
Полная версия
Ҳаёт қайиғи (2 китоб)
Ўн йилча муқаддам Дипломатия дорулфунунидаги учрашувда талабалар бир пайтлар “Пахтакор” дарвозабони бўлган Ёдгор Саъдиевдан футболимиз нима учун қолоқ, деб сўрашганида муҳтарам санъаткоримиз келажакка умидвор оҳангда сўзладилар. Мен эсам “Йигитларимиз футболни юриб эмас, югуриб ўйнаш лозимлигини тушуниб етишгандан сўнг ривожланиш палласи бошланади”, деб бу мавзуда ёзилган ҳазил ҳангомани ўқиб берган эдим. Кўп саҳифаларда жиддий фикрлар баён қилингач, бу ҳангома билан сиз – азизларга озгина дам берсам, йўқ демассиз? Мазкур ҳангома “Мен Жулқунбойнинг жияни эканман”, деб даъво қилувчи чаламулла ёзғувчи номидан ёзилган. Унга “Жўрж” – “Жулқунбойнинг ўгай рамақижон жияни” деб тахаллус қўйиб эдим. Хаёлимдаги бу ёзғувчига ўзим устоз, у эса шогирд мақомида эди. Бир неча ҳангомаларни гўё Жўрж айтган-у, камина қоғозга туширган. “Ўзимизнинг футбол” ҳам адабиётда учраб турадиган шу услубда қоғозга тушган.
“Ҳаҳ! Сен бола “устоз эканман”, деб ўзингдан кетавурма. Ўзимам у-бу нарсани эплайтурғон бўлуб қолдум, аковси жонидан! Ашула бозоридан рипортаж айтгонимдин сўнг футболнинг идорасидан бир амалдор келуб, “Бизларди ҳам бир махтаб ёзсангиз-чи”, деб ялинди. “Нимангни махтайман, акагинанг айлансун, бачаларинг футбол ўйнашни билмаса, тўпни тўхтатиб тепиш ўрнига “устимдан ўтиб кета қолсин”, деб шарт ётиб олса. Дарвозабонинг “Эй Худо маним дарвозамни тўпларга тўлдириб юбор”, деб тўқсон дақиқа нола қилиб турса…” деган эрдим, йиғлаб юбориб, “Ақлигинангиздан айланай акахон, унда бизга бир янгилик ясаб беринг, қандай қилсак дунёнинг чимпиони бўламиз?” деди.
Янгилик ясаш осон эмас, лекин мен ясадим. Энсанг қотмасин, эшит.
Дунёнинг чимпиони бўлиш учун дунё ўйнаётгандан бошқачароқ футбол ўйнаш керак. Инглизинг ўйлаб топган бу ўйини ўзига буюрсин, бизларга сираям тўғри келмайдур. Америкада бошқачами? Эшитганман, “Америкача футбол” дейилар эркон. Хитойликлар бокс деган муштлашувни ҳам ўзича ўзгартириб олибдурлар. Қўли етмаган жойга оёқ билан ҳам тушириб қоларкан, азамат. Хўш, ҳамманики ўзича экан, биз “Ўзбекча футбол”ни ясасак нима бўлибди? Шошилма, қанақалигини тушунтириб бераман. Ўйинчиларнинг бошига дўппи кийғозиб, белига белбоғ боғлаганинг бирлан “ўзбекча футбол” бўлиб қолмайдур. Ҳозирги тўптепарларингнинг белида белбоғ турмайтурғон бўп қоғон. Мен бу ўйиннинг қанақа бўларини ипидан игнасигача ўйлаб, топдим. Ҳозир тренир деган хўжайинлари “Жума куни ўйин, соат ўн бирда стадионда бўлларинг”, деса ҳаммаси ўн иккига қолмай етиб келадими? Янгича футболда бунақаси бўлмайди. Шунинг учун бунақасини “ғалатфутбол” деб атасак-да ярашур. Тренир ўйиндан икки кун олдин тўптепар бачаларига тилпон қилиб чиқадур. Масалан, бунақа дейдур:
– Аковси бўйидан, футбол фитрасияси мандан бемаслаҳат бир иш қилиб қўйибдур. “Тўртешар” қўмондаси бирлан ўйин жума куни бўлар эрмиш. Вахтингиз бўлармикин?
Янгича футболчи пешонасини тириштириб, кейин бош чайқайдур:
– Жума куними? Йўқ, братан, пайшанбанинг эртасига тўп тепишга ҳолим бўлмайди.
Гапи тўғри-да! Қайси эркак пайшанбанинг эртасига ҳакиллаб югуради? Эркак ҳам одам, дам олишга ҳақи бор. Тренир ақлли одам-да, бачаларининг аҳволини билиб, фитрасияга илтимос қилиб, ўйинни шанба кунига кўчиради. Яна тилпон қилади. Гал дарвозабонга келганда яна ишкал чиқади. “Куёв чақирди”га бормаса бўлмас экан. Якшанбада ҳимоячининг тоғаси хатна тўй қилаётган эркон, душанбада ярим ҳимоячининг хотини туғиб қолиши эҳтимоли бор эркон. Сешанбада чап қанот ҳужумчининг қайнонаси “гап” бераркан. Чоршанбада ўнг қанот ҳужумчининг холаси учинчи эридин ажрашиб, тўртинчисига никоҳланаркан. Ўйин пайшанбага белгиланганини эшитиб, марказий ҳужумчининг чапақай жаҳли чиқиб кетди. “Акахон тўқсон минут итдай югуриб, чарчаб уйга бораманми? Хотинимнинг кўзига қандай қарайман?” Шунақа қилиб, ўйин ўн кундан кейинга белгиланади.
Ҳой, Абдумалик аканинг ўғли, гапимни эшитяпсанми, намунча анқаясан?! Ана энди тасаввур қил: бир томонда “Тўртешар”нинг қорин қўйғон азамат йигитлари. Иккинчи томонда ўзимизнинг “Юмалабтепар” қўмондаси. Ҳакамбойвачча уларнинг жўрабошиларини чақириб “Агар рухсат берсангиз, ҳуштакни чалсам-у ўйинни бошлаб юбора қолсак”, деб илтимос қилади. “Воҳ! – дейди “Юмалабтепар”нинг жўрабошиси. – Бетоқат хотинга ўхшаб намунча шошасан? Бир йилдан бери бу оғайним билан энди учрашиб турибмиз. Ўйиндан кейинги ош-пошнинг маслаҳатини қилиб олайлик”. Ҳакам сал таранглиқ қилади-ю паловхонтўрадан ўзига ҳам насиба тегишини билгач, сал нари кетади. Жўрабошилар бир чекимдан нос отиб олишгач, “Пачоқтўп” чойхонасида ошхўрлик қилиб олишга келишиб олишади. “Юмалабтепар” ўйинда ютқизиб беришга, “Тўртешар” эса ошнинг харажатини кўтаришга келишадилар. Ҳомийлар томонидин “Юмалабтепар”нинг ҳар бир ўйинчисига майдақавиқ чопон, иккита ароқ, иккита коньяк, йигирмата “Кока-кола”, икки кило сон гўшти, уч кило биқин гўшти, бир килодан жигар тайёрлаб қўйилгани эслатилгач, 4 : 1 ҳисобида тўхталишди. “Юмалабтепар” бачаларининг кайфиятлари сал пачоқроқ бўлиб тургани учун улар уришлари лозим бўлган тўпни ҳам “Тўртешар” ҳимоячиси ўз дарвозасига киритадурғон бўладир.
Ҳа, айтмоқчи, “ғалатфутбол”нинг асосий талабини айтмабман-ку? Талабга кўра, ҳар бир футболчи бачада алоҳида-алоҳида қўл телпони бўлиши шарт. Чунки ўйин пайтида тўпни кимга оширсам экан, деб бош қотириб ўтирмайди. Масалан, дарвозабон тўпни қўлига олиб, майдонга кўз ташлайди. Қараса, чап қанотдаги ярим ҳимоячи бўшроқ турибди. “Йўқ, унга оширмайман, кечаги ошда менинг олдимдаги устихонни уриб кетган эди”, деб ўйлайди. Ўнг томондаги ярим ҳимоячига қараса, бечоранинг аҳволи ночорроқ кўринадур. Чунки кеча қовуннинг устидан “Фанта” отлиқ сариқ ширин сув ичгон эрди, ҳар нечук, нафсининг бу ўйуни энди қорин ичинда самара бераётгандур? Шундай тўхтамга келмиш дарвозабон ўзидан хийла узоқроқда бўлмиш марказий ҳужумчига телпон қилади:
“Акахон, қалайсиз, чарчамадингизми? Тўпни сизга оширсам қабул қилиб оласизми?” – деб сўрайдир.
“Мендан бошқа ўйинчи қуриб кетибдими? Ана, тренирнинг жиянига узат, доим тайёр ошга баковул бўлиб туради. Умуман, менга бошқа тилпон қилма. Менга ҳозир хотиним телпон қилиши керак”, деб жавоб берадир ҳужумчи. Дарвозабон чап қанот ҳужумчига телпон қиладир. Телпон тушмагурдан бир жононнинг “Абонент ҳозир одамгарчилик доирасидан ташқарида”, деган жувобни эшитгач, аччиғи чиқиб, тўпни шарт ерга қўядир ва устига ўлтуриб оладир. Тилининг тагига нос ташлаб, бебурд ошналарини сўкадир.
“Нос қаёқдан келди?” дейсанми? “Ғалатфутбол”нинг талабидан иккинчиси шу-да. Дарвозанинг ортида бир халта нос турмаса, ҳисобмас. Ҳакамнинг башарасига нос тупуриб юбормаслик учун тўп тепаётганида нос отмаса бас, бошқа пайт оғзини тўлдириб олса ҳам, биров бирнима демайди.
Дарвозабон тўпнинг устига ўтириб олгач, ҳакам “бояқишлар чарчабди, майли бир дам олволишсин”, деб “Юмалабтепар”нинг жўрабошисидан икки чеким нос олиб, отволади. Шу пайт жўрабошининг телпони жиринглаб қолади. Қулоғига тутиб “алё”, деса ўзининг ошнаси – “Тўртешар”нинг жўрабошиси.
“Нимага ғўддайиб турибсан? Дарвозабонингга айт, тўпни тепсин. Беш минутдан кейин ўйин тугайди, биз ҳали сенларга яна иккита уришимиз керак”, – дейди жиғибийрон бўлиб.
“Ҳовлиқма, ҳакам акамиздан илтимос қиламиз, ўн минут қўшиб берадилар”,– дейди буниси.
“Эсинг жойидами? Вақтни чўзсанг, у ёқда ош ланж бўлиб кетади. Икки минутда иккитани урайлиг-у аканг ҳуштагини чалиб, ўйинни тугатаверсин”, – дейди униси.
Шунга келишадилар-да, буниси дарвозабонига телпон қилади:
“Вей, ҳеббим, тухум босмай, тур ўрнингдан, яна иккита ўтказиб юборишинг керак. Анқайма!”
Жўрабоши ҳакамга ҳам телпон қилиб қўйғонида, ҳакам ҳуштак чалиб, дарвозабонни огоҳлантирмоқчи бўладир. Локигин, оғзидаги нос ҳуштак тешигини беркитиб қўйиб, қўли билан ишора қилиб қўя қоладир.
“Ғалатфутбол” ўйинидин сўнг қандай воқеалар содир бўлғонин сен сўрама, мен айтмайин. Сен бир нарсани билиб олсанг етарли: “Ғалатфутбол” мавсумида “Юмалабтепар” қўмондаси ҳозирги қўмондаларға ўхшаб овора бўлуб, дайдуб, ҳасратлар чекуб, ўттиз ўйун ўйнамайдурлар. Уларға уч ёинким тўрт ўйун кифоя эрур.
Сен бу айтганларимни қоғозга тушуруб, “Жўрж тоғамнинг гапларидур”, деб газнитга элтма. Буни қўлланма қилиб ёзасан. Футбол фетрасиясидаги амалдорлар маним бу кашфиётимни эшитиб, йиғлаб юбордилар. “Бизарнинг ҳам кўкрагимизга офтоб тегатурғон кун келаркан-ку!” деб шодланмишлар. Сен қўлланмани ёз, мен тасдиқлаб бераман. Тушундингму?”
Чойхона “чемпионлари”
Ғирромлик фақат футболда эмас, бошқа соҳаларда ҳам учрашини айтиб эдим. Мисол тариқасида шахмат кўригини эслайман. Шу баҳонада Ўзбекистонда шахмат ривожи учун жон куйдирган фидойи инсон Мамажон Муҳиддиновни ёдга оламан. Шахматнинг бугунги муҳташам саройига Мамажон ака ўша йиллари пойдевор қўйганлар, дейишимда муболаға йўқ. Шахмат тарихидан номзодлик диссертацияси ҳимоя қилган Мамажон ака аввал айтганимдай, Ўзбекистондаги ягона “СССР спорт устаси” эдилар. Деярли барча газета-журналларни шахматга доир мақолалар ва жаҳон биринчилигидаги энг яхши ўйинларнинг шарҳлари билан таъминлардилар. “Ленин учқуни”да ҳар йили “Янги йил шахмат конкурси” ўтқазишда бош бўлардилар. Болаларга мос масалаларни, саволларни тайёрлаб берардилар. Бир неча юз жавобни синчиклаб ўқиб чиқиб, ғолибни аниқлардилар. Таҳририят ғолибларга қимматбаҳо совғалар берарди. Мен мактабда ўқиб юрганимда шахмат ўйнашни ўрганган эдим. Мамажон аканинг таъсирларида жиддийроқ шуғуллана бошладим. Газетага шахмат масалаларини тайёрлаш жараёнида у кишидан кўп нарсаларни ўргандим. Бунга қаноат қилмай, Москвада нашр этиладиган “64” деган ҳафталик газетани мунтазам сотиб олардим. Ундаги жаҳон чемпионлари ўйинларининг таҳлилини эринмай ўрганардим. Буюк шахматчи бўладиган қобилиятим йўқ эди, лекин унча-бунча шахматчига бас кела олардим. Ёзувчилар уюшмасининг бир хонасида доимий равишда кимлардир шахмат ўйнаб ўтиришарди. Айримларнинг “иш куни” фақат шу ўйин билан ўтарди. Кунларнинг бирида журнал таҳририятига берган ҳикоям тақдири билан қизиқиб келсам, “шахматдаги зўр”лардан бири ёлғиз зерикиб ўтирган эканлар. Менинг мақсадимни эшитмай туриб, у акамиз “шахматга қалайсиз?” деб сўрадилар. Мен нодон “Сизни енгишга кучим етади”, деб ҳазиллашибман. Шахмат масалаларини ечишни ўрганибман-у, жиззаки шахматчиларга ҳазил қилиш мумкинмаслигини билмабман. “Шунақами? Уч марта ўйнаймиз, агар биттасида сенга енгилсам, иккинчи шахматга яқинлашмайман”, деб қасам ичвордилар. Беш марта ўйнадик. Биттасида ҳам енга олмадилар. Босиб-босиб сигарет чекдилар. Кейин индамай чиқиб кетдилар. Эртасигами ё индинигами даҳлизда учратиб, салом берсам, алик олмадилар. Саломнинг аликсиз қолиши ҳолва экан, ҳикоя журналда чиқмай қолди. Шунда “Шахматнинг бу томони ҳам бор экан, ўйнамай қўя қолай”, деб аҳд қилган эдим.
Аниқ эсимда йўқ, 1968 йил эди шекилли, Янги йил шахмат кўригига келган мактублар орасида биттаси диққатимни тортди. Барча масалалар, барча саволлар жуда аниқлик билан ечилган эди. Еттинчи синф ўқувчисининг бу қадар аниқ жавоб ёзиши менда шубҳа уйғотди. Мамажон ака ҳам гумонсираган эканлар. Ғолибларни эълон қилмай туриб, текшириб келиш мақсадида Паркентга йўл олдим. Мактаб директорига шу ўқувчи билан танишиш истагим борлигини билдирдим, шахмат келтиришларини ҳам илтимос қилдим. Директор ҳам ажабланиб, ҳам бир оз ташвишланиб, ўқувчини хонасига чақиртирди. Ўзимни таништирганимда болада саросима сезилди. Боланинг ўқишлари билан қизиққандай бўлиб, уч-тўрт савол бериб шахмат ўйинига таклиф қилдим-да, “доналарни сиз теринг”, дедим. Бола сир бой бермай, доналарни тера бошлади. Хато терганини билмагандай дона суришни бошладим. У менинг ҳаракатимга қараб пиёдаларни тўғрига сурмай, асп юриш қилди.
– Шахмат ўйнашни билмас экансиз-ку, масалаларни ким ечиб берди? – деб сўрадим-да, директорга мақсадимни билдирдим. Бола бошини эгди-ю, жавоб бермади.
– Акаси ечиб бергандир, қишлоқда унга тенг келадигани йўқ, – деди директор.
“Шахматчи” боланинг акасини чақириб келишди. “Бир қўл ташлаймизми?” деган таклифимни эшитиб, доналарни терди. Чиндан ҳам уста шахматчи экан, ўн бешта юришга чоғим келди, мотнинг нафасини сезиб, ўйинни бас қилдим-да:
– Укангизга нега ўргатмагансиз? – деб сўрадим.
– Укам сабрсиз бола. Шахматни ўрганиш учун биринчи галда сабр керак, – деди у.
– Иккинчи галда таҳлилми?
– Ҳа. Мен ўзимнинг кейинги юришларимни билиб, сизнинг ҳужумларингизни ҳам ҳисобга олишим керак.
– Укангиз номидан масалалар ечаётганингизда менинг бугунги “юришим”ни ҳисобга олмабсиз-да? Нега ғирром йўлни танладингиз? Газетанинг кичик совғасини оламан деб укангизни уятга қолдирардингиз-ку?
Бу воқеани қаламга олиб, фелъетон ёзишим мумкин эди. Лекин аканинг шахматга бўлган муҳаббатини, маҳоратини инобатга олиб, Мамажон ака билан маслаҳатлашган ҳолда индамай қўйишни лозим топдик. Паркентдан қайтар маҳалимда шахматчи йигитга “Болалар боп масалалар тузиб, таҳририятга юбориб туринг, газетада берамиз”, деб таклиф қилган эдим. Негадир жавоб бўлмади. Назаримда қилган ишидан уялган бўлса керак. Ҳозир ўша йигитни эслаб, “Шахматчиларга яратиб берилаётган бугунги шароит ўша даврда бўлганда эди, Паркентдан ҳам халқаро гроссмейстер чиқарди”, деб ўйлайман. Ўша йигитнинг ёши ҳозир олтмишдан ошгандир, тенгдош улфатлари билан чойхонада шахмат суриб ўтиргандир. Афсус, афсус, Худо берган қобилият “чойхона чемпиони” унвони билан чекланиб қолди. Яна афсуски, чойхоналарда яна қанча “чемпионлар” дона суряпти экан?
Қишлоқдаги уруш ваҳми
“Фан-техника ва спорт” бўлими 1967 йилдан эътиборан “Фан-техника, спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими” деб номланди. Бунга сабаб, болалар ўртасида “Зарница” деб номланган ҳарбий ўйин ташкил этилди. Москвада бу ўйин қўмондони маршал Казаков, Ўзбекистонда генерел-лейтенант Норхўжаев эди. Ўйин низомлари эълон қилинган, жойларда тайёргарлик ишлари бошланиб кетган эди. 1967 йил февраль ойининг охирларида Фарғонанинг Бешариқ шаҳарчасидан ўйинга тайёр эканликлари ҳақида хабар келди. Барча шароитга эга бўлган шаҳардагилар “ўйлаб ўйларига етмай” туриб, узоқ шаҳарчадагилар “тўйларига етиб” олишибди. Муҳарриримиз Суроб ака, “Бориб ўйинни ўтказиб келинг”, деб топшириқ бердилар. “Чарм тўпда”ги савол-жавоб такрорланди. Биринчи ўйин қандай ўтказилишини ҳеч ким билмасди. Мен дастлабки ижодий сафаримга тайёрландим. Биринчи марта самолётда учдим. Қўрққаним йўқ-ку, аммо қулоғим шанғиллаб беҳузур қилди. Қўқон аэропортида шаҳарга қандай боришни сўрай десам, ўзимнинг гапимни ўзим ҳам эшитмайман. Сўраб-сўраб, автобекатга бордим. Тиқин автобусда Бешариққа етдим. Таклифномада кўрсатилган 1-мактабни осонгина топдим. Очиқ юзли киши кутиб олиб, ўзларини “мактаб директори Абдужалил Тошпўлатов” деб таништирдилар. Сўнг мактаб пионерларининг Бош етакчисини чақиртириб “Муҳаммаджон Холиқов яқинда ҳарбийдан қайтдилар, болаларнинг ўйинига ўзлари бош бўладилар”, дедилар. Ишни болалар билан танишишдан бошладим. Ўйин иштирокчиларига ҳарбийлашган махсус кийим тиктиришган экан. Мен у дамда ҳарбийда хизмат қилмаган эдим. Лекин мактабда ўқиганимизда ҳарбий дарс бўларди. Ҳарбий тартиб ва қоидаларни ўшанда ўрганиб эдим. Дадажонимнинг ҳарбийга доир суҳбатлари ҳам ёдимда эди. Ўйин тартибига кўра, биринчи шарт сафда шахдам қадам босиб юриш эди. У дамларда мактабларда алоҳида жиҳозланган ҳарбий синф мавжуд бўлиб, ҳақиқий автоматлар ҳам сақланарди. Саф машқида болаларга автоматлар ҳам берилди. Машқ учун спорт майдончаси торлик қилиб, болаларни кўчага олиб чиқдик. Ҳамма машмаша шундан кейин бошланди. Саф машқини тугатиб, Муҳаммаджон ака билан эртага бўладиган дала “жанги” режасини маслаҳат қилиб ўтирганимизда директорни шошқич равишда райкомга чақиришди. Мактаб билан райком ораси уч юз қадам чамаси келарди. Орадан йигирма дақиқача вақт ўтгач, мени ҳам чақиртиришди. “Тез бормасангиз бўлмайди, райком бува директоримизни ишдан ҳайдайдиганга ўхшайди”, дейишди. Қандай воқеа юз берганини райкомга борганда билдим. Ҳарбийча кийиниб, автомат ушлаган мактаб ўқувчиларини кўрган аҳолида “уруш бошланиб қолганга ўхшайди”, деган ваҳима тарқалиб, бу миш-миш ўша заҳоти райком биринчи котибига етиб келибди. Саркотиб туман ҳарбий комиссарини чақиртириб сўраса, у “ҳеч нима билмайман”, дебди. Сўнг директорни чақиртириб уни сиқувга олишибди. Абдужалил ака бу бутуниттифоқ ўйини эканини, Тошкентдан махсус мухбир келганини айтганларидан сўнг мени чақиртиришибди. Саркотиб менинг саломимга жавобан “Бу яна қандақа ўзбошимчалик?!” деган таҳдидли савол билан “алик” олди. Мен осойишталик билан гап бошлаб, унга “Зарница” низоми чоп этилган “Пионерская правда” ва “Ленин учқуни” газеталарини узатдим. У диққат билан ўқиб чиқиб, ҳарбий комиссарга узатди. Кейин икковлари бир-бирларига савол назари билан қараб қолишди. Саркотибнинг топшириғи билан эртага белгиланган ўйинни ҳарбий комиссар бошқарадиган бўлди. Жойни ҳам ўзи танлади:
– Новқатга боринглар. Баланд-паст қир бунақа ўйинга жуда мос. Вақтим бўлса, ўзим ҳам чиқаман.
Новқат чиндан ҳам ҳарбий ўйин учун мос эди. Бешинчи март, якшанба куни ҳаво очиқ, қирда баҳорнинг ёқимли шабадаси эсарди. Болалар яйраб кетишди. Улар иккига бўлинишиб, “жанг”ни бошлашди. Мен қўлимда фотоаппарат билан уларга қўшилиб югураман. Пешинга яқин тугаган “жанг” якунига бағишлаб “Новқат” операцияси” деган катта мақола ёздим. Фотосуратлар билан берилган бу мақола учун раҳмат эшитиб, кўнглим тоғдай кўтарилди. Кейинчалик бу ўйин анча оммавийлашди. Энди ҳарбий қисмлар ҳам жалб этиладиган бўлди. Тутун тарқатувчи мосламалар, ичи бўш ўқ отувчи автоматлар, ҳатто танклар иштирокидаги ўйинлар болаларни ўзига тортар эди. Бир неча йил давомида бу ўйинларда иштирок этиб, фоторепортажлар тайёрладим. Бу “жанг”ларда кўриб-билганларим ҳарбий хизматга борганимда асқотди.
Битта мақола ёзиш учун тўрт кун вақтим кетганига ачинмайман. Чунки Бешариқда мен ажойиб одамлар билан дўстлашдим. Водий томонга сафар қилсам, ишим бўлмаса-да, Бешариққа кириб ўтишни одат қилдим. “Сомон йўли элчилари”даги баъзи воқеалар Бешариқда содир бўлган, “Шайтанат”нинг ёзилиш тарихига ҳам Бешариқнинг алоқаси борки, бу ҳақда кейинроқ баён этаман.
Биринчи борганимда Муҳаммаджон аканинг уйларида тунадим. У даврларда туманларда меҳмонхоналар бўлмас эди. Бирон таниш ёки нотанишнинг уйига қўноқ бўлардик. Муҳаммаджон ака меҳмондорчиликни ўрнига қўйдилар. Кейин билсам, бир ҳафта аввал у кишининг тўйлари бўлган экан. Демак, мен чиллалик уйга кириб, хато қилибман. Афсуски, бу каби одатларимизни кейинроқ билдим.
“Мини баскетбол”, “Светофор”, “Қувноқ эстафета” каби ўйинларнинг низомларини тайёрлашда, дастлабки мусобақаларни ўтказишда ҳам иштирок этдим. Бухороликларнинг ташаббуси билан стол тенниси бўйича “Чарм тўп”га ўхшаш мусобақалар ташкил қилмоқчи эдик, лекин негадир оммавийлашмади. Бунга маҳалла болаларини теннис столи билан таъминлашнинг мушкуллиги сабаб бўлгандир, деб ўйлайман. Бугунги кунда стол тенниси, бадминтон ўйинларини оммавийлаштириш чоралари кўрилса яхши бўларди. Бу ўйинлар фақат болалар эмас, катталарнинг саломатлиги учун ҳам ғоят фойдали.
Фантастика остонасида
Таҳририятдаги ишим фақат спорт билан боғлиқ эмасди. Айниқса кеч куз, эрта баҳор оралиғида бу соҳада “дам” бўларди. Газетанинг иккинчи саҳифаси қисман спорт мавзуига ажратилса, қолгани фан-техника мавзуига берилади. Болаларни фан ва техникага қизиқтиришга бағишланган мақолалар мунтазам бериб борилиши шарт эди. Шу мавзуга бағишланган “Аниқ фанлар академияси” ташкил қилинганди. Болаларга ҳали яхши таниш бўлмаган кибернетика ҳақидаги тушунчалар, бугунги компьютерларнинг бобоси саналган “ЭҲМ” – электрон ҳисоблаш машиналари ҳақидаги мақолаларни тайёрлаш ўзим учун ҳам фойдали бўлди. Бир неча илмий-текшириш институтларига бориб, у ерда олимлар билан суҳбатлашдим.
Бизда кўп фан тармоқлари дунё билан тенглашадиган даражада ривожланаётган эди. Олимларимиз ҳам дунё таниган илм аҳлидан кам эмасди. Академик Восил Қобулов раҳбарлигида қад ростлаган кибернетика институти Иттифоқдаги энг кучли фан даргоҳларидан ҳисобланарди. Кимёгар академик Обид Содиқовнинг кашфиётлари, академик Сирожиддиновнинг математика оламидаги ишлари ғоят қадрланар эди. Геолог Ҳабиб Абдуллаев номини дунё биларди.
Аммо… илмни оммага тушунарли тарзда етказиш масаласида камчилигимиз бор эди. Олимларимизнинг кўп-кўп илмий китоблари нашр этиларди. Лекин улар фақат мутахассислар тушунадиган тилда ва услубда эди. Бу соҳада Европадан ўрганадиган ишларимиз бор эди. У томонларда адабиётнинг илмий-оммабоп услуби тараққий этганди. Айниқса, болалар учун жуда кўп китоблар нашр этиларди. Бу соҳага рус олимлари ҳам жиддий эътибор қаратардилар. Ўзлари ёзиш билан кифояланмай, дунё олимларининг асарларини рус тилига таржима қилардилар. Мен газетага мақола тайёрлаётганимда ўша китоблардан фойдаланардим. Шу баҳонада кутубхонам илмий-оммабоп китоблар билан бойиганди. “Энциклопедический словарь юного физика”, “Энциклопедический словарь юного астронома”, “Физика для любознательных”, “Эврика” туркумида чиқарилган ўнлаб китоблар, шу туркумда 1963 йилдан эътиборан ҳар йили чиқарилувчи альманахлар, “Академики рассказывают”, “Шеренга великих биологов”, “Великие химики”, “Рассказы об учёных”… Мен тўплаган илмий-оммабоп китобларнинг сони икки-уч юздан ошади. Фан тарихига оид нашр этилган китобларда, мақолаларда буюк аждодларимизнинг номлари тилга олинмаслиги каминани кўп ранжитарди. Онда-сонда Мирзо Улуғбек номи учрарди, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Форобийларнинг дунё фани ривожидаги ўрнини улар ё билишмасди, ё била туриб тан олишни исташмасди.
Ўзбек тилидаги илмий-оммабоп нашрлар ҳозирги кунда ҳам етарли даражада эмас. Китоб дўконларида болаларбоп илмий нашрларни учратиб турибман, лекин бизни ирмоқ суви қаноатлантирмайди, жўшиб оқувчи сой керак. Бугун илм оламига кириб келаётган ёшларимиз зиммаларида бу вазифа ҳам борлигини англаб, бу ишга ўзларини тайёрлаб борсалар нур аланнур бўларди.
Фан-техника янгиликларига яқинлашишим менда бадиий адабиётдаги фантастика тарзига қизиқишимни оширди. Болалигимда эртакларга қизиқардим, энди илмга асосланган хаёлот олами мени ўзига торта бошлади. Бу йўналишдаги уч-тўрт китоб русчадан ўзбекчага таржима қилинганди, лекин ўзбек адиблари орасида мазкур соҳага жиддий равишда мурожаат қилганлар йўқ эди. Эллигинчи йилларнинг иккинчи ярмида “Ленин учқуни”га муҳаррирлик қилган Ғани Жаҳонгиров бир қисса ёзган эканлар, лекин китоб ҳолида нашр этилмаган. Ваҳоб Рўзиматовнинг айтишларича, ўттизинчи йилларда ҳам бир одам фантастик қисса ёзган экан. Мен кутубхоналардан излаб кўрдим, лекин бу асарнинг изини топа олмадим.
Фантастика йўналишида асар ёзишни орзу қилиб, ўзлаштирилмаган қўриқ қаршисида турган эканман. Герберт Уэллснинг 1897 йили Лондонда нашр этилган “Кўринмас одам” романи ўзбек тилига 1967 йили таржима қилинди. 1895 йилда нашр этилган “Вақт машинаси” асари янги тарздаги илмий-фантастик йўналишига асос солган деб ҳисобланади. Адибнинг бу борадаги илмий тахминлари, хусусан “вақт машинаси” ғоясидан фантаст адиблар то ҳозирга қадар фойдаланадилар. Бугунги ёшларимиз “Кўринмас одам” фильми билан таниш бўлсалар керак. Камина 1967 йилда бу асарни ўқиб чиққач, физикадан, хусусан, нур синиши ва қайтиши қонунидан озгина хабардор бўлганим учун адибнинг илмий ғоясида хато кўргандек бўлдим. Агар кўринмас одам Уэллс ғояси бўйича яратилса, у кўр бўлиб қолиши керакмасми, деган фикрга келиб, ўзимча бунинг янги йўлини излай бошладим.
Ўша йили тоғам – Мирзакалон Исмоилий шифохонада даволанаётган эдилар. Зиёратга бориб, фантастика билан шуғулланишга қизиқишим борлигини айтдим. Тоғам гапларимни диққат билан тинглагач, “Яхши нарсани ўйлабсан, адабиётда ўз йўлинг бўлгани дуруст, бировлар йўлидан юришнинг қизиғи йўқ, сен ўз йўлингни топ”, дедилар. Бу гаплари мен учун оқ фотиҳа бўлиб хизмат қилди. “Ҳикмат афандининг ўлими” асарини ёзиш ҳаракатига тушдим. Эрталаб ишга жўнайман, оқшомда ўқишга бораман, тунда қайтаман. Аяжоним иситиб берган таомни еб, қоғоз-қаламни қўлга оламан. “Чарчаб келдинг, ётиб ухла”, дейдилар меҳрибоним. “Овқат сал ҳазм бўлсин, бир пас ўтирайин”, деб баҳона қиламан.
Маълумки, бадиий асарда зиддиятлар, тўқнашувлар бўлиши керак. Ўша давр адабиётидаги асосий зиддият қолоқ раис билан янгича фикрлайдиган партком котиби эди. Бу мавзуда ёзилган Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак”, Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” асарлари бошқалар учун йўл кўрсатувчи маёқ эди. Фантастик асарда колхоз раиси ҳам, партком ҳам йўқ, хўш, нима қилиш керак? Рус совет фантастикаси бу масалани ўзича ҳал қилган: воқеа ё узоқ коинотда ёки капиталист мамлакатида бўлиб ўтади. Беляевнинг машҳур “Одам Амфибия”, “Профессор Доуэлнинг боши” каби асарларида воқеалар хорижда бўлиб ўтади. Коинотдаги тўқнашувда ҳам совет фазогирлари яхши, капиталист мамлакатларники эса золим. Мен кашф қилмоқчи бўлган кўринмас одам совет Ўзбекистонида қандай зиддиятга дуч келиши мумкин? Шунга ўхшаш тўсиқларни ўйлай-ўйлай мен ҳам воқеани хорижга кўчиришга аҳд қилдим. Беляев асарларидаги барча қаҳрамонлар воқеа содир бўлаётган мамлакат тобелари. Мен бу йўлдан сал четга чиқиб, қаҳрамонимни, яъни кўринмас одамни кашф қилувчи олимни хориждаги ўзбекларнинг вакили қилиб олдим. Асарни 1969 йили ёзиб тугатдим. Ҳарбий хизматга чақирилган кунларим нашриётга ариза топширмоқчи бўлдим. У дамларда ариза ҳам, китобнинг қисқача мазмуни ҳам рус тилида ёзиларди, сабабки, Ўзбекистондаги нашриётларнинг йиллик режаси Москвада ўрганилиб, сўнг тасдиқланарди. Ариза ва унга иловани русча ёзиб, “хатоси бўлса тузатиб беринг”, деб шоир Ёқуб Хўжаевга илтимос қилдим. Ёқуб ака “Пионер востока”да ишлардилар, болаларга рус тилида шеърлар ёзардилар. Аризани ўқиб чиқиб:






