўнгилга буйруқ бериб бўлмас экан-да. Нима қилай?.. Сиз нима деб ўйлайсиз, Жалил, нима учун илгари, яъни, ота-боболаримиз даврида ажралишлар кам бўлган?
– Одамларда имон, эътиқод, орият кучли бўлган. Аёллар иболи, ҳаёли бўлган.
– Нима, ҳозирги аёллар ҳаёсиз, ибосизми? Йўқ, ундай дея олмайсиз. Енгил табиатли аёллар ҳам, шунақа эркаклар ҳам ҳар доим бўлган. “Майиз емаган хотин”лар илгари ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Балки ҳозир кўпроқдир… Аммо менинг назаримда, бунинг сабаби бошқа. Илгари ёшлар асосан ота-онасининг хоҳиши билан турмуш қурган, севдим-куйдим, деган гаплар деярли бўлмаган. Ёшликда, осмонда учиб юрганда ҳаётнинг мураккаб томонлари кўзга кўринмас экан. Турмушнинг икир-чикирлари шу қадар кўп эканки, унга чидаш осон эмас экан. Ёки нотўғрими?
– Тўғри, – деди Жалил. – Аммо бу борада аниқ бир қоида йўқ-да. Оила қуришни зиммага олгандан кейин, унинг аччиқ-чучигига чидаш керак… Ҳар бир оила ўзи бир олам, ўзи бир дунё. Лев Толстойнинг гапи гап: “Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”. Ҳар бир ажрашган оилада эр ҳам, хотин ҳам ўзини оқлашга сабаб, асос қидиради ва ўзича топади ҳам.
Азиза Жалил томонга бироз энгашди. Секин, аммо қатъий оҳангда сўради:
– Қани манга айтинг-чи, бир-бирига етишган ҳақиқий муҳаббат эгалари борми?.. Мана, сиз адабиётни, тарихни яхши биласиз. Борми шундай севишганлар? Тоҳир ва Зуҳрами, Фарҳод ва Ширинми, Лайли ва Мажнунми, Ромео ва Жульеттами? Ким, қайси бири? Бир-бирига етишган ошиқлар ҳақида одамлар асрлар давомида севиб ўқийдиган асарлар яратилганми? – Жалил гапиришга оғиз жуфтлади, бироқ Азиза имкон бермади. – Биламан, Отабек билан Кумуш демоқчисиз. Кечирасиз, аввало Қодирийнинг асл мақсади бу романи орқали фақат икки ёш муҳаббатини улуғлаш эмас. Китобни ўқимай, кинони кўрган одам шундай хулоса қилади… Қолаверса, Отабек билан Кумушнинг севгиси неча йил яшади?.. – Орага оғир сукунат чўкди. Азиза бир кўтаришда қаҳвани ичиб юборди. – Биламан, бу гаплар бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди ва ман кўнгил, деб, сал нарсага оилани бузиб кетавериш керак, дейишдан йироқман. Йўқ! Асло! Ҳатто ўзимнинг ҳаракатларимни ҳам оқламайман. Фақат, муҳаббат оила қургандан кейин ҳам сўнмаса, дейман…
– Муҳаббат ҳақиқий бўлса, ҳеч қачон сўнмайди.
– Балки…
– Бир нарсани сўрасам майлими? – деди Жалил.
Азиза маънодор кулди.
– Яна нима?
– Қўрқманг, дилингизни оғритмайман.
– Нега қўрқар эканман, – деди аёл ўктам. – Истаган нарсангизни сўрайверинг.
– Яна кимнидир севиб қолишингиз мумкинми?
Азиза кулди. Шифтга қараб жим қолди. “Сизними?” демоқчи бўлди-ю, ўзини тийди.
– Билмадим… Балки…
– Борди-ю шундай бўлиб қолса, нима қиласиз? Сизнингча, турмуш қуриш муҳаббатни сўндиради-ку.
– Ўзимнинг калтагим билан ўзимни урмоқчи бўляпсиз-а.
– Йўқ… Шунчаки сўрадим-да…
– Бордию шундай бўлиб қолса, ўшанда кўрамиз нима қилишни. Оила қуриш учун жуда катта масъулиятни зиммага олиш керак. Буни яхши биламан. Бошимдан ўтказдим… Бу ишга яна қўл уришимга кўзим етмайди… – Муғомбирона кулди. – Мабодо кимнидир севиб қолсам, шунчаки севаман.
– Яъни?
– Яъни, қалбан севаман. Машҳур асарларнинг қаҳрамонлари бир-бирининг лоақал қўлини ҳам ушламаган. Тўғрими?
– Сиз ҳам бирон асарга қаҳрамон бўлмоқчимисиз?
– Қўйсангиз-чи… Одамни масхара қилманг…
– Нега энди… Ҳай, майли, бу гапларни қўяйлик. Сиз қанақа гулни яхши кўрасиз?
– Навбатдаги саволингиз туғилган кунингиз қачон, деб сўрайсиз? Шундайми?
Жалил кулди.
– Топағон экансиз.
– Шундай бошланади ҳаммаси… Ман гладиолусни яхши кўраман… Иккинчи саволингизга жавоб йўқ. Чунки туғилган кунимни ўзим ҳам билмайман.
– Буниси ғалати бўлди-ку.
– Ман шунақа ғалатироқ одамман. Сезмадингизми? – Азиза ўрнидан турди. – Таржимани кўрамизми?
– Кўрамиз, – деди Жалил, – фақат битта илтимосим бор.
– Эшитаман…
– Нима десам экан… – Жалил фикрини қандай ифодалашни ўйлади.
– Айтаверинг, тортинманг, – деди Азиза.
– Фақат мени тўғри тушунинг, илтимос… Мендан сал узоқроқ ўтирасиз…
Азиза шарақлаб кулди. Унинг кулгиси шу қадар беғубор, шу қадар шодон, айни чоғда киноямуз чиқдики, Жалил ўзининг гапидан ўзи уялиб кетди. Қулоқларигача қизариб, юзлари ловуллади.
– Қўрқманг, – деди Азиза ва Жалилнинг қўлтиғидан олди. – Юринг, сиздан бир километр узоқда ўтираман… Нақадар юраги тоза, софдил йигит экансиз-а… Сизни учратганимдан, сиз билан ҳамкорлик қилаётганимдан жуда хурсандман. Яна айтаман, аксарият эркаклар аёлларга, айниқса, чиройли аёлларга бўри қўзичоққа қарагандай қарашади… Сиз эса тескариси… Қўрқманг, сизни еб қўймайман… Аслида, сизни китобга қаҳрамон қилиб олиш керак.
– Йўғ-э. Сиз турганда бизга йўл бўлсин. Ўша Ширину Лайлидан, Кумушу Раънодан қаерингиз кам. Сиз улардан ўн чандон гўзалсиз, латофатлисиз… Очиғи, сизни биринчи марта кўрганимда кўзларимга ишонмаганман – шу қиз ҳам инсон боласими ёки фариштами, бу малак, бу паризод қаердан келди, тушимми ё ўнгимми, деб гангиб қолганман.
– Лофни ҳам жа-а оларкансиз-да…
– Йўқ, Азиза, бу лоф эмас, хушомад ҳам эмас, бор гап. Шунинг учун сизга яқин боришдан, ёнма-ён ўтиришдан қўрқаман. Сиз мисоли ловуллаб турган қип-қизил чўғсизу яқинлашсам, куйиб қоладигандайман.
Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.Энг бирла менгинг яхши, сақоғинг яхши,Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши.Навоий ҳазратлари шу рубоийсини сизга бағишлагандай гўё.
Азиза кулди. Жалилнинг мақтовлари унга ёқаётгани сезилиб турарди.
– Ў-ҳў, жуда ошириб юбордингиз-ку. Навоий қаёқда-ю биз қаёқда.
Шу куни кечгача гашлашдилар. Аммо таржиманинг бор-йўғи беш бети кўрилди, холос.
Китобнинг таржимаси салкам ярим йилга чўзилди. Иккаласи ҳар бир жумла, баъзан бир сўз борасида узоқ тортишган пайтлар бўлди. Бу аснода Жалил қанча ғазаллар ўқиди, Азиза не-не мусиқаларни ижро этди, ашулалар куйлади. Бундай ҳамкорликда ишлаш Жалилга ҳам, Азизага ҳам хуш келди. Бошида бу китобни таржима қилгунимча она сутим оғзимга келса керак, деб ўйлаганди Жалил. Аммо бир-икки бобини ўгириш ва Азиза билан ҳамкорликда ишлаш жараёнида мусиқага, мусиқа илмига ишқи кучайди. Олдин таржимани қачон битираман, деб ўйлаган бўлса, кейинчалик уни тугатишни пайсалга сола бошлади.
Ҳар бир ишнинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам бўлади. Таржима ҳам тугади. Китоб нашриётга топширилди…
* * *Яна жиринглади Жалил Ниёзовичнинг телефони. Яна ёрдамчиси. Сал малолланиб олди телефонни.
– Яна нима гап, Феруз?
– Эртага соат тўққизда йиғилиш боракан.
– Қаерда?
– Вазирликда, – деди Феруз.
Йиғилиш қайси масала бўйича, ким ўткизади – сўрамади. Ёрдамчисининг гапини кесди.
– Биринчи ўринбосар борсин… Мени сўраса, бетоб десин, – шундай дедию, телефонини ўчирди.
* * *Жалил илмий иши бўйича домласи айтган таклифларни ишлаб ўтирганди, телефонга чақиришди.
– Лаббай, – деди Жалил гўшакни оларкан.
Ўзига қадрдон қўнғироқдай овоз жаранглади:
– Жалил, мани табрикланг… Китоб чиқди, бугун етти нусха беришди.
Жалилнинг юраги ҳаприқиб кетди. Худди ўзининг китоби чиққандай астойдил суюнди.
– Табриклайман, чин қалбимдан табриклайман, – деди ҳаяжон билан. – Азиза… мен ҳозир…
Гўшакни қўйдию, хонасига югурди. Стол устидаги қоғозларини апил-тапил йиғиштирди-да, кўчага отилди. Учинчи қаватдан зиналардан эмас, гўё қанот боғлаб учиб тушди.
Бир соатлардан кейин Азизанинг эшиги қўнғироғи қаттиқ жиринглади. Азизанинг юраги гупиллаб урди. У сезди, у билди – Жалил келди. Эшикни очди. Остонада бир қучоқ оловдай қип-қизил гладиолус кўтариб Жалил турарди. У таклифни ҳам кутмай, ичкарига кирди. Азиза оппоқ, нозик қўлларини Жалилнинг бўйнига солди. У биринчи марта Жалилни қучоқлади, астойдил, меҳр билан, муҳаббат ила қучди.
Йигит буни кутмаган эди. Бирзум ўзини йўқотди. Аёлнинг кўзларига термулди. Унинг кўзлари шу қадар яшнаб турардики, Жалил ўзини тиёлмади. Ўша кўзларга лабини босди. Сўнг уларнинг лаблари қовушди. Бу ҳолат қанча давом этди, Жалил билмайди, аммо бир умрга муҳрланди бу лаҳзалар. Қачон эсига тушса, бутун вужуди титраб кетади, Азизанинг ақиқ дудоқлари таъми ҳали ҳам лабида тургандай бир тамшаниб қўяди.
Азиза секин, жуда секин шивирлади:
– Раҳмат сизга, жо… Жалил… Борингизга шукр. Мани осмону фалакларга чиқариб қўйдингиз… Раҳмат… жоним… – Охирги сўз эшитилар-эшитилмас чиқди.
Жалил Азизанинг кўзларидан кўз узолмай деди:
– Сизни…
Азиза унинг лабларига ингичка, нафис бармоқларини босди.
– Бас… бошқа гапирманг… Илтимос…
Жалил ўзини йўқотган эди. У бу дунёда эмас эди гўё.
Ҳаяжонли ва ҳароратли бу лаҳзаларни қанчалар истамасин, иккови ҳам ўзини тийишга куч топа олди.
– Юринг, китобни кўрсатаман, – деди Азиза.
Журнал столида бир нечта китоб турарди. Азиза улардан бирини олиб, Жалилга тутди.
– Мана…
Китоб жуда чиройли нашр этилган эди. Қаттиқ муқовали, осмон рангида, рассом муқова безагини дид билан ишлабди. Бир қарашдаёқ мусиқа ҳақида экани билинади. Таржимон китобни оҳиста варақлади.
– Яна бир бор табриклайман, – деди Жалил китобни столга қўяр экан. – Жуда чиройли чиқибди, ўзингиз каби. Бардавом бўлсин…
– Сизга катта раҳмат… Унутмайман… Сизнинг ҳам шунақа китобларингиз чиқишини истайман.
– Раҳмат…
Азиза ўзига хос назокат билан сўради:
– Чойми, кофеми?
– Шарт эмас… Мен кетаман.
– Қаёққа?! – деди Азиза ҳайрат билан. – Шундай кунда бир пиёла чой ичмай… Ҳозир кофе олиб келаман.
Қаҳва ичиш асносида у ёқдан-бу ёқдан суҳбатлашдилар.
– Янги китоб ёзаяпсизми? – деб сўради Жалил.
– Аввал диссертациямни ҳимоя қилиб олай. Кейин кўрамиз.
Жалил кулди.
– Таржима қилардик-да.
Азиза ялт этиб Жалилга қаради. Юзлари қизарди. Сўнгра ўйчан ҳолда ўзига-ўзи гапирган каби шивирлади:
– Ёзаман… Ҳали кўп китоб ёзаман… Уларни сиз таржима қиласиз… Фақат сиз…
…Аста-секин уларнинг учрашуви, суҳбатлари сийраклашди. Зотан, бунга сабаб ҳам, баҳона ҳам йўқ эди.
Бу орада Жалил масъул идорага ишга ўтди. Кейин катта бир ташкилотга раҳбар этиб тайинланди. Бутун вужуди билан ишга шўнғиб кетди. Кунда-кунора мажлис, турли топшириқлар. Сўфи азон айтмай ишга келади, икки хуфтонда уйга қайтади. Бир қолипга тушди-қолди. На тўй-ҳашам бор, на улфатчилик, на байраму дам олиш… Барчаси лексиконидан ўчирилди. Фақат иш, йиғилиш, ҳисобот, мажлис.
Азиза уч-тўрт қўнғироқ қилди. Бир марта қисқагина саломлашди, бемалол гаплаша олмади. Ўзим қиламан, узр, ҳозир жуда банд эдим, деди. Аммо қилмади, қилолмади, минг хил ташвиш билан ёдидан кўтарилди. У банд эди, жуда банд эди. Ёлғон бўлмасин, бир марта қўнғироқ қилди. “Терилган номер тармоқда мавжуд эмас”, деган жавоб келди. “Демак, Азиза рақамини ўзгартирибди… Майли, ўзи қилиб қолар…” Йўқ, қилмади, Азиза бошқа қўнғироқ қилмади. Жалил билади – Азиза ўз қадрини биладиган, мағрур жувон. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ғурурини ерга урмайди.
* * *Жалил Ниёзович шу тотли хаёллар билан машинадан тушди. Гулни олди.
– Сен шу ерда қол, – деди ҳайдовчисига.
Азизанинг қабрига борди, авайлаб гулларни қўйди. Қуръон тиловат қилди. Қабртошдаги ёзувга разм солди. Икки йил бўпти-да вафот этганига… Нега мен эшитмадим. – Ўзини ўзи койий бошлади: “Қаердан эшитасан? Кечаю кундуз ишдан бўшамасанг… Болаларингни, невараларингни неча кунлаб кўрмайсан-ку… Азизани охирги марта қачон кўрувдинг, у билан қачон гаплашувдинг… Эсингда йўқ, ҳа, ҳатто эслай олмайсан… Наҳотки, иш деб одамгарчиликдан чиқиб кетган бўлсам… Нимадир илтимос қилувдими… Қизи хорижга кетиб, ўзи ёлғиз қолган, дейишувдими… Энди буларни эслашдан нима фойда…»
Жалил Ниёзович қабртошдаги Азиза Эшонхўжаева деган ёзувларга узоқ термулди. Рўпарасида бундан ўттиз йил олдинги Азиза тургандай туюлди. Кўзлари намланди, лаблари пичирлади: “Азиза, мени кечир… Сендан хабар ололмадим… Бугун сен яхши кўрадиган гулни ҳам топиб келолмадим. Мендан рози бўл… Жойинг жаннатдан бўлсин, азизам…”
У қабристондан чиққанда қош қорайиб қолган эди. Ҳайдовчиси унинг аҳволини кўриб ҳайрон бўлди. “Унча-мунчага бўйин бермайдиган, қанча ташвишларга парво қилмаган одам бугун нега мунча ғамгин, тушкин?” Ўйларини тилига чиқармади.
– Идорагами? – деди, холос.
– Йўқ… уйга…
Жалил Ниёзовичнинг овози жуда маҳзун чиқди…
2021 йилМОМАҚАЛДИРОҚ
Райком бюроси тамом бўлганда ёмғир шариллатиб қуярди. Шунданми, район маркази кўчаларида одам сийрак. Аҳён-аҳёнда ўтаётган машиналар кўчанинг ҳалқоб жойларидаги ёмғир сувларини икки тарафга сачратиб кетади.
Искандар раис бюродан сувга тушган латтадай шалвираб чиқди. У ҳеч қачон бунчалик шаллинг бўлмаган эди. Бутун вужуди зирқираб қақшар, ўзини бир замбил лойдай, балки ундан-да, оғирроқ ҳис қиларди. Хром этикларини кўтаришга гўё мадори етмасди.
У ҳафсаласизлик билан мармар зиналардан тушди. Йўл четида турган машинасига боргунча уст-боши жиққа ҳўл бўлди. У буни сезмади, хаёлидан ҳар хил фикр кечди: “Нега мундай бўлди? Биринчи нима учун мени бунчалик қаттиқ савалади? Яна бюрода, ҳамманинг олдида-я! Нега?”
Раис машина эшигини қандай очганини билмади. Ўзини “Волга”нинг орқа ўриндиғига ташлади. Раисни бунақа аҳволда кўрмаган Бўривой ҳайрон қолди.
– Қаёққа?
– Гўрга.
Бўривой раисга ўгирилиб қаради.
– Нимага ўқраясан? Ҳайдасанг-чи!
– Назокатхонникигами?
– Ўчир овозингни! – ўшқирди раис. – Фаросат борми ўзи?!
– Ахир ҳамиша бюродан кейин…
– Бўлди, қисқа қил! Уйга ҳайда…
Машина чироқлари қоронғулик бағрини ханжардек тилиб бормоқда. Раис миқ этмас, гоҳи-гоҳида уф тортиб қўярди. У хаёлини тизгинлаб ололмас, секретарнинг дашномига ўзича сабаб қидирар, аммо бирон-бир жўяли асос тополмай, дили хуфтон бўларди.
“Йўқ, секретарь бекорга саваламади. Бу ерда бир гап бор. Кимдир ғаламислик қилган, унга олди-қочди гапларни етказган. Чигит экиш кечиккан бўлса менда нима айб? Жўрттага орқага сурганим йўқ-ку! Менам вахлироқ экиб олай, дейман. Осмоннинг таги тешилгандай ёмғир тинмаса, қўлимиздан нима келади?! Табиий шароитни ҳисобга олишмаса… Бунақа масалада Қодир Собирович маладес эди. Тушунарди. Ҳа, энди у киши бошқа одам эди-да. Булар нимани биларди. Деҳқончилик қилиб юриптими. Академик бўлсаям деҳқончиликни билмаса қийин-да. Экиш уч-тўрт кун кечиккан билан, осмон узилиб тушмайди-ку! Ёки экувсиз қоп кетармиди? Барорини берса бас. Олдин-кейин экканга қарамайди. Эрта баҳордаёқ доварага дов солиб, экишни тугалладик, деб рапорт берганларни кўп кўрганмиз. Чигитни қайта-қайта экади, қанча уруғ кетади ортиқча, ўзиникини тамомлаб, қўни-қўшнидан қарз ҳам олади. Қанча меҳнат, оворагарчилик… Ғалвир сувдан кўтарилган паллада эса илдизини қурт еган палакдай шалпайиб, дами ичига тушиб қолади. Қийғир урган беданага ўхшаб бўйнини ичига тортиб, атрофга жавдирайди. Баҳонаси – чигит қайта экилган… Жўжани кузда санайдилар…”
Раис сигарет тутатди. Сал ҳовуридан тушди.
– Менга қара, Бўривой. – У машина ўриндиғига ўмганини ташлади. – Бир неча йилдан бери бирга ишлаймиз. Сендан яширадиган сирим йўқ. Айтгин-чи, борди-ю, мен сени кўпчиликнинг ўртасида ноҳақдан-ноҳақ изза қилсам нима қилардинг?
Бўривой раиснинг аҳволига энди тушунди. “Ҳа, демак бюрода калтак еган. Зўрдан зўр чиқипти-да. Мени сўзимни иккита қиладиган одам ҳали туғилмаган, деб ҳаммани зор қақшатасан. Арзимаган нарсага одамларнинг дилини оғритасан. Бировни менсимайсан. Сени шохингни қайирадиган ҳам топилипти-ку? Шунақа, пешонаси тошга текканда очилади одамнинг кўзи. Шу машинанинг тили бўлса айтсин, қанча сўккансан мени. Қанча эрмак қилгансан. Андишанинг оти қўрқоқ… Энди ўзингга кепсан”. Бўривой бу гал ҳам андиша чегарасини бузиб ўтолмади. Дилидагини тилига чиқармади. “Ўзи-ку бўлганча бўпти, менам ўлганнинг устига чиқиб тепмайин. Марднинг ишимас бу. Иззаи мўмин – ҳаром”.
– Билмадим, раис бова.
Раис яна тутақиб кетди.
– Ҳей, қанақа одамсан ўзи? Қачон бир нима сўрасам “билмадим”, дейсан. Нимани биласан ўзи?! Бирон нарса десанг-чи, ахир, мундай.
Искандар раиснинг бу гапига Бўривойнинг жаҳли чиқмади, аксинча, кулгиси қистади. Лекин кулмади. “Қаттиқ савалапти-да”. У ўйланиб қолди. Кўзлари машина чироқлари ёритиб кетаётган ўйдим-чуқур йўлларда. Ёмғир шаррос қуяр, машина ғилдираклари тез-тез кўлмакларга тушиб чиқарди.
– Тўғрисини айтсам майлими, раис бова? – деди Бўривой.
– Хўш, гапир…
– Борди-ю, мени биров бекордан-бекор сўкса, юзимни шувут қилса, ўша одамнинг бетига қайтиб қарамасдим.
Раис ойнадан сигарет қолдиғини ирғитди-да, орқага суянди. “Буям бало. Гап нимадалигини тушунганга ўхшайди”.
– Лекин ука, дунёнинг ишлари сен ўйлаганчалик осон эмас. Шунақа пайтлар бўладики, бегуноҳ эканингни билиб турсанг ҳам танқид қилган одамга қарши бирон нарса деёлмайсан, ҳақлигингни исботлаёлмай қоласан. Ичингда ғижинасан, асабийлашасан, ўша одамни болохонадор қилиб сўкасан ҳам, аммо кўзига тик қараб бир оғиз сўз қайтаролмайсан. Билдингми, ука?
– Нимага шундай, раис бова? – ўсмоқчилади Бўривой.
– Ким билади дейсан. Балки одамлар ўзидан қўрқар…
– Йўқ, раис бова, ким билади эмас, ҳамма билади. Уннан кейин, одамлар ўзларидан эмас, мансабидан, столини тортиб олишларидан қўрқадилар. Ахир ҳаммаям шундаймас-ку, – раис ҳайдовчининг гапларига жиддий қулоқ солди. – Масалан, мен кимдан қўрқаман, ёки менинг нимамни тортиб олади? Олса мошинасини олади. Бу мошина бўлмаса бошқаси, бошқасиям бўлмаса, кетмон. Кетмонни ҳеч ким ололмайди.
– Лекин кетмон билан ҳеч қаёққа бориб бўлмайди-да ҳозир.
Бўривой кулди:
– Ҳеҳ, раис бова, қаёққа ҳам борардик. Нима қилсак ҳам, ким бўлиб яшасак ҳам, барибир энг сўнгида кетмонга, кетмончига ишимиз тушади… Бусиз бўлмайди.
Раиснинг ғаши келди. У Бўривойни кўпдан билар, аммо бунчалик гапдонлигини сезмаганди. Аслини олганда раис ҳайдовчиси билан ҳеч қачон яқинроқ, самимий гаплашмаган. Искандар раис буни ҳозир биринчи марта ҳис қилди. Бунинг учун Бўривойга қарши миқ этмади. Қайтанга гап бошлаганидан афсусланди.
– Дурустсан-ку, – деди аччиқ киноя билан. – Шунча гапларни биларкансан-у, мендан яшириб юрибсан-а.
Бўривой раиснинг пичингини фаҳмлади.
– Тўғри гап туққанингга ёқмас экан, – ҳайдовчи раисга қараб қўйди.
– Тилинг жуда узун бўлиб кетипти-ку, Бўривой?!
Бу гап Бўривойнинг жаҳлини чиқарди. У озғин, чайир қўллари билан машина рулини маҳкамроқ сиқиб ушлади. Ўрнидан бир қўзғалиб қўйди.
– Сизга осон: гапим ёқса ёлғондан бўлсаям мақтаб қўясиз, ёқмаса уришасиз, сўкасиз… Менга ўхшаган бечоралар эса…
– Бўлди! Ўргилдим сендақа “бечора”дан… Ўз иззатини билмаган нонкўр! Кийикдай машинанинг рулини тутқазиб қўйибман-а, сен кўрнамакка!
– Нима дўқ қиласиз менга. Бўлди-да, энди. Қачон бир жойдан феълингиз айнаб чиқса, аламини мендан оласиз. Нима, сизга ўйинчоқманми? Нари борса битта аравакашда, истаганимча ҳақорат қилавераман, қўлидан нима келарди, дейсиз-да. – У тобора қизишиб борарди. Ўзини босмоқчи бўлар, аммо ички бир туғён, дард бунга йўл қўймас, юрагида тош бўлиб ётган дардларини тўкиб солишга ундарди. – Йўқ, ундай эмас раис бова, мавриди келганда айтиб қўяй, мени кўп калака қилаверманг. Бўлди! Бошқа чидаёлмайман. Охирги гапим шу: менинг қоп кетадиган давлатим ҳам, сағир қоладиган болам ҳам йўқ. Бир сўққабош одамман. Шунинг учун ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмайман.
Искандар раис Бўривойга еб қўйгудек бўлиб тикилди. Бўривой буни сезмади. “Бу тирранча мени қўрқитмоқчими ёки ҳаммаси лалми дўқми? Райкомдаги гаплар етмовдими? Тавба! Ҳали бурнини эплаб артолмайдиган зумраша гап қайтаряптими?! Мени ким деб ўйлаяпти ўзи бу? Райкомдаям менга бунақа муомала қилишмаган-а! Анави секретарь гапирди қўйди-да. Зарари йўқ, ҳали янги, яхши билмайди мени. Аста-секин тушуниб олади. Яна шунақа катталик қилса ўзим биламан нима деб жавоб қайтаришни. Мен билан беллашган не-не азаматларнинг пихини қайириб, попугини пасайтириб қўйганман”.
– Сен бунақа баландпарвоз гапларингни бас қилгин, бола. Лайлак билан тенглашаман деб, чумчуқнинг бути йирилганини эшитганмисан?!
Бўривой ўзини тутолмади:
– Мен сиз билан тенг бўлмоқчимасман. Сиз кимсиз – Искандар раиссиз, мен-чи, оддий шофёр. Буни биламан. Лекин сизнинг етимчангиз эмасман! Сиз ҳам шуни билиб қўйинг!
– Ўчир унингни! – бақирди Искандар раис. – Менга гап қайтаришни ким қўйипти сенга?! Тилингни…
Бўривой раиснинг гапини охиригача эшитмади. Чапдастлик билан моторни ўчирди-да, машинанинг калитини суғуриб олиб раисга отди:
– Олинг матаҳингизни! – Унинг тим қора, думалоқ кўзлари яна ҳам йириклашди, рангпар юзлари оқариб кетди. Аъзойи бадани титраб, гапиролмай қолди. – Нима мен… Нима мен… си-и-зга к-калака бўлдимми?.. Катталигингизни бошқа одамга қ-қиласиз… Мен кўтармайман…
Бўривой шартта машинадан тушди-ю, эшикни зарб билан ёпди. У шаррос қуяётган ёмғирга ҳам, кетма-кет гулдираётган момақалдироққа ҳам парво қилмай илдамлаб кетди. Ўчирилмай қолган машина чироқлари ёруғида раис уни аниқ кўриб турарди. Бўривой кўздан ғойиб бўлгунча икки марта кўлмакка оёғини тиқиб олди. Аммо у ҳеч қаёққа қарамай, ҳеч нарсага эътибор бермай жадал илгарилаб борарди.
Раис ҳанг-манг бўлиб қолди. Бўривойнинг бу даражага боришини етти ухлаб тушида кўрмаганди. Бўлмаса, бунақа ғиди-бидилар, э-ҳе, неча марта бўлган. Ҳаммасида ҳам Бўривой ранжиган, кўнглига олган, аммо елкасини қисиб ишини қилиб кетаверган. “Бугун нимага бундай қилди? Қаердан пайдо бўлди бу юрак унда? Ё биров ўргатдимикан?.. Ҳаммасини кўнглига тугиб, пайт пойлаб юрган экан-да. Ҳа, тирмизак, роса вақтини топди лекин”.
Раис босиб-босиб сигарет тортди. Ёмғир зўрайгандан-зўраяр, машинанинг устида биров ўйинга тушаётгандай дапир-дупир қиларди. Ялт этиб чақмоқ чақди. Раис беихтиёр Ёмонжардаги Бургутқояга қаради. Болалигида Ёмонжар, Бургутқоя ҳақида кўп ваҳимали гаплар эшитганди. Ҳозир уларни эслашга ҳам юраги дов бермасди. Назарида баҳайбат қоя момақалдироқ зарбидан қулаб тушаётгандек туюлди. “Падарингга лаънат. Келиб-келиб шу ерда қолдирасанми?!” Раис жаҳл билан тишларини ғижирлатди. Ҳайдовчиси ҳозир олдида бўлса бўридай ғажиб ташларди. “Ҳеҳ, тавба, камбағалнинг орқа томири таранг бўлади, деб бекорга айтишмасакан-да. Сенга ким қўйипти дўнгмўйинликни. Ундан кўра, ака деб қўлтиғимга кирмайсанми аҳмоқ. Бу туришингда гўр бўлармидинг. Ҳаммагаям шунақа хўққилик қилсанг, йиғиштир тахта-ўқловингни деб орқангга тепадики… Сенинг ҳалоллигингу, ор-номусинг – ҳаммаси бир пул… Ҳали кўзи очилмаган кучукваччасан. Эҳ, гўдак! Осмонда юрганга ўхшайсан. Шошмай тур, ўзим тушириб қўяман ерга. Шунда очилади ўша кўр кўзларинг…”