
Полная версия
СЎЗ
Биринчи қарашда бир оз «яланғоч» туюлган бу саҳна хон саройида сил бўлиб ўлган қизлар ҳақидаги ҳар қанақа ҳикоядан ҳам қаттиқроқ таъсир этади кишига. Бу саҳифалар сизни титратмай иложи йўқ, чунки шафқатсиз реалистик куч билан ёзилган бу саҳналарда инсоннинг энг улуғ фожиаси – муҳаббат ва она бўлиш бахтидан умрбод маҳрум бўлган аёллар фожиаси бор.
«Меҳробдан чаён»ни бир неча марта ўқиганим ҳолда унинг «Қизиқлар» деган бобини фақат бир марта ўқидим.
Билмадим, эҳтимол бу бобдаги қизиқларнинг қизиқчилиги ва аскияларини «эшитиб» завқланадиганлар бўлса бордир, лекин мен «томоғи остидаги чўғир қовундек бўқоқ ғовлаб ётган мулла Бахтиёрни, кир яктагидан бадани кўринган, бир қўли билан елкасини қашиб, иккинчиси билан иштонбоғини ушлаб олган Баҳром қизиқни» кўз олдимга келтирганимда мен бу аскиялардан эмас, ёзувчининг сатирик қудратидан қойил қолдим. Чунки «бурни ўрнида юқорига қараб қурбақа ўрмалаган махлуқнинг» ташқи қиёфасидан, хунуклик ва ифлосликда бир-биридан ўтган бу қизиқларнинг: «Бир пой кафшни еб қўйибсизлар-ку» ёки: «Бўқоғингга кафшнинг ўкчаси тиқилиб қолипти-ку!» ёки: «Сингли талоқ битни қочирдим-да!» каби «аскиялар»ни ўқиганда: наҳот шундай «қизиқчи»ликдан завқ олган Худоёрхондай одам Ўрта Осиёдай катта бир ўлкани ўн йиллар давомида идора қилган бўлса?! деган ўйга борасан. Бу ўй даҳшатга солади кишини. Ёзувчининг асл мақсади ҳам китобхонда худди шу фикрни уйғотиш бўлса керак.
* * *Китобни ёпиб, узоқ ўйга толаман: бу улкан ёзувчи ҳаёт бўлганда адабиётимиз яна қандай дурдоналар билан бойир эди?
1969 йилЧЎЛПОН
Жаҳон адабиётида, айниқса, шеъриятда шундай нодир асарлар борки (улар кўп эмас, нари борса ўн, ўн бешта, балки сал кўпроқдир) бор-йўғи бир тўртлик (Хайём) ёки ўн беш-йигирма сатрда инсон ҳаётининг энг теран қатламлари, бани одам ҳаракатларининг энг драматик томонлари акс этган. Ана шундай энг камёб, энг нодир асарлардан бири Чўлпоннинг «Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку» деб бошланадиган кичкинагина шеъридир. Ҳар бир сатрига бир олам мазмун жо қилинган бу чуқур фалсафий шеърда инсон ҳаётининг энг драматик ҳолатини акс эттирувчи бир буюк сатр бор, у ҳам бўлса «Ҳалокат бўлғусин билмай қулочни катта очдим-ку!» деган фожеий мисрадир. Бу сатрда ёлғон дунёга келган инсон борки, ҳаммасининг бошидан ўтган ва ўтадиган бир ҳолат ифода қилинган, ҳақиқатан, қайси биримиз бу ҳолатни бошимиздан кечирмаганмиз? Қайси биримиз турмушда сал ишимиз юришиб, ошиғимиз олчи келганда «ҳалокат бўлғусин сезмай», босартусаримизни билмай қолмаганмиз. Арзимаган бир муваффақиятдан гангиб, дилозорлик қилмаганмиз, ҳовлиқиб кетиб, ёру биродарларимизга озор бермаганмиз?
Ўйлайманки, буюк шоирнинг ўзи ҳам шуҳрат чўққисига чиққанида ёзган «Гўзал Фарғона» шеърини битаётганида бу сатрлар келгусида бошига қанча кулфат келтиришини яхши англамагандир (Агар англаган ҳолда уларни ёзишга журъат этган бўлса, таъзим устига таъзим! Бир умр ўз халқининг бахтини кўриш орзуси билан яшаб, унинг эркин йўлида шаҳид кетган, эй улуғ зот! Сенинг олдингдаги фарзандлик қарзимизни қандай узамиз! Руҳинг ҳамиша шод бўлсин!)
Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилганман,Улфат диёрига маскан қурганман,Юзимни ўт эмас, гулга бурганман;Самовий завқларга тўлиб турганманБулбуллар севгини мақтаган дамда!Чечаклар ўсгувси кўзёшларимдан,Бўғинлар унгувси ўйлашларимдан,Қалблар юмшагувси сайрашларимдан;Севги чаманида яйрашларимданЖаннатлар яратгай ташланган жанда!(1924 йил)Мана энди шахсга сиғиниш даври қурбонларини оқлаш каби жуда катта савоб иш бошлаб юборилгани туфайли халқимиз Чўлпон ижодидан баҳраманд бўлиш, Чўлпон булоғидан тўйиб-тўйиб сув ичиш имкониятига эга бўлди. Шахсан мен бу ишга озми-кўпми ҳисса қўшганимдан ифтихор қиламан. Ҳозир уюшмамизда ўша машъум давр қурбонларини оқлаш бўйича катта комиссия иш бошлаяпти.
Умид қиламизки, бу иш оқибатида нафақат Чўлпон ва Фитрат, балки 20-йиллар каби мураккаб даврда яшаб ижод қилган яна бир қанча истеъдодли адибларимиз асарларини халқимиз мулкига айлантирамиз.
15.02.1989 йилЭЛБЕК ҲАҚИДА СЎЗ
«Элбек» Машриқ Юнусовнинг адабий тахаллуси бўлиб, у 1903 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида таваллуд топган. Болалик йиллари оғир иқтисодий қийинчилик шароитида кечган шоир ўзи туғилган қишлоқни ва қашшоқ оиласини барвақт тарк этиб, Тошкентга бахт излаб келган. У Тошкентда истиқомат қилувчи бир бойнинг уйидан паноҳ топиб, унинг хонадонида қароллик қилган, уй юмушларидан бўш вақтларида эса таҳсил кўришга уринган. Боланинг уй-рўзғор ишларидан кўра, аллақандай китоблар ўқишни яхши кўрганини сезган бой уни ўз уйидан қувиб ҳайдаган. Шу тарзда у Тошкентда ҳам сарсон-саргардонликда ҳаёт кечириб, турли ўқув юртларида билим олишга, ўзидаги илмга чанқоқликни қондиришга эришган.
Элбек ана шундай тиришқоқлиги орқасидан билимли, маърифатли бўлибгина қолмай, 1920 йилда ташкил этилган Ўзбек билим ҳайъатининг раиси ҳам бўлган. У ана шу лавозимда ишлар экан, ўзи туғилиб ўсган қишлоққа илмий экспедицияси билан бориб, халқ лапарлари, эртаклари, топишмоқларини ёзиб олиб, ўзбек фольклори материалларини тўплашни бошлаб берган. Унинг дастлабки мақолалари ҳам ўзбек лапарларига бағишланган. Унинг дастлабки эълон қилган тўплами ҳам ўзбек халқ ашулаларидан таркиб топган.
Элбек болалик йилларини кўз олдидан ўтказар экан, улар ҳикоябоп воқеалардан иборат эканини тушуниб, автобиографик характердаги насрий асарларини ёза бошлаган. Бу ҳикояларда у ўз бошидан кечган воқеаларни тасвир этиш орқали ўзи сингари етим-есирларга «Агар мендек илм орқасидан борсангиз, ҳаёт қийинчиликларига чидаб, мактаб тупроғини яласангиз, сизнинг ҳам пешанангизга офтоб тегиши мумкин. Халқнинг иззат-ҳурматга сазовор фарзанди бўлишингиз ҳеч гап эмас», демоқчи бўлган.
Элбек носир, шоир, фольклорчи олим сифатида сермаҳсул ижод соҳибидир. У «Армуғон» номли масаллар тўпламини, бир қанча шеърий китобларини эълон қилган. Унинг «Тозагул» асари ўзбек адабиётидаги шеърий роман жанрининг дастлабки намунасидир. У ўз ҳикоялари ва шеърларида совет даври ғояларини куйлашга, шу даврни улуғлашга интилди. Зеро, унинг ўзи шу давр туфайли юзага чиққан ижодкор эди.
1936 йилда Пушкин асарлари таржима этила бошлаган кезларда Элбек Пушкиннинг машҳур эртакларини ўзбек тилига ўгирди.
1937 йил тўфони бошланиши билан у ҳам туҳматга учраб, қамоққа олинди. Унинг сўнгги кунлари Магаданнинг ўлим лагерларида ўтган.
ЎЛМАС СИЙМО
Устод Ойбек ҳақида ўйларХалқимизда ўлмас сиймо, деган яхши бир гaп бор. Халқ ўзининг энг катта мутафаккирлари, улкан олим ва санъаткорларини шундай деб атайди, бу билан халқ ўзининг чексиз меҳри, иззат-ҳурмати, буюк ифтихорини изҳор этади. Ана шундай ўлмас сиймолардан бири устод Ойбекдир.
Адабиёт ва унинг энг нодир асарлари – халқ мулкидир, умумхалқ бойлигидир. Лекин адабиётнинг ўзига хос ва мураккаб хусусиятларидан бири шундаки, бу нодир асарларни айрим улкан санъаткорлар ўз истеъдодлари, фидойи меҳнатлари, ирода ва ақл-заковатларига суяниб яратадилар. Шунинг учун ҳам биз ўзларининг бутун салоҳиятлари, ирода ва иқтидорларини халқ хизматига бўйсундира олган улкан санъаткорлар олдида доим бош эгамиз, уларнинг номларини чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламиз.
Ҳақиқатан, бугун биз халқимизнинг маънавий бойлиги ҳисобланмиш адабиётимиз ҳақида, бу руҳий хазинадаги энг ноёб асарлар тўғрисида ўйлар эканмиз, лоп этиб, бу бебаҳо бойликни яратган улуғ адибларимиз – Ҳамза ва Абдулла Қодирий, Садриддин Айний ва Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Мақсуд Шайхзодалар эсимизга тушади. Биз ўз маданиятимиз, ўз адабиётимизни бу табаррук зотларсиз тасаввур этолмаймиз.
Ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай китоблар, шундай асарлар учрайдики, бу асарлар кишини ларзага солиб, унинг қалбида бир умр ўчмас из қолдиради. Шахсан менинг ҳаётимда шундай ўчмас из қолдирган асарлардан бири буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи, иккинчиси устод Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи бўлган эди. Адабиётимизнинг шоҳ асари бўлмиш «Қутлуғ қон» романини илк бор қўлимга олганимда мен ўн беш-ўн олти яшар бир ўспирин эдим. Лекин ҳали-ҳануз эсимдан чиқмайди. Содда, оқкўнгил қишлоқ йигити Йўлчи фожиали муҳаббати тўғрисидаги бу нодир китобни мен бир кечада, хира лампа шуъласида ўқиб чиққан эдим. Албатта, у пайтларда мен бу улкан ижтимоий асар замирида ётган чуқур маънони, асарнинг ўлмас образлари асосида ётган катта ижтимоий мазмунни яхши тушунмас эдим. Лекин бир нарса ҳануз ёдимда. Ўша кеча роман қаҳрамони Йўлчи ўз туғишган акамдан ҳам яқин, ундан ҳам азиз бўлиб қолди. Гулнорни, бу пок, олийжаноб, самимий ва бахтиқаро қизни эса ўз туғишган опамдан ҳам яхшироқ кўриб қолган эдим. Ўша кеча умримда биринчи бор менинг қалбимда зулм, ноҳақлик ва адолатсизликка қарши чуқур нафрат ва исён туйғуси уйғонган эди. Айни замонда эзгулик истаги туғилди.
Ўша кеча мен, «Қутлуғ қон»ни ўқиб ўтириб, яхшилик нима, ёмонлик нима, адолат ва адолатсизлик нима, инсоф ва ноинсофлик нима, тушунгандай бўлдим. Бошқача қилиб айтганда, бу ўлмас асарнинг теран ижтимоий мазмуни бебаҳо эзгу туйғуларга айланиб, ўн олти яшар бир ўспириннинг қалбига ёруғ нур бўлиб қуйилган эди. Мен бу нур, бу ёруғ туйғуларни тоабад унутмайман…
Ойбек домланинг адабиётимиз учун, маданиятимиз учун қилган хизматларини сарҳисоб қилиш осон эмас. Бу беҳисоб хизматлари ичида мен устознинг яна бир улуғ хизматини алоҳида меҳр билан, шогирдлик ҳурмати билан айтиб ўтишни истардим, у ҳам бўлса Ойбек домланинг яна бир улуғ асари «Навоий» романига сингган меҳнатидир.
Устоз Ойбекнинг улуғлиги шундаки, у киши халқимиз учун буюк бобомиз Навоий ҳазратларини тирилтириб бердилар.
Албатта, биз онадан туғилибмизки, буюк бобомиз шеърлари қўшиқ ва куй бўлиб қулоғимизга қуйилади. Биз бу шеърлар, бу қўшиқ ва куйларни оналаримиз алласи билан бирга эшитамиз. Бобомизнинг ўлмас асарларини «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин»ларнинг мунгли севгисини оналаримиз ва бувиларимиз бизга гўдаклик чоғларимиздаёқ эртак қилиб сўзлаб беришган. Лекин бу асарларни, беш юз йилдан бери бутун инсониятни лол қолдириб келаётган бу севги достонларини, чексиз мунг билан йўғрилган бу қўшиқларни, бу нурдай ёруғ шеърларни яратган инсон ўзи, Навоий ҳазратлари ўзлари қандай одам бўлган, бобомиз қандай ишлар қилган, бошидан қандай савдолар ўтган, қандай мусибатлар кечган– биз буни яхши билмас эдик, билсак ҳам бу буюк зотни бир одам сифатида, инсон сифатида яққол кўз олдимизга келтира олмас эдик. Бу мураккаб ишни, ижодий жасорат деб аталмиш бу бебаҳо ишни қилган одам – устод Ойбекдир. Ойбек домла адабиётимизда биринчилардан бўлиб, буюк бобомиз сиймосини яратди. Улуғ аждодимизнинг ўйларини бизнинг ўйларимизга, дардларини бизнинг дардларимизга улаб, улуғ зотни ўз замондошларимиздай яқин, ҳамдард, ҳамфикр бир инсонга айлантирди.
Устод Ойбек улкан санъаткорларга хос бир куч билан буюк бобомизнинг руҳий оламини очиб берди, унинг муқаддас ижодхонасига олиб кирди, беш юз йилдан буён бутун инсониятни титратаётган асарларнинг яратилиш тарихини кўрсатди, бу ўлмас асарларни ёзган санъаткор ҳам буюк шоир, ҳам ўзимиз янглиғ ожиз бир инсон эканини, у ҳам яхшилик ва эзгуликдан қувониб, ноҳақликлардан эзилиб юргувчи бир одам эканини очиб берди, соддароқ қилиб айтганда, бобомизни бизга тирилтириб берди…
Албатта, устод тўғрисида, адабиётимизда реалистик прозани янги чўққиларга кўтарган бу улкан романист ва ажойиб шоир ва етук олим тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Лекин камина олим эмасманки, бу беқиёс ижоднинг ҳамма қирраларини кўрсатиб берсам…
Мен фақат устод тўғрисида бир-икки оғиз гап айтишга журъат этдим, холос. Шу маънода устоднинг ўз шогирдларига, келгуси авлод адибларига қилган яна бир яхшилигини айтиб ўтгим келади, бу яхшилик шундан иборатки, Ойбек ака Абдулла Қодирий яратган тарихий романчилик анъаналарини янги босқичга кўтариб, бўлғуси адибларга жуда катта йўл очиб берди.
Шу кечаю кундуз телевизор экранларида каминанинг «Улуғбек хазинаси» деган романим асосида яратилган спектакль намойиш қилинмоқда. Мен азиз телетомошабинларнинг бу асарга билдирган ҳурматидан бениҳоя хурсандман, албатта. Лекин оддий бир адиб сифатида шуни яхши биламанки, Абдулла Қодирий, Ойбек ака, Мақсуд Шайхзода каби устодлар ва улар яратган буюк тарихий асарлар бўлмаганда, агар адабиётимизда «Ўткан кунлар», «Навоий» романи ва «Алишер Навоий» драмаси каби асарлар бўлмаганда камина ҳам бу камтарин асарни ёзолмаган бўлардим…
Ҳаёт экан, табиат қонуни шундай экан, устоз Ойбек ҳозир орамизда йўқ. Лекин у киши яратган асарлар биз билан биргадир, биз ва бизнинг фарзандларимиз бу ўлмас асарларни ёстиқларининг тагларига қўйиб ухлайдилар. Демак, устознинг руҳи шод. Устоз Ойбек ҳамиша биз билан, у киши тоабад тирикдир.
НАСРИМИЗНИНГ ШОҲ АСАРИ
Бадиий юксак асарларнинг битта ажойиб хислати бўлади: уларнинг қиймати йиллар ва ҳатто асрлар давомида ҳам тушмайди, аксинча, ортаверади, шафқатсиз вақт ва давр синови уларни четлаб ўтаверади… Устод Ойбекнинг «Навоий» романи менинг назаримда, шундай ўлмас асарлар қаторига киради…
Маълумки, Ойбек адабиётга шоир сифатида кириб келган, замон руҳи билан суғорилган бир қанча шеърий китоблар, «Темирчи Жўра» каби йирик достонлар яратган, кейин насрга ўтиб, «Қутлуғ қон» романи билан шуҳрат қозонган ва шундан кейингина «Навоий» романини ёзишга журъат этган. Устоднинг бундай қилиши бежиз эмасди. Чунки тарихий роман, айниқса, «Навоий» каби кенг эпик планда ёзилган тарихий асар ёзувчидан улкан бадиий маҳоратдан ташқари, танланган давр тарихини чуқур ўрганишни, ўша давр ижтимоий ҳаётида юз бераётган жараёнларга тўғри ёндашишни, фалсафий теран фикрлашни ва яна бошқа кўпгина талабларни илгари сурадики, бу талабларга илмий ва бадиий жиҳатдан камолотга эришган ёзувчиларгина жавоб бера олишади.
Халқимизда, ким табиб, бошидан ўтган табиб, деган ибора бор. Ва мен бу меҳнатнинг, тарихий роман меҳнатининг нақадар мушкул эканини «Улуғбек хазинаси» романига киришганимдан кейингина сездим. Лекин менинг олдимда турган қийинчиликларни Ойбек ака олдида турган қийинчиликлар билан сира тенглаштириб бўлмайди. Чунки Ойбек акани адабиётимизда том маънодаги тарихий роман соҳасида қўриқ очган ёзувчи дейиш мумкин. Албатта улкан ёзувчимиз Абдулла Қодирий тажрибасини, «Ўткан кунлар» билан «Меҳробдан чаён» тажрибасини инкор этиб бўлмайди. Лекин Абдулла Қодирий, ўз ибораси билан айтганда, яқин ўтмишдаги хонлар замонига мурожаат қилган бўлса, Ойбек ака адабиётимизда биринчи бўлиб узоқ ўтмишга, кўҳна тарихимизнинг қарийб беш юз йил аввалги воқеа ва ҳодисаларга мурожаат қилди. Бу эса ёзувчининг олдига янги қийинчиликлар қўйди.
Юқорида санаб ўтилган мураккаб масалалардан ташқари, ёзувчи ўша давр урф-одатларини, кийим-кечакларини, меъморчилигини, сарой ва шаҳарлар тузилишини, тилини, қўшиқ ва куйларини, рақсларини, қўйингки, минг хил деталларини билиши шарт эдики, бусиз ўша давр руҳи ва реалистик манзарасини ярата олмас эди.
Бу жиҳатдан Ойбек домла менинг, нафақат мен, Мақсуд Шайхзода ва Уйғун, Иззат Султон ва Мирмуҳсин каби тарихий мавзуга қўл урган ҳамма ўзбек ёзувчиларининг мушкулини осон қилган, ҳаммага тўғри йўл кўрсатиб берган улуғ устоздир!..
Ойбек ака мана шу қийинчиликларнинг ҳаммасини енга олгани учун ҳам, ўзида ҳам тарихчи, ҳам файласуф, ҳам этнограф, ҳам улкан санъаткор фазилатларини мужассам қила олгани учун ҳам «Навоий»дек баркамол ва етук асар ярата олди.
Ойбек ака бу романи билан улуғ Алишер бобомизга ўлмас ҳайкал яратди. Айни замонда ўзбек реалистик прозасининг шуҳратини бутун дунёга таратди. Зотан, улуғ аждодимиз Алишер Навоий образини Ойбек ака романи ва қолаверса, Уйғун билан Иззат Султон драмасидан кейингина аниқ тасаввур этдик, десак янглишмаган бўлардик. Чунки бу асарларга қадар, хусусан, Ойбек домланинг романига қадар Алишер Навоий ҳақида, шоир яшаб ижод қилган мураккаб давр ҳақидаги тасаввурларимиз анча мавҳум, анча ноаниқ эди. Бу жиҳатдан роман биз учун бир ёруғ машъал бўлдики, бу машъал шуъласида биз ўша давр социал тузумининг бутун адолатсизлигини ва бу адолатсиз тузумда яшаб ижод этган бобомиз Алишер Навоийнинг улуғ ижоди ва улуғ фожиасини равшан кўрдик, дил-дилимиздан ҳис этиб, унга нисбатан фарзандлик меҳримиз ортди.
«Навоий» романи тўғрисида гапирганда, мен унинг тили ҳақида ҳам озгина тўхтаб ўтишни истардим.
Маълумки, роман дастлаб нашр этилган пайтларда китобнинг тили жуда мураккаб эмасмикин, унда эскирган иборалар меъёридан ортиқроқ ишлатилмаганмикин, деган фикрлар ҳам айтилган эди. Роман чоп этилгандан бери ўтган чорак аср бу фикрнинг нотўғри эканини кўрсатгани каби, мен ҳам бу гапларга қўшилолмайман. Чунки тарих ҳақида ёзадиган ёзувчи ўша давр колоритини, ўша давр руҳини яратмасдан туриб, китобхонни ҳикоя қилинаётган воқеа ва ҳодисаларга, яратилаётган кишилар образига ишонтира олмайди. Бу руҳ, бу колорит эса ўша давр тили ва унинг элементларидан фойдаланиш орқалигина яратилади. Бошқа йўл йўқ. Шунинг учун ҳам мен Ойбек домла, Уйғун ака билан Иззат Султон, қолаверса, Мақсуд Шайхзодалар тутган йўлни энг тўғри йўл деб ўйлайман. Мен ҳам «Улуғбек хазинаси» романида шу йўлдан боришга ҳаракат қилдим. Истеъдодли ёзувчимиз Мирмуҳсин ҳам «Меъмор» романида шу йўлни тутган дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам биз бой тарихимиз саҳифаларини ёритишда ҳаммамизга йўл кўрсатиб берган устоз Ойбек ва унинг сўнмас ижоди олдида ҳамиша бош эгамиз.
ОЙБЕК ДАҲОСИ
Ёзувчи билан танқидчи суҳбатиТАНҚИДЧИ. Ўтган асрнинг биринчи ярми ўзбек маданияти, адабиёти ва санъати учун ўзига хос уйғониш даври бўлди. Бу йилларда худди қадим Ренессанс вақтида бўлгани каби қомусий билим, универсал истеъдод, кўп қиррали ижод соҳиблари етишиб чиқди. Шулардан бири – Ойбек. Адибнинг тўққиз томлик «Мукаммал асарлар тўплами»ни кўздан кечирганда унинг иқтидорига, истеъдод кўламига, ишчанлигига қойил қоласан киши. У ажойиб лирик шоир, қатор эпик поэмалар, драматик достонлар муаллифи; айни пайтда бадиий проза устаси, ўткир публицист, ҳикоя, қисса, хусусан, баркамол романлар муаллифи; шу билан баробар, болалар адабиётининг етук намояндаси, улкан адабиётшунос олим, танқидчи, тарихчи, моҳир таржимон…
ЁЗУВЧИ. Гап фақат Ойбек истеъдодининг серқирра эканида, унинг ҳар хил адабий тур, жанрларда қалам тебратганидагина эмас. У ҳар бир соҳа, адабий тур ва жанрда аксари юксак чўққига кўтарила олган.
ТАНҚИДЧИ. Дарҳақиқат, у шеъриятда ҳам, насрда ҳам, адабиёт илмида ҳам, таржимада ҳам етук аллома! Ойбек лирикаси ҳали адабиётшуносликда тўла кашф этилган эмас. Бу адабиётда улкан бир хазина. Бизда том маънодаги реалистик интеллектуал поэзия Ойбекдан бошланган. Унинг лирикаси ғойиботдан тинч, босиқ-вазмин, аммо унда фикрлар, туйғулар гупуриб, қулф уриб ётади. Ойбек лирикасини тўла тушуниш, унинг бағридаги фикр, ҳис-ҳаяжонни чуқур уқиб етиш учун муайян маънода муаллифнинг даражасига кўтарилиш керак. Биргина «Наъматак» шеърини эслайлик. Бу асар, адабиётшуносликда таъкидланганидек, сўз сеҳри билан қад кўтарган гўзалликнинг тенгсиз обидасидир… Қизиқ, кейинги йилларда Ойбекнинг поэтик тажрибасига қизиқиш ғоят кучайди. Ҳозирги ёшлар шеъриятида, янгича поэтик мушоҳадага мойил қаламкашларнинг изланишларида Ойбек лирикасига бориб туташадиган жиҳатлар кўп… Шоир достонлари-чи! «Ўч», «Даврим жароҳати» бадиий баркамоллик томонидан бу жанрнинг ҳар қандай нодир намуналари билан беллаша олади. Мен аминманки, Ойбек ижодий мероси фақат лирика ва поэмалардан иборат бўлганида ҳам у адабиётимизнинг мумтози бўлиб қолаверар эди.
Ойбек таржималари, хусусан, «Евгений Онегин» таржимаси адабиётимизда улкан воқеа бўлган. Унинг адабиётшунослик, танқидчилик соҳасидаги фаолияти, Навоий ҳаёти ва ижодига оид тадқиқотлари бир етук танқидчи, адабиётшунос умр бўйи эришиши, улгуриши қийин, кўплар учун орзу бўлган чўққидир. У ўрта мактаб ва олий ўқув юртлари учун адабиётдан бир қатор дарслик ва хрестоматиялар ҳам яратган… Аммо булар гўё йўлйўлакай амалга оширилган ишлар. Ойбек аввало прозаик, романнавис сифатида ўзбек адабиётини бир қадам олға силжитган санъаткор. Қисқаси, Абдулла Қаҳҳор айтганидай, Ойбекнинг қирқ йиллик ижодий фаолияти тўрт юз йилга тенг келадиган фаолиятдир.
ЁЗУВЧИ. Чамаси, ижтимоий-маънавий тараққиёт, адабиёт ва санъат ривожининг кескин бурилиш, дадил кўтарилиш паллаларида кўпинча ана шундай кўп қиррали истеъдод соҳиблари етишиб чиқади. Сиз айтган хусусиятлари билан Ойбек рус адабиёти классикларига, хусусан, рус адабиётининг асосчиси А.C.Пушкинга ўхшаб кетади. Ахир биз Пушкин деганда фақат дилбар лирик шеърлар, «Боғчасарой фонтани», «Руслан ва Людмила» каби ўлмас поэмалар, тенгсиз шеърий роман – «Евгений Онегин» муаллифинигина эмас, «Борис Годунов»дек етук трагедия, «Дубровский», «Капитан қизи» сингари ажойиб қиссалар, Пугачёв қўзғолони тарихига бағишланган худди бугунги ҳужжатли проза намуналарига ўхшаб кетадиган асарлар ва ўзи асос солган «Литературная газета»да эълон этилган, ўз даври адабиёти ривожининг муҳим масалаларига бағишланган кўплаб теран адабийтанқидий мақолалар муаллифини ҳам тушунамиз. Биласиз, Ойбекнинг Пушкинга ихлоси ниҳоятда баланд бўлган, Пушкиннинг ижодий жасорати, у яратган асарларнинг реалистик қудрати, маҳорат, санъат сирлари ҳамиша уни ўзига мафтун этган. Ойбек ҳам устоз изидан бориб, ҳам шеъриятда, ҳам насрда, ҳам таржима ва адабиётшуносликда бирдек маҳорат билан ажойиб асарлар яратганки, бу ҳол бизни қойил қолдиради.
ТАНҚИДЧИ. Ойбекнинг серқирра ижтимоий фаолияти, инсон, граждан, ташкилотчи – раҳбар, жамоат арбоби сифатидаги хислатлари ҳам ғоят ибратли. Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари, Фанлар академиясининг академиги, ношир сифатида қилган ишлари, фан заҳматкашлари, ижодкорларга кўрсатган хизмат – саховатларини айтмайсизми…
ЁЗУВЧИ. Адабиёт тарихидан маълумки, ҳар бир улкан истеъдод эгаси айни пайтда улкан шахс ҳам бўлган, унинг қалбида замонасининг жамики қувончу ташвишлари, орзу-умидлари, дарду изтироблари жо бўлган. Ўз даврининг, халқининг жонкуяр фарзанди, чин маънодаги граждани бўлмаган ижодкор ҳеч қачон улкан адиб бўла олмайди. Улкан истеъдодларнинг ҳаммаси фақат ўз ижоди, тор профессионал машғулотлари доирасида ўралашиб қолмай, ҳамиша катта ижтимоий ҳаёт қозонида қайнаганлар. Истеъдоднинг кўлами қанчалик катта бўлса, унинг ижтимоий манфаат доираси ҳам шунчалик кенг бўлади. Адабиётимиз тарихида Навоий, Бобурга тенглаша оладиган истеъдодлар йўқ, ҳисоб. Зотан ҳеч қайси адиб ўтмишда ижтимоий ҳаёт қозонида уларчалик қайнаган эмас. Тўғри, ижодда талант бирламчи, аммо катта ижтимоий манфаат ва фаолият улкан талант учун кенг уфқлар очади.
ТАНҚИДЧИ. Ойбекни яқиндан билганлар уни одамларга, ҳамкасб дўстларига ниҳоятда меҳрибон, ўта кўнгилчан, сахий қалб эгаси сифатида таърифлайдилар. Бу хислат унинг ижодий фаолиятида, асарларида ҳам кўринади. Унинг шеър, достон, роман ва мақолаларида буюк қалб саховати шундоққина сезилиб туради. Айни пайтда бу меҳрибон зотда шер ҳамласи ҳам бор, унда қабоҳатларга нафрат, қаҳр-ғазаб туйғуси ҳам жуда кучли, у адолатсизликларга қарши мардона жангга кирган олим. Бу жиҳатдан унинг биргина «Танқид соҳасида ур-йиқитчиликка қарши ўт очайлик» деган мақоласини эслаш кифоя. Мақолада қаламкаш дўсти Ҳ.Олимжонни асоссиз танқидлардан қаттиқ туриб ҳимоя қилади, вульгар социологизм концепциясига қақшатқич зарба беради.
ЁЗУВЧИ. Ҳақиқий адиб теварак-атрофда, жумладан, ўз соҳаси – адабиёт оламида юз берган адолатсизликни кўрганда жим туролмайди, виждони бунга йўл қўймайди. Ойбек учун ҳам бу хислат бегона эмас.
ТАНҚИДЧИ. Ойбек прозасининг, баркамол шоҳ асарлари – «Қутлуғ қон» билан «Навоий»нинг адабиётимизда тутган ўрни қандай? Бу асарлар ўзбек адабиётига қанақа янгиликлар олиб кирди?
ЁЗУВЧИ. «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романларининг адабиётимизда тутган ўрнини белгилаш борасида муайян ишлар қилинган. Яхшиси, мен бу ерда ҳар икки асарнинг ўзимга кўрсатган таъсири ҳақида гапира қолай. Мен «Қутлуғ қон»ни ўн олти ёшимда, шу ёшдаги ҳозирги ўспиринлар мендан кулмасинлар, ўзимни йўқотар ҳолга тушиб, гоҳ қувончдан танамга сиғмай, гоҳ алам-изтироблар ичида ўзимни қўярга жой тополмай, гоҳ йиғидан ўзимни тутолмай қаттиқ ҳис-ҳаяжон ичида ўқиб чиққанман. Асар менинг мурғак қалбимни шунчалар ларзага солганки, унинг таъсирини ҳануз унутолмайман. Романдаги жамики катта-кичик персонажлар худди тирик одамлардек шундоққина ёнимда турарди, мен уларнинг, аниқроғи, асардаги яхши одамларнинг дарду ташвишларини худди ўзимга яқин кишиларнинг ташвишлари каби қабул қилган эдим. Асар билан илк танишувда хотирада қолган чеҳралар ҳамон хаёлимда, кўнглимда…
«Қутлуғ қон» романи аллақачон дарслик ва хрестоматиялардан жой олган, бир неча ўн йил лар давомида халқимизнинг бир неча авлоди шу романни ўқиб тарбия олди. Эҳтимол, уларнинг кўпи роман билан танишганда менинг ҳолимга тушгандир… Демак, асар бутун халқнинг ҳаётига, онгига сингиб кетган. Табиийки, бундай асар адабиёт ривожидагина эмас, халқнинг маънавий ҳаётида бутун бир даврни ташкил этади. «Навоий» романи билан танишувим бошқачароқ, бу ҳақда кейинроқ гапирарман.
ТАНҚИДЧИ. Дарҳақиқат, «Қутлуғ қон», шунингдек, «Навоий» романлари «Ўткан кунлар» ва «Сароб»дан кейин ўзбек прозаси ривожида янги босқични ташкил этади. Назаримда, «Ўткан кунлар», «Сароб», «Қутлуғ қон», «Навоий» яхлит ҳолда ўзбек романчилигига замин бўлган, кейинги тараққиётини, етакчи анъаналарини белгилаб берган асарлардир. Сўнгги қирқ-эллик йил давомида ўзбек романчилиги асосан шу тўрт асар ғоявий-поэтик арсенали доирасида ривожланиб келди. Бу ҳақда ҳам кейинроқ тўхталамиз. Бу ерда мени ҳаммадан кўпроқ Ойбекнинг шоҳ асарлари «Қутлуғ қон» билан «Навоий»нинг туғилишидаги адиб кўнглида кечган маънавийруҳий, ижодий, психологик ҳолат қизиқтиради. Бу икки асар кетма-кет ва жуда қисқа муддат ичида ёзилган бўлса-да, адиб ҳар икки романга ёндош ҳолда узоқ вақт маънавий жиҳатдан тайёргарлик кўрган. Чунончи, Октябрь воқеалари арафасидаги ҳаёт, зулмга қарши исён, оддий халқ онгидаги ўзгариш, уйғониш, инқилобий руҳ ҳақида битилган талай шеърлар, достонлар, 1928 йилдан Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга киришиш, 30-йиллар ўрталарида ёзила бошлаган илмий тадқиқотлар, Навоий сиймосини гавдалантирувчи достон ва шеърлар… Улкан реалистлар поэтик тажрибасини ўрганиш, «Евгений Онегин» таржимаси, Абдулла Қодирий ҳақидаги тадқиқот, буларнинг устига, сиёсий иқтисод фани билан бевосита шуғулланиш – барчаси бўлғуси улкан адабий кашфиёт учун маънавий тайёргарлик, муайян репетициядан далолат беради.