
Полная версия
Ҳаёт қайиғи (2 китоб)
– Ие, бу фантастика-ку? – дедилар ажабланиб.
– Ҳа, фантастик қисса, – дедим.
– Буни чиқаришмайди.
– Нега?
– Чунки Ўзбекистонда фантастика йўқ.
– Йўқ эди, энди бўлади.
Ёқуб ака ўйланиб туриб, кейин жилмайдилар:
– Боплабсан! Бу биринчи фантастик қисса бўлади, – деб руҳимни кўтардилар.
Аризани топшириб, ҳарбий хизматга жўнадим. Қайтгач, хушхабарни эшитдим: аризам инобатга олиниб, китоб 1972 йил режасига киритилибди. Икки кишининг асари битта китоб бўлиб чиқади, дейишди. Иккинчи муаллиф Ҳожиакбар Шайхов эди. Мендан асарни тенг ярмига қисқартиришим лозимлигини билдиришди. Нашриётдаги янги бўлим мудирини танимас эдим. Унинг тақризини ўқиб, “шунақа билимсиз одам ҳам бўлим мудири бўларканми?” деб ажабландим. Мудир акамиз ёзган тақризларида асар қаҳрамонларидан бири мистер Белден ҳақида фикр юрита туриб “Мистер ва Белден образлари яхши чиққан”, дебдилар.
Тоғамга маслаҳатга борган эдим, тўғрироғи, нашриёт катталари билан гаплашиб, асарни қисқартиришдан асраб қолармикинлар, деб умид қилувдим, “Эркин Сиддиқов деган йигитга учраб кўр-чи”, дедилар. Учрадим. У киши мудир акамизга кирдилар. Ҳазил билан гап бошлаб, кейин сўкишиб кетишди. Менинг ишим четда қолаверди. Кейин билсам, Эркин ака бу одамни масхара қилиб юрарканлар. “Тоғам хўп одамига рўпара қилибдилар-да”, дедим. Хонада яна бир одам ўтирган эди. Маҳалламизда яшовчи бу кишининг исмлари Зикрилла ака, ҳарбий медицина майори кийимида юрар эдилар. Ўғиллари Ҳусанжон билан дўст эдик. Ҳусан бокс, кураш билан шуғулангани учун тенгдошлар орасида эътиборли эди. Ўқишда ҳам аълочи бўлган. Ҳозир Техника дорулфунунининг профессори. Зикрилла ака менинг аҳволимни билиб:
– Булар нимани талаб қилишса кўнаверинг, бўлмаса режадан учирворишади. Менинг китобимдан чораги қолибди, шукр қилиб ўтирибман, – дедилар. Зикрилла Эгамбердиевнинг тиббиётга оид ҳикматларни тўплаб нашр эттирмоқчи бўлганларини ўшанда билганман. Биринчи китобни аёвсиз қисқартиришгани билан кейингиларига бошқа нашриётлар харидор бўлишиб, ишлари юришиб кетди.
Мен эсам, аламимни ичимга юта-юта асарни қисқартириб бердим. Бу талаб бажарилгач, “Тоҳир Малик” деб имзо чекишимга қарши бўлишди. “Бунақа эскича тахаллус ўтмайди”, деб туриб олишгач, биринчи китоб “Тоҳир Ҳобилов” имзоси билан чиқди. Орадан йиллар ўтиб, кейинги китоблар “Тоҳир Малик” имзоси билан нашр этилгач, айрим адабиётшунослар фантастика ҳақида мақола ёзишганда “Тоҳир Ҳобилов билан Тоҳир Малик услубида ўхшашлик бор”, деб таъкидлашди. Ҳатто энциклопедияда ҳам камина икки одам сифатида зикр этилганман. Узоқ йиллар мобайнида нашриётлар ва таҳририятларнинг бемаъни талабларига чидаб яшашга мажбур бўлганман (бир мен эмас, бошқа ёзувчиларда ҳам шу каби ҳасрат мавжуд). Масалан, учинчи китобни “Лайлатулқадр” деб номлаган эдим. Бу диний калима, деб йўл қўйишмади.
Айрим ҳикояларни вақтида нашр этишга рухсат беришмади, айримларига коммунистик мафкурага хос ўзгартириш киритишни талаб қилишди. Масалан, “Садоқат” ҳикоясини нуфузли журналлардан бири нашрга тайёрлаганда журналнинг бош муҳаррири тўхтатган эди. Опага бош қаҳрамоннинг ўлиши ёқмабди. Бадиий асарда совет хотин-қизларининг ўлиши мумкин эмас экан. “Ахир ўзбек аёли дунёни ҳалокатдан сақлаб қолиш учун жонини қурбон қиляпти-ку!” деб тушунтиришга ҳаракат қилсам ҳам фойдаси бўлмаган эди. Ҳолбуки, Бутуниттифоқ ёш ёзувчиларининг кенгашида айнан шу ҳикояга яхши баҳо беришганди.
Сиз мендан кулманг азизим,мен ҳам сиздан кулмасман зинҳор.Қиёматда кулмаслар аҳволимиздан.Нашриётдаги мудир акамизни ҳамкасблари довдир ўрнида кўриб доимий равишда эрмак қилишаркан. Ўзларининг бу қилиқларини ҳазил деб билиб мириқиб кулишаркан. Мудир акамиз довдир ёки эси паст эмасди. Фақат ишонувчан эди, энг ёмони бу ишонувчанлик ўзидаги ҳасад ўтини аланга олдирарди. Масалан, “Эркин Сиддиқов шапалоқдек китобига ўн беш минг сўм қалам ҳақи олди, сиз гўзал шеърлардан иборат тўпламингизга икки минг сўм олибсиз, ноҳақлик бўлибди, директорга киринг”, дейишса, у киши кириб ҳасратларини тўксалар, бу ёқдагилар ҳузурланишар экан. Ёки беодоб қизларни ишга солиб, телефонда ноз-карашмали гапларни айттириб, мудир акани “эритиб” учрашувга таклиф қилишаркан. Мудир акамизнинг ишонувчанликлари энди нодонликка айланиб, қўлда гулдаста билан нозанинни кутадилар, атрофда беркиниб томоша қилаётган ҳамкасблари эса мириқиб-мириқиб куладилар. Аввалроқ айтганимдай, ҳазил ва масхаранинг чегараси мавжуд, афсус шуки, ақлли ижодкорлар бу чегарани англамай, бузиб юборадилар. Мудир акамизнинг тенгдошлари ҳазил-калака қилсалар эҳтимол чидаш мумкиндир, лекин кейинги ёш авлод ҳам бу кишига ҳазил қилгандай бўлиб, чегарани босиб ўтавердиларки, буни кечириш мумкин эмас.
Ҳазиллашишни ёқтирадиган одам билмоғи жоизки, “эрмак” – “ҳазил”дан кейинги босқич. Самимият чегарасидан чиқишда, таъбир жоиз бўлса, “эрмак эшаги”га минилади. Эшак бўлганда ҳам ажабтовур, бир доирада айланавериб кишининг асаб томирларини бир-бир узаверади. Сўнг бу “яғир” эшакда “калака” аталмиш бадбўй кўлмакка тушилади. Ўзгани калака қилғувчи нодонга бу кўлмак зилол сув каби туюлиб симираверади, роҳатланаверади. Заҳарланиши мумкинлигини ўйламайди. Ҳажв йўналишидаги асарлари билан дунёга танилган европалик Сервантес бу ҳақда дейди-ки: “Сен одамларга танбеҳ беришинг мумкин-у, аммо ҳақоратлашга – калака қилишга ҳақинг йўқ. Чунки кўпчиликни кулдирган бўҳтон, гарчи у ҳатто бир кишига чоҳ сифатида мўлжалланган тақдирда ҳам барибир ножўя ва бемаъниликдир”. Калака кўпинча зеҳн етишмаслигининг аломати, у чинакам ҳазил етишмаган жойда пайдо бўлади.
“Калака” деган иллат кўлмагидан “мазах” балчиғига ўтилади-ю…
Балчиқда эшакнинг ағанаганини кўрганмисиз? Бировни мазах қилаётган одамни шу жониворга ўхшатсак, каминани айбситманг. Агар эшакнинг онги бўлганда эди, бу ўхшатишимдан у ҳам ранжирди: келиб-келиб мени шундай одамга ўхшатдингми, деб аразларди. На чора, ўзгаларни мазах қилишдан роҳатланувчи нодон бундан қўполроқ ўхшатишга лойиқ бўлса-да, бунақасини топишга ақлим етмади. Кайковус ўғлига хитобан дейди-ки: “Эй фарзанд, дебдирларки, мазах – ёмонликнинг муқаддимасидир. Мазах, яъни хонаки сўз билан кишига дахл этмоқликдан ҳазар қил”. Оддий аксириш ва шамоллашдан бошланган енгил касаллик вақтида даволанмагани туфайли оғир хасталикларга дучор қилгани каби, ҳазил чегарасини бузишга ўрганган одам охир-оқибат масхара ботқоғига ботадики, энди ундан қутулиш осон эмас. Аллоҳ таоло бандаларини масхара қилмасликка буюргач, мазах ҳақида таъкид этади: “…ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўмин кишининг фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ўшалар золим кимсалардир” (Ҳужурот сурасидан). Мазах бирон кишининг нуқсонларини тил билан зикр қилиб айблаш демакдир. Ким бировни мазах қилса, аслида ўзини мазах қилган бўлади.
Масхара бировдан шунчаки кулиш эмас, унинг эл аро шармандасини чиқаришдир. Расволик чодирига ўраб ташлашдир. Масхара ҳақоратнинг бир туридир. Шу боис ҳазрат Сўфий Оллоҳёр танбеҳ берурларки:
Кел, эй нозир, мусулмон бўлса ҳар ёр,Назар қилма, ҳақорат бирла зинҳор.Дейилмоқчики: инсонларнинг юриш-туришини кузатгувчи инсон, мусулмон биродарингга зинҳор масхара кўзи билан қарама. Мусулмон боласини ҳақорат қилма.
Аллоҳ таоло бандаларни огоҳлантиради ва масхарадан қайтаради: “Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир” (Ҳужурот сурасидан).
Одатда ёмон хулқлилар яхши хулқлиларни масхаралашни севадилар. Шу боис, ким сизни масхараласа, жавоб қайтарманг, хушхулқ бўлинг-да, ундан ғазабланганингизни сездирманг. Шайтон васвасаси олдида ожиз қолиб, сиз кимнидир масхара қилдингиз. Агар масхараланган одам сизга жавоб қилмаса, билингки, у инсонийликда сиздан устун экан. Ҳазил-масхаралар кулиб туриб жонни суғуриб олишдир. “Билса ҳазил, билмаса – чин” ёки “Ярми ҳазил, ярми чин”, деганларидай, кимса қалбидаги қораликни кулги билан пардалашга уринади.
Лақаб қўйиш орқали инсонни камситиш ҳам гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло гўзалликни яхши кўради. Пайғамбар алайҳиссалом жоҳилият пайтидан қолган хунук исм ва лақабларни чиройлисига алмаштирганлар.
Кимдир жоҳил ва нодонлиги туфайли бирон танишига, ҳатто дўстига лақаб қўяди. Ҳазил тариқасида айтилган лақаб кейинчалик бошқа нодонлар томонидан “илиб” олиниб, тамғага айланади. Айрим лақаблар ҳатто отадан болаларга “мерос” бўлиб қолади. Лақаб қўйиш қишлоқларда кенг тарқалган. Айниқса ҳайвонларнинг номи билан аташ нодонлиги борки, бундан ҳазар қилинса яхши бўларди. Чунки кимнидир “мол” ёки “макиён” деб аташ ҳақоратнинг айни ўзидир. Қаранг-да, “лочин”, “йўлбарс” ёки “бургут” деб лақаб қўйилмайди. Айнан кишини камситувчи номлар танланади. Ёки кишининг жисмоний камчилигини таъкид этувчи сифатлар қўйилади. Каминани соҳибқирон Амир Темурни баъзан ёзма адабиётларда ҳам “Темурланг” дейишлари ажаблантиради. “Ланг” – чўлоқ, оқсоқ деган маъно англатишини, “Темурланг” – “чўлоқ Темур” эканлигини кўпчилик билмайди шекилли-а?
Чустда Ғовасой деган сўлим жой бор. Шинаванда улфатлар даврасида эдим, ўзларининг бир ҳазилларини кула-кула айтиб беришди. “Хўтик” лақабли дўстлари катта-кичикнинг олдида уялаётганини айтиб, бу сўзни тилга омасликларини илтижо қилибди. “Марҳаматли” дўстлар “Майли, аммо битта ош қилиб берасан, ўшанда лақабдан кечамиз”, дейишибди. Содда дўст бунга кўниб, чойхонада ош дамлабди. Ичадиганини ичиб, ейдиганини еб, роҳатланган дўстлар зиёфат охирида “Омийн, энди сени “хўтик” демаймиз, анча катта бўлиб қолдинг, бугундан бошлаб “Эш-шаксан!” деб қочиб қолишибди… Бу ҳазил уларга қимматга тушибди, ўттиз йиллик дўстлари улфатдан чиқибди.
Фантастиканинг ватани – Шарқ!
Биринчи китобимга доир хотираларни жиндек тизгинлаб, фантастика ҳақида озроқ фикр юритсам, дейман. Чунки адабиётнинг бу тарзини кўпчилик тўғри англамайди. Ёдингиздадир, Москвадаги йиғинда “Фантастиканинг ватани – Шарқ” деган мавзуда сўзлаганимни баён қилиб эдим. Диққатингизни яна шу мавзуга тортишга ижозат беринг:
Тилга олганим Москвадаги мажлисда рус фантастикасининг тақдири ҳақида ташвишланиб гапиришган эди. Сабаби: русийзабон ёшлар орасида фантаст ёзувчилар ғоят кам экан. Шунда мен сўзга чиқиб ўзбек адабиётида аксинча, бизда фантастларнинг деярли ҳаммаси ёшлардан, деган эдим.
1966 йили “Шарқ юлдузи” журнали фантастика тарзида болалар учун ёзилган “Ойга сафар” сарлавҳали ҳикоямни нашр этди. Бахт уммонида шодлик билан суздим. Ўшанда адабиёт гулшанининг дарвозаси мен учун ҳам очилгандай бўлиб эди. Кейинроқ ўйлаб қарасам, шу кичик ҳикоянинг нашр этилиши барча фантаст ёзувчиларга тиланган “оқ йўл” экан. Ўзбекистонда фантастиканинг ривожи бошқа жумҳуриятларга нисбатан анча яхши бўлди. Бизда устоз ёзувчилар, ноширлар ва муҳаррирлар бу жанрга монелик қилмадилар. Аксинча, қизиқиш билан қарадилар, ёрдам бердилар, тақдирладилар. Қўшни жумҳуриятларда фантастик асарлар нашр қилиш қийин эди. Шу сабабли уларда бу соҳада ўсиш бўлмади. Бизнинг фантаст ёзувчилар эса иттифоқ ва жаҳон миқёсига чиқишга эришдилар. Бу соҳада марҳум Ҳожиакбар Шайховнинг хизмати катта. У ўз ижоди билан ҳам, кейинчалик ношир сифатида ҳам фантастиканинг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшди. Унинг ташаббуси билан нашр этилган “Сирли олам” журналининг таъсирини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Афсусли ери шундаки, кейинги йилларда бу мавзудаги китоблар деярли кўринмай қолди. Ноширлар чўчишмаса ҳам бўларди, фантастика ишқибозлари бизда кўп. Бу тарзда ёзилган асарлар китоб пештахталарида туриб қолмайди.
Баъзан “Фантастика Европада туғилгани учун Шарқда суст ривожланяпти”, деган фикрларни эшитиб қоламан. Мен бу фикрга зинҳор ба зинҳор қўшила олмайман. Чунки менинг фикримча, фантастика Европада туғилмаган. Фантастика – бадиий адабиёт билан аниқ фанларнинг фарзанди, дейиш мумкин. Адабиёт билан илм қўшилган жойда фантастика юзага келади. Минг йиллар илгари илм-фан маркази қаерда эди? Шарқда! Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Фарғоний, Улуғбек, Али Қушчи… Бу улуғлар ва уларнинг шогирдлари илм соҳасида дунё шоҳсупасида эдилар. Ўша замонларда илм-фан одамлар тушунчасига нисбатан анча илгарилаб кетган эди. Араб тилида битилган илмий рисолаларни одамларга етказиш осон бўлмаган. Шунда алломалар бадиий адабиётга мурожаат қилишган. Илмий қарашларини, ғоя ва тахминларини бадиий тарзда баён қила бошлашган. Айрим фикрлар ҳатто аруз вазнида ифодаланган. Орадан неча юз йиллар ўтиб, Шарқ илм-фан борасида “уйқуга кетди”. Европа эса тараққиёт марказига айланди. Гелиоцентрик назария, яъни дунёнинг маркази Ер эмас, Қуёш, Ер эса Қуёш атрофида айланувчи сайёралардан бири деган ғоя Европага 16-асрда кириб келди. Польшалик олим Николай Коперникнинг мазкур мавзудаги илмий китоби узоқ вақт католик черков томонидан “зарарли ғоя” деб топилди ва уни ўқиш ва ўрганиш ман этилди (ҳолбуки, бу илмий ҳақиқат Қуръони Каримнинг оятларида очиқ баён қилинган). Кейинроқ италиялик олим Галилео Галилей бу ғояни ривожлантирди. Черков томонидан таъқиқланганини эътиборга олиб, очиқ илмий тарзда эмас, балки, бадиий шаклда, рамзлар воситасида баён қилди. Европада дастлабки илмий-фантастик асар шу тарзда яратилди. Орадан икки аср вақт ўтиб, франциялик адиб Жюл Верн адабиётнинг бу тарзини ғоят юқори поғоналарга кўтарди. Йигирманчи аср фантастиканинг “олтин асри” бўлди. Фантастика тарзида ёзилган асарлар энг кўп нусхада нашр этилди. Коперникнинг ҳамшаҳри Станислав Лем, америкалик Рей Бредбери, Айзек Азимов, Клиффорд Саймак, англиялик Герберт Уэллс, Джон Уиндем, Артур Кларк, чехиялик Карел Чапек (“робот” атамасини айнан шу адиб ихтиро қилган), россиялик Алексей Толстой, Иван Ефремов, ака-ука Стругацкий, Беляев, Казанцев каби адибларнинг асарларини миллиардлаб мухлислар ўқидилар, десам янглишмайман. Уларнинг асарлари асосида яратилган бадиий фильмларнинг томошабинлари ундан-да кўп.
Ўтган даврда кўп нарсаларни Европа билан боғлаб ўрганиб қолганмиз. Европанинг дунё тараққиётидаги ўрнини ҳеч ким рад этолмайди. Аммо ҳамма нарса тарихий далил асосида, холисона ва аниқ бўлиши керак. Яқинда Ўзбекистон телеканалида мухбир томонидан айтилган “Глобус 15-асрда Европада кашф қилинган”, деган “янгилик”ни эшитиб, ажабландим. “Адашиб айтиб юборди шекилли”, деб ўйлаган эдим, бир неча кундан сўнг бу “янгилик” яна такрорланди. Бу қанақаси?! Беруний замонида глобус мавжуд экани тарихдан маълум-ку? Бу “янгилик”ни тайёрлаган мухбир дўстимиз қайси бир Европа манбаидан фойдаланган, ўзимизнинг тарихимиздан эса бехабар экан. Бу уятли ҳолдир.
Энди фантастика ҳақида тушунча бериб ўтсам: “фантастика” юнонча сўз, тасаввур (хаёлот) санъати деган маънони англатади. Шу нуқтаи назардан қаралса, фантастиканинг дастлабки намуналарини эртакларда кўрамиз. Ўзи учар гиламлар, ойнаи жаҳон каби тасаввур мевалари эртаклар, афсоналардан ёзма адабиётга ҳам кўчган. Жаҳон адабиётида Гомернинг “Илиада”сида, Овидийнинг “Метаморфоза”сида, Франсуа Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэл”ида, Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”ида ва яна шу каби юзлаб асарларда, ҳамда “Маҳабҳорат”, “Минг бир кеча” каби асарларда фантастика унсурларини учратамиз. Йиллар ўтгани, илм-фан ривожлангани сайин фантастика жанри шаклланиб борди. Бошқачароқ айтилса, илмийлашиб борди. Энди шунчаки “учар гилам” эмас, ўн саккиз минг оламни айланиб чиқа олувчи фазовий кемалар тасвирланадиган бўлди. Энди шунчаки қиёмат эмас, ядро урушининг азобли оқибатлари инсон қисматларининг тасвирлари орқали баён этиляпти. Энди “бир бор экан, бир йўқ экан”, тарзидаги гаплар билан ишонтириб бўлмайди. Ёзувчи йигирма бешинчи асрдаги воқеага ўқувчини ишонтириши зарур. Бунинг учун фақат бадиий адабиётга доир маҳорат эмас, аниқ фанлар тарихи ва келажагидан ҳам билимга эга бўлишлик талаб этилади. Бу осон иш эмас, фантастика соҳасида қалам тебратиш истагида бўлган ёш ижодкор дўстларимга бу йўлда матонат тилайман.
Шу ўринда азиз мухлисларимиздан узрим ҳам бор. Гап шундаки, кейинги йилларда кўп китоблар нашр этиляпти. Кўплиги яхши, лекин сифат масаласи ачинарли бўляпти. Айрим нашриётлар мўлроқ фойда олиш мақсадида энг паст навли қоғозларга босяптилар. Елим ҳам, тикилиши ҳам сифатсиз, китоб бир-икки варақлаганда титилиб кетяпти. Бу соҳада ёзувчиларни хомуш қилаётган яна бир муҳим масала бор. Китобларда имло хатолар жуда-жуда кўп. 2005 йилда нашр этилган “Қора фаришта” китобимни ўқиб, ўзим ҳам уялиб кетган эдим. Нўноқ муҳаррир, нўноқ мусаҳҳиҳ қўлидан чиққан китобни ўқиганлар ёзувчини чаласавод дегандирлар балки. Нўноқликни қарангки, “юлдузкезар”ни “юлдузкесар”, “детектив”ни “дедектив”, “қонундаги ўғри”ни “қоронғудаги ўғри” деб “тузатишибди”. Ёзувчиларнинг бу афсуси янгилик эмас. Устоз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”нинг иккинчи бўлимига ёзган “Узр”ларида “Имлоси уч-тўртта имлочиларимиз томонидан тузатилиб (!) ажойиб қуроқ ҳолига келди”, деб “Рўмоннинг иккинчи бўлимини бундай хатолардан соф бўла олишиға ваъда бера олмасам-да, аммо босилиш тақдири ношир қўлида бўлғонлиғини билдириб қўяман”, деган изоҳни баён қилганлар. Ўн йиллар мобайнида давом этиб келаётган имло хатолар учун адиб айбсиз бўлса-да, айбдорлар учун узр сўрамоқдан ўзга чорамиз йўқдир.
Мужмал баҳо
Каминанинг қиссаси ҳамда Ҳожиакбарнинг ҳикояларидан иборат китоб нашр этилгач, “қандай баҳо беришар экан?” деган хавотирда юрдим. Тенгдошлар адабиётдаги янгилик, деб табриклашди. 1973 йил баҳорини, Ёзувчилар уюшмасида бўладиган “1972 йил прозаси” муҳокамасини интиқ кутдим. Асосий маърузачи таниқли адабиётшунос Матёқуб Қўшчонов эдилар. Маърузаларини жон қулоғи билан тинглаб, ҳафсалам пир бўлди. Муҳтарам олимимиз китобни ҳатто тилга ҳам олмадилар. Ҳафсаласи пир бўлган фақат мен эмас, 1972 йилда асарлари нашр этилган бошқа адиблар ҳам ҳайрону лол эдилар. Чунки уларнинг асарлари шунчаки тилга олиш билан кифояланди. Таҳлил ва муҳокама этилмади. Сабаби 1972 йилда Шароф Рашидовнинг романи нашр этилганди. Мазкур асар аввалроқ ёзилиб, бир оз ўзгаришлар билан қайта нашр этилса-да, ўзбек адабиётининг катта ютуғи сифатида баҳоланди.
Булутдан чин ҳаёт ёмғири ёғса,Тол дарахт шохида мева пишмайди.Уринма ёмонни яхши қилишга,Бўйрабоп қамишдан шакар чиқмайди.Шайх Саъдийнинг бу ҳикматидан бехабар маърузачи бир соатдан ортиқ вақт мобайнида йиғилганларни Шароф Рашидовнинг энг маҳоратли адиб эканига ишонтиришга уринди. Бундан деярли барчанинг ғаши келса-да, “муҳтарам Матёқуб ака, сал ошириб юбормадингизми?” дейдиган азамат топилмади. Аксинча, маъруза якунлангач, довруқли адиблар бир-бир сўзга чиқиб, ҳамду саноларни давом эттирдилар.
Аввал “Улуғ!” дедилар,сўнг эса:“Супраси қуруқ”.Орадан ўн йил ўтиб мақталган зот боқий дунёга риҳлат қилғач, шуларнинг ўзи унинг хотирасига балчиқ чапладилар. Битта амал курсиси ёки медаль ёки орден ёки унвон илинжида бунчалар паст кетиш қалам аҳли учун дуруст эмас деб биламан. Марҳум ортидан тош отмоқлик эса фосиқнинг иши.
Мен Матёқуб Қўшжоновнинг мақолаларини, айниқса Абдулла Қодирий ижодига бағишланган асарларини ўқиган эдим. Муҳтарам олимни адабиёт билимдони деб таниганман ва ҳозир ҳам шу фикримда қатъийман. Матёқуб акада бошқа адабиётшуносларда кам учрайдиган фазилат – асарни таҳлил қилиш, ёзувчининг қалбидаги дардни англай олиш қобилияти мавжуд эди. Аммо ўшанда “Абдулла Қодирий маҳоратини кўра билган олим, наҳотки, у амалдор адибнинг қобилиятига холис баҳо бера билмади?”деб ажабландим. Мақтовлар топшириқ асосида бўлганми ёки бу лаганбардорликдан бирон мақсад бормиди, билмайман. Лекин орадан кўп ўтмай, олим акамиз Пушкин номи билан аталувчи Тил ва адабиёт илмий текшириш институтининг директори бўлдилар. Академиянинг вице-президенти мартабаси ҳам насиб этди. Лекин бу шараф тожи алдамчи эди, Шароф Рашидов вафот этгач, Матёқуб акани ёқтирмайдиган гуруҳлар у кишини мансабдан ағдариш учун “лашкар” тортдилар. Матёқуб аканинг ҳам лашкарлари бор эди. Лекин тўқнашувда улар кучсизлик қилдилар, чунки улар суянадиган девор қулаган эди.
Матёқуб аканинг эҳтиёткорликларини, ҳатто турли ҳамлалар бўлишидан қўрқишларини сезгандай бўлардим. “Шарқ юлдузи”да бир мақолалари чиққач, каминага қўнғироқ қилиб, қалам ҳақи қанча ёзилганини сўрадилар. “Пулга шунчалар ўчмилар”, деб ажабландим, сабабини эса кейинроқ тушундим. Гап партия аъзолиги бадалини тўғри тўлашда экан. Агар мен мақолага 100 сўм ёзсам, ҳисобчилар ундан даромад солиғи, почта хизмати ҳақини айириб оладилар. Муаллиф қўлига 70 сўм атрофларида етиб боради. Аъзолик бадали эса ўша 100 сўм ҳисобидан тўланиши шарт экан. Шароф Рашидов вафотидан сўнг унга яқинларни четга суриш билан шуғулланган янги раҳбарият айнан шу нозик томонни ишга солибди. Бир қанча катта-кичик амалдорлар Рашидовнинг гумаштаси бўлгани учун эмас, аъзолик бадалини нотўғри тўлагани учун ишдан олиниб, қатъий ҳайфсан билан ҳам “тақдирланишган” эди.
Раҳбар адибни тўйиб мақтаб олишгач, маърузачи йиғилганларнинг саволларига жавоб бера бошлади. Кимдир биринчи марта нашр этилган фантастик китоб ҳақидаги фикрини сўраган экан, муҳтарам маърузачи “Боллар чет эл киноларини кўриб ёзган китоб”, деб гапни қисқа қилдилар. Олимлар масъулияти тўғрисидаги фикрларимни аввалроқ баён қилганим сабабли бу ҳақда бошқа сўз айтмайман. Ҳар ҳолда 26-27 ёшдаги китоб муаллифларини “болалар” деб аташлари менга менсимаслик бўлиб туюлди. Агар олим акамизнинг кўзлари билан қарасак, “Ўткан кунлар”ни ҳам 22-23 ёшли “бола” ёзган бўлиб чиқади. Майли, бу майда масала. Лекин “чет киноларини кўриб ёзган” дейилгач, бу танқидий фикр исботланиши лозим эди. Исбот қилинмаса, бу қуруқ гапни туҳмат, десак ҳам бўлади. Энг яхшиси, муҳтарам олимимиз “Зарур ишлар билан банд бўлиб ёшларнинг китобини ўқишга фурсатим бўлмади”, деб тўғрисини айтсалар, олам гулистон эди.
Ҳожиакбарни билмайман-у, аммо мен биринчи китобнинг кўкларга кўтариб мақталишини кутмаганман. Мен учун “Ёшларимиз бу соҳада ғайрат қила бошлашибди, “баракалла” деб оқ йўл тилайлик, ҳозирча асарлари ғўр, лекин яқин келажакда улардан мукаммал асарлар кутамиз. Адабиётнинг бу тарзи бизга янги бўлгани учун улар қийналишлари мумкин, чет эл фантастикасига тақлид қила бошлашлари эҳтимоли ҳам бор, биз уларни ана шу тақлиддан эҳтиёт бўлишларини хоҳлардик”, десалар кўнглим тоғдай кўтариларди.
Сен-ку мени ҳақир, озғин санадинг,Баҳодирлик қўпол савлатда эмас.Бу ўртада ориқ отлар иш берар,Семиз ҳўкиз бу майдонга ярамас.(Шайх Саъдийдан)Йиллик муҳокамада мужмал баҳо олганимиз билан матбуотда ҳам, китоб нашр этишда ҳам фантастикага кенг йўл очилди.
Ҳарбийдан қайтганимда “Ҳикмат афандининг ўлими”ни “Шарқ юлдузи” журнали нашр этишга қарор қилган экан. Носир Фозилов мени чақириб Бош муҳаррир Мирмуҳсин акага таништирдилар-да, “Мана бизда ҳам фантастика пайдо бўлди”, деб гап бошлаб, асарни мақтадилар. Мен Мирмуҳсин ака билан бирга ишламаганман, лекин иш услубларини эшитганман. Журналда босиладиган асарни бошқа ёзувчиларга ҳам ўқитиб, уларнинг фикрини эшитиб, кейин қарор қабул қилар эканлар. Қисса бу жараёндан ўтган экан, Носир аканинг фикрларини маъқулладилар. Шунда мен нодонлик қилиб, асар “Ёш гвардия” нашриётида қисқартирилган ҳолда нашр этилаётганини айтиб қўйдим. Мирмуҳсин ака Носир акага савол назари билан қарадилар. Носир ака афсус, дегандай бош чайқадилар:
– Шоир, китобни тўхтатишнинг иложи йўқми? – дедилар.
– Босмахонада териб бўлинган, – дедим.
Журналда босилган асар кейинроқ китоб ҳолида нашр этилиши мумкин эди. Лекин китоб бўлиб чиққан асарни журнал бермасди. Ўша куни “Нодонлик қилдим, айтмасам бўлар экан”, дедим, кейин “Тўғри қилдим, бу ишим виждондан бўлди”, деган тўхтамга келдим. Асарни журналда чиқмаслигига ўзим сабабчи бўлганим кўп ўтмай тақдирланди. Кейинги қиссани қўлга олиб, ўқишгач, галга солмай, узун навбатга қўймай, нашр этишди. Бу борадаги Носир ака бошлаган ишни Шукур Холмирзаев хайрли ниҳоясига етказдилар. Яхши маслаҳатлар берганлари учун ҳар икковлари мен учун устоз мақомида турадилар.
“Ҳикмат афандининг ўлими” нашрдан олиб қўйилгач, Носир ака мени тез-тез йўқлаб, қўлёзмаларга тақриз ёзишни топшира бошладилар. Бу соҳада тажрибам етишмаса-да, ишонч билдирдилар. Ҳатто ҳажми беш юз саҳифадан ошадиган романни бериб, “150 бетлик асарга айлантириб беринг”, дедилар. Баъзи адиблар бўшроқ ёзилган асарларини наср кенгаши муҳокамасидан ўтказиб олиб, таҳририят ва нашриётларни безор қила бошлашарди. Юқори идораларда уларни ҳимоя қиладиганлар ҳам бўларди. Қўнғироқлар ва илтимослардан безган таҳририят раҳбарлари “журнал варианти” деган изоҳ билан асарни қисқартириб беришарди. Менга худди шундай романни бердилар. Асарга ҳусн бўлмайдиган саҳифаларни қисқартириб чиқдим. Айрим саҳифаларни қайтадан ёзиб, машинкада ўзим кўчириб бердим. Бу ишим ҳам таҳририятдаги акалар ва устозларга маъқул келди. Айниқса, фантастика йўналишида ёзиладиган асарларга мен баҳо берадиган бўлиб қолдим. Турли газета ва журналлар таҳририятидан қўнғироқ қилишиб, “Битта ҳикоямиз бор, биз фантастикани тушунмаймиз, ўқиб беринг”, дейишарди. “Нимасига тушунмайсиз, фантастик ҳикоя ҳам реалистик ҳикояга қўйилган талаблар билан ўқилиши керак”, десам-да илтимос қилаверишарди. Ўзимдан кўра ёшроқ адибларнинг асарларини ўқиб, фикр айтиш қийин эмас, лекин муаллиф дўстларимизнинг холис танқидий фикрни қабул қилишлари оғир эди. Гапларимни малол олаётганларини сезиб турардим. Аммо наилож, бадиий адабиёт талабларини мен ўйлаб топмаганман.






