
Полная версия
Илон ўчи
У соатига қараб, вақт яқинлашаётганини, Нигорадан аввалроқ бориб туришни кўзлаб кийинди, онасига кўчага кетаётганини айтди-да, чиқиб кетди. Тошкентда автобус ҳаракати ниҳоятда расволиги ҳаммага маълум, аммо Ҳабибнинг омади келиб, бекатда бир дақиқача кутиши биланоқ бўшгина автобус келгани яхши бўлди. Бу ёғи ҳам шундай равон кетса… деб ўзига ўзи омад тилади. «Кўчага кетдим» деганидан, ясанганидан она хурсанд, ўғлининг ким биландир боғланишаётганини юраги сезиб турарди. Бу гал Ҳабиб жавобсиз қолган сўзига Нигоранинг жавоб қилишини кутар, «майли, совчи юборинг…» деган гап бўлса керак дерди. Автобусдан тушиб, Хадра майдонига чиқди. Бу тарихий майдон четига цирк тушгани, унинг чиройли қубба – гумбази юлдузлар оламидан учиб келиб, бу ерга қўнган афсонавий «тарелка»га ўхшарди. Қадимий майдон чуқурликлар қазиб, йўл қилингани, ҳамма ёққа кўча очиб, нарироқдаги Шайхонтоҳур мадрасасию дарбозаларни бузиб ташлаш – кечирилмас гуноҳ бўлди. Ҳабиб болалигида бу майдон орқали мактабга, институтга қатнади, бу ердаги ҳар бир тошу ҳар бир эшик унга таниш – Эски Жўва билан Хадра оралиғи Жанггоҳ – унинг ота-боболари юрган, ўсиб-унган, ҳам қувончу бахт, ҳам ҳасрату қайғу тортган, умрини ўтказган жойлардир. Бу майдонда у Аброр Ҳидоятовни кўрган. Лекин ҳозирга келиб, бу томонларни «обод» деб, Копенгагенга ўхшатиб қўйишди. Бир-бирига ўхшаган қути мисол уйлар, уйлар. Шайхонтоҳурда мадрасаю миноралар, шоиру мутафаккирлар қабри шу қути-бинолар тагида қолиб кетди. Э, худо! Тошкентликларнинг баъзилари бир-бирига қовушган, баъзилари бир-бирини ғажишга тайёр. Тошкентлик шоир Тавалло: «Симсиз бировлар сўйлашур, миллат ғамини ўйлашур, сизлар эса тўй-тўйлашиб, одам бўлолмайсиз ҳануз…» деган.
Роппа-роса соат еттида цирк зинапоялари ёнига гувиллаб келиб тўхтаган машинадан Нигора тушди, ўн беш қадамча нарида, одамлар ичида уни кутиб турган Ҳабиб бориб, севиклисини кутиб олди. Сочлари орқада қубба, оқ кўйлак устидан эркакча костюм кийган, келишган Нигора очиқ чеҳра билан Ҳабибга қўл узатди.
– Салом, жаноб! Куттириб қўймадимми?
– Асло! Кутган бўлсам, яхши, кўзим қора бўлади.
– Ха-ха-ха! Хафа бўлманг, қўйкўз бўлсангиз ҳам бизга ёқасиз.
– Ўтган сафар саволимга жавоб қилмадингиз: совчи юборайми? Нима дейсиз?
– Дарров саломдан кейин, «ҳа» ёки «йўқ» дейишим керакми? Мени циркка таклиф қилсангиз. Сиз йигитлар шунчалик шошасизларки, ҳаш-паш дегунча ҳамма нарса бўлса! Музқаймоқ деган эдингиз, қани? Музқаймоқ ўрнига совчи. Мана «ҳа» дедим, совчи юбораверинг. Аямларга ёқсангиз бўлди, адамлар мени бирор обком секретарига бермоқчи эдилар, қадимги феодаллар даврини такрорлаяпсиз, деб тоза кулдик. Аямлар, «ўша талантли жарроҳ ассистент йигитга бераман», дедилар. Яна нима керак сизга? Афанди топдингизми?
– Ҳа, – деди Ҳабиб Нигоранинг қўлидан ўпиб, – бу яхши гапларингиз учун одамлар бўлмаганда маҳкамроқ бағримга босардим.
– Вой, ана ҳайдовчимиз қараб турибди.
Ҳабиб Нигоранинг қўлларини қўйиб юборди.
– Бошқа қизларнинг ҳам қўлидан ўпасизми? – сўради Нигора сирли жилмайиб.
– Йўқ. Йигирма тўрт ёшимизгача романтик шоирларга ўхшаб ўзимизни хитой қоғозда сизга асраб келяпмиз.
– Ха-ха-ха! Хитой қоғозни очадиган вақт ҳам яқинлашяпти, конфет моғорлаб қолмаганмикан?
– Йўқ, моғорламаган, арчилмаган олмадек…
– Ха-ха-ха!
– Суви қочмаган, деса ҳам бўлади.
– Қани, юринг, билет олайлик! Анча алжишиб олдик, – деди Нигора Ҳабибнинг сал-пал ўтлаб кетаётганини фаҳмлаб. – Мени кўп кутиб қолмадингизми?
– Асло.
– Сизни тажангроқ деб эшитдим.
– Кимдан?
– Бу сир.
– Тажанглик ҳам бор. Шу денг… Афандини қўшнисининг эшаги думсиз бола туғибди. Афанди тажанг бўлиб, бир неча кун ухламай чиқибди. Хотини афандига нега бунча тажангсиз, деса, қўшнисининг эшаги думсиз бола туққанини айтибди. Шунга шунчами, деган экан, афанди: «Э, нодон, шу эшак катта бўлганида лойга ботиб қолса, қаеридан ушлаб тортаман!» дермиш.
– Ха-ха-ха-ха!
– Цирк зали баъзан одамга тўлмаганда, ҳозир баъзи театрлар ҳам шундай қилишади, руҳий касаллар клиникасига ҳам билет сотиб, зални тўлдиришар экан. Ўйин тугагач, қизилга бўялган эшиклар оқариб қолар эмиш. Ҳайрон бўлишибди. Кейин билишса, келган «томошабинлар» эшикни пишган деб ялаб кетишар экан. Эшикларни кўкка бўяшибди. Кейинги келишганда «ҳали хом» деб ялаб кетишмабди.
– Ха-ха-ха, – Нигора чақнаб кетди. – Энди юринг, пишган музқаймоқ ялаймиз.
– Бу ердагилар пишмаган, кўк музқаймоқ.
– Биз унақасини ҳам, бунақасини ҳам ялайверамиз.
Ўн бешта кам саккизда улар цирк биносига киришди, фойеларда, буфет атрофида у ёқ бу ёқни айланиб, ўз жойларига – ўрта қаторлардан бирига киришди. Ҳабиб отларнинг тупроқни чангитиб югуришлари, масхарабозларнинг ҳадеб олдинги қаторга муомала қилаверишларидан холироқ – ўртароқдан жой олган эди.
Цирк ўйинлари бошланиб кетди, кексайган бир хотин каламушдан сал каттароқ иркит бир кучукчани олиб чиқиб, дам икки оёқда турғазиб, дам ўзининг бути орасидан ўтказиб, шу тариқа ўйин кўрсата бошлади.
– Во-о-й, бу жонга теккан номер-ку! – деди Нигора елкасини Ҳабибнинг елкасига теккизиб. У эркаланиб Ҳабибга суянар, Ҳабиб унинг қўлларини ушлаб олганди. – Йўлбарслар, арслонлар қачон чиқади? Бунақа лайчаларни эргаштириб юрган хотинларни кўрсам, кўнглим озади.
Мумдай эриб, ўзлигини унутиб ўтирган Ҳабиб ўйлаб ўтирмай жавоб қилди:
– Ҳали йўлбарслар, арслонлар, маймунлар, балки филу аждарлар чиқади.
– Программада улар йўқ, Ҳабиб ака, – деди Ҳабибнинг юзига юзини яқин олиб бориб.
Шундан сўнг, масхарабозлар чиқиб, сал қизитди. Думи ва пешонасига номер илинган эшак – ИШ-204 га миниб чиққан масхарабоз Акрам қизиқ ўзбекча, русча сўзларни аралаш қилиб, кўпроқ ўзбекча урғу билан тутилмаган сўзларни айтиб, одамларни обдан кулдирди. Ундан сўнг қорабайир – булутга сакрайман дейдиган отларда чиққан Тошкенбоевларнинг чиқиши жамоа диққатини жалб этди. «Энди томоша бошланди», деб эркаланди Нигора. Ҳабиб Нигоранинг мамнун бўлиб, диққат билан ўйинни кузатаётганидан хурсанд эди. Уларнинг атрофида ўтирган баъзилар икки севишган юракнинг бир-бирларига бўлаётган сирли нигоҳлари, эркаланиш, баъзан кулги-ю, баъзан жиддий «катта масалани ҳал қилишлари» ён-атрофда ўтирган томошабинларга ҳам сезиларди. Циркда фақат улар бордек, ҳам улар учун бўлаётгандек, икки ёш дунё ва одамлар билан ишлари йўқ, бир-бирларига суянган, бир-бирларига тўймай, ғоятда мамнун ўтиришарди.
Танаффус бўлиб, улар яна «пишган қизил музқаймоқ» яламоқ мақсадида цирк фойесига чиқишди. Буфетлар обод, одам кўп, турли сувлар, ширинликлар тўлиб ётибди. Атрофда уларни кимлардир кузатаётганини Ҳабиб баъзан сезгандек бўларди, аммо Нигоранинг ёнида нотаниш кимсаларга ҳадеб қарайвериш одобдан эмас, албатта. Қўнғироқ чалиниб, томошабинлар ичкарига таклиф этилди. Ҳабиб билан Нигора ўз жойларига келиб ўтиришди. Ён-атрофдагилар ҳам жой-жойларига ўтириб, жойлар тўлиб, залда тартиб пайдо бўлганда, қандайдир бир келишган, сочлари қирқилган, яхши кийиниб, кўзларига ҳозир мода бўлган – ойнаси садаф кўзойнак таққан бир жувон Ҳабибнинг ёнига келиб, у билан қуюқ саломлашди, қўлларини сиқиб, кўриша кетди. Ҳабиб ўрнидан туришини ҳам, турмаслигини ҳам билмасди. Ёш, келишган жувон Нигорага орқасини ўгириб, Ҳабибга хушомад қилиб, «Ҳабиб ака» деган гапларни такрор-такрор айтар, уларнинг ёнидан кетмасди. Нигоранинг бирдан руҳи тушиб, кулгилари, чақнашлари сўнди. «Ҳабиб ака, бизникига келинг, институтда ишларингиз кўпми, нега келмай кетдингиз?» дерди ёш жувон. Ҳабиб бўлса ранги оқариб, гаплари қовушмай, титраб, «Хўп-хўп, борамиз…» дерди-ю, унинг тезроқ кетишини истарди.
Ҳабиб ёнида ўтирган Нигоранинг шалвираб, бир замбил бўлиб қолганини ҳам сезди. Бу ярамас атайин келиб, шу иғвони қилаётганини, ичи куйиб, ўртага совуқчилик солиш мақсадида бу «илиқ мулоқот»ни чўзаётганини шундоқ пайқаб турарди-ю, аммо, «йўқол, бу ердан, менинг сен билан гаплашадиган гапим йўқ!» деёлмасди. Унинг дами ичида, Нигора ёнида мулзам бўлиб қолди. Бу фалокат қаердан пайдо бўлди, деб ўйлади. Аяган кўзга чўп тушар, бу суюқоёқнинг пайдо бўлиб қолганига ҳайрон эди. Уч эрга тегиб, учаловини ҳам бирин-кетин ўлдирган бу жувон кутилмаган жойда пайдо бўлиб қолгани, айниқса бугун… Уни жин-ажинага ҳам ўхшатди. «Хўп, хайр, Ҳабибжон ака, албатта келинг…» деб, жувон қатордан чиқиб, ўз дугоналари ёнига кетди. Тирик мурда бўлиб ўтирган Нигора жиддий бир тусда Ҳабибдан сўради:
– Бу ким?
– Фатхуллохўжа деган ошнамнинг синглиси, оти – Пошшахон.
– Юринг, чиқиб кетамиз бу ердан!
– Нега?
– Ўтиргим келмаяпти. Мен турдим, – Нигора ўрнидан қўзғалиб, ташқарига чиқиб кета бошлади. Унинг орқасидан Ҳабиб ҳам қўзғалиб, кетма-кет залдан чиқиб кетишди. Бу совуқ манзарани Пошшахон узоқдан кузатиб турган эди. Ҳабиб у томонга бир қараб қўйди-да, ичида сўкиб қўйди. Пошшахон ўтирган жойида «бопладимми?» дегандек бўларди. Ичи куйиб, ғазаб алангасида ёнаётган Нигорага бу келишган нотаниш жувоннинг қилиқлари Ҳабибнинг у билан қачонлардир ошиқ-маъшуқ бўлганларини англатар, бу ҳолат эса Нигоранинг кўзига дунёни қоронғи қилиб юборди. Ҳабибнинг иккиюзламачи шахс экани, гаплари ёлғон, нокас бир кимса экани маълум бўлиб қолди. Йигирма беш ёшгача шундай юрмаганини, эҳтимол, қанча жувонлар ошиқ-маъшуқ ўйлаб, бир лаҳзада юрагида унга нисбатан нафрат пайдо бўлди.
Цирк биносидан ташқарига чиқишгач, Нигора бу ерда қатор турган машиналар орасида 10 ТНА, кумуш рангли «Волга» машинани таниб, Ҳабибга «хайр» ишорасини қилди.
– Сизга нима бўлди? – деди Ҳабиб Нигоранинг йўлини тўсиб. – У… ўртоғимнинг синглиси. Баъзилар шунақа! Ғаши келганидан шундай пасткашлик қилди. Тарбияли инсон бўлса, шундай қилармиди? Менинг гуноҳим йўқ, унинг иғвосига ишонманг!
– Хайр! – деди Нигора алам ичида Ҳабибнинг юзига бир қараб. Кейин индамай машина томон юрди, Ҳабибнинг иккинчи, учинчи бор ялиниб, илтимос қилганига ҳам қарамай, машина эшигини очди-да, кириб, яна қарс этиб ёпди. Машина ғизиллаганча жўнади.
Ҳабиб боягина Нигорани кутиб олган бу зинапоялар устида ғазаб алангасида ёниб, тошга айланган одамдай лол қотди.
Эндиги ҳикоя гарчанд икки ёш муҳаббатига алоқасиздек кўрингани билан воқеалар ривожи-ю, келгуси ишларда номлари зикр этилмиш кимсалар қисматида муҳим ҳужжат сифатида касб этади.
Бешинчи ҳикоя
ВАСИЯТ
Оғир дарднинг дўзахий оташида баъзан кекса ота, баъзан мушфиқ она видолашмоқ фурсатида фарзандларига васият қилишни унутадилар, дард бунга йўл бермайди. Албатта, бу инсоний тафаккурнинг ожизлиги эмас. Кўплар ногаҳоний юрак дарди билан бу дунёни тарк этадилар, бундай оний видолашувда васият қилмоқликка мутлақо вақт қолмайди. Аммо бу икки даҳшатли ҳолатни ҳам енга оладиган, устун кела оладиган, ҳам ирода, ҳам заковатда беназир кексалар ҳам кўп, улар видою рози-ризоликни ҳам, васиятни ҳам унутмайдилар, гўё ёруғ дунё ишларини мухтасар этиб, муҳаққақ тобутда хотиржам оёқ узатиб кетадилар. Бу мислсиз олижанобликдирки, орқада қоладиган фарзандлар қалбини пок сақлайди, келгуси узоқ умрларига тамал бағишлайди…
Анча йиллар илгари Тошкентнинг қадимий Чиғатой даҳасида ноҳия Ижроия қўмитасининг раиси Муслим Вакилов устидан ғаразли шикоят хати тушиб, бу анча асаббузарлигу, анча шов-шувга сабаб бўлди… У Шаҳидон тепа маҳалласида турадиган акасининг қазосида бошида дўппи, устига кўк тўн, белини боғлаб ҳассакаш бўлиб турганди. Баъзи «жаҳолатга муккасидан кетган одамлар тиловат қилиб, юзларига фотиҳа тортганларида, Вакилов ҳам фотиҳа ўқибди… Исполком раиси коммунист Вакилов фотиҳа ўқиши, жанозада туриши мумкинми?! Ёнида партбилет бўла туриб, диндорлар ичида ўтириши иккиюзламачилик эмасми?! Бу шахс раисликка номуносиб, орамизга суқилиб кириб олган, кимлиги номаълум шахсдир!» деб ёзибди. Ёзган одамнинг номи Миёнхўжа бўлиб, Вакиловнинг қазо қилган акасининг маҳалласидан экан. У кун бўйи Исполком раисини мижжа қоқмай, ҳушёр кузатиб юрибди; раис қабристондан қайтиб келиб, ҳовлида бўлган фотиҳахонликда ҳам бош эгиб, юзига фотиҳа тортибди… «Бундай иккиюзламачи одам қандай қилиб Совет ташкилотида ишлаши мумкин!» деб ҳукумат аъзоларига кескин мурожаат этибди. Бу хатдан аввал тегишли жойларга ҳам хабар етказган экан; у идоралар ҳам Миёнхўжа етказган хабарни раҳбар ташкилотларига етказиб, тезда Вакиловнинг чорасини кўринглар, бу сигнални оқибатсиз қолдириб бўлмайди, дейишибди. 1937 йилда одамлар устидан кўп ёзиб, ҳозир ёзмаса қўли қичийдиган бўлиб қолган Миёнхўжа (баъзан у яширин тахаллус билан ёзади) мана шунга ўхшаган «воқеаларни…», «аксилларни…» қидириб юрарди. У ўз божаси устидан ҳам тегишли жойга ёзиб, анча алғов-далғов бўлгани маҳалла аҳлига маълум.
«Вакилов қабристонга шийпон солди. Бу нимага керак ва нима сабабдан? Бу шийпонда имом ўтириб, Қуръон тиловат этиши кўзда тутилган. Раҳбар бўлатуриб, қабристонга шийпон қурдирганини қандай баҳолаш керак?!»
Вакилов Миёнхўжани танимасди-ю, аммо Ҳофизи Куйкий маҳалласида шунга ўхшаган бир кимса бор эди, ундан биргина Вакилов эмас, деярли ҳамма эҳтиёт бўларди. Тўғрироғи, ҳазар қиларди… Дарҳақиқат, Вакилов бир таъзияда ҳовлида, ошдан кейин кўпчилик қатори қўлини фотиҳага очиб, юзига яқинлаштираётганда рўпарада ўтирган ўша кимсага кўзи тушиб, дарҳол қўлини пастга туширган, гўё лабига қўнган пашшани ҳайдамоқчи бўлган эди.
Ўша вақтда бу ишни текшириш вилоят Ижроия қўмитаси аъзоси Зулфиқоров бошлиқ комиссияга топширилиб, юқори мартабали бир аёл Вакиловни ҳаддан зиёд қийнаган эди. Унинг ишдан бекор бўлиши у ёқда турсин, партия сафидан ўчирилиши ҳам аниқ бўлиб қолганди. Бунинг устига қон босими баланд Вакилов юрак дардига ҳам мубтало бўлган эди. Инфаркт бўлиб ўлсам ўлай, ишқилиб, партия сафидан ўчиришмасин, деб бечора Вакилов ухламай тонг оттириб чиқарди. Бу воқеаларга лоқайд қараб туришга Зулфиқоровнинг виждони йўл бермай, мамлакат ҳимоясида қон кечиб келган бир фронтчи кишини ҳимоя қилди. Лекин жангари макиён – раҳбарлик ишда ўтирган, ахлоқий суст бўлса ҳам атрофдагилар миқ этмаётган бир аёл раҳбар «жаҳолат ва динга муккасидан кетган» ижроқўм раисини партия сафидан ўчириб, ишдан олмоқчи бўлди. Бу ишнинг ҳам илдизи чуқур – иғвогарнинг хотини мансабдор аёлнинг қон-қариндоши эди. У Вакилов устидан ҳужжатлар тўплаттирди, маҳаллага одам юборди, таржимаи ҳолидан хато излади ва ҳатто партия бадалини тўғри тўламаяпти деб, бухгалтерларга хат ёздирди. Қандай бўлмасин, уни супуриб ташлашнинг кетига тушди. «Миллий тилимиз ва миллий либослар ҳам фахримиз…» деган гапини ҳам қайси бир стенограммадан топиб, Вакиловга сиёсий айб, «миллат»чи деган бўҳтонни ҳам ёпиштирди. Бўлаётган «ҳангома»га мундоқ разм солган Вакилов ўзининг паймонаси тўлганини, бу жангари мансабдор хотин қўлидан омон чиқмоқ амримаҳол эканини фаҳмлади. Гап бу хотинда ҳам эмас, эҳтимол, менга ўхшаган баъзи «ўзбек»лар ҳозирги даврда қурбон қилиниши керакдир, деди ўзига ўзи. Ахир 1937 йили ҳар бир шаҳар, ҳар бир районга мунчадан «Халқ душмани» топиб берасизлар, деган буйруқ келган-ку! Юқорида яна шунга ўхшаган махфий буйруқ бордир, эҳтимол, Октябрь райони бўйича бир қанча «миллатчи»лар топиш керакдир, бу районда ўзбеклар тиғиз. Ахир бу катта район, ҳар хил одамлар кўп, эҳтимол, шу «разнарядка»га Вакилов ҳам тушгандир… Бўрсиб, кўкариб кетган Вакилов бир ой касалхонада ётиб чиқди, йўқ, «мансабдор раҳбар хотин» уни яна жиддийроқ «текшира бошлади», кирай деса ер қаттиқ, учай деса осмон узоқ…
Таъқибга учрайверса, табиийки, айбсиз киши ҳам ўзини айбдордек ҳисоблай бошлайди, руҳи сўниб, илон авраган чумчуқдек пириллаб келиб, унинг оғзига кириб кетар экан. Бир куни ўғли билан машинада Қодирия гидростанциясидан кела туриб, Тоштурма дарвозаси ёнидан ўтишди – у негадир турма дарвозасига тикилиб, юраги шиғиллаб кетди. Чумчуқ мисол шу дарвоза ичига кириб кетадиганга ўхшади.
– Дада, чарчадингизми? Нега юзингиз оқариб, титраяпсиз?
– Йўқ, ўғлим, чарчаганим йўқ. Кейинги пайтда машинада юрсам, кўнглим беҳузур бўляпти. Бу нимадан эканини билмаётирман.
– Анави туҳматчини кўп ўйлаяпсиз, – деди ўғли. – Ўйламанг! Сиз фронтчисиз, ҳалол одамсиз, нимасидан қўрқасиз? Ўша Миёнхўжа деган одам Улуғ Ватан уруши йилларида қочиб юрган кимса экан. Энди зўравон бўлиб чиқдими? Совет ҳукуматимиз барқарор! Суриштирдим, жуда ифлос одам, маҳалласи яхши билар экан.
– Сен аралаша, ўғлим! Бу номни сенга онанг айтиб қўйганга ўхшайди! Эсингдан чиқар, ишинг бўлмасин! Ҳали менинг бу иғвогар билан ҳам, юқорида ўтирган баъзилар билан ҳам курашишга қувватим етади!
Кўп ўтмай Вакиловни комиссия чақирди. Кенг кабинетда, усти мошранг мовут стол юқорисида ўтирган комиссия раиси Зулфиқоров қоғозларни обдан титкилаб бўлгач, Вакиловга тикилиб, бир нечта савол берди:
– Миёнхўжа деган шахсни танийсизми?
– Йўқ.
– Қайси маҳаллада турасиз?
– Ҳофизи Куйкий маҳалласида.
– Қўшниларингизда шундоқ одам йўқми?
– Йўқ.
– Наҳотки, юмалоқ хат бўлса бу. Ўз фамилиясини очиқ ёзган-ку!
– Ким экан?
– Миёнхўжа…
– Танимайман! Бунақа одамни эшитмаганман ҳам.
– Шу одам изингизга тушиб, ёнингизда юрган, – деди Зулфиқоров, – ҳамма нарсадан воқиф. Наҳотки, сиздек фронтчи кимса шу даражада бефарқ бўлиб қолгансиз.
– Билмайман, билмайман.
– Ичмайсизми?
– Йўғ-э, ўртоқ Зулфиқоров, юрак чатоқроқ.
– Ҳушёр бўлиш керак! Фронтда разведкачи бўлганман, дебсиз таржимаи ҳолингизда. Наҳотки, изингиздан тушган ярамасни билмасангиз! Кўзингизни шира босиб қолдимикан? Яхши эмас, яхши эмас!
– Гапингиз тўғри. Кўпларимиз хотиржамликка тушиб қолдик. Ичадиганлар ҳам бор. Фашист мессершмитларини уриб туширган бир қаҳрамон учувчи, урушдан кейин бир куни ўз қишлоғида, ошнаси эшигини тақиллатган экан, ҳовлидан лайча чиқиб, вовуллаб, даф қилибди. Қаҳрамон лўкиллаб қочибди. Буни кўрган одамлар учувчидан кулиб: «Осмонда йиртқич самолётларни қувган одам шу бир лайча кучукдан қочадими?» дейишган экан, у дебдики: «Бу ўзимизнинг лайча, қўрқиб қочмай иложим йўқ». Ўзимизнинг иғвогар ҳам жуда ёмон, изидан ҳам қочмай иложим йўқ. Чет эллик шунақалар бўлса, унда бошқа гап эди, қўрқмасдим. Аммо ўзимизники ёмон бўлади, қўрқаман, дебди.
Зулфиқоров кулди.
Комиссия раиси Зулфиқоров Вакиловга хусумат туфайли айб тақалаётганини, баъзилар Миёнхўжа «патентлик иғвогар» эканини, бундай қабиҳ ишларни кўп қилиб юргани ҳам оммага сезилиб қолди. Юқори мартабада ўтирган, Миёнхўжага ўхшаганларни қўллаб-қувватлаётган кишининг иши эканини сезиб олиб, унинг ўқларига қалқон бўлди. Ниҳоятда ҳушёрлик ва дадиллик билан олиб бораётган иши – бошига дўппи, устига беқасам тўн кийиб, ўзбекча исм ниқобига кириб олиб, кўзга ташланмайдиган ҳолда маҳаллий халқ заволига ишлаётган кимсаларнинг башараси очила бошлади. «Миллатчи» деб юзига қоракуя суришликдан ҳам чўчимади, туҳматга бир ватандошини ем қилиб юбормади, уни оқлади. «Агар Вакиловдек ҳалол одамнинг битта тукини хам қилсанглар рози бўлмайман! Бу очиқдан очиқ туҳмат!..» деди Зулфиқоров комиссия аъзоларига қатъий туриб.
Вакилов партия сафида қолди. Илгаригидек ўз вазифасини ҳам бажараверди. Баъзилар бу қарорни эшитиб, Зулфиқоровнинг ортидан «ҳап, саними!» деб қўйди. Зулфиқоров ҳам анойи эмас, бошига гурзи тушишини биларди; «қичийдиган ерини олдиндан қашлаб қўядиган Зулфиқоров» … (Ошналари ҳазил қилиб бу гапни унга тақашарди) ўша баланд мартабадаги аёлнинг сирли ишларини билиб, эски латтага тугиб қўйган эди.
Туҳмат балосидан қутулган Вакилов бу галги биринчи май байрамида янги костюмига неча йиллардан буён тақмай, сандиқда, целлофан халтага солиб, эҳтиёт қилиб олиб қўйгани барча орден ва медалларини: «Жанговар Қизил байроқ», «Ватан уруши», икки «Қизил Юлдуз» орденлари, «Жасурлиги учун» медали ва бошқа ўнга яқин медалларини жаранглатиб тақди. Костюмни кийиб, ойнага қараса кўкси батамом тўлибди – Брежнев бобонинг ўзи! У мийиғида кулди. Тақилмаган мукофотларининг баъзилари илгаригидай ярқирарди, баъзилари сал-пал занглай бошлабди. Ўғли, қизи, айниқса невараси – бобонинг эрталаб жангир-жунгир бўлиб чиққанидан қувондилар. Ҳеч маҳал бу хонадонда бугунгидай шоду хуррамлик бўлмаган эди. Раис бир қултум коньяк ҳам ютиб олдилар. Қизариб, дадиллашиб, неварани етаклаб кўчага чиқиб кетишди. Хотини, болалари, жин кўчадаги эшикдан мўралаб турган хотинлар ижроқўм раисига ҳайрат билан тикилишиб, жилмайишди. Туҳмат ишидан қутулиб, баҳор байрамига чиққан раиснинг бу хурсандчилиги унинг юзларида зоҳир эди. Бу кайфичоғликка кўзи тушган йўлидаги барча кишиларнинг ҳам кайфи чоғ бўлиб, кишилар бир-бирларига табассум қилишарди. Раис бобо байрам тантанасидан неварани хурсанд этиб, қўлига пуфагу ширинликлар олиб бериб, уйга қайтиб келди.
Эртасига ширин невара яна бувани ниқтаб, байрамга чиқишга, орденларини тақишга ундади. Бола бувасининг ғашига тегиш учун ганжина айвон ойнасини тирноқлари билан тимдалаб, ғирчиллатарди. Бобо индамади. Ундан сўнг учи синган қаламни дафтарга ишқалаб «ёза бошлади». Бундан чиққан ғирчиллаган овозни ҳам бобо ёқтирмай, дарҳол неваранинг қўлини ушларди. Бу гал ҳам бобо чидаб, кўрмаганга, эшитмаётганга солди ўзини. Шундан кейин невара югуриб бориб токчадаги довуччани олиб, буваси рўпарасига келиб, қарсиллатиб чайнай бошлади. Бобо бунга ҳам чидади, индамай ишини қилаверди. Шу тариқа «жанг» давом эта бошлади. «Енгилган» невара рогаткасини олиб, кўчага чиқиб кетаётган эди, бобо китобдан бошини кўтариб, орқасидан мурожаат этди:
– Бўпти, келишдик. Сени олиб бораман, – бола кетаётган жойида тўхтади. Чунки у ҳозироқ чиқиб, Омон полвонлар деразасини чил-чил қилиб келиши аниқ эди…
Лекин шу куни ярим кечада Вакилов юрагида санчиқ пайдо бўлиб, безовталана бошлади. «Тез ёрдам» чақиришди, врач укол қилиб, тепасида ўтирди. Азонга яқин уни машинада касалхонага олиб кетишди. Реанимацияга ётқизишди. Ўғлию хотини тепасидан кетмади… Беҳол ётган Вакилов шивирлагандек секин ўғлига қайрилиб боқиб, бир неча сўз деди: «Ойингларга яхши қарагин, ҳамма оғирчилигимни ўзимдек елкасида кўтарди. Ҳаммангиздан розиман, мингдан минг розиман… Биров қилган яхшиликни ҳеч қачон унутма, қарзни вақтида тўла. Зулфиқоров яхши одам экан, саломимни айтиб қўй. Айтадиган гапим шу». Унинг қақроқ лаблари шаҳодат калимасини пичирлади.
Ўғил кўзида ёш билан отанинг рўпарасида бошини солиб ўтирарди.
Шу куни кечга яқин район ижроқўмининг раиси Вакиловнинг жони узилди. Одамзод шу, қанча югуриб елмасин, охири бир куни, бу дунёдан ўтиб кетаверади…
Олтинчи ҳикоя
ЧЎМИЛИШ
Дариғо, чечакдек бевафосен…
Хоразмий– Эй! Ҳелло! Господин! Биз бу ерда! Келинг! – ғоятда кайфичоғликдан чақнаб турган Нигора ҳайдовчи йигитга мурожаат этди. Кейин ёнидаги дугоналарига қаради: «Господин» ўзбекчада нима дейиларди?
– Хўжайин, – деди қаддини таранг тутиб, чиройли орқасини кўрсатиб турган капалак кўзойнакли Сунбула олуча лабларини кувача қилиб.
– Йў-ўқ! Бошқача! – деди Нигора эркаланиб. – Мамам папамни шундай чақиради. Эҳ, какой-то бир архаик сўз бор эди! Нима эди ўша, мия ишламаяпти.
– «Эгам…» – деди ўзига унча ишонмай оппоқ тишларини кўрсатиб Маъсума. У билағон таржимондай дугоналарига маъноли қаради. – «Э-гам…»
– Йў-ўқ! – томоғини тақиллатди Нигора. – Не то!
– Месье, деб қўя қолайлик! Шуни ҳам ўйлаб ўтирамизми? Шунга ҳам ақл ишлатиш керакми? Ҳозир ҳеч ким ўзбекча гаплашмайди!
– Ўзбекча гаплашмасак ҳам бу сўзни билиш керак! Анави ҳайдовчи қизиқ одам, ўзбекча гапирмасам жаҳли чиқади. Жаҳли чиқиши у ёқда турсин, уриб юборай дейди. Рулда унинг ғазабини қўзғаш керак эмас! Қара, шу замонда шундоқ қолоқ одамлар ҳам бор-а, ўзбек тили, қозоқ тили, тожик тили… кимга керак? Наука бу тилда эмас! Экзамен бу тилда эмас! Лекция бу тилда эмас! Ҳамма вивескалар бу тилда эмас. Профессоримиз неча бор айтди, фақат чойхоналарда пенсионер ўзбеклар бу тилда гаплашади! Майли, гаплашаверишсин. Биз, йигирманчи аср кишиларимиз, компьютер, шоу, джаз… Лекин мана бу янги ҳайдовчимиз ғалати одам. Тушунмайман! Қаланғи-қасанғилар кўпайиб кетяпти. Ҳей, ҳелло!
– «Господин» «жаноб» дегани, тушундингизми? – деди ёнгинасида турган ўша дўппили ҳайдовчи йигит ранги оқариб. – Ўзбек тилида «господин» «жаноб» дейилади. Мен «жаноб» эмасман! Гапни бўтқа қилманг! Худо хайрингларни берсин! Одам хафа бўлиб кетаркан! Дадангиз, аянгиз қандай яхши одамлар! Бўтқа қилиб гапирган билан киши ақлли бўлиб қолармиди?! Шундай ақлли қизлар ўзини ўзи танимай, янглишиб юрса, хафа бўлиб кетар экансан, киши!
– Э, сиз бу ердамидингиз, жаноб!
– Ҳа, ёнингизда турибман, Нигорахон. Мен сизга ўргатмоқчи эмасман, сизлар ўқимишли қизларсиз. Аммо тилни булғаш яхши эмас! Бундан ташқари, ҳозир милодий ҳисоб билан йигирманчи аср, аммо ҳижрий ҳисоб билан ўн тўртинчи аср… Дунёда битта милодий йил эмас, ахир! Вьетнамда бошқача…
– Кечирасиз, ту-шун-дик… Друзья, давайте будем жить дружно!
– Ха-ха-ха-ха-ха-а!..
– Ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-и!…
– Ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-е!..
Чуғурчуқдек чуғуллашаётган қизлар бирдан жим бўлиб қолишди. Ҳозир машинага тушиш илинжида у билан тўқнашувга бормай келишишгандай бўлишди.
– Марҳамат, машинага чиқинглар! – деди ҳайдовчи йигит.
Қизлар эркаланиб, ҳайдовчининг кетидан бориб, нарироқда турган кумушранг машина эшикларини очиб, ичкарига киришди. Бу Нигоранинг адасига бириктирилган идора машинаси эди. Нигора ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Улар яна илгаригидай шивирлашиб ўзбек сўзларини «мошхўрда» қилиб бир-бирлари билан гаплаша кетишди.