bannerbanner
Ишққа оид 40 қоида
Ишққа оид 40 қоида

Полная версия

Ишққа оид 40 қоида

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
2 из 5

– Йўқ, албатта, – ғўлдиради Элла ўзини аҳмоқона ва шунинг билан бирга айбдор ҳис этаркан.

– Ҳақиқий адабиётнинг кучи одамларни ва континентларни бирлаштира олишида эмасми?

– Ҳа, тўғри айтдингиз. Менинг гапларимни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Менинг ҳисоботим келишилган муддатда столингиз устида бўлади, – деди Элла, ўзига аҳмоқ бир таъвиядай қараган Мишелдан ҳам, бунга йўл қўйиб берган ўзидан ҳам нафратланаркан.

– Жуда соз, шундай бўлсин, – чўзиб деди Мишел.

– Мени тўғри тушунинг, лекин ўрнингизни эгаллашни хоҳлайдиган ўнлаб оламлар ҳам борлигини унутма сангиз яхшироқ бўларди. Айтмоқчи, улардан кўплари сиздан икки баробар ёш ҳам. Уларнинг афзаллиги бор, деб ўйлайман.

Элла телефон трубкасини жойига қўйиб қараганида Дэвид уни диққат билан кузатаётганини кўрди.

Афтидан у ўзаро муносабатларини аниқлашни келган жойидан давом этишини кутаётган эди.

Кейин, кечга яқин, Элла уйга кираверишдаги айвонда ўзи яхши кўрган тебранувчи ўриндиқда ўтирар ва Нортгемптон осмонида тўқ сарғиш-қизғиш нурланиб ботаётган қуёшни кузатарди. Осмон қўл чўзиб, тегса бўладиган даражада яқин кўринарди. Элланинг фикру хаёли яна одатдаги йўналишга тушди: Орли тузук овқатланмаяпти. Авининг баҳолари унча яхши эмас.

Спирит қувватсизланиб бораяпти. Жанетнинг никоҳ ҳақидаги режаси, Дэвиднинг яширин ишқий юришлари, севги туйғусининг йўқлиги… Элла кундалик ҳаётидаги мана шу кўнгилсизликларнинг барчасини фикран кўздан кечириб, миясидаги тегишли ғаладонларга жойлади ва кейинроқ очиш учун яхшилаб беркитди.

Шундан кейин конвертдан қўлёзмани олди ва худди вазнини ўлчаётгандай кафтларида бироз ушлаб турди. Муаллиф роман номини конверт устига кўк рангли сиёҳда «Ширин шаккоклик» деб ёзган эди.

Агентликдагилар Эллага муаллиф ҳақида ҳеч ким ҳеч нима билмаслигини – бу Голландияда яшовчи қандайдир А.3. Захара эканини айтишган эди. Қўлёзма агентликка Амстердамдан жўнатилган, конверт ичида яна устки томони турли – пушти, сариқ, қизил рангли лолаларнинг суврати туширилган почта карточкаси ҳам бор эди. Карточканинг орқа томонига эса чиройли дастхат билан қуйидаги сатрлар ёзилган эди:

Қадрли сэр /мадам!

Сизга Амстердамдан салом йўллайман. Мен Сизга юбораётган тарихий воқеа Кичик Осиёдаги Конья шаҳрида содир бўлган. Лекин шахсан мен унинг ҳозир

учун ҳам, барча мамлакатлар, маданиятлар ва асрлар учун ҳам долзарб эканига ишонаман.

Умид қиламанки, ўз даврининг жуда буюк шоири ва ислом руҳиятининг йўлбошчиси сифатида ҳурматга сазовор бўлган Румийни бутун ҳаёти турли жанжаллар ва можаролар билан тўла табризлик дарвиш Шамс билан боғлаган ҳайратланарли ришталар ҳақидаги бу тарихий ва мистик роман, «Ширин шаккоклик» ни ўқиб чиқишга вақтингиз топилади.

Ҳамиша муҳаббат Сизга ёр бўлсин ва Сизни ҳамиша муҳаббат қуршаб турсин.

А.3. Захара

Элла айнан мана шу сатрлар адабиёт агентлигини қизиқтириб қўйганини англади. Лекин ҳаваскор-ёзувчининг қўлёзмасини ўқишга Стивнинг вақти йўқ эди, шунинг учун уни ўз ўринбосари Мишелга берган, Мишел эса ўз навбатида уни янги ассистент (Элла)га берган эди. «Ширин шаккоклик» шу зайлда Элланинг қўлига келиб тушган эди.

Элла у вақтда бу китоб унинг нафақат биринчи иши бўлишини, балки ўзининг бутун ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Захаранинг қўлёзмаси унинг тақдирини ўзгартириб юборишини тасаввур этмаган эди.

Элла биринчи бетни очди. Муаллиф ҳақидаги маълумотномани ўқиди:

«А.3. Захара олам бўйлаб саёҳатга чиқмаган вақтларида Амстердамда ўз китоблари, мушуклари ва тошбақалари қуршовида яшайди». «Ширин шаккоклик»

– Захаранинг биринчи романи ва бу охиргиси бўлиши ҳам мумкин. Зотан унинг ёзувчи касбини эгаллаш нияти йўқ ва бу китоб унинг буюк файласуф, мутасаввиф ва шоир Румий ва унинг қуёши (Бунда «Шамс» исмининг луғавий маъноси «қуёш» эканига ҳам, Шамс Табризийнинг Румий ҳаётида ўйнаган ролига ҳам ишора жо бўлган) Шамс Табризийга бўлган фавқулоддаги мафтунлиги ва муҳаббати ҳосиласидир.

Элланинг кўзи қуйироқда турган, унга ҳайратомуз даражада жуда таниш туюлган қуйидаги сатрларга тушди: «Баъзиларнинг фикрлари акси ўлароқ, севги (ишқ) фақат кутилмаганда келадиган ва тез кетадиган ширин туйғугина эмас».

Ўқиган нарсаси шу бугун эрталаб нонушта вақтида ўзининг катта қизига айтган гапига шунчалар зид эдики, Элланинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. У бир

зум қотиб қолди, кейин ғалати мистик туйғудан сесканиб кетди: қандайдир бир куч ёки ўзи боғланиб қолган бу муаллиф, у ким бўлса ҳамки, назарида уни кузатаётгандай эди. Балки китобни у биринчи бўлиб ким ўқишини олдиндан билиб ёзгандай эди. Романни ёзганида уни кўзда тутгандай эди. Аллақандай тушунарсиз сабабга кўра Эллани безовталик ва ҳаяжон қамраб олди.

«Жуда кўп кўрсаткичларга кўра, йигирма биринчи аср ўн учинчи асрдан унча катта фарқ қилмайди. Ҳар иккисининг ҳам тарихига динлараро мисли кўрилмаган нифоқлар, маданиятлараро тушунмовчиликлар, ҳимояланмаганлик ва нариги дунёдан қўрқув ҳислари бирдай хосдир. Бундай вақтларда ишқ туйғуси одамларга ҳар қачонгидан кўпроқ керак».

Бирдан салқин ва кучли шамол туриб, эшик олдига дарахтларнинг тўкилган япроқларини сочди. Қуёш горизонт ортига ўтган ва теварак-атроф зерикарли ва ғамнок бўлиб қолди.

«Ишқ ҳаётнинг моҳияти ва мақсадидир. Румий бизга эслатганидай, у ҳаммани, ҳатто ундан ўзини сақловчиларни ҳам, «романтик» сўзига салбий маъно берувчиларни ҳам забт этади».


Элла бу сатрларни ўқир экан: «Эртами ёки кечми ишқ ҳаммани, ҳатто Нортгемптондаги Элла Рубинштейн номли ўрта яшар уй бекасини ҳам забт этади» дея ўқигандай бўлди.

Унинг ички туйғуси қўлёзмани ўқишдан тўхташга, Мишелга қўнғироқ қилиб, бу роман ҳақида ёзмаслигини айтишга ундар эди. Бунинг ўрнига Элла оғир хўрсиниб қўйди, кейинги саҳифани очди ва ўқий бошлади.

А.З. Захара

«ШИРИН ШАККОКЛИК»

Роман

Сўфийлар Қуръоннинг биринчи – «Ал Фотиҳа» сурасига ва унинг биринчи «Бисми Аллаҳи Ар-Раҳмони

Ар-Раҳим» (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман) оятига жо бўлган сир ҳақида гапирадилар.

Ва Бисмиллоҳнинг моҳияти «ба» ҳарфидир.

Ва «ба» ҳарфи остида нуқта бордир.

Бутун коинот мана шу «ба» ҳарфи остидаги нуқтададир.

«Маснавийлар «Б» ҳарфидан бошланади.

Романнинг ҳар бир боби ҳам шундай бошланган…

СЎЗБОШИ

Диний зиддиятлар, сиёсий баҳслар ва ҳокимият учун олиб борилган тинимсиз курашлар туфайли ўн учинчи асрда Анатолияда аҳвол жуда суронли эди.

Ғарбда салибчилар Иерусалимга кетаётиб, Константинополни (Римнинг шарқий империяси – Византиянинг пойтахти бўлган ҳозирги Истанбулни) босиб олган ва талон-торож қилган эдилар, бу эса Византия империясининг инқирозга юз тутишига олиб келган эди. Шарқдан эса ҳарбий даҳо Чингизхон бошчилигидаги қўшин жадал олға силжиб келаётган эди. Марказда эса, Византия ўзининг йўқотган куч-қудратини қайта тиклашга уринаётган чоғида, турк қабилалари ўзаро жанг қилишарди. Бу христианлар христианлар билан, христианлар мусулмонлар билан, мусулмонлар мусулмонлар билан жанг олиб бораётган бемисл хаос (бошбошдоқлик, тартибсизлик) даври эди. Қаёққа қараманг, ҳаммаёқдан нафрат ва азобу уқубат, боз устига келажак ваҳимаси ҳам уфуриб турарди.

Мана шу хаоснинг марказида таниқли ислом уламоси Жалолиддин Румий яшар эди. Уни Мавлоно – «Устоз» деб атар эдилар, чунки Коньянинг ўзида ва ундан ташқарида унинг минглаб шогирдлари бор эди ва барча мусулмонлар уни ўзларининг йўлчи юлдузлари деб ҳисоблар эдилар.

1244 йил Румий ўзининг ғайриоддий хулқу атвори ва ношаръий нутқлари билан ажралиб турадиган, дарбадар дарвиш – Шамс билан учрашади. Бу учрашув ҳар иккисининг ҳам ҳаётини ўзгартириб юборади.

Айни пайтда бу учрашув, сўфийлар икки уммоннинг бирлашувига қиёс этган, мустаҳкам ва ҳайратланарли дўстликнинг бошланишига ҳам олиб келади. Бу ғалати инсон билан танишгач, Румий ўз таълимотининг бош йўналишидан четлашиб, эҳтиросли суфий шоирга, ишқ тарғиботчисига ва дарвишлар экстатик ҳолга олиб келувчи рақс услубининг яратувчисига айланади. Омма онгига фанатизм (мутаассиблик) ўта сингдирилган ва шу билан боғлиқ зиддиятлар ва тўқнашувлар даврида Румий барча инсонларни бир-биридан (эътиқоди бўйича) ажратмайдиган ялпи умумий маънавиятни ёқлаб чиқди. Ўша вақтда ҳам ҳозирги кунлардагидай, эътиқоди бошқа одамларга қарши ташқи жангни жиҳод деб ҳисоблайдиган кўпчиликнинг қарашларига қарши ўлароқ, Румий инсонни ўз сохта «мен» ига, ўз нафсига қарши ички жанг олиб бориши ва ғалабасига олиб келадиган жиҳодни ҳимоя қилди.

Бу ғояларни ёқловчилар унча кўп эмас эди, шунингдек ҳамма ҳам ўз қалбини ишқ учун оча олмас эди.

Шамс билан Румий ораларидаги маънавий боғланиш турли ғийбатлар, эгри қарашлар ва ҳужумлар манбаига айланди. Уларни тушунишмас, уларга ҳасад қилишар, балчиққа булар эдилар ва охир-оқибат энг яқин кишилари уларга хиёнат қилишди. Биринчи учрашувларидан кейин уч йил ўтгач, улар фожиали тарзда бир-бирлари билан ажрашдилар.

Лекин бу тугалланган воқеа эмас.

Аслида бу тарихнинг ниҳояси йўқ. Ва ҳозир, саккиз асрдан кейин ҳам, Шамс ва Румий руҳлари ҳамон тирик ва ораларимизда уфуриб турибди.

Қотил

1252 йил, ноябрь. Александрия.

Бечора мурда ётипти. Устида қалин сув қатлами.

Лекин кўрар кўзлари чарақлаб турипти, бамисоли, қаёққа бормайин, осмонлардан туриб мени даҳшат билан кузатиб юрган икки қора юлдуз каби. Мен энди Александриядаман ва яна саёҳат қилсам мени арралаётган бу хотиралардан, қулоқларимга эшитилиб турган бу инграшдан, сўйилган одамнинг сўнгги нафаси чиқишидан олдин айтган, унинг охирги калимаси «кечир» деган видолашув ҳайқириғидан қутуламан, деб умид қиламан.

Бировни ўлдирсанг, у одамдан нимадир ўзингга ўтади – унинг охирги нафаси, охирги қилган ҳаракати.

Мен буни қурбон бўлган одамнинг «тавқи лаънати» дейман. Ўша «нарса» сенга ёпишиб олади, терингнинг остига, юрагингга киради ва ичингда яшайди. Мени кўчада кўраётган одамлар бу ҳақида билишмайди ва лекин мен ўзим ўлдирган барча одамлардан нималарнидир ўз ичимда сақлаб юраман. Уларни мен худди кўринмас маржон каби бўйнимга осиб юраман, уларнинг менинг вужудимга оғир тегинишларини ҳис этиб тураман. Гарчи ёқимсиз эса-да, мен бу юк билан яшашга ўрганиб қолганман ва буни ўз ишимнинг бир қисми деб ҳисоблайман. Кобил Ҳобилни ўлдирганидан буён ҳар битта қотилда унинг ўлдирган одами нафас олади. Мен учун бу янгилик эмас. Мен бундан ҳатто хафа бўлмайман. Хафа бўлмай қолганман. Лекин нега мен бу охирги қатлдан кейин сира ўзимга кела олмаяпман?

Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди, аввалбошдан ҳаммаси нотўғри кетди. Масалан, мен бу ишни қандай олган эдим? Ёки, тўғрироғи, бу иш мени қандай топган эди? 1248 йил эрта баҳорида мен Коньядаги ишратхонанинг эгаси бўлган, жаҳлдор эркакшода аёлнинг хизматида эдим. Фоҳишаларни итоатда сақлаш ва ўзини тўғри тутишни истамайдиган ташриф буюрувчиларни тийиб қўйиш менинг хизмат вазифамга кирар эди.

Ўша кунни худди кечагина бўлгандай эслайман.

Менга Худони излаш истагида ишратхонадан қочиб кетган фоҳишани топиб келиш буюрилган эди. Бу каби жононалар менинг юрагимни кўп марта вайрон қилишган, шунинг учун жаҳлим чиқиб, уни тутиб олиб, юзини биронта эркак ҳатто қарагиси келмайдиган қилиб, дабдаласини чиқармоқчи бўлиб турган эдим. Бу аҳмоқ хотинни энди қўлга киритай деб турганимда бирдан уйим остонасида сирли хат пайдо бўлди. Саводсиз бўлганим учун уни мадрасада ўқийдиган талабага олиб бориб, унга пул бериб ўқитдим.

Хат муаллифи яширин (аноним) эди, «Бир нечта чин эътиқод эгалари» деган имзо қўйилган эди.

«Бизга сенинг қаердан келганинг ва аввал нима билан шуғулланганинг ишончли манбадан маълум. Сен Қотиллар жамоасининг аъзоси бўлгансан! (Қотиллар ёки Ассасианлар жамоаси (1096–1252) – салибчиларни ўлдириш учун диний ва сиёсий арбоб Ҳасан Ибн Саббоҳ томонидан тузилган фанатик-мусулмонлар жамоаси).

Бизга шунингдек, Ҳасан Ибн Саббоҳнинг ўлимидан кейин ва жамоангиз раҳбарлари турмага қамалганидан кейин жамоанинг мавқеи ўзгаргани ҳам маълум. Сен Коньяга жазодан қочиб келгансан, шундан буён яшириниб юрибсан». Ва хатдан уларга бир иш юзасидан менинг хизматим шошилинч керак бўлиб қолганини билдим. Шунингдек, менга бу иш учун катта ҳақ тўланиши ваъда қилинган ва агар мен рози бўлсам, қоронғу тушганда шаҳардаги маълум қовоқхонага боришим кераклиги айтилган эди. У ерга киргач, мен деразага энг яқин стол ёнига, эшикка орқа ўгириб, фақат полни кўриш мумкин бўлган ҳолда бошимни эгиб ўтиришим керак эди. Шундан кейин бир ёки бир неча одам менинг ёнимга келиб ўтиради ва мен билан узил-кесил битимга келади. Мен улардан ҳамма керакли маълумотни оламан. Улар ёнимга келаётганларида ҳам, суҳбат вақтида ҳам, кетаётганларида ҳам мен бошимни кўтармаслигим ва уларнинг бетларига қарамаслигим керак эди.

Ғалати мактуб эди у. Аммо мен шу пайтгача буюртмачиларнинг инжиқликларига ўрганиб кетган эдим.


Кўп йиллар мобайнида турли одамлар мени ишга ёллаган ва кўпчилиги ўз исмларининг сир сақланишини истар эдилар. Ўз тажрибамдан билар эдимки, буюртмачи ўз исмини қанчалик қаттиқ яширса, у қурбон этилувчига шунча яқин бўлиб чиқарди. Лекин менинг бу билан ишим бўлмаган. Менинг ишим ўлдириш. Аламут (Аламут – жойнинг номи, маъноси: бургут уяси. Қотиллар жамоасининг қалъаси)дан кетгач, мен ўзим учун шундай ҳаётни танлаган эдим.

БИРИНЧИ ҚИСМ ЕР

Бундаги барча нарсалар қаттиқ, ўзига шимувчи ва қўзғалмасдир.

Шамс

1242 йилнинг март ойи, Самарқандга яқин шаҳарчадаги карвонсарой.

Олдимдаги усти ёриқ ёғоч хонтахта устида катта мум шамлар нотекис ёниб турипти. Бугун кечқурун менга намоён бўлган манзара одатдагидан равшанроқ

эди.

Мен катта уйни ва сариқ атиргуллар очилиб турган ҳовлини кўрдим, ҳовли ўртасида дунёда энг салқин сувли қудуқ бор эди. Сокин август кечаси эди, осмонда тўлин ой нур сочарди. Яқин атрофда тунги йиртқичлар қичқиришар ва увилларди.

Бироздан сўнг уйдан ўрта ёшлардаги хушсурат, елкалари кенг ва чуқурроқ жойлашган оч қўнғирранг кўзли киши чиқди. У менга қаради. Унинг чеҳрасида ваҳима, кўзларида қайғу бор эди.

– Шамс, Шамс, сен қаердасан?! – қичқирди у гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ўгириларкан.

Шу пайт кучли шамол турди, ой ҳам, худди кейин нима бўлганини кўргиси келмагандай, булутлар ортига беркинди. Бойқушлар жим бўлиб қолишди, кўрсичқонлар яширинишди, ҳатто уй ичида ўчоқларда ёнаётган ўтинлар ҳам чирсилламай қолди. Ер юзига қилт этмас оғир жимлик чўкди.


У киши секин-аста қудуққа яқинлашди, энгашди ва ичига қаради.

– Шамс, азизим, Сен шу ердамисан? – шивирлади у.

Мен жавоб бермоқчи бўлиб оғзимни очдим, лекин лабларимдан бирон овоз ҳам чиқмади.

Киши қудуқ ёнида тик турди ва яна унга қаради.

Аввалига у қоп-қора сувдан бошқа ҳеч нимани кўрмади. Кейин сувнинг жимирлаши остида, энг чуқурда менинг қўлларим қимирлаётганини кўрди. Кейин мисоли икки қора тош каби ялтираган, залворли қора булутлар ортидан чиққан ойга қараб турган кўзларимни пайқади. Менинг кўзларим фалаклардан тушунтириш кутаётгандай ойга тикиларди.

Киши тиз чўкди, у кўкракларига урар ва йиғлар эди.

– Уни ўлдирибдилар! Менинг Шамсимни ўлдирибдилар! – бўридай увиллаб юборди у.

Шу пайт буталарнинг ортидан тезлик билан ўтиб кетган соя кўринди ва у худди ёввойи мушук каби чаққонлик билан боғ деворидан сакраб чиқиб кетди.

Лекин у киши қотилга эътибор бермади. Ногаҳон ёпирилган бу мусибат остида у бор овозида, то синиб чилчил бўлган стакан овозидай зириллаб қолмагунича қичқирар ва наъра тортарди.

– Ҳой, сен, жиннига ўхшаб бақиришни бас қил.

– …

– Жим бўл, бўлмаса мен сени ташқарига судраб чиқиб улоқтираман!

– …

– Овозингни ўчир, дедим! Эшитдингми? Ўчир!

Овоз таҳдидли эди. Шунга қарамай, мен ўзимга намоён бўлган манзара ичида яна бироз муддат қолишни истаб, ўзимни эшитмаганга солдим. Ўз ўлимим тафсилотини кўпроқ билишни истардим.

Шунингдек, ўша ғамгин нигоҳли эркакни тузук роқ кўриб олишни ҳам истардим. Ким ўзи у? Мен билан қандай алоқаси бор? Ва нима учун у август тунида мени бунчалар ўртаниб изламоқда?

Аммо мени яна кўргунимча бошқа ўлчамдаги кимдир қўлимни тортқилаётган ва катта куч билан шундай силкита бошлаган эдики, ҳатто тишларим қаттиқ тақиллаб кетди. У мени бу дунёга тортиб олди.

Мен истамасдан, секин кўзларимни очдим ва ёнимда турган кишини кўрдим. Бу оқарган соқолли ва учлари тепага буралган мўйлабли, гавдали, баландбўй киши эди. Бу карвонсаройнинг эгаси эди. Ва ўша заҳоти икки нарсага эътибор бердим. Бу киши одатда ўзаро сўкишиб кетадиган ва жанжалга мойил одамларни тафтидан тушириб юрарди. Ҳозир у жуда дарғазаб эди.

– Мендан нима истайсиз? – сўрадим ундан.

– Нима учун қўлимни тортқилаяпсиз?

– Нимани истайманми? – жаҳл билан бақирди у.

– Сен бақиришдан тўхташингни истайман, тўхташингни. Сен барча ижарачиларимни эсидан оғдирасан-ку бу туришда.

– Мен бақирдимми? – сўрадим, унинг кучли чангалидан чиқишга уринар эканман.

– Бўлмаса-чи! Сен панжалари орасига тикон кириб кетган айиқ каби бўкирдинг. Нима бўлди сенга? Овқат устида ухлаб қолганмидинг? Босинқирадингми?

Бу изоҳ қабул қилса бўладиган ягона изоҳ эканини ва агар тасдиқласам, карвонсарой эгаси қониқиш ҳосил қилиши ва мени ўз ҳолимга қўйишини тушуниб турардим. Лекин мени ёлғон гапиргим келмас эди.

– Йўқ, биродар, мен ноқулай ухлаб қолиб, босинқираганим йўқ. Мен сира ухламайман.

– Бўлмаса, нима учун бақирдинг? – сўроқ қилишда давом этди карвонсарой эгаси.

– Менга воқеалар манзараси кўринди. Бу сира туш эмас.


У менга ҳайрон бўлиб қаради-да, кейин мўйловининг учларини шима бошлади.

Шундан кейин деди:

– Сиз, дарвишлар, худди ҳужрадаги каламушларга ўхшаган, телба одамларсиз. Кун бўйи оч юрасиз ва дуолар ўқийсиз, боз устига қизиб турган қуёш тафти остида юрасиз. Нималардир кўринган бўлса бордир, офтобда миянгнинг жизғанаги чиққан бўлса керак.

Мен кулимсирадим. Балки у ҳақли ҳамдир. Айтадилар-ку, ақлдан озиш билан ўзингдаги Худони топиш орасидаги масофа жуда қисқа деб.

Шу пайт қовурилган эчки гўшти, қуритилган тузланган балиқ, турли дориворлар қўшиб пиширилган қўй гўшти, кулча нонлар, турк нўхати ва қўй гўштининг

думбасида пиширилган нўхатли ва ясмиқли шўрвалар солинган катта патнисларни кўтарган икки хизматчи олдимиздан ўтиб қолишди. Улар пиёз, саримсоқпиёз ва дориворларнинг ҳиди бутун меҳмонхонани тутиб кетган овқатларни одамларга тарқатиб юришарди.

Улар ёнимда тўхтаганларида мен буғи чиқиб турган бир коса ёвғон шўрва ва озроқ қора нон олдим.

– Овқатга тўлаш учун пулинг борми? – сўради карвонсарой эгаси ҳомийларча овоз билан.

– Йўқ, – дедим мен. – Лекин агар рози бўлсанг, эвазига бир нарса беришим мумкин. Сен менга емиш ва бошпана берасан, мен эса сен кўрган тушлар таъбирини айтиб бераман.

У икки қўлини белига қўйиб тўнғиллади:

– Ўзинг мен ҳеч қачон туш кўрмайман, дединг-ку.

– Тўғри, ўзим туш кўрмайман, лекин бошқалар кўрган тушлар таъбирини айта оламан.

– Ўзи сени ҳайдаб чиқаришим керак эди. Ҳамма дарвишлар жинни бўлади, деган эдим-ку, – деди карвонсарой хўжайини ҳар сўзини жаҳл билан чертиб гапирар экан. – Менинг сенга маслаҳатим: ёшинг не чадалигини билмайману, лекин сен бутун умрингга етарли дуою фотиҳалар қилдинг. Энди ўзингга яхши бир хотин топиб уйлан ва дунёда дарбадар кезишни бас қил. У сенга болалар туғиб беради. Шунда сен бир ерда қўним топасан. Ҳаммаёқ ғам-ғуссага тўлиб ётган бу дунёни кезишда нима маъно бор? Менга ишонавер.

Ҳеч қаердан бирон янгилик топа олмайсан. Меникига турли томонлардан турли одамлар келиб кетишади.

Озроқ шароб ичиб олсалар, бас, ўша бир хил нарсалар ҳақида гапира бошлайдилар. Одамлар ҳамма ёқда бир хил. Ўша овқат, ўша сув, ўша ахлат.

– Мен булардан ҳеч бирини изламаяпман. Мен Худо изловчиман. Ҳақни излаяпман.

– У ҳолда сен Уни нотўғри жойдан излаяпсан, – деди кутилмаганда ғамгин бўлиб қолган хўжайин. – Бизнинг ерларга Худо назар солмайди! Бизга Унинг қачон бўлмасин бу ерларга қайтиши ҳам даргумон.

– Буни эшитар эканман, менинг юрагим увишиб кетди.

– Худо ҳақида ёмон гапириш, одамнинг ўзи ҳақида ёмон гапириши билан баробар, – дедим мен.

Карвонсарой эгаси масхараомуз ғалати илжайди.

Мен унинг юзида алам исён ва болаларга хос аразга ўхшаш нимадир борлигини кўрдим.

– Ахир Худо мен сизларга бўйнингиздаги қон томирингиздан ҳам яқинроқман демаганми? – сўрадим мен.

– Худо узоқ осмонларда эмас. У ҳар биримизнинг ўз ичимизда. Шунинг учун У бизларни ҳеч қачон тарк этмайди.

– Лекин У бизни ташлаб қўяди ҳам, – деди хўжайин совуқ ва кишининг жиғига тегадиган нигоҳ билан қараркан.

– Биз азоб чекаётганимизни кўриб туриб ҳам пинагини бузмаса, Унинг борлиги ҳақида нима дейиш мумкин?

– Биродар, энг биринчи қоида шудир, – дедим мен унинг арзу эътирозига жавобан.

– Биз Худони ўзимизнинг айнан аксланишимиз деб биламиз. Агар Худо бизга ҳаддан зиёд кўп қўрқув ва айбдорлик ҳақидаги фикрларни юклаётган экан, бу бизнинг ўзимизда қўрқув ва айбдорлик жуда кўплигини билдиради. Агар Худо бизга меҳр ва юпанч бераяпти, деб ўйласак, бу биз ўзимиз меҳр ва юпанч улашмоққа тайёрлигимизни билдиради.

Хўжайин шошиб эътироз билдирганига қарамай, у менинг гапларимдан ҳайрон бўлганини тушундим.

– Бундан чиқадики, Худонинг сўзларидан бошқа ҳаммаси ўзимизнинг тасаввуримизда туғилар экан-да?

Тушунмадим.

Лекин мен унга жавоб беришга улгурмадим, чунки меҳмонхонанинг нариги томонидан қаттиқ жанжал овозлари кела бошлади…

Биз ўгирилиб қараганимизда у томонда кўриниши унча яхши бўлмаган икки кишини кўрдик. Улар ғирт маст эдилар, сўкинишар ва меҳмонхонадагиларнинг тинчини бузаётган эдилар. Бошқаларнинг идишларидаги гўшт бўлакларни олиб ейишар, қадаҳларидаги майни ичишар, унга қаршилик кўрсатишга уринганларни эса масхара қилиб безбетларча кулар эдилар.

– Бунга чек қўйиш пайти келди, шекилли, нима дейсан? – деди карвонсарой эгаси лабларини қисиб гапираркан.

У бир зумда нариги томонда пайдо бўлди, пиёнисталардан бирини маҳкам тутиб, столдан турғазди ва юзига шапалоқ тортди. У буни кутмагани учун худди бўш қопдай столдан полга ағдарилиб тушди.

Иккинчи пиёниста бақувватроқ чиқди. Роса қаршилик кўрсатди, лекин кўп ўтмай у ҳам тинчиди. У бу мижозининг кўкрагига туширди, кейин панжасини

оғир этиги билан қаттиқ бостириб турди. Суякларнинг синган товуши чиқди.

– Тўхта! – бақирдим мен.

– Ўлдириб қўясан. Шуни хоҳлайсанми?


Мен сўфий сифатида инсон ҳаётини ҳимоя қилишга онт ичганман. Бу дунёда бўлар-бўлмасга (бесабаб) ҳам муштлашиб кетишга тайёр турадиган одамлар кўп; бошқалари эса бунга сабаблари бор одамлар. Лекин сўфий, сабабли бўлса ҳамки, муштлаша олмайди. Менинг ҳам зўравонликка қарши зўравонлик билан жавоб беришга ҳаққим йўқ. Лекин хўжайинга ташланиб, уни тўхтатишим мумкин.

– Нари тур, дарвиш, бўлмаса, миянгни қоқиб оламан! – бақирди хўжайин; лекин иккимиз ҳам унинг бундай қилмаслигини билардик.

Бир дақиқадан кейин хизматчилар иккала пиёнистани ўрнидан турғазишди, улардан бирининг бармоқлари синган, иккинчисининг эса бурни синган эди; ер ҳам, иккаласининг усти-боши ҳам роса қонга беланган эди. Меҳмонхонанинг бу катта хонасига қўрқинчли жимлик чўкди. Шу тариқа ижарачиларга қўрқинч ҳиссини сингдирганидан ғурурланган хўжайин менга кўз қирини ташлади. У яна гапира бошлаганида бу гаплар бутун меҳмонхонадагилар учун ҳам мўлжаллаб айтилаётгандай эди ва овозида ғурур жаранглар эди:

– Агар билсанг, дарвиш, менда ҳар доим бундай бўлмайди. Мен муштлашишни хуш кўрмайман, лекин гоҳо шундай қилишга тўғри келади. Худо ўзининг оддий бандаларини унутган чоғда адолатни ўз қўлларимиз билан ҳимоя қилишимиз ҳам керак бўлади. Сен қачон У билан гаплашсанг, Унга шуни шама қилгин: агар У ўзининг қўйдай ювош бандаларини ҳимоясиз қолдирса, улар ҳам кимдир келиб, сўйиб кетишларини кутиб ўтирмас эканлар, деб айт. Улар ўзлари бўрига айланар эканлар дегин.

Мен елкаларимни қисдим-да эшик томонга йўналдим.

– Сен хато қилаяпсан, – дедим унга.


– Нимаси хато бунинг? Қўй бўлиб, энди бўрига айланганимми?

– Йўқ, гап бунда эмас. Сен чиндан ҳам бўрига айлангансан. Лекин қилаётган ишингни адолат деб атаб хато қилаяпсан.

– Шошма, мен ҳали сен билан гаплашиб бўлмадим! – бақирди у ортимдан.

Сен мендан қарздорсан. Овқатинг ва ётар жойинг ҳақи учун тушларим таъбирини айтиб беришни ваъда қилган эдинг.

– Мен бундан ортиқроғини қиламан, – таклиф қилдим мен.

– Кафтингга қараб туриб, билганларимни айтиб бераман.

Мен ортга ўгирилдим ва меҳмонхона эгасининг чақнаб турган кўзларига тик қараганча, у томонга тикка юриб келдим.

У ишонқирамай, беихтиёр ўзини четга олди. Шунга қарамасдан ўнг қўлидан тутдим ва кафтини тепага қаратиб очдим, у мени итариб ташламади. Кафтидаги – чуқур, нотекис, тақвосиз ҳаётдан дарак берувчи чизиқларни ўргана бошладим. Секин-аста унинг аурасидаги зангга яқин жигаррангни ва деярли кулрангга яқин оч ҳаворангларни илғай бошладим. Унинг руҳий қуввати анча камайган ва заифлашиб қолган, ташқи дунё билан курашишга бошқа кучи етмай қолаётгандай эди. Бу одам ўз ички дунёсида мисоли қуриб қолган ўсимлик каби нотирик эди.

На страницу:
2 из 5