
Полная версия
Катта хонадон 1
– Йўқ, отажон, ҳеч ким лойқа эмас, фақат лойқаликлар бор. Шуни тозалаш зарур, демоқчиман.
– Бу сани ишинг эмас, қизим, – дея ота дарҳол юмшади. – Буни ўзимга қўйинглар.
– Ҳалиям ўзизга қўйганмиз, ота. Фақат Ҳилолани ёлғизлатмайлик, дейман, отажон. Ахир уям эрка қизиз эди-ку… – Роҳила рўмолчасини олиб, кўзларини артди. – Қаерга кетдийкин, а? Айтгандай, ота, сизга ёғлиқ ҳалво билан ширмой кулча келтирувдим. Чой дамлаб берайми?
– Йўқ, ҳали Карамгул дамлаган чой соб бўлмади.
– Хай, майли, мен Ҳилолани суриштирай-чи, – деб Роҳила ташқарига чиқди. Ҳовлининг у ёқ-бу ёғига қаради. Бирор кимса кўринмайди. У Карамгулнинг хонасига мўралади. Ҳеч шарпа, ҳеч зоғ йўқ. Карамгул қайнатасига ёқиш учун кечадан буён далага эрта отланиб, кечроқ қайтади – ўт-хашак жамғаради. Буни Роҳила тушунади, аммо бирор нима дейишга ботинолмайди. Шуни ўйлаб, қўл силтадию синглисининг қароргоҳи сари юрди. Деразалар берк. Даҳлизга кирди. Одатда Ҳилола олисроққа кетса, хона эшигига қулф осади. Кейинги чоғларда шунақа қилиқ чиқаргани опаларига маълум. Чунки, икки-уч марта хонани очиқ қолдирганида баъзи нарсалари йўқолгани, суриштириб, тополмагани, китобларию айрим буюмлари титкилангани уни шундай йўл тутишга мажбур этган. Ҳозир эса қулф йўқ, эшик зич… Роҳила елка қисиб, тутқичдан аста тортди. Эшик очилмади. Қаттиқроқ тортди, қимир этмади. Қизиқ, ичкаридан қулфлангандай кўринади. Наҳотки Ҳилола шундай қилган?! Кечадан буён уни ҳеч ким кўрмаган. Туни билан ёлғиз қолдимикан? Қоронғуда-я?
Бу ўй унинг ваҳмини ошири, эшикни устма-уст, қаттиқроқ қоқди:
– Ҳилола, уйдамисан? Ҳилола, овоз бер, мен келдим, укажон…
Жавоб йўқ. Роҳила қўрқиб кетиб, ташқарига чиқдию пардалари туширилган дераза ойналарини бармоқлари билан шиддатли урди:
– Ҳилола, овоз чиқар, укажон, қўрқиб кетопман!
– Ҳо-ҳозир, – деган бўғиқ, томоғига бир нима тиқилганнамо овозни у аранг эшитиб, яна даҳлизга югурди, сабрсизлик билан эшик тутқичини зарбли тортди. Шиддатли очилган эшик қирраси пешонасига урилиб, қаттиқ оғриқ туйди. Шунга қарамай, икки қўллаб кўзларини уқалаётган, ярим букик синглисига ташланиб, қучоқлади-да:
– Сенга нима бўлди, сингилжон? – деди титроқли овозда. – Уйда нима қилопсан ёлғиз ўзинг?
– Кечирасиз, қаттиқ ухлаб қолипман.
– А? Кечадан буёнми? – Роҳила унга ишонқирамай дарҳол иккала дераза пардаларини очиб юбордию Ҳи-лолага қараб, қичқираёзди: – Вой, менгина ўлай, сенга нима бўлди? Юзларингга нима қилди?
Дарҳақиқат, қизнинг юзларида шилинган, шишган ўринлар кўзга яққол ташланар, лабларига учуқлар тошган, кўзлари яллиғланган эди. Ҳилола жавоб тополмагандай ерга қаради, мадори етишмади, чоғи, аста бориб, тўшагига ҳолсиз ўтирди.
– Йиқилиб тушдим, опа, – деди у ниҳоят кулишга уриниб. Лаблари жилмайишни кўрсатса-да, кўзларида мунг, алам сезиларди.
– Йўқ, йиқилмагансан, ростини айт, келин билан юмдалашдингми?
– Ишонинг, йиқилганим рост. Унга юмдалатиб қўярмидим, опа, биласиз-ку, – Ҳилола яна жилмайишга уринди. Бироқ лаблари қийшайиб кетди, кўзларида қандайдир қўрқинч, изтироб акс этгандай бўлди. Шу топда у тунда кечган воқеаларни ўйлаб, кўзлари олайган, ички бир титроқ бутун вужуди бўйлаб кўтарилиб келаётган эди. Ва охирги қарорини, қатъиятини эслаб, ногоҳ кўзлари чақнади. – Ҳа, йиқилдим, қоронғуда чалишиб йиқилдим…
Шу лаҳзада Ҳилола тунги воқеаларни эсламасликка, ҳаммаси туш бўлиб чиқишига, ҳозирги ҳолати ҳам уйқуда кечаётган бўлишига ўзини инонтиришга уринарди. Бироқ, афсуски, булар туш эмас: баданидаги жароҳатлар, бутун вужудини куйдираётган иситма буни аниқ ошкор этарди. Ушбу воқеани опасига у қайси тил билан, қайси юз билан гапиради. Ахир бу ғирт телбалигу шармандалик-ку! Карамгулга таслим бўлиш, отасини икки қўллаб унга топшириш эмасми? Нимага бундай қилди, нимага ўзини қўлга ололмади? Шунчалар ожизлашиб кетдими?
– Қоронғуда? Ахир қоронғуликка ёлғиз чиқмасдинг-ку? Ўзи нима бўлди, ростини айт.
– Сўраманг, опажон, илтимос, ҳеч нима сўраманг… – Ҳилола тескари қаради.
– Биламан, бу анави жувонмаргни иши, – деганча Роҳила шошиб ўрнидан турди. – Уни ўлдираман, сочларини юлиб ташлайман, сени бунақа эзишига йўл қўймийман.
– Йў-йўқ, опажон, ундай қилманг, – Ҳилола опасининг оёқларига ёпишди. – Ҳаммасига ўзим айбдорман. Ўзимдан ўтди. Отамни хафа қилиб қўйманг.
– Эҳ, отам, отам… – Роҳила йиғлаб юборди. – Ҳаммасига отам сабаб. Отам ўлмади, биза қутулмадик. Ўзи ўлмай бизани ўлдиропти ўшани деб. Энди бунга чидаб бўлмайди, – у кўрпачага беҳол чўкди.
– Йўқ, отамни айбламанг…
“Айб”лар ҳамиша ҳам тан олинавермаслигини, фақат жуда нозик дамларда энг яқин кишигагина ошкор этилишини Роҳила яхши билади. Ҳозир бу эътироф унинг шаштини синдирди. Аммо жароҳатлар, ундан бўртган иситма опани жуда қизиқтирарди. Бу сирни эса Ҳилола мутлақо очгиси йўқ. Бироқ “сир”ни билишдан ҳам муҳимроғи, синглисига тезроқ ёрдам бериш – муолажа қилиш. Ҳамширалиги боис кўп нарсага ақли етса-да, барибир тажрибали шифокор кўриги зарурлигини ҳис этиб:
– Мен чиқиб, тилпонда Носир дўхтирни чақирай, – дея у ошиғич қўзғалди.
– Йўқ, опажон, дўхтир керакмас, – Ҳилола унинг билагига ёпишди. – Касал эмасман, ўзим соғаявераман.
– Бекорларни бештасини айтибсан, қара, – опаси кафтини унинг пешонасига босди, – иситмада қоврилаёпсан. Носир ака кўрмаса бўлмайди.
– Йў-йўқ, опажон, бу ҳолимда у кишига кўринишни сира хоҳламийман.
– Эсинг жойидами ўзи? Бундай ётиш мумкин эмас.
– Дардим ўзимга аён: ютинишга қийналаёпман, томоғимда ишкал бор. Туз, сода, йод, иссиқ сув аралашмаси билан томоғимни чайсам, ҳаммаси ўтиб кетади.
– Тўғри, лекин шамоллаш ўпкага ўтиб кетса, ёмон бўлади-да.
Бундай ҳолатларни Ҳилола аввал бошидан кўп кечирган. Кейин шифохонада ётиб, бир неча кунлаб даволанган. Наҳотки яна дори-дармонлар, уколлар…
– Йўқ, унгача бормайди, – деди у титраганча. Чунки, дорилар жуда қиммат, Ҳилоланинг пули йўқ, акаларию опалари унинг учун харажатларга ботишларини мутлақо истамайди. Афти шилинган, оёқ-қўлларининг айрим ерлари кўкарган ҳолда шифокорга кўриниш эса ўлим билан баравардай: уят – ўлимдан ҳам кўнгилсизроқдай…
Шундай мулоҳазалар боис уч кунгача шифокорга мурожаат қилинмади. Роҳиланинг қистови бўйича туман марказидаги маҳалла врачига учрашилди. Оила аъзоларининг яқин одами, беминнат, фидойи Носирга жароҳатлар қуршовидаги Ҳилола ўзини кўрсатишни мутлақо истамади. Нотаниш шифокор ҳам қизни зудлик билан беморхонага ётқизиш зарурлигини, йўқса, шамоллаш зотилжамга айланиши муқаррарлигини жиддий таъкидлади. Ҳилола энди кўнишга мажбур эди. Шунда ҳам:
– Опажон, мен учун харажатда қолишларизни хоҳламийман, – деди.
– Харажат тортсам, арзимийсанми? Ундай дема, хафа бўламан, харажат сендан ўргилсин, – Роҳила синглисини ўпди ва яна қўшиб қўйди: – Ҳеч қанақа харажатга ҳожат йўқ – дўхтир язнангни жўраси, ҳамширалар ўзимни танишларим.
– Ундай бўлса, майли, – дея Ҳилола опасига эргашди. Шу куниёқ муолажалар – дори ичишу осма уколлар бошлаб юборилди. Бу қадар яхши муолажалару муомалалар текинга эмаслигини Ҳилола билмас, танишлар орқали давлат ҳисобидан бўлаётган бир марҳамат тариқасида қабул этган, опасию поччасига миннатдор боққан эди. Ҳилола ўша куни кечда, овқат олиб келган опасига яна илтимос қилди:
– Опажон, бундай ҳар куни келманг, биласиз-ку, овқатга унчалик қизиқмийман.
– Йўқ, энди бу илтимосингни инобатга олмийман. Тузук-тузук овқат емасанг, соғаймийсан, бу ерда кўп ётиб қоласан.
– Оббо, сираям ётгим келмаяпти-да. Уйдагилар эшитиб қолсалар… Айтганча, ўзиз гуллаб қўймадизми?
– Хай, билсалар билаверсинлар. Сени шу аҳволга солганларини билиб қўйсалар, ёмон бўлмасди.
– Қўйинг-э, – йиғламсиради Ҳилола. – Йўқ, билмасинлар! Акамлар, опамлар, янгаларим, отам – отажоним…
– Отамни гапирма, – қўл силтади опа. – Қилғилиқни қилиб қўйиб…
– Ундай деманг, отамни айблаёлмийман, – Ҳилола толиқиб, бошини ёстиққа қўйди. – Ётганимни билса, анави… қувонади.
– Бўпти, ҳеч кимга айтмаймиз.
– Катта акамгаям, а?
Роҳила ўйланиб қолди. Сўнг кўзларини бир юмиб, очди. Ҳилола кафтини опасининг билаги устига қўйиб, уйқуда гапирган каби шивирлади:
– Ўзимни опажоним… Сизни яхши кўраман… Худди онамга ўхшайсиз…
– Биза ҳаммамиз сени яхши кўрамиз, – Роҳила энгашиб, синглисининг юзидан ўпди, бир томчи ёш беморнинг иягига томди. Ҳилола беихтиёр кўзларини очди.
– Мен шунга, сизларни меҳрларизга арзимийман, опажон.
– Ундай дема, – Роҳила бармоқларини унинг оғзига босди. – Сенсиз бу дунё кўзимга зимистон.
– Раҳмат… Опа, энди мен ўлмийман… Ўлишга ҳаққим йўғакан…
– Нимага ўларкансан? – Роҳиланинг овози титради. – Ўлим ҳақида гапирма. Ҳали ўн гулингдан биттасиям очилмаган, ҳилолсан, Ҳилол!
– Мен сўлиб, сўниб бўлдим, опажон.
– Ҳали айтувдиз дерсан, ҳа демай, бахтинг очилади, давру даврон сурасан.
Ҳилола индамади. Бошини тескари буриб, кўзларини юмди. Роҳила аллалаган каби унинг елкасига кафтларини бир неча бор қоқдию аста ўрнидан қўзғалди.
7. БАХТ ИСИ
Дам олиш куни Нуриддин ҳеч ёққа чиқмай, асосан китобга шўнғиди. Фақат китобгина унинг маънавий чанқоғини босар, ташвишларни, ғам-ғуссаларни вақтинча унуттирар, зерикишлардан сақлар эди. Лекин барибир ўзидан қаноат ҳосил қилолмас, анча вақтдан буён қишлоққа боролмаётганидан ўкинарди. Ҳозир ҳам саҳифага кўз тикиб ўтирар экан, нима ўқиётганини ўзи ҳам сезмас, хаёлида гоҳ отаси, гоҳ яқинда шифохонадан чиққан Ҳилола таънаомуз унга бош тебратаётгандай кўринаверардилар. У ўрнидан туриб, хоналар ҳамда айвон оралиғида юриб, хаёлан уйдаги пулларни ҳисоб-китоб қилишга киришдию айвонда, қўлбола ёғоч каравотда нимадир тикиб ўтирган Озода рўпарасида тўхтади. Эрининг нимадир демоқчи эканини пайқаб, аёли бош кўтарди. Худди шу чоғ даҳлиздаги телефон давомли жиринглади. Нуриддин лўкиллаб чопганча бориб, хавотирланган кўйи гўшакни кўтарди.
– Алў, ким бу? – ярим хириллаган, эсанкираганнамо отасининг овози.
– Отажон, сизмисиз? Саломалайкум, яхшимисиз?
– Яхши, ҳаммамиз яхши…– дедию Одил бобо дарҳол муддаога ўтди. – Ҳилолага савчилар келопти. Нима дейсан?
– Кимдан? – Нуриддин нечундир ҳаяжонланди, овози титради. Дарҳол кўз ўнгидан синглисининг оғир аҳволи, ҳар куни Карамгул туфайли отаси билан тўқнашувлари, ниҳоят, бу азобдан қутилишга имкон туғилаётгани бир-бир ўтди. – Та- танийсизми?
– Йўқ. Райсинтирдан экан. Яхши одамлар деёптила.
– Шаҳардан денг? Ҳозирги шароитда – бу маъқул, – Нуриддиннинг кўнгли ёришгандай бўлди, бироқ дарҳол офтоб устини булутлар қоплади. – Қанақа оила экан? Ҳилолани қаёқдан билишаркан?
– Ўша бачани ота-онаси келди. Бир келини баннисада ишларкан, Ҳилолани ёқтириб қолибди. Бамаъни одамлардай кўринопти… Шунга нима дейсан, ўғлим?
– Мен нима дердим, ота, – деди ўйланиброқ Нуриддин. – Бахти очилгани яхши. Аммо ўша боланиям, оиласиниям суриштириш керак. Ҳилоланинг ўзи нима деяпти?
– Роҳилани гапига қараганда, розиймиш.
– Унда яхши, – деди Нуриддин қувониб. – Лекин барибир тузукроқ суриштириш зарур
– Роҳилаям, Заҳриям расо суриштирган. Отаси обрўли одам экан.
– Бу ҳам муҳим, албатта… – Нуриддин каловланди. – Ўзи боргим келиб турувди…
– Қани келсайдинг, ўзинг суриштирайдинг… – алоқа узилди, қайта уланмади. Ўғил нима қиларини билмай бирпас кутиб турди-да, Озоданинг ёнига борди:
– Эшитдингми?
– Тўй бўларканми, дадаси? – деди у қувончини яширолмай. – Бечора Ҳилолага, ойим ўлганларидан бери кун йўқ.
– Ҳа, ўзим ҳам бир бориб келсамми, деб турувдим. Энди иккиланиб қолдим.
– Нимага? Бориб, ўзиз суриштирсайиз, ёмон бўлмасиди.
– Роса суриштираётган эканлар. Борсам, барибир, тез қайтишга тўғри келади. Йўл киралар қиммат… Тўй тезлашса…
– Ҳмм… – Озода ҳам ўйланиб қолди. – Ўша ортиқча харажатни Ҳилоланинг ўзига қилсак…
– Ҳа-да, тузукроқ бирор нима олармиз. Озроқ қарздор бўлсак ҳам майлийди.
– Ишқилиб, бахтини топсин-да.
– Ҳилола шаҳарни ёқтиради. Бу жиҳатдан хотиржам бўлиш мумкин. Фақат ўша йигит қанақайкин, деган фикр бошимда кўндаланг…
* * *Кечга яқин дарвоза ёнида кичик автобус тўхтадию ундан Роҳила билан эри тушиб, ҳовлига киришди. Каравотда гурунглашиб ўтирган оила аъзолари – Одил бободан бошқа ҳаммалари ўринларидан туриб, уларга пешвоз чиқишди. Ҳилола чой дамлаб келди.
– Эртага қудалар келмоқчи, – деб Рауф куёв сўз бошлаши билан Ҳилола ошхона томон ошиқди. Роҳила унинг ҳам ўтиришини истаган эди, синглиси қулоқ солмади. – Оқлиғ берасизларми?
– Берамиз, – деди Одил бобо қатъий овозда. – Келаверсинла.
– Ҳилола йигитминан бир учрашиб, гаплашса, ёмон бўлмасиди, – деди куёв. – Билишимча, ҳали уни кўрмаган экан.
– Учрашишни хоҳламаёпти-да, – деди дарҳол Заҳриддин. – Бизларга ишоняпти. Бола Ҳилолани узоқдан кўрган.
– Хай, сиз кўрдизми, ака? – Рауф қайнакасидан сўради: – Сизга маъқулми?
– Менимча, бинойидай йигит: оёқ кийимларни таъмирларкан, кичик дўкончасиям бор. Ўзи тиккан туфлиларниям кўрсатди.
– Э-ҳе, яхши касби боракан, – Одил бобо беихтиёр бош силкиб, мамнунлигини намойиш этди. – Касби бор одам хор бўмайди. Отасиям бамаънидай кўринди.
– Ҳозир рўзғор тебратиш осон эмас, – отасининг гапини илиб, давом эттирди Заҳриддин. – Шаҳарда яшаса, Ҳилола тикувчиликка ўтишиям осонлашади. Аёлга бундан ортиқ нима керак ўзи?
Роҳила секин ўрнидан туриб, ошхонада шўрвага андармон бўлаётган Ҳилола ёнига борди. Синглиси жуда маъюс кўринарди.
– Хафамисан?
– Йўқ, нимага? Келиниздан қутиламану хафа бўламанми, опа? – деб, у кулимсираган бўлди.
– Оқлик олишдан аввал бир учрашиб, гаплашсанг бўларди.
– Қўйинг, шу гапни айтманг, – Ҳилола опасининг сўзини чўрт кесди. – Аввал айтувдим, яна айтаман: сизларга ёққан бўлса, бас, мен розиман.
– Мени дидим билан сеники бир хил эмас-ку, Ҳилол.
– Шарт эмас… – Ҳилола тандир биқинида қатор турган косаларни олди. – Шўрвани сузаман.
– Катта акам яхшилаб суриштиринглар, Ҳилола ўзиям синаб кўрсин, девдилар. Сени қилиғинг одамни хавотирга солади.
– Хавотирланманг, опа, ихтиёрни сизларга ташлаганман.
– Шундай бўлсаям, у билан яшайдиган – сен.
– Барибир ихтиёр ўзимда эмаслигини кўрдиз-ку, опа, – деди у қандайдир ўкинчли овозда. – Энди кўрдим нимаю кўрмадим нима.
– Ҳаа, шу учун кўрмай ҳам, кўймай ҳам дебсан-да. Йўқ, мен буни хоҳламийман, укажон, кейин пушаймонингни кўрмайин. Эртага уни бизани уйга чақирайлик, биир гаплашиб ол, пеълихўйини ўрган…
– Э, қўйинг, бошимни қотирманг. Ўзиз мақтадиз, гапиздан бахт иси келди. Энди бунақа деманг-да.
– Шундайку-я… – Роҳила ғудраниб, жимиб қолди, сўнг яна бош кўтариб, қўшиб қўйди: – Ўзинг танлаганинг яхшимиди…
– Мен энди танлаш чегарасидан ошиб ўтдим, опа.
– Нимаям дердим, сингилжоним, – Роҳила уни қучоқлаганча юзларидан ўпди. – Бахтли бўлсанг, бас, менга шундан бошқа ҳеч нима керак эмас.
8. ОЛОВГА ҚОР ЁҒСА…
“Бош штаб” номини олган ҳовли гавжум – ҳамма яқинлар жамулжам. Катта ака билан аёлию болалари ҳам кеча кечқурун пойтахтдан етиб келишган. Вазиятга кўра улар бир неча кун олдин эмас, бир кунгина аввал ташриф буюришган. Шунда бош ака ёмон хатога йўл қўйганини англаб, кейинчалик жуда афсусланиб юрди… Афтидан, Ҳилола хафа эмасга ўхшарди. Рост, нега хафа бўлсин? Маълум бўлишича, баобрў, ўзига тўқ хонадонга келин бўлиб тушаяпти. Шундай экан, у ҳам бунга муносиб, яхши келинчак эканлигини намойиш этиши табиий ҳол. Бироқ у катта дабдабаю асъаса қилинишини, кўплаб машиналарда қишлоқ ҳамда шаҳар бўйлаб айланишни негадир хуш кўрмади. Шунга қарамай, даврнинг обрўси ҳисобланган, бойваччалар ўзларини намойиш этадиган учта оппоқ “ГАЗ – 31” енгил машиналари чўғдай безатилган ҳолатда дарвоза рўпарасида тўхтатилди, карнай-сурнай садолари бутун қишлоққа таралиб, ҳамманинг диққатини тортди. Ҳилоланинг кўзларида намлик кўринди. У йиғлашни, ёш тўкишни хоҳламас эди. Аммо бу ҳол ўзига боғлиқ эмас экан-да: ўзини тутишга ҳар қанча уринмасин, бир неча томчилар пастга думалади. Буни бирор кимса кўришини истамаган келинчак дарҳол мижжаларини, томчи йўлларини артиб олди.
Ўйин-кулги бирпас давом этди. Кейин куёвни икки аёл етакчилигида келин сари бошлашди. Озода билан Ҳусния эса келинни қўлтиқлашганча ҳовлига олиб чиқишди – куёвга пешвоз қилишди. Худди шу аснода Ҳилоланинг вужудида зилзила рўй берди: ўзига томон чўзилган қўлга у ҳам қўл узатаркан, кўзлар тўқнашаркан, ногоҳ билаги пастга осилиб тушди, ўзи карахтланган каби сўзсиз қотди. Икки-уч сония тушиниксиз ҳолат юзага келди. Ҳеч нимага тушунолмаган, олға босган қадами ярмида тўхтаган Озода қайнсинглисига қарадию унинг юзлари бўздай оқарганини кўргач, дарҳол куёвга назар солди. Юраги “шув” этди: нима бало, кеча у роса ичганми ёки яқиндагина қамоқдан чиққанми, оқишранг юзининг таги кўкимтирроқ – заҳил, қарашлари худди чарчаганликни эслатувчи қисилганнамо. Наҳотки ичкиликка мук кетган кимса бу! Наҳотки Ҳилоланинг шўрига шўрва тўкилади?
Озода нима қиларини, нима деярини билолмай бирпас жим қотди, юраги ғашланди: буёғи нима бўларкин? Наҳотки у билан аввал кўришмаган? Ҳусния-чи? У ҳам кўрмаганми? Озода шоша-пиша иккинчи қайнсинглисига кўз югуртирди. Ажабо, у ҳам йигитга қараганча анқайиб қолган, гўёки ҳушини йўқотган.
Бироқ мавҳум ҳолат ғоят қисқа давом этди. Ҳилола ҳаммадан аввал ўзини тутиб, томошага қолишдан қутулмоқчи бўлган каби тикландию қўлини куёвга тутқизмасдан унга эргашди – довдираганнамо қадам ташлади. Озода эса қандайдир ёмон вазият хавфини йўқотиш илинжида ўзини тўйбоп, қувноқ тутишга уриниб, қайнсинглисига далдабоп гаплар айтиб, ёнма-ён юрди. Ҳусниянинг ўрнини ёш аёллардан бири – меҳмон қайнопа эгаллаган, бўлажак келинини қучоқлаб олган эди.
Вазият ниҳоятда қалтис, оралиққа гўё портловчи модда қўйилгану ҳализамон у гумбурлаб, жиддий ҳалокат келтирадигандай. Ҳилоланинг юрагида пўртана: бир томондан, бутун вужудига ўт туташган – оловсиз, тутунсиз жисми жаҳони бурқсиб ёнар; иккинчи тараф-дан, кучли қуюн шаклида унинг устига қор ёғар, ёнғин кўтарилиш олдини олишга уринарди. Шу топда қиз-нинг нигоҳини кузатган бирор сезгир кимса унинг қал-бида кечаётган мислсиз жараённи ўзича илғаб олган бўларди. Биринчи кўришдаёқ Ҳилола бўлажак турмуш ўртоғини ёқтирмаган, аввал учрашмай, жуда янглишга-нини англаган эди.
“Ё Худойим, гуноҳим шунчалар ошиб-тошганмидики, шунча қийналишлардан кейин мени бир арақхўрга йўлиқтирсанг! Наҳотки шу турқи совуқ билан бир умр бирга яшашни тақдиримга битиб қўйгансан?!”
Қизиқ, айни шу лаҳзада унинг хаёлида тўйи қайтарилган Дониёрнинг ўзига хос сиймоси гавдаланди: баланд бўй, қизлардай ҳаёли боқувчи қўй кўзлари кулиб турадиган, буғдойранг чеҳра, беозор – камтар йигит. Бироқ у бола қиз қалбини буткул банд этолмаган. Ҳи-лола эркак кишида шиддат ёғилиб туришини, аёлидан анча устун, билимли, виқорли, қатъиятли, айни пайтда яширин меҳрибонлик хислатлари жамланган йигит бўлишини жуда орзу қилган эди. Дониёрда шунга яқин фазилатлар кўрингандай бўлувди. Лекин у қандайдир бўшангдай, паришондай туюлди. На қайноқ, на муздай сувга ўхшади. Илимилиқлик эса қизнинг табиатига ҳеч қачон ўтиришмаган. Эҳтимол, шу боисдандир, у билан фотиҳаси бузилишига унчалик изтироб чекмади. Аммо, барибир, у ҳақда тез-тез ўйлар, хаёлан уни ўзига суҳбатдош қилар, баҳслашар, баъзан унга таъна кесаклари ҳам отар эди. Ўзини бепарво тутиб, бахти учун жиддий ҳаракат қилмагани учун, мана, мислсиз жазога йўлиққанини, улкан хатога йўл қўйганини ногоҳ ҳис этди. Бироқ бу эътироф жуда кеч ва ўринсизлигини ҳам ичдан тан олдию ўзини тутди.
“– Энди орқага қайтолмийсан, – деди унга қандайдир ички овоз. – Агар бу билан ҳозир бирга бориб, никоҳдан ўтмасанг, тутуруқсизга, ҳатто жиннига чиқаришлари ҳеч гап эмас…”.
“– Йўқ, бу йўл хатарли. Оловга отилдинг, кўйишинг аниқ: ё ўлиш – ўтда қоврилиш; ё ўтни ўчириш – уни яхшилик томон оғдириш – бошқа йўл йўқ…”.
Айни шу топда хаёлига ажойиб фикр келди: “Йўқ, шармандали йўлдан бормийман. Отамни, барча яқинларимни юзларини ерга қаратмийман. Тўғри, ҳозир хато қилдим, лекин буни тузатса бўлади. Муомала деган ажойиб, ҳатто, қудратли куч ҳам бор. У ҳар қандай қалтис вазиятни ўзгартириб юборган ҳолатлар китобларда кўп ёзилган. “Яхши гап, муомала – илонни инидан чиқаради”, деб бежиз айтмаганлар. Одамлар йўлбарсни қўлга ўргатадилар-ку, ҳар қалай, манавининг одам деган унвони бор. Хунуклиги… ҳозир хунук, кейин чиройли бўлар. Балки, адашгандирман, олижаноб бўлиб чиқса-чи?..”
У ярим жилмайганнамо олға юрди, гуллар билан безатилган “ГАЗ – 31”га ҳам индамай ўтирди. Қишлоқ Оқсоқоллар кенгашида, котиб билан савол-жавобу дафтарга имзо чекишлар ҳам хамирдан қил суғургандай енгил ўтди. Ҳатто уни табриклаганларида бош эгиб, секингина: “Раҳмат”, деб қўйди.
Машинага қайта ўтиришаётганда куёв очиқ чеҳра билан таклиф этди:
– Мен шаҳардаги “Ором” ресторанига ўн-ўн икки кишилик жой айтиб қўювдим. Ҳозир ўшанга борамиз.
Ҳилоланинг ёнида ўтирган Ҳабиба опаси кулимсиради. У ҳали куёв йигитга диққат қилиб қарамаган эди, қизиқчиликками, ўсмоқчилабми, сўради:
– Боймисиз?
– Бой эмасмизу бунақа зиёфатчаларга кучимиз етади, – деди йигит бошини адл кўтариб. Ҳилола ҳам унга эътибор қаратди. Қизиқ, энди у қизаринқираган, кишида ёмон таассурот қолдирмас эди. У ҳайдовчига юзланиб: – Шаҳарга ҳайданг, ака, – деди қатъий овозда.
Ҳилола буни кутмаган, тўғрироғи, хоҳламас эди, дафъатан, бир қарорга келиши сал чўзилди. Аммо шу вақт ичида у ҳалиги режасини синовдан ўтказишга, ўзини бир синаб кўришга уринди: машинани энди жилдирган ҳайдовчига ногоҳ:
– Йў-йўқ, шаҳарга эмас, ҳовлига, – деди шошилинқираб ва опасининг сонига секин уриб қўйди. Ҳайдовчи куёвга қаради.
– Ҳа-я, ҳозир зиёфатга вақт йўқ, куёв, – деди Ҳабиба ҳам синглисини маъқуллаб. – Ҳамма кучни тўйга, катта зиёфатга ташлайверинг.
– Тўй – ҳамманики, – эътироз билдирди куёв. – “Ором”да сизлар учун алоҳида – ором зиёфати бор. Бизани кутишопти, Ҳилолахон.
– Кечирасиз, – Ҳилола ҳозиргина расман эр либосини кийган кимсага эзгин қаради. – Ишларим қалашиб ётибди. Тошкандан баъзи дугоналарим келади…
– Нимаям дердик, майли, меҳмонларизни кутиб олинг, – деди куёв бола бўшашиб. Сўнг Ҳабибага юзланди: – Кўнглиз хотиржам бўлсин, опа, кўрасиз, тўй – тўйдай ўтади, хоҳлаганизча меҳмон олиб келаверинглар.
* * *Аммо ҳовлига қайтиб келишганидан, куёв бола кетганидан кейин вазият яна ўзгарди. Ҳилола хонага кирган заҳотиёқ келинлик либосларини жаҳл ила ҳар ёнга итқитганча йиғига тушди. Опаларию янгалари дарҳол уни қуршаб олишди: баъзи бирлари қўрқиб кетган; айримлари нима гаплигини тушунолмай ағрайиб қолишган эди.
– Ҳа, сенга нима бўлди? – ўзини йўқотмаган Ҳабиба синглисининг елкасидан тутиб, уни ўзига қаратди. – Бирор нима чақиб олдими?
– Ҳа, сезмадизми, чақиб олди, – кўзёшларини тиёлмай, жеркинди у.
– А? Мен пайқамабман, қаерингни чақди? – Ҳабиба шоша-пиша унинг у ер-бу ерини “текширган” бўлди.
– Қўйинг-э, – Ҳилола опасининг қўлидан юлқиниб чиқди. – Тўй бўлмайди, тамом!
– Нималар деёпсан? – энди Ҳабиба жаҳл жиловини бўшатиб, уни турткилади. – Эсинг жойидами, ўзи? Нимага тўсатдан ўзгариб қолдинг? Ичингга жин-пин кириб қолмадими?
– Тўхтанг, опа, – кўзлари ёшга тўлган Ҳусния Ҳабибанинг қўлидан тутиб, ўзига қаратди. – Ҳеч нимани пайқамадингизми?
– Йўқ, нимани пайқашим керак, тушунмадим? – ҳайратангиз анқайди опа.
– Сиздай тажрибали муаллима ҳеч нимани сезмаганига ҳайронман, – йиғламсиради Ҳусния. – Куёвнинг афтига ҳеч зеҳн солмадингизми, опа?
– Йўқ, зеҳн солмадим. Оппоққинайкан… – бўшашиб, гуноҳкорнамо, энди анча суст гапирди Ҳабиба. – Лекин юзида тиртиқ-пиртиқ кўрмадим. Нима айби бор экан?
– Пиёнисталиги шундай кўриниб турибди-ку, опа!
– Э, бундай демайсанми? Жуда қўрқитиб юбординг мени, – энди Ҳабиба ўнгланиб, кулди. – Ўйланяпти. Ўғил бола… Ўртоғлари билан ичган бўлса, ичгандир-да. Шунга шунча ваҳимами? Ичмайдиган эркак борми ўзи бу замонда, а? – у Ҳилолага пўписа қилди.
– Ичмайдиганлар кўп, опа, – синглиси учун ҳам Ҳусния жавоб қайтарди. – Лекин ичишдаям ичиш бор-да. Уни афтига қаранг, худди турмадаги кишига ўхшаб, рангида ранг қолмаган. Бир кун ичганни аҳволи бунақа бўлмайди.
– Э, ҳамма ваҳима ўзингдан чиққанакан-да, ўргилай сендан! – у яна Ҳилолага ўгирилди. – Йиғингни қўй, очилиб-сочилиб, тўйингни ўтказайлик, сингилжон!
– Тўй тўхтатилсин, – деди Ҳилола қатъий оҳангда. – Мен уйдан қочиб кетаман.
– Жинни бўлибсан! Пўсти-гўштингга жин кириб олибди! – шу томон секин юриб келаётган укасини кўриб, Ҳабиба унга мурожаат қилди. – Фазлижон, амаким меҳмонхонада ўтирибдиларми?
– Ҳа, нимайди? – Фазлиддин таққа тўхтаб, унга қаради. – Бирор ишингиз борми?
– Илтимос, амакимни секин бу ёққа чақириб бер.
Фазлиддин кулимсиради. Сўнг негадир хавотирланиб сўради:
– Шу топда нима шошилинч гап чиқди, опа?
– Мана буни биир ўқиб қўйсинлар, – Ҳабиба синглиси сари бош ирғади.
– Ие, ҳозирданми? Ахир кечқурун, куёв тўйхонага олиб кетгани келганда никоҳ ўқитилади-ку?
– Тўй бўлмайди, тўхтатинглар, деёпти бунинг.
– Эсини ебдими бу? – Фазлиддин хонага кириб, синглисининг ёнига борди-да, эгилиб, унинг кўзларига қаради: – Атии, сизга нима бўлди, сингилжон? Нимага кўзларизда ёш? Қувонч ёшлари эмасми мабодо?



