
Полная версия
Худоёрхоннинг сўнгги кунлари
Бу ва бошқа кўплаб тарихий воқеалар замирида аччиқ бир ҳақиқат бор: илмсизлик, тарқоқлик, ички низо, фитна, огоҳлик кўзларининг юмилиши барча офатларнинг доясидир. Хонликларнинг осонгина босиб олинишида ҳам, Чингиз қўшинларининг маҳаллий ҳимоячилар устидан ғолиб келишида ва ҳатто олис Андалузия фожиасида ҳам озодликнинг қўлдан кетишига сотқинлик, хоинлик, мунофиқлик сабаб бўлган. Бу иллат тарихда қолиб кетган эмас, АҚШ аскарлари Ироққа бостириб қирганларида юз берган сотқинлик мамлакатни улкан вайронага айлантирди.
Алишер, ижодкор зиёли сифатида мана шу аччиқ ҳақиқат хусусида кўпроқ ўйлашимиз зарур, деб ўйлайман. Сиз бугун, мен ва кўпчилик мухлисларингизнинг фикрича, ижод умрингизнинг баланд чўққисидасиз. Тарихимизнинг чигал, рост-ёлғон, ҳақиқат ва уйдирма аралашиб кетган мураккаб саҳифаларини варақлаб, унинг шафқатсиз тоғларидан ошиб ўтиб, ҳаёт адолатининг ўзи кун тартибига қўяётган бош МАВЗУга етиб келдингиз. Бошқа фаол ёзувчиларимиз ҳам шу нуқтада турибдилар. Орқага қайтишнинг, шу маррада тўхташнинг, майда сўқмоқларга, чалғитувчи латофат дўконларига бурилишнинг иложи йўқ энди. Вақт шиддат билан ўтиб бормоқда. Истеъдод имкониятларини Қаҳҳор домла айтганларидек, ўтин ёришга сарфламайлик. Биз сиздан “Шафқатсиз тоғлар” каби янги-янги баркамол асарлар, муҳим тадқиқотлар кутишга ҳақлимиз.
Эҳтиром билан: Аҳмаджон Мелибоев* * *Шавкатли ва жафокаш Афғонистон марказидаги Сафедкўҳ тоғ тизмаларидан бошланадиган Херируд дарёси Ҳирот шаҳридан оқиб ўтади. Херируд! Болалигимиздан юрагимизга ўрнашган дарё! Уни ҳеч қачон кўрмаган, соҳилларида юрмаган эсак-да, худди Сир, Аму, Зарафшон, Сўх каби хаёлларимиз тўридан доимий жой эгаллаган бу афсонавий гўзал наҳр! Зеро, бу саркаш оқим қирғоқларида ҳазрат Навоий сайр қилганлар, сувнинг тўлқинланишига қараб кўнгилларидаги шеър дарёси ҳам оқаверган…
Ҳиротдан Зармаст довони тарафга юрилса, ўттиз-қирқ чақирим масофадан сўнг Каррух қишлоғига кириб борилади. Каррух пакана, гуваладан қурилган каталак уйлари-ю, кўримсиз, мўъжаз бозорча, афғоннинг ҳар бир қишлоғидаги одатий мачит, катта ва кўҳна қабристондан иборат макон. Каррух узумзорлари билан машҳур, қишлоқда пича пахта ҳам етиштирилади. Бу қишлоқдан довон орқали ўтган тор, паст-баланд тоғ йўли Қалъаи Нав қўрғонига олиб боради. Сўнгра эса йўл Маймана шаҳрига қараб бурилади. Майманадан кейин эса чексиз Қорақум саҳроси… Онда-сонда учрайдиган туркман овуллари… Агар Майманадан шарқ тарафга қараб юрилса, бу йўл Шибирғон, Андхўй каби ўзбеклар зич яшайдиган шаҳарларга ва Амударё соҳилларига олиб чиқади.
Ёз ойлари қишлоқнинг атрофини гувала деворлар ўраган, илон изидек эгри-бугри, тор кўчаларига Херируд томондан саррин еллар эсади. Қишлоққа одатда Рус Туркистонидан Маккага ҳажга бориб келаётган ҳожилар ўтиш ва қайтишда қўнишади.ХIХ аср ўрталарида афғонларнинг инглизларга қарши ғазотида фаол қатнашган йўлбошчилардан бири, жангларда мардона ҳалок бўлган Мавлоно Ислом Шайх (у кишини халқ орасида Эшони шаҳид деб юритишади) Каррухдан чиққан энг машҳур одам. Каррухликларнинг аксарияти Эшони шаҳид тириклигида унга қўл бериб мурид бўлишган. Эшони шаҳиднинг қишлоқдаги мақбараси ёнига унинг муридларидан бири – Халифа Доруламон деган киши савобгарчилик учун ўртамиёна бир хонақоҳ солган. Ҳонақанинг йигирмага яқин ҳужрасида дарвеш-қаландарлар, ҳожилар ёки оддий мусофирлар қўнишарди.
Ўша кунларда ҳонақа ҳужраларидан бирида оғир касал ётган мусофир умрининг сўнгги дамларини кечирмоқда эди. У шериги билан ўтган йил охирларида бу ерга Ҳиндистондан келиб, вақтинча макон тутган. Паҳлавон келбат, қуюқ, қоп-қора соқолли, ўсиқ қошлари остига чуқур жойлашган кўм-кўк кўзларида доимо бесаранжом, учқундек чарсиллаган сабрсиз руҳ балқиб турган бирови ўрта бўй, соч-соқоли оқарган, юзларини чуқур ажинлар тилиб ташлаган, кўринишидан тақдирнинг ҳазилакам зарбаларига дучор келмаган иккинчисининг хизматида эди. Икковлари ҳам ҳонақа эгаларига ўзларини хаждан қайтаётган фарғоналик муҳожирлар деб таништиришди ва чоғроқ ҳужра олиб яшай бошлашди. Ўзини Нурмуҳаммад деб атаган қора соқол кундузлари бозорга чиқиб ўтин, егулик келтирар, ҳужрани супуриб-сидирарди. Иккинчиси ҳужрадан кам чиқарди. Иккаласи ҳам жамоага аралашиб номоз ўқишса-да, на келиб-кетиб турган мусофирларга, на дарвешларга яқинлашишарди.
Шу орада Кобулдан яна бир катта карвон келиб бу ерга қўнди. Одатдагидек, бу карвон аҳли ҳам бир кеча Халифа Дориламон хонақасида тунади-ю, эрта саҳар сафарни давом эттирди. Нурмуҳаммад бозордан қайтгач, карвондаги бир мусофирнинг тоби айниб хонақада ётиб қолганини эшитди. Даргоҳ мутасаддисининг айтишича, бу киши асли туркиялик бўлиб, илгари икки карра ҳаж сафарини адо этган экан. Бу галги ҳаждан қайтишида муҳим важ билан Бомбей кемасига ўтириб Ҳиндистонга келган, сафари итмомига етгач, нечукдир Афғонистон ва Форсистон орқали ватанига қайтишни режалаштирган.
Ушбу турк фуқаросига бир эътибор қилгин, – деди Нурмуҳаммаднинг хўжайини. – Дори-дармонидан, овқатидан хабар ол, асли ким эканлигини суриштир…
Нурмуҳаммад эртаси тонгда мусофирни зиёрат қилди. Чой-пойига қарашди. Кўринишидан очиқ чеҳрали, диёнатли, ҳалол-пок турк ҳожиси фарғоналикларнинг дидига ўтирди. Орадан хиёл вақт ўтиб туркиялик меҳмоннинг ахволи яхшиланди. У бомдод намозидан кейин хонақоҳ атрофлари, Каррух қишлоғи кўринишларини томоша қилиб кела бошлади. Хўжайини маслаҳати билан бир куни Нурмуҳаммад туркиялик кишини ҳужрага – фарғонача паловга таклиф қилди. Кейинги гал турк кишиси ҳожиларни ўз ҳужрасида палов билан сийлади. Хуллас, икки ўртада муносабат пайдо бўлди.
Бир кеч Каррухдан ўтадиган карвонларни суриштириб, сўнгра ҳужрасида дам олаётган туркияликнинг олдига Нурмуҳаммад кирди.
– Тақсир, – деди у ҳаяжонланиб, – сиз Каррухга келганингиздан буён кўрдик-билдикки, чинакам исломпарвар, комил диёнат соҳиби бир инсон экансиз. Шул боис, махфий бир воқеани сизга очиш, бутун Фарғона ва балки жафокаш Туркистон ўлкаси учун табаррук ҳисобланадиган, Соҳибқирон Темур авлодларидан бўлмиш улуғ бир зотни сизга ишониб, вақтинча қўш қилишга изн бўлди.
– Хўш? – деди қизиқсиниб ҳожи.
– Тақсир, энди орамиздаги махфийлик ечилади, яъни билингки, менинг хўжайиним – сиз билан неча кундан буён ҳамсуҳбат бўлиб келаётган одам аслида Қўқон мамлакатининг сўнгги подшоси Саййид Муҳаммад Худоёрхон бўладилар!
– Ҳай! Ҳай! – ҳожи ҳаяжонланиб ўрнидан туриб кетди.
– Ҳа, тақсир, – дея давом этди Нурмуҳаммад. – Бундан саккиз йил илгари асад ойида кофир истилоси туфайли ватандан мосуво бўлган хонимиз анча муддат муҳожирлик азобини чекдилар. Аслида ўша йилнинг ўзида рус императори Худоёрхоннинг Оренбургда яшаб туришига фармон чиқарганди. Мен эса Қўқонни тарк этганимиздан бери у кишининг хизматидаман. Аслан Қўқон ҳукуматида камина шарбатдор вазифасида эдим. Нафсиламрини айтганда, икки ярим йил Оренбургда тутқун каби яшадик. Тўғри маишатимиз ёмон эмасди. Зеро, Оренбург шаҳрида қўқонлик, тошкент-бухоролик савдогарлар жуда кўп. Ҳатто юртимиздан оиласи билан кўчиб бориб яшаётганлар ҳам бу шаҳарда сероб. Бунинг устига мусулмончиликка дохил тарафлари ҳам йўқ эмас. Яъни, шаҳарда мачитлар, мадрасалар бор.
Баъзан хонимиз ов қилмоқ учун атрофдаги чўл-биёбонларга ҳам чиқардилар. Чунки бунга рухсат бор эди. Ов баҳонасида бепоён чўлларда бир ҳафта-ўн кун от чоптириб, дам олиб қайтардик. Оренбургда орқамиздан доимо пойлаб юрадиган рус жосуслари бу кезлари “Худоёрхон ов қилиб юрибди” дея хотиржам ҳолда шаҳарда ўтиришаверарди. Лекин вақт ўтган сари хонимиз мусофирчиликда, ўрис тазйиқи остида бирмунча сиқилиб қолдилар. Ниятлари Маккани тавоф этиш эди. Бир-икки бор рус ҳукуматидан ҳажга боришга рухсат сўраганларида ижозат беришмади. Бепоён чўлларда ўтказилган ов маҳаллари бу чўлдаги изсиз сўқмоқлар, уларнинг қай юртларга олиб боришини яхши ўзлаштирган йўл билгич қозоқ овчиси билан танишдик. Бу овчи уч юз сўм эвазига бизни Эрон ҳудудига ўтказиб юборишга ваъда берди.
Россиядан қочишнинг бирламчи сабаби шул эдики, ҳали биз Қўқон тахтидан умид узмагандик. “Ислом мамлакатларидан паноҳ топсам, мени қўллаб-қувватлашар” деган эзгу ният сабаб бўлиб, хонимиз Русиядан чиқиб кетишга қарор қилдилар. Оренбургдан “Овга кетяпмиз” дея тегишли одамларни огоҳлантириб чўлга йўл олдик. Поёнсиз чўллар бағрида бизни кутиб турган қозоқлар шиддат билан ҳаракатланишди. Иккаламиз бир ҳафта ичида Эрон ҳудудига ўтиб кетдик. Худоёрхон Эрон шоҳи Нас-риддинга мавжуд аҳволни баён қилиб мактуб ёзди. Аммо ўша пайтда инглизлар Афғонистонда уруш олиб боришар, бу бадкорлар Қандаҳор билан Жалолободни ҳам эгаллаб, Ҳиротга хавф солиб турган пайт эди, Афғондан сўнг, “инглизлар Эронни ҳам олади” деган миш-мишлар ўрлаган, “энди навбат бизга ҳам келиб қолади” дея қўрқиб турган Эрон шоҳи Россиядан мадад кутаётганди. Бундай вазиятда Эрон тахтидаги одам рус тутқунидан қочиб келган мусулмон подшосини қабул қилиб, ёрдам беришга журъат этолмасди, албатта. Насриддин шоҳ бизни қабул қилмагач, катта умид билан Афғонистонга юз бурдик. Не ажабки, Афғон ҳукмрони Амир Абдураҳмон ҳам Худоёрхонга рўйхуш бермади. Аксинча, тезда Афғон тупроғини тарк этишини сўради. Албатта бу ҳолнинг ҳам сиёсий сабаблари бор эди.
Абдураҳмонхон машҳур афғон амири Дўстму-ҳаммадхоннинг невараси эди. Дўстмуҳаммадхон-нинг ўлимидан сўнг унинг ўғиллари орасида бош-ланган тахт учун кураш можароларида ўша ўғилларидан бири – Шермуҳаммадхон ғолиб чиқди ва тахт-га ўтирди. Бу орада ҳукмдорнинг биродарларидан бири Муҳаммад Афзалхон тўсатдан вафот этади ва унинг ўғли – амакисидан чўчиган Абдураҳмонхон Туркистонга қочиб келади. У пайтлари Туркистон деярли тўлиқ Россия тасарруфига ўтган, фақат Қўқон хонлиги ўз мустақиллигини бирмунча сақлаб қолган эди. Абдураҳмонхон Хива хони ва Бухоро амири томонидан ҳам илиқ қабул қилинади. Аммо қочоқ шаҳзода эндиликда ўйинчоқ ҳукмронларга айланган кишиларга ишонмади. Зеро, илгари ҳам турли можаролар боис Туркистон заминига қочиб келган афғон амирларига бу ҳукмдорлар тарафидан дўстлик ва садоқат кўрсатилмаганлигини у яхши биларди. Шу боис шаҳзода рус мустамлакачи амалдорлари ёрдамига ишонарди, холос. Руслар ҳам келажакни ўйлаган ҳолда Абдураҳмондан ёрдамларини аямадилар. Дарҳақиқат, Туркистондаги рус ҳукумати Абдураҳмонга Самарқанд шаҳридан турар жой ва каттагина боғ ҳамда экин майдонлари ажратиб берди. Шаҳарнинг Қаландархона маҳалласида илгари Бухоро амирига тегишли каттагина боғча, уч тўрт хонадан иборат иморатлар бор эди. Чор ҳукумати қувғиндаги шаҳзоданинг яшаш харажатларини ўз зиммасига олди. Туркистон генерал-губернатори, генерал-адъютант, инженер-генерал Константин Петрович фон-Кауфман қочқиндаги шаҳзода – афғон тахти даъвогарларидан бирига доимо кўз-қулоқ бўлиб турарди. У Абдураҳмонхонни ора-сира ўлка пойтахти Тошкентга таклиф қилар, турли байрам ва тантаналарда, қабул маросимларида қатнашувига изн берарди. Кауфманнинг таклифига биноан Абдураҳмонхон тарих илмидан хабардор мирза ёрдамида “Сардор Абдураҳмонхон томонидан баён этилган “Афғонис-тон тарихи” номли китоб ҳам ёзди. Бу китоб тантана билан генерал-губернаторга тақдим этилди.
Абдураҳмоннинг Туркистонда яшашига ўн йил тўлган бир даврда Кауфман унга Афғонистонга қайтиши учун рухсат беради. Бу энди инглизларнинг иккинчи афғон-инглиз урушини бошлаганликлари, Афғонистондаги ўта қалтис сиёсий вазият тақозоси туфайли эди. Ўша пайтдаги Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги вице-қироли барон Эдуард Роберт Литтоннинг Афғонистонни буткул босиб олиб, бу юртни тўлиғича инглизлар қўли остидаги ерларга қўшиш орзуси боис бошланган бу қонли можаро жафокаш афғон халқи бошига озмунча кулфат келтирмаётганди. Мана шундай вазиятда фон-Кауфман аввало Абдураҳмонни Самарқанддан Тошкентга, ўз қўлтиғи остига кўчиртириб келтиради. Айни пайтда Афғонистондаги воқеаларни ўз каналлари ёрдамида синчиклаб кузатишда давом этади. Воқеалар ривожи руслар кўзда тутган нуқтага етгач, Кауфман Абдураҳмонни Афғонистон ҳудудига қайтишига рухсат беради. Айни пайтда айёр Кауфман шаҳзодани рус армиясида пайдо бўлган замонавий қурол – “Бердан” милтиқлари билан таъминлайди. Шаҳзоданинг атиги 300 кишидан иборат кичик армиясининг бошқа қурол-яроғлар, керакли жиҳоз, ҳарбий анжомларга эга бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, шаҳзодага эллик минг сўмга яқин рус пуллари ҳам берилган эди. Шуниси қизиқки, расмий доираларда Абдураҳмоннинг Афғонистонга қайтиши “Туркистондан берухсат қочиб кетиш” дея эълон қилинади. Ҳатто қочқинни ушлаш учун чегара қўшинларига тегишли сохта буйруқлар берилади.
Абдураҳмон Тошкентдан Фарғона водийсига, у ердан эса Бухоро амирлиги ҳудудига ўтган маҳалда бу ерда унга ҳеч қандай ҳурмат-эътибор кўрсатилмайди. Расмий хабарларга кўра Қўқон хони уни қабул қилишдан бош тортади. Бу, албатта, Афғонис-тонда иккинчи бор мамлакатни эгаллаш учун қаттиқ жанглар олиб бораётган Англия ҳукумати кўзини бўяш учун ўтказилган тадбир эди, холос. Абдураҳмон Афғонистонни тўлиқ эгаллагандан сўнг қочқин Худоёрни қабул қилмаслиги тагида ана шундай чуқур сиёсий сабаблар ётарди. Лекин тан олиш керак, Кауфман ёрдами билан Абдураҳмон Афғонистонни бирлаштирди. Унинг шаҳаншоҳига айланиб, кейинги йигирма йил давомида бу диёрни бошқаришга эришди…
…Оқибат кичик бир бош поёнсиз ер куррасига сиғмай қолди. Ноилож “энди ҳажга борамиз” деб Пешоворга кетдик. Не машаққатлар тортиб, у ерга ҳам етиб бордик. Пешоворда фарғоналик савдогар юртдошлар бор экан, улар хоннинг бу аҳволига зор-зор йиғлашди, сўнг кўплашиб ўзлари пул тўлаб, хон иккимизни Бомбейда кемага ўтқазиб, Жиддага жўнатиб юборишга бош-қош бўлдилар. (Айрим тарихий маълумотларга кўра, Худоёрхон аввал Хива хонлиги ҳудудига бориб туркманлар орасида бир муддат яшириниб юради. Сўнг Афғонистонга, Ҳирот шаҳри атрофларига келади. Кейин эса Эрон орқали Маккаи Мукаррамага йўл олади. Яна Худога аён).
Жиддадаги туркистонликларни Фарғона хони бораётганлигидан хабардор қилишган экан, ҳайтовур улар бизни иззат билан кутиб олишди. Уч кун Жидда шаҳрида бўлдик. Ҳажга борган юртдошларимиз хон зиёратига тўп-тўп бўлиб келишарди. Кейин ажала туяларда Маккаи Мукаррамага сафар қилдик. Макка зиёратини адо этгач, ўша ерда муқим бўлиб қолдик. Наманганлик Хўжа Калон эшон Сафо Марво юртлари орасида бир иморат қурдириб, ўғиллари Юсуфжон тўра, Амон халифа ҳамда аҳлу аёллари билан яшарди. Биз ҳам Хўжа Калон эшоннинг хонадонида умргузаронлик қилишга киришдик. Иккимиз ҳам шир яланғоч, ҳеч қаердан даромадимиз йўқ, Хўжа Калонга боқиманда эдик.
Бу орада Фарғонадан келган ҳожилар юрт нотинчлигини, ўрис зулми ҳаддан ошганлигини ҳикоя қилардилар. Улар орқали водийда қолган ҳамфикрларимиз, Олой қирғизлари билан алоқа боғладик. Мусофирлик менинг ҳам жонимдан ўтган эди. Хонимизга “юртга кайтайлик, бир бошга бир ўлим, ғурбатда ғариб бўлиб, юртдан олисда, боз устига мусофирлик ва қарамликда ўлиш сиздек Темур авлодига ярашмас. Агар йўлини қилиб Фарғонага етиб борсак, бизни қўлловчилар топилар” дея таклиф қилдим.
Зеро, хоннинг ўғиллари Муҳаммад Аминбек, Сайид Умарбек, Ўрмонбек, Фансуруллобеклар ҳозир Тошкентда генерал-губернатор тарбиясида эдилар.
Катта ўғли Насриддинхон эса отасидан сўнг Қўқонда хон бўлиб, уч ой муддат тахтда ўтирганидан хабарингиз бор. Кейин ярамас фирибгар Пўлатхон исён кўтариб унга ҳамла қилгач, Насриддинхон ҳам Тошкентга қочди. Хозир у киши Оренбургда яшаяпти деб эшитамиз.
Нафсиламрини айтганда Туркистон ҳозирда ҳам тўлиқ рус ҳукмронлигини бўйнига олгани йўқ. Шаҳару қишлоқлар, Олой тоғларида Худоёрхон учун, мустақил юрт учун жон беришга тайёр одамларни ҳар қадамда учратасиз. Марвда эса туркманлар рус армияси билан жанг қилишни тўхтатгани йўқ. Бу ёқда афғонлар ҳам Кушка атрофидаги ерларни талашиб, Рус устига от солишга тайёр. Фарғонада бош кўтарсак, Қашқарда Ёқуббек авлодлари ҳам қараб турмас… Хуллас, “Фарғона учун жанг қилиш вақти ҳали ўтмаган”, дея хонга ёлбордим. Олисларда Фарғона дея кўзларимиз чашми чош бўлди ахир…
Хон ҳам шу кайфиятда экан. У киши “Майли, ўлсам ҳам кофирга қарши ўқ узиб ўлайин, шаҳид кетайин, токи авлодлар хотирасида юртни ташлаб қочган шоҳ эмас, балки охирги томчи қони қолгунча ўз она тупроғи учун курашиб шаҳид бўлган эрксевар ҳукмдор сифатида эсланай”, – деди.
Ха, тақсир, бугунги Худоёрхон бундан саккиз-тўққиз йил аввал осонликча Кауфманнинг макрига учиб, тахтни қўлдан чиқарган содда хон эмас. Энди у дунё кўрган, мусофирликда, ғарибликда ўтган йиллари илгариги ҳаёти хусусида узоқ мушоҳада юритиб, қилган хатоларига пушаймон бўлган, ўз айби билан кофир олдида тиз чўккан, лекин юрти учун қасос олишга шайланган инсон!
Нурмуҳаммад ҳожи пиёласидаги чойни ҳўплаб тин олди. Турк ҳожиси соқолини силади-да:
– Маккадан қачон чиққандиларинг? – дея сўради.
– Маккадан кетишимизга эшон Хўжа Калон кўп қаршилик қилдилар. “Қолган умрини ҳарами муҳтарамада ўтказиб, насиб этса пайғамбаримиз қадамлари муборак этган тупроққа қўйилиш улуғ саодат. Энди шу тилак бирла бўлинг”, дея хонни қайтаришга уринди. Хонимиз кўнглидаги ватан ишқи барибир ғолиб чиқди…
– Яна кемада Бомбейга келиб, у ердан афғон туп-роғи сари йўналдик, – Нурмуҳаммад ҳожи бир муддат тин олди. Сўнг овозини сал пасайтириб давом этди, – энди гап бундай. Маслаҳатга кўра, хон ҳозирча шу ерда қоладиган бўлдилар. Мен эса Фарғонага бориб келаман. У ердаги содиқ кишиларимиз, тарафдорларимиз билан келишиб, хоннинг боришига ҳозирлик кўриб турадиган одамларимизни огоҳлантириб, иш пишгач, орқага қайтаман. Бу масалаларни ечишга уч-тўрт ой, борингки, ярим йил фурсат кетади. Илтимосимиз шулки, сиз дини ислом фидойиси, кофирнинг ёви сифатида бир ишга қўл урсангиз. Яъни, шу вақт ичида хон билан бирга бўлсангиз… ўзи ёлғиз қолмасин. Дини Ислом йўлида, мазлум ватан озодлиги ниятида жон фидо қилишга шайланган қасоскор хон хизматида бўлиш чин мусулмон кишининг бурчи ахир… Мана, суҳбатдош бўлганимизга ҳам бир-икки ҳафта ўтди. Хонимиз сизга катта умид ва ишонч билан қараяптилар. Рўйирост айтганида, рус истибдодидан халос бўлишнинг ягона йўли улуғ турк давлати, бутун ислом оламининг халифаи замонаси – турк султони билан мустаҳкам алоқа боғлашдир. (Ўша даврларда деярли барча араб давлатлари, хусусан, муборак Маккаи Мукаррама ҳамда Мадинаи Мунаввара ҳам турк султони қўли остида эди.) Албатта хонимиз савдо ишларини яхши англайдилар. Шу боис агар рози бўлсангиз, барча харажатларингизни беш баробардан ортиқ тарзда қоплайдилар. Агар Оллоҳ бизни қўллаб, ниятимизга эришсак, сиз Фарғонанинг энг эътиборли улуғ зотлари сафидан ўрин олишингиз муқаррар. Оллоҳ сизни ёрлақагай!
Турк ҳожиси озгина тараддудланди.
– Йўқ десангиз ҳам хафа бўлмаймиз. Аммо бу гап шу ерда қолсин.
– Асло! Чин мусулмон киши бундай таклифдан юз ўгирса, гуноҳи кабира бўлишини яхши тушунаман! – деди қатъият билан ҳожи, – мени хон ҳузурига бошланг!
Ҳужра тўридаги қалин тўшалган бўз кўрпача устида хаёлга чўмган Худоёрхон маъюс бир аҳволда ёнбошлаб ётарди. Ичкарига кириб келган Нурмуҳаммад билан Юсуф афандини кўриб, улар истиқболига ўрнидан қўзғалди.
– Безовта бўлмасинлар, тақсир! – Юсуф афанди хон пойига тиз чўкиб қуллуқ қилди…
Туркиялик ҳожи шу тариқа собиқ хон хузурида қолди ва то хон вафот этгунга қадар Худоёр хизматида бўлди. Кейинчалик Туркияга қайтиб Худоёрхон ва унинг охирги кунлари ҳақида китоб ёзиб нашр эттирди.
…Эртаси тонгда Нурмуҳаммад шарбатдор довон орқали Майманага йўл олган савдо карвонига қўшилиб Қалъаи Нав тарафга, кейин эса туркман саҳролари оралаб Чоржўйга жўнаб кетди.
Ўшандан буён ҳам орадан уч ойдан зиёд вақт ўтди. Шарбатдордан ҳеч қандай дарак келмади. Аммо Юсуф афанди доимо хон хизматида бўлди. Хоннинг кўнглини олиш учун қўлидан келган ишини аямади. Суҳбатларда Худоёрхон Туркия давлат тизими тўғрисида суриштирар, Арабистонда ўзи юрган кезлари кўрган-кечирганлари орқали бирмунча тасаввурга эга эса-да, яна кўп нарсаларга қизиқарди. Юсуф афанди билан мулоқотларда у дунё сиёсати, Туркиянинг жаҳондаги ўрни ва келажаги хусусида қимматли маълумотларга эга бўлди. Қрим урушида Россияни бурчакка тиқиб қўйган қудратли давлатнинг кофирлар Марказий Осиёни зўрлик билан босиб олаётганларида нега жим турганликлари сабаблари билан қизиқди. Юсуф афанди ўзини гарчи сиёсатдан узоқ одам сифатида таништирса-да, булар хусусида собиқ ҳукмдорга тўлароқ маълумотлар берди.
Каррух атрофида устини ям-яшил ўт-майсалар, наъматак ва чакандазорлар қоплаган тоғлар бор. Нурмуҳаммадни ватанга юборгач, хоннинг хийла кўнгли кўтарилиб, ўша тоғларга овга чиқиш истагини билдирди.
Юсуф афанди Ҳиротга бориб иккита пилта милтиқ, бир йўлбошловчи ҳазора одамни олиб келди. Ҳазора эски овчи экан. Бу ерлар тарихидан ҳам оз-моз хабари бор бу киши Каррух тоғларига қадимда Ҳирот султонлари тез-тез овга чиқишлари ҳикоятларини гапириб берди. Хусусан, султон Ҳусайн Бойқаро ўз беклари, жумладан, амир Низомиддин Алишер Навоий билан Каррухнинг кўм-кўк ўтлоқларида чодир тикиб, ҳафталаб ов қилганлигини сўйлар экан, хоннинг кўзлари ёниб кетди. Бу тоғларда кўпроқ кийик, қирғовул овланарди. Худоёрхон ҳам аслида ов деса ўзини унутадиган одам. Тахтда муқим ўтирган кезлари у Сирдарё бўйларидаги қалин тўқайзорларга, Сўх, Олой тоғларига овга чиқарди. Табиатан қўрқмас, шерюрак бу одамнинг ов пайти бошдан кечирганлари ҳақида кўп ёзмалар ҳам сақланиб қолган.
Бир гал Қўқондан Сирдарё томонга юрилганда қўниладиган Олтиқуш қишлоғи атрофларидаги тўқайда хон ва унинг одамлари қирғовул овлаб юришганди. Улар тўсатдан ёввойи тўнғиз подасига дуч келиб қолишди. Туядек катта, айри тишларининг ҳар бири қиличдек узун ва ўткир серка тўнғиз пишқириб овчиларга ҳамла қилди. Шиддат билан елиб келган қаҳрли тўнғиз хон ёнидаги ясовулнинг отига ташланиб, асов айғирнинг қорнини ёриб юборди. От кишнаганича ерга қулади, ичак-чавоғи ағдарилди. Ясовул эса от тагида қолиб бетиним додларди. Атрофдагилар тўнғизга пала-партиш ўқ узишар, аммо тегиза олмасдилар. Овнинг тиғиз лаҳзалари нашъаси вужудини жунбишга келтирган Худоёр шунда бирдан қиличини суғуриб бемисл ҳайқириқ ила тўнғиз устига от қўйди. Кўз ўнгиларида рўй бераётган воқеадан даҳшатга тушган хон ҳамроҳлари милтиқ отишни тўхтатдилар. Улкан тўнғиз тисланиб, олдинги оёқлари билан ер титкилади. Жунлари тиккайди. Сўнг бирдан камондан отилган ўқдай хонга сапчиди. Шу лаҳзада хон от бошини кескин буриб ўзини чапга олишга улгурди. Айни пайтда михдай қаттиқ жунлари от ёнбошини тирнаб ўтган тўнғиз бошига зарб билан қилич солди! Тўнғиз чинқирганича ўз йўналиши бўйлаб хиёл чопиб борди-да, ортга қайрилиб яна хон тарафга югурди. Хон тагидаги арғумоқ эгасининг сал жилов силташи билан яна ўзини илкис четга олди. Хоннинг бу сафар туширган қилич зарби шу қадар кучли эдики, тиғ улкан тўнғиз умровига бир қаричдан ортиқроқ кирди. Учинчи зарбадан сўнг эса тўнғиз йиқилди. Хон эса ҳайқирганича кетма-кет қилич солар, уни қиймаларди… (Бу воқеани Қўқон мамлакати тарихини ёзган барча тарихчи олимлар, жумладан, В. Наливкин, Н Остроумов, Ибрат ва бошқалар ўз китобларида акс эттиришган.)
Хон ушбу воқеани сўйлаб бераркан, ҳамроҳлари таҳсин билдиришди. Аммо нимадир ҳар икковининг ҳам кўнглидан ўтди, шекилли, негадир сукутга чўкишди. Худоёрхон ҳамроҳлари юзига разм солиб:
– Шунчалик шерюрак, жасур подшоҳ нега энди кофирлардан қочди экан, дея хаёл қилдиларинг шекилли, – дея кулди.
– Йўқ, йўқ, маъзур тутадилар тақсир.
– Ҳа… – узун сўлиш олди хон, – кейинги саккиз йил ичида ўзим ҳам кеча-кундуз шу хусусида ўйлайман.
Хон ҳамроҳларини хижолат қилганлигини сезиб, мавзуни яна овга бурди.
– Биз ўзи авлод-аждодларимиз билан овга ўч уруғмиз. Айтишларича, бобокалонимиз Шоҳрухбий Наманганда Ирисқулбий исён кўтарган маҳали ўша ёққа қўшин тортиб боради. Наманган остонасидаги Тўрақўрғон шаҳрида қўр тўкиб, лашкарга ҳордиқ беришади. Шу аснода, иттифоқо, бий ов ихтиёр қиладилар. Дарёи Сирнинг ўнг қирғоғи одам ўтиб бўлмайдиган беҳад қалин тўқай, тўранғизор…
Шикоргоҳда тўнғиз қувиб, Шоҳрухбий тўқай ичига жуда ичкарилаб кетадилар, шиддат шундайки, мулозимлар у кишига базўр етиб улгурадилар. Шу аснода қамишзор орасидан баҳайбат нар йўлбарс отилиб чиқиб, бийга ҳамла қилади. Афтидан шу ерда мода йўлбарс болалаган бўлиб, нари уни муҳофаза этган… шоён таҳсинки, Шоҳрухбий ўзини йўқотмайдилар. У киши ҳам от устидан тўғри ўзига ташланган йўлбарс устига сапчийди. Одам ва йўлбарс бир-бирларига човут солганларича қамишлар устига ағанашади! Шоҳрухбийнинг мулозимлари ҳам олишувга аралаша олмайдилар. Бий ўша ирғиганда йўлбарснинг томоғидан бўғиб олган экан. У темирдек чангал билан йиртқич бўғзини шундай кучли сиқадики, йўлбарс ўзига кела олмай, бўғилиб ўлади. Мулозимлар йўлбарснинг тамом бўлганини сезиб бийга “Ҳазратим, қўяверсинлар, йўлбарс адо бўлди. Оллоҳ қудратингизни бундан-да улуғ этсин” дейишса ҳам у киши ҳайвон бўғзини анчагача бўшатмаганлар…
Турк ҳожиси билан ҳазора бир-бирларига маъноли қараб олишди. Худоёрхон айтиб берган бу воқеа тарихчиларнинг шоҳидлик беришича, Қўқон ҳукмдори Шоҳрухбий милодий 1740 йилларда Наманганга қўшин тортиб борган кезлари рўй берган. Бу ҳақда тарихчи Ҳакимхон тўранинг “Мунтаҳабут-таворих”, В. Наливкиннинг “Краткая история Какандского ханство” китоблари, бошқа тарихчилар асарларида ҳам ҳикоя қилинади. Кези келганда шуни айтиш керакки, Фарғона водийсида, ХХ асрнинг йигирманчи йилларига қадар ҳам йўлбарслар учрар эди. Руслар истилосидан илгариги даврларда эса Сирдарё атрофидаги бепоён тўқайзорларда юзлаб машҳур Турон йўлбарслари яшаган. Қуён, тулки, тўнғиз ва бошқа жонзотларни еб юрган бу йиртқичларни одамлар тўқайзор подшоси деб аташарди. Қўқон хонлари кўпинча йўлбарс ови ташкил қилишар, бу кучли жонзотни овлаган одам катта шарафга муяссар этиларди. Хонлардан, айниқса, Амир Умархоннинг йўлбарс овига жуда ишқибоз бўлгани маълум. Оддий овчилар эса йўлбарсни ёғи ва териси учун овлашган. Чунки йўлбарс ёғини шифобахш дори ҳисоблашар, бой-бадавлат одамлар эса йўлбарс терисини эгарга ёки этик-маҳси ичига қоплатардилар.