
Полная версия
Ҳаёт қайиғи (1 китоб)
Ислом қўшинлари Истанбулни фатҳ этгач, Фотиҳ Султон Меҳметхон оппоқ отга миниб қўшин бошида Тўпқопи дарвозасидан ҳашамат билан кириб борарди. Бизанс (Византия) халқи ғолибларни олқишлар билан қаршиларди. Қизлар қўлларида гулдаста билан подшоҳни олқишлаш учун пешвоз чиқиб, “Истанбулни забт этган саркарда ким?” деб сўрашарди. Иттифоқо улар оппоқ соқолли, виқорли ва салобатли Оқшамсуддин ҳазратларини кўриб қолдилар-у уни подшоҳ гумон қилиб гулларни узатдилар. Подшоҳнинг устози бўлмиш Ҳазрат бу қутловдан хижолат бўлиб, отларини четга сурдилар-да:
– Янги санани очган ҳукмдор Султон Меҳметхон ана удир, гулларни унга беринг, – дедилар.
Фотиҳ Султон Меҳметхон эса гул тутаётган қизларга Оқшамсуддин ҳазратларини кўрсатиб деди:
– Боринг-да, бу гулларни оппоқ соқолли муҳтарам ул зотга беринг, бу ҳурмат ул зотнинг ҳақидир. Филҳақиқат, ул менинг устозимдир. Бу эъзозга у зот лойиқдир. Чунки бу фазилатларни, бу жаҳонгирликни, бу қаҳрамонликни мен муҳтарам устозимдан ўргандим. Унинг илми ва фазилати соясида Истанбулни фатҳ этиш шарафига эришдим.
Яна ҳукмдорлардан бири Султон Салим Мисрни забт этиб, Истанбулга қайтаётган эди. У қўшин олдида устозлари, мулозимлари, шайхул-исломлар қуршовида эди. Зафар машқлари чалинганда ибн Камолнинг оти ҳуркиб, сакради-ю, Султоннинг сут каби оппоқ либосига лой сачради. Буни кўрган ибн Камол қўрқиб кетди. Бошқалар ҳам подшоҳнинг ғазабланишини кутдилар. Аммо Султон Салим дедики:
– Бу либосимни олиб, сақлаб қўйинг. Бу либос шундайлигича, лойи билан сақлансин!
Вазирлар бу буйруқ ҳикматини, сабабини сўраганларида Султон Салим шундай жавоб берди:
– Муҳтарам зот отининг оёғидан сачраган лой бизнинг шарафимиздир, у охиратда васиқаи баротимиз бўладир. Либосимизга теккан лойни кўриб, авлодимиз ҳам ибрат олсинлар, устоз отининг оёғидан сачраган лой бизнинг назаримизда қанчалик қадрли эканлигини дунё тургунча авлодимиз хотирласин.
Не афсуски, устозлар ҳақини адо этишни ўйламайдиганлар ҳам бор. Мактабларда устозларни ранжитувчи ўқувчиларни учратиб турамиз. Айрим ота-оналар фарзандлари олдида устозларни ҳақорат қилишдан ҳам тоймайдилар. Устозига меҳр ва ҳурмат кўрсатишни билмайдиган ва ўрганишни истамайдиган бахтсиз талаба бир умр фақат ўзигагина меҳрибон ва фақат ўзинигина ҳурмат қилувчи худбин бўлиб қолади. Саҳро тиконини экиб, гул оламан, деган одам ақлли одам эмасдир. Ўзига илм-ирфон ўргатувчи устозининг қадрини билмаган одам Ватан, миллат учун фойдали бир одам бўла олмайди. Ислом дини нуқтаи назаридан қаралса, адо этиб, тугатиб бўлмайдиган ҳақлар орасида устоз ҳузуридаги қарздорлик ҳам бордир.
Шу ҳикоятлар баҳонасида икки мазмун англатувчи бир мақолга изоҳ бермоқ зарурати туғилди. Устозларнинг мавқеи ҳақида гап кетганда айримлар бу мақолни “Устоз отангдан улуғ”, тарзида, бошқалар эса “Устоз отангдек улуғ” шаклида баён қиладилар. Бунга сиз нима дейсиз? Қайси бири тўғри? Фарзанд учун одамлар орасида отанинг мавқеидан баланд зот йўқ. Лекин ота ўрнида кўриб ҳурмат қилинадиганлар бор. Демак, устоз отадек улуғ экан. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор: ота фарзандини боқишга, тарбия қилишга мажбур. Лекин устоз айнан шу фарзандга илм беришга мажбур эмас. Агар “бу болани ўқитмайман”, деса айбли саналмайди. Шу боис ҳам унинг отага нисбатан улуғлиги мавжуд. Ҳазрат Али (р.а.) “Менга бир ҳарф ўргатган кишининг хизматкори бўлишга тайёрман”, деганлар.
Ҳамонки устоз отадан улуғ экан, “Ота рози – Худо рози”, деган мақолни “Устоз рози – Худо рози” деган маънода ҳам англашимиз ва шунга яраша ҳаракат қилишимиз шарт экан. Кимки, устозининг розилигига етишибди, демак, у бахтиёрдир!
Яқинда соҳибқирони акбар Амир Темур ҳазратларининг баёнларини ўқиб, ундаги бу сатрлар диққатимни тортди:
“Мени ёшлигимда ўқитган мулла Алибек деган кишининг оғзида тиши йўқ бўлса ҳам, маҳалла болаларига Қуръон таълими бериб, хат ёзишни ўргатар эди. Мен етти ёшимда бу одамнинг мадрасасидан чиқиб, Шайх Шамсиддиннинг мактабхонасида ўқиганман. Мен Кеш шаҳрини бино қилдираётган чоғимда у одамнинг вафот этганига хийла вақт ўтиб кетган эди. Устозларимдан Шайх Шамсиддиндан қолган фарзандларининг ҳаёт вазияти ёмон эмас бўлса ҳам, Мулла Алибекнинг фарзандларида қийинчилик борлиги кўрунур эди. Бу аҳволни кўзда тутуб, устозим Мулла Алибекнинг фарзандларининг ҳар бирига бир донадан уй солиб бериш билан, уларни узилмас маош билан таъминлашни волийларимга таъкидлаб амр берган эдим.
Шу мавзу устида Шом шаҳрида кўрушганим Ибн Холдун деган зотнинг бир ҳикматли сўзи ҳамон ёдимда эди. У одам бундоғ дер эди: “Аллоҳ таоло инсонларга берган саломатлик неъматидан кейинги неъмати, улуғ одамлар билан дўст қилмоқ неъматидур. Чунки улуғ одамнинг дўстлиги орқасидаги кишилар, тилак ва орзуларига эришиб, халқ орасидаги ўрни ва ҳашамати ҳам юқорилайдур”, деб эди. Бу ҳикматли сўздан ташқари ўз идрокимда шундай бир ғоя ҳукмфармо эдики, менга нисбатан ҳар қандай жиҳатдан дўстлиги зоҳир бўлган, озу кўп хизматлари сабоқ айтган зотларнинг ўзларигина эмас, авлодлари ҳам маишат тўғрисидан қийналар экан, бу менинг паст фитратлигимга далил бўлғай, деб тушунар эдим. Бу умумий кўз қараш орқасида ёлғиз Мулла Алибекнинг авлод афродларигина эмас, киндигим қони тўкилган, кўзим очилганда биринчи марта шу шаҳарни кўрган, мен билан бирга бу шаҳарда ҳаёт кечирган эркак-хотунларнинг барчасининг устозларим каби зиммамда ҳақлари бор эди. Буларнинг бир ҳамшаҳарлари дунёга ҳоким бўла туриб, буларнинг қийинчилик ичида яшамоғлари муносиб бўлмағай, деган фикрда илгаридан Кеш шаҳрининг бўлиб келган ўз қуввату лоёмутига ҳожатманд қадим ерлик кишилардан бўлмоғи шарти билан туғулган шаҳримда бирорта фақир одам бўлмаслиги учун доимий ойлик тайин қилдим. Бирор одам оила таъминотидан қийинчилик кўриб ғамлик бошини тиззасига қўймаслигини тадбирини кўрдим”.
Улуғлар шаънига мақтов сўзлари айтишимиз, уларни шарафлашимиз яхши. Аммо уларнинг ҳаётидан, яхши ишларидан ибрат олганимиз, улар фазилатини ўзимизда тарбия этмоғимиз афзалроқдир. Чунки улар мақтовларга муҳтож эмас, уларни Аллоҳнинг Ўзи мақтаб қўйгандир. Улар ўз яхшиликларининг, ўз фазилатларининг авлодларда давом этишига муҳтожлар. Бу садақатул жориядур, биз уларнинг яхшиликларини давом эттира олсак, аъмол номаларига савоб ёзилиб турадур.
* * *Иккинчи синфни тугатишим арафасида, эллик бешинчи йилнинг баҳорида чала бўлса ҳам битган уйимизга кўчиб бордик. Уйимиз билан 40-мактаб орасидаги йўл ҳозир икки чақиримдир. У пайтда битта арава аранг сиғадиган жинкўчалардан бориларди, демак, икки ярим чақирим йўлни тўпиққа қадар тупроқ, баҳор, куз, қишда тиззага қадар лойни босиб боришга тўғри келарди. Шу йўл азоби назарга олиниб, мени уйимиз яқинидаги 132-мактабга кўчиришди. Бошланғич синфни Санобар опа, Суръат опалар устозлигида битирдим. Еттинчи синфга қадар адабиётдан Мурод ака Шарафуддинов деган устоз дарс берардилар. Адабиётга бўлган меҳримнинг ортишига бу кишининг хизматлари катта. У киши дарслик режасига амал қилмасдилар, она тили дарсида ҳам адабиёт ҳақида сўз бўларди. Шу боисмикин, она тили грамматикаси деган сабоқда заиф эдим. Саккизинчи синфда 40-мактабга қайтиб борганимда анча қийналдим. Бу қийинчилик университетда ҳам давом этди. Лекин мен у кишидан ранжимайман. Чунки бадиий адабиётни севишни ўргатдилар. Деярли ҳар дарсда шеър ёдлатар эдилар. Шу одатларини синфдошларим ҳозирга қадар норози бўлиб эслайдилар. Ҳар қанча уринсалар ҳам, Мурод ака уларда адабиётга қизиқиш уйғота олмадилар. Кўпчилиги мактабни тугатгандан бери қўлига китоб олмаган. Етмиш ёшига қадар ҳам китоб ўқимаган одамнинг маънавий даражасини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Лекин мен уларни айблашдан йироқман, чунки улар менинг болаликдаги дўстларим, қандай бўлишларидан қатъи назар, менинг қадрдонларим. Халқ тилида улар “Қиёматли ошна” ёки “тобуткаш”, деб аталадилар. Уларни қадрлаганим ҳолда баъзан жиддий, баъзан ҳазил тариқасида танбеҳ бериб тураман.
Бир куни тобим йўқ, ётган эдим. Дўстим келиб:
– Ҳа, яна бошинг оғрияптими, мен сенга миллион марта айтдим, кўп китоб ўқима, деб. Мана мен битта ҳам китоб ўқимаганман, бошим бир марта ҳам оғримайди, – деди.
– Бошингнинг оғримаслиги китоб ўқимаганингдан эмас, бош оғриши учун одамда бош бўлиши керак. Китоб ўқимаган бошни бош демайдилар. Нима дейилишини ўзинг биласан.
Бу суҳбатдан сал олдин, “гап” деб аталмиш дўстлар даврасида у “Мен бир йиллик қовоқни кўрдим. Балкондаги сўри тагида қолиб кетган экан, айнимай турибди”, деб қолди.
– Бир йиллик қовоқни кўриб, энди бизнинг бошимизни ачитиб, мақтаняпсанми, мен эллик беш йиллик қовоқни кўрганман, – дедим.
– Олиб қочма, қаерда кўргансан? – деди у ишонқирамай.
– Ана, елкангнинг устида турибди, китоб ўқимайдиган бошнинг қовоқдан нима фарқи бор?
Қовоқ ва калла: муштараклик бор гўё бундаАммо бир мазза бордир қовоқдаҚовоқ каллада-чи?Янги уйга кўчиб келиш барчамиз учун ҳам улуғ бахт эди. Бир уй, бир даҳлиз биз учун подшоҳ саройидан кўра ҳам аълороқ эди. Пойдеворига пишиқ ғишт теришга, томига тунука эмас, лоақал шифер ёпишга ҳам моддий имконият йўқ эди. Пойдеворига бир қатор тош ётқизилиб пахса урилган. Томига нима топилса, ўша ёпилган: “тўл” деб аталмиш сақичланган қора қоғоз ҳам, эски фанер ҳам… бор эди. Кузда, ёмғир ёға бошлаганда бу томнинг “фазилати”ни кўрдик. Кейинги ёзга қадар чакка билан олишиб чиқдик. Кичкина бўлганим учун томга мени чиқаришарди. Чакка ўтаётган жойларга тоғоралар қўйиб тушардим. Шифтдан тупроқ тўкилмасин, деб қоғоз ёпиштирилган эди. Чакка ўтганда қоғоз ивиб, чопқиллаб юрган сичқонлардан бири пастга тушиб кетди. Овқатланиб ўтирган эдик, жонивор косадаги шўрвага тушиб бизни аввал чўчитди, кейин кулги уйғотди…
Бугун қурилаётган ҳашаматли уйларга боқиб, эллигинчи йиллар манзарасини эслайман. Бизга ўхшаган бечораҳоллар кўп эди. Ҳатто биздан-да баттарлар бор эди. “Шайтанат”ни ўқиганлар эътибор беришгандир, Асадбекнинг туғилган кунида дўсти Жалил унга эски калиш совға қилади. Бу совғанинг маъноси: ўтмишингни унутма! Жалил образида икки дўстим ҳаёти ва одатлари мужассам бўлганини айтиб эдим. Шулардан бири синфдошим, қўшним Тўра. Отаси ногирон эди, Тўра оилада учинчи фарзанд, яна беш укаси бор. Қишни битта танчада ўтқазишади. Тўра билан укаси Собирга битта калиш. Собир мактабдан келгунча Тўра уйда кутиб ўтиради. Қиш аввалида лой кўчадан келишда бир пой калиш тушиб қолган. Совуқда оёғи қотгани учун Собир буни пайқамаган. Ўшанда кўпчилик бўлиб кўчада лой орасидан калиш қидирган эдик. Ҳозирги кунда ўша воқеаларни эслаб куламиз. Нолиш сўзлари ўшанда ҳам тилимиздан учмаган, ҳозир ҳам шундай. Ота-оталаримизнинг ношукр бўлганларини эслолмаймиз. Ўзимиз ҳам “ҳаёт шундай экан”, деган тушунчада ҳамма нарсага чидардик.
Мол-мулк ва бойликлар ҳақидаги оятлар нозил бўлганда, ҳазрати Умар (р.а.) Набий муҳтарамдан (с.а.в.) сўрадилар:
– Қандай турдаги нарсани мол қилай?
Аллоҳнинг расули (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
– Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳ таолони зикр этувчи тилни ва унга шукр қилувчи қалбни мол қилингиз!
Ана! Уйлардаги қўша-қўша гиламу биллур қандиллар эмас, тилла, олмос, жавҳар безаклар эмас, зикр қилувчи тил ва шукр қилувчи қалб инсоннинг асосий бойлиги экан. Эллигинчи йилларда ота-оналаримизда ана шу бойлик мавжуд эди. Тилла, биллурлар омонат бойлик. Кишига вафо қилмайдиган бойлик. Ҳатто… дўзахга етаклаши мумкин бўлган бойлик. Зикр ва шукр билан банд бўлган тил ва қалб бойлиги садоқатлидир, омонат эмасдир, жаннат дарвозасининг калитидир. Бу калитни олишга интилмаслик ақлсизлик эмасми?
Нималарни олтин қиммати билан ўлчаб бўлмайди: ота-она дуосини, ота-она меҳрини, ота-она юзидаги нурни. Яна чин дўстни, ёрнинг вафосини, фарзанднинг кулгусини. Бир қоп олтини бор одам булардан бебаҳра бўлса бу дунёси ҳам, у дунёси ҳам куйган, деяверинг.
Бугунги кунимизда билиб-билмай ношукрлик қилувчиларнинг хонадонига кўз ташласак, камида бир ҳафталик емак-ичмак ғамлаб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Автомобиль, турфа гиламлар, биллур қандиллар, ишлатилмаса-да, жавонга териб қўйилган ажиб идишлар… Шундай хонадондан шукр ўрнига норизолик гаплари учиб туради:
– Фалон нарсани Хитойдан ҳам топа олишмабди.
– Фалон нарсанинг нархи ошиб кетибди…
– Тўйимга фалончи ашулачи келишини ният қилувдим, умидим ушалмади…
Аслида: Хитойда ҳам топилмаган ўша нарсасиз ҳам бахтли ҳаёт кечириш мумкин. Нархи ошган бўлса, ўз чўнтагига тушаётган даромади ҳам ошган-ку? Фалончи ашулачи келмаса ҳам тўйи ўтди-ку? Турли сабаблар билан тўйга етишолмай юрганлар озми?
Кеча бойиб гердайган, бугун бойлиги қўлдан кетиб нола қилиб юрганлар ўйлаб кўрсинлар: бойлик берилганда қанча шукр қилишди экан? Шукр қилдилармикин ё “Бугун минг доллар фойда қилибман, ҳолбуки икки минг доллар фойда олсам ҳам бўларди”, деб ачинганмикинлар? Ношукрлик – ёшларга тез юқадиган хасталик. Уларга ҳар бир нарса камдай туюлаверади. Қизлар, келинлар бу борада анча пешқадамлар. Улар кўнгилларини ҳавасга бутунлай бўшатиб бериб, шукроналикка жой қолдирмайдилар. Оқибатда ўз кўнгилларини ўзлари синдириб, азобланиб юрадилар.
Бир одам “Яшаш жуда қийин бўлиб кетди”, деб нолиб қолди. Устида Франциянинг костюми, оёғида Италиянинг қимматбаҳо чарм туфлиси. Олти ўғлига алоҳида-алоҳида уй қуриб берган. Умумий ҳисобда саккизта енгил автомобили бор, “бечора”нинг.
Бир одам йўлда пиёда кетар экан, аҳволига ачиниб, ўз-ўзига:
– Бу ерда, бу саҳрои биёбонда мендан ожизроқ, бечорароқ, паришонроқ яна ким бор? – деб йиғлади.
Шу яқиндан ўтиб бораётган, устига оғир юк ортилган эшак унинг нолаю фиғонини эшитиб деди:
– Эй ақлсиз одам! Нега ҳолингдан бундай шикоят қиласан? Аллоҳга шукр айтиб йўлингда кетавер. Эшакка минмагансан, аммо мен каби юк остида эмассан-ку? Ҳолингга шукр қилсанг-чи!
Ҳа, эшакнинг тили йўқ. Бўлганда эди, кўп ҳолларда, кўп кишиларга шундай хитоб қилиши аниқ эди. Худо унга тил берса-ку, айтар, лекин ношукр одам эшитиб, амал қилармикин? Масала шунда!
Шайтон йўриғидаги банданинг шукр қилмоғи анча қийин бўлади. Аллоҳ таборак ва таоло Қудсий ҳадисда марҳамат қилиб, бандаларига танбеҳ берадики: “Эй Одам фарзанди, Мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю, лекин Менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди (ношукрчилик қилавериб жағинг чарчамайди-я!)”.
Бир мамлакатнинг обод шаҳри ҳукмдоридан одамлар ҳамиша шикоят қилаверар эканлар. Подшоҳ шикоятлардан безиб, ҳукмдорни вазифасидан озод этибди-да, ўрнига бошқа одамни тайин этибди. Одамларнинг ношукрликлари эвазига аввалги ҳукмдордан жоҳилроқ, золимроқ киши уларга насиб бўлибди. Янги ҳукмдордан жабр кўравериб толиққан аҳолининг боши қотибди; яна подшоҳга мурожаат қилиб, ҳукмдорни ўзгартириб беринг, дейишга журъатлари етмабди. Шунда бир дононинг маслаҳати билан аҳоли шамчироқларни ёқибди-да, кундузлари кўчаларда изғиб юраверибди. Шаҳар аҳлининг куппа-кундуз куни чироқ ёқиб юришидан хабар топган подшоҳ ажабланиб, сабабини вазиридан сўрабди. Доно вазир жавоб берибди:
– Шаҳар аҳли ношукрлиги учун жазосини олди. Энди кундузи ҳам чироқ ёқиб, аввалги ҳукмдорларини қидириб юришибди…
Қудсий ҳадисдаги илоҳий сўзлар балки ана шундай қавмга аталгандир: “Эй Одам фарзанди, албатта сен Мени ёд этиб ва неъматларимга шукур қилиб юрсанг, Мен эҳсонимни яна зиёда қилавераман. Агар Мени ёд этмай, эсдан чиқарсанг ва неъматларимга шукр қилмай, куфр қилсанг, бериб турган инъом ва эҳсонимни ҳам тўсиб қўяман”. Шундайлардан бўлишдан Аллоҳ сақласин!
Суқрот ҳаким: “Неъмат ва давлатингиз бор пайтда шукр бажо келтириб, бошингизга қийинчилик тушган вақтда сабрни ўзингизга йўлдош қилинг. Сабр ҳар бир енгилликнинг очқичи бўлиб, неъматга шукр қилиш давлат ва осойишталикнинг қўпайишига сабаб бўлади”, деганлар. Одам Ато жон кириши билан аксириб, “Алҳамдулиллаҳ!” деганлар. Шукр айтиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос.
Ношукрлик хорликни келтириб чиқаришини билмайдиганлар орамизда борми? “Йўқ нарсага қайғурмайдиган эмас, борига шукр қилувчи – донодир”, деган мақолни-чи? Кўпчилик билади бу ҳикматларни. Аммо, не ажабки, билатуриб ношукрлик қилаверамиз. Халқимизда яна “Еб туриб маърайди-я!” деган ҳикмат ҳам бор. Баъзан кузатаман: тўкин дастурхон атрофида ўтириб, уч-тўрт хил таомларни тўйиб еб олиб, тирикчиликнинг қийинлашиб кетаётгани борасида нолий бошлайдилар. Бировда ўн-ўн беш, бошқада эллик-олтмиш сидра кийим-бош бор. Лекин униси ҳам, буниси ҳам қийинчиликдан нолийди. Бири кўйлагининг элликтага етмаганидан, бошқаси шимининг юзтага етмаганидан афсусда юрибди. Тўғрими?
Кишиким, розилиқ томинда бўлса,Қилур шукур аждаҳо коминда бўлса.Ҳазрат Сўфий Оллоҳёр демоқчиларки: Аллоҳ таолонинг ризолигини истамоқ завқида бўлса, аждаҳо комида туриб ҳам Тангри таолога шукр айтади, ҳамиша розилигини сўрайди (биринчи сатрдаги “том” сўзи бу ўринда “завқ” ёки “ишқ” маъносида қўлланилган).
Бугунги ношукрчиликларнинг сабаби – Аллоҳ белгилаб берган ризққа қаноат қилиш тарбиясининг сустлигидандир. Тангри таоло: “Эй Одам фарзанди, албатта, Мен сени онанг қорнида куч-қувватсиз ва ҳаракатсиз ётган вақтингда тарбия қилдим ва онанг қорнидан саломат чиқардим. Токи сен оёққа тургунинггача онангнинг дилини сенга раҳмли ва меҳрибон этиб, сенга мойил қилиб қўйдим. Сен, шу зайлда, катта бўлдинг. Ундан сўнг токи Мени ақл билан таниб, қувват билан ибодат қиларсан, деган умидда сенга куч-қувват бердим. Аммо сен катта бўлганингдан сўнг менинг ибодатларимдан юз ўгириб, мен тақсимлаб қўйган ризқнинг талаби билан машғул бўлдинг. Бас, ўзимнинг азиз ва улуғ деган сифатларимга қасамёд қиламанки, агар дунё ахтариб етти қат ернинг қаърига кирсанг ҳам, ўзим тақсим қилиб қўйган ўшал ризқдан заррача ҳам миқдорда зиёда қилмасман”, –деб огоҳлантиради. Яна дейдики: “Эй Одам фарзандлари, баданларингиз нозик (яъни Менинг азобларимга бардош беролмайди), сафарларингиз узоқ, йўллар оғир, Сирот кўприги қилдан тез ва қози бўлиб сўроқ қилгувчи оламнинг Парвардигори бор… Шуларни била туриб, бу ўткинчи дунё ва беҳуда неъматларга ва адо бўлиб тугайдиган ҳаётга қандоқ рағбат қиласизлар?”
Ўттизинчи йиллардаги қаҳатчиликни, уруш давридаги азобни, кейинги машаққатларни кўрган, сабр ила чидаган бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз эҳтимол буларни китоблардан ўқимагандирлар, чунки диний китоблар ман қилинган, ўқиганлар ёки даъват этувчилар қамоққа олинарди. Аллоҳ амрларини аслини сўзма-сўз билмасалар ҳам, болаликларида сабр, шукр тарбиясини олганлар ва шу фазилатлари билан оғирчиликларни енгганлар.
Баъзан учрашувларда “Болалигида қийинчилик кўрганлар ёзувчи бўлар экан, шу тўғрими?” деб савол беришади. Мен “Тўғри эмас”, деб жавоб қайтараман. Ҳазрат Навоий, Бобур, овруполик ёзувчилар, хусусан, лорд Байрон, Пушкин, Лермонтов, Толстой… бой оиланинг фарзандлари. Тўғри, ёзувчиларнинг биздан катта авлоди болалик чоғларида ҳаётнинг барча азобларини тотиб кўришган. Лекин буни ёзувчи бўлишларига асосий сабаб, дея олмайман. Ўша азобли кунларнинг ўз асарларида тасвир этилиши бошқа масала.
Мен турмуш қийинчиликларининг оз қисмини кўрганман, акаларим, опаларим мендан кўра кўпроқ қийналишган. Бир кесимдан (юз грамм) нон ейиш учун кечалари билан нон дўкони олдида навбатда туришган. Самарқандлик бир киши ўша даврларни эслаб дедики: “Очарчилик йиллари уйдаги озгина ундан онам нон ёпиб бир саватга солиб сотиш учун акам икковимизни кўчага чиқардилар. Совуқ эди. Дийдираб қолдик. Қарасам, сават иссиққина. Устига ўтириб олдим. Шу пайт онам келиб қолдилар, нонлар эзилиб кетган эди, аҳволни кўриб йиғлаб юбордилар. У пайтда ноннинг чиройига қаралмасди, барибир сотилди. Лекин ўша ишим учун ҳозирга қадар изтиробдаман”.
Шоир дўстим Сабриддин Садриддинов бундан-да аянчлироқ воқеани айтиб берган эди:
Нон дўкони ёнида туни билан навбатда туришни яна кўз олдимизга келтирайлик: ёзми ё қаҳратон қишми, ёмғирми ё қор бўроними – фарқи йўқ, каттами ё кичикми – фарқсиз, навбатда турилади. Баъзан навбат тартиби сақланиши учун кафтга қаламда рақамлар ёзиб чиқилади. Сабриддиннинг кафтига ҳам рақамни ёзишган. Ўшанда кимёвий қалам бўларди, агар сув тегса қалам сиёҳга айланарди. Ёмғир ёғаётгани сабабли Сабриддин кафтидаги ёзув ўчиб кетмаслиги учун муштимини қаттиқ сиқиб олган. Лекин қўли терлаганми ё панжалари орасидан ёмғир суви сизиб кирганми, ҳар ҳолда ёзув чапланиб, ўчиб кетибди. Тонг отгач, навбат тартиби текширилаётганда Сабриддиннинг кафтида ёзув йўқлигини кўриб, уни навбатдан чиқариб юборишибди. Боланинг зорли ноласига ҳеч ким қулоқ солмабди. Туни билан ёнма-ён турганлар ҳам, кафтига рақам ёзган йигит ҳам “Бунинг навбати бор”, демабди. Энг ачинарлиси, Сабриддиннинг отаси – Садриддин мақсум Тошкентдаги эътиборли уламолардан бўлганлар. Шу маҳаллага хизмат қилганлар, чақалоқнинг қулоғига азон айтиш ҳам, никоҳ ёки жаноза ўқиш ҳам шу кишининг зиммасида бўлган. Шунга қарамай, нонга тезроқ етишиш учун битта болани ноҳақдан ноҳақ навбатдан чиқариб юборишдан ўзларини тия олмаганлар. Садриддин мақсум ўша адолатсиз одамларнинг бири қулоғига азон айтганлар, бирининг никоҳини ўқиганлар, йиллар ўтиб жанозасини ҳам ўқиганлар. Жаноза намозида уларнинг гуноҳини кечиришни илтижо қилиб сўраганлар…
Афсусим шундаки, бундай фожиаларни ҳозир унута бошладик. Турмуш қийинчиликларини эслаш ёшларнинг энсасини қотирадиган бўлиб қолди. Мен эсам бундан ғашланганим ҳолда, барибир кўп хотирлайман. Баъзан “Ноннинг исрофига нисбатан муносабатда оилаларимиз орасида фарқ борми?” деб ўзимга ўзим савол бераман. Бир оилада суви қочган нон пўчоққа ташлаб юборилади, иккинчисида бунинг катта гуноҳ эканини билиб, исрофга йўл қўйилмайди. Тўкинлик замонида яшаётганимиз учун нонни исроф қилишдан уялмайдиган, гуноҳидан қўрқмайдиган бўлиб қолганмиз. Бу гуноҳ ишларга қишлоққа нисбатан шаҳарда кўп дуч келамиз. Оиладаги гўдак ҳам, ўсмир ёки эрта-индин узатиладиган қиз ёки уйланадиган йигит ҳам дастурхон устидаги нонни ушлаб кўради. Салгина суви қочган бўлса, “янгиси йўқми?” деб сўрайди. Баъзан нон бўлаклари, баъзан бутун-бутун нонлар моғорлаб кетади. Пўчоққа ташланади. Маҳаллаларда чорваси бор хонадонлар мол-қўйга берадилар. Кўп қаватли уйларда эса ахлатга ташланади. Мана шу ҳол “нонкўрлик” дейилади. Ким нонни хор қилибди, Худо уни бир тишлам нонга зор қилиб қўйишидан қўрқсин.
Бугун нонни қадрламаётганимизнинг икки сабаби бор: биринчиси – дастурхонимиз тўкин. “Тўқликка – шўхлик”, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз. Иккинчиси – фарзанд тарбиясида нонни қадрлаш, уни исроф қилмаслик масалалари тушиб қолган. Болалигимизда ноннинг ҳатто ушоғини ҳам қадрлаш лозимлигини уйда ота ва онамиздан ҳам, кўчада бегоналардан ҳам эшитардик. Фақат уйда эмас, ҳатто кўчада кимдир тушириб кетган ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, ўзини кўзга суртиб сўнг ейишни тайинлашарди. Ҳозир уйдаги дастурхондан бир бўлак нон гилам устига тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланади. “Нон ушоғини олмай босиб ўтсанг кўр бўласан”, деб таъкидлашарди. Кўрлик жисмонан эмас, маънавий жиҳатдан эканини кейинроқ тушуниб етдик. Ҳозирги азиз ёшларимиз-чи, буни англайдиларми?
Аллоҳ ўзининг расулига хитобан дейди: “Қавми қариндошга, мискин ва йўловчига хайру эҳсон билан уларнинг ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Раббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро сурасидан). Уламоларимиз бу оятларни шундай тафсир қиладилар: исрофчилар неъматнинг қадрига етмайди. Агар шукр этса, ўшани исроф этмасди. Неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчи ношукр бўлгани сабабли ўзига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-ҳаришга, маъсият ва ёмонликка сарф қилади ва бу борада шайтонга биродар бўлади. Шайтоннинг эса ношукрлик бобида тенги йўқ. Шундай экан, исрофчининг бошига ҳам ўз биродари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап. Бундайлар тарихда кўп учраганларига қадим донишмандларнинг китоблари гувоҳлик беради.
“Э Одам фарзандлари! – деб хитоб қилинади Қуръони Каримнинг Аъроф сурасида. – Ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас”.
Еб-ичиш – гуноҳ эмас. Исроф қилиш гуноҳ. Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар. Бизда “озиқ-овқатни исроф қилиш” деганда емай, ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри, аммо керагидан ортиқ ейиш ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмонга муносиб эмас. Ҳозирги кўп касалликларнинг келиб чиқишига ана шу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Саҳобалардан бирлари яҳудийга: “Қуръоннинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган”, деб айни шу оятни ўқиган эканлар.
Фақат нон эмас, овқатлар ҳам исроф бўляпти. Бир киши “Қотган нон, ачиган овқат исроф бўлмайди, молга берилади”, дейди. Ҳа, шундай ҳоллар бор. Бироқ, биринчидан, молга берилмай, ахлатга ташланаётган нон ва таомлар озми? Иккинчидан, нон ва овқат инсон учун берилган неъмат! Молу қўйнинг насибаси, емиши бошқа. Шундай экан, унутмаслик керакки, ким исрофдан тийила олса, бошқаларга муҳтож бўлмай яшайди. Исрофнинг энг ҳурматли оилаларни бузганига, энг бой уйларни вайрон қилганига, энг юқори мансаблардан тубан туширганига, энг шуҳратли ному насабга эга бўлганларни хор-зор қилганига тарих гувоҳ. Шу сабабли исрофдан сақланиш, ҳар бир ишда тежам ва иқтисодга риоя қилиш борасида кўп даъватлар қилинади.






