bannerbanner
Худоёрхоннинг сўнгги кунлари
Худоёрхоннинг сўнгги кунлари

Полная версия

Худоёрхоннинг сўнгги кунлари

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
4 из 4

Кўп ўтмай Шералихон катта тантана билан пойтахтга кириб келади. Ва “Жаҳонаро” саройидагитахтга ўтиради. Шуни таъкидлаш керакки, Қўқондаги ҳозирги Ўрда ўрнида Саййид Муҳаммад Умархон қурдирган “Заррин сарой” дея номланган хонлар қароргоҳи савлат тўкиб турган. Аммо 1842 йилги Қўқон – Бухоро урушида бу Ўрда батамом вайрон этилган. Натижада “Жаҳонаро” саройи хон қароргоҳи этиб белгиланган.

Бу орада Қўқоннинг яна қўлдан чиққани хабарини эшитиб ғазаб отига минган Насрулло катта қўшин билан Фарғона сарҳадлари сари қайта юриш бошлайди. Шерали ҳам ўз навбатида мамлакат мудофаасига пухта ҳозирлик кўради. Айрим тарихчиларнинг маълумотларига кўра ўша маҳалгача ҳам Қўқон шаҳри атрофи ҳар тарафлама мукаммал мудофаа девори билан тўлиқ ўралмаган экан. Тўғри, Абдулкаримбий даврида шаҳарни қалин ва мустаҳкам девор билан ўрашга киришилганди. Бироқ шу орада Қўқонга қалмоқ қабилалари ҳужум қилишган ҳамда девор қурилиши тўхтаган эди. Қалмоқлар ҳатто мавжуд деворларни ҳам ер билан битта қилишган. Шуниси ажаб-ланарлики, бу воқеадан сўнг ҳам бу соҳага бирорта хон эътибор қаратмади. Қўқон ҳукмдорлари орасида энг узоқ вақт ҳукм сурган пишиқ-пухта, иқтидорли саркарда Норбўтабий ҳам, унинг издошлари – Қўқон хонлиги чегараларини олис шимолга кенгайтирган Олимхон ҳам, маърифатпарвар Умархон ҳам, унинг ўғли шаҳид Муҳаммад Алихон даврларида ҳам шаҳарни мудофаа деворлари билан ўраб олишга киришмадилар. Бухоро қўшини ҳужуми маҳали айнан девор йўқлиги боис шаҳарнинг тез забт этилиши янги ҳукмдор ва унинг аъёнлари кўзини очди. Жаҳонгирмирзо, Юсуфмингбоши, Отабек ноиб каби кўпни кўрган тажрибали аъёнлар маслаҳати билан халққа бегор, яъни ҳашар эълон қилинди. Бегорда мавжуд муҳитнинг етти ёшдан етмиш ёшгача барча яроқли кишилари ва ҳатто аёллар ҳам қатнашуви шарт эди. Бегор иштирокчиларига ҳақ тўланмас, лекин озиқ-овқатларини ҳукумат кўтарарди. Кечагина Насрулло ҳужумини бошидан кечирган, унинг даҳшатли оқибатларини кўрган Қўқон аҳли ўзини аямасдан девор қуришга жон-жаҳди билан киришди. Таъкидлаш керакки, қалъа девори қурилиши ниҳоятда шиддат ва қаттиққўллик билан олиб борилди. Халқнинг бу ишга қанчалик қаттиқ киришганлиги шундайки, тарихчилар ҳомиладор бир аёлнинг деворга лой узатаётиб, туғиб юборганлигини ҳикоя қиладилар. Умумий узунлиги ҳозирги мезонларда деярли ўн саккиз чақирим бўлган баланд ва эни кенг девор жуда қисқа фурсатларда қуриб битказилди.

Шералихон шаҳарнинг марказий қисмини ўраб олиш билан чекланмади. Бўлгуси девор шаҳар аҳолиси сонининг ўсиб боришини кўзлаб барпо этилиши, унда шунингдек, агар душман шаҳарни узоқ муддат қамал қилгудек бўлса, шаҳар аҳли озиқ-овқатни таъминлаш учун экин ерлари қолдириш ва ҳатто чорва моллари учун… яйловлар ўрнини белгилаш ҳам назардан қочмаган эди! Янги девор бўйлаб шаҳарнинг ўн иккита дарвозаси қурилиши, Чорсудан барча дарвозаларга олиб борадиган йўллар барпо этилиши, аҳоли уй-жойлари эса ана шу йўллар ёқаларида қад ростлаши лозим эди. Ўша давр мезонлари ва ажратилган фурсат юзасидан бу жуда улкан қурилиш ҳисобланарди. Шу боис ҳам кейинчалик Қўқон шаҳри нафақат ҳашаматли мадраса-мачитлари, балки кенг кўламли янги боғ-роғ, экинзорларга бой далалари билан ҳам шуҳрат топган эди.

* * *

Қўқонни қамал қилган Насрулло қанча пишқириб, юзлаб одам қурбон бериб уринмасин уни ололмади. Аксинча, Шералихон Насруллога қақшатқич зарба беради. Ўша давр манбаларининг хабарига кўра, шаҳар ташқарисидаги жанглар маҳали Шер-алининг ўзи майдонда от суриб душманга шердек ҳамла қилади. Хоннинг шахсий жасоратидан руҳланган йигитлар Бухоро аскарларига ташланиб, уларни тум-тарақай қилиб юборишади. Айтишларича, Насрулло сарбозлари Бешариққача тўхтамай қочиб борганлар. Халқ янги хоннинг шижоатига тан беради. “Хонимиз ўз номига муносиб, асл шер экан” деган овоза Фарғона водийсининг шаҳар-қишлоқлари, дашту далалари бўйлаб таралади. Ёв мамлакат ҳудудидан қувиб чиқарилгач, энди Қўқондаги хон ўрдасида Шералининг шоҳона ҳаёти бошланди. Аммо юртга душман бостириб кирганда шердек мард, қўрқмас Шерали, тинч шароитда мамлакатни идора қилишга лаёқатсиз бўлиб чиқди. Зеро, бутун онгли ҳаёти, ёшлигини мусаффо тоғ яйловларида, содда, мард, муғамбирлик нималигини билмайдиган одамлар орасида ўтказган Шералихон пойтахтдаги фитна-ғавғолар, турли алдов, макр-ҳийлалар билан тўла ҳаётни тушунмасди. Дала-даштлар, жанг майдонида ўзини эркин сезган бу одам сарой ҳушомадгўйларининг ҳамду санолари, хон сифатида шахсига тегишли ҳуқуқ ва афзалликлардан ўзини йўқотди. Бунинг устига ўрданинг иш кўрган, ғаразгўй, туллак мулозимлари орасида содда хонни айшу ишратга, ичкилик базмларига ундовчилар кўп эди. Бундай нафс бандалари хонга ёқиш учун ҳарамни янги-янги, бири-биридан соҳибжамол канизаклар билан тўлдиришга тушдилар. Бетиним айшу ишрат асл тоғ йигитини тезда бузди. Янги хон теварагида теран фикрли, доно ва жасур кишилардан кўра хонга ёқиш йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган ғаламислар кўпая бошлади. Шералихоннинг яна бир заиф жойи унинг ўта кўнгилчанлиги эди. Янги хон жиноятчи ва сотқинларни қаттиқ жазолаш керак бўлса-да, ўлимга ҳукм этиб юбораверишга ботинмасди. Масалан, асл раҳмдил бу одам Қўқон–Бухоро урушида Амир Насруллога сотилиб, юртга хиёнат қилган Машариф оталиқ ва Абдулла Али қўлга тушганда, уларни зиндонга солиш билан кифояланади. Ҳолбуки, асли Шералини хон қилган Юсуф мингбоши “Сотқинлар қатл этилиши даркор, чунки бу қолганларга сабоқ. Иккинчидан бу хиёнаткорлар эртага зиндондан қочиб, янги фитна, уруш бошламаслигига яна ким кафолат беради?!” дея қаттиқ турса-да, хон бу маслаҳатга кирмади. Кўп ўтмай Олимхоннинг тирик қолган ўғли Оталиқхон исён кўтаради. Шералихон бу тахтталаб шаҳзоданинг исёнини бостириб, ўзини асир олади-ю, бироқ амакиваччасини ўлдирмайди. Ҳолбуки, ўша давр муҳитида қаттиққўл бўлмаган подшо аъёнлар назарида бўш-баёв ҳисобланарди. Бундай хонни беку бийлар чин дилдан ҳурмат қилишмас эдилар. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Орадан бир йил ҳам ўтмай Қўқон корчалонлари суҳбатларида беклар орасида “хон бўш экан,” “шер эмас, атала-ку бу!” “Шер-али – шавла,” “Шерали пўстак” каби ҳақоратомуз беписанд иборалар ишлатила бошланди.

Куни кеча ўнлаб амалдору уламоларни қатл этиб юборган шафқатсиз, телба-тезик Мадалихон устидан амир Насруллога шикоят қилиб борган кишилар бугун юмшоқ табиатли хонни ёқтирмай қолишди. Лекин бу ёқтирмасликнинг сиёсий сабаблари ҳам мавжуд эди. Чунки тахтда юмшоқкўнгил, иродаси бўш одам ўтирса, мамлакатда парокандалик, ўзбошимчалик авж олиши, мулк талашиб бир бутун юртни парчалашга уринадиган кишиларнинг пайдо бўлишини тарих неча бор кўрсатган. Мамлакатни парчалашга тайёр бекларга сероб Қўқон эса ҳақиқатан ҳам қаттиққўл, тадбиркор, сиёсатчи ҳукмдорга муҳтож эди. Шералихон ўрдаси атрофида исён ва фитна биқсий бошлади. Бироқ умри пурвиқор тоғлар қўйнида ўтиб, томдан тушгандай бирдан айшу ишрат, базмлар ўртасида пайдо бўлган Шерали бу ҳолга бепарво эди. Куну тунларини ўйин-кулги, базм ва ишрат оғушида ўтказиш хонга одат бўлиб қолди. Ҳолбуки, унинг боши узра қора булутлар аллақачон қуюқлашганди. Бир неча тахтталаблар бурчак-бурчакларда, тоғлар оралиқларида Қўқон тахтини эгаллаш мақсадида жиддий ҳаракатларини бошлаб юборишди. Бунинг устига Қўқон ўрдасида ўзбек ва қирғиз бекларнинг мавқеи ошиб кетганлигидан норози бўлган қипчоқлар ҳам қўзғалиб қолишди. Қипчоқлар сардори Мусулмонқул чўлоқ исён оловини ёқишга тушди. Мусулмонқул аслида қипчоқларнинг қулон уруғи вакили бўлиб, унинг қайнотаси Ирисқулбий Қўқон мамлакатидаги анча кўзга кўринган шахс эди. Мусулмонқул ўзига қарашли сарбозлар дастаси билан қайнотаси ҳомийлигида Муҳаммадалихон хизматида бўлган. Амир Насрулло бу ақлли ва жасур саркардани Қўқон уруши тугагач, юртнинг юқори мартабали амалдорлари қатори Бухорога олиб кетиши бежиз эмас. Аммо Шерали Амир Насруллога қарши дадил бош кўтаргач, ўз дастаси билан янги хон тарафига ўтган Мусулмонқул Насруллони енгишга ҳисса қўшган. Қўқон ҳимоясида унинг аскарлар дастаси бухороликларга қарши самарали жанглар ўтказгани маълум. Шералихоннинг тахтга кўтарилишида ҳақиқий ҳомийлик кўрсатган Юсуф мингбошининг Шоди шум ғаламислиги, фитнаси туфайли қатл этилганлиги Мусулмонқулнинг хонга қарши қўзғалишига туртки бўлган. Ҳолбуки, Юсуф мингбоши асл қирғиз бўлиб, Шералихонга садоқати кучли эди.

Мусулмонқул ва яна бир эътиборли саркарда Каримқул хонга қарши очиқдан-очиқ бош кўтариб чиқдилар. Қўзғолончилар Тўрақўрғон шаҳри ва атроф қишлоқларни эгаллаб олдилар. Уларнинг исёндаги бош шиори хоннинг энг яқин кишисига айланган, аслида Ўрдани бошқариб турган Шоди Шум ва бир қанча аъёнларнинг истеъфога чиқишини талаб қилиш эди.

* * *

1845 йили саратон ойида Шералихон 16 ёшли ўғли Худоёрбекни илк марта саркарда сифатида жангга юборди. Худоёрбек номига қўшин бошлиғи ҳисобланса-да, аслида лашкарга Шоди шум раҳбарлик қиларди. Ўспирин Худоёр ўша даврда Наманган шаҳри ҳокими вазифасини ўтар, қўл остидаги вилоятни бошқаришда ёш шаҳзодага обрўли дин арбоби Азизхўжа эшон кўмак берар ҳамда унга устозлик қиларди. Азизхўжа эшон аслида аҳли шеърият вакилларидан бўлиб, ғазаллар ва рубоийлар битар, айни пайтда шогирди Худоёрга ҳазрат Навоий, Фузулий китобларини ўқитар, буюк форс шоирлари ижоди билан таништирарди.15–20 ёшларида Худоёр кўнг-лида ҳам шеъриятга муҳаббат уйғонганди. Ҳатто у қўлига қалам олиб, гўзал сатрлар битишга уринарди.

Худоёрнинг яқинларидан яна бири машҳур шоир Муҳий эди. Асли исми Ҳожимуҳиддин бўлган бу шоир таги ҳиротлик, тақдир тақозоси ила Бухоро мадрасаларида ўқиб, сўнгра Қўқон хонлиги ҳудудига келиб қолган эди. Худоёрхон кейинчалик катта ўғли Насриддиннинг тарбиясини бежиз шу киши қўлига топширмаган. Зеро, у кўп шоирлар каби базм, кайф-сафога ружу қўйган эмас, аксинча ўзини буткул шеърият, диний билимларга бағишлаган. У умрини аҳли аёлсиз, бола-чақасиз, ўта фақир тарзда кечирган, ҳалол бир инсон эди.

Ўша пайтлари ҳозирги Чуст шаҳри ва Тўрақўрғон орасида кенг дашт бор эди. Сирдарёнинг чап қирғоғидаги бу дашт ерларда одатда баҳор ойлари лолақизғалдоқ, шувоқ ва шўралар кўпаярди. Саратонда эса бу даштлар жазирама қуёш тиғида яйдоқ ва қайноқ тош-шағалли сувсиз дашт маконга айланарди. Илк бора саркарда сифатида жангга кираётган ёш шаҳзоданинг юраги фахр-ғурурга тўла. У тагидаги учқур қорабайирни гижинглатиб, гоҳ лашкар илғори томон чопарди, гоҳ Шоди шум ёнига шошарди. Сувсиз даштдаги от дупури чўчитган юмронқозиқ, товушқонлар бир зум инларидан бош чиқариб Худоёрга қарашарди. Сўнг яна қаёққадир ғойиб бўлишарди.

Тошкентлик қози Сатторхон Абдулғаффоровнинг 1800 йиллар охирларида рус тилида эълон қилинган “Қўқон хонлигининг руслар томонидан босиб олиниши арафасидаги ички аҳволи хусусида қисқача очерклар” китобида Туркистон хонлари жанг таомиллари анча батафсил тасвирланади. Уларда айтилишича, ўша даврдаги жанг таомилларига кўра душман устига қўққисдан бостириб бориш, разведка уюштириш каби ҳарбий усталиклар қўлланилмасди. Бостириб келаётган қўшин ҳам, муҳофазадаги қўшин ҳам бир-бирининг аскарлари сони-ю, уруш муддатигача аниқ билар, ҳатто жанг майдонлари олдиндан белгилаб қўйиларди. Шаҳарлар ва қишлоқлардаги тинч аҳолига зиён-заҳмат етказмаслик учун қўшинлар бундай жойларга киритилмас, жанг учун эса уйжой, экин-тикиндан холи бўм-бўш майдонлар танланарди.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «ЛитРес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Конец ознакомительного фрагмента
Купить и скачать всю книгу
На страницу:
4 из 4