
Полная версия
Терговчи. Дорихонадаги қотиллик
Узоқ давом этган сўроқ натижаси ўлароқ Санжарбек «Самиғ қотил эмас», деган узул-кесил қарорга келди. Энди унинг олдида ҳақиқий қотилни топиш ва жазога тортишдек мураккаб ва сермашаққат вазифа турарди.
* * *Ишга одатдагидан барвақтроқ келган Санжарбек прокурор қабулхонаси эшиги очиқ турганини кўриб, ичкарига мўралади.
– Э-э, Раҳмонов, келинг, келинг, – прокурор телевизор тизгинини стулга қўйиб, меҳмонга пешвоз чиқди.
– Ассалому алайкум, Азамат Жўраевич, яхши дам олдингизми?
– Ваалайкум ассалом, ўзингиз омонми? – прокурор меҳмонни ёнига чорлаб, ўтиришга жой кўрсатди. – Одам кексайган сари уйқуси камайиб кетаркан. Каллаи саҳарлаб ишга келишимиз боиси шунда. Бу ёғи манави қотиллик… Санжарбек, нима бўлди, иш билан танишдингизми?
– Жиноят ишини батафсил ўрганиб чиқдим, Самиғ билан гаплашдим.
– Хўш, хўш, қандай хулосага келдингиз, – қизиқсинди прокурор.
– Шубҳангиз ўринли кўринади, Самиғ қотил эмас.
– Бу терговчининг «интуицияси»ми ёки бундай қарорга келиш учун етарлича асосингиз борми? – терговчининг қатъий хулосаси прокурорга маъқул тушмагани юз-кўзидан сезилиб турарди.
– Ҳозирча «интуиция», тўғрироғи, фактлар ва мантиққа асосланган «интуиция»!
– Ўҳў, шунақами? – кулди прокурор. – Бир хулосага келишга сал шошмадингизми?
– Нега ҳайрон бўляпсиз? Ўзингиз ҳам бошиданоқ шунақа шубҳага боргандингиз-ку!
– Тўғри, менда ҳам шубҳа бўлган. Шунинг учун ишга тажрибали терговчини жалб қилишга мажбур бўлдик. Лекин терговчининг бир кун ичида шубҳани қатъий хулосага айлантира олгани мени таассуфга соляпти-да!
– Хавотирингиз ўринли, – деди Санжарбек мулойимлик билан. – Самиғ билан узоқ гаплашдим, ичига киришга ҳаракат қилдим, сўзларига ишонгим келди.
– Балки у учига чиққан ёлғончи, лўттивоздир, артистлик қилаётгандир. Биласиз, бунақа тоифа инсонлар ҳар қандай одамнинг ишончига кириб олишга устаси фаранг бўлишади. Алданиб қолган бўлманг тағин.
– Йўқ, Самиғ содда, тўғрисўз ва ҳалол йигит. Бунақа иш унинг қўлидан келмайди. Ўғлини ўқитиш ниятида шу касофатга аралашиб қолган. Иш бўйича у жабрланувчи…
– Ички ишонч яхши! Лекин бу билан йигитни қамоқдан чиқариб бўладими?
– Тўғри, ҳозирча менда Самиғни қамоқдан чиқариш, унга нисбатан жиноят ишини тугатиш учун асос йўқ. Шу сабабли уни қамоқдан бўшатишга шошилмай турганимиз маъқул.
– Э, отангизга раҳмат, – прокурорнинг чеҳраси ёришди. – Ана бу – тўғри қарор! Мен Самиғни қамоқдан бўшатишни талаб қиласизми, деб қўрқиб тургандим. Телба-тескари саволлар бериб, жаҳл қилганимнинг сабаби ҳам шунда. Самиғни қамоққа олишга санкция беришга етарлича асос бўлган. Ҳозир уни бекор қилишга қўлимизда ҳеч вақо йўқ. Бунга ҳали эрта, деб ҳисоблайман. Фикримиз бир жойдан чиққанидан хурсандман!
– Раҳмат.
– Энди нима қилмоқчисиз?
– Жиноятни очишга киришамиз! Ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади.
– Жуда яхши! Омад! – прокурор мамнун ўрнидан қўзғалди. – Биздан нима ёрдам лозим бўлса, тортинмай айтаверасиз. Йигитларимиз измингизда бўлади.
Санжарбек прокурор билан илиқ хайрлашиб, хонасига кўтарилди. Жойига ўтириб, хизмат телефонидан таниш рақамларни терар экан соатига бир қараб қўйди. Хаёлидан «Қария ишга келдимикан?» деган ўй ўтди. Гўшакни Бош прокурор ўринбосарининг ўзи кўтарди. Қисқа сўрашувдан сўнг Санжарбек ахборот беришга киришди:
– Тоҳир Ғафурович, иш билан танишиб чиқдим, айбланувчи сифатида қўлга олинган шахсни батафсил сўроқ қилдим. Прокурорнинг шубҳаси бекорга эмас экан. Менимча, бу одам қотил эмас.
– Э, шунақами? Буёғи қандоқ бўлди? Бундай қатъий қарорга келишингиз учун асослар етарлими?
– Тоҳир ака, ҳозирча қўлимда ҳеч қандай асос йўқ, – терговчининг овози негадир суст чиқди, – лекин Самиғнинг қотил эмаслиги кундай равшан. Бу инсон одам ўлдирмаган, тўғрироғи, унинг қўлидан қотиллик келмайди.
– Балки қотилликни содир этган шахснинг изидан тушишга улгургандирсиз?
– Йўқ, қотилнинг кимлиги ноъмалум, терговда тузукроқ тахминнинг ўзи ҳам мавжуд эмас.
– Тушунарли! – раҳбар овозига расмий тус берди. – Энди нима қилмоқчисиз?
– Ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади. Қотилни излаймиз.
– Қамоқда ётган йигитни нима қилмоқчисиз?
– Ҳозирча унга тегмай турганимиз маъқулмикан, – ғудурланди Санжарбек.
– Нима, айбсиз одамни қамоқда ушлаб турмоқчимисиз? – раҳбар шогирдини синаш учун атайлаб нозик жойидан тутди.
– Ҳар эҳтимолга қарши… Ҳақиқий қотилни топмасдан уни қўйиб юборсак гап-сўзлардан бошимиз маломатга қоладими, деб қўрқаман. Туман прокурори ҳам шу фикрда.
– Гап кимнингдир таъна қилишида ҳам, туман прокурори қандай фикрда эканида ҳам эмас, – босиқлик билан тушунтирди раҳбар, – гап ҳамма далиллар Самиғга қаршилигида! Уни бу маломатдан қутқаришнинг ягона йўли – ҳақиқий қотилни топиш.
– Албатта, бор эътиборимизни шунга қаратамиз.
– Қотилни тезроқ топиш керак! – раҳбар терговчининг жавобидан қониқди шекилли, мулоқатни якунлашга шошилди. – Фақат шундан кейингина Самиғ масаласига қайтишингиз мумкин. Вақтингиз анча чегараланганини ёддан чиқармасангиз бўлди! Тағин «ошна»ларингизга баҳона топилмасин!
Терговчи раҳбарнинг нимага шаъма қилаётганини тушунди…
* * *Санжарбек ўз хулосасини гуруҳ аъзоларига айтганда янгиликни кўпчилик ваҳима билан қарши олди.
– Шу ёлғончи, муттаҳамнинг гапига ишониб ўтирибсизми? – Маъмур ўрнидан туриб кетди. – Бошидан терговни чалғитиб, нағма қилиб келяпти. Унга ишониб бўладими? Энди «мулла» қилай дегандим-а, эсиз шунча уриниш, шунча меҳнат…
– Маъмуржон, шошилманг! – Санжарбек ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди. – Мен сизларга терговчи сифатидаги хулосамни айтдим. Самиғ ҳамон қамоқда. Ҳеч ким уни қўйиб юбораётгани йўқ, тергов давом этади. Агар унинг айбини исботлай олсангиз, марҳамат, мени қойил қилган бўлардингиз.
– Сиз гуруҳ раҳбарисиз, ким ҳам бизга қулоқ соларди.
– Сизлар ҳам гуруҳнинг тўлақонли аъзосисизлар, тергов жараёнида иштирок этасизлар, ҳеч ким сизларнинг қўлингизни боғлаб қўйгани йўқ. Марҳамат, Самиғнинг қотиллигини исботланг, далиллар тақдим қилинг! Лекин ҳозирги ҳолатда у одамнинг гарданига қотилликни осиб бўлмайди. Иш суддан ўтмайди.
– Нега ўтмас экан? – Мухтор мунозарага қўшилди. – Ҳаммаси аниқ-ку! Мен сизга ишни суддан ўтказиб берсам бўлдими?
– Мухторжон, иш суддан ҳам ўтиши мумкин, аммо айбсиз одамни қамоққа тиқиб, аксинча, қотилни очиқда қолдирсак сизу биз ким деган одам бўламиз? Бир умр виждон азобида қолмаймизми? Бу ҳам майли, эрта бир кун ҳақиқий қотил қўлга тушса, ҳолимиз не кечади? Оқибатини ўйлаяпсизми?
– Санжар ака, бундай фикрлайдиган, иш тутадиган бўлсак бирорта жиноятни очишимиз даргумон. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Нимадан қўрқамиз, Самиғ қотил. У билан яна салгина ишланса, ҳаммасини бўйнига олади. Энди сизнинг юмшоқлигингиздан фойдаланиб, ўзини фаришта қилиб кўрсатишга уриняпти. Бу ит эмган каззобларни бир-икки кўришда билиб бўладими? Улар нақ хамелеоннинг ўзгинаси, вазиятга қараб турланишни яхши билишади. Бунақаларнинг кўпини кўрганмиз.
– Умиджон, сиз ҳам шу фикрдамисиз? – гуруҳ раҳбари сўз навбатини кутиб турган кичик лейтинантга юзланди.
– Дўппини бошдан олиб, ўйлаб қарайдиган бўлсак, – босиқлик билан гап бошлади Умид, – Маъмур ва Мухтор акаларнинг жон куйдиришлари бежиз эмас. Терговда Самиғдан гумонсираш учун юз фоиз асос бор. Унинг қамоққа олингани ҳам тўғри. Унга тағин озгина руҳий босим ўтказилса, айбни бўйнига ҳам олиши мумкин. Иш силлиққина суддан ҳам ўтиб кетар. Лекин Санжар ака айтганларидай кунларнинг бирида ҳақиқий қотил қўлга тушиб қолса нима бўлади? Оқибати нима билан тугаши ҳаммага аён бўлса керак. Шу сабабли шошмаганимиз, етти ўлчаб бир кесганимиз маъқул.
– Жуда тўғри, – Санжарбек ҳамкасбини қувватлади. – Гап инсон тақдири ҳақида борар экан, ақл билан иш тутмоғимиз лозим. Шу пайтгача ўтказилган барча тергов ҳаракатлари Самиғ атрофида ўралашиб қолган. Келинглар, бир муддат Самиғни ёддан чиқариб, асл қотилни қидиришга тушайлик. Балки омадимиз чопиб, қотилликни фош қилсак, Самиғнинг иши ўз-ўзидан барҳам топади. Қотилни топа олмасак, Самиғ билан астойдил шуғулланишга тўғри келади.
– Унда нимани таклиф қиласиз? – изқувар тоқатсизланди. – Самиғни қўйиб юбормасангиз бўлгани! Аммо жуфтакни ростлаб қолса, балога қолишимиз аниқ.
– Тўғри, Самиғни қўйиб юборишга қўлимизда ҳеч қандай асос йўқ. Ўйлаб кўрсам, унинг айбсизлигини исботлашнинг фақат битта йўли бор: ҳақиқий қотилни топиш. Шу сабабли Самиғ қамоқда бир муддат «дам» олиб турса, биз эса асосий кучни бошқа тахминлар устида ишлашга йўналтирсак. Кечадан буён миямда пишиб етилган тахминларни уч гуруҳга ажратдим: биринчи гуруҳ – қотиллик шахсий адоват орқасида юз берган. Бу гуруҳга марҳум оилавий келишмовчиликлар оқибатида яқин қариндошлари томонидан ўлдирилган ёки у рашк қурбони бўлган, деган тахминларни киритиш мумкин. Иккинчи гуруҳ – қотиллик марҳумнинг касбий фаолияти билан боғлиқ. Бу гуруҳга марҳум ноқонуний наркотик моддалар савдоси қурбонига айланган ёки жиноят жабрланувчининг ўз мажбуриятларини бажармаслик оқибатида содир этилган каби тахминларни киритиш мумкин. Ва ниҳоят, учинчи гуруҳ – қотиллик ҳеч қандай мотивсиз руҳий хаста шахс томонидан содир этилган деган тахминни ўз ичига олиши мумкин. Сизларда бошқача фикр, мулоҳазалар борми?
– Самиғ қўлга олинганга қадар бу тахминлардан айримлари хусусида иш олиб боргандик, – деди Мухтор ёндафтарини қўлга олиб. – Хусусан, қотилликнинг наркотик моддаларга алоқадорлиги масаласини текширгандик. Дорихонада ҳеч қачон наркотик моддалар, психотроп дорилар ва бошқа гиёҳвандлик воситалари сотилмаган. Дорихонада ўтказилган тафтишда ҳам бундай моддалар рўйхатга олинмаган.
– Бу яхши, – деди гуруҳ раҳбари қўлидаги қаламни ўйнатиб, – аммо бу борада ҳали жиддий текширишлар олиб боришга тўғри келади. Хўш, ишни нимадан бошлаймиз? Кимда қандай таклиф бор?
– Самиғни…
– Ака, ҳозирча Самиғни бир четга суриб, ёддан чиқариб турайлик, – гуруҳ раҳбари Маъмурнинг «оғзига урди». – Ишни нимадан бошлаймиз, шундан гапиринг!
– Менимча, ишни Луқмоннинг ўзидан бошлаганимиз маъқулмикан, – журъатсизлик билан гап бошлади Умид.
– Ҳа, балли! Яшанг! – ҳамкасбини рағбатлантирган бўлди Санжарбек. – Ишни марҳумнинг шахсини пухта ўрганишдан бошлаганимиз маъқул. Луқмон деганлари ким бўлган, нима билан шуғулланган, яқинлари киму ғанимлари ким, инсонларнинг дардига малҳам бўлишдек савобли касб эгасини ўлдириш кимга, нимага керак бўлган каби кўпдан-кўп саволларга жавоб топишимиз лозим. Тўғри, дастлабки кунларда бу борада айрим ишлар амалга оширилган, бироқ кейинчалик, тўғрироғи, Самиғ қўлга олингандан сўнг ҳаммаси тўхтаб қолган. Анчагина вақт бой берилган. Шитоб билан ишлашимизга тўғри келади. Терговни пайсалга сололмаслигимизнинг яна бир сабаби Самиғ билан боғлиқлиги ҳам сизларга кундай равшан.
– Гуруҳ раҳбари сизсиз, – пичинг қилди Маъмур, – нима қилиш зарурлигини айтинг – бажарамиз!
– Мухторжон, сиз бугун Луқмоннинг телефон сўзлашувлари ва пеленгацияси таҳлили билан шуғуллансангиз, – Санжарбек вазифаларни тақсимлашга тушди. – Кейинги бир ой давомида кимлар билан сўзлашган, қаерларга борган, кимларга «sms» хабар юборган, кимлардан хабар қабул қилган – барчасига аниқлик киритасиз, улар орасидан энг кўп мулоқатга киришганлар, шубҳали шахслар доирасини аниқлайсиз!
– Тушунарли, – бош ирғади Мухтор топшириқни ёндафтарига ёза туриб.
– Маъмур ака, сиз Луқмоннинг ўқишга киритиш билан шуғулланадиган «ҳамкори» билан ишлайсиз. Уни топиб, гапиртира олсак Самиғнинг кўрсатмалари тўғри ёки нотўғри эканини аниқлаш имкони бўларди. Бошқа томондан уни асосий гумондорлардан бири сифатида ҳам қараш мумкин. Негаки, Самиғ пулини сўраб, Луқмонга босим ўтказган. Ўз навбатида, Луқмон ҳам шеригидан пулни қайтаришни талаб қила бошлаган. Акс холда, ҳуқуқ тартибот идораларига ариза бериш билан тахдид қилган. Пулни аллақачон жиғилдонига урган «шерик»нинг ҳамкорини йўқ қилишдан бошқа иложи қолмаган.
– Э қойил-э! – кулди Маъмур, – Ўртоқ бошлиқ, ана, жиноятни оғизда осонгина очдингиз, қўйдингиз. Бизга иш қолмади-ку!
– Ҳали у шаввозни топиш, – кулимсиради Санжарбек, – кейин айбини бўйнига қўйиш лозим. Ўртада Луқмон йўқ, марҳумлар эса гапирмайди. Ҳеч кимдан ҳеч нарса олмадим, деб мункир келиб туриши табиий.
– Топиб олсак бас, гапиртириш биздан, – ёқимсиз илжайди Маъмур.
– Сизга бир талабани қўшиб бераман, – гуруҳ раҳбари ноўрин сўз айтиб қўйишдан чўчиб, гапни бошқа ёққа бурди. – Исми Жўравой, ғиж-ғиж ақл соҳиби! Чинозда юз берган серияли қотилликни тергов қилишда, жиноятчини фош қилишда роса фойдаси текканди.
– Нима, бу билан бизни ақлсизга чиқаряпсизми? – Маъмурнинг қовоғи уюлди. У жиддий гапиряптими ёки ҳазиллашяптими англаш қийин эди. – Шахсан менга яна битта нонхўрнинг кераги йўқ, талабалар билан пачакилашиб ўтиришни ёмон кўраман. Кимга керак бўлса, бераверинг!
– Санжар ака, мумкин бўлса, талабани менга берсангиз, – Мухтор гапга қўшилди. – «Югур-югур»га яраб қолар.
– Яхши, афсус чекмайсиз. Фавқулодда истеъдодли йигит.
Шу пайт эшик тақиллаб, Жўрабой кўринди.
– Келинг, келинг, Жўрабойжон, кираверинг, – Санжарбек қўли билан имлаб, меҳмонни ичкарига таклиф қилди. – Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади, ҳозиргина сиз ҳақингизда гапириб тургандим.
Жўрабой тўпланганлар билан қўл бериб кўришиб, кўрсатилган жойга ўтирди. Санжарбек олдин Жўрабойни, сўнг гуруҳ аъзоларини қисқача таништириб, гапида давом этди:
– Жўрабойжон, сиз ҳозирча Мухтор акангизга ёрдамлашасиз. Зарурият бўлса, бошқаларга ҳам қарашиб кетаверинг.
– Тушунарли, – тезкор ходим меҳмонга қараб кўз қисиб қўйди.
– Биз Умиджон билан бирга ишни Луқмоннинг хотини ва бошқа яқинларини сўроқ қилишдан, экспертлар билан гаплашишдан бошлаймиз. Унга қадар воқеа жойини, атрофини кўздан кечиришга борамиз. Штаб йигирма тўрт соат ишлаб туради. Кимда нима масала бўлса, бемалол қўнғироқ қилишларинг, маслаҳат, ёрдам сўрашларинг мумкин. Агар вазифалар тушунарли бўлса, марҳамат, ишга киришишларингиз мумкин.
Йигитлар бирин-кетин хонани тарк этишди.
– Жўрабой, сиз бир дақиқага қолинг, – гуруҳ раҳбари нима қилишни билмай довдираб, «бошлиғи»нинг ортидан эргашиб кетаётган талабани тўхтатди. – Яхши жойлашиб олдингизми?
– Раҳмат, Санжар ака, ўртоқларим билан ётоқхонага жойлашдик. Ўқиш бошлангунга қадар амаллаб турамиз.
– Яхши, кеча телефонда иш тафсилотлари билан сизни қисман таништиргандим, қолганларини Мухтордан сўраб оласиз. Кечки пайт яна фикрлашамиз.
* * *Воқеа жойи ва атрофини қайта кўздан кечириш лабораториянинг орқа эшигига терговчилар томонидан қўйилган муҳр бузилганини инобатга олмаганда терговга нафи тегадиган ҳеч нарса бермади.
– Елими кўчиб, муҳр узилиб тушган шекилли, – деди Умиджон ўзини айбдор ҳис қилиб.
– Балки бирортаси атайлаб юлиб олиб, лабораторияга киргандир? – шубҳасини яширолмади Санжарбек. – Эшикнинг калити яна кимда бўлиши мумкин?
– Биттаси Луқмоннинг ёнидан, иккинчиси унинг сейфидан чиққанди, – изоҳ берди Умид.
– Одатда калит учта бўлади, учинчиси кимда бўлиши мумкин?
– Балки йўқолгандир.
– Балки хотинидадир. Балки у…
– Лекин тергов кетаётган пайти хотинининг эшик муҳрини юлиб, лабораторияга киришига нима ҳожат?
– Демак, қандайдир зарурият бўлганки, кимдир ўзини хатарга қўйиб бўлса-да, ичкарига кирган.
– Нима, Луқмоннинг хотинидан гумон қиляпсизми? – деди Умид таажжуби ошиб.
– Уни шубҳадан холи қилишга сизда бирор асос борми? – саволга савол билан жавоб берди гуруҳ раҳбари. – Биласиз, қотилликда гумон биринчи навбатда унинг яқинлари чекига тушади. Айни пайтда терговчилар муҳрлаб қўйган жойга кимнингдир қулфни бузмасдан калит билан очиб киришида шубҳа биринчи навбатда мулк эгасига тушмайдими?
– Тўғри-куя, аммо муҳрнинг кўчиб кетиши елимнинг сифатсизлиги оқибати ҳам бўлиши мумкин.
– Мумкин, бироқ сиз билан биз терговчимиз, ҳар бир масалага шубҳа билан қарашга, яхши тарафидан кўра ёмон тарафини ўйлашга мажбурмиз.
Терговчилар тезда мутахассисларни таклиф қилиб, эшик ва қулфда бармоқ излари мавжуд эмаслигини, мухрнинг бузулиши елимнинг сифатсизлиги билан боғлиқлигини аниқлашди. Шу куни терговчи дорихона атрофидаги хонадон эгалари, дўкон ходимларини қайта сўроқ қилиб чиқди. Дорихонанинг қарама-қарши томонидаги тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватида яшовчи Мастура аянинг кўрсатмаси уларнинг диққатини тортди.
– Ўзим сизларга бориб айтсамми, деб иккиланиб юргандим, – деди у муҳим сирни ошкор қилаётгандай шивирлаб. – Дорим қолмаган экан. Қизим болаларини олиб, синглисининг боласи ўқишга кирганини «ювиш»га кетганди. Кечки пайт хассамни тақиллатиб, ўзим кўчага чиқдим. Дорихонага яқинлашганимда бир малла соч бола ичкаридан шошиб чиқиб кетди. Дорихонага кирсам, ҳеч ким йўқ экан, бироз кутиб чиқиб кетдим. Эртаси куни дорихоначини ўлдириб кетибди, деган гап тарқалди, ҳамма ёқни «милиса» босиб кетди… Шунда бояги малла соч ёдимга тушиб, алланечук бўп кетдим. Бир хаёл «милиса»ларнинг олдига чиқиб, айтсамми-я, деб ўйладим. Қўшнилар «Бошингиз балога қолади, ўзингизни «судра-судра» қилишади», деб қўрқитишди. Раҳматли «аптека»чи яхши бола эди, ичим ачиб қолди, кўпинча дорини ундан олардим.
– Ўшанда соат неча эди, ёдингизда борми?
– Шомни ўқиб, чиққандим… соатини қаердан билай, саккизлар бориди-ёв…
– «Малла соч»нинг юз кўриниши, бўй-басти қанақа эди? Ўзбекмиди? – ҳижжалаб сўради Санжарбек.
– Сап-сариқ бола, ўрис ёки татарга ўхшайди, бўйи ўртача, мана шу боламнинг бўйича бор-ов, – деди кампир Умидни кўрсатиб.
– Ёши тахминан нечаларда эди?
– Ёши… қирқ-қирқ бешларда бўлса керак. Жудаям унақа ёш ҳам, қари ҳам эмас-да, харқалай.
– Дорихонада ҳеч ким йўқ экан, дедингиз. Анча кутдингизми?
– Бирпас кутдим. Ҳеч ким кўринмади, кеч бўлганда бир хизмат билан чиқиб кетгандир-да, деб ўйлаб, қайтиб кетдим.
– Бояги «малла соч» дорихонадан чиққанини аниқ кўрдингизми?
– Кўрмай ўлибманми? Шундоққина эшикнинг олдида тўғрима-тўғри бўлдик-ку, – деди онахон соддалик билан.
– Сиз чиқиб кетгандан сўнг дорихонага яна бирор киши кирдими?
– Кирган бўлса киргандир, қаердан билай! Мен уйга кетдим…
Терговчилар яна айрим масалаларга ойдинлик киритгач, кампирга жавоб беришди.
– Хўш, жаноб изқуварлар, – Санжарбек гуруҳ аъзоларига юзланди, – бунга нима дейсиз? Кампирнинг кўрсатмалари бизга бирор нарса бериши мумкинми?
– Кампир шомдан сўнг кўчага чиқдим деяпти, – дастлаб Маъмур фикр билдирди. – Биринчи август куни шом ўн тўққиздан қирқ дақиқа ўтганда кирган. Шомни ўнта кам саккизларда бошлаган бўлсаям, онахон соат саккиздан ўтиб, кўчага чиққан. Ҳассасини судраб иккинчи қаватдан тушгунча, сўнг дорихонага етиб келгунча камида йигирма дақиқа ўтган. У пайтда, яъни соат саккиздан ўн дақиқа ўтганда Самиғ ҳам, қотил ҳам дорихонадан аллақачон чиқиб кетишган.
– Тўғри, кампир кўрган «малла соч» мижозлардан бўлса керак, – Умид ҳамкасбини қўллаб-қувватлади. – У ҳам кампир қатори дори олишга кирган ва бироз кутиб, чиқиб кетган.
– Майли, ҳозирча шунақа хулосага келиб турайлик, лекин Мухторжон, – деди гуруҳ раҳбари изқуварга қараб, – «мала соч»нинг шахсини аниқлаш, онахоннинг кўрсатмаларини текшириш чораларини кўриш лозим. Чиқмаган жондан умид.
– Есть! – деди Мухтор ён дафтарига нималарнидир қайд қила туриб.
Пешиндан сўнг терговчилар ишни Луқмоннинг хотини – тўладан келган бўлса-да, чаққонгина, хатти-ҳаракати ўзига ярашиқлик, қирқларни қоралаган бўлса-да, оппоқ юзларига зарра ажин тушмаган, бошдан оёқ қора кийиниб олган Азиза Шариповани сўроқ қилишдан бошладилар. Одатий расмиятчиликлардан сўнг Санжарбек аёлга таъзия изҳор қилди, ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
– Луқмон ака билан севишиб турмуш қурганмисизлар? – терговчи атайлаб сўроқни ноодатий саволдан бошлади.
Аёл бундай саволни кутмаган шекилли, шошиб қолди, «Бунинг ишга нима алоқаси бор экан?» деган хаёлга бориб, бир муддат нима деб жавоб беришини билмай жим турди.
– Эрингиз билан қандай танишгансиз? – аниқлик киритди терговчи.
– Фармацевтика институтида бирга ўқиганмиз, – ийманибгина гап бошлади Азиза. – У киши учинчи, мен биринчи «курс»да ўқирдим. Кутубхонада танишиб қолганмиз. Бир йилча учрашиб, синашиб юрдик. Кейин совчилар… Луқмон акам институтни битириши билан тўйимиз бўлди. Қайнота-қайнонам узоқ йиллар муқаддам ичкилик туфайли ажрашиб кетишган экан. Қайнонам ёш пайти бир ўғил, бир қиз билан бева қолиб кетган, якка ўзи уларни катта қилиб, оёққа қўйган экан. Қайинсинглим турмушга чиқиб кетгач, эрим онаси билан ёлғиз яшаб келган. Мен келин бўлиб тушгач, учовмиз бирга яшай бошладик. Тез орада эрим тоғаси ёрдамида дорихонага ишга кириб кетди. Қайнонам ёшлигида эридан кўп таёқ егани сабабли анча касалманд, доимий парваришга муҳтож бўлиб қолганди. У кишига қараш учун ўқишни ташлашга мажбур бўлдим. Бир йилга етар-етмай қайнонам Аллоҳнинг даргоҳига кетди. Кейин ўғлим Дониёржон туғилди, кейин Фарангиз қизим… Хуллас, ўқишни давом эттира олмадим. Эрим раҳматли ҳар сафар ўқишдан гап очсам «Ишлаганингда қанча топардинг, ўша ойликни мен сенга бериб тураман, сен болаларга қара», дерди. Бунақа ишлар бўп кетишини билмаган-да…
– Эрингиз дорихонада бир ўзи ишларкан-а? – Санжарбек олдиндан тайёрлаб қўйган саволларни беришни бошлади.
– Ҳа, бир ўзи ишларди. Бўш пайтида Дониёр ёрдам бериб турарди. Ҳар замонда Фарангиз ҳам бориб, қарашиб турарди. «Провизор»ликка Таня деган опани ишга олганди. Лекин у дорихонада иш камлиги учун кўпинча ишга чиқмасди. Эрим ҳаммасини бир ўзи эпларди.
– Луқмон ака дорихонани кимдан, қачон сотиб олганди?
– Дорихона раҳматли тоғаси Билол Сайфиевичники эди. У киши собиқ иттифоқ даврида узоқ йиллар шаҳар дорихоналар бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган. Хўжайиним шу инсоннинг кўмагида ўқишга кирган, ишга жойлашган. У кишининг дорихоналари кўп эди. Ўлимидан олдин шу кичкина дорихонани жиянига берди.
– Тоғанинг фарзандлари йўқмиди?
– Йўғ-э, бор, Билол тоғанинг тўрт ўғил, икки қизи бор.
– Фарзандлари бўла туриб, дорихонани жиянига қолдиришнинг сабаби борми? Ё болалари ноқобил…
– Қизлар яхши жойларга келин бўлиб кетишди. Ўғиллари қандайдир эркатоймиди-эй, ишқилиб куйдирги чиқди. Қариган чоғида тоғани анча қийнашди. Уларнинг ҳар бирига ҳовли-жой, машина, биттадан дорихона қилиб берганди. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас экан. Дорихоналар сотилиб, жиғилдонга кетди. Ҳозир ҳаммасининг аҳволи абгир. Каттаси – Босимжон хотинидан ажралди, кейинчалик наша билан кўлга тушиб, қамалиб кетди. Ундан кичиги Осим – пиёниста бўлиб қолган. Эс-дарди ароқ! Ундан кейингиси Жасимжон ҳам ишдан бўшаб, бор-будини сотиб, еб бўлди. Кенжаси – Қосимжон акаларига ўхшамади. Ота-онасининг чироғини ёқиб ўтирибди. Дорихонасидан ташқари, бир қанча дўконлари бор.
– Билол Сайфиевичнинг дорихонани жиянига мерос қолдирганига фарзандлари қандай қараганди, – Санжарбек миясида етилиб келаётган шубҳани «пишириш» мақсадида атайлаб сўради.
– Бошида ака-укалар хўжайинимни роса сиқувга олишди: «Сен отамизни алдаб, васиятномага қўл қўйдиргансан», деб жанжал кўтаришди. Аламига чидолмай, судга ҳам беришди. Яхшиямки, катта тоға ҳаммасини қонунлаштириб кетган экан. Суд дорихонани эримга чиқариб берди.
– Кейинчалик тоға-жиянлар ярашиб кетишдими? – сўради терговчи қоғозга нималарнидир қайд эта туриб.
– Қайда ярашади, юз кўрмас бўлиб кетишди. Фақат Қосимжон тўй-маъракада кўриниб туради.
– Эрингизнинг душманлари кўпмиди? – Санжарбек бошқа тарафдан «ёриб кириш»га уринди.
– Бу нима деганингиз, қанақа душман!? – аёлнинг қошлари чимирилди. – Эрим ҳаммага яхшилик қиларди, бировга ёмонлик соғинмаган.
– Душмани бўлмаса, унда ким ўлдирган? – Умид гапга қўшилди.
– Ўлдирган одам аниқ-ку! У ҳам душман эмас, жондай синфдоши. Нима касофат уриб, бу номақулчиликка қўл урди, тушунмайман.
– Эрингизни Самиғ ўлдирган, деб ҳисоблайсизми? – деди гуруҳ раҳбари аёлга зимдан тикилиб.
– Шу ўлгурдан бошқа кимам ўлдирарди… Арзимаган пулни деб бир одамни жувонмарг қилиш шартмиди?
– Лекин биз терговчилар Самиғ қотил эмас, деган фикрга келиб турибмиз, бунга нима дейсиз?
– Бу нима деганингиз? – деди аёл таажжубланиб. – Бекорга қамоққа олмагандирсизлар? Кимдир орага тушиб, дўппи тор келганда у киши оппоқ бўлиб қолдими?
– Сиз бизни нотўғри тушуняпсиз, – деди гуруҳ раҳбари кулимсираб. – Тўғри, терговнинг бошида Самиғ гумондор сифатида қамоққа олинган. Лекин кейинчалик олиб борилган тергов ҳаракатлари унинг қотилликка алоқаси йўқлигини кўрсатмоқда. Самиғнинг ўзи ҳам Луқмонни ўлдирмаганини айтиб турибди.
– Шу бетофиқнинг гапига ишониб ўтирибсизларми? Қилар ишни қилиб, энди ҳар нарсани валдирайверади-да!
– Йўқ, биз унинг гапига ишонаётганмиз йўқ. Унинг айбдорлигини узил-кесил тасдиқловчи далил йўқ. Лекин кўнглингиз тўқ бўлсин, биз ҳақиқий қотилни топамиз. Бунинг учун вақт керак. Сизнинг ёрдамингиз ҳам.
– Нима қилишим лозим? – аёл терговчига нажот кўзини тикди. – Эримнинг қотили жазосини олмаса, мен болаларимнинг кўзига қандай қарайман? Унинг руҳи мени тинч қўядими?
– Эрингизнинг Самиғ билан оралари бузилишига нима сабаб бўлган, хабарингиз борми? – терговчи навбатдаги саволни берди.