bannerbanner
Алламжонов айбдор
Алламжонов айбдор

Полная версия

Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
3 из 4

Кейин у менинг ёнимга келди.

– Бир дақиқага мумкинми? Кабинетинг қаерда эди?

Икковимиз хонамга кирдик. У саволлари билан мени бурчакка тиради:

– Сенга нима ёмонлигим тегди? Нега устимдан шикоят қилдинг?

Мен жонимни қутқариш учун, жойида оғзимга келган баҳонани тўқидим:

– Эркин Файзиевич, Ботир Раҳматович сўраганига айтдим-да… Сизни «Китоб тўрт кунда ўхшамаса-чи», – деб куйиб-пишяптилар, дедим… Фалон гапига пистон деб жавоб бердим… Мени бошқача тушунибди…

Табиийки, Гадоев айтганларимга ишонмади.

Уни қанчалик ёмон аҳволга солганим бир неча дақиқадан кейин маълум бўлди. «Ҳамма ўз жойида ўтирсин, ҳеч ким ҳеч қаёққа чиқмасин» деган буйруқ келди. Ўша куни ярим кечагача ҳамма хонасидан чиқмай ўтирди. Раис эса қаёққадир кетди. Кейин билсам, ҳеч қаерга хабар чиқиб кетмаслиги учун кўрилган чора экан бу. Гадоев ўзининг одамларини, танклари ва артиллериясини тортиб келишга улгурмасин деб шундай қилинибди.

Эртасига мажлисга Бош вазир Шавкат Миромонович Мирзиёе11в келди. Гадоев лавозимдан олинди. Лекин у ҳам шунча йилдан бери бекорга биринчи ўринбосар бўлмаган экан, барибир танкларини ишга солибди. Ўринбосар бўлиб қолди, фақат академиянинг12 ректори сифатида. Қўмитадан кетиб, ички ишларга аралашмайдиган бўлди.

Унинг ўрнига ҳозирги Бош вазир ўринбосари Беҳзод Анварович Мусаев келди. Сиёсатимизнинг либерал қаноти. У билан ишлаш анча осон эди.

Кейин ДСҚ ва умуман давлат хизматидан кетиш навбати менга етди. Мен бу қарорга калта ўйлаб ёки тўсатдан келмадим. Бошқа иложим қолмаганди.

Ботир Раҳматович раҳбарлик қилган ҳамма идораларда ҳафталик мажлисларнинг кун тартибини ўзи тузарди. Бу одатдагидек кимдир зерикарли ҳисобот берадиган, ҳамма «қачон тугаркин шу», – деб тезроқ уйга кетгиси келадиган мажлислар эмасди. Ҳар сафар катта синовдан ўтгандек бўлардик. Раис ёрдамчилари бўлимлар учун алоҳида саволлар тайёрлаб қўйишарди. Бу бўлим раҳбарларини боши берк кўчага киритиб қўядиган саволлар эди. Парпиевга мажлисда кўтариладиган масалалар бўйича олдиндан маълумот тўплаб берилар, минбарга чиққан ходим кўпинча қалтис аҳволга тушар эди. Бўлим бошлиқлари калтак тагида қолмаслик учун зўр йўлни ўйлаб топишди. Дилшод Тўрахоновдан «Бизнинг хизматни кун тартибига қўйманг», – деб илтимос қиладиган бўлишди. Билмадим, балки қуруқ илтимос билан иш битмагандир. Хуллас, кўпинча ҳамма қолиб, минбарга битта мен чиқадиган бўлдим. Генерал мени аяб ўтирмас эди. Котибият бош-лиғи Дилшод Тўрахонов мени ўлгудай ёмон кўриб қолган, ҳар сафар оёғимдан чалишга ҳаракат қиларди.

Охири бу аҳвол жонимга тегди. Нима, Солиқ қўмитасида мендан бошқа масала қуриб қолганми? Мен жадвал тузиб, унга ҳамма бўлимларни, ҳатто канцелярияни ҳам киритдим. Рўйхатга қўшилмаган фақат қоровул қолди. бу ҳужжатни Парпиевга олиб кириб, охирги пайтлари мажлислар бир қолипда ўтаётганини айтдим. «Ҳамма навбати билан ҳисобот берсин, ҳар бир бўлим ўзининг ишини матбуотда ёритсин», – дедим. У рози бўлиб, жадвални имзолади.

Энди мени минбарга чиқаришса, топшириқларни кимлар бажармаётганини шартта айтадиган бўлдим. Муҳтарам ҳамкасбларим оғзимни ёпиш учун мени ҳам «Тўрахоновнинг рўйхати»га киритиб қўйишибди. Ўртага пул ташлашган бўлишса керак.

Қисқаси, қилган ишим учун таъзиримни едим, мени кечиришмади. Устимдан нималардир тўқиб, туҳмат қилишди. Шунчалик бемаъни баҳона ўйлаб топишдики, ҳозир аниқ нима гап бўлганини эслолмайман ҳам. Тўққиз йил деганда Парпиев мажлисда биринчи марта ҳамманинг олдида росмана пўстагимни қоқди. Мен эса ўзимни оқлай олмадим. Ҳаммасини миқ этмай эшитиб турдим. Энди бу ерда ишлолмаслигим аниқ эди.

Чиройли кетмоқчи бўлдим. Орадан тўққиз йил ўтган бўлса ҳам, бу инсон саломимга «ваалейкум» деб алик олганини, менга бир югурдак эмас, одам деб муомала қилганини эсимдан чиқармагандим.

нинг олдига келиб, гаплашиб олмоқчи эканимни билдирдим.

– Майли, келсин, – дебди Ботир Раҳматович.

Эртаси куни Парпиевнинг олдига кириб, ўзимнинг бизнесимни бошлаш учун кетмоқчилигимни айтдим.

– Хафа бўлдингми?

– Йўғ-э, нега унақа дейсиз? Нимага хафа бўлишим керак?

– Хафа бўлибсан… – деди генерал. – Кўриб турибманку. Майли, аризангни ёз. Омадингни берсин.

Мен кетдим, лекин интизомга ўргатгани, берган сабоқлари учун Ботир Раҳматовичдан ҳалигача миннатдорман. У менга доим зарбага тайёр бўлиб, уни қайтаришни, энг асосийси, иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқлигини ўргатди. Хоҳласак, ҳамма нарсага эриша оларканмиз. Бундай олганда, у мени ростдан ҳам ўз жиянидек тарбиялади.

Шундай одамнинг «жияни» деган юксак номга доғ туширмадим, деб ўйлайман.

Мен ўз бизнесимни бошлаб, биринчи миллионимни ишлаб топдим. Болалигимдан пул топишга ҳаракат қилардим. Афсус, режаларим доим ҳам ўхшайвермасди.

1 МТРК – Миллий телерадиокомпания.

2 «ДАВР» – МТРК «Ёшлар» телеканалининг ахборот дастурлари таҳририяти.

3 ФВВ – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

4 Абдусаид Кўчимов – ўзбек журналисти, 1997-2005 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси.

5 «Беруний» – Тошкент метрополитени Ўзбекистон йўналишининг охирги бекати.

6 Қорақамиш – Тошкентнинг Олмазор туманидаги мавзе.

7 ТошДУ – Тошкент давлат университети. 2000 йил январдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.

8 Узметроном – Ўзбекистондаги мустақил сайт. 2020

йилнинг май ойигача блокда бўлган.

9 «Жемчуг» – Тошкент ш аҳридаги м ашҳур «Жемчуг» (марварид) дўкони жойлашган, кўпқаватли тажрибавий лойиҳаланган уй.

10 «Шарқ» – нашриёт-матбаа концерни.

11 Шавкат Миромонович Мирзиёев – 2003 йил декабрдан 2016 йил декабргача Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, 2016 йил 14 декабрдан Ўзбекистон Республикаси Президенти.

12 Академия – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ академияси.


III

Шакар, ванна, пресс, баклажка

Тўқсонинчи йиллар оиламиз бой бўлмаган, лекин оч ҳам қолмаганмиз. Онам доя, отам автослесарь эди. Болалар туғилаверган, машиналар бузилаверган, ота-онам ишсиз қолмаган. Уларнинг энг катта орзуси фарзандларига яхши таълим бериш бўлган. Шунинг учун ойим ўқишимни олтинчи синфдан ЎзМУ қошидаги гимназияга (кейинчалик академик лицейга айлантирилди) ўтказган. Ҳеч кимга пул-мул бермаган. Ойим пора бериш кераклигини билмасди ҳам.

Пул – ажойиб нарса! У менга доим завқ берган. Ўзи олдиндан бошқаларга ўхшаб фақат ойликка кўниб яшаш ниятим йўқ эди. Катта бўлганимда кўп пул топишимга, хоҳлаган нарсамни сотиб олишимга аниқ ишонганман. Лекин бу кунларни узоқ кутишга сабрим чидамасди. Ҳозироқ бойиб кетиб, маҳалламиз ёшлари ҳавас қиладиган янги «қаҳрамонларимиз» – магазинчилар, чойхона ва макарон фабрикаларининг хўжайинлари, поп-корн сотувчиларга ўхшаб юргим келарди. Ҳаммасининг тагида янги машина, оёғида кроссовка, эгнида замонавий спорт кийими, жинси шим – хуллас, бутун дунёда улардан зўри йўқ.

Коммунистик мафкура пучга чиққан пайтлар. Қўни-қўшни орасида фақат бизнес, тез ва осонгина бойиб кетиш йўллари ҳақида гап-сўзлар юрарди. Биз ўн уч яшар ўсмирлар ҳам чўнтагимизда доим пул бўлишини хоҳлардик. Кўп тенгдошларим ўзи ишлаб даромад топар, кимдир оиласига ёрдам берса, яна кимдир кичик орзуларига пул йиғарди.

Мендан ёлланма ишчи чиқмади. Аммаваччамнинг жўхори қаламчалари чиқарадиган цехида бир кун ишлаб кўрдим. Арзимаган пул учун эрталабдан кечгача тер тўкиб меҳнат қилиш менга эмас экан.

Вазифам нимадан иборат эди? Жўхорини олдин «дробилка»га, кейин махсус аппаратга соламиз. Жўхори дони иссиқ ҳаво босими остида пақиллаб ёрилиб, қаламчага айланади. Иш ҳақи тайёр маҳсулотнинг килосига тўланади. Бир уюм жўхори қаламчасини чиқариб, камида ўн килограмм бўлди, деб ўйлайсан. Тортиб кўрсанг, зўрға ярим кило чиқади. Иш куни охирида аммаваччам пул ўрнига қўлимга ўзим тайёрлаган жўхоридан тутқазди. Уйга келиб, «иш ҳақим»ни столга қўйдиму ечинмасдан, ўзимни кроватга таппа ташладим. Эрталабгача қотиб ухлабман. Уйғонганимда аниқ бир қарорга келдим – мен ҳеч қачон ёлланма ишчи бўлмайман!

Гап оғир меҳнатдан қочишда эмас. Менга бировнинг чўнтагини тўлдириш учун белни букиб, эвазига арзимаган чақа топиш ёқмади. Бунақа капитализмни ҳазм қила олмасдим. Биз лицейда ўзимиз поп-корн тайёрлаб сотардик. Ўзимиз учун ишлардик, шунга меҳнати малол келмаган. Кўпи куйган, бемаза попкорнимиз унча яхши кетмасди. Бу тадбиркорлик фаолиятимда биринчи сабоқ бўлган – маҳсулотинг сотилишини хоҳласанг, ишни сифатли қил!

Ўн уч ёшимда қанд қироли бўлишга қарор қилдим. Ўзимга велик олишим керак эди. Велосипеди бор ўртоқларим учишга бермай қўйишди. Ота-онам эса: «Комилжон, великсиз ҳам доим қаёқлардадир санғиб юрасан, велосипед минсанг, сени умуман тополмай қоламиз!» – деб гапни қисқа қилишди.

Бизнес-режа бундай эди: бир қоп шакар сотиб олинади, уни қандга айлантириб, устига пул қўйиб сотилади. Шакар билан қанднинг нархи орасидаги фарқ – соф фойда.

Тайёр шакар цехини ижарага олдим. «Цех» деганда кўз олдингизга нима келди билмадим-у, аммо бу ҳеч ким яшамайдиган ташландиқ бир уй эди. Ундаги бор ускуна – тегирмон, пресс, фанера, ванна, иситкичли фен ва бир ярим литрлик баклажка, холос. Олдин шакар кукунга айлантирилади. Кейин ваннага солиб, устидан бир ярим литр совуқ сув қуйилади. Кукун нам тортиб, қорга ўхшаб ғирчиллаб қолганда, прессдан чиқарилиб, фанер устига ёйилади. Қанд шаклига солиниб, фенда қуритилади. Бир кеча-кундузда бир қоп шакар олди-бердига ишлатиладиган, тўй-ҳашамда дастурхонга қўйиладиган ширинликка айланади.

Отам кўп магазинчиларнинг машинасини тузатардилар. Шу танишларидан маҳсулотимни сотиб беришни илтимос қилдилар.

Бу цехда ишчи ҳам, фаррош ҳам, мол етказиб берувчи ҳам, директор ҳам ўзим эдим. Цехни ижарага олишдан олдин дўстларимга шерикчиликни таклиф қилдим, улар кўнишмади. Балки тўғри қилишгандир. Икки ҳафта ўтгач, дўконларда шакар кўринмай қолди, кейин бирдан нархи ошиб кетди. Қанддан тушадиган озгина фойда ҳам йўқ бўлди. Шундай қилиб, биринчи бизнесим синди. Қизиғи шундаки, дўстларим молиявий кризисни олдиндан кўра билгани учун эмас, ишёқмаслиги, ҳаракатсизлиги туфайли ҳамкорликдан бош тортишди. Биз бирга ўсиб катта бўлдик, лекин ҳозир жамиятдаги ўрнимиз орасида осмон билан ерча фарқ бор.

Ҳамма ҳам бой-бадавлат бўлиши шарт, демоқчи эмасман. Баъзиларга бу нарса керак эмас, уларнинг ўз орзулари бор. Кимдир врач, кимдир альпинист, учувчи, саёҳатчи, журналист ёки ёзувчи бўлишни орзу қилиб, шу мақсади билан яшайди. Ҳозирги ёшлар орасида бундайлар борган сари кўпаймоқда. Пул улар учун ортиқча дахмаза. Лекин бойиб кетаман деган одамга фақат орзу ва билимнинг ўзи камлик қилади. Бунда ишчанлик, меҳнатсеварлик жудаям муҳим. Агар ишга ўзингни тўлиқ бағишлай олмасанг, яхшиси бошлама. Бизнес – дангасалар учун эмас!

Мен эринчоқ эмасдим. Шунчаки, ўша вақтдаги иқтисодий вазиятни деб омадим чопмади ва қанд қироли бўлолмадим. Лекин пул топиш йўлида ҳаракат қилишдан ҳеч қачон тўхтамадим. Менга ишни йўлга қўйиш, пулни назорат қилиш жараёнининг ўзи қизиқ эди. Мабодо ишим юришмай қолса, ғайратим янаям ошиб кетарди.

90-йилларни кўрганлар фикримга қўшилади, деб ўйлайман. Мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий вазият жуда қизиқ бўлган. Фойда кўришга интилганларни чайқовчи эмас, тадбиркор деб атай бошлашган, катта пул топиш имкони туғилган эди. Дорихона, бильярдхона, сауна, тижорат дўконлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндек урчиб кетди. Ана сенга эркинлик!

Синфдошим билан маданият саройи биносида, концертдан кейин.

Коммунистик мафкуранинг оёғи осмондан бўлиб кетгандан кейин халқни эргаштирадиган ғоянинг ўзи қолмади. Айни пайтда диний экстремизмнинг таъсири кучайиб борди. Соқол қўйганлар кўпайди, Каримов уларга қарши тинимсиз курашарди. Терактлар, портлашлар авж олган таҳликали давр эди. «Мусаффо осмон» ғояси давлат мафкурасига айланди. Урушсиз, тинч яшасак бўлди, олам гулистон! Аммо бу ғоя жуда бўш эди. Унда супер бойларнинг пайдо бўлиши кўзда тутилмаганди. Давлат раҳбарияти бойваччалар жамият осойишталигини бузишидан қўрқарди. Майли, фойда кўрсанг кўр, фақат икки қулоч тижорат дўконидан нарига ўтма! Машина ол, уй сол, топган тиллангни уч литрли банкада сақла, лекин олигарх бўламан деб хаёлингга ҳам келтирма.

Шунинг учун корхона ташкил этиш жуда қийин масала бўлиб, керакли эшиклар керакли одамларгагина очиларди. Кўпчиликни ҳозироқ, жойида даромад топиш йўллари қизиқтирарди. Бугун пул тикасан, эртага фойда кўрасан. Бемалол бир ишни ташлаб, осонгина бошқасини юргиза олишинг керак. Илдизи бақувват, авлоддан авлодга ўтадиган бизнес-империяларни қуриш унча-мунча одамнинг режасига кирмаган. Юртимизда эгаларини супер бой қилган, узоқ муддатли, росмана муваффақиятли ишлаб чиқариш объектлари деярли йўқлигининг сабаби шунда.

1998-1999 йй.

Гимназияда прокурорлар, депутатларнинг болалари билан ўқиганман. Доим атрофдагиларга бировдан кам эмаслигимни исботлашга мажбур эдим. Тўғри, мен у ерга порасиз, ҳеч қандай қўнғироқсиз, ўз билимим билан кирганман. Тўғри, ота-онам оддий одамлар. Лекин менга паст назар билан қарашларига йўл қўймасдим. Гимназия директорининг: «Алламжонов, яхши ўқи. Сени «контракт»да ўқитишга ота-онангнинг барибир қурби етмайди», – деган гапи айниқса ёмон тегиб кетган. Ҳамманинг олдида камситгани учун яп-янги «Москвич»ининг ғилдирагини тешиб, ўчимни олганман.

«Fun boys» гуруҳи концертидан сўнг синфдошларим даврасида.

Синфдошларимнинг менга муносабати ёмон эмас эди. Айниқса, «Fun boys» гуруҳини ташкил қилиб, концерт қўя бошлаганимиздан кейин яна ҳам яқин бўлиб қолдик. Мен лойиҳа режиссёри эдим. Томошаларимизда устозларнинг устидан ҳам кулардик. Ҳаммасининг эмас, албатта. Бизнингча, яхши ўқита олмайдиган, золим ва порахўр ўқитувчиларни масхара қилардик.

«Икки ярим» лақабли ўқитувчимизни яхши эслайман. Уй вазифасини қанчалик яхши тайёрлаб келмайлик, икки ярим баҳо қўярди. Бунақа баҳонинг ўзи йўқ-ку, ўқувчиларни ерга уриш учун шуни ўйлаб топган. Концертимизда «у» саҳнага чиқиб олиб: «Мен физика ўқитувчисиман, исмим Мухтазар, мана қирқ йилдан бери эрга теголмаяпман», – дерди.

Шунақа. Ҳеч кимни аямас эдик. Концертдан кейин директор мени хонасига чақиртириб, бундай «сценарийлар» учун пўстагимни қоқарди. Индамай бошимни эгиб турар, лекин концертларни тўхтатмасдим.

Бошида чипталар текин эди. Кейин ўйлаб қолдим. Биз дастур, ҳар битта саҳна, мусиқа устида ётволиб ишлаётган бўлсак, томошабинларга ёқаётган бўлса, нима учун концерт текин бўлиши керак?

Ташкилий ишларга, чипта, афишалар тайёрлашга пул тикиш керак. Ойимнинг олдиларига келдим. Улар: «Адангдан сўраб кўр», – дедилар. Аммо мен отамдан чўчирдим, айниқса, бу пулни нимага ишлатмоқчи эканимни айтишга қўрқдим. Онам менга ҳар доим ишонганлар. Йиғиб-терган ўн минг сўмларини қўлимга бердилар.

Чипта сотиб ўтиришни ўртоқларимга топширдим. Ҳеч қайсиси пул сўраб ота-онасини безовта қилмади. Бу ташкилотчининг, яъни менинг бош оғриғим эди. Ота-онам мени қўллаб-қувватлади.

Ҳомийлар билан ҳам ўзим келишдим. «Айлин» турк печеньеси мактабимиз ҳисоб рақамига 25 минг ўтказди. Мактаб директори шундан бир ярим минг сўмни овоз кучайтиргич – усилителга деб берди. Қолган пулни кўрмадим. Директор бизни чув туширди.

Яна бир ҳамкоримиз «Радио-пейдж»1 бўлди. Концертимиз ҳақида текинга эълон беришди. «Нестле» компанияси эса ўзининг зонтларини ўрнатиб, стаканда кофе тарқатди. Яна уч-тўртта ҳомийни кўндириш учун тижорат таклифи билан бутун шаҳарни айланиб чиқдим. Бошқа ҳеч ким рози бўлмади.

Равшан Собиров, Гули Толипованинг менежерларига, бошқа артистларга ҳам қўнғироқ қилиб, концертда чиқиб беришларини сўрадим. «Томсувоқ»қа кўндирдим.

Табиийки, мингта чипта сотолмадик, икки юзтаси кетди, холос. Ҳомийларнинг олдида шарманда бўлмаслик учун бўш жойларни меҳмонлар билан тўлдирдик. Меҳрибонлик уйи директорига илтимос қилиб, тарбияланувчиларини опкелтирдим.

Ҳамма йиғилди. Аммо… бирорта артист йўқ. Қўнғироқ қиламан, ҳеч қайсиси жавоб бермайди. Одамлар қарсак чала бошлади, орадан бир соат ўтди, биттасиям кела қолмайди.

Бир бало қилиб, эндигина танилаётган Даврон Эргашевни топдик, концертни шу бошлаб берди. Омадим чопиб, тадбирни олиб боришга профессионал бошловчи ҳам чиқиб қолди. Кейин Отабек Мадраҳимовга ўхшаб кетадиган бир йигитни кўрсатишди. Чироқлар ўчирилди, махсус эффектлар ёқилди, йигитчани саҳнага чиқариб юбордик, фонограмма остида «куйлади».

Викторина ўтказилди, «Нестле» кофелари тарқатилди. Хуллас, продюсер деган номимни оқладим.

Фақат кимдир «Нестле» зонтигини ўмариб кетибди. Ойимга қўнғироқ қилиб, шуниям етказишди. Ўрнига ўзларининг соябонларини кўтариб келибдилар. Йўқолган зонт эгалари матоҳлари қанчаям доллар туришини айтишди. Онам долларда олди-берди қилиб юрган бўлсалар ҳам майли экан.

Мен «Нестле» директоридан қарзимиздан кечишини ялиниб сўрадим. Ўшанда нега бизни кечирганини билмайман. Кўзига жудаям аянчли ва ростгўй кўринган бўлсам керак-да. Концертдан тушган фойдани ўртоғим ва шеригим Сардор билан совуриб юбордик. Энг зўр кўзойнак, кроссовкалар сотиб олиб, ўзимизни худди оммавий тадбирлар директорларидек тута бошладик. Ойимга бўлса олган ўн мингимдан минг сўмгина қайтардим, орттирганим шу бўлди.

Барибир концерт чиройли ўтди. Шу саккиз юз кишилик тадбирни ўтказа олганимиз ҳам бир омад, деб ўйлайман. Яратганнинг қўллагани бу. Агар қўшиқчилар келмаганида, билмадим нима бўларди, саҳнага ўзим чиқиб кетармидим…

Бизнинг ёшлигимизда бизнес қилиш бир авантюра, ғирт таваккалчилик эди. Ҳозир бўлажак тадбиркорларга аниқ, ҳар томонлама пухта бизнес-режа тузишни, пул билан имкониятларни чамалашни, бозор ва рақобатчилар ишини таҳлил қилишни ўргатишади. У пайтда эса биз ишни олди-орқамизга қарамай бош-лаб юборардик. Тайинли бир режанинг ўзи бўлмасди. Худди эшкаксиз қайиққа ўтириб олиб, оқим қайси томонга олиб кетса, манзилимиз шу экан, деб кетаётган саёҳатчиларга ўхшардик. Пул топиш учун нима қилиш кераклигини кейинроқ тушуна бошладим. «Солиқ-инфо» лойиҳаси ана шундай пайдо бўлди.

1 «Радио Пейдж Семург» – пейжинг компанияси.


IV

Солиқ-инфо

Каримов даврида ҳамма муҳарририни танийдиган, исмини биладиган ягона мустақил сайт «Узметроном» эди. Биз ҳар куни прокси серверлар орқали кириб, Сергей Ежковнинг «Таҳририятга хатлар» деб тақдим этадиган инсайдер янгиликларини ўқирдик. Аммо мен ўшандаёқ бу мақолаларнинг сўз эркинлигига умуман алоқаси йўқлиги, шунчаки ўч олиш қуроли эканлигини тушунганман.

Каримовнинг қабулига кирмоқчи бўлганларга арзирли сабаб керак эди. Шунинг учун «Узметроном» хабарларини қоғозга чиқариб, «Матбуотда мана нималар бериляпти…» деган баҳона билан киришарди. «Матбуот» эса кимга буюртма тушса, ўшанинг устидан мағзава ағдарарди. Менинг фамилиям бу сайтнинг доимий «безаги» бўлган. Сергей Александрович қўйган ҳар бир қадамим ҳақида маълумот берарди ва хабарни чиройли бадиий тўқималар билан қориштиришни бопларди. Мақолаларини қойилмақом қилиб ёзарди-ю, лекин фактлари анча бўш бўларди. Гапи ишонарли чиқиши учун оз-моз ҳақиқат ҳам аралаштириб қўярди, албатта.

Мени «Парпиевнинг жияни»га чиқарган ва бор ютуқларимни (буни кўпроқ муваффақиятсизлик деган бўлардим) қариндош-уруғчиликка йўйган айнан шу одам бўлади.

У «Солиқ-инфо»га мажбурий обуна уюштирилганини қоралаб мақола ёзган ва тагида шундай изоҳ қолдирган эди: «Юртимизда «Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси бор-ку, яна битта газетага нима ҳожат?» Муаллиф фақат бир масалага аниқлик киритишни унутганди. «СБХ» – хусусий нашр. Бу газета ҳам у пайтга келиб, хўжалик ҳисобига ўтган «Правда Востока», «Халқ сўзи», «Постда» ва бошқа барча давлат нашрлари каби мажбурий обуна ҳисобига кун кўрарди. Республиканинг деярли 99% нашри мажбурий обуна орқали тарқатиларди. «Солиқ-инфо» улардан бири эди, холос. Лекин ҳамма «олқишлар» фақат менинг бошимга ёғилди. Ваҳоланки, мен қонунни бузмагандим. Қолган нашрларнинг эгалари бир чеккада мулойимгина бўлиб туришди. Ўша даврда ҳолат бундай эди: цензура кучли, сўз эркинлиги йўқ, газеталар ўқишли эмас, ҳеч ким сотиб олмайди. Лекин барча нашрларнинг ёпилиб кетишига ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун давлат ўзи бош-қош бўлиб, деярли барча газеталарга обунани ташкил қилиб берарди.

Шахсан мен буни нотўғри деб ҳисоблайман. Администрация раҳбари ўринбосари қилиб тайинланишим билан мажбурий обунага чек қўйиш ҳақида буйруқ бердим. Газеталарга рақамли технологиялардан фойдаланиб, дижитал маркетингга ўтишни ва бозор иқтисодиётига мослашишни таклиф этдим. «Солиқ-инфо»ни ҳам ёпдим.

2008 й.

«Солиқ-инфо» ўзи қандай пайдо бўлди? Парпиев бир неча марта «СБХ» газетасининг муассиси Михаил Маркович Перперга газетани тузукроқ чиқариш, сифатли қоғозда, рангларини тиниқ қилиб чоп этиш кераклигини гапирган. Ҳақиқатан, газетанинг қоғози ўта арзон, кўриниши талабга жавоб бермасди. Михаил Маркович ҳар сафар «хўп», деб яна ўз билганини қиларди. ДСқ раисига ёқмагани учунгина газетанинг таннархини оширишдан маъно йўқ, деб ҳисоблар эди.

Перпер раиснинг айтганини қилавермагач, Парпиев навбатдаги хизмат йиғилишида ҳамманинг ичида мендан: «Газета чиқариш қўлингдан келадими? – деб сўради. – Қоғози ҳам, босмаси ҳам сифатли бўлиши, фойдали маълумотлар билан бойитилиши керак.»

Албатта қўлимдан келади! Солиқ қўмитасида бир дунё маълумот бўлса! Бухгалтерлардан доимий саволлар келиб турар, солиқ инспекторлари уларнинг ҳар биттасига алоҳида ёзма жавоб беришарди. Бу жавоблар эса ҳамма учун фойдали эди.

Аммо битта муаммо чиқиб қолди. «СБХ»ни барча давлат ташкилотлари бухгалтерлари олишлари шарт эди. Бизнинг газета ҳам ўзини қоплаши учун обунани йўлга қўйишимизга тўғри келар экан.

– Ҳал қиламиз, – деди раис. – Асосийси, газетани яхши, фойдали, сифатли тайёрланг! ДСҚнинг расмий босма нашри бўлади.

Шу жойида бир гап айтай. «Солиқ-инфо»нинг ихтиёрий харидорлари ҳам кўп эди. Газета бухгалтерларга маъқул келди, уларнинг доимий иш қуролига айланди. Улар, яъни «Солиқ-инфо»га ўз хоҳиши би-лан обуна бўлганлар ҳақида ҳеч ким билмайди. Лекин ДСИнинг 1«обуна бўлиш шарт» деган қўнғироқларидан норозилар ҳамма ёққа шов-шув кўтарди.

Энг биринчи офисимиз ертўлада жойлашганди. Газета чиқариш – мураккаб жараён. Қизиқарли материал тўплашнинг ўзи етарли эмас. Газетани саҳифалаш, чоп этишнинг сир-асрорини ҳам билиш керак.

Биз Россиянинг шу йўналишдаги ҳамма нашрларини ўрганиб чиқдик. Газетани росмана қўлланмага айлантирса бўлар экан, унда интерактив – бухгалтерлар билан мулоқот, савол-жавоблар бериб боришимиз шарт, деган хулосага келдик.

«Солиқ-инфо»ни ҳар томонлама «СБХ»дан яхшироқ қилиб чиқаришга ҳаракат қилдик. Семинарлар ўтказиб, муаммоли масалаларни кўтарардик. Вилоятларга ҳам борганмиз. Солиқ соҳасидаги мутахассислар билан бутун мамлакатни айланиб чиққанмиз. Тадбиркорларни йиғардик, улар саволларига профессионал экспертлардан тўла-тўкис жавоб олишарди. Қисқаси, шу ишга жон-жаҳдимиз билан киришиб кетдик.

Биз учун газетанинг жонли бўлиши муҳим эди. Ҳар бир рукнни давомли юритишга эришдик ва бу ўзини оқлади. Мавзулар сондан сонга кенгроқ ёритиб берилар, натижада, ўқувчилар давомини кутарди.

Сўровномалар ўтказиб, у ёки бу муаммо бўйича тадбиркор ва бухгалтерларнинг фикрларини ўрганиб чиққанмиз. Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлганида, биз улардан биринчилардан бўлиб фойдалана бошладик.

Мақолаларни ўзимизда ишлайдиган солиқ маслаҳатчиларидан ташқари Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси мутахассислари тайёрлар, газетада журналистлар деярли йўқ эди. Долзарб мавзуларни кўтаришга, тезкор маълумотлар беришга ҳаракат қилардик. Бугунги кун тили билан айтганда, биз янгиликларни яратаётган эдик.

Дадил айта оламанки, «Солиқ-инфо» туфайли бухгалтерларнинг тушунчаси ўзгара бошлади, касбий малакаси ошди. Газета ДСҚнинг расмий нашри бўлгани учун бухгалтерлар жуда катта маблағларни тежашга, солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, умуман солиқ тизимини оптималлаштиришга ёрдам берадиган эксклюзив ахборотлардан фойдаланиш имконига эга бўлдилар. Айни пайтда мутахассис консультант ёллашга ҳожат қолмади, чунки газетанинг ўзи энг яхши маслаҳатчига айланди.

«Солиқ-инфо» газетаси мажлислар залида.

Бошида газета фақат рус тилида нашр этиларди, кейинроқ ўзбек тилида ҳам чиқара бошладик. Штат қирқ нафар ходимгача катталашди. Офисни Солиқ қўмитаси қошидаги спорт мажмуасига кўчирдик. Таҳририятимиз анча оёққа туриб олди.

На страницу:
3 из 4