
Полная версия
Тенг-тенги билан бахтлидир
Қиз боланинг жамики бойлиги – унинг номуси, бу бойлик ҳар қандай меросдан ҳам қимматлидир (Вильям Шекспир).
* * *Келинпошша, ёмон ният қилмайлик, лекин ҳаётда ҳар хил нопокликлар, бевафоликлар, хиёнатлар учраб туради. Шундай ёмонликларга дуч келган хотин қандай чора кўриши керак? Агар эр хотинни хиёнат устида ушлаб олса, талоқ қилади. Кечирувчи эрлар камдан-кам топилади. Хотин эса турмуши бузилмаслиги, болалари тирик етим қолмаслиги учун эрни кечиради. Аслида зино исботи билан тасдиқланса, қадимда шариат ўлимга ҳукм қилган. Ҳозир бундай ҳукм йўқ, ҳатто жиноят кодексида ҳам бундай жазо йўқ. Ҳозир эр-хотин ўртасида кечириш бор. Лекин кечириш билан олам гулистон бўлиб қолмайди. Чунки чинни пиёла синса-ю, уни ямаб қўйсангиз, барибир изи қолади. Хиёнат туфайли яраланган юракда ҳам из қолади. Бу из қачондир яна ярага айланиши, йиринглаши ва азоб бериши мумкин.
Бир аёл эрини ўз уйида ўйнаши билан ётганида фош қилган. Эр тавба қилган. Хотин кечирган. Аммо уйдаги кўрпа-тўшакларни олиб чиқиб ёқиб юборган. Шундан кейин кўнгли таскин топгандай бўлган. Эрни кечириш хотиндан жуда кучли матонат, сабр талаб этади. Лекин шубҳа ва гумон ўти сўнмайди. Доимий равишда юракни куйдириб тураверади.
Агар эрнинг хиёнати исботланмаса, хотин ўзича гумонсираб юраверса, бу ёмон. Ўзини ҳам, эрни ҳам қийнаб қўяди. Уйга кеч келувчи эр ўйнашиникида ўтирган бўлмайди. Дўстлари билан ўтирган бўлиши ҳам мумкин. Кечаси навбатчиликда қолган эр хотинларга илакишмайди, ўз вазифасини бажаради. Бир аёл менга: “Укангизга насиҳат қилиб қўйинг, уйга вақтлироқ келсинлар”, деди. Менинг насиҳат қилишим фойдасиз эди, чунки у эр милициянинг жиноятга доир қидирув бўлимида ишларди. Бир жиноятчининг изига тушган кезлари 2-3 кунлаб уйга келолмасликлари ҳам мумкин. Мен буни тушунтириб, келиннинг ўзига насиҳат қилдим.
Келинпошша, эрингизни чиндан севар бўлсангиз, ундан гумон қилаверманг, балки вафодорлигига ишонинг. Агар шайтон кўнглингизга ғулғула солар бўлса, “Аллоҳим, эримга инсоф бер, ёмон йўллардан асра”, деб дуолар қилаверинг.
* * *“Булбулнинг эркаги сайрайди, одамнинг – аёли”, дейдилар, лекин сиз ҳуда-беҳудага сайровчилардан бўлманг.
* * *Эрингизнинг автомашинаси бўлса, ёнига эмас, орқа ўриндиққа ўтиришга одатланинг. Бунинг сабаби: (Аллоҳ кўрсатмасин) кўнгилсиз ҳолат юз бергудай бўлса, олд ўриндиқда ўтирган одам кўпроқ шикастланади. Олд ўриндиқда ўтирган аёл ҳаракатланиш пайтида ҳайдовчини чалғитиши, халақит бериши мумкин. Кичик ёшдаги болаларни ҳам орқа ўриндиққа ўтиришга мажбур қилиш керак. Пиёда юрилганда ҳам, эр-хотиннинг ёнма-ён, ҳатто қўлтиқлашиб юриши ғарбликларга хос. Бизда уят ҳисобланади. Ота-боболаримиздан мерос қолган яхши одатга кўра, хотин эрдан ярим қадам ортда юриши хайрли. Буни аёлни камситиш ёки ҳақоратлаш, деб тушунмаслик керак. Аксинча, бу ҳолатда аёлни қадрлаш бор. Чунки кўча турли фалокатларга тўла. Олдинроқда юрган эр тасодифий дуч келинган фалокатга ўзини қалқон қилиб, хотинни ҳимоялайди.
* * *Бўлдирадиган ҳам – хотин, ўлдирадиган ҳам – хотин, дейдилар. Сиз бўлдирадиганлардан бўлинг.
* * *Ҳаётда ҳеч бир иш ўз-ўзидан бўлмайди. Яъни, ҳар бир яхшилик бир заҳмат, бир меҳнат натижасидир. Бизга бир оз қувват бўладиган бир луқма овқат қанчалар меҳнат ила пайдо бўлади. Ундан фойдаланиш учун ҳам яна бир оз машаққат чекиш лозим. Жаннат мисоли бир оила соҳиби бўлмоқ учун зиммангизга тушган мажбурият, вазифа ва хизматларни танбаллик, дангасалик қилмай адо этишингиз керакдир. Боғдаги бир гул ҳам ўз-ўзидан ўсиб етишмайди ва гул очилмайди. Ақлли хонимлар яхши одамлар билан ҳамсуҳбат бўладилар. Уларнинг яхши одатларидан яхшилик ўрганадилар. Ёмон одамлардан узоқ бўладилар. Токи уларнинг ёмонлигидан юқиб қолмасин. Яхшиликлар гул ниҳоли кабидир. Инсонда етишувчи кучдир. Ёмонликлар эса чўлу биёбонларда ўсадиган янтоқлар кабидир. Булар инсоннинг ўзи билмагани ҳолда унда илдиз отади. Табиат аёлга шундай хитоб қилар экан: уддасидан чиқсанг гўзал бўл, хоҳласанг оқила бўл, аммо идрокли бўлмоғинг шарт. Агар эр хотинига эҳтиромсиз қарай бошласа, уни дарров айбламаслик керак. Эрининг назаридан қолаётган хотин балки айбни ўзидан қидиргани маъқулдир?
* * *Ҳар қандай қайноқ муҳаббат фарзанд туғилганидан кейин бир оз совугандек бўлади. Агар бу ҳолат тўғри англанмаса, бутунлай совуш эҳтимоли ҳам бор. Табиийки, аёл она бўлгач, ўзини оналик юмушлари билан банд қилади. Унинг бутун ҳаёти боладан иборат бўлиб қолади. Эрини баъзан унутгандай ҳам бўлади. Суюклиси энди унга фақат эр эмас, биринчи галда боланинг отаси сифатида намоён бўлади. Оиладаги биринчи жанжалнинг биринчи фарзанд туғилишидан бошланиши афсусли ҳолдир.
Бунга сабаб боланинг биринчи, эрнинг иккинчи ўринга қўйилишими? Ахир эр ҳам боласига шундай назар билан қарайди-ку? Лекин хотиннинг назарида эри болага етарли эътибор қаратмаётгандек туюлаверади. Ҳатто масъулиятсизликда, яхши ота бўлолмаётганликда айблай бошлайди. Бунақа вазиятда баъзи эрлар нима қиларларини билмай шошиб қоладилар, баъзилари эса кўп ўйлаб ҳам ўтирмай, хотинга зарда қила бошлайдилар. Эр-хотиннинг чиройли муносабати шу тарзда бузила бошлайди.
Келинпошша, сиз бир неча ҳафта ёки ой мобайнида намунали она бўлолмаганингиз каби, эрингиз ҳам дарров ҳавас қиладиган ота даражасига чиқолмайди. Сиз оналик масъулиятини бошқаларни кузатиб ўргангансиз. Яъни, кузатув асосида билимга эгасиз. Амалий тажрибани эса энди бошлаяпсиз. Билимни амалга татбиқ этиш осон кечмаётганини ўзингиз ҳам ҳис этаётгандирсиз. Ҳа, балли! Эрингиз ҳам шу аҳволда. Демак, муросага ўрин бор.
* * *Кўп гапирманг. Ҳатто қайнонангиз билан ҳам узоқ гаплашиб ўтирманг. Кўп гапнинг ичидан албатта нохушлари чиқади. “Бизда аёлларни гапиртирадиган дориларимиз бор, аммо уларни жим қилиш учун йўқ”, дейдилар. Шундай дори ўзингизда бўлсин. Бу дори – ўз ақлингиз.
Дарахтни кессалар унинг илдизидан бир шохча кўкариб, унинг ўрнини босади. Танадаги қилич ва ўқ яраси ҳам битиб кетади. Лекин тил яраси ҳеч вақт тузалмайди. Қалбга санчилган сўз ўқини чиқариб бўлмайди. Бадан заҳардан, қалб ёмон сўздан ўлади. Чунки сўз қиличи темир шамширдан ҳам ўткирроқдир.
Қиличдан етган жароҳат тилдан етган жароҳатга қараганда енгилроқдир. Чунки қилич баданни, тил эса қалбни жароҳатлайди. Вужуд яхши таом билан жонланганидек, қалб ҳам яхши сўзлардан ором олади.
Синса кўнгил шишаси, тадбир билан бўлмас бутун,Устихон эрмаски, они рост қилса мўмиё…Масал: бир одам айиқ билан дўстлашиб, уни уйига бошлаб келди. Бу меҳмоннинг ташрифидан норози бўлган хотини: «Фу, шу сассиқ билан ошно тутиндингизми?» – деб афтини бужмайтирди. Буни эшитиб ранжиган айиқ болтани олиб, дўстига узатди-да, илтижо қилди:
– Шу болта билан пешонамга бир ур!
Айиқ илтимосини қайтаравергач, дўст унинг пешонасига болта урди. Жонивор оғриқ азобидан ўкириб, ўрмонга қараб югурди. Орадан ҳафталар ўтгач, у яна дўстига рўпара келиб, дедики:
– Қара, болтанинг изи битиб кетди, лекин хотининг тилидан учган сўз яралаган юрагимга даво тополмаяпман…
«Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади, – деганлар ҳазрати Навоий. – Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас, у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас. Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради. Сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради… Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор. Шунинг учун айтадиларки, «нафаснинг жони бор».
Сўз – туя бурнига ўхшаш, унга жилов солса бўлади. Ёхуд у туянинг бўйни кабидир, етовга юраверади. Демак, масала – уни қай томон етаклашда! Кишининг сўзи жонга роҳат бергувчи бўлмаса, сўзламаслик керак.
Қилур қаттиқ такаллум ўнг ишинг чап,Сўзинг тиклаб кўнгул бузғунча тик лаб.Сўфий Оллоҳёр ҳазратлари мазкур байтда гўёким устоз Навоий фикрларини давом эттирадилар: қаттиқ сўз бўлар ишингни бўлмас қилар. Нина қўлни санчиб азоблаганидек, қаттиқ сўз ҳам кўнгилларни санчиб, яралайди. Аммо нина санчиғи битиб кетар, дил яраси битмас. Қаттиқ сўзинг дилни яраламаслиги учун ўша сўзни айтадиган лабингни ёпиқ тут, яъни кўнгилни бузғувчи сўзлар учмасидан олдин лабингни тикиб ташла.
Гўзал сўзлар фақат амалга оширилгандагина чиройли натижалар беради. Муолажа йўлини топган касал одам унга амал қилмаса, табобат илмини билгани мутлақо фойдасиздир. Ёмғир томчилари ерни жонлантиргани каби комил инсонларнинг сўзлари кўнгилларни жонлантиради. Қудсий ҳадисда марҳамат қилинадиким: «Эй Одам боласи! Агар сўзинг ялтироқ – майин бўлиб, амалинг қабиҳ бўлса, унда сен мунофиқларнинг мунофиғисан». Кимки тилини яхшиликка ишлатса, қуролидан усталик билан фойдаланувчи овчи каби бўлади. Ўзи тушунмаган сўзга аралашаверадиган киши эса нуқул беҳуда ўқ узаверадиган ношуд овчига ўхшайди. Бир оғиз ширин сўз шундай қудратлики, у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб турган кишини ҳаётга қайтаради, «яхши гап билан илон инидан чиқар, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар», деб бежиз айтмаганлар. Яхши сўзларни сўзлашга одат қилмаган киши фалокатга учрайди. Ақлли одам ўз сўзига ҳоким бўлади. Уқув ва билимнинг тилмочи (таржимони) – тилдир. Кишига рўшнолик, яхшилик ва эзгуликлар оқил сўзламаклик ила келади. Шу боис ҳам демишларким: «Тил – арслон, мисоли ётар қафасда, эй тил эгаси, бошингни асра!» Қадимдан қолган одобга доир қайси китобни варақламанг, «Тилингни сақла, бошинг саломат бўлади», мазмунидаги насиҳатга дуч келасиз. Шундай бўлиши бежиз эмас, зотан, ўринсиз сўзламоқликнинг натижаси – пушаймонлик экани ҳақида тарихдан мисоллар излашга ҳожат йўқ. Ҳар бир одам, ёшидан, жинсидан қатъи назар, ўз тили туфайли неча-неча марта пушаймонлар еганки, шуни унутмасликнинг ўзи кифоя.
Сўзидин кишиким ғаму бало ҳосилдур,Ҳар нуктада тили деса бало дохилдур,Бесирфа деган кишига тили қотилдир,Алқиссаки, кимсанинг балоси тилидур(Алишер Навоий).(Инсон бошига тушган ғам-ғусса ва бало тил туфайлидир. Ҳар бир айтилган сўз туфайли балога дохил бўлади. Кўп сўзлаган кишининг тили қотилдир, хуллас, инсоннинг балоси – тилдир.)
* * *Хотин сутни сузиб, хаслардан тозалагани каби эри билан гаплашар чоғида ўзига хос сузгич ишлатиши шарт. Яъни, оғзига келганини, хаёлдан ўтганини шартта-шартта гапирмасин. Айтар гапларни сузгичдан ўтказиши ва “лойқа”ларини ажратиб, фақат зарур бўлган нарсаларни айтиши керак. Хотин биринчи галда овози оҳангини сузгичдан ўтказсин, баланд овозда, бақириб-чақириб гаплашмасин. Ҳар қандай эр баланд овозда гапирадиган ва буйруқ беришни яхши кўрадиган аёлдан нафратланади.
Хотин тилига қуйилиб келаётган гаплар орасидан айбловларни сузиб олиши керак. Яъни, эрини айблаб гапирмасин. Тўғри, эрнинг озми-кўпми айби мавжуд. Лекин ўрни бўлса-бўлмаса юзига солиши шартмикин? Эрлар хотинлар томонидан айбланган вақтларида қадр-қимматлари, ҳурмат-эътиборлари пасайганини ҳис этадилар ва тўғри гапни қабул қилиш туйғулари шикастланиб, серзада, сержаҳл бўлиб қоладилар. Аввалига эр танқидни бир марта қилинадиган ҳужумдек қабул қилади. Танқид давом этаверса, “Бу хотин менинг қадримни билмайди”, деган ўй ҳақиқатга айланиши баробарида хотинидан узоқлаша бошлайди. Ана шундай руҳий кечинмаларга асир бўлиб юрганида қайсидир аёл унга меҳрибонлик қилса, унга маҳлиё бўлади-қолади.
Келинпошша, сизга шунақа оқибат керакми?
“Бир ёстиққа бош қўйиш” – эр хотиннинг барча дардларига шерик, деган гап эмас. Эр баъзан тушуниб – баъзан тушунмай, баъзан атайин – баъзан эса тасодифий ҳолда хотинининг дардига бефарқ қарайди. Шунинг учун хотин айтмоққа шайланган дардларини ҳам сузгичдан ўтказиб олиши дуруст. Баъзи хотинлар эрлари ишдан қайтгач, ундан мақтов эшитиш мақсадида кун бўйи тинмаганини, чарчоқларига қарамай, қандай ишлар бажарганини, жон куйдирганини бир-бир айтади. Эридан мақтов кутиб гапираётган хотин унинг қошқовоғига қарасин. Бунақа гапларни эр шикоят ўрнида қабул қилади ва юраги сиқилади. Мақташ ўрнига хотинини ношукурликда айблайди. Масалан, хотин “Ҳамма кирларни ювиб қўйдим”, деса, “Қўлда ювдингми ё кетмон чопдингми, ё сигир соғдингми?!” деган пичинг билан “узиб-узиб” олиши табиий. Ўзингиз айтинг: хотиннинг кир ювгани ёки пиёз арчаётганида кўзлари ёшланганини ишдан чарчаб келган эрнинг билиши шартми?
Эрингиздан норозилигингизни тил билан эмас, юз ифодаси билан билдиришга урининг. Аммо ҳаддан ошиқ қош-қовоқ солманг, у гапираётганда юзингизни буриб олманг. Кўз қарашларингизга аҳамият беринг. “Сиз мени қаттиқ ранжитдингиз, Аллоҳ жазоингизни берсин, бу ишингиз учун жазо олмасангиз мен рози эмасман…” деган маъно кўзларингиздан сачраётган ғазаб учқунларидан билинмасин. Жим туриш хотин кишининг зўр қуроли эканини биласизми? “Хотиннинг жим туриши эрни кар қилади”, деган мақол ҳам бор. Эркаклар аёлларнинг кўп гапиришларидан шикоят қилсалар ҳам, аслида жим туришларидан безовта бўлишади. Қовоқ солмаслик шарти билан бу “қурол”дан фойдаланиб кўринг-чи, балки ижобий самара берар, фақат ошириб юорманг.
* * *Бир киши аёлига муҳаббат билан боқса ва аёли ҳам унга шу кайфиятда юзланса, Аллоҳ таоло иккаласига ҳам раҳмат назари билан қарайди ва қўлларини қўлларига қўйганларида иккисининг ҳам гуноҳлари бармоқлари орасидан тўкилиб кетади (“Саҳиҳи Муслим”дан).
* * *“Кўп кулиш қалбни ўлдиради”.
Мазкур шарафли ҳадиснинг “Арбаин”даги шеърий баёни:
Асру кўп кулмаким, ўлар эмишЗиндагил кўнгли кулгу касратидин.Муни ҳар кимки билди кўнгли била,Кулмагай ўлса кулгу ҳасратидин.(Ҳаргиз кўп кулмаки, кулгининг кўплигидан кишининг тирик қалби ўлади. Ким буни кўнгли билан англаб етса, кулги ҳасратида ўлаётган бўлса ҳам кулмайди.)
Келинлик либосини кийгунингизга қадар уйингизда истаганингизча ўйнагансиз-кулгансиз. Тўйдан кейин бу истакларни жиловлашга тўғри келади. Қариндошлар ёки тўйдаги даврада ўртада ўйнашдан эҳтиёт бўлинг. Айниқса, даврада йигитлар бўлса, ўзингизни дарров четга олинг. Агар эрингиз рашкчи бўлса, ўртага умуман тушмаганингиз маъқул.
Кулгига келсак, келинлик ибоси кўп ва қаттиқ жарангда кулишга изн бермайди (Аслида эрларнинг ҳам қаттиқ қаҳқаҳа отиб кулишлари фазилат саналмайди). Қайнота ва қайнонангиз ҳузурида оғизни катта очиб кулишдан уялинг. Агар кулгидан ўзингизни тўхтата олмасангиз, оғзингизни кафтингиз билан тўсинг. Уйда ёки ётоқхонада эрингиз кулгили гап айтса, кулгингиз жаранги ташқарига чиқмасин, айниқса, қайнонангиз қулоғига етмасин. Келиннинг ичкари уйдаги жарангдор кулгиси ҳар қандай оқила ва инсофли қайнонанинг ҳам кўнглини хира қилади. Қайноналар одатда бундай кулгини жавобсиз қолдирмайдилар. Ҳеч бўлмаса, бир илгакли пичинг билан “чимчилаб” оладилар. Гап бунда ҳам эмас. Одобли оилаларда баланд овозда гапириш ва кулиш ҳусн саналмайди.
* * *Эрингизнинг қариндошларидан поччалари (опасининг, холасининг, аммасининг эрлари), уларнинг ўғиллари меҳмон бўлиб келишганда очиқ чеҳра билан кутиб олинг, дастурхон тузаб, хизмат қилинг, аммо дастурхон атрофида бирга ўтирманг. Айниқса, уларнинг қаторида ўтириб овқатланманг. Чунки бу кишилар шариат нуқтаи назаридан қаралганда, номаҳрам ҳисобланади. Одоб юзасидан қаралганда, қиз-жувонларнинг эркаклар билан бир дастурхон атрофида ўтириши чиройли эмас. Баъзи оилаларда бу одобга риоя қилинади, демак, сиз ҳам бу тартибга итоат этасиз. Айрим оилаларда эса эътибор берилмайди, эркак-хотин аралаш ўтираверишади. Агар сизнинг қизлик уйингизда номаҳрамнинг фарқига борилган бўлса-ю, келинлик уйида ўзгача бўлса, янги тартибни кескин рад этманг. Даврада бир оз ўтирган бўлиб, сўнг ошхонадаги юмушларни баҳона қилибми, чиқинг. Ўзингиздаги одобни аста-секинлик билан тушунтиринг. Эрингизнинг хонадони сиз истаган одоб тартибига дарров ўта қолмайди. Сиз бу масалада қаттиқ турманг, “Сизлар хато қиляпсилар”, деб гапираверманг, арқонни узун ташланг. Сиз ўзингиз эгаллаган одоб доирасидан чиқиб, буларникига қўшилиб кетишдан сақланинг.
* * *Келинпошша, ўзингиз гўзалсиз. Табиат берган гўзалликка қўшимча киритишга кўп уринманг. Энг муҳими – эрингизга гўзал кўринсангиз бас. Бетларингизга ҳар турли нарсалар сураверсангиз, терингизни тез қаритиб қўясиз ва ёшингиз ўттиздан ошмаёқ бу упа-кремларсиз юролмайдиган бўлиб қоласиз. Янги уйингизга ўз чиройингиз, ўз қора қош-кўзларингиз билан, ясама киприкларсиз кириб боринг. Эртага ясама кипригингизни олиб қўйсангиз, эрингиз ажабланиб қолмасин.
* * *Эркакка ўхшамоқчи бўлган аёл худди аёлсифат эркак сингари тасқарадир (Лев Толстой).
* * *Агар эр соз бўлса, чолғувчи аёл ҳисобланади. Эрдан нолимаслик керак. Чунки куй ёқимсиз тарзда таралаётган бўлса, соз эмас, чолғувчи айбдордир.
* * *Баъзан “Бу йигит инсофсиз, бераҳм экан, хотинини эзиб ташлабди”, деган гапларни эшитиб турамиз. Наилож, шундай нодонлар ҳам бор. Буни билган айрим келинлар эр томондан бўладиган зулмдан қўрқиб яшайдилар. Эзилиш қўрқуви бор аёлларнинг баъзилари “Қўрққан олдин мушт кўтарар”, деган мақолга амал қилиб, “Эрим зулм ўтказмасин”, деган мақсадда кунларини эри билан курашиб ўтказади. Тўғри, эрнинг зулм ўтказишига йўл қўйилмаслиги шарт. Лекин бу эр билан теппа-тенг олишиш деган гап эмас. Бундай олишувда аёл бахтсизликка учрайди. “Эрим мени эзмасин”, деган мақсадда жанжал кўтарган хотиннинг эр томонидан эзилишига ҳожат қолмайди. Беодоблик йўлини танлаган хотин ўзини ўзи жуда чиройли тарзда эзаверади.
* * *Уй ишларини бажаришда, айниқса бола боқишда руҳни сира-сира чўктирмаслик керак. Аксинча, бу юмушларни бажариш жараёнида кўнгил ҳузурлансин. Кўнгил равшанлиги, роҳати сизни ҳаловат роҳатига етказади.
* * *“Оила ҳаловатининг душманларидан бири – телевизор”, десам, ажабланманг. Телевизор томошалари келиннинг турмуш билан боғлиқ фикрларини ўзгартириб юбориш қудратига эга. Келин телевизорда кўрган сурурни, яъни эр-хотин ўртасидаги гўзал муносабатларни оиласида кўрмагач, кўнгли ўксий бошлайди. Ҳатто эридан кўнгли совий бошлайди. Уйнинг бир четида беозоргина турган телевизор оиладаги муҳаббат гулларини бўғиб туради. Ўйлаб кўринг, соф, покиза муҳаббатнинг энг катта душмани айни шу телевизор. Пок муҳаббатнинг телевизордаги томошаларда эмас, оилангизда бўлишига эришишингиз керак.
Сиз қизиқиб томоша қилаётган фильмдаги меҳрибон эр хотинига ажойиб совғалар тақдим этади. Тўйлари бўлган кунни ҳашаматли ресторанда нишонлашади… Буларни кўриб, юрагингиз бир энтикиб қўяди, қалбингизда бир армон уйғонади. Чунки тўйдан бери қанча вақт ўтган бўлса-да, эрингиз сизга ҳатто бир дона гул ҳам совға қилмаган. Тўй бўлиб ўтган кунни эса эсламайди, тил учида бўлса-да, табрикламайди. Бундай ҳолларда бирон совға тама қилмасдан тўй кунини ўзингиз эслатиб, табриклаб қўйганингиз дуруст. Уй ишларидан чарчаган пайтингизда телевизордаги томошада кўрсатилаётган бой хонадонга ҳавасингиз келадими? Данғиллама уй, хизматкорларнинг қўли-қўлига тегмайди: бири уй тозалаётган, бири таом тайёрлаётган, бири болага қараётган, бири тантиқ уй бекасининг кўйлагини дазмол қилаётган, бири қошу кўзларини, бири оёқ, бошқаси қўл тирноқларини бўяётган… Сиз бу томошани ҳавас билан кўрдингиз, аммо бундай ҳаётга маҳлиё бўла кўрманг. Бу шайтон васвасаси сизни чин бахт йўлидан чалғитади. Майли, ўша томошани охиригача фақат диққат билан томоша қилинг, таҳлил қилинг ва хулоса чиқаришга уриниб кўринг. Сизни маҳлиё этган ўша тантиқ бека ўзини бахтли ҳис қиладими? Тўкин-сочинлик чинакам бахтми?
Телевизордаги сериалларни томоша қилиб, энтикаётган пайтингизда бир нарсани фарқлаб олинг: кинода тасвирланаётган муҳит бошқа, ҳаёт ҳақиқати бошқа. Мексикаликлар ёки ҳиндларда, ёки турклардаги одат бизда йўқ. Масалан, тўй кунини эслаб, ресторанда нишонлаш бизда камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Ҳатто хотинининг туғилган кунида гул совға қилувчи эрлар ҳам кам топилади. Булар фожиа эмас, балки хотинларга ёқадиган хориж одатларининг бизга секинлик билан сингиб кираётганидан тушкунликка тушмаслик керак.
Телевизордаги сериаллардан таъсирланадиган аёллар ҳақиқат билан хаёлни ажрата олмайдиган аҳволга тушишади. Инсон мияси таъсирланиши натижасида ҳақиқат билан хаёлни унчалик айира олишмайди. Ҳақиқатдан қандай таъсирлансалар, хаёлдан ундан-да баттар таъсирланишади. Оқибат шу бўладики, аёл кинода мафтун бўлган одамга ўхшаган эрни орзу қила бошлайди, ҳатто ўз эридан кўнгли совий бошлайди. Бахтсизлик жари томон бораётганини ўзи ҳам сезмайди. Ҳақиқий ҳаётда топа олмаган ёки топиб йўқотган бахтини телевизорда кўриш наҳот аёлни бахтиёр қилса? Менимча, бахтсиз қилади. Томоша берган ҳаловат инсонга етарли эмас. Ҳамма ҳаётида покиза севги-муҳаббат бўлишини истайди. Ҳаётдаги воқеаларни кузатишларимдан шундай хулосага келдимки, севги-муҳаббат ҳақидаги томошалар келинларга қандай таъсир қилса, қари қайноналарга ҳам шундай таъсир қилади. Фақат улар туйғуларини яширишга интиладилар. Ёши етмишга яқинлашган, бир этак набираларнинг бувиси бўлиш бахтига эришган аёлнинг: “Дунёга яна бир маротаба келсам, асло ва асло турмуш қурмаган бўлардим. Чунки бу ҳаётимда ўзим орзу қилган севги-муҳаббатни учратмадим. Яна бир имконият берилса, ўз севгимни топа олардим. Бировнинг ўйнаши бўлсам ҳам, топардим. Севги нималигини билмаган эр билан бахтсиз яшашдан кўра, кўнглингни хушнуд этувчи ўйнаш билан кун кўриш минг марта бахтлироқдир”, деган гапини эшитсангиз, сиз қандай хулосага келасиз? Бу бадбахт аёл қизини шу “ғояси” асосида тарбия қилган бўлса-чи? Қани, “Бундай хотинлар йўқ”, деб мени ишонтириб кўринг-чи?!
Яна бир оддий ҳақиқат – телевизор яратилгандан бери одамларнинг бебаҳо вақтларини ўғирлайди. Сиз шундан эҳтиёт бўлинг.
* * *Ҳеч қачон талоқ сўзини тилга олманг. “Талоғимни беринг, уйимга кетаман”, деманг. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қайси хотин безарурат ва эҳтиёжсиз эридан талоқ талаб қилса, жаннат ва Аллоҳнинг раҳмати унга тегмайди”, деганлар. “Бўлди! Ҳаммаси жонимга тегди, уйимга бутунлай кетаман!” – деган аҳдни ҳам айтманг. Шайтон “Эрингдан талоқ сўра”, деб васваса қилган онда, “Меҳрибон Аллоҳим, ўзимга ҳам эримга ҳам, қайнонамга ҳам инсоф бер!” – деб дуо қилишга куч топинг.
* * *Ўзингизга оро берганингиз яхши, аммо шунга яраша уйни саранжом-саришта тутмоғингиз, фарзандларингизни ҳам меҳр билан парвариш этмоғингиз шарт. “Сариштали уй – фариштали уй”, деганлар. Озода, батартиб уйни фаришталар макон тутадилар. Ивирсиқ уйда шайтон яйрайди.
* * *Эрнинг қариндошларига ҳурмат кўрсатиш ақлли аёл учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз “Гулни севган тиканини эъзозлайди”, дейдилар. Эрининг қариндошларига иззат ва ҳурмат кўрсатишни билмайдиган аёл ҳузур ичида яшаш йўлларини билмайдиган аёлдир. Гул севилиб, тикан севилмайдими? Тиканни иззат-ҳурмат қилмаган, гул исидан бебаҳра қолади. Эрининг қариндошлари, яқинларига ҳурмат кўрсатишни билмаган ақлсиз аёл хожасининг кўнглини ололмайди, хожасининг меҳрини қозона олмайди. У эрининг нафратига учрайди, муҳаббатини сўндиради. Бу оқила аёлнинг тутган йўли эмасдир. Хожасининг ақраболарига ҳурмат-иззат кўрсатмаган хотин ҳамма вақт унинг кўзига хунук кўринади. Бу то оиланинг бузилишигача давом этади.
Эрингизнинг авлодларини хуш кўринг. Эрингиз ўз қариндошларини хушламаслиги мумкин. Лекин сиз сир бой берманг, уларнинг ҳурматини жойига қўйинг. Агар эрингизга қўшилиб уларни менсимасангиз, вақтики келиб, эрингиз улар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетиши мумкин. Ана ўшанда сиз айбдор бўлиб қоласиз.
Шу ўринда бугунги ҳаётий ҳикоялардан эмас, пайғамбарларимиз ҳаётидан бир ривоят айтай, диққат билан ўрганиб, сўнг оқила келиндан ибрат олинг.
Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом тўнғич ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни кўриш учун Маккага келдилар-да, уйнинг эшигини тақиллатдилар. Эшикни бир хотин очди. Кутилмаган меҳмоннинг ташрифидан ғаши келганини яширмай:
– Кимсан, сенга ким керак? – деб сўради.
Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ғоят ҳилмлик ила:
– Ўзингиз кимсиз? – деб сўрадилар.
– Мен Исмоилнинг хотиниман, шу уйнинг бекасиман! – деди хотин дағал овозда.
Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом: “Исмоил қаерда?” – деб сўрадилар. Хотин “Уйда йўқ, овга кетган”, деб гапни калта қилди. У қўпол ва совуқ юзли аёл эди. Ёмонлиги, ичи қоралиги, тарбияси яхши эмаслиги юзидан кўриниб турарди. Унинг юзида яхши аёллардагина бўладиган нур йўқ эди. Овозида яхши аёллардагина бўладиган майинлик ва ибо йўқ эди.
У юзидан нур ёғилиб турган қариядан кимлигини сўрамади, сўраш ақлига ҳам келмади. У ақли калтанинг қалби ҳам пок эмасди. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом отларидан тушмадилар ва кимликларини ҳам айтмадилар. Оталик шафқати ила ўғилларининг турмушини, аҳволини билмоқчи бўлиб сўрадилар:
– Аҳволингиз, турмушингиз қандай?
– Жуда қийинчилик билан яшаяпмиз, – деди хотин ношукрчилик билан. У нонкўр эди, меҳмонни ёқтирмасди. Иброҳим алайҳиссалом ўғилларининг бу ахлоқсиз аёл билан турмуш қурганларидан афсусландилар ва: “Эринг келиши билан унга айтиб қўй, уйнинг остонасини алмаштирсин”, дедилар ва отларини буриб, изларига қайтдилар.
Кўп вақт ўтмай, ҳазрати Исмоил алайҳиссалом овдан қайтдилар. У вақтларда Маккада истиқомат қилувчилар ов гўштини еб тирикчилик қилишларди. Шу боис Исмоил алайҳиссалом ҳам тез-тез овга чиқардилар. Исмоил алайҳиссалом остона ҳатлаётганларида димоғларига ёқимли ҳид урилди.
– Бугун биров келдими? – деб сўрадилар.
– Ҳа келди, – деди хотин. – Бир чол сени сўраб келди. Отидан ҳам тушмай, “Ўғлим остонасини алмаштирсин”, деб қайтиб кетди.






