bannerbanner
ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ
ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ

Полная версия

ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ

Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
4 из 5

Эшик оғаларига марҳум олигархнинг хонадонига ким, нима мақсадда нега келганини ҳижжалаб тушунтиришга тўғри келди. Ниҳоят, уларни Владимир Глущенконинг квартираси жойлашган ўн саккизинчи қаватга қўйишди. Ринат бировга тегишли уйни ноқонуний эгаллаб олаётгандек, кимнингдир хуфя ишини билдирмасдан кузатаётгандек ўзини ноқулай сезаётганди.

Тамара эшикни очгач, ичкарига киришди. Ҳамроҳларининг ҳайратдан ўзгариб кетган чеҳраларига қараб, уйнинг уларда қанақа таассурот қолдирганини сезди-да, худди уларни ўзига тегишли масканга олиб киргандек роҳатланди. Аёл пошналарини тақиллатиб, қўш қаватни эгаллаган маҳобатли уйнинг ҳайратомуз хоналари билан таништиришга киришди. Ринат ва Дима озроқ чўчиган қиёфада жимгина йўлбошловчининг ортидан эргашишди. Йигирма метрлик ваннахона, ойнаси дарёга қараган қишки боғ жўраларнинг ақлини шоширди. Ётоқхона деразасидан эса шаҳар бутун кўркамлиги билан намоён бўлиб турарди. Барча ваннахоналарга қутиси очилмаган тиш чўткалари, тиш пасталари қўйилган бўлиб, улар ўз эгаларини кутиб турганга ўхшарди. Бир жойда ҳатто болалар тиш чўткаси ҳам кўзга ташланди. Буни кўриб Ринат хўмрайди. У бу уй ва ўзига теккан пуллар фожиали тарзда ҳалок бўлган оиланики эканини эслади.

Ошхона бўлса янги аср фан-техника ютуқлари кўргазмасини эслатарди. Айрим жиҳозларни биринчи бор кўриб туришлари бўлса-да, нималигини сўраб ўтиришмади. Музхонада бўм-бўш, лекин махсус музлатгичга маъданли сув ва кока-колалар териб қўйилганди. Тамара иш бўлмасида ичимлик шишалари қатор турган барни кўрсатди. Улардан бирортаси очилмаган, шу боисдан ушбу маскан бир пайтлар тирик инсон оиласи билан яшаган хонадондан кўра, мўъжазроқ ичимликлар дўконини эслатарди.

Улар меҳмонхонага қайтиб, чуқур чарм оромкурсиларда нафас ростлашди.

–Мана, бори шу, – деди Тамара қулочини ғалати тарзда ёйиб, Ринатнинг бўлажак мулкини кўрсатди,– ҳамма ҳужжатлар расмийлштирилгунга қадар бу ерда қолиб, бемалол яшайверишингиз мумкин. Ҳозир кеч бўлди, Рублёкага боришни эртага қолдирамиз. Марҳум қариндошингизнинг жуда серҳафсала инсон эди. Ҳафтада бир марта хизматчи келиб, ҳамма томонни саришта қилиб кетади. Ҳақини эса тоғангиз ташкил қилган компания ойма-ой тўлаб боради. Калитни пастдаги навбатчи эшик оғасидан олади ва ўшанга топширади. Уйнинг хавфсизлигини ҳам боя айтган компаниямдан ҳақ оладиган қўриқчилар таъминлайди.Бу ерда бошқа ҳеч ким бўлмайди.

Кимдир эшик қўнғироғини чалди. Икка жўра хизматчи бемаҳалда келиб қолгандек, чўчиб тушди. Тамара ўрнидан туриб қарагани кетди. Ҳайдовчилар халталар ва қутиларни олиб чиқишган экан. Уларни даҳлизга жойлаб, Тамара қайтиб келди. У Диманинг бу ердалиги даҳшатли тарзда ғашини келтираётганига иқрор бўлгиси келмасди. Агар шунча пул ва вақтнинг бошига етган ушбу бақалоқ йўқолсайди, Ринат билан яккама-якка қолган бўлар, йигитни шунақа бемисл меросга эга бўлган нозик пайтда, албатта, ёнида ўзи сингари ишончли бир киши бўлиши зарурлигига инонтирган бўларди. Ринат эса худди қаршисида эллик ёшли аёл тургандек, унинг борлигини парвойига ҳам келтирмас, бу билан аёлнинг дилига озор бераётганди. Бўш-баёв йигитчанинг қандай ажойиб аёл билан учрашиб турганига фаҳми етмаётгани кўриниб турарди. Тамара бор-йўғи ўттиз иккига кирган, йигит билан ўрталаридаги фарқ бир неча ёшдан ошмаса-да, Ринат кўзига ёш йигитча бўлиб кўринаётганди. Бу аёлнинг турли тоифадаги одамлар билан муомала қилавериб, кўзи пишиб кетганининг таъсири эди. Зеро, Тамара аллақачон унутиб қўйган инсоний хислатлар журналистлиги туфайли Ринатнинг қонида сақланиб қолган, манфаати йўлида шафқат нелигини билмайдиган махлуққа айланмаганди.

– Биз ўзи вазифамизни бажардик, энди уйга қайтсак ҳам бўлади.– Тамара Димани уйига ташлаб, бой меросхўр ёнига ёлғиз қайтишдан ҳамон умидини узмаганди. Бақалоқ эса унинг режасини чапараста қилиб ташлади.

– Биз бирга қоламиз, – деди у Ринатга меҳрибонлик кўрсатиб, униси бўлса, бош ирғаб, ошнасининг фикрини маъқуллади.

Тамара қарғаниб юборишдан ўзини зўрға тийиб қолди: ўзи истамагандан кейин, манава лапашанг каллаварамнинг бўйнига аёл боши билан осилиб ололмайди-ку, ахир. Бойлик ақлга ақл қўшолмас эканда. Шу даражадаги катта пул ҳам бунга ожизлик қиларкан. У хўрсиниб, дивандан қўзғолди.

–Кўзларингга қаранглар, – насиҳат қилди у хайрлашаркан. – Ҳеч нарсага тегинманглар, бирор нарсани синдириб қўйманглар. Чунки, ҳозирча бу уй вақтинчлик келиб яшаб турадиган жойларинг ҳисобланади.

–Биз иккаламиз биргаликда яшаймиз, – деди Дима ғурур билан.

–Дўстингиз баъзан ёлғизликни истаб қолар, деган умиддаман, – заҳарханда қилди Тамара эшик томон юраркан.

У хонадондан чиқиб, эшикни ўзи ёпди. Уни кузатиб қўйиш дўстларнинг хаёлига ҳам келмади. Тамара лифтдаги кўзгуга қараб. Ўзига назар солди: қад-қомати, кўриниши бинойидек.

–Тўпорилар, – у кўзгудан кўзини оларкан, нафрат билан вишиллади.

5 боб

Аёл кетиши билан Дима ғолибона қийқириб, ирғишлашга тушди, кейин ўзини тап этиб, диванга ташлади.

–Бунақанги уй эртакларда ҳам бўлмаса керак, – деди у ҳайқириб, – Ҳатто, мен ҳам бойларнинг шунчалик зўр яшашини билмас эканман. Сен энди бизнинг орамиздан чиққан супермиллирадерсан. Қандай зўр-а! Мени ойига миллион доллар маош билан ишга олишинг ҳам мумкин.

–Уйим куйиб кетади-ку бундай қилсам,– ташвишланди Ринат.

–Нега уйинг куяркан? -бошини кўтариб, қўлларини ёзди Дима.– Агар йилига менга ўн икки миллион доллар сарфласанг, қирқ йилда атиги ярим миллиард доллар кетади. Қўлингда ундан неча бор кўп пул қолади. Мен илгаритдан ҳам мумсиклигини сезиб юрардим.

–Ақлдан озибсан, – тўнғиллади Ринат.– Ҳали бу ишларнинг нима билан тугаши номаълум. Францияда меросдан қанақа солиқ олинишни биласанми? Россияда ҳам кам эмас. Ҳаммасини ҳали расмийлаштириш, солиғини тўлаб қўйиш керак. Балки, марҳум тоғамнинг бирорта бошқа қариндоши ҳам чиқиб қолар. Унда меросни бўлишишга тўғри келади. Кейин қон гуруҳи тўғрисидаги гапларга ҳам унча ишончиб бўлмайди. Қони биринчи ва тўртинчи гуруҳга мансуб ота-оналардан туғилган фарзандларнинг қони иккинчи ва учинчи гуруҳ бўлишига ким кафолат беради? Шунақа нарсаларга ҳеч ақлим етмайди.

–Шошма, –сакраб турди Дима.– Менинг ажойиб таниш врачим бор. Валентин Констановични биласан-ку. Айнан шу соҳа бўйича мутахассис. Онкология марказида қон касалликларини даволайди. Унга бир кун ишим тушиши хаёлимга ҳам келмапти.

–Тилингга терсак чиқсин, -унинг гапини бўлди Ринат.– Қўғироқ қилиб бил-чи, шунақаси бўлиши мумкинмикин?

–Ҳозир телефон қиламан. Қўл телефонимда рақами бўлиши керак.

У телефонини олиб, рақамини терди

–Валентин Константинович, ўзингизми? Салом. Безовта қилганим учун узр. Сизга бир ғалати савол бермоқчиман. Биз бир масалада баҳслашиб қолдик. Кўпчилик қанақасига бундай бўлишини тушунмаяпти. Агар ота-онасининг қони биринчи ва тўртинчи гуруҳ бўлса, мутахассисларнинг айтишича, болалариники иккинчи ва учинчи гуруҳ бўлармиш. Менимча, бундай бўлмасак керак. Қон гуруҳи ота-онасиники билан бир хил бўлиши лозим-да. Шундай эмасми?

–Йўқ,– кулиб юборди Валентин Константинович,– айнан аксинча бўлади. Агар ота-онасининг қони биринчи ва тўртинчи гуруҳ бўлса, болалариники, албатта, иккинчи ё учинчи гуруҳ бўлади. Бу тенгламани тиббиёт институтининг ҳар қандай талабаси яхши билади. Шерикларингизга айтинг, бундан ташвишланишмасин. Мен айтгандай бўлиши шарт. Мобода, болаларининг қони ота-онасиники билан бир хил – биринчи ёки тўртинчи гуруҳ бўлса, улар бошқа ота-онанинг фарзандлари бўлиб чиқади.

–Катта раҳмат, – Дима телефон гўшагига қарата куйлаб юборай деди,– жуда катта бош оғриқдан қутқардингиз бизни.

У телефонни отиб юбориб, Ринатни қучоқлади.

–Ҳаммаси тўппа-тўғри, -деди у тантанавор оҳангда, – агар ота-онасининг қони биринчи ва тўртинчи гуруҳ бўлса, болалариники иккинчи ва учинчи бўлар экан. Бошқача бўлиши мумкин эмаскан. Дўстимнинг айтишича, ушбу қонуниятни тиббиёт институтининг ҳар қандай талабаси билармиш.

– Билмайдиган ахмоқлардан сен иккаламиз қолган эканмиз-да, – Ринат унинг қучоғидан ситилиб чиқди, – Мен тушунаолмаяпман. Нега боланинг қон гуруҳи отасиники ёки онасиники ўхшамасдан, бутунлай бошқа гурҳга мансуб бўларкан? Шунақаям бўлиши мумкинми?

–Мен қаёқдан биламан. Маълумотингга кўра сен журналистсан, мен эса филологман, яъни, ўқитувчи. Бунақа тафсилотларини қаёқдан биламан? Бу гапни агар бошқа бировдан эшитсам, ўла қолсам ишонмасдим. Агар оиламда шунақа воқеа рўй берадиган бўлса, хотиним менга хиёнат қилган экан, деган ўй билан шартта уйдан чиқиб кетган бўлардим. Қараки, дунёда бундай гаплар бор экан. Мен-ку тушунмайман, аммо, профессор дўстимиз шу соҳанинг мутахассиси, янглишиши асло мумкин эмас. Сенинг француз адвокатларинг аниқ билмаса, айтиб ўтирмасди.

Ринат хонада уёдан бу ёққа юра бошлади.

–Кел, яхшиси, бардаги шишалардан бирини оламиз-да, ичамиз, -таклиф қилди Дима, –шу уйдаги биринчи тунимизни нишонлаймиз.

–Ҳеч нарсага тегинма, – илтимос қилди Ринат. – Ваннахонадаги болалар тиш чўткасини кўрдингми? Менинг кўзим тушган эса заҳоти эсимга тоғамнинг ҳалок бўлган ўғилчаси тушди. Сен бўлсанг, кел нишонлаймиз, дейсан.

–Бунақа бўлишига сен айбдор эмассан-ку. –эътироз қилди Дима. –Янаям ўзинг биласан. Сенинг ҳозир пулинг беҳисоб. Истасанг, бу ердагиларга тегмасдан, янги ичимлик олиб келишим мумкин. Айтгандай, пулларинг қани? Эски уйда қолдирдингми?

–Ҳа.

–Жа, ахмоқсан-да. Кетдик, олиб келиб келамиз. Йўл-йўлакай бирор жойга бош суқармиз. Меросни ювамиз. Хўмраяверма. Омадинг келиб қолди. Худо ҳам билади бунақа бойликни кимга беришни. Арши аълода ҳам нодонлар ўтиргани йўқ.

Ринат индамади. У елкасига қанақа масъулият юкини олаётганини энди англай бошлади.

–Кетдик. -деди у, -худди ўзимни аллақандай хиёбонда ўтиргандек сезаяпман. Жуда данғиллама жой уй экан. Ўзимни яланғочдек ҳис қилаяпман. Чунки, ўзининг хонам эмас-да.

– Бундан кейин ўша хонангни ёдингдан чиқар,– қичқирди Дима. – Энди сен фақат шунақа уйларда туришга ўрганишинг керак. Умуман олганда, бундан буён фақат кошоналарда яшаймиз. Зўр сарой сотиб оламиз-да, кўчиб ўтамиз.

–Яхшиси, шалоқ араванг ўрнига машина олганимиз яхшироқ, – фикр билдирди Ринат.

–Нега шалоқ арава бўларкан? –хафа бўлди Дима.– Машинам зўр машина.

–Ҳазиллашдим. Кетдик, буёғини кўраверамиз. Адвокат менга қўриқчи бермоқчийди. Энди менга янги машина керак бўлади.

–Лаънати буржуй!– қаҳр билан шивирлади Дима. – Сенга ўхшаган қонсўрарлар касрига меҳнаткаш халқ азоб тортади-да.

–Меҳнаткаш халқ сенми? Икки қадам босмай ҳарсиллаб қоласан. Қани, тезроқ бўл, ақлий меҳнат йўқсили.

–Балки, янги костюмларимизни киярмиз, – таклиф қилди Дима даҳлиздаги халта-қутиларга ишора қилиб.

–Ҳали кийишга улгурамиз.

Ринат калитни олиб, уйдан биринчи бўлиб чиқди. Дима унга эргашди. Пастдаги навбатчилар ҳовлини кесиб ўтиб, йўловчи машина тўхтатишга кетаётган бу ғалати кимсаларга ҳайрон бўлиб қараб туришарди.

–Биз тезда қайтамиз, – ваъда қилди Дима хайрлашув ўрнида.

Кеч соат олтидан сўнг шаҳар йўлларида бошланадиган автомобиллар тиқини касрига Красной Преснедаги уйга қирқ дақиқаларда етиб боришди. Ринат қайтиб чиққач, Дима яна “саккизлиги”ни юргизди, улар Ленинград пропектидаги автосалонга йўл олишди. Йўл-йўлакай дамини чиқармай келаётган Дима яна тилга кирди:

–Чиндан ҳам машинам сенга ёқмайдими?

–Ҳазиллашдим, – қутулмоқчи бўлди Ринат.

–Бу ҳазилмас. Шалоқ арава эканини ўзим ҳам биламан. Аммо, яхшисига пулим етмаса, нима қилай? Менга ҳеч қачон мерос ҳам тегмасак керак.

–Э, қўйсанг-чи, беъмани гапингни, ҳазиллашдим, дедим-ку. Машинанг яхши машина. Ҳеч кўнглингни бузиб ўтирма.

–Кўнглим бузилмайди. Ўзинг яхши биласан, мен ҳеч қачон бировга ҳасад қилган эмасман. Лекин, кундузи куни адвокатнинг хонасида ўтирганда, биринчи бор ўзимни бегона ҳис қилдим. Янги костюм ва ботинка учун сенга раҳмат. Фақат, бу нарсаларнинг менга кераги йўқ. Энди сен кирадиган жойларга мени қўйишмайди. Тўғри қилишади. Унақа жойларда биз қашшоқларга нима бор. Бундан кейин сенга ўралашмасам ҳам бўлади. Энди йўлларимиз бўлак-бўлак. Менинг ҳақлигимни ўзинг ҳам тушуниб турибсан. Энди сен миллиардерсан. Рабинович, Абрамович, Березовский, Гусинскийлар билан улфатчилик қиласан. Мен азалдан уч пулга қиммат журналист эдим, шундайлигимча қоламан.

–Кайфиятинг менга мутлақо ёқмаяпти,– унинг дийдиёсини бўлди Ринат,– бадбин одамга айланиб бораяпсан. Мен сени қувноқ, ҳаётга иштиёқманд инсон, деб билардим.

–Майли, мени ҳеч нарса демади, деб қўя қол. Лаънати ҳасад ҳиқилдоғимдан бўғаётган бўлса нима қилай? Шу бугуноқ онамга қўнғироқ қилиб, қариндошларимизни суриштириб кўраман…

–Мен бўлсам, онамга қўнғироқ қилиш қўлимдан келганида, бор пулимдан роз кечардим, –тан олди Ринат, -Сендақа файласуфни қара-ю. Ўзинг доимо бахт пулда эмас …

–Унинг миқдорида, – Дима кулиб, жўрасининг гапига якун ясади. – Етиб келдик. Юр, сен боп машинани танлайлик.

Ринат пуллик сумкани олгач, машинадан чиқишди. Улар келишган жойда “Ауди” русумли машиналар сотиларди. Меҳмонларга ҳилвираган костюмдаги юзлари бўғриққан йигит дарров пешвоз чиқди. У келувчиларнинг афт-ангорини кўриб, норозилик билан афтини бужмайтирди. Йигитларнинг кўринишиёқ энсасини қотиргани шундоққина билиниб турарди.

–Машиналарни шунчаки кўргани келдиларингми? – сўради у тўнглик билан, чунки, бу пала-партиш кийинган йигитларда янги “Ауди” олишга етадиган пул бўлмаслигига амин эди. Бунинг устига миниб келган машиналарининг қанақалигини ҳам кўриб турарди.

–Кўзингга қара, – деди Дима зарда қилиб, -Бизга қўполлик қилма, Саша. – У сотувчининг кўкрагидаги карточкадан исмни ўқиб олганди, – Қани, бизга энг зўр машинангни кўрсат. Акс ҳолда, менеджеринги чақиришимизга тўғри келади.

–Бизда уч эшикли яхши “Ауди-АЗ” машинаси бор,– деди Саша гапни чўзмай,– мотори кўндаланг жойлашган. Салони хэтчбек русумида жиҳозланган. Юз от кучига эга бўлган мотори иккита тўрт цлиндирли икки клапанли агрегати билан йиғилган…

–Гапни бас қил, – унинг сўзини бўлди Дима ва йигитнинг ёқасидан тутиб, ўзига тортди, – сен ахмоққа, энг яхшисини кўрсат, дейилди-ку. Яъни, энг яхшиси ва энг қимматини кўрсат. Нега ўтмас молингни тиқиштирасан? Борини кўрсатсанг-чи…

“Бандитлар, шекилли,” – хаёлидан ўтказди Саша. Меҳмонларни салоннинг бошқа бурчига – кумушранг ҳашаматли “Ауди-А8” турган томонига бошлаб борди.

–Энг зўри мана шу, – деди у,– мотори саккиз цлиндрли. Олти цилиндрли ҳаво ҳайдайдиган бор. Кузови ҳам яхши безатилган.

–Қанча туради? –сўради Ринат.

Машина унга манзур тушганди. Умрида бирор марта машина ҳайдамаган бўлса-да, дадиллик билан ўтириб олди.

–Бу русумдагиси бошқаларига қараганда қиммат туради. Гап шундаки, бунга қўшимча…

–Қанча туради? Нархини долларда айт.

–Бир юз йигирма икки минг доллар. Ҳозирги пайтда евронинг нархи кўтарилганини ҳисобга олганда…

–Тушунарли, -унинг гапини кесди Ринат, – ҳозирнинг ўзида нақд тўлайман. Ҳаммасини расмийлаштиришга неча дақиқа кетади?

–Нима дедингиз? – Кутилмаган гапдан Сашани ҳиқичоқ тутиб қолди. Оҳори кетган эгни-бошдаги иккита йигит алимсоқдан қолган “саккизлик” “Жигули”да келиб, энг қиммат русумдаги машинани сотиб олишса, пулини яна нақд тўлашса, ҳайратланмай бўларканми?

– Бор-йўғи ярим соатда тўғрилаймиз, – минғирлади Саша.

–Бўпти, тўғрила, – бош ирғади Ринат. – Пулини қаёққа тўлайлик? Ҳа, айтгандай, менга анави машинани ҳам кўрсат. Сал кичикроқдек кўринаяпти.

–Шундай, – маъқуллади Саша.– Буниси “Ауди А6”. Саксон минг доллар туради. Аммо, кўргазмага қўйганмиз. Агар сал шошмасангиз, арзонроғини ҳам топишимиз мумкин.

Буниси ҳам аввалгисидек кумуш рангда эди.

–Дима, –деди Ринат жўрасига – бу рўдопони ҳайдаб кетаоласанми? – У биринчи машинани кўрсатди.

–Билмадим, – деди Дима, – қўлимдан келмасов. Бунақа машинани ҳеч ҳайдамаганман. Синаб кўришим керак-да.

– Ўзимизнинг ҳайдовчиларимиз бор,– огоҳлантирди Саша, – ҳоҳлаган жойингизга қўйиб келамиз.

–Ундай бўлса, ҳужжатларни тўғрилашга кетдик, – деди Ринат шахд билан,– Дима, сен машинада ўтириб, бошқариш қўлингдан келармикин йўқмикин, қараб кўр. Фақат, менга паспортингни берсанг бўлди.

– Менинг паспортимни нима қиласан? -тушунмади Дима.

–Ишонч қоғозини сенинг номинга расмийлаштирамиз.

–Мени ҳайдовчи қилиб олмоқчимисан? Бошқа нарсага ярамайманми?

–Паспортни чўз, ахмоқ, –деди Ринат беғараз оҳангда, паспорт қўлига теккач, Саша билан биргаликда ҳужжатларни тўғрилагани кетди.

Дима ярим соат давомида салоннинг ходимлар билан ўтириб, машинани бошқаришнинг икир-чикирларини ўрганиб чиқди. Ринат қайтгач, салондан чиқиб, бошини ликкиллатди:

–Бу шунчаки автомобилмас, -деди мамнуният билан,– самолётнинг ўзгинаси. Ерда юрадиган ҳаво кемаси. Чин юракдан қутлайман, ажойиб машинани танладинг.

–Ҳозир буни менинг ҳовлимга қўйиб келишади, – бош ирғади Ринат,– мен бўлсам сени табрикламоқчиман.

–Нима билан?

Бу “саккизвой” меники, анави “олтивой” эса энди сеники.Номингга расмийлаштириб қўйдик. Қўшимча калитини ҳам олишинг мумкин. Уни ҳам ҳовлимга олиб боришади. Ҳоҳлаган пайтингда ҳайдаб кетишинг мумкин. У энди сеники.

–Сен шу машинани мен учун сотиб олдингми?– Дима қулоқларига ишонмасди. Унинг ҳаяжондон овози титраб кетди.

–Олдим, – деди Ринат, – Боя машинангни шалоқ арава, деганим учун узр сўрагим келди. Ўша машинанг билан неча марта жонимга ора киргансан, мен бўлсам сени хафа қилиб ўтирибман. Шунинг учун уловингни янгилаб бергим келди. Энди бошқача аравада юрасан, аммо, буниси энди немисларники.

–Се… сен… сен билсанми, кимсан…

–Сенинг дўстингман. Бўлди, бас қил. Калитни оливол, тентак.

Дима калитни олди. Ринатга термулди, миннатдорчилик маъносида бош ирғади. Унинг кўз қарашида кўп маъно бор эди.

–Раҳмат, – пичирлади Дима, -фақат, машинани ўзим ҳайдаб кетаман.

–Эскингни нима қиласан? Ё унисини уйингга элтиб беришсинми?

–Йўқ. Шу ерга ташлаб кетаман. Сашага совға қиламан. Унга ҳеч ҳам ёқмаётганди. Демак, шу ерда қолаверсин.

–Майли, – рози бўлди Ринат, бунақа нозик тарзда ўч олиш унга ёқиб тушганди.

Дима эски машинанинг техник паспорти ва калитини эсанкираганидан афти чинакамига бужмайиб кетган автомарказ ходимига бергани кетди. Бироздан сўнг тиржайиб қайтди.

–Ҳозир машиналаримизни салондан олиб чиқишади, – маълум қилди у,– кейин мен ўз машинамнинг рулига ўтирман. Ҳозиргина янги давлат рақамларини олиб келишди. Сенинг “эсминец”ингни (ҳарбий денгиз кемасига ишора-тарж.) эса ҳовлингга олиб бориб қўяверишсин. Қаерда яшашингни эшитиб, Саша нақ ақлдан озай деди.

Бемаҳалда келиб, энг зўр машиналарни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган баҳода сотиб олаётган бу йигитларнинг мафиячилар эканига Сашанинг мутлақ ишонди. Чунки, улар савдолашиб ёки худди шу русумдаги, аммо, сал эскироқ машинани олишса, қанча арзонга тушишини суриштириб ҳам ўтиришмади. У ўзининг яқинда бошланган хизмати даврида бунақасини биринчи бор кўриб турарди.

Дима эски “саккизлиги”нинг ичидан қандайдир қоғозларни, буюмхонасидан кичикроқ қутини олиб, “Ауди”сига қўйди. Сўнг ғолибона қиёфада рулга ўтирди-да, сигналини чалиб, Ринатга манзират қилди:

–Қани, ёнимга ўтир.

Улар секинлик билан йўлга тушишар экан, Ринат ортга қараб автомарказ ҳапйдовчилари ўзининг машинасини янги ҳовлисига ҳайдаб кетишаётганини кўрди. Ринат иккита автомобилнинг ўзига жуда қимматга тушганини ўйлади. Аммо, Диманинг бахтиёр чеҳрасини кўриб, сарфлаган пулини эсдан чиқарди. Ахир, дўстини хурсанд қилиш ҳар доим ҳам насиб қилавермайди-ку.

–Мен ўлгудай очқадим. – деди Дима, – Бундан буён бу чиройли ўйинчоқни аяб, оғзимга бир қултум ҳам ичимлик ололмасам керак. Энди буни ўзим юваман, гаплашиб ўтираман, севимли аёлга қўйгандек, чиройли исм ўйлаб топаман. Ёмғир ва қор тагида ивиб қолмаслиги учун устига ёпинчиқ оламан.

–Янги жазман орттирдинг қўйдинг,– илжайди Ринат.– Хўш, қаёққа борамиз?

–Бирорта клубга кирайлик. Ўшанақа жойларни яхши биламан. “Царевич” га ҳоҳишинг қалай? Кўпдан бери бормоқчи бўлиб юрувдик-ку. Шу баҳонада бойваччаларнинг тараллабедод ҳаётига мослашамиз.

“Царевич” Москванинг марказидаги машҳур клублардан бўлиб, у ерга одатда “ишкаллар”, деб аталадиган, пойтахтдаги таниқли ва бадавлат кишиларнинг болаларини тўпланишарди. Клубга кириш пуллик бўлиб, юз долларга яқин турар, шунинг учун унча-мунча одамнинг қурби етмасди. Бундан ташқари, фақат, клуб аъзоларигина иштирок этадиган ёпиқ базмлар пайтида бегоналар киритилмасди. Агар клубга аъзо бўлмаса, одатда журналистларни ҳам қўйишмасди. “Ишкаллар” уларни ёқтиришмас ва ўз давраларида кўришни исташмасди. Бунинг устига журналист аҳлида бунақа қимматбаҳо даргоҳга киришга етадиган пул ҳам бўлмасди. “Царевич”даги оддий базм ҳам уч юздан минг долларгача тушарди. Қимматбаҳо сигаретлар, сара конъяклар, ноёб виноларни татиб кўришни истаган киши эса бир неча минг долларнинг ташлаб кетиши мумкин бўлган бунақа даргоҳга йўлашга оддий журналистнинг чўнтаги ночорлик қиларди.

Ринат хурсандчилик билан розилик билдирди. У қачондир машҳур эстрада гуруҳининг йигитлари қизларини етаклаб ёнларидан ўтишганда, ўзларини ёпиқ базмга қўйишмаганини эслар экан, аламдан чиқиш кези келганини ўйлаб, мамнун жилмайди. Дима эса таниқли рассомлар асарлари намойиш қилинадиган кўргазмаларнинг бадавлат соҳиблари томонидан берилган махсус таклифномалар билан бир неча бор “Царевич”га кириб чиқишга улгурганди.

Бунақа шоҳона машина билан “Царевич”га ташриф буюришгандан сўнг уни ҳеч қанақа хижолатсиз ҳовлисига қўйишса ҳам бўлаверарди. Ринат бир неча даста пулни олиб, чўнтакларига жойлади. Кейин ўзининг эгни-бошига ва Диманинг бесўнақай оғир ботинкаларига қаради.

–Балки, уйга бориб, чиндан ҳам кийиниб келармиз, – бу гал таклиф Ринатнинг ўзидан чиқди.

–Кераги йўқ,– деди Дима –шу туришимизда қизиқроқ бўлади. Анавилар бизларни базми жамшидларига адашиб кириб қолган жулдурвоқилар, деб ўйлай қолишсин. Лекин, сен машина сотиб олишни бас қил, акс ҳолда бугуноқ бор пулимизни тугатиб қўямиз.

–Пулимиз тугамайди, – деди Ринат ишонч билан,– ёнимда чек дафтарим ҳам бор.

–Унда ҳам анча пул борми?

–Айтмайман. Ўзинг Плавникнинг олдида мен билан бирга эдин-ку.

–Сизларнинг гап-сўзларингиз умуман қулоғимга киргани йўқ. Конъяк қўшилган уч пиёла каҳвани ичувдим, негадир мудроқ босди. Шунга қарамасдан, машинани қанақа қилиб қойил мақом ҳайдаётганимни кўрмайсанми?

–Зўр ҳайдаяпсан. Айтгандай, конъякни ичганинг тонг-азонда эди -ку.

–Яна қаҳва билан аралаштирувдим. Тўғри, анча вақт ўтди. Лекин, хавотир олма, клубда маъданли сув ичиб, мўъминтой бўлиб ўтираман.

Ринат унинг қарорини маъқуллаб, бош ирғади. Йигирма беш дақиқадан сўнг улар клубга етиб боришди. Тўхташ жойида уларнинг машинасига ҳайратланиб қарайдиган кимса бўлмади. Чунки, шунга ўхшаш, бундан-да ғаройиб, энг антиқа русумдаги машиналар бу ердан ҳеч қачон аримас, пойгабоп “Феррари”дан тортиб, ҳашаматли ”Роллс-Ройс”гача кўриш мумкин эди. Дима билан Ринат Машинадан тушиб, клуб томон боришаркан, олдиларини иккита қўриқчи тўсди:

–Бугун ёпиқ базм бўлаяпти,– деди калта сочли, узун бўйли, малла соқолли қўриқчи, – Аъзолик чипталаринг борми?

–Йўқ,– деди Дима жилмайиб, – лекин, билишимча, кўпинча чипта ўрнига бошқа қоғоз ҳам ўтиб туради, шекилли. Яъни, кўкиш ранглиси.

–Йўқ, ўтмайди,-деди қўриқчи совуқ оҳангда. – Айтдим-ку, бу ёпиқ базм, деб. Ишларингни қилинглар, йигитлар.

–Юз доллар берсак-чи?– қизиқсинди Ринат, – ўшанда ҳам қўймайсизларми?

Қўриқчи ночор кийинган бу ҳовлиқмаларга очиқдан-очиқ нафрат билан тикилиб турар, уларнинг миниб келган машинасига кўзи тушмаганди. Ҳозирги кўринишлари эса бир мирилик ҳурматга ҳам арзимасди. Бунинг устига юз доллар, дегани бундай масканлар учун кулгили бўлиб, эшик оғаларига бериладиган чой-чақага тенг эди. Шу боис у бериладиган садақани менсинмасдан йигитлардан қутилишга уринди.

–Кетинглар бу ердан, – буюрди у. – Борадиганг манзилларингдан адашипсизлар.

Ренат бу масканда нарх-наво бошқача эканини дарров фаҳмлади. Боя Петровскийдаги савдо растасидаги матоҳларнинг баҳосини, марҳум қариндошининг хонадонидаги дабдадабани кўргани туфайли, “ишкал”лар ҳаёт тарзининг кўламини дарров англади.

–Минг доллар,– деди у жойидан қимирламай.

Айни дамда қўриқчиларнинг юзи ҳайратдан ўзгариб кетганини кўриб турарди. Уларнинг бир-бирига қараб олгани кўнглида хуш ёққанидан яйраб кетганини ҳис этди. Қўриқчилар чеҳрасида ҳайрат билан манманлик, сурбетлик билан хушомадгўйлик қоришмаси мужассам эди. Энди бунга ҳам кўникишга тўғри келади. Унга ҳалитданоқ таклиф қилаётган пулининг миқдорини эшитган кимсаларнинг қай тарзда ўзгаришини кўриш лаззат бағишлай бошлаганди. Шунинг учун аниқ-таниқ қилиб қўшимча қилди:

–Ҳар бирингизга минг доллардан бераман.

Қўриқчилар яна бир бор бир бирларига қараб олишди. Тўғри, бу даргоҳга машҳур шахслар, айниқса, уларнинг актрисаларни, мода юлдузларини, жазманларини, ҳатто оддий фоҳишаларни бошлаб келадиган фаозандлари кўплаб келиб туришарди. Лекин, икки минг доллар-а! Ҳалигача ичкарига кириш учун бунақа пул тўлайдиган валломат учрамаганди. Шунақа кимса бўлиши мумкинлигин, ҳатто, хаёлларига ҳам келтиришмаганди.

На страницу:
4 из 5