Полная версия
Гладиолус
Директор шулар ҳақида ўй суриб ўтирганди, эшик тақиллади. Дарҳол ўзини қўлга олди, костюмини, галстугини тўғрилади.
– Мумкинми, домла?
Уч йил бурун университетни битириб келган ёш адабиёт муаллими эшикни очди.
– Келинг.
Ёш ўқитувчилар орасида Алмат аканинг собиқ ўқувчилари анчагина. Директор уларнинг ҳаммасига бир устоз каби меҳрибонлик қилар, зарур маслаҳат ва кенгашини аямасди. Мана бу йигитга эса унинг ҳурмати ўзгача. Бу ҳам адабиётчи бўлгани учунми, камтар, ишчанлиги туфайлими – ҳарқалай Алмат ака аниқ сабабини билмайди – лекин алоҳида бир меҳр билан яхши кўради. Ҳозир юраги сиқилиб, ўзи билан ўзи баҳслашиб турганда севимли шогирдининг кириб келиши, унинг айни кўнглидаги иш бўлди. У ўрнидан туриб, шогирдига пешвоз юрди.
– Бир маслаҳат бор эди, домла.
– Ўтиринг-чи. Хўш, нима экан?
– Районимизга бир-иккита ёш шоирлар келишипти. Уларни мактабимизга чақириб учрашув ўтказсак. Баҳонада адабиётимизнинг бугунги аҳволи билан яқинроқ танишар эдик. Улардан кўп нарса сўраб-билиш мумкин. Ўқувчиларимизга ҳам нафи тегади.
Синфдаги савол-жавоб Алмат аканинг ёдига тушди. Лекин буни шогирдига сездирмади.
– Майли, – деди лоқайдлик билан. Кейин қўшимча қилди: – Кимлар экан?
Муаллим районга келган ёш шоирларни айтди. Алмат ака бармоқларини стол устида ўйнатар экан, “О, жуда яхши! Зўр шоирлар. Улар билан учрашув ўтказиш керак, жуда яхши…”, деди. Аслида уларнинг биронтасини ҳам тузукроқ билмас эди.
– Бўпти, гаплашиб келинг, – деди. – Қачон ўтказмоқчисиз учрашувни?
– Эртага чақирсам девдим.
– Майли. Мени эртага бошқармага чақиришган. Завучга тайинлайман, биргаликда уюштиринглар. Агар уларнинг ёнида китобларидан бўлса, кутубхонамиз учун дастхат ёздириб олинг.
Ёш муаллим бироз бўшашди.
– Сиз қатнашмасангиз қандай бўлади?
– Зарари йўқ. Нима қипти? Мен бормасам бўлмайди-да. Индинга ўтказайлик десам, уларнинг вақти борми-йўқми, балки кетиб қолишадими…
– Бошқармага бир кун кейин борсангиз-чи? Ўзингиз иштирок этганингизда яхши бўлар эди-да. Ҳам директор, ҳам тажрибали адабиёт ўқитувчиси. У шоирларни яхши биласиз…
Ёш муаллимнинг охирги сўзлари Алмат акага киноя каби эшитилди. “Шоирларни яхши биласиз”. У ҳозир овозини борича “Йўқ, мен ҳеч кимни, ҳеч нарсани билмайман! Менинг даврим ўтди!” деб бақиргиси, шу билан кўнглини сал бўшатгиси келди. Бироқ Алмат ака… Алмат Муродов учун бундай қилиш ярашмас, ярашмайдигина эмас, умуман ақлга сиғмайдиган бир гап эди. Унинг кучли иродаси, кенг мулоҳазаси, катта ҳаётий тажрибаси ҳар доимгидек, бу сафар ҳам бир лаҳзалик енгил ҳиссиётдан устун чиқди. Ўрнидан оғир турди-да, шогирдининг ёнига келиб, елкасига қўлини қўйди.
– Тушунаман, ўғлим, – деди у оталарча вазминлик билан, – лекин сиз ҳам мени тушунинг: мен учрашувда қатнашолмайман. Бунинг учун мен эртага облонога бориш-бормаслигимнинг аҳамияти йўқ!.. Сабабини сўраманг. Мавриди келса, айтарман.
Бу гапдан ёш муаллим ҳайратга тушди. “Нима гап ўзи? Бу гапларни Алмат ака айтяптими?” Қулоқларига ишонмади. Рўпарасида турган одам ўша – ўзига илк бор ҳарф ўргатган, қалбида адабиётга иштиёқ уйғотган, қанча-қанча ёшларга устозлик қилган, шаҳарчада етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма домла, деб ҳурмат қиладиган Алмат Муродов турганига шубҳа қилгандек унга синчковлик ила тикилди.
Буни Алмат ака сезди. У ҳам шогирдининг жавдираб турган кўзларига қаради-да:
– Шундай, ўғлим! – деди.
… Алмат ака чуқур хўрсинди. Чинорнинг кўм-кўк баргига термилди. “Хўш, ўша ёш муаллим қандай тушунади бу бахтни? Бахт эмиш. Юз меҳри – иссиқ қабилида индамай юришганини, юзига солмаётганини бахт, деб ўйлаш керакми?..”
Балки шундайдир. Лекин мен учун бундай бахтни кўтариш оғир. Ўйинга ярамай қолганини сезиб ўзини четга олиш, ёшларга ўрин бериш даркор. Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб, кўзга чиққан говмижжадай хунук кўриниб юриш наҳоки бахт бўлса?”
Мудир ўйланиб қолди. Алмат акага синовчан разм солди. У нигоҳини бир нуқтага қадаб, индамай ўтирар эди. Мудир охирги марта Алмат аканинг қўйнига қўл солди.
– Мен сиздан буни кутмаган эдим, – деди ранжиган оҳангда, – Сизни сираям шунақа одам, деб ўйламовдим.
Алмат ака ялт этиб мудирга қаради. Унинг бу қарашида “Мен қанақа одам эканман? Нима демоқчисиз?” деган кескин савол зоҳир эди. Мудир буни сезмаган каби ўсмоқчилади. – Наҳотки, шу қадар шахсиятпараст бўлсангиз?
Алмат ака аввал оқарди, кейин уят иш қилиб қўйган боладай қизариб кетди. Илкис нима дейишини билмай қолди.
– Бу нима деганингиз? – деди ниҳоят.
Мудир иложи борича ўзини жиддий тутишга, ҳазилини сездирмасликка ҳаракат қилди. Гапириш оҳангини ҳам ўзгартирмади.
– Тўғри-да! Шахсий ҳаловатингизни ўйлаб ҳаммасидан воз кечяпсиз. Жамият манфаатидан ўзингизни олиб қочяпсиз. Бошқа мактабларда шундай ўқитувчилар борки, пенсияга чиққанига бир неча йил бўлганига қарамай, ишламасликни хаёлига ҳам келтирмайди. “Кўп йиллик ҳалол хизматларингиз эвазига энди ҳордиқ олинглар”, деб қанча айтдик. Аммо улар “Танамда жоним бор экан, жамият учун, халқ учун хизмат қиламан! Майли, мурдам чиқсин мактабдан”, дейишади. Уларни ҳақиқий педагог, жамият учун, халқ учун умрини бахшида қилган фидойилар деса бўлади. Сиз ўшалардан ёшсиз, лекин “Кексайдим, чарчадим, соғлиғим ёмон, ишдан бўшатинг”, дейсиз.
Мудир кимларни назарда тутаётганини Алмат ака билади. Туманда беш-олтита кекса ўқитувчи бор. Ўқитувчилар етишмаслиги туфайли бир вақтлар муаллим бўлиб олган. Лекин буни ўзлари тан олмайди. Бу ҳақда сўз кетдими, “биз ёшлигимизда…” деб гапни узоқдан бошлашади. Ўқувчиларнинг масхара қилиши ҳам, мажлислардаги дашномлар ҳам, қизим сенга айтаман, келиним сен эшит, қабилидаги учириқлар ҳам уларга таъсир этмайди…
Ўзини ўшаларга менгзагани учун Алмат ака мудирдан ранжиди. Вужуди жимирлаб, бошига иссиқ қон югурди, икки чаккаси қизиб кетди.
– Менга қаранг, ҳурматли мудир, – деди салмоқлаб. – Борди-ю, ҳазил қилаётган бўлсангиз, сиздан қаттиқ илтимос, иккинчи бунақа ҳазилни йиғиштиринг, агар рост айтаётган бўлсангиз…
У гапиролмай қолди. Ҳазили қалтис чиққанини мудир сезди. Стаканга сув қуйиб, Алмат акага узатди.
– Домла, домла… Қўйинг-э, наҳотки, ҳазилни тушунмасангиз. Мен сизнинг кимлигингизни билмайманми?!
Алмат ака бир қултум сув ичиб, бошини кафтлари орасига олди. Тирсакларини столга тираганча узоқ жим қолди. Мудир саросимага тушиб, қўрқиб кетди. “Ҳе, шу ҳазилни чиқарганнинг падарига лаънат!” Алмат акага яқин борди.
– Доктор чақирайми, домла?
Алмат ака “йўқ” деган маънода бош ирғади. Бироздан кейин қўлларини туширди. Ожизлик билан мудирга қаради.
– Кечиринг, домла. Ҳазиллашаман, деб…
– Ўша ватанпарварлар, жамиятга жонини фидо қилган фидойилар билан ишлайверинг-да, – деди Алмат ака жуда синиқ товушда. – Мендек шахсиятпараст, худбин одамни нима қиласиз. Ундан кўра аризамга тезроқ қўл қўйиб, тезроқ қутулмайсизми! – У энди ўзига ўзи гапирар эди. – Шахсиятпараст эмишман. Салкам эллик йил муаллимлик қилиб, ҳеч кимдан бундай гапни эшитмовдим. Ёшим бир жойга борганда шахсиятпарастлик қиламанми? Бўшатинглар, қувватим етмаяпти, ҳозирги болаларга ақлим, билимим ожизлик қилиб қолди, энди ёшлар ишласин, десам худбинлик бўладими… Нега бир-биримизни тўғри тушунмаймиз? Ҳайронман, ёлғон гапга дарров ишонишади-ю, рост сўзингга қулоқ солишмайди!
У бир лаҳза жим қолди. Нафасини ростлади. Кейин мудирга юзланди:
– Жамият тараққиётига қўшилиш, бу тараққиёт билан баравар юриш қўлимиздан келмагач, ортиқча чиранишнинг нима кераги бор? Борди-ю, мен шуни сезган бўлсам, шуни тан олиб турсам – бу айбми? Олдин ҳам неча марта келдим ҳузурингизга. Ҳар гал пайсалга соласиз. Ҳурматингизни қилдим, индамай қайтиб кетавердим. Энди эса…
Алмат аканинг мактаби тумандаги энг илғор, ҳар томондан намунали. У директорликни топширса, мактабнинг обрўси нима бўлади? Янги директор бу обрўни сақлаб қола оладими? Ахир, мактаб бутун туманнинг фахри-ку!
Мудирнинг ташвиши бу ёқда эди. Директорнинг аризасига қўл қўймай, галга солишининг боиси ҳам шу.
Алмат ака уни ишонтирди: Мактабнинг обрўсини сақлаб қола оладиган, шуҳратини яна ҳам ошириш қўлидан келадиган ёшлар бор…
Бу гапдан мудирнинг кўнгли ўрнига тушди…
Алмат ака аввал қўлидаги баргнинг томирларига, сўнг ўзининг қўл томирларига разм солди. Озғин қўлларида бўртиб турган томирлар ҳали унча-мунча ишни писанд қилмаётгандек туюлди. У ички бир қониқиш, қандайдир хурсандлик ҳиссини туйди… “Директорликдан бўшаганим билан қиладиган ишларим кўп ҳали… Ўғил-қизларим, невараларим…”
– Ассалому алайкум, домла.
Алмат аканинг хаёли бўлинди. Қаршисида шогирди – ёш адабиёт муаллими турарди.
– Ёлғиз нима қилиб ўтирибсиз бу ерда?
Алмат ака унга ёнидан жой кўрсатди.
– Ўтиринг. Шошилмаяпсизми? Қаерга кетяпсиз?
– Йўқ. Кинофикациядаги ўртоғимнинг олдига бораётган эдим. Янги фильм келганмиш. Ўқитувчилар ҳаётидан экан. Гаплашиб кўрай, мактабимизга олиб бориб кўрсатса, яхши бўларди.
“Директорликка бунинг номзодини кўрсатиб чакки қилмадим. Жуда куйди-пишди йигит. Ўз фанини, умуман мактабни, болаларни яхши кўради. Ана шундайлар директор бўлгани тузук”.
– Ҳозир сизни ўйлаб ўтиргандим.
– Мени? Қизиқ-ку!
– Ҳа, сизни, – деди Алмат ака шогирдига синовчан тикилиб. – Биласизми, мен ҳозир районо мудирининг олдидан келяпман…
Алмат ака бўлган гапнинг ҳаммасини айтиб берди.
– Бундан бир ойча илгари ёш шоирлар билан учрашув ўтказмоқчи бўлганингизда мен қатнашолмайман, деганим эсингиздами? Сабабини энди билдингизми?
– Қўйинг домла, биз адабиётни сизчалик тушунишимизга ҳали анча бор.
– Йўқ, ўғлим. Гапларимни сохта камтарлик, деб ўйламанг. Бори шу. Сизга айтадиган муҳим гапим бор. Менинг аризамга қўл қўйди.
Муаллим ўрнидан сапчиб туриб кетди.
– Нималар деяпсиз, домла?! Мактабнинг ҳоли не кечади?
– Хавотир олманг. Ҳаммаси яхши бўлади… Майли, ҳозир йўлдан қолманг. Бошқа гапларни эртага мажлисда гаплашамиз. Хайр, омон бўлинг…
…Улар ота-болалардай хайрлашди. Алмат ака шогирдининг орқасидан қараб қолди. Унинг юришида қандайдир вазминлик, салобат бор эди. “Уялтирмайди… Ишонаман…”
1982 йилҚиссалар
КЎККЎЛ
Сочидан қайтганидан сўнг Ботир хаёлчан, камгап бўлиб қолди. Ишхонасидагилар, дўстлари ҳайрон. “Дам олишдан келган одам қувноқ, тетик бўлгучи эди, Ботир тескариси…” Бу гапни унинг ўзига очиқ айтганлар ҳам топилди. Аммо аниқ жавоб ололмадилар.
Кунлар ўтди, ойлар ўтди. Ботирнинг хаёлчанлиги тарқамади. Аста-секин бу ҳолнинг боиси дўстларига бир қадар равшанлашди. Унинг гапларидан аён бўлди. Ботир асосан икки мавзуда сўзлашди: бири – севги, иккинчиси – Озарбайжон. Дўстлари ўзаро тахмин қилишди: “Ҳойнаҳой бу бола дам олишга борганда биронта озарбайжон қизини яхши кўриб қолганга ўхшайди”.
Бир куни Ботир Бокудан хат олди. Бундан хабар топган ҳамкасблари бояги гумоннинг тўғрилигига иймон келтиришди. Қитмирроқлари “Ҳа, Ботирвой, насиб этса, Бокуга тўйга борар эканмиз-да”, деб учирма ҳам қилишди. Ботир бу гапларга эътибор бермади. Унинг хаёли чўнтагидаги хатда: “Нима деб ёзди экан? Гулгинанинг ўзи ёздимикан ёки отасими? Кечикиб кетганидан энди жавоб келмаса керак, деб ўйловдим. Барибир ёзипти-да…” Хатни очиб ўқий деса, ҳамхонаси шилқим, эзма бир одам. Кўрингандан суюнчи олиб юради. Аксига олиб хонадан чиқмай ўтиришини қаранглар.
Ботирнинг юраги сиқилиб кетди. Чекиш баҳонасида ташқарига чиқди. Холироқ бир жойга ўтди-да, апил-тапил конвертни очди, чиройли ҳуснихатда битилган хатни ютоқиб ўқий бошлади.
“Ботир муаллим, салом! Мактубингизни олдим. Ташаккур. Аҳволингиз нечук? Дашканда не хушхабарлар вар?
Манимда, Жалил муаллимнида тани сағ, ҳамиси яхши.
Сиз ила кечан гунларни, суҳбатларни эслаяжакмиз. Сизи шеър ўҳушингиз маним ҳушима галур.
Бакийа галин. Биза қўноқ ўлин. Жалил муаллим сиза чўх саломлар деюр.
Сиза сиҳатлик, хуш кайфият тилаюрам. Соғ ўлин!
Гулгина”.
Хатни ўқиб, Ботирнииг бутун вужуди жимирлаб кетди. Кўз олдида Гулгина гавдаланди. Унинг товуши қулоқлари остида жаранглагандай туюлди. Чуқур хўрсинди, айни чоғда ички бир қониқиш, нимадандир суюниш ҳиссини туйди.
Шу куни ишдан кейин тўғри шаҳарлараро телефон тармоғига йўл олди. Гулгинанинг мактубига жавоб ёзишга сабри чидамай, у билан гаплашгиси келди, унинг овозини эшитишни жуда-жуда истади.
Навбатчи бир соатлар кутасиз, деди. Рози бўлди. Зотан, ҳозир у эрталабгача кутишга ҳам тайёр. Фақат Бокуни улаб берса, симлар орқали бўлса-да, Гулгинанинг ёқимли овозини, ширали тилини эшитса бас. Бундан муҳим, бундан лаззатли, бундан ёқимли нима иши бор ҳозир!
Ташқарига чиқиб сигарет тутатди. Чўнтагидан хатни олиб яна кўз югуртирди: “Сизи шеър ўҳушингиз маним ҳушима галур”. Бу сатрлар Ботирнинг кўзига нур, дилига роҳат, томирларига қон каби йўрғаларди.
Кимнингдир озарбайжонча гапиргани қулоғига чалинди. Ялт этиб атрофига қаради. Чиройли бир қиз ёнидаги йигитга нима ҳакдадир куйиб-пишиб сўзларди. Унинг овози Гулгинанинг товушига ўхшарканми, ёки бу ерда, кутилмаганда озарбайжонча суҳбат эшитганиданми – Ботирнинг юраги ҳаприқиб кетди.
Шу маҳал кутиш залида навбатчининг “Баку седьмая кабина. Баку седьмая кабина”, деган овози эшитилди. Ботир югуриб еттинчи кабинага кирди.
Бири кам дунё деганлари шу-да. Гулгина уйда йўқ экан. Жалил Жамолзода билан гаплашди…
Барибир Ботирнинг кўнгли ёруғ эди. У минг андиша билан хат ёзганди Гулгинага. Ҳадеганда жавоб келавермагач, бироз хижолат, ҳатто пушаймон ҳам бўлган эди. Бугун эса Гулгинанинг мактуби унинг қўлида. Мана, ҳозиргина Гулгинанинг отаси билан сўзлашди. Гапларидан билиниб турибди – хат ёзганидан, қўнғироқ қилганидан у ҳам хурсанд.
Демак, энди бемалол мактуб битавериши, имкони топилганда телефон қилиши мумкин.
Шундай бўлди. У хатлар ёзди. Гулгинадан жавоблар олди. Бокудан мактуб олган куни – Ботир учун байрам. Телефонда эса Гулгина билан икки мартагина гаплаша олди, холос. Унда ҳам қисқагина ҳол-аҳвол сўрашишдан, бир-бирини Тошкентга ва Бокуга таклиф этишдан нарига ўтолмадилар. Ботир кўнглида бир дунё гаплар билан киради телефон кабинасига. Гулгинанинг юракни сариёғдай эритиб юборувчи сўзларини эшитгач, бутун гаплари эсидан чиқиб кетади, довдираб қолади…
Бир йил ана шундай ўтди.
У энди сабрсизлик билан таътилни кутди. Бугуноқ таътилга чиқса-ю, қанот боғлаб Бокуга учса…
* * *“Тошкент-Боку” самолёти тонг ёришганда ердан кўтарилди. Иллюминатордан ташқарига қараб ўтирган Ботир ўйга толган. Нигоҳи Тошкентнинг осмонўпар биноларига, бир-бирини қувиб кетаётган машиналарга, янги маҳаллаларда қўзиқориндек потраб ётган бетон уйларга тушса-да, хаёл кўзлари Каспий соҳилида ястаниб ётган Бокуни, унинг сершовқин кўчаларини кўрар, рассом Жалил Жамолзода ва унинг қизи билан бўлажак учрашувини тасаввур этар эди.
Жалил Жамолзода билан бир йил олдин Сочида, дам олиш уйида танишган. Аслида уларнинг танишувига Жамолзоданинг қизи сабабчи бўлган эди.
Ботир бунақа жойларга биринчи келиши. Нонушта қилади-ю денгизга чопади. Чўмилиб чиқиб, қумлоқда китоб ўқиб ётади. Аммо ҳар куни бир хил машғулот, гарчи у жуда завқли бўлса-да, одамни зериктиради. Аста-секин Ботирнинг ичи қизиди. Ўтган-кетгандан гурунглашай деса, бирон-бир киши билан яқинроқ танишгани йўқ. Кўпчиликнинг шериги бор. Ботирга ўхшаб ёлғиз юрганлар кам.
Бир куни тушликка бироз кечикиб келди. Ошхона эшигининг дастасига шундай қўлини узатиши билан эшик ичкаридан очилди-да, рўпарасида бир қиз пайдо бўлди. Шошиб келаётган Ботир бу соҳибжамолни кўриб тахтадай қотиб қолди. Унинг чаросдай қоп-қора кўзларини найза каби киприклари қўриқлаб турарди. Елкасини қоплаган сиёҳ сочлари шундай ярашган, шундай ярашган… Бу қадар гўзал, бу қадар ярашиқли сочни Ботир ҳали кўрмаган эди. Қиз унинг олдидан оҳу сингари сассиз-садосиз ўтаркан, нимадир деди. Ботир азбаройи гангиб қолганидан унинг сўзини англаёлмади – салом бердими, бошқа бир сўз дедими – билолмади. Бир қўли билан эшик тутқичини ушлаганча, унинг ортидан термилиб қолди. Устидаги жинси кўйлаги қоматини сумбатдай тутиб турар, Ботирга йўлакдан одам боласи эмас, ҳовлидаги сарвлардан бири оҳиста юриб кетаётгандай туюлди…
Стюардессанинг товуши унинг хаёлини бўлди: “Ҳурматли йўловчилар! Бизнинг самолётимиз Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон территориялари, Орол ва Каспий денгизи устидан ўтади-да, Боку аэропортига қўнади”.
Ботирнинг чап ёнида ўтирган семиз киши унга гап қотди:
– Олдин ҳам борганмисиз Бокуга, ука?
– Ҳа, бўлганман, – гапни қисқа қилди Ботир. Бироқ семиз кишининг саволи тугамади.
– Менинг биринчи боришим, у ерда меҳмонхона масаласи қандай экан, билмайсизми?
– Билмадим, – деди Ботир, – ҳамма жойга ўхшагандир-да.
Ботирнинг кесиб-кесиб гапиргани ёқмадими ёки саволи тугадими, семиз киши жим бўлди. Ўриндиққа ястаниб ётиб олди. Ҳаш-паш дегунча унинг хурраги эшитилди. “Роса беғам одам экан-да. Гапириб туриб ухлаб қолди-я…” Ботирнинг одати самолётда, автобусда – қанча юришидан қатъи назар – ухлаёлмайди.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.