
Полная версия
СЎЗ
Бутун умрини бўрилар ҳаётини ўрганишга бағишлаган олмониялик бир олим «Кунда»ни ўқиб чиққач, Чингиз ижодининг тарғиботчилардан бирига уни ёзувчи билан таништириб қўйишни илтимос қилибди.
– Мен ҳайронман, – дебди у, – «Кунда»ни ўқиётганимда менга шундай туюлдики, ёзувчи менга ўхшаб бутун умрини бўрилар орасида ўтказганга ўхшайди.
Умуман олганда, Чингиз Олмонияда биздагидан ҳам машҳур. Ҳатто бизда унча донг чиқара олмаган ёзувчининг «Кассандра тамғаси» романи ҳам Олмонияда жуда машҳур. Сўнгги бир-икки йил давомида, сабаби Ассамблея ишлари, Чингизни қачон суриштирсам, рафиқаси Марина аксар ҳолларда уни Олмонияга китобхонлар билан учрашувга кетди, – деб жавоб беради. Чингиз ўзи эса бу ҳақда гап кетганда хиёл маъюсланиб:
– Эндиликда менинг асарларим ўз элимдан кўра хорижда кўпроқ ўқилади, – дейди хўрсиниб.–Чет эл китобхони ҳалиям бўлса ҳақиқий адабиётнинг қадрини яхши билади. Бизда эса… диди юксак китобхонни кундуз чироқ ёқиб топиб бўлмайди. Россияда эса аҳвол биздагидан ҳам баттар. У ерда интим адабиёт авж олган. Рус ёзувчиларининг аксарияти ҳам фақат интим мавзуда ёзишмоқда. Кўриб кўнглинг озади! Билмадим, қачон бу ботқоқдан чиқиб оламиз. Шундай қилиб, мана бизнинг авлод ҳам етмишга етиб келди. Бугун биз ҳам куни кеча кўз илғамас даражада узоқ туюлган бу чўққининг тепасида турибмиз. Не чора? Ҳаётнинг шафқатсиз қонуни шундай экан, унга бўйсуниш ва шукрона айтишдан бошқа илож йўқ!
Шу йил июнь ойида адабий жамоатчилик менинг етмиш ёшимни нишонлаётганда Чингиздан телеграмма олдим. У ўз телеграммасида каминани бу ёш билан қутлаб, мени, айниқса, чуқур ҳаяжонга солган бир гапни айтибди:
– Мен, – дебди Чингиз. – Машъум Ўш ёнғини кунлари сен ва Пиримқул билан гўё бир отанинг фарзандларидек, гўё уч ака-укадек, оғир фожиа юз берган жойларга бориб, талафот кўрган оилаларга ҳамдардлик билдирган, уларнинг кўнглини кўтаришга, тасалли беришга уринган кунларимизни бот-бот эслайман.
Қадрли дўстим Чингиз. У қора кунларни мен ҳам, ўйлайманки, Пиримқул ҳам эслаб туради. Илоё, ундай воқеа эндиликда ҳеч қачон содир бўлмагай, деб Оллоҳдан тилаймиз. Мен сендай буюк ёзувчи ва айни замонда оддий ва камтар инсон билан замондош бўлганимдан тоабад ифтихор қиламан. Боз устига, яратган Эгам менга сен билан узоқ йиллар дўст бўлиш, охирги йиллари эса олийжаноб бир мақсад йўлида бирга ишлаш, сенинг дилбар суҳбатларингни олиш бахтига мушарраф қилди. Сўнгги пайтларда мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман, айниқса, кечалари, уйқум қочган дақиқаларда кўп эслайман. Чексиз қувонч ва миннатдорлик билан эслайман.
ДАВР ФАРЗАНДИ
Муқаддима
Бугун халқимиз таниқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 80 йиллигини нишонламоқда. Шароф Рашидов салкам чорак аср республикамизни бошқардилар. Бенуқсон Парвардигор. Шубҳасиз, у кишининг фаолиятида жиддий нуқсонларга ҳам йўл қўйилган эди. Шароф Рашидов собиқ Қўмпартия ва унинг Политбюроси чизган чизиғидан чиқмаган, зотан, у маҳалда бу чизиқдан чиқиб иш қилиш мумкин эмас ҳам эди. Лекин шунга қарамасдан, марҳум билан кўп йиллар бирга ишлаш насиб этган каминаи камтариндек инсонлар, хусусан, биз адиблар марҳумнинг катта ишлари, характерида эса кўп яхши фазилатларни ҳам кўрганмиз, кузатганмиз.
Бугун Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида республикамиз катта зафарларга эришиб, жаҳон миқёсига чиққан бир вазиятда марҳум таваллудининг 80 йиллигини нишонлар эканмиз, Шароф ака билан бўлган баъзи мулоқотларимиз ёдимизга тушди. Ҳурматли ўқувчиларга шу эсдаликлардан айримларини таклиф қилишга журъат этдим.
"Менинг машинамни бериб юборинг"
Саксонинчи йил. Агар янглишмасам, август ойининг ўрталари. Ғафур Ғулом нашриётида ишлайман. Бир кун котибамиз хонамга шоша-пиша кириб келди. Ҳаяжонда. Кўзлари хиёл бежо.
– Одил ака, – дедилар «қулт» ютиниб. – Сизни… Сизни Шароф Рашидович чақиряптилар экан. Тез етиб борар экансиз.
Мен унгача ҳам Шароф ака билан кўп учрашганман, бирга ишлашган пайтларим, узоқ-узоқ суҳбатлашган онларим ҳам бўлган. Шундай бўлса-да, республикамиз раҳбари, ҳатто собиқ Политбюро аъзолигига номзод, боз устига салобатли одам, беихтиёр сусти босар эди.
Котибамизнинг ҳаяжони менга ҳам «юқди». Эски «Волга»м бўларди, шунга ўтириб кетяпман-у хаёлимдан: «Нима мақсадда бунчалик шошилинч чақирдийканлар, ишқилиб, тинчлик бўлсин-да», деган фикр чиқмайди. Неча текшир-текширлардан ўтиб, ниҳоят ҳузурларига кириб бордим.
Шароф ака Ўрдадай катта хонанинг ўнг томонидаги кўк мовут билан қопланган ичакдай узун столнинг тўрида, ёнбошида ўн-ўн бешта оқ телефон, ким биландир гаплашаётган эканлар. Мени кўриб: «Келинг, ўтиринг», деган маънода ишора қилдилар.
Кўрсатган жойларига бориб ўтирдим. У пайтларда уч йил кейин рўй берадиган фожеий ҳодисалардан шабада ҳам йўқ, Шароф ака кайфи чоғ, узунчоқ хушсурат юзида битта ҳам ажин йўқ, фақат анча сийраклашиб қолган сочларига қиров қўнган, телефонда ҳам мулойим кулиб гаплашардилар. Шундай бўлса-да, «Нима сабаб бундай тўсатдан чақирдийканлар», деган савол хаёлимдан чиқмас, дилимдаги ғулу кўтарилмас эди.
Раҳматлининг бир яхши одати бор эди: у киши одатда гапни суҳбатдошининг ҳол-аҳволи, ишлари, бола-чақаси, оиласининг тинчлигини сўраб-суриштиришдан бошлар эдилар. Бу сафар ҳам суҳбат шундай бошланди-ю кўнглимдаги ғалаён тўзғиб, енгил нафас олдим.
Шароф ака савол-жавобдан кейин бир зум хаёлга толиб ўтирдилар-да:
– Бундай, укажон, – дедилар, (у киши ўзларидан ёш одамларни доим «ука», «укажон» деб чақирардилар). – Сизни муҳим бир масала билан таклиф қилдим. Ўзингиз ҳам билсангиз керак, адабиёт газетамизнинг аҳволи жуда ночор. Сони қирқ мингга ҳам етмайди. Адабиёт газетаси ҳам қирқ минг нусхада чиқадими? Мана, сиз кўп йиллар «Литературная газета»да махсус мухбир бўлиб ишладингиз. У қанча нусхада чиқади?
– Билишимча, етти, етти ярим миллион нусхада, Шароф ака, – дедим мен.
– Ана, кўрдингизми? – деди у киши бошини чайқаб. – «Литгазета» етти ярим миллион нусхада чиқса, бизнинг газетамиз лоақал бир-икки юз минг нусхада чиқиши керак-ку? Ё гапим нотўғрими, ука?
Мен гапнинг нишаби қаёққа қараб кетаётганини сездиму, сўз тополмай каловланиб қолдим.
– Хуллас калом, – дедилар Шароф ака, – биз ўйлаб-ўйлаб шу ишни сизга юклашни лозим кўрдик. Кўп йилдан буён масъул жойларда муҳаррир, бош муҳаррирлик лавозимларида ишлаб келяпсиз. Тажрибангиз бор…
Мени ваҳима босди-ю, «Мен бу ишни уддалай олармиканман?» деган маънода яна ғўлдирай бошладим. Шароф ака гапимни шартта бўлдилар:
– Сиз бу гапларни қўйинг, ука, – дедилар қўлларидаги қалам билан столни тақ-тақ уриб. – Менинг маслаҳатим, шу бугуноқ газетага боринг. Ўн кун муҳлат сизга. Ишлар билан яхшилаб танишиб чиқинг. Газета нега оқсаяпти? Уни бу қийинчиликлардан чиқариш учун қандай тадбир, қандай чоралар кўриш керак? Умуман, нималар қилсак, газетанинг савиясини кўтара оламиз? Бу масалаларни батафсил ўрганиб чиқиб, бизга таклифингизни беринг. Яхшиси шу таклифларингизни қоғозга тушириб, олдимга келинг. Биз қўлимиздан келган ҳамма ёрдамни берамиз. Келишдикми?
Раҳматли шундай дедилар-да, «эътирозингизни қўйинг», деган маънода қўлларини узатдилар:
– Ўн кундан кейин кутаман, ука.
У маҳалда газета ҳафталикка айланган бўлиб, Асқад ака бош муҳаррир эдилар. Маълум бўлишича, у киши бошқа ишга ўтган эканлар.
Шу куниёқ собиқ Марказқўм бўлим бошлиқлари мени газета ходимлари билан таништирдилар. Иш билан танишиб, шундай хулосага келдим: кадрлар ёмон эмас. Иш тепасида яхши журналистлар, таниқли ёзувчилар. Ҳамма қусур ташкилий масалаларда. Газетанинг чиқа бошлаганига йигирма йилдан ошган бўлса-да, таҳририятда ҳуку мат телефони йўқ (ҳукумат телефони, яъни «вертушка» бўлмаса, на бирор катта идора, на бирорта вазир билан гаплаша оласиз, – бошқача қилиб айтганда, бирор-бир зарур масалани ҳал қила оласиз). Боз устига машинаси ҳам йўқ. Бу ҳам етмагандай, саккиз саҳифалик адабий газетанинг бир сонига бериладиган гонорар борйўғи саккиз юз сўм, бинобарин, бир «подвал» мақола муаллифи нари борса, 25-30 сўм қалам ҳақи олади, холос.
Идорама-идора югур-югур бошланди.
Биринчи бўлиб, қалам ҳақи масаласи ҳал бўлди. Гонорар икки баробар оширилди, яъни ҳар бир сонининг қалам ҳақи бир минг олти юз сўмга кўтарилди. Бу эса газетага келадиган мақолаларни танлаб олиш, энг муҳими, истеъдодли муаллифларни жалб этиш имкониятини беради. «Вертушка» масаласи ҳам бир ҳафтага қолмай ҳал бўлди.
Йўқ, бу ишлар ўзи бўлгани йўқ, албатта. Масалан, газетага «вертушка» ўрнатиш учун Министрлар Советининг махсус қарори чиқиши лозим экан. Анча югуришга тўғри келди. Энди фақат енгил машина муаммоси қолди.
Шароф ака ҳар ҳафта чақириб, мен қилган илтимосларим ҳал бўляптими-йўқми, сўраб-суриштирадилар.
– Гонорар масаласи нима бўлди?
– Ҳал бўлди, Шароф ака, раҳмат сизга.
– «Вертушка»ни қўйиб беришдими?
– Раҳмат, Шароф ака, қўйиб беришди.
– Машина масаласи нима бўлди?
Мен аниқ бир жавоб беролмай, ғулдурайман:
– Машина ҳам ҳал бўляпти, Шароф ака.
Аниқ жавоб беролмаслигимнинг нозик томони бор. Гап шундаки, машина масаласи ўша маҳалдаги Марказқўмнинг ишлар бошқармаси бошлиғи Турсун Умаровичга топширилган эди. У кишига ҳар куни ишимиз тушади. Шароф акага очиғини айтсам, Турсун Умарович билан орамиз бузилиб қолишидан чўчийман-у, очиқ гапиролмайман. Бу вазият бир ойча давом этди.
Ниҳоят, бир кун Шароф ака яна чақириб қолдилар.
– Газетангизни кузатиб боряпман, – дедилар у киши. – Ҳар қалай шу орада бир-иккита жиддий танқидий мақола бердингиз. Дадилроқ бўлаверинг. Лозим бўлса вазирларни ҳам танқид қилаверинг. Фақат чиқишингиз асосли бўлсин. Танқидий мақолаларни эълон қилишдан аввал яхшилаб текшириб кўринг. Катта юрт, туҳмат гаплар ҳам бўлиб туради. Ҳар бир хатни аввал текшириб, ҳақиқат қилинг. Маълумот тагида ҳақиқат бўлса, дадил чиқараверинг… Ҳа, дарвоқе, машина масаласи нима бўлди? Ҳал қилиб беришдими?
– Ҳал бўляпти, Шароф ака.
Раҳматли сал ранги ўзгариб:
– Мен сиздан ҳал бўлдими, йўқми, деб сўраяпман. Сиз бўлса ҳадеб ланж жавоб берасиз, – дедилар-да, шартта телефон трубкасини олдилар:
– Турсун Умарович, – дедилар у киши одатдагидан кескинроқ товушда. – Ҳозир олдингизга адабиёт газетасининг бош муҳаррири тушади. Шу одамга менинг машинамни бериб юборинг.
Чамаси Турсун Умарович у кишининг гапига ё тушунмадилар, ё тушунсалар ҳам қулоқларига ишонмай: «Гапингизга тушунмадим, Шароф ака», дедилар шекилли, раҳматли бирдан ранги ўчиб:
– Нимасига тушунмайсиз? – деб сўрадилар.–Мен сизга бундан бир ой муқаддам адабиёт газетасига битта енгил машина ажратиб беринг, деб топшириқ бердим. Сиз менинг бу топшириғимни ҳануз бажармагансиз. Демак, республикада битта ҳам енгил машина йўқ, деган маъно чиқяпти. Шундоқ экан, бу кишига менинг машинамни бериб юборинг. Тамом. Вассалом.– Шароф ака азборойи жаҳли чиққанларидан трубкани «шақ» этиб ўрнига қўйдилар-да, юзимга қарамай:
– Боринг, у кишининг олдига тушинг, – деб буюрдилар.
Ишлар бошқармасига тушсам, чоп-чоп, тўполон. Турсун Умарович машина тўғрисида кимгадир топшириқ берган эканлар, у одам эса бу ишни бошқа бировга топширган экан, учинчи биров бўлса эсидан чиқариб юборган экан.
Турсун Умарович, яхши одам эдилар, дарҳол Министрлар Советига хат ёздилар. Хатга имзо чекиб бўлгач, менга қараб:
– Совмин қарор қабул қилади, албатта, – дедилар. – Лекин пулни Молия Вазири ажратади. Ҳозир йил ўртаси. Пул масаласи жуда мураккаб. Мен ўзим ҳам гаплашаман, албатта. Аммо сиз ҳам қараб турманг. Мана, катта газетанинг муҳаррири бўлдингиз, сиз ҳам у кишига бир телефон қилинг.
Мен рози бўлишга бўлдим-у идорага келгач, иккиланиб қолдим. У маҳалда Молия вазири ҳозирги президентимиз Ислом Абдуғаниевич эдилар. Одамлар, нафақат оддий одамлар, катта мансабдорлар орасида ҳам: «Молия вазири ниҳоятда қаттиққўл одам. Ҳар бир тийинни ўлчайди. Асоссиз илтимосларга қулоқ солавермайди», деган гаплар юрарди. Хонамга кириб, Молия вазири Ислом Абдуғаниевичнинг телефон рақамини аниқладим. Лекин юрагим дов бермай «Вертушка»га қўл узатаман-у, қўлимни қайтиб оламан. Бу ҳолат бир неча марта давом этгач, ниҳоят юрак ютиб, Ислом Абдуғаниевичнинг телефон рақамини тердим. Трубкани ўзлари олдилар. Мен ҳаяжонимни сездирмасликка ҳаракат қилиб, ўзимни таништирдим. Ислом Абдуғаниевич гапимни бўлиб:
– Хабарим бор, табриклайман, – дедилар. – Хўш, хизмат?
Мен дардимни айта бошладим: шунақа-шунақа, газетани яхшилаш тўғрисида топшириқ бўлди. Биз ҳаракат қиляпмиз. Лекин қўлимиз калта. Ҳатто машинамиз ҳам йўқ. Марказқўмдан Министрлар Советига хат ёзилди. Бироқ лимит масаласини сиз ҳал қилар экансиз, Ислом Абдуғаниевич…
– Хўп, тушундим. Пул керак сизга.
– Ҳа, ўзингиздан қолар гап йўқ.
Ислом Абдуғаниевич бир зум сукут сақлагач:
– Яхши, – дедилар, – қаттиққўллик хос вазирга зид бир мулойимлик билан, – агар сиз адабиёт газетамизни чиндан ҳам яхшилай олсангиз, биз ҳам сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
Икки кун ўтди. Редакцияга борсам, қаршимдан йигитлар чиқишди:
– Пастда сизни фалон рақамли машина кутяпти экан. Ҳайдовчи телефон қилди.
Лифтни ҳам кутмасдан учинчи қаватдан пастга қараб чопдим. Тушсам… катта кўчанинг шундоқ ён томонида ҳали минилмаган отдай гўзал, оққушдай оппоқ яппа-янги «Волга» турибди.
Бу эсдаликни шу билан тугатсам ҳам бўларди-ю, ожиз банда, газета нима бўлди, деган саволга жавоб беришдан ўзимни тўхтата олмадим.
Газета икки-уч йил ичидаёқ мавқеи анча кўтарилиб, адади 250–300 мингга етди. 80-йилларнинг ўртасига борганда эса 700 мингдан ошиб кетди.
Мулойим инсон, ювош раҳбар
Ҳақиқатан ҳам Шароф ака одамлар билан муомалада ниҳоятда юмшоқ, маданиятли, мулойим инсон эдилар. Лекин мен у кишини бирор ишдан жаҳли чиққанида қаҳр отига миниб, уни аёвсиз қамчилаган дақиқаларининг ҳам гувоҳи бўлганман.
1958 йилнинг ёз ойлари. Мен Ёзувчилар уюшмасида, чамаси Ҳамза театрида уст-устига бир нечта асарим қўйилгани учун бўлса керак, – драматургия бўйича маслаҳатчиман. Уюшмамизга 50-йилларнинг ўртасида «Юрак сирлари» деган пьеса ёзиб, анча шов-шув ва жанжалларга сабаб бўлган Баҳром Раҳмонов раис этиб тайинланган. Марҳум Баҳром ака – қаранг, у киши ҳам раҳматли бўлиб кетдилар, ётган тупроғи юмшоқ бўлғай – ниҳоятда оқкўнгил, пок, дилбар инсон эдилар. Бир кун мени чақириб қолдилар.
– Сизга жуда масъул бир иш чиқиб қолди, Одилжон, – дедилар. – Шу йил кузда Иттифоқ Марказий Комитетининг қарори билан Тошкентда Осиё ва Африка ёзувчиларининг конференцияси ўтади. (Буни қарангки, ўшанда, ҳатто Осиё ва Африка ёзувчиларининг конференциясини ҳам Москва ўтказарди.) Ҳозир конференцияга тайёргарлик қўмитаси тузиляпти. Яқин кунларда Тошкентга Московдан катта ёзувчилар келишади. Хорижлик адиблар ҳам бўлишади. Қўмита раиси этиб Шароф Рашидов тайинланган. Маслаҳат билан сиз шу масъул ишда Шароф акага ёрдамчи бўладиган бўлдингиз.
Мен, табиий, шошиб қолдим, чунки Шароф ака ўша маҳалда Ўзбекистон Олий Советининг раиси эдилар. Боз устига, Москва ва ҳатто хориждан машҳур ёзувчилар келишса, мен улар билан ишласам. Осон гапми?
Баҳром ака дилимдаги туғённи илғаб олдилар шекилли:
– Сиз довдираманг, Одилжон. Бу иш сиз учун жуда катта мактаб бўлади, – дедилар-да, уст-бошимга разм солиб.
– Пулдан борми? – деб сўрадилар кулимсираб.– Ҳамза театрида битта эмас, бир нечта асарингиз қўйилди. Пул деган «Сен же, мен же бўлса керак».
Мен ҳам кулдим.
– Ҳа, уйда пул деган сандиқларга сиғмай гиламда сочилиб ётибди, Баҳром ака.
– Балли. Бўлмаса ўша юз сўмликлардан бир дастасини олиб, ЦУМга боринг. Мана бу костюмингизни бирорта камбағалнинг елкасига ёпингда, янги костюм олинг. Оёғингиздаги туфлини ҳам янгиланг. Соч-соқол ҳам ёввойи тиканлардай ғовлаб кетибди. Сартарошхонага кириб, фарм қилиб тарашлатинг-да, эрталаб соат ўнда ҳузурларида бўлинг. Қолган гапни Шароф акадан эшитасиз.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.