Полная версия
Алламжонов айбдор
Фурқат Зокиров мени ҳайдаб юборган «Давр» студиясининг монтаж-кўрикхонаси ҳамда «Давр тонги» дастури ижодий гуруҳи.
Ҳозиргача нима иш қилсам, худди тепамда Фурқат Зокиров афтини буриштириб, «Таҳририятдан ҳайдайман!» деб ўдағайлаётгандек туюлаверади. Ҳамма лойиҳаларим пишиқ-пухта чиқиши шундан бўлса керак.
Лавҳаларни ҳаммадан яширинча, энг асосийси, директорга кўрсатмасдан тайёрлашга тўғри келарди. Камерани ялиниб олиб, кечалари монтаж қилардим. Шундаям телевидениеда бемалол кўрсатса бўладиган яхши материал чиқарди. Масалан, «қутқарув-050» хизматига бағишланган қисқагина лавҳамдан ҳатто Фурқат Зокиров ҳам камчилик тополмай, эфирга қўйган.
Кейин ФВВ3 ҳақида кўрсатув тайёрладим. Бинойидек материал бўлди, шунчалик ўзимга ёққанидан ФВВ офисига бориб, ўзларига кўрсатишга қарор қилдим.
Пешона деб шуни айтсалар керак: мен «қайдасан ФВВ» деб йўлга чиққанимда матбуот хизмати бошлиғи капитан Бегматов янги тайинланган вазир Ботир Парпиевнинг қабулида ўтириб, дакки эшитаётган бўлган. Ахборот хизмати ишламаяпти, вазифасини бажармайди, янгиликлар эълон қилмайди, телевизорда кўринмайди… Капитан Бегматов пешонасидан дув-дув оқаётган терни рўмолчаси билан артганча, боши қотиб ўтираверган. Вазир ҳақ эди.
Қабулхонадан чиққан Бегматовга ФВВ биносида ахборот хизматини қидириб юрган ёш йигитча, яъни мен рўпара келиб қолдим. Капитан роса хурсанд бўлиб кетди.
– Менга худди шу керак эди! – деди у, тайёрлаган кўрсатувимни кўриб. Кейин уст-бошимга ғалатироқ қаради-да (калта иштон – шортикда эдим): «Эртага тузукроқ кийиниб кел. Шим, кўйлак… Министрнинг олдига кирамиз», – деди.
Эрталаб ФВВ эшигига етиб келганимда иш куни бошланишига ҳали ўн беш дақиқа бор эди. Вазирнинг хонасига кирдим. Форма кийган Ботир Раҳматович каттакон стол ортида нимадир ўқиб ўтирарди. Ўзиям қоядек салобатли. Менга бир қараб қўйди.
– Ассалому алайкум… – иккиланиб, секингина стол томон юрдим. Шу пайт кутилмаган воқеа бўлди. Мен Фурқат аканинг саломимга алик олмаслигига ўрганиб қолган эканман. Вазир ўрнидан турди. Столни айланиб ўтиб, менга қўлини узатди.
– Ваалайкум. Яхшимисиз? – у шундай деб, ўтиришга ишора қилди.
Нимага келганим ҳам эсимдан чиқиб кетди. Ўзимни йўқотиб қўйдим. Кимсан вазир мен – оддий бир талаба билан сўрашиш учун ўрнидан турди-я! Бу одамни ўша кундан ҳурмат қила бошладим. Ҳалигача кўнг-лимда ана шу миннатдорлик ҳисси бор.
Ботир Раҳматович материални кўриб, жуда мамнун бўлди. Ишим унга ёқди.
– Яшанг! Энди қоғоз-қалам олиб, ёзинг. Мана бу жойида галстук сал қийшайиб қопти, бунисида фуражкани тўғрилаш керак. Манави ерга бунақа кириб борилмайди, бу томондан эмас, нариги тарафдан…
Вазирнинг гапларини ёза туриб, кайфиятим туша бошлади. Видео газета учун ёзилган репортажмас-ку, беш дақиқада ўзгартириб ташласам. Қийшайган бўйинбоғни тўғрилаш учун ўша лавҳани бошқатдан тасвирга олиш керак. У пайтлари МТРКда ҳеч ким ўзича камера ололмас, техника журналистларга жадвал бўйича, навбати билан бериларди. Оласан, қўл қўясан, жойига бориб, тасвирга тушириб келасан, хуллас, ўзига яраша тартиб-қоидаси бор. Кейин ҳамма материални монтажда йиғиб, рендер қилиш керак.
– Ёзиб олдингми? Сенга эртагача муҳлат.
Қандай улгурганимни билмайман-у, лекин эпладим. Кечаси билан ухламадим. Эрталаб тайёр қилиб бордим.
– Баракалла! Фақат кеча манави жойи эсдан чиқибди-да, шуниям қўшиб қўй, кечқурун кўрсатасан.
Вақт кечагидан ҳам кам. Ўшанда ҳаётимда биринчи марта умуман иложи бўлмаган ишни қилиб, кечгача топшириқни бажардим.
– Ана энди ҳаммаси жойида, – деди вазир. – Эфирга беравер.
Кулиб юборай дедим.
– Ботир Раҳматович, мен телевидениеда кичкина одамман. МТРК раиси у ёқда турсин, муҳаррир ҳам гаплашиб ўтирмайди мен билан. Уни ҳатто кўрмайман ҳам. Лавҳа эфирда кетиши учун унинг имзоси керак.
– Йўғ-э? – астойдил ҳайрон бўлди вазир. – Май-ли, шуям муаммоми?..
У телефонда Кўчимовнинг4 рақамини терди.
– Абдусаид ака, бизни қўллаб турганингиз учун раҳмат, йигитларингиз зўр экан, жуда яхши кўрсатув тайёрлашибди…
Ишхонада Фурқат Зокиров мени қилич яланғочлаб кутиб турган экан. Бу сафар у бутун Тошкентни бошига кўтариб бақирди. Мен уни бир тийинга олмай, рухсатсиз, навбатсиз камера олиб чиқиб кетибман. «Тирранча, думбул, аҳмоқ, эшшак… Менга юқоридан босим ўтказаман, деб ўйлама!»
Ўша кундан бошлаб икки ўт орасида қолдим. ФВВдагилар айтса, лавҳа тайёрлаб бераман, кейин директор менга заҳрини сочади: ҳар сафар вазирликдан қўнғироқ қилдириб, техника жадвалини бузармишман.
Иш кўп, МТРКдан ярим кечаси қайтардим. «Навоий» метро бекатидан охирги поезд тунги 12:03 да жўнар, нима қилиб бўлсаям, улгуришим керак эди. Бунақа пайтда метрода деярли одам бўлмайди, фақат фаррош хола каттакон швабрасини перроннинг у бошидан бу бошига судраб юради, яна икки милиционер мудраб ўтиради. Бекат бўм-бўш, нимқоронғи, овозлар акс-садо беради, ўзига хос ҳиди бор… Метронинг ҳидини шунақа яхши кўрардим-ки… Бу уйга қайтиш ҳиди эди. Тоннелдан келадиган шамол ва яқинлашаётган поезд чироқларини айтмайсизми! У мени яна бир оғир иш кунидан озод қилиб, эркинликка олиб чиқадигандек туюларди. Ҳаммасидан кўра шу ёқимли эди.
Менинг бекатим— энг охиргиси. Шунинг учун баъзан йўлда ухлаб қолсам ҳам, керакли бекатдан ўтиб кетмасдим. «Беруний5 – охирги бекат. Вагондан чиқаётганда буюмларингизни унутманг». Шу сўзларни эшитиб, уйғониб кетардим.
Берунийда соат тунги ўн иккидан кейин жамоат транспорти қатнамас, Қорақамишга6 етиб олиш учун таксичилар турган «питак»ка келардим. Охирги манзил – Тансиқбоев кўчаси, тўрт йўловчи йиғилмагунча, машина юрмайди. Мен олдинги ўриндиққа жойлашиб, совуқ кунлари печкани ёқишни сўрардим ва рюкзагимни қучоқлаганча бошқаларни кутиб ухлаб қолардим. Такси бирпасда тўларди.
Кўпинча охирида мен қолардим. Ҳайдовчилар ҳар сафар: «Тансиқбоевгача дегандинг-ку, туш энди!» – деб мен билан тортишар, мен эса яна икки юз метр юришим керак эди. Қаттиқ чарчаганимдан «Сал нарироққа ташлаб қўйинг, ака» – деб ялинардим.
Ухлашдан ҳам кўра тезроқ овқатлансам, дердим. Ўн икки йўлакли уйимиз узоқдан кўзимга каттакон бўлка нон бўлиб кўринарди. Хаёлан устига икки паррак Юсупов памилдоридан қўйиб, туз сепардим.
Ишдан эртароқ чиқсам, троллейбусда кетиб, кейин яна икки бекат пиёда юрардим. Мактабнинг ёнидан шошмасдан ўтардим, лекин панжара тугаб, қабристон девори бошланганда югуришга тушардим – атроф ваҳимали, қоп-қоронғи, салгина шитирлаган товушдан юрагим ёрилай дейди. Югурганим яхши.
Ойим қорнимни тўйдириш учун ишдан келишимни албатта пойлаб ўтирардилар. Икки хонали уйда олти киши – адам, ойим, бувим, икки синглим ва мен яшардик.
Биз – болалар бувим билан битта хонада, ерга кўрпача тўшаб ухлар эдик. Бувим менга дуо қилишни ўргатганлар. Ҳар куни ухлашдан олдин қиладиган дуолари хотирамга қаттиқ ўрнашиб қолган. Маъносини тушунмасдим-у, барибир қандайдир хотиржам бўлиб қолардим. Кейин эса ўз билганимча, деразага, юлдузларга қараб дуо қилардим. Худо энг ёруғ юлдуз томонда, У мени аниқ кўриб турибди, менга ёрдам беряпти, яқинда бой, машҳур ва бахтли бўлиб кетаман, деб қаттиқ ишонардим…
Лекин ҳозирча ҳар куни эрталаб МТРК эшигида сарғайиб, кимдир мени ўзи билан олиб кириб кетишини пойлардим. Менга ҳатто ичкарига кириш учун рухсатнома ҳам берилмаган, шунинг учун доим кимнингдир этагига осилиб олардим. Сабрим чидамай, ичкарига қўнғироқ қилсам, «Давр»нинг масъул котиби Дилшод ака менга бобиллаб берарди: «Қўнғироқ қилаверма! Ҳамманинг жонига тегиб кетдинг! Ўшатта кутиб ўтир!» Майли, умри узоқ бўлсин. Лекин шу гапларни ўқисин, бир пайтлар мени ҳатто рухсатномагаям лойиқ кўрмаган эди. Ҳалигача алам қилади. Унданам ёмони, маош бериладиган куни «Давр»нинг ҳамма ходимлари етмиш минг, юз минг сўмлаб олиб, чўнтагини тўлдириб кетишар, менга эса бир ярим-икки минг сўм тегарди. Директоримиз, агар иложи бўлганида, телестудиянинг табаррук полини оёқости қилганим учун ёнимдан тўлаттирармиди, деб ўйлаб қоламан.
Кейин мени ФВВ матбуот хизматига ишга чақиришди. Бу ҳаётимдаги биринчи ҳақиқий омад эди. ФВВ биноси шаҳарнинг қоқ марказида, ҳозирги Сенатнинг ўрнида жойлашганди. Бу вазирликка кириш ҳам худди МТРК биносига киришдек қийин бўлган. Очиғи, мен «Давр»дан ҳечам иккиланмай, жон деб кетдим. ФВВдан гувоҳнома, форма беришди, бош мутахассис лавозимига тайинлашди. Қанчалик омадим келганини хаёлга ҳам келтириш қийин – мен ўша пайтда ўзбошимчалик билан «зачётка»га баҳо қўйганим учун институтдан ҳайдалгандим.
МТРК аппарат студиясида «Солиқ хизмати» кўрсатувини ёзиб олиш жараёни.
Мен ўқимоқчи бўлган ЎзМУ журналистика факультетига кириш қийин, конкурс катта эди. Киришимга кўзим етмади, тинчгина Санъат институтининг режиссёрлик факультетига ҳужжат топшира қолдим. Режам оддий эди – бир йил ўқиб, кейин журфакка «перевод» қиламан. Ўқишга киришдан кўра кўчириш осонроқ. Ректорнинг менга муносабати жуда яхши эди, аммо иккита фандан куз-га қолдим. Биттасини-ку, курсдошим Дилмурод билан амалладик – баҳо қўйиб беришга домлани кўндирдик. Буям лекин осон бўлмади. Чунки худди шу одам мени деб декан ўринбосари лавозимидан олиб ташланган ва оддий ўқитувчи қилиб қўйилган эди. Мен унинг ичиб юришини ректорга чақиб берганман. Шунда ҳам домла менга ёрдам берди. Саҳна нутқи фанини эса «ёполмай» қолдим. Ўқитувчи опахон дам олишга кетибди. Шу фандан баҳо олмасам, ўқишни кўчириб бўлмас экан.
Сомсахонада ўртоғим билан «зачётка»ларимизга бирпас қараб ўтирдик. Мен сомсадан бир тишлаб, дафтарчага «уч» баҳони ўхшатиб чиздим. Сомсага қўшиб инсофниям еворганим йўқ, «беш» эмас, «уч» қўйдим, холос. Кейин ўртоғимга ҳам боплаб чизиб бердим. Ўзимизча, бу аёлнинг ҳам болалари бордир, бизни тўғри тушунса керак, тақдиримиз ҳал бўляпти-ку, келганида ҳаммасини очиқ айтиб берамиз, у бизни кечиради, дебмиз. Ҳужжатларни топширдик. Буёғига буйруқни кутиш қолди.
Иккинчи сентябрь куни опанинг олдига бордик. Гапни узоқдан бошладим: оилада ёлғиз ўғиллигим, ота-онам мени одам бўлсин деб, ТошДУга7 киришимни бир умр орзу қилгани…
– Нима демоқчисан? – сўради Хатира опа.
– Биз ўқишни кўчирмоқчи эдик. Сиз дам олишга кетган экансиз. Шунга, номингиздан ўзимизга «уч» баҳо қўйиб… Узр энди, опа…
Тўғрисини айтсам, Хатира опанинг бунчалик жаҳли чиқишини кутмагандим. Худди мен «зачётка»га баҳо эмас, васиятномасига қалбаки имзо қўйгандек, бирданига портлаб кетди.
– Бу нимаси, Комилжон? Ахир бу жиноят-ку! Ноқонуний иш қилгансиз!
Хатира опа гапиргани сайин нима қилиб қўйганимни, қалбаки «уч» арзимаган нарса эмаслигини тушуниб ета бошладим. У бизни ректорнинг ёнига судраб борди. «Агар бу икковини ҳозироқ институтдан ҳайдамасангиз, мен кетаман!» – деб шарт қўйди. Қаттиқ туриб олди. Чунки талабанинг, устига устак келажакда мафкурани белгилайдиган талабаларнинг ёлғонини кечириб бўлмайди. Шунча ялинсак ҳам, опа кўнмади. Икки оёғини бир этикка тиқволди. Пул ҳам, таниш-билиш ҳам ёрдам бермади.
Онамни чақиртириб, шартта: «Ўғлингиз институтдан ҳайдалди», – деб эълон қилишди. Ўша ернинг ўзида ҳушларидан кетиб қолмасинлар ишқилиб, деб қўрқиб турдим.
Ойим билан Космонавтлар хиёбонидан жимгина юриб кетяпмиз. Кайфият расво. Секин гап бош-
ладилар:
– Майли, Комилжон. Билдим, сендан катта одам чиқмас экан. Ўзи рабочийнинг боласи рабочий бўлар экан-да. Ҳечқиси йўқ, ҳозир адангнинг ишхоналарига борамиз, сени ўзларига ёрдамчи қилиб оладилар. Ҳунарли бўлиш ҳам яхши нарса. Мошина тузатиб нон топасан.
Ундан кўра тарсаки туширганлари минг марта яхши эди. Онамнинг бор умидлари мендан, менга ишонардилар. Мен бўлсам шуни билиб туриб, панд бердим.
2002 й.
Мана энди чаламулла талабани вазирликка ишга олишяпти. Хатира опадан кўпам хафа бўлмадим. Бу воқеадан катта сабоқ олдим, қайсидир маънода ўсишимга ҳам шу сабаб бўлди. Энг асосийси, ёлғон эртами-кечми фош бўлишини вақтида тушуниб етдим. Ёлғонни ичингда сақлаб, қачондир ошкор бўлишидан қўрқиб яшагандан кўра, қилмишингга яраша ўша заҳоти жазо олган яхшироқ экан. Бошида ФВВ формасида, гувоҳномамни кўтариб Хатира опанинг олдига бормоқчи бўлиб юрдим. «Мана, ким бўлганимни бир кўриб қўйинг…», —дегим келарди. Вақт ўтиб, менинг келажагимга айнан Хатира опа туртки берганини тан олдим. Устознинг олдига анчадан кейин бордим. Нималарга эришганимни гапириб бердим. Лекин суҳбатимиз умуман бошқа оҳангда бўлди.
ФВВ матбуот хизматида. «Қамчиқ» махсус қидирув-қутқарув бошқармаси фаолияти ҳақида репортаж тасвирга олиняпти.
У вақтда эса мендан бахтли одам йўқ эди. Ҳамма орзуларим ушала бошлаган, олдинда мени омадли парвоз кутаётгандек эди.
Бу шиддатли парвоз тўққиз йил давом этди. Шун-ча йил ҳар битта икир-чикирга эътибор берадиган, талабчан перфекционистнинг қўл остида жонимни бериб, байрам, дам олиш нималигини билмай ишладим. Ё ҳаммасини қойил қилиб қўясан, ёки умуман керагинг йўқ. Ўшанда бир нарсани сезганман – ўзимга душман орттиришга уста эканман. Бу «фазилатим»дан умр бўйи қутулолмадим.
Бир йил ичида ФВВнинг ахборот тизимини яхшигина ўзлаштириб олдим. Мендан доим янги ғоялар қайнаб чиқар ва улар Парпиевга маъқул келарди. Муҳими, мен бу ғояларни рўёбга чиқара олардим. Лекин кимдир ишимга аралашса чидолмасдим, вазир ўринбосарлари билан тенгма-тенг гаплашар эдим. Бир йилда ишини қойил қилиб бажарадиган мутахассис деб ҳисоблай бошладим ўзимни. Қизиғи, менинг ҳеч ким билан ишим бўлмаса ҳам, атрофдагилар нимагадир нуқул менинг ишимга аралашар эди. Бу худди ош пишириш учун ошпаз чақириб қўйиб, кейин унинг тепасида туриб, «гуручини кам сопсан, ёғни кўп қуйворибсан» дегандек гап. Индамай, ўзига қўйиб бер, олдин ошни дамласин, ўхшата олмаса, ана ундан кейин танқид қил! Йўқ, мен бир иш қилсам, ҳамма бурнини суқиши шарт! Бунга чидолмасдим, шунинг учун Комил Алламжоновни бетгачопар, ўжар деб билишарди. Бир аҳмоқ ёки тантиқ бўлсам ҳам майли экан, аммо мен ишимни қойиллатиб бажарардим! ҳамма менинг «сурбетлигим» сабабини қидира бошлади.
Ҳатто ҳукуматдагилар ҳам ўйлашиб гаплашадиган, унча-мунчани яқинига йўлатмайдиган, камгап, одамови Парпиев нима учун боласи тенги бу йигитчани етаклаб юрганини ҳеч ким тушунмасди. Олдинига ФВВга ишга олди, кейин Божхона қўмитасига, ундан кейин Солиқ хизматига. Бу боланинг нимасига ишонади? Қариндоши экани аниқ! Қарабсизки, бу бола генералнинг жияни экан, шунинг учун уни кўтар-кўтар қиляпти, деган миш-мишлар тарқалди. Бу гапларга михдай далил ҳам топилди, Парпиев – андижонлик, отаси Марғилондан. Менинг бобом ҳам асли фарғоналик. Демак, амаки-жиянмиз! Водийда ҳамма бир-бирига қариндош, бегонаси йўқ.
Аслида генералнинг ишончига кирганимнинг сабаби оддий. У жуда қаттиққўл эди. Ёлғонни, хатони кечириши қийин, сохталикни ёмон кўрарди. Менинг адашишга ҳаққим йўқ эди. У на шахсий ҳаётим, на бўш вақтим бўлишини тан олар, ўзи ҳам тинимсиз ишлар, бошқаларни ҳам тиндирмасди. Мен ҳам худди шундай ишлардим. Қила олмайман, қўлимдан келмайди, чарчадим, уйга, ойимнинг олдига боргим келяпти, дейишим мумкин эмасди. Унинг ишончини оқлашим шарт эди. Буйруқларини сўзсиз бажарардим, эътироз билдирмасдим, эринчоқлик қилмасдим. Ботир Раҳматович профессионал ходимларнинг қадрига етарди. Шундай ишлаганим, доим унга ёқадиган натижани бера олганим учун ҳам мени бир ташкилотдан иккинчисига ўзи билан олиб юрар эди. Унга «жиян» эканимни кейинроқ, «Узметроном»даги8 мақоладан билди.
Ишонч меҳнатнинг орқасидан, садоқат эса яхши ва адолатли муносабат туфайли келади. Лекин буни кўпчилик тушунмайди. Одамлар фақат қариндошларга орқа қилиш мумкин деб ўйлашади.
Парпиев ФВВдан кетганидан кейин мен ҳам у ерда узоқ ишламадим. Лекин бу ташкилотнинг ахборот хизмати савиясини айнан мен янги босқичга кўтардим, деб ўйлайман.
У пайтда одамлар ФВВ ҳақида ҳеч нима билмасди, умуман, қутқарувчилар борлигидан ҳам бехабар эди.
Бошқарма бошлиғи полковник Эргаш Икромов тозаликка катта эътибор берарди. У бошқармага кириб келганида ҳовли чиннидай бўлиши, кабинетида исириқ тутатилиши шарт эди. Идора ҳовлисига ҳар куни сув сепиб, супуриб қўйилар, қутқарув машиналари ярақлаб, бирор марта ишлатилмаган техника яп-янгилигича турарди.Бошида ишимиз кўзга кўриниши учун олдин бўлиб ўтган воқеаларни саҳналаштириб, тасвирга олдик. Худди кинолардагидек, «жароҳатланган» ҳайдовчиларнинг юзига қон ўрнига кетчуп суртиларди. Сув тошқинлари, ёнғинларни ўқув машқларига ўхшатиб уюштирдик. ФВВ қандай ишлаётганини кўрсатиш учун бу қаҳрамонликларни эфирга бердик. Кейинчалик жойларга камера билан бориб, фавқулодда вазиятларни жонли тарзда суратга оладиган бўлдик.
Кўрсатув оммалашиб, одамлар Қутқарув хизматининг 050 рақамига қўнғироқ қила бошлади. Қутқарувчиларнинг қўли қўлига тегмасди: лифтда қамалиб қолганлар борми, қудуққа тушиб кетган мушук борми…
Эсимда, бир киши «Жемчуг»9 дўкони тепасидаги уйнинг тўққизинчи қаватидан ўзини ташламоқчи бўлибди. Турли хизмат вакиллари етиб келди, қутқарувчилар уни зўрға тўхтатиб қолишди. «Одам ҳаётга бир марта келади, ҳали ҳаммаси зўр бўлади» деб, яхши гапириб, худди Америка киноларидагидек роса тўрт соат насиҳат қилишди. Охири амаллаб кўндиришди. Пастга тушганида эса кетига боплаб тепиб, сўкиб-сўкиб, ўз жонига қасд қилгани учун жиннихонага юборишди. У шунча одамнинг тўрт соат вақтини ўғирлаганди!
Кўпинча қутқарувчиларни авария бўлган жойларга, машина ичида қолиб кетган одамларни чиқариб олиш учун чақиртиришар эди. Биз бу вазиятларни эфирда кўрсата бошладик. Орада ДАН ходимларининг камчиликларини ҳам гапириб ўтадиган бўлдик. У пайтда ФВВга вазир қилиб Бахтиёр Субанов тайинланган эди. Олдин Ички Ишлар вазири ўринбосари лавозимида ДАН соҳасини назорат қилган Субанов худди собиқ ҳамкасбларидан ўч олаётгандек бўлиб қолди.
Вазир Матбуот хизмати бошлиғи лавозимига ўзининг одамини қўйди. Янги раҳбарим менга эфирда ўлим ҳолатларини кўрсатишни ва ИИВни танқид қилишни тақиқлади.
Мен эса «хўп» деб, барибир ўз билганимдан қолмадим. Нимани лозим топсам, эфирга беравердим. Бу ИИВ вазири Алматовга тегиб кетибди. «Сенинг кўрсатувларингни деб, ИИВнинг бошида калтак синди, Президент аппаратидан гап эшитишди», – дейишарди менга. Тошкент шаҳар ИИБга Алламжоновнинг овозини ўчириш буюрилди. «ИИБдагилар чўнта-гингга наша ташлаб қўйиб, қаматмоқчи», – деган гап қулоғимга етиб келди. Одатда яхшиликча кўнмайдиганларни шундай жазолашарди.
Бир куни эрталаб ишга келсам, атроф тўла милиция, Алламжоновни қидиришяпти. Яна жанжалнинг уясига тушиб қолдим. Ўшанда мени полковник Икромов ҳимоя қилиб, қутқариб қолди, шу боланинг ҳаёти барбод бўлмасин, деди. Шундан кейин бир ой уйдан чиқмай қўрқиб ўтирдим. ДАН ходимлари ҳар куни ҳайдовчимни тўхтатиб, майда-чуйда айб топиб, бошини қотиришарди.
ФВВда олган биринчи маошимни ҳамкасб акахонларим билан «ювиб» йўқ қилганмиз. Уйга обориб, ойимга кўрсатаман деб шунча кутган пулимни ҳамтовоқларимга ичириб юборганман. «Шарқ»нинг10 пастидаги кафеда жой айтиб қўйишган экан, биринчи ойлигим зиёфатга кетган. Уйга арзимаган уч-тўрт сўмни кўтариб келганман.
Иккинчи ойлигим ҳам худди шунақа қилиб ҳавога совурилди. Ёши катта, азамат икки ҳарбийга нима ҳам дея олардим?
Кейинги гал айёрлик қилдим. Пулимни энг охирида, ҳаммадан кейин берасиз, деб кассир опа билан келишиб қўйдим. Ойлигимни олдиму ғаройиб бошлиқларим, оғайниларим мени тутиб олмасидан уйга қараб қочдим.
2005-2006 йй.
Парпиев Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимини эгаллаганида унинг биринчи ўринбосари Эркин Файзиевич Гадоев эди. Ислом Абдуғаниевич «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» деган сиёсатни олиб борар, вазир ўринбосарлари раҳбарига нисбатан доим киши билмас оппозицияда бўларди. Каримов шу йўл билан ўзига керакли маълумотни йиққан бўлиши мумкин, лекин бу нарса жамоавий ишни ўлдирар, фақат ички фитналарни келтириб чиқарарди. Тизим иерархияси бўйича ҳар бир ходим кимнингдир одами эди: Парпиевнинг одами, Гадоевнинг одами, Азимовнинг одами… Бунақа шароитда ишни бошқариш учун раҳбар ўз тактикасига эга бўлиши керак. Парпиев солиқ қўмитасига ўтганида ҳаммага ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни таклиф қилди. Янги жамоа тузишини айтди. Ҳамма ариза ёзди. Кейин Ботир Раҳматович хотиржам ўтириб, бўлаётган қўнғироқларни, ким ким учун илтимос қилиб чиққанини ёзиб олди ва кучлар тақсимотининг тўлиқ жадвалига эга бўлди. Қойилмисиз?
Парпиев берган ҳамма топшириқларни унинг ўринбосари ўша заҳоти йўққа чиқариши мени доим ҳайрон қолдирарди. Мен – «Парпиевнинг одами» бу пайтда ДСҚ матбуот хизматида ишлардим.
– Нимага олдимга кираверасан? Нима кераги бор шуни? – бирор таклиф, қандайдир зарур иш билан хонасига кирсам, Гадоев ҳар сафар норози бўлиб кутиб оларди. Ёрдам беришни хаёлига келтирмасди.
Мустақилликнинг ўн олти йиллигига бағишлаб махсус альбом чиқарадиган бўлдик. Солиқ соҳасида эришилган ҳамма ютуқларни, янгилик ва ўзгариш-
ларни кўрсатмоқчи эдик. Ишчи гуруҳ тузилди. Бош жавобгар менман, лекин ҳеч қандай ваколатим йўқ. Яъни, югур-югур қиласан, ахборот тўплайсан, одамлардан статистика маълумотларини йиғишга ҳаракат қиласан, аммо ҳамма сенга эшикни кўрсатиб юборади, биров гапингга қулоқ солмайди, мабодо маълумот беришса ҳам, бир тийинга қиммат бўлади.
Парпиевнинг олдига кирдим. Китоб деярли тайёр, баъзи маълумотлар етишмаётган эди, холос.
– Китобни тезроқ чиқаринглар! Яқин кунларда Президентга кўрсатаман, – деди у. Кейин Гадоевга қўнғироқ қилиб, менга ёрдам беришни топширди. Телефонда ўринбосарнинг «Хўп!» дегани эшитилди.
ДСҚнинг навбатдаги коллегия йиғилишида.
Гадоевнинг олдига кирдим.
– Қаердан олдинг бу гапни? Тўрт кунда китоб тайёр бўлармиш! Ким тўрт кунда китоб чиқараркан?!
– Эркин Файзиевич, китоб деярли тайёр, менга фақат…
Менга нима кераклигини Гадоев эшитиб ҳам ўтирмади, ҳар доимгидай жавраб-жавраб насиҳатини бошлади. Хуллас, маълумот ололмадим.
Икки ўт орасида қолдим. Раҳбарлар-ку кейин бир-бири билан келишиб ҳам кетар, ўртада айбсиз айбдор мен бўламан. Кичкина одам бўлсам…
Очиғи, қўрқиб кетдим. Ўзимни икки каттакон китнинг ўртасида мажақланиб, овози чиқмайдиган майда балиқчадек ҳис қилдим. Парпиевнинг бир хислати бор эди, ҳеч қачон ҳеч нимани эсидан чиқармасди. Айтган иши қилиняптими, йўқми – ҳар соатда текшириб турарди. Ҳар сўраганида «Ишлаяпмиз», дейман, лекин аслида ҳеч нарса қилинмаётган эди.
Яна қабулига киришга мажбур бўлдим.
– Ботир Раҳматович, китобни вақтида топшира олмайман. Эркин Файзиевич уришиб, кабинетидан ҳайдаб солди. Бекорчи иш билан шуғулланма, деди. Нима қилай?
Было видно, что генерал сильно разозлился. Но промолчал, коротко бросил: «Иди…»
Генералнинг ёмон жаҳли чиққани кўриниб турарди. Лекин менга индамади, гапни чўзмади, «Боравер», – деб қўйди.
Душанба куни мажлис. Ўзи шундоқ ҳам ҳар душанба бўладиган мажлисларни кўргани кўзим йўқ, бу сафаргиси айниқса ортиқчалик қилаётган эди. Камига ўша куни кечаси деярли ухламаганман, зўрға кўзимни очиб, ишга учиб етиб келдим, апил-тапил формамни кийдим. Мажлис аниқ белгиланган вақтда бошланади, кечикиш мумкин эмас.
Ланж бўлиб ўтирибман, кўзлар киртайган, қовоқларим шишиб кетган. Қўмита раисининг гаплари қулоғимга бир кириб, бир кирмайди. Қарасам, ҳар гапида ўринбосарига мурожаат қиляпти. У-бу таклиф бериб, кейин Гадоевнинг фикрини сўрайди. Гадоев одоб билан, чиройли қилиб ғояни пучга чиқаради.
Шу пайт кутилмаганда Парпиев столга бир мушт туширди. Чойнак-пиёлалар учиб кетди, ҳамманинг кўзи мошдай очилди.
– Эркин Файзиевич, сиз мени аҳмоқ деб ўйлаяпсизми? Нима топширсам, «йўқ» дейсиз! Таклифларимни йўққа чиқаряпсиз, барча ислоҳотларимга тўсқинлик қиляпсиз!
Раис жаҳл билан ўрнидан турган эди, стули бир чеккага учиб кетди. Қўлидаги қалам чирсиллаб синди, униям улоқтириб юборди. Ҳамманинг ўтакаси ёрилиб, зал жимжит бўлиб қолди.
– Мана, Алламжоновни олайлик! – вазир залга қараб, мени топди. Ўтирган жойимга ёпишиб қолдим, бирдан ҳожатга боргим кепқолди. – Мен унга китоб чиқаришни топширгандим, сиз эса ҳайдаб солибсиз. Нега бу китоб керакмас, дедингиз?
– Мен унақа демадим, унақа деганим йўқ… – ўзи-ни оқламоқчи бўлди Гадоев. Унинг қаттиқ қўрқиб кетгани билиниб турарди.
Парпиев кўзойнагини ечиб, столнинг устига отиб юборди-да, залдан чиқишда эшикни шунақа қарсиллатиб ёпдики, деворда ёриқ пайдо бўлди.
Мен эса стулга ёпишганча ичкарида қолиб кетдим. Гадоев ҳаммага бир-бир кўз ташлаб, секингина: «Мажлис тугади», – деди. Йиғилганлар жимгина тарқала бошлади.