bannerbanner
Қадр кечасидаги қотиллик
Қадр кечасидаги қотиллик

Полная версия

Қадр кечасидаги қотиллик

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
3 из 5

Терговчилар яна бир қанча саволлар бериб, айрим масалаларни ойдинлаштиргач, гувоҳга рухсат беришди.

Хонада ёлғиз қолишгач, гуруҳ аъзолари тассуротлари билан ўртоқлашишга тушдилар:

– Санжар ака, – ичи қизиб турган экан шекилли, «профессор» фикр билдирди, – сизларни билмадим-у, аммо менга бу қизнинг гаплари носамимийдай туюлди. Ўзини сипойи тутгани билан, кўзи ўйнаб турибди, ҳечам яқинларидан жудо бўлган одамга ўхшамайди, Ўзича Худоёрга лой чаплашга уриндими-ей.

– Тўғри, ҳозирги ёшларнинг дунёқараши сал бошқачароқ, – изоҳ берди гуруҳ раҳбари, – улар ҳар бир нарсани бўрттириб, шишириб кўрсатишга уринишади. Ўзларининг шахсий фикрларини устун билиб, ўтказишга ҳаракат қилишади. Шу сабабдан қиз кўрган-билганларини бироз кўпиртириб гапирди. Унинг хаёлида Худоёр – қотил. Уни лойга булашга ҳаракат қилаётганининг сабаби ҳам шунда. Менимча, қиз ҳали айрилиқнинг даҳшатини тўла англаб етмаган. Ёш-да, бундан кейинги қисмати не кечишини тассаввур ҳам қилолмаяпти шекилли…

– Жўрабой ука, нима демоқчисиз? Ёшгина қиздан нимани истайсиз? Билганини айтди. Тўғри, айрим масалаларда сал ошириб юборган бўлиши мумкин. Бунга сабаб, Санжар ака айтгандай, Худоёрни қотил деб билиши. Буни тушунса бўлади. Ҳарҳолда она сути оғзидан кетмаган қизни жиноятчиларга шерик, деб ҳисобламаётгандирсиз!

– Ким қандай деб ўйлашидан, нима деб ҳисоблашидан қатъий назар биз марҳумларга яқин барча шахслардан гумонсирашга мажбурмиз, – гуруҳ раҳбари пасангини тўғри тутишга ҳаракат қилди, – бу дегани ҳатто Шахина ҳам, Тахмина ҳам шубҳадан юз фоиз холи деб бўлмаслигини англатади.

Баҳс-мунозара анчагача давом этди…

* * *

Сержант либосидаги милиция ходими хонага ўттиз беш-қирқларни қоралаган, ўрта бўйли, аммо хийлагина чайир, соч-соқоли бетартиб ўсган, юзлари сўлғин, кўзлари киртийиб қолган йигитни олиб кириб, қўлидаги кишанни ечди ва терговчининг имоси билан ташқарига чиқиб кетди.

– Худоёр ака, яхши дам олдингизми? – терговчи ўзгача лутф билан гап бошлади.

– Раҳмат, дам олиши шунақа бўлса, дамсиз ўтган маъқул, – юзини бурди айбдор. – Сиз яна ким бўлдингиз? Яхши гапириб, емаган сомсамга пул тўлатмоқчи бўлсангиз, адашасиз!

– Танишайлик, Санжарбек Раҳмоновман, Бош прокуратура алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси, сизнинг ишингиз бўйича тергов гуруҳи раҳбари этиб тайинландим.

– Нима, терговчи ишдан кетдими? – деди Худоёр надомат билан.

– Нега ишдан кетар экан, бирга тергов қиламиз.

– Яхши йигит экан… битта шу бола менга ишонди. Лекин раҳбарларининг юзидан ўтолмай… қийналиб кетди. Айбсиз одамни қамашга уста бўлсангиз керак… сизни чақиришибди-да!

– Терговчининг вазифаси жиноятни фош қилиб, жазонинг муқарралигини таъминлаш, айбдорга жазо бериш масаласини ҳал қилиш учун ишни судга оширишдан иборат, – мулойимроқ бўлишга ҳаракат қилди Санжарбек. – Шахснинг айбдорлиги исботланмаса, у айбсиз ҳисобланади. Бу ҳам терговчининг вазифаси. Аммо гумон қилинаётган шахс ҳам бунда терговчига ёрдам бериши лозим. Шахснинг айбдорлигини исботлаш мураккаб иш. Шахснинг айбсизлигини исботлаш эса ундан-да, мураккаб жараён.

– Сиз нималар ҳақида гапиряпсиз тушунмайман… Унақа чиройли гаплар бизга ўхшаган аравакашлар учун эмас, – сал юмшагандай бўлди Худоёр. – Айтганларингиз рост бўлса, хе йўқ, бе йўқ жиноятчи қолиб, айбсиз одамни қамаб ўтирганларингни қандай тушунса бўлади.

– Сиз асоссиз ушлангансиз, деб айтолмайман, – жайдарироқ тушунтиришга урунди гуруҳ раҳбари, – терговда сизга шубҳа қилишга етарлича асослар бор. Илёс бобо билан муносабатларингиз азалдан ёмон бўлган, унга «Ўлдираман!» дея пўписа қилгансиз ва ниҳоят, мошинангиздан далилий ашё – қон доғлари билан пичоқ топилган. Бундай ҳолатда терговчи сизни гумондор сифатида ушлашга, қамоққа олишга санкция олишга мажбур эди. Бироқ кейинчалик терговчида сизнинг айбдорлигингизга шубҳа пайдо бўлган. Иш билан танишиб чиққач, шундай шубҳа менда ҳам туғилди. Аммо сизни қўйиб юбориш учун шубҳа, гумонларнинг ўзи етарли бўлмайди. Айбсизлигингизни исботлашимиз керак. Шу сабабли сиз менга ҳаммасини бир бошидан, ипидан игнасигича, қандай бўлса шундайлигича гаприб беришингиз, ҳеч нарсани яширмаслигингиз лозим.

– Шунда мени қўйиб юборасизми? – Худоёрнинг кўзларида умид учқунлари порлади.

– Айбсиз бўлсангиз, қўйиб юбормай нима қиламиз! Давлат номидан узр ҳам сўраймиз, даъво қилсангиз суд сизга етказилган моддий ва маънавий зарарни ҳам ундириб беради.

– Уйимга, болаларимнинг ёнига қайтсам бўлди, – чуқур «уфф» тортди айбланувчи, – менга бошқа ҳеч нарса керак эмас.

– Бошлаймизми? – гуруҳ раҳбари ҳалимдай ювош бўлиб қолган йигитга тикилди.

– Беайб қамалиш сулоламиз тақдирига тушган бобо мерос иллатми, ҳайронман! – гапни узоқдан бошлади Худоёр. – Бобом раҳматли хўжаликда сувчи бўлган экан. 1939 йилда колхоз шийпонида ўтказилган йиғилишда вилоятдан келган вакил – Соломон амакидан ўзбекча гапиришни талаб қилиб, кўпчиликнинг олдида компартия вакилини «изза« этиб, «ҳақоратлагани» учун миллатчи сифатида беш йилга қамалиб кетган экан. Отам раҳматли чўлдаги пахта етиштирувчи хўжаликлардан бирида бригадир бўлиб ишларди. 1985 йил тўққизинчи синфда ўқиб юрган пайтимда отам ҳам «пахта иши» бўйича «қўшиб ёзиш»да айбланиб, олти йилга қамалиб кетди. Онам шўрлик бир этак бола билан дод-войлаб қолаверди. Гдлян, Иванов каби зўравонлар бутун бир миллатни ўғри, порахўрга чиқарди. Ўқимаган, оми одам бўлсам ҳам, бир нарсага сира ақлим етмайди, йил ўн икки ой пахта даласидан нари кетмайдиган оддий бригадир қандай қилиб «қўшиб ёзсин»! Мустақиллик шарофати билан бошқалар қаторида отамиз ҳам оқланиб, уйга қайтди. Аммо касалланиб, ярим жон бўлиб қолганди. Уч йилга бормай бандаликни бажо келтирди. Бир йил ўтиб, онам ҳам вафот этди. Жўжа бирдай жон, оиланинг юки менинг гарданимга тушди… Йўқчилик илигимни чақиб қўйса-да, чидадим… Мактабни «аъло»га битиргандим. Институтга ўқишга кириш орзум ҳам саробга айланди. Хўжаликда тракторчилик қилиб, ота ўрнида ота, она ўрнида она бўлиб, тўрт укамни ўқитдим, уйлантирдим, икки синлимни турмушга бердим. Ҳозир укаларим катта одам бўлиб кетишган, иккитаси институтда домла, биттаси дўхтир, биттаси солиқда ишлайди. Колхоз, совхозлар тугатилиб, тракторлар ҳам сотилиб кетди. Ғирт ишсиз бўлиб қолдим. Бир-икки йил фермерлик ҳам қилдим. Техника бўлмаса, ер шўрлаб, яроқсиз ҳолга келиб қолган бўлса, тепадан ишингга аралашиб, қадамингни ўлчаб турса, иш кетадими? Касодга учрадим. Ерни олиб қўйишди. Бор-будимни сотиб, зўрға қутулдим. Бахтимга кичик синглим оиласи билан пойтахтдан янги уй олиб, Гулистондаги уйини бизларга қолдирди. Ҳозир турган уйга ўн йил олдин кўчиб келгандик. Қишлоқдаги уйни сотиб, киракашлик қилиш мақсадида «Матиз» олдим. Кун кўриш керак-ку! Камбағални отнинг устида ҳам ит қопади, деганларидай шаҳарга келиб, ҳамсояга ёлчимадик. Ишлаб юрган пайтларда Илёс бобо табиатан қувноқ, одамохун инсон эди. Халқимиз «Аввалини бергунча, охирини берсин», деб бекорга айтмаган экан. Бу одам жуда ёмон қариди, ўта тажанг, майдагап, қитмир ва ғаламис бўлиб қолди. Арпасини хом ўрганманми, менга ўчакишиб олди. Ўтирсам – ўпоқ, турсам – сўпоқ, бўлдим…

– Нифоқнинг келиб чиқишига нима сабаб бўлган? – гуруҳ раҳбари ҳамсуҳбатини «йўлга солиш»га ҳаракат қилди.

– Ўзим ҳам ҳайронман, – ўйланиб туриб, жавоб қилди Худоёр, – бирор бир жиддий сабаб йўқ… ҳаммаси майда-чуйда аризимас нарсалар – болаларим ҳовлида сал қаттироқ гаплашса, «Ўчир!» деб ўшқиради, қўшиқ қўйса, «Уйқумни буздинг» деб бақиради, «Болаларинг, хотининг балохона деразасидан нега бизнинг ҳовлига қарайди?» деб минғирлайди… Хуллас, бу одамнинг дастидан ўз уйимизда эмин-эркин яшолмай қолдик. Ўша куни пешин пайти мошинамни кўчадаги ўрик соясида қолдириб, уйга тушлик қилишга кириб кетгандим. Энди овқатни олдимга олгандим, дарвоза таққиллаб қолди. Аёлим эшикка чиқиб-қайтиб, «Сизни қўшни чақиряпти, тез чиқаркансиз», деди. Бу сассиқ чол яна бир нарсани бошламаса гўргайди, деган хаёлда ташқарига чиқдим. На салом, на алик бор, қария «Нега манави дранталетингни менинг зардолимнинг остига қўясан!» дея ўшқириб кетди. Жанжал чиқармаслик учун қарияни жаҳл отидан туширишга, муомала билан гапиришга ҳаракат қилдим. Қўшни баттар асаби қўзиб, «Шалдироқ аравангни ол бу ердан», деб оёқ тираб туриб олди. «Ҳой бандаи-мўмин, қанақа одамсиз, мошинам сизга нима ҳалақит қиляпти, дарахтингизни еб қўядими?» десам, «Ҳа, еб қўяди, мошинангнинг моторидан чиқиб турган иссиқлик, дарахтнинг баргини қуритиб ташлайди, керак бўлса, ўзинг кўчат экиб, парваришлаб, мошинангни ўшанинг соясига қўявер», деб бақириб, «Матиз»ни оёғи билан тепишга тушди. Меникиям тутиб кетди. Ўдағайлаб, олдига бордим. Қўл кўтарсам балога қолишимни ўйлаб, шайтонга ҳай бердим. Қўлидан тортиб, мошинадан узоқлаштирмоқчи бўлдим. У бор кучи билан чираниб, қўлимдан чиқишга ҳаракат қилди. Кутилмаганда қўлимдан сирғалиб чиқиб, оёғи чалишиб, юз тубан ерга йиқилиб тушди. Турғизишга ҳаракат қилиб, дастимни чўзсам, қўлимга тепиб ташлади. Шанғиллаб, оғзига келган сўзлар билан ҳақоратлаб, сўкиниб кетди. Ғала-ғовурни эшитиб, Тахмина уйдан чиқиб, бобосига ёрдам беришга шошилди. Милиция чақиришди. Йиқилганда тирсаги шилиниб кетган экан. Чоли тушмагур имонини ютиб, мени уриб йиқитди, деб туриб олди. Набираси қурғур ҳам унинг гапини тасдиқлади. Иш судга ошди. Суд ҳақиқатни аниқлаб, адолат қилса керак, деб ўйлагандим. Қайда дейсиз, баджаҳл судья мени эшитиб ҳам ўтирмади. «Отанг тенги кекса одамга қўл кўтаришга уялмайсанми?» деб дағдаға қилиб, ўн кун қамоқ жазосига ҳукм қилди. Йўқ жойдан, айбсиз айбдор бўлиб, қамалиб қолганим, эл олдида шарманда бўлганим роса алам қилди. Ўшанда ҳали бу ҳолва эканлиги, шу воқеа сабаб пешонамга бундан-да, оғир кўргиликлар тушиши хаёлимга ҳам келмаганди…

Худоёр бир муддат жимиб қолди. Ўпкаси тўлиб, кўзлари намланди. Терговчилар йигитнинг сал «совиб», ўзига келишини ўйлаб, бир муддат кутиб турдилар.

– Қамоқдан чиққач, Илёс бобонинг уйига бориб, «Сен сассиқ чол энди мендан кўрадиганингни кўрасан, терингга сомон тиқаман, шу уйдан ўлигинг чиқмаса, отимни бошқа қўяман!» деб айтганингиз ростми? – Санжарбек сўроқни давом эттирди.

– Рост, тонмайман, – Худоёрнинг қошлари чимирилди, – туҳмат билан қаматиб юборди, ўн кун бургага таланиб, захда ётдим… Одамга алам қиларкан!

– Ўшанда шунчаки, пўписа қилганмидингиз ёки чиндан ҳам, қарияни ўлдиришни режалаштирганмидингиз? – Жўрабой гуруҳ раҳбарига «Мумкинми?» деган маънода бир қараб, савол берди.

– Ие, нима деяпсиз, одам ўлдириш осон бўптими? Бир пўписа қилиб, юрагига ваҳима солиб қўймоқчи эдим… Моғор босган кўнглини жароҳатлаб, аламимни олишни ўйлагандим… Иш бунақа чаппа айланиб кетишини билганимда бу номаъқулчиликни қилармидим!

– Қотиллик содир бўлган тунда қаерда эдингиз? – гуруҳ раҳбари навбатдаги саволни берди.

– Қаерда бўлардим, уйда эдим, – айбланувчининг юзи тундлашди, – юз марта сўрадинглар, юз марта айтдим. Гапимни хотиним, болаларим тасдиқлади… яна сизларга нима керак!

– Қотиллик ҳақида кимдан, қачон эшитдингиз? – бепарволик билан сўради терговчи.

– Ўша куни ишга чиқмагандим, мошинамнинг шаровойи тиқиллаб турганди. Кун бўйи ўшани созлаш билан андорман бўлдим. Кечда қўшниникида одамлар тўпланиб, ғала-ғовур бошланиб қолди. Кўчага чиқсам ҳамма ёқни милиция босибди. Яқинроқ бориб, бир сержант йигитдан сўрадим. «Уй эгасини ўлдириб кетишибди», деди. «Ким ўлдирибди?» десам, «Буни ҳали ҳеч ким билмайди, боринг уйингизга кириб ўтиринг», деди. Устимдан муздай сув қуюлгандай бўлди. Жанжалли бўлсак-да, чолнинг ўлимини истамагандим… Бу ишни ким қилган бўлса, дея бошим қотди. Ким қилган бўлсаям, тезроқ топила қолсайди, деган ўйга бордим. Йўқса, гумоннинг бир учи менга қадалишини хаёлдан ўтказиб, қўрқиб кетдим. «Ўлдираман, терингга сомон тиқаман!» дея пўписа қилганимга пушаймон бўлдим. Кўнглим сезган экан, икки кун ўтмай мени сўроққа чақиришди…

– Қотиллик қуроли бўлмиш – пичоқнинг сизнинг мошинангиздан чиққани хусусида нима дейсиз? – гуруҳ раҳбари саволни сал «суяштириб» берди.

– Ҳайронман… мошинанимни кўчада очиқ қолдирмайман, – ўйланиб жавоб қилди айбланувчи. – Икки кунда анчагина одамни мошинамга чиқардим. Терговчига эслаганимча ёзиб берганман. Шаҳар катта бўлса… кўпчилиги нотаниш кишилар… Қайси бири ёдда қолсин.

– Мана сиз ёзиб берган рўйхат, – деди Санжарбек жиноят ишига тиркалган қоғозга тикилиб, – нима деб ўйлайсиз, шулардан қайси бири шу ишни қилган бўлиши мумкин?

– Уларнинг отини ҳам, кимлигини ҳам билмасам… бировга қуруқ туҳмат қилиб қўйишдан кўрқасан киши.

– Мошинангизни очиқ қолдирмаган бўлсангиз, – саволни бошқачароқ қўйди гуруҳ раҳбари, – шу йўловчилардан бири пичоқни сизнинг мошинангизга ташлаб қўйгани аниқ. Бу ишни қилаётган шахсда қандайдир ҳаяжон, қўрқув аломатлари бўлади. Шу маънода бирортасидан шубҳангиз борми?

– Кўп ўйладим, – деди Худоёр бошини қашилаб, – асосан, аёллар, қизлар, кексалар… Улар бунақа иш қилмаса керак?! Қолганлари ҳам туппа-тузук эркаклар…

– Худоёр ака, нима, терговга ёрдам қилишни хоҳламаяпсизми? – кутилмаганда Жўрабой ташланиб қолди. – Ҳеч кимдан шубҳангиз бўлмаса, демак, мошинага пичоқни ўзингиз қўйгансиз! Ёдингиздан чиққан бўлиши мумкин…

– Э-э-э, укажон, тушунмадим, иситмангиз борми? – айлабанувчи киракашлигига борди, – бировни ўлдириб, пичоқни мошинасида сақлайдиган тентакка ўхшайманми? Ўша матоҳни ким ташлаб қўйганини билмасам, нима қилай? Ўзларинг ҳам – бир гала одам ҳақиқий қотил кимлигини тополмаяпсизлар-ку!

– Келинглар, асаббузарлик қилмасдан, дўппини бир четга қўйиб, мушоҳада қилиб кўрайлик, – гуруҳ раҳбари талабага яширинча кўз қисиб, муросага чақирган бўлди. – Худоёр ака, шубҳали шахс сизнинг мошинангизга тасодифан чиқиб қолмаган. Улар сизни обдан кузатган. Қулай пайтни топиб, йўлингизга чиқиб, қўл кўтарган. Масалан, сиз уйингиздан чиққан пайт ёки бир манзилга бориб, қайтиб чиқаётганингизда сизга рўбарў бўлишган.

– Йўловчиларни, асосан, бекатлардан, йўлма-йўл олиб кетаверамиз, – ўйланиб туриб, жавоб қилди Худоёр, – уйдан чиқишда деганингизга биттаси ёдимга тушди… Кўчамизнинг бошидаги Муҳиддин дўхтирнинг уйи ёнидан бир қизгина чиққанди…

– Хўш, хўш, хўш, – сергакланди терговчи, – дўхтирнинг уйидан чиқдими?

– Қаердан чиққанини кўрмадим. Тутнинг соясида турган экан, йўлимга чиқиб, қўл кўтарди. Миндириб олдим. «Муҳиддин аканикига меҳмонга келдингизми?» деб сўрадим, жавоб бермади, тўрсайиб, юзини тескари бурди.

– Ёши нечаларда эди? Кўриниши қанақа?

– Ёш қизча, ўн етти-ўн саккизларда бўлса керак, ўрта бўйли, тўшдор, сочлари узун, қоп-қора, тирсиллатиб жинси шим билан кўк кофта кийиб олган.

– Қаерга тушиб қолди?

– Адашмасам, деҳқон бозори яқинида тушиб қолди.

– Унинг хатти-ҳаракатида бирор нотабиийлик, юзида қўрқув, ҳадик аломатларини сезмадингизми?

– Юзи ташвишли, кўзлари қандайдир бежо кўринди, кайфияти яхши эмасди, – эслашга уринди айбдор, – уй-пуйида бирор кўнгилхиралик бўлгандир-да, деб қўйдим.

– Нима деб ўйлайсиз, мошинангизга пичоқни шу қиз ташлаб қўйган бўлиши мумкинми?

– Йўғ-э, нима деяпсиз, қиз бола нарса… одам ўлдирадими?

– Ҳа, нима бўпти, аёл кишинин макри қирқ туяга юк бўлади, қиз бола қотиллар ҳақида эшитмаганмисиз? – Жўрабой гап қўшди.

– Бобой қари бўлса ҳам, анча чайир, бақувват эди… Шу қизгинанинг қарияни бир ёқли қилишига ишониш қийин-ов! – Худоёр таажжубини яширолмади.

– Қиз кимнингдир топшириғига кўра, пичоқни мошинага ташлаб кетган бўлса-чи? – Санжарбек бошқача тахминни илгари сурди. – Қотил ҳам анойи эмас, эркак киши шубҳа остида бўлади, қиз бола маъқул-да, ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

– Бу ёғини ўйламаган эканман, – тан берди Худоёр.

– Ўша икки кун ичида мошинангизга чиққан йўловчилардан яна кимлардан шубҳа қилишингиз мумкин? – сўради терговчи қўлидаги рўйхатга кўз югуртириб.

– Бу руйхатга ёзиш ёдимдан чиқибди, – айбдор ниманидир эслагандай бўлди, – пешинга яқин автовокзалнинг ёнидаги сомсахонага тушгандим. «Матиз»имни йўл четига қўйиб, сал наридаги столга ўтирдим. Икки дона сомса буюртма қилдим. Сомса еб турсам, чамаси эллик ёшлардаги бир одам мошинамнинг олдига келиб, «Ука, юрасизми?» деди. «Сомсани еб олай, юрамиз, қаёққа борасиз?» деб сўрадим. «Марказга ташлаб қўясизми?» деди у қўлидаги юкини ерга қўя туриб. «Гап йўқ, кетамиз, ўтиринг», дедим мен пульт билан мошина эшигини очиб. Бояги ака юкларини мошинага чиқариб, ўзи ҳам орқа ўриндиққа ўтириб олди. Сомсани еб, қўлимни чайишга кетдим. Шундай қайтиб келсам ака йўқ, юкларини олиб, кетиб қолибди. Сомса еб ўтирган шафёр йигитлардан сўрасам, «Таниш таксичи келиб қолди, кетди», дейишди. Ўша пайти бу воқеага эътибор бермагандим. Энди ўйланиб қолдим…

– «Ака»нинг бошқа таксига чиқиб кетганини ким кўрган экан?

– Деярли ҳамма таксичилар шу ерда овқатланишади. Кўпчилик бир-бирини танийди. Ўша куни ёнимдаги столда Рихси деган таксичи бола сомса еб ўтирганди. Бояги акани бошқа тасига чиқиб кетганини шу бола кўрган экан.

– Рихсининг фамилияси, яшаш жойини биласизми? – терговчи қўлига қалам олди.

– Фамилиясини ҳам, қаерда туришини ҳам билмайман. Рихси, Рихси дейишади…

– Таксисининг давлат рақамини-чи?

– Адашмасам, 60-65… ҳарфлари ёдимда йўқ. Нима, уни топиш керакми?

– Албатта, сўраб кўришимиз керак-ку, – терговчининг ўрнига Жўрабой жавоб қилди.

– Рихси ҳар куни соат ўн иккида ўша сомсахонада тушлик қилади.

– Яхши, – деди гуруҳ раҳбари дафтарига нималарнидир қайд эта туриб, – Зебинисо Суюнова ҳақида нима дейсиз?

– Зебо хола ўқимишли, очиқ кўнгил, меҳрибон, содда ва самимий аёл эди раҳматли, – таърифлашга тушди Худоёр. – Эрининг ғирт тескариси. Марҳумлар тўғрисида ёмон гапириб бўлмайди дейишади-ю, аммо бу ғаламис чолни шу хола йўлга солиб, одам қилиб юрарди. Раҳматли бир умр чолининг минғир-минғирига чидаб, борини ошириб, йўғини яшириб яшади. Чоли мен билан гап талашиб, жанжаллашиб қолган пайтларда ҳам хола кўнглимга таскин бериб, «Худоёржон, бобойни биласиз-ку, қариб, мияси айниб қолган, ҳар нарсадан нифоқ чиқаришга ҳаракат қилади, хафа бўлманг», деб қўярди. Хаёлимда бобо кампирисиз бир кун ҳам яшолмасди…

– Шунчалик яхши кўрармиди? – талабада ҳақли савол туғилди.

– Яхши кўриш-кўрмаслигини билмадим-у, аммо унга суяниб қолгандай эди, мустақил бир иш қилолмасди. Бир девор қўшни эмасмизми, «Зеби, дорим қани?» «Зеби, кўзойнагим қани?» «Зеби, уним қани, буним қани?» деб юрганини кўп эшитганман. Уйга бозорликни ҳам лорсиллаб, кампир бечора қилиб келарди. Бу худбин чоли қурғур кўринган одамга танбеҳ беришдан нарига ўтмасди. Отасидан безори чиққанми, ёлғиз қизи ҳам уйига камдан-кам келарди. Набираси Тахминани ҳам бездириб ташлаганди. «Қаёққа боряпсан?» «Нега калта кийиндинг?» «Нега кеч қолдинг?» «Телефонда гаплашма!» «Чироқни ўчир!» деб вайсагани вайсаган эди… Тағин етти маҳаллага эшитиладиган қилиб, бақириб гапирарди.

– Неварасини тергаб, одабга чақирган бўлса, бунинг нимаси ёмон? – деди терговчи атайлаб ўзини лоқайдай кўрсатиб.

– Тергаш, тарбияга чақиришнинг ҳам ўз йўриғи бор. Насиҳат ҳар замонда, жойини топиб қилинганда кор қилади. Ортиқчаси нафақат бефойда, балки ёшларга салбий таъсир қилиб, бездириб ташлаши ҳеч гап эмас.

– Сиз Зебинисо холани охирги марта қачон кўрган эдингиз? – «мавзу»га қайтди терговчи.

– Шифохонага тушишидан бир кун олдин. Ишга чиқиб кетаётсам, кампир раҳматли эшик олдини супуриб турган экан. Кўрмасликка олиб, мошинага тезроқ ўтириб, кетиб қолмоқчи эдим, бўлмади. Зеби хола йўлимга чиқиб, мендан эри учун кечирим сўради: «Жондай қўшнини қаматиб, бу бобой нимага эришмоқчи, хайронман!» деб зорланди. «Хола, мен чолингизга бармоғимни ҳам теккизганим йўқ, менга туҳмат қилди», деб бўлган воқеани қандай бўлса, шундайлигича тушунтиришга ҳаракат қилдим. «Биламан, болам, биламан, бу одамни биринчи бор кўриб турибсанми, қариб, мияси суюлиб қолган, ҳаммамизни безоримизни чиқариб ташлади. Нима қиламиз энди, отанг жинни бўлса, бойлаб боқ, дейишади-ку, чидаймиз-да, энди… Сен хафа бўлма!» деганди раҳматли кўзига ёш олиб. Кейин уйдагилардан шифохонага тушиб қолганини эшитдим. Кейин бунақа гаплар чиқиб кетди… Умри калта экан, шундай ажойиб инсон, хайф кетди-да! Шугина момонинг кимга зиёни тегди экан, ҳайронман! Қаранг, хола бечора нариги дунёга кета туриб ҳам, менга ёрдами тегиб кетди…

– Қандай? – ҳайрон бўлди Жўрабой.

– Момонинг заҳарланиб ўлгани аниқлангандан кейин Худойберди ака ўйланиб қолди. Бўлмаса, мени аллақачон қотилликда айблаб, судга оширган бўлишарди. Шу пайтда тақдирга тан бериб, қамоқда ашуламни айтиб ўтирган бўлардим, Худо кўрсатмасин…

– Тўғри гап, – маъқуллади Санжарбек ўйга толиб, – шу ҳолат юз бермаганда биз ҳам бу ерда ўтирмаган бўлардик.

– Худо деган жойим бор экан-да! Кампирнинг масаласи бўлмаганда мени бу маломатдан ҳеч ким қутқариб қололмасди. Чолнинг ўлими менга қимматга тушарди. Бировлар айтса, ишонмасдим, товба, шу замонда ҳам мутлақо айбсиз одамни қамоққа тиқиш мумкин экан-да!

«Оддий киракаш бўлса ҳам, бу йигитнинг анча нарсаларга ақли етадиган кўринади. Ўзининг жазодан қутулиб қолиши учун нажот қаердан келаётганини англаб турибди… Кампирни ўлдириш учун унда ҳеч қандай асос, сабаб йўқ. Оралари яхши бўлгани ҳаммага маълум… Балки бу «томоша»ни унинг ўзи ташкил қилаётган бўлса-чи! Илёс бобо билан ит-мушук бўлиб юргани ҳеч кимга сир эмас. Бундан чиқди, биринчи бўлиб шубҳа унга тушиши аниқ. Жаҳл устида, ўн кунлик қамоқ учун ўч олиш мақсадида бобони ўлдирган… Ўзини шубҳадан холи қилиш учун олдин пичоқни мошинасига яширган. Кейин кампирни ҳам баҳридан ўтишга тўғри келган. Шундоқ ҳам пичоқ масаласида иккиланиб турган терговчиларнинг момонинг қотиллиги масаласи равшанлашгандан сўнг фикри бир юз саксон даражага ўзгариб кетишини олдиндан сезган… Қаранг-ки, ҳамма ўйлаганлари оғишмай амалга ошиб турибди. Ҳаммасини – ипидан игнасигача олдиндан кўра билган. Вой муғомбир-эй! Ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига кирмайдиган режа тузганини қаранг! Ўзидан айбни соқит қилгани етмагандай, қотилликни бошқа бировга тўнкамоқчи бўлганини айтмайсизми?! Уни қўйиб юборгач, қотилни излаб, тополмасдан сарсон-саргардон бўлишимизни ҳам олдиндан билган. Қойил! Шунча ишни хамирдан қил суғиргандай пухта уддалаб, ҳеч вақо кўрмагандай мулойимхунук ўтиришини қаранг!»

– Зебинисо Суюновани шифохонага кўришга қачон боргандингиз? – терговчи шуурида чарх ураётган хаёллар таъсирида гап оҳангини кескинлаштирди.

– Борганим йўқ, неча марта айтиш мумкин, – айбдорнинг қовоғи уюлди, – заҳарни ҳам мен берганим йўқ, адашяпсизлар!

– Сизни шифохонага келганингизни кўрганлар бор, – Жўрабой ёлғондан яхшилик йўлида фойдаланмоқчи бўлди.

– Ким кўрибди? Чақиринг, юзлаштиринг! – қандайдир ишонч билан гапирди Худоёр.

– Демак, Зебинисо холани кўришга шифохонага бормагансиз, – овоз тонини сал пасайтирди гуруҳ раҳбари, – балки бирортаси орқали холага бозорлик юборгандирсиз?

– Нега бозорлик юборарканман? – айбланувчининг хуноби чиқди. – Ортиб-тошиб ётган давлатим борми? Қайси пулимга бозорлик қиламан? Аравакашликда топганим зўрға қора қозонни қайнатиб турган бўлса!

– Майли, сизнингча, қотил ким? – гуруҳ раҳбари бефойда мунозарага чек қўймоқчи бўлди. – Икки қарияни ўлдириш кимга керак бўлган, деб ўйлайсиз?

– Илёс чол дўхтир бўлиб ишлаган, бирортасини нотўғри даволагандир ёки кимгадир зулм ўтказиб, жонига теккандир. Аммо бир умр мактабда дарс берган тилла кампирнинг жонига қасд қилиш кимга керак бўлганига ақлим етмайди. Менимча, хола чолининг касрига қолди-ёв. Қитмир кишининг душмани бисёр бўлади. Тоза жонидан ўтказган бўлса, бутун оиласидан интиқом олишга қасд қилгандир.

– Сиз қўшни сифатида бобонинг бирортаси билан жанжаллашиб юрганини кўрганмисиз?

– Йўқ, бунақасини кўрмаганман. Лекин бир марта ишдан келсам, бобонинг ҳовлида ким биландир баланд товушда тиллашиб турганини эшитгандим. Овқатланишга уйга кириб кетганим боис, гап нима ҳақида эканлигини англолмай қолгандим…

– Бу воқеа қачон бўлганди?

– Қотиллик содир этилишидан тахминан бир ойлар олдин… аниқ санаси ёдимда йўқ.

– Эркак кишимиди?

– Ҳа, эркак киши эди.

– Раҳмат, бугунча етар, – гуруҳ раҳбари ўрнидан қўзғалди.

– Ака, мен нима қилай? – Худоёр хавотир билан терговчига тикилди. – Шундоқ ётавераманми? Айбим нима?

– Ҳозирча ҳаммаси ўз ўрнида қолади, сабр қилишингизга тўғри келади – деди гуруҳ раҳбари қатъият билан. – Айбингиз масаласига келсак, изқуварлар тили билан айтганда сиз кераксиз пайтда, лозим бўлмаган жойда пайдо бўлгансиз!

– Руслар айтмочқи, оказались в ненужное время в ненужном месте, демоқчисиз-да! – Худоёрнинг кўзларида умид учқунлари милтиллади.

* * *

Санжарбек гуруҳ аъзоларига тегишли топшириқларни бергач, марҳум чол-кампирнинг ягона фарзанди Шахинани сўроқ қилишга киришди.

– Опа, ўша кунги воқеаларни бир бошидан батафсил гапириб берсангиз, – терговчи мулойимлик билан гап бошлади.

– Олдин терговчи укамга айтиб бергандим-ку, – деди гувоҳ қандайдир оғриниб, – яна айтаверайми?

– Хабарим бор, тартиб шунақа, гапираверинг, – гапни мухтасар қилди терговчи.

– Аллоҳнинг қудратини қаранг, ўша кечаси аланг-жаланг тушлар кўриб чиқдим, – оҳиста гап бошлади Шахина, – кўнглим сезган экан. Асрга яқин Тахмина йиғлаб қўнғироқ қилди, «Бобом ҳеч қаерда йўқ, унга бир нарса бўлганга ўхшайди, хонасидаги сейфнинг эшиги очилиб ётибди, деворга илинган гиламни ҳам олиб кетишибди», деди. Оёғимни қўлимга олиб, ҳовлига чопдим. Жиянимни тинчлантириб, хонани кўздан кечирдим. Чиндан ҳам, темир шкафнинг эшиги лом билан бузиб, очилган. Ичидаги нарсалар титилиб ётибди. Қўрқиб кетдим. Отам бор бойлигини шу сейфда сақларди. Калитини ҳеч кимга ишонмасди. Тўрда деворга осиғлик гилам ҳам ғойиб бўлибди. Бошқа хоналарни кўрдим, ҳеч нарсага тегилмаган. Юрагим гупиллаб, ертўлага кирдим. Тўрдаги қутилар орасида юмалоқ қилиб ўралган гиламга кўзим тушди. Дадамнинг хонасидаги гилам бу ерга қаердан келиб қолди, деган ўйда турткилаб, тортдим. Оғир экан, жойидан қимирламади. Очиқ жойидан қўл солиб, пайпасладим. Қўлим юмшоқ нарсага тегди, одамнинг оёғига ўхшаб кетди. Қўрққанимдан бақириб юбордим. Югуриб ҳовлига чиқдим… Тилим калимага келмай қолди… Сўнг «03»га қўнғироқ қилдик. Бир соатлар ўтиб, милиция ходимлари етиб келди. Гиламни ташқарига олиб чиқиб, ёйишди. И-ч-и-д-а-н о-т-а-м-нинг қ-о-н-г-а б-ел-а-н-г-а-н м-у-р-д-а-с-и чиқди…

На страницу:
3 из 5