bannerbanner
Терговчи. Дорихонадаги қотиллик
Терговчи. Дорихонадаги қотиллик

Полная версия

Терговчи. Дорихонадаги қотиллик

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
4 из 5

– Ўғлини ўқишга киритиш учун хўжайнимга қанчадир пул берган экан, у ҳам кимгадир олиб бориб берган-да, ўзи ректор эмас-ку! Ўша қуриб кетгурдан пулни қайтариб ололмай роса сарсон бўлди. Қўли билан бериб, оёғи билан чопди.

– Пулни кимга берганди?

– Мен қайдан билай? – аёлнинг манглайи тиришди. – Хўжайиним бунақа гапларни менга айтиб ўтирмасди. Самиғ бир неча марта уйга келиб, тўполон кўтарганда сезиб қолгандим.

– Нима деб тўполон кўтарганди?

– Энди жа-а унақа уришиб кетишмаганди… сўз талашиб, қаттиқ-қаттиқ гапиришгани ёдимда. Самиғ «Кўрсат ўша одамингни, ўзим гаплашаман», деб бақирганди. Хўжайиним эса «У катта одам, кўп ишим тушади, нима, сени деб орамиз бузилсинми, шошмай турсанг ўзим олиб бераман», деб зорланганди. Бир неча кундан сўнг тағин ўша гап… Эримга «Нима қиласиз бечорани қийнаб, ўзингиздан бўлсаям пулини бериб юборинг, кейин ўша одам пулни қайтарса, жойига қўйиб қўясиз. Шунча ғавғо сизга шарми?» десам, «Калланг ишлайдими, «катта» пулни қайтармаса нима қиламан, бировнинг ҳожатини чиқараман, деб ўзим «тушиб» қолайми?» дегандилар. Мен эса «Ҳой барака топгур, «катта»нгиз қайтармаса ҳам сиз ўртоғингизга пулни қайтаришга мажбурсиз, нима қиласиз камбағални шўрини қуритиб», деб тушунтиришга ҳаракат қилгандим. Қайда дейсиз, эрим билганидан қолмади… Мана оқибати!

– Опа, тўғрисини айтинг, Самиғ эрингизни ўлдирганига ишонасизми?

– Билмасам, олдин уни қамоққа олдинглар. Биз қотил шу экан, деб ўйладик-да! Энди уни қотил эмас деяпсизлар… Кимга ишонишни ҳам билмай қолдим. Ростини айтсам, Самиғ ака бўшанггина киши экан. Олдин уни танимасдим. Ўз пулини сўрашгаям ийманибгина келарди. Унинг ўрнида бошқа одам бўлганда, тўполон қилиб бор-будимизни олиб кетишдан ҳам тоймасди.

Санжарбек яна бир қанча саволлар бериб, гувоҳдан зарур маълумотларни суғириб олишга ҳаракат қилди. Сўнг марҳумнинг сўнгги пайтда кўпроқ алоқада бўлган дўстлари ва бошқа яқинлари рўйхатини шакллантирди.

– Опа, сиздан яна бир илтимос, – деди гуруҳ раҳбари сўроқни якунлаб, – уйга бориб, Луқмон аканинг кийимларининг чўнтаклари, иш столи тортмалари, сумка ва жомадонларини яхшилаб қараб чиқсангиз. Бирорта қоғоз, ҳужжат ёки ашё топилса, бизга хабар қилсангиз, терговга катта ёрдам қилган бўлардингиз.

Аёл чиқиб кетгач, Санжарбек Умидга юзланди:

– Хўш, жаноб терговчи, опанинг гапларига ишонса бўладими?

– Менимча, самимий гапирди, ёлғонни сезмадим.

– Тўғри, сўзлари чинлигига шубҳа йўқ, – деди Санжарбек бир нуқтага тикилиб. – Ака-ука тоғаваччалар тўғрисида нима дейсиз? Балки улар…

– Мен ҳам шуни ўйлаб тургандим, – Умид фикрини айтишга шошилди. – Аламзада тоғалар ишлари юришмай, ночор аҳволга тушиб қолгач, жияндан отасининг мулкини ёки товон тўлашни талаб қила бошлаган. Ўртада нифоқ келиб чиққан… Гиёҳванд, ароқхўр одам хумори тутганда ўша зормандани топиш учун ҳеч нарсадан тоймаслигини биласиз.

– Мушоҳадаларингиз ёмон эмас, – Санжарбек ҳар доимгидек ҳамкасбини мунозарага чорлади, – аммо, сиз дорихонадан ҳеч нарса йўқолмаганини ёддан чиқаряпсиз. Сиз айтгандек, қотил «тоғалар»дан бири бўладиган бўлса, дорихонада уларнинг излари қолиши, тартибсизлик рўй берган бўлиши лозим эди. Аммо воқеа жойида ҳеч нарсага тегинилмаган, пул ёки бошқа қимматбаҳо буюмлар ҳам изланмаган. Бунга нима дейсиз?

– Балки «тоға» пул турадиган жойни билгандир. Унақа одамларга арзимаган пул ҳам етарли бўлади. Бояги зормандадан заҳрига ютиб олиб, хуморидан чиқса бўлгани! Кейин дунё остин-устин бўлмайдими, уларга қизиқ эмас.

– Гапингизда жон бор, нашаванд, ароқхўр одамнинг хумори тутганда кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Бундан ташқари, «тоға»лар ўзларининг бундай хароб аҳволига «жиян»нинг отаси меросидан ҳаволаниб юрганидан аламзада бўлган.

– Ундан чиқди…

– Ҳозирча хулоса қилишга эрта, – Санжарбек ҳамкасбининг сўзини бўлди. – Умиджон, сиз ўша мерос билан боғлиқ ҳужжатларни кўтарсангиз. Кейин «тоға»лар билан гаплашардик.

Умид чиқиб кетгач, гуруҳ раҳбари навбатдаги гувоҳ – Дониёрни сўроқ қилишга киришди.

– Ўша куни кўрганларингизни бир бошидан айтиб берсангиз?

– Биринчи август куни мен ўқишга кириш учун имтиҳон топширдим, – Дониёр маъюс гап бошлади. – Адам мен билан бирга борганди. «Кетаверинг, тестни тугатиб ўзим ишхонангизга бораман», десам, унамади, ташлаб кетишга кўнгли бўлмади, шекилли. Соат учларга яқин имтиҳондан чиқдим. Кейин адам билан ишхонасига бордик. Бироз ишларига қарашдим. Дорихонада мижоз кўп эмасди. Шу сабабли уйга қайтдим, адам ишда қолди, «Кечироқ бораман, имтиҳон топшириб чиққанингни «ювамиз» деди. Уйга келиб, кеч соат етти-етти яримларгача дам олдим. Ойим ош дамлаган экан. Адамнинг келишини кутиб, ошни сузмай турди. Орада бир-икки марта адамга қўнғироқ қилди, аммо телефонни кўтармади. Соат тўққиздан ошганда ойим мени «Аданг негадир телефонни кўтармаяпти, хабар олиб кел-чи!» деб дорихонага юборди. Тўққиз яримларда дорихонага келсам, эшик очиқ экан. Сотув залида ҳеч ким йўқлиги учун лабораторияга ўтдим. Қарасам, адам… кўкрагига пичоқ санчилган ҳолда креслода жонсиз ётибди. Қўрқиб кетиб, бақириб юбордим… Балки ҳали тирикдир, деган ўйда «03»га қўнғироқ қилдим. Ойимни чақирдим. Сал ўтмай докторлар етиб келиб, адамнинг аллақачон вафот этганини тасдиқлашди.

– Дорихонага келганингизда бирор кишига ёки қандайдир шубҳали нарсага кўзингиз тушмадими?

– Йўқ, дорихонада ҳеч ким йўқ экан. Ҳеч қанақа шубҳали нарсани ҳам кўрмадим.

– Кундуз куни имтиҳондан қайтиб, дорихонада бўлган пайтингизда адангизнинг олдига бирорта таниши келганмиди?

– Мижозлар кириб чиқиб туришди, лекин адамнинг олдига танишларидан бирортаси келганини кўрмадим.

– Мана бу буюм сизга танишми? – терговчи тортмадан салафан халтачага солинган пичоқни чиқариб, стол устига қўйди.

– Йўқ… шу пичоқда адамни…

– Ҳа, адангизни кўкрагига санчилган пичоқ шу, – терговчи далилий ашёни қўлига олди, – ўша куни кўргансиз-ку.

– Кўргандим… аммо ҳаяжон босиб, эътибор қилмаган эканман.

– Бу пичоқни аввал ҳам кўрганмидингиз?

– Тушунмадим… қандай қилиб…

– Дорихонада ишлатиб юрилган пичоқми ёки қотил уни ўзи билан олиб келдимикан, демоқчийдим.

– Ҳа… олдин ишхонада уни кўрмаганман. Бунақаси бизда бўлмаган… ўзи билан олиб келган чоғи…

– Адангизнинг синфдоши Самиғ тўғрисида нима дейсиз? – терговчи атайлаб мавҳумроқ савол берди.

– Самиғ акани олдин танимасдим, – деди Дониёр кўзига тушган сочини тўғрилаб, – аммо кейинги пайтда адамни излаб уйга, ишхонага кўп қатнаб қолди. Адамдан сўрасам, ўғли ўқишга кирмоқчи, ҳал бўлмай турибди, деганди. Бир-икки марта сан-манга ҳам бориб қолишганди. Кейин терговчилар менга қўшни дўконга ўрнатилган видеокузатув камераси ёзувларини кўрсатишди. Ўша куни ҳам келган экан.

– Нима деб ўйлайсиз, Самиғ адангизни ўлдириши мумкинми?

– Билмадим…

– Сиз дўконда адангизга ёрдам бериб юрган пайтларда Самиғдан бошқа бирортаси жанжал қилиб келганини кўрганмисиз?

– Бир-икки марта Осим ва Жасим тоғаларнинг йўқ жойдан жанжал чиқарганини кўрганман, – деди болаларча беғуборлик билан Дониёр. – Улар негадир адамни яхши кўришмасди. Нуқул пул талаб қилишарди. Айниқса, Жасим тоға чотоқ эди. Адам бечора ҳар келганда унга яхшигина пул қилиб берарди. Пул топиб бермаса, шаллақилик қилиб, беобрў қиларди. Адам ҳам жанжал чиқишидан кўрқиб, ундан қочиб юрарди.

– Нега адангиз ёки сиз товламачиларнинг устидан милицияга хабар қилмагансизлар?

– Мен ҳам адамга шуни айтганман. Бироқ адам «Қўй ўғлим, уят бўлади, тоғамнинг руҳини чирқиратиб нима қиламан, қолаверса, уларнинг қўлидан ҳар бало келади», деган.

– Тоға-жиянларнинг ёвлашишига нима сабаб бўлган? – хотиржамлик билан сўради терговчи.

– Билмайман… Адалари – Билол тоға яхши одам эди. Фарзандлари ноқобилроқ чиқди. Каттаси қамалиб кетди, бу иккисининг туриш-турмиши шу бўлди, ичмаган, чекмаган куни йўқ. Оиласида ҳам тинчи йўқ, отасининг давлатини ҳам совуриб бўлишди. Битта Қосим тоға яхши чиқди, эс-хуши жойида. Адам ҳам уни ҳурмат қиларди, фақат у билан борди-келди қиларди.

– Дониёр, адангизни ким ўлдирган бўлиши мумкин?

– Ҳайронман… – йигит бошини қашиди, – Самиғ ака қилган деб юргандик…

Терговчи Дониёрга жавоб бериб, «тоға»ларни сўроқ қилишга ўтди. Тоға-жиянлар ўртасидаги муносабатларга аниқлик киритиб олиш мақсадида сўроқни тоғаларнинг кенжаси Қосимдан бошлашга қарор қилди.

– Қосим ака, сизни тоғангиз Луқмоннинг иши бўйича чақиртирганмиз, – терговчи эҳтиёткорлик билан гап очди.

– Эй, ёмон иш бўлди-да! – деди Қосим куюниб. – Яхши инсон эди. Билмайман нега бунақа бўлди.

– У кишини охирги марта қачон кўргандингиз?

– Бир ойлар бўлди-ёв, – деди гувоҳ мўйловини силаб, – йўл йўлакай ишхонасига киргандим. Бирпас гаплашиб ўтирдик, дорихонада ёлғиз экан.

– Сизга муаммолари ҳақида гапирмаганмиди?

– Йўқ, фақат «Савдо кам, шунинг учун ёрдамчига ҳам жавоб бериб, бир ўзим савдода турибман», деганди.

– Марҳумга тегишли дорихона адангизники бўлган экан-а? – терговчи навбатдаги саволга ўтди.

– Шундай… шундай… – Қосимнинг хаёлидан «Ҳаммасини биларкан-да», деган ўй ўтди. – Раҳматли отам дорихонани шу жиянига мерос қолдирганди.

– Нега ўз фарзандлари туриб, бутун бошли дорихонани синглисининг ўғлига қолдирган? Бунга бирор сабаб борми? – Санжарбек гувоҳни «қитиқлаб» кўрмоқчи бўлди.

– Нима бўпти? – Қосим эътироз қилди. – Адамиз ҳаммамизга етарли мол-давлат қолдирди. Ҳеч кимни хафа қилгани йўқ. Луқмон ака адамга нафақат жиян, балки шогирд ҳам эди. Кўп йиллар хизматида бўлди. Кўнглидан чиқди.

– Лекин акаларингиз адангизнинг бу қарорини маъқулламаган экан-ку! Ҳозиргача Луқмонга кек сақлаб юраркан.

– Тўғри, учала акам ҳам Луқмон жиянни унчалик хушламасди, – гувоҳ гапнинг қаёққа қараб кетаётганини фаҳмлади шекилли, сергакланди. – Нима, акаларимдан кўряпсизми?

– Биласиз, қотил топилгунча марҳумнинг ён-атрофидаги ҳамма одамлардан шубҳаланишга тўғри келади, – терговчи очиғини айтишга мажбур бўлди.

– Майли-куя, лекин акаларим бунақа ишга қодир эмас, – деди Қосим қизариб-бўзариб. – Катта акам қамалиб кетгани сизга маълум бўлса керак. Осим, Жасим акамлар балки мен дунёда кўрган энг омадсиз, шўр пешона одам бўлса ажабмас… Шу оғу ўлгирни деб ҳаётда бор-будидан ажралган, гулдай оиласини чил-парчин қилган, жамиятда ўз ўрнини йўқотган бу бедаъво бандалардан ҳар қандай аҳмоқликни кутиш мумкин, аммо қотилликни эмас. Бировни ўлдириш учун ҳам кишида қандайдир журъат, шижоат бўлиши лозим эмасми? Бизнинг қариндошларда бунақа сифатнинг ўзи йўқ. Шубҳангиз ноўрин – Хулоса қилишга шошилманг, Қосимжон! – деди терговчи кулимсираб. – Акаларингизнинг анчадан бери аламзада бўлиб юргани рост. Вақт-бевақт жиянларининг олдига келиб, жанжал кўтарганлири ҳам ҳақиқат. Гиёҳванд, ароқхўр кимса учун икки дунё бир қадам, нафсини қондириш учун ҳеч нарсадан тоймайди. Ўша пайтда кейин нима бўлиши ҳам уларни қизиқтирмайди.

– Гапингиз тўғри, – эҳтиёткорлик билан фикр билдиришда давом этди гувоҳ, – лекин Осим акам ҳам, Жасим акам ҳам жуда унақа… бировни ўлдирадиган даражада одамгарчиликдан чиқиб кетишмаган. Тўғри, улар омадсиз, йўлдан адашган бандалар аммо уларнинг қотиллик қилишига ишонмайман. Сиз улардан гумонсираб адашаяпсиз.

– Бўлиши мумкин, – тушунтиришга ҳаракат қилди терговчи, – гумонсираш ҳали бу айбдор дегани эмас. Акаларингиз билан муносабатингиз қандай?

– Деярли йўқ, – каловланди Қосим. – Уларга гап-сўз таъсир қилмаса, нима қилай? Бошида уларни тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилдим. Ўз билганларидан қолишмади. Ҳамма нарсасини бой беришди. Укам бўлса экан, қулоғининг тагига қўйиб юбориб, айтганимни қилдирсам.

Санжарбек сўроқни тугатиб, гувоҳга жавоб бергач, жойида ўтирганча хаёлга толди, ака-укалардан шубҳаланиб, нотўғри йўлга кириб кетгандай, вақтни бекорга ўтказаётгандай ҳис қилди ўзини. Ҳеч қандай натижа чиқмаса, нима бўлади? Беҳуда ишларга овуниб, тўғри йўлдан чалғиш яхши эмас. Кўп имкониятлар бой берилади…

Тезкор ходимлардан бири ака-ука Сайфиевлар келганлигини хабар қилди. Терговчининг рухсати билан сўроққа олдин Осимни олиб киришди. Остонада уст-боши бир алфозда, сочлари тўзғиган, юзларини ажин босган киши кўриниши билан хонани қандайдир ёқимсиз ҳид қоплади. Санжарбек бу инсон тўғрисида маълумотга эга бўлгани боис ҳеч ажабланмасдан хона четидаги стулга ўтиришга таклиф қилди.

– Осим ака, биринчи август куни қаерда эдингиз? – терговчи мақсадга ўта қолди.

– Тушунмадим, – талмовсиради гувоҳ, – биринчи август… Қаерда бўлардим, уйда бўлсам керак-да. Тўғриси, ҳозир ёдимда йўқ. Нега сўраяпсиз, начальник?

– Бир эслаб кўринг-чи, абитурентлар тест имтиҳонлари топширган кунда қаерда бўлгансиз? – саволни ойдинлаштирди терговчи.

– Ҳа, тест куними, самарқандлик Абдураҳмон деган курсдошимнинг ўғли «нархоз»га имтиҳонга келганди. Тест топшириб чиққандан кейин «Шаршара»да «ҳақ» берганди. Кечаси ўн бир-ўн иккиларгача ўша ерда қолиб кетибмиз. У ердан чиқиб, меҳмонхонага бордик. Кейин таксида уйга кетдик.

– Ким билан? Меҳмонлар ҳам сизникига боришдими?

– Йўғ-э, улар меҳмонхонада…

– Ўзингиз кетдингизми ёки олиб бориб қўйишдими? – деди терговчи гап авзойидан воқеа қандай кечганини тасаввур қилиб.

– Ҳа, энди хурсандчиликдан сал-пал олиб қўйибмизда. Ўзи шу ичкилик ўлгурни ташлаганман… гоҳ-гоҳида бир шунақа бўлиб туради-да, начальник.

– Марҳум Луқмон тоғангиз билан келишмовчилигингизнинг асл сабаби нимада? – терговчи қисқароқ қилишга уринди.

– Ер етказиб бормасин-у, аммо тоғамиз ичидан пишган, илоннинг ёғини ялаган, ғирт тулки одам эди-да! Бизнинг бобойнинг у ёғидан, бу ёғидан ўтиб, чаёндай қўйнига кириб олди. Биз фарзандлар қолиб, бу киши энг «шоколад» жойга эга чиқди. Қандай қилиб бобойни меросга қўл қўйишга кўндирган, билмайман. Адамни касаллигидан фойдаланиб, алдаб имзо чектиргани аниқ. А так бобой ўзиникини бировга бериб қўядиган инсон эмасди.

– Нега бунақа деб ҳисоблайсиз, бунга бирор асосингиз борми? – терговчи ўрнидан туриб, гувоҳга яқин келди.

– Қани айтинг-чи, начальник, сиз ўз мулкингизни фарзандингиз турганда бошқа бировга мерос қилиб қолдирармидингиз?

– Луқмон биров эмас, адангизнинг туғишган жияни-ку. Қолаверса, у падарингизга нафақат жиян, балки фарзанддай қадрли бўлган экан. Халқимизда «Қиз аммага тортади, ўғил – тоғага», деган мақоллар ҳам йўқ эмас.

– Эшитганман, аммо бу нақлнинг бизга алоқаси йўқ. Итим ҳам у шайтонга тортишини хоҳламаган бўлардим. Аслида, у маккорнинг адамга меҳрибончилиги ясама, сохта эди, начальник. Ҳаммаси мол-давлатга эга бўлиш учун қилинган найранг. Луқмон инсон эмас, одам кўринишидаги шайтоннинг урғочиси, десак тўғри бўлади!

– «Шоколад» дорихона деганда нимани назарда тутяпсиз? – терговчи бироз олдин миясига келган саволни берди. – Бошқа дорихоналардан унинг бирор устинлиги борми?

– Ўзи кичкина бўлсаям савдоси яхши. Бобой шунча точкаси бўлишига қарамай кўпинча шу дорихонада ўтирарди. Бекорга эмасдир… Олдида катта шифохона, оғир касалнинг бари шу ерда. Одамлар яқинларини асраб қолиш учун пулнинг бетига қараб ўтирармиди. Қанча дори бўлса ортмайди, конвейрдай айланиб ётади.

– Қанақа конвейр? Бу нима деганингиз? – ҳайрон бўлди терговчи.

– Айтдим қўйдим-да, начальник! Бобой ҳаммасини яхши йўлга қўйиб олганди. Шайтон-жиян тайёрга айёр чиқди! Лекин охири нима бўлди? Бировнинг ҳақи тешиб чиқади, деганлари рост экан.

– Луқмон дорихонани қонуний асосда эгаллаган, бунақа дейишингиз тўғри эмас!

– Айтдим қўйдим-да, начальник! Мўмин-мусулмонлар бир бирларининг молига дахл қилишлари харом бўлади. Мўминнинг моли ҳам, жони ҳам Яратганнинг ҳимояси остида бўлади. Таассуфлар бўлсинки, кейинги пайтларда одамлар бировнинг молини алдов, фириб йўллари билан ейишдан хазар қилмай қўйдилар. Ҳолбуки, муқаддас динимизда бу ишлар харом, ўлиб, сасиб кетган ўлакса гўштини ейишдан ҳам жирканчроқ гуноҳ ҳисобланади. Бугун одамлар харом билан ҳалолнинг фарқига бормай қолдилар. Бекорга ўғри бўл, ғар бўл, аммо инсофли бўл, дейишмайди. Буларга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларини ўқитиш лозим.

– Нима, сиз ҳазратнинг китобларини ўқиганмисиз? – деди Санжарбек атайлаб гувоҳнинг кўнглига йўл топиш мақсадида.

– Деярли ҳаммасини! – деди Осим ўмганини бир кўтариб олиб. – Сиз-чи, бирорта китобини ўқиганмисиз?

– Йўқ, ўқимаган эканман, – терговчи ҳамсуҳбатини «ғолиб» кўрсатиш мақсадида атайлаб ёлғон гапирди.

– Ўқиш керак ука, ҳазратнинг китобларини такрор-такрор мутолаа қилиб туриш лозим! – мағрур тиржайди Осим.

– Албатта, топиб ўқиб чиқаман, – деди терговчи ёлғон гапираётганидан ўзини жиндек ноқулай сезиб. Шу тобда унинг хаёлидан «Ўқиганларга амал қилинмаса, ўқишдан нима наф!» деган ўй ўтди.

– Ҳа, шундай қилинг, ука! Сизларнинг ишларингизда ҳам ҳалол ва ҳаромни ажратиш жуда муҳим. Афсус чекмайсиз!

– «Жиян»нинг фожиасига ҳам шу қусур сабаб демоқчисиз-да?

– Албатта, ҳар ким экканини ўради. Боя айтганимдай харом бир кун тешиб чиқади.

– Нима, Луқмон бирор ҳаром-ҳаришга…

– Буёғи энди ўзларингга ҳавола… Қолганларини ўзларинг суриштириб, билиб олаверасизлар. Ўлган одам ўлди – кетди! Менга нима, бошимни ачитиб ўтираманми?

– Осим ака, нимага шаъма қилаётганингизни тушунмай турибман? Луқмон қандай гуноҳи кабир қилган бўлиши мумкин? – саволни бошқачароқ қўйди терговчи.

– Айтдим қўйдим-да!

– Жиянингиз ҳақида бирор нарсани билсангиз айтинг! – терговчининг хаёлидан «Бу одам ниманидир яшираётгани аниққа ўхшайди», деган ўй кечди. – Терговга катта фойдангиз теккан бўларди.

– Ока, билганларимни айтдим, яна мендан нима хоҳлайсиз? Билдим дедим – тутилдим, билмадим дедим – қутилдим. Сизларга бир нарсани айтиб ҳам бўлмайди-я, тавба қилдим!

– Майли, мана бу менинг телефон рақамим, – деди Санжарбек бир парча қоғозни узата туриб, – бирор нарса ёдингизга тушса ёки виждонингиз…

– Йўқ, йўқ, ока, менинг виждоним тоза, қийналмайди! – ишшайди гувоҳ. – Хотирам ҳам жойида, билганларимни айтдим. Мени бу касофатларга аралаштириб юрманг! Бу шайтон ҳақида гапиришни ҳам, эслашни ҳам истамайман.

– Ҳар эҳтимолга қарши айтдим-қўйдим-да! – деди терговчи узоқни ўйлаб. – Луқмон ҳақида гапиргингиз келмаса, ўзимиз бир отамлашиб, анави тозасидан «қиттай-қиттай»…

– Нима, ҳазиллашяпсизми ёки мени алкаш, деб ўйлаяпсизми? – Осимнинг башараси тиришди. – Мен умуман…

– Сиз ичмасангиз, мана биз ичамиз! – терговчи ҳамон қаршисидаги кишининг дил қулфини очишни ўйларди. – Сиздан жонона суҳбат бўлса бас.

– Ҳазрат Алишер Навоий: «Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас, мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас», деган эканлар. Сиз терговчи бўлсангиз, биз бир бекорчи…

– Эй, Осим ака, гўзал суҳбат учун на касбнинг, на ёшнинг ва на ижтимоий ҳолатнинг аҳамияти бор. Паловхонтўра биздан…

– Яхши, сиз нима десангиз шу!

Осим терговчи томонидан тақдим этилган сўроқ баённомасини ўқиб ҳам ўтирмасдан ўнг қўлида имзо чекиб, кўтаринки кайфиятда хонадан чиқди.

Сал ўтмай хонага Жасимни олиб киришди. Қирқ беш ёшларни қоралаган бу йигитнинг келбати акасиникига ўхшаса-да, анчагина чайир ва чаққон кўринди. Қорайиб кемтиклашиб кетган тиши, ўйдим-чуқур башараси, билагидаги игна изларини ҳисобга олмаганда, бошқалардан фарқ қилмайдиган бу кимсанинг ўзини қандайдир бошқача тутиши, довдираши терговчида шубҳа уйғотди.

– Ока, тинчликми? Нимага чақирдингиз? – деди у томдан тараша тушгандай.

– Нимага чақирганимизни билишга сизда муддат етарли бўлади, ўтиринг! – терговчи ҳам «салом»га лойиқ «жавоб» олиб.

– Ока, тинчликми? Нимага чақирдингиз? Нима гуноҳ қилдик? – тоқатсизланди Жасим. – Анави масалада бўлса… ташлаганимизга анча бўлди.

– Ростдан ҳам ташлаганмисиз? – деди Санжарбек гувоҳга бошдан оёқ разм солиб. – Негадир ўхшамаяти…

– Ока, ишонмайсиз-да, ҳозир умуман истеъмол қилмаяпмиз, олишга пул ҳам йўқ…

– Меҳмон қилишса-чи?

– Меҳмон қиладиганлар ҳам йўқ бўлиб кетган.

– Чапақаймисиз?

– Ҳа, чапақайман. Нимайди?

– Жасим ака, сизни жиянингиз Луқмон масаласида чақиртирганмиз, – жиддийлашди Санжарбек. – Биринчи август куни қаерда эдингиз?

– Шунақа демайсизми? Уф-ф, нимаймиш деп қўрқиб кетибман, – чуқур хўрсинди гувоҳ. – Эй, бу жиян бўлмай кетсин, ўлибам қутилмасканмиз-да ундан. Адамни бошини айлантириб, бизга тескари қилиб қўйгани етмагандай, давлатига ҳам эгалик қилди.

– Биринчи август куни қаерда эканингизни айтмадингиз, – саволни такрорлади терговчи.

– Биринчи август… биринчи… ока, тўғриси, ёдимда йўқ. Бугун эрталаб нима еганим эсда турмайди-ку, – тўнғиллади гувоҳ чимирилиб.

– Эслаб кўринг, ўша куни Луқмон жиянингиз ўлдириб кетилган.

– Э-э-э, гап бу ёқда денг, – деди Жасим капалаги учиб. – Менга қотилликни ёпиштирмоқчимисиз? Бу номерингиз ўтмайди! Да, ҳар замонда бояги зормандадан урганмиз, лекин бунақа иш бизга эмас. Чучварани хом санабсиз!

– Ўзингизни босиб олинг! – терговчи овозини сал баландлатишга мажбур бўлди. – Ҳеч ким сизга қотилликни осмоқчи эмас. Бизнинг ишимиз сўраб-суриштириш. Маҳмодоначилик қилмасдан берилган саволларга жавоб беришни маслаҳат бераман.

– Хўп, хўп. Мендан нима истайсиз? – деди гувоҳ попуги пасайиб.

– Саволни бошқачароқ қўяман: Луқмоннинг ўлдирилганини қачон ва кимдан эшитдингиз?

– Шу куни улфатлар билан тоққа – Чорвоққа чиққандик. Кеч бўлганда Осим акам қўнғироқ қилиб, Луқмон жиянни кимдир ўлдириб кетгани, жаноза эртага пешинга эканини айтди. Ҳайрон бўлдим. Эртаси куни тоғдан қайтиб, жанозада қатнашдик.

– Тоққа кимлар билан чиққандингиз? – майдалаб сўрашга ўтди терговчи.

– Ока, шу шартми? Ўзим ростини айтиб турибман-ку! Энди уларниям чақириб… Мени сўкиб юришмасин, дейман-да.

– Нима, сизга давлатнинг иши майнавозчиликми? – атайлаб «ҳужум»га ўтди терговчи. – Сизнинг беайблигингизни текшириб кўришимиз лозим. Марҳамат, улфатларингизни исмини, уй манзилини айтинг.

– Жуда уятли иш бўлди-да, сотқинга ўхшаб қоласан киши, – Жасим қисина-қисина улфатларини ошкор қилди.

– Улар сизнинг ўша куни тоғда бўлганингизни тасдиқласа, тамом-вассалом – гумондан ҳоли бўласиз, – терговчи бир нималарни ўйлаб, бироз «юмшади». – Ўзи Луқмон билан ёвлашиб юришларингизнинг асл сабаби нимада? Жондай тоға-жиян бўлсаларинг, боз устига, отангизнинг энг яхши кўрган шогирди.

– Ока, айтсам ишонмайсиз, бунақа қариндошдан ғирт бегона яхши. – Жасимнинг чакаги очилди. – Ўлганлар ҳақида ёмон гапириш гуноҳ-у, аммо яхши гапиришга тил бормаса нима қилиш керак. Раҳматли нақд хамелеоннинг ўзи эди-да! Бизни адамга, адамни бизга ёмонлаб, ўртамизга совуқлик туширди. Мақсади шу йўл билан отамизнинг давлатига эга чиқиш экан. Биз буни кейин тушиниб қолдик. Илондай авраб, бизни ўз отамизнинг олдига яқинлаштирмай қўйди. Қари одам ёш боладай бўлиб қоларкан. Ким нима деса, ишонавераркан.

– Адангиз давлатининг катта қисмини сизларга қолдирибди-ку! – терговчи суҳбатдошини «қитиқлаб» қўйди.

– Отам аҳмоқ одам эмасди, унинг «провакация»ларига учмади, лекин ўзи ишлаб турган дорихонани унга қолдирди.

– Шу каталакдай дорихона учун шунча ваҳимами? Сизларга бола-чақангизга ҳам етадиган мол-мулк қолдирган экан-ку!

– Каталакдай бўлгани билан бу дорихона… – гувоҳ нимадир демоқчи бўлди-ю лекин негадир гапни бошқа ёққа бурди, – баракали жой эди-да!

– Биз текшириб кўрдик, – Санжарбек гап овлаш мақсадида сўзига бир чимдим ёлғон қўшди, – дорихонанинг савдоси ҳам унча яхши эмас экан. Ака-укалар намунча шу жойга ёпишиб олдинглар, тушунмайман.

– Ока, савдоси қанчалигини билмайман, лекин айрим жойлар кичкина, кўримсиз бўлса-да, шунақа Худо юқтирган қутли, баракали бўлади. Қолаверса, падаримиз суйган табаррук маскан.

– Луқмонни охирги марта қачон кўргандингиз? – терговчи гапни бошқа ёққа бурди.

– Ҳозир ёдимда йўқ, анча бўлди-ёв. Тахминан икки-уч ой.

– Қаерда учрашгандинглар?

– Дорихонага боргандим, – деди Жасим қизариб. – Баъзида анави дори зарур бўлиб қолган пайтларда пул тополмай қолсам унинг олдига борардим.

– Нима унинг сиздан қарзи бормиди? – сўради терговчи ўзини соддаликка олиб.

– Қарз эмас, отамизнинг дорихонасига… шерикчилик… дегандай…

– Пул бериб турардими?

– Бошида арзимас бўлса-да бериб турарди. Кейинчалик бермай қўйди, қурумсоқ.

– Луқмон аканинг ўғли Дониёр сизни адасидан доимий равишда пул талаб қилиб келганингизни кўрсатган, бунга нима дейсиз?

– Доимий эмас, айтдим-ку ҳар замонда… анов дори қурғур керак бўлиб қолганда «ломка»да иложсизликдан… Бошқа пайти қадамимни ҳам босмаганман.

– Луқмоннинг сизни нима сабабдан ҳайдаб солмаганига ёки милиция хабар қилмаганига ҳайронман?

– Нима деб хабар қилади, ўзининг орқаси… – гувоҳ ўзининг нотўғри сўзлаб қўйганини сезиб, дарров гапини тўғрилашга ҳаракат қилди, – дорихона бизларники бўлса.

– Демак, сиз унинг бирор бир сири ёки нозик жойини билгансиз, шундайми?

– Йўғ-э, нима деяпсиз? Савдо ходими бўлгандан кейин ёзув-чизувдан қўрқади-да!

Санжарбек сўроқни якунлаб, ҳужжатларга имзо чектираркан, Жасимнинг чапақай эканига эътибор қаратди. Гувоҳ вайсай-вайсай чиқиб кетгач, хонада танҳо қолган терговчи ўз-ўзига «Ака-укаларда бир гап борга ўхшайди», деб шивирлаб қўйди.

На страницу:
4 из 5