bannerbanner
Илон ўчи
Илон ўчи

Полная версия

Илон ўчи

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
6 из 6

Универсамни эплаб, яхши ишлаётганидан қатъи назар, катта хонадонни қўлда ушлаб турган кимса аслида онаси Шарбатхон ая эди. У олтмишларга борган бўлса ҳам ўттиз яшар жувон қилиқларини қилар, ёш хотинлар тўдасига ўзини урар, икки чеккасидан гажак қўйган. Баъзан замонавий гаплардан гапириб, атрофдагиларни оғзига қаратарди. Тошойна олдида ўтириб, соатларча пардоз қилар, янги чиққан мазь, ёғупалардан биронтаси қолмаган. «Эримга кўнгилсизман…» деган гапни такрор-такрор айтган, бу гап қулоғига етган Миёнхўжа амаки ранжиган эди. Бир нимадан жаҳли чиқса, «кетаман, сен билан турмайман!» деган гапларни ҳам кўп гапирган.

Шарбатхон ая оила ҳукмдори (у буйруқ беришни яхши кўрарди), гўё оғир бир дардга мубтало бўлгандай, кейинги кунларда ўлиб қолишдан жуда қўрқарди. Кўрсатмаган доктори, табиби қолмади. Охири париликни бўйнига олди. Яширинча унча-мунча одам ўқиб, куфсуф қилиб турарди.

У бир ўғил, бир қиз кўрди, каттаси Фатхуллохон, ундан кейингиси Пошшахон. Пошшахон келишган, қорамтир мўйлабли бир йигит билан Хоразмга қочиб кетиб, хонадонни эсанкиратган. Ўн кун деганда дараги чиққан, шалпайиб, дами чиққан коптокдек шалпайган синглисини Пати Урганчдан олиб келган эди. Номусларга чидолмаган Шарбатхон ая уни акасидан олдин тўй қилиб, ўша йигитга узатмоқчи бўлди, аммо йигит қамалишга тайёрман, аммо бу қизга уйланмайман, дебди. Пошшахон сўмрайиб, данғиллама ҳовлисининг катта дарбозасидан ингичка бўлиб кириб келган. Бир неча ҳафта онаси ёнида туриб, ўша йигитнинг ялиниб келишини кутди. У келавермагач, Шарбатхон ая Пати билан Пошшахонни ёнига олиб, Урганчга учишди. Қуда бўлиши керак бўлган кимсалар билан гаплашиб, муросаи мадора қилишди, ҳар бир янги оила аввал шундоқ уруш-жанжалсиз бўлмайди, деб ўзларига тасалли беришди. Аммо бу уйда қанча яшамасин, эрининг кўнглини ололмади.

Пошшахон янги хонадонда бир муддат туриб, яна уйига қайтиб келди. Энди ўз ҳовлисидан Урганчга қайтиб кетмайдиган бўлиб келди. Илгари келганида шу атрофдан бир келишган йигитни топиб, у билан дон олишиб юрганини сезишган эди. У кейинги пайтларда биратўла уятни, номусни бир четга суриб қўядиган бўлди. Буниси қолиб, яна бошқа йигит билан ҳам юради. Она қизининг ҳаракатларини сезмас, тижорат билан овора эди. Патининг у билан мутлақо иши йўқ, пул топишнинг кетига тушиб кетган.

Ажралиш судида куёви хотинининг бузуқ хатти-ҳаракатларини айтишга мажбур бўлибди. Одамларнинг номларигача айтибди, аммо Пошшахон судда пинагини бузмай ўтирди.

– Майли, хоҳламасанг турмаймиз! Характеримиз келишмади, – деди Пошшахон ўрнидан туриб. – Кетавер! Лекин бундай майда фисқу фужур гапларни айтиб ўтириш нега керак? Сенинг эркаклик ғуруринг йўқми? Номард!

– Ҳақорат қилма!

– Ёқмадимми, бўпти, ажралишамиз! Мен ўзим ҳам умримни бир хез билан ўтказиб юбораманми, деб юрган эдим, судга мени чақирганинг яхши бўлди. Қани, қоғозни беринглар, қўл қўяман-у, кетаман!

Куёв берган медицина ҳужжати сабаб бўлиб, уларнинг ажрашишига суд ҳукм чиқарди.

Суд пайтида маҳалладан келган бир кекса ўқитувчи ёнидаги шеригига шивирлаб гапирарди:

«Эрининг кўзига чўп ташлаган, нопок йўлга ўтган аёлнинг тузалишига мутлақо ишониб бўлмайди. Бу сотқинлик касали эрни икки букади, оилани бузади. Бузуқлар аввал муҳаббат деган йилтироқ сўзларни ниқоб қилади, аслида бу гиёҳванддек «касал» – танини сотмаса туролмайдиган даражага етказади. Бундай аёллар ҳар қанча гўзал ва номдор оилалардан чиқмасинлар, охир натижада хор бўладилар».

Пошшахон ҳам ҳеч нарсадан қайтмайдиган, пул, тилло йиғадиган кимса бўлиб чиқди. Уни билмаган одам қараб туриб, бир яхши хонадоннинг иффатли келини бўлса керак дейди. Кўринишдан худо уни жуда кўркам яратган. Сўзамол ва ёқимли…

Бу хонадонга баъзан Патининг мактабдош дўстлари Ҳабиб билан Марат келиб туришарди. Ҳабибга бу ошнасининг сермурувват, дўстларидан доимо ёрдамини аямайдиган, камгап инсонлиги ёқарди. Аммо бирор нарсани онасидан бемаслаҳат қилмаслиги, Шарбатхон аянинг баъзан арзимаган нарса ҳам шахсига тегиб кетиб, жанжал кўтариши, кўкариб кетиб, ўзини каравотга ташлаши, бақиришлари Миёнхўжа амакини ҳам, Патини ҳам, Пошшахоннинг ҳам юрагини олиб қўйган. Улар Шарбатхон аядан қўрқардилар. Ҳабиб учун эса ошнаси Патининг ҳаддан зиёд молга, пулга ҳирс қўйгани ёқмасди. Ҳозирги пайтда баъзи кишиларнинг тилло тиш қўйиш, машинаси борлиги билан ғурурланиши кенг одат тусини олди. Ўзимизникиларнинг бу қилиғига қандай чидаш мумкин? «Мен кўксимни қалқон қилсам, – дерди Ҳабиб, – шу халқ учун қурбон бўлсам, у буни биладими? Димоғдор савдогарбаччалар, пул бандалари учун қурбон бўлиш – нодонлик каби туюлса керак.

Аммо бизни ҳам унутмайдиган одамлар бўлар, яхши одамлар кўп, дунёда ҳасад деган нарса бор экан, одамлар тинч яшай олмайдилар».

Ҳабиб дўсти Пати ва бу хонадонни ўйлар экан, унинг кўз олдида чумолибел, дўмбира орқа Пошшахон пайдо бўларди. Ҳар қандай гўзал, айни вақтда содиқ аёл ҳам баъзан сирли кучлар таъсири остида, бегонанинг ширин сўзлари-ю, ортиқча мақтови, хушомадлари, туҳфалари сеҳрида ақлу эркини бой бериб қўйиши мумкин. Шу тариқа оила таназзулга юз тутади. Ҳабиб Пошшахоннинг урганчлик йигитдан ажралганини «хато қилиб қўйгани» сабаб деб тушунарди.

Кўринишдан лўмбиллаган, «қўй оғзидан чўп олмаган» Пати ўзига етгунча олғир. Универсамдагилар «соҳибчангал» дейишади. Кейинги пайтларда бу, айниқса авж олди. Беш қўлини баробар оғзига тиққанга ўхшарди. Шилиш… Бу сўзни унақасига ўқисангиз ҳам, бунақасига ўқисангиз ҳам бир хил. Агар уни ёриб, ичига микроскоп билан қарасангиз ҳам, шилиш бўлиб чиқаверади. Агар уни ўн йил офтобга қўйиб, тарашадек қуритиб, ичини очсангиз ҳам шилиш бўлиб чиқаверади…

Эндиги ҳикоя Жамшидбек Зулфиқоров ҳазиллашиб «Шопур» деб атайдиган камтару камсуқум, ҳатто катта хонадон унинг исмини яхши билмайдиган ҳайдовчи йигит хусусида.

Саккизинчи ҳикоя

«ВОЙ БЎ-Ў, ОЙИ, БУ ЕР ҚАЛАНҒИ-ҚАСАНҒИЛАР ЧАЛДИВОРИГА ЎХШАЙДИ-КУ…»

Ёнида Нигора, шаҳар юқорисидаги Белтепа деган мавзеда истиқомат қилувчи бетоб ётган аммасини кўриб келаётган Маҳбубахон, суҳбат чўзилиб, соғиниб қолган амма ҳадеганда жавоб бермай шомгача қолиб кетишди. У анчадан бери Маҳбубахонни кўрмаган, касал ётарди. Бунинг устига, бутун жумҳуриятга маълум, қариндош-уруғлари номини айтиб фахр этадиган уруғининг келиб қолгани юрагини ёриб юборди. Жамшидбек Зулфиқоров қариндош-уруғлариникига кўп бормас, ҳатто оддий одамларнинг тўйига борадиган бўлса ҳам «марказқўм аъзоси сифатида» шу одамнинг тўй-маъракасига бориши керакми ёки йўқми, буни марказқўмдан сўраши керак. (Кўп масъул ходимлар Марказқўм ички хоналаридан бирида, яширин қарор ва турли қоғозлар ичида хўмрайиб ўтирадиган бир аёлдан сўрашарди. Бу аёл вақти-вақти билан қудратли иккинчи котиб ёнига кириб турарди. Бу ярим чўлоқ хотинда гап кўп, ҳамма катталарнинг шахсий варақалари шу бўлимда сақланар, омади келиб, катта ишларга ўтган кимсалар уни «Крупская онамиз» деб атар, ишдан ҳайдалиб, партия масаласи ҳал бўлаётганлар уни «Каплан, жоҳил эс-эр!..» дерди.) Зулфиқоровни ўз уруғ-аймоқлари, ёр-биродарларидан ажратмасликка интилиб, баъзи маросим, қаъда, чақириқларга, эшитиб қолса бетоб ётган уруғларининг кўнглини олиб, қўлидан келса ёрдам берадиган, оиланинг «бош вазири» Маҳбубахондир. Зийрак, бунинг устига ўта кўнгилчан бу аёл, дарҳақиқат, Жамшидбек аканинг бахти, шу аёл туфайли унинг оиласи хотиржам, майда жанжаллардан батамом холи, эрининг «бир чиройли аёл билан гап бўлганини» ҳам кечириб юборган эди. «Қайси эркак соғ, улар итни кўрса ияди…» деб ўзига ўзи тасалли берарди Маҳбубахон. Лекин эрининг мансабдор ўртоқлари эмас, қариндош, ҳаммаҳалла ёр-биродарлари билан алоқани узмай, посонгини тўғрилаб турадиган мана шу «бахту маржонга тўлган» Маҳбубахон, дарҳақиқат, катта хонадоннинг бекаси, фахри, ақли аввали эди.

Қош қорайишга яқин амманикидан хайр-хўшлашиб чиқишган Маҳбубахон билан Нигора икки соатдан буён кўчада пойлаб турган машиналарига тушиб, ҳайдовчи йигитга «тез ҳайданг!» дейишди. Машина гуриллаб юриб кетди. Она-бола амманинг қизлари, овсинлари ҳақида имо-ишорали гаплашишди.

– Жуда эскича-я! – деди Нигора. – Курсига қўйган ширинликлар юзта меҳмонни кўрганга ўхшайди. Конфетлари шимиб қўйилгандек қирраси йўқ. Худо билади, ичи қуртлаганми. Аммамлар тўпдонни ёнларига қўйибдилар, кўнглим озиб кетди.

– Кекса одам, болам. Бир ўғли урушдан қайтмади. Яхши ҳам неваралари, қизлари бор экан.

Улар Чорсуга яқинлашганда мотор тўхтаб, машина силтаниб, олдинга босмай қўйди. Ҳайдовчи йигит диққат, нима қилишни билмай, охири Маҳбубахон аяга мурожаат этди:

– Бензин тугаб қолибди. Колонка узоқда, уйимда бир бак бензин бор, қуйиб олсам майлими?

– Уйга етиб боролмаймизми?

– Йўқ, – деди ҳайдовчи йигит.

– Ундай бўлса олиш керак, – деди Маҳбубахон. Илгари ҳам, бошқа ҳайдовчи ишлаганида шундай ҳолатлар бўлиб турган эди.

Нигора энсаси қотиб ҳайдовчига ғазабли боқди: «Шу ишни икки соат китоб ўқиб ўтирмай, тўғрилаб қўйиш керак эди!» демоқчи эди, тилига чиқармади. Ҳайдовчи йигит буни сезгандай, «мендан хато ўтибди, спидометрга қарамабман, кечиринг…» деди.

Улар кўп юришмади, бир тор кўчага киришди. Аллақандай майдончадан, ҳовуз бўйидан, қадимий мачит ёнидан ўтиб, пастқам бир девор олдида тўхташди. Ҳайдовчи йигит машинадан чиқиб, югурганча бир қийшиқ кўк эшикка кириб кетди. Маҳбубахон билан Нигора унинг орқасидан қараб қолишди, девору уйлари пастқамгина кўчада, оқшом ғира-ширасида ёлғиз туришарди. Пастқам девордан ҳовли ичида каттагина тут дарахти борлигига кўзлари тушди. Бу ўзи қайси кўча, қайси маҳалла эканлигини ҳам мутлақо билиб бўлмасди. Тошкентнинг эски шаҳарида нима кўп, гадой топмас жин кўчалар кўп. Она-бола машинада ўтириб, юракларига андак қўрқув тушди; бу ҳайдовчи бола яқинда пайдо бўлиб қолди, отини ҳам, фамилиясини ҳам билишмайди. Нигора бўлса бундан олдин ҳам шу ҳайдовчи йигитни «странный человек…» деган эди. Шундай одамларни ҳам Совмин гаражига ишга олишарканми, деди ичида. Лекин Маҳбубахоннинг юрагини ваҳима эгаллади: бу бола тағин ўғри-тўғриларнинг шериги бўлса, бу ичкари кўчада уларни ечинтириб, шилиб қочишса-я! Қулоғи билан қўлида ўн минг сўмлик бриллиант.

– Войбў-ў, ойи, бу кўчаларнинг аҳволига бир қаранг, бу ер қаланғи-қасанғилар, чувриндилар чалдиворига ўхшайди-ку! Қаёққа келиб қолдик! Ҳайдовчимиз ҳам паст оиладан чиққанга ўхшайди.

– Ундай дема, қизим, аданглар ҳам аслида мана шундай эски шаҳар маҳалласидан, жин кўчадан чиққанлар. Акмал Икромовдай, Абдулла Қодирийдек валломатлар ҳам мана шундай жин кўчаларда вояга етганлар. Тошкент шаҳримизнинг маҳаллалари, жин кўчалари жуда ҳам қутлуғ! Илдизимиз шу маҳаллалар ичида.

– Қутлуғи ҳам қурсин! Ҳозир бир бандит чиқиб бизга ҳужум қилса, нима қиламиз? Қочиб бўлмаса! Ёки машинадан чиқиб, нарироққа бориб, яшириниб турамизми?

– Ундай хаёлларга борма, қизим. Қўрқма! Эски шаҳар маҳаллалари тинч. Бу томонда ўғрилар йўқ, ҳамма томтешарлар ўзимиз томонда. Ҳамма бемаънилик вокзалдан сквергача, деган эди бир куни аданг.

– Ҳайдовчининг дўппи кийиб юргани ҳам энсамни қотиради. Адамлардай бир буюк кишини олиб юрадиган ҳайдовчи дўппи кийиб юрса, бу қанақаси?!

– Нима бўпти?

– Совмин раис муовини ўтирган машинада дўппи кийган ҳайдовчи-я? Ярашмайди! Адамларга айтиб, унинг дўпписини олдириб ташлайман! Мана, ҳозир ҳам дўппи кийиб юрибди! Биз майли, адамлар-а! Маданиятли одамлар дўппи киядими? Бу, қолоқлик! Соч ўстирганларнинг дўппи кийгани ярашмайди! Буларни қишлоқи десанг, қишлоқи эмас, шаҳарлик десанг, шаҳарлик эмас. Шаҳримиз ҳам ҳар хил, бир томони цивилизованний Нью-Йорк, Парижга ўхшайди, фавворалар, кўп қаватли бинолар, ресторанлар, модний кийинганлар, бир томони – Африкага ўхшайди; дўппи, чопон кийганлар, чирманда чаладиганлар; ҳайдовчимиз шунақа типлардан. У чиқмаяпти-ку!

– Сабр қил!

– Ҳовлисига кириб чиқайми?

– Ити бўлиши мумкин. Ана, эшитяпсанми, катта бир кўппакнинг овози келяпти. Бирпас сабр қилайлик.

Она-бола машина ойнасидан яна ўша «чалдиворлар»га тикилишди; дарҳақиқат, ўркач деворлар, мўрилар, устига шифер ёпилган пастқам уйлар оқшом ғира-ширасида кўзга ташланарди. Бозордан қайтиб келаётган икки новвой йигит ҳам ғўнғиллаб гаплашиб, машина ёнидан ўтиб кетишди. Ҳайдовчи йигит шошганча бак тўла бензинни кўтариб чиқди. Маҳбубахон билан Нигорани уйига таклиф қилди.

– Бир пиёла чой ичиб кетасизлар, аяжон, киринг. Уйда ойимлар, опамлар бор, илтимос қиламан.

– Йўқ, ҳеч иложимиз йўқ! – деди Нигора.

– Бошқа вақтда келамиз, – деди Маҳбубахон.

– Ҳа, майли, – деди ҳайдовчи йигит, бензинни машина бакига қуя бошлади. Бўшаган бакни эшиги ичига шундоқ қўйди-да, эшикни яхши ёпмай, шошилиб югуриб келиб, машинага ўтирди. Дарҳол моторни гуриллатиб, Навоий кўчаси орқали Ўрда томон ғизиллаганча кетишди.

Камбағалчилик айб эмас, лекин ҳайдовчи йигит Нигоранинг бетоқат гапларига зиғирча бўлса ҳам хафа бўлгани йўқ, аксинча бу гўзал қиз ва олижаноб Маҳбубахон ўз маҳаллаларига кирганидан фахрланди.

Тўққизинчи ҳикоя

СУМАЛАК

Савр ойида Ўзбекистоннинг ҳамма ерларида сумалак пишириш қадимий одат. Кейинги йилларда Тошкенту Самарқандда, Фарғона водийсида, айниқса, Сурхон далаларида сумалак пиширишу Наврўзни халқ жуда кенг руҳда нишонлайди.

Урушдан анча илгари бир сабаб билан Тошкентга кўчиб келиб, Сақичмонда ватан қилган, ҳовли-жойли бўлган Лазокатхон хонадонида сумалак пишириш ҳар йили одат тусига кирган, шу кун бир тўйга айланиб кетарди. Истаган қўни-қўшнилар, қариндошлар тўпланишар, шаддод Лазокатхоннинг таъбирича, «оврўполашиб кетган тошкентликларга қадимий ўзбек одатларини ўргатарди…» Опа билан баҳсга боришмас, кўнгли очиқ шалдир-шулдир бу «Худоёрхоннинг қизи» сумалагини еб келишарди. Ҳам сумалакни еб, ҳам анди бўлмай ўл, деб орқадан алқаб кетадиган хотинлар ҳам йўқ эмасди. Буни Лазокатхоннинг ўзи ҳам пайқарди, албатта.

Шу сумалакка Маҳбубахон ҳам таклиф этилиб, чоршанба – муродбахш куни у қизи билан бирга кечга яқин Сақичмон маҳалласи томон юрди. Кимсан Жамшид Зулфиқоровнинг хотин сифатида Лазокатхоннинг бир яқини – кексагина хотин атайин Маҳбубахонларникига келиб, она-болани олиб кетди.

Йўлда қўқонлик аёл сумалакнинг таърифини қилди.

– Ёшлигимизда Тошкентда ҳам кўп қилинарди, – деди йўлда Маҳбубахон, – нимагадир ҳозирги вақтда қилишмайди. Адалари айтди, бултур шу сумалак сабабли кимгадир гап тегибди. Катта идорада ишлайдиган бир киши уйида, айвони устунига исириқ боғлаб қўйган экан, кимдир ёзиб юборибди, бечорани партиядан ўчиришга озгина қолибди. Аллақандай бир мансабдор хотин уни иккиюзламачиликда айблабди. Мен ҳам кетяпман-у, бирон ғаламис юқорига ёзиб юборса, бунинг адасига гап тегмасмикан, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда оёғи билан эмас, тили билан юрадиганлар кўпайиб кетган. Эҳтиёт бўлиш керак. Бизларни Зулфиқоров оиласидан деб айтманг, айланиб кетай, ишқилиб, сумалакхўрлик тинчгина ўтсин.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «Литрес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

1

Ш. Шомаҳмудов таржимаси.

2

«Шош шаҳри усталари ҳўкиз терисидан ясалган камонни қўлга олдилар» (Фирдавсий «Шоҳнома»сидан).

Конец ознакомительного фрагмента
Купить и скачать всю книгу
На страницу:
6 из 6