bannerbanner
Сойиб Хўжаев ҳангомалари
Сойиб Хўжаев ҳангомалари

Полная версия

Сойиб Хўжаев ҳангомалари

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля

Ҳайдар Муҳаммад

Сойиб Хўжаев ҳангомалари

(Сўзбоши ўрнида)

Ўзбек халқининг яқин ўтмишдаги ажойиб қизиқчилари эл орасида катта шуҳрат қозонганликлари ибратли ҳикоя бўлиб юради. Улар ижро этган латифа, интермедия, аския, қизиқчилик ҳолатлари халқимизнинг оғзаки дурдоналарига айланиб кетиб, секин-аста ёзма адабиётга, радио-телевидение кўрсатув ва эшиттиришларига кўчиб, адабий-бадиий тарихга айланиб бораётганлиги қувончли ҳолдир. Уларнинг табаррук номлари ҳурмат билан зикр этилади. Масалан, Юсуфжон қизиқ, Ака Бухор, Сойибжон қизиқ, Муҳиддин Дарвешов, Абдулхай Махсум, Абулқосим ака ва ҳоказо. Ҳақли равишда: ”Нега буларни “палончи қизиқ” деб аташади”, – деган савол туғилади. Бунинг сабаби, менимча, қизиқчилар ўзларининг зукко ва донишмандликлари, ҳозиржавобликлари билан қизиқ воқеаларни ижод қиладилар. Энди: ”Комик актёрлар ҳам қизиқчими?” – деган саволга шундай жавоб бериш мумкин: комик актёрлар ёзувчи ёзиб берган асарни ижро этади. Ўзи тўқимайди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаевни халқимиз Сойибжон қиpиқ деб ҳам билишининг сабабини унга тангри таоло икки томондан иқтидор ато этганлигида кўрамиз. Сойиб Хўжаев комик ролларни ниҳоятда қойилмақом қилиб ижро этган. Шу билан бир қаторда, ҳар бир ўйнаган роли сўзларининг 60-70 фоизини асосан ўзи тўқиб қўшган. Шу боис образлар жонли ва жозибали чиққан.

Энди Сойиб Хўжаев халқ ўртасида қизиқчилик қилиб айтган сўзлари, хатти-ҳаракатлари, ҳазил-мутойибалари ҳамкасблари, дўстлари, мухлислари ва шогирдлари томонидан, телекўрсатув, радиоэшиттириш, матбуот саҳифаларида, байрам сайиллари, тантанали маросимларда ижро этилиб, халқимизга маънавий озуқа бермоқда, маънавиятимизни бойитмоқда. Шунинг ўзи Сойибжон қизиқ нақадар катта истеъдодли ижодкор-санъаткор бўлганлигига далил ҳужжатдир. Президентимиз И.А.Каримов ҳам Сойиб Хўжаевнинг муборак номларини ўз нутқларида эслаб ўтиб, кулгисевар халқимизни беҳад қувонтирган эдилар.

Муҳтарам ўқувчилар, қўлингиздаги “Сойиб Хўжаев ҳангомалари” ни шогирдлари Ҳусан Шарипов, Бахтиёр Ихтиёров, рафиқалари Файзихон ойимдан ва бошқа одамлардан эшитиб, ўз тафаккуримдан қайта ўтказиб ёздим. Бу воқеаларни менга Муқимий театрининг артистлари Фароғат Раҳматова, Суръат Пўлатов, Марям Ихтиёрова, Файзулла Аҳмедов ва бошқалар айтиб беришган. Шунингдек, халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновнинг “Ишонч” газетасида босилган айрим лавҳаларини олдим. Шу билан бир қаторда Ҳамза театри ходимлари Комил Насриддинов, Обид Юнусов (Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов эмас) кабилардан ҳам эшитганимни қоғозга туширдим.

Сойиб Хўжаев ўзбек халқининг Насриддин афандисидек қизиқчи донишманд фарзанди. Насридцин афанди узоқ ўтмишдан келаётган севимли халқ қаҳрамони бўлса, Сойиб Хўжаев 1910 йилда туғилиб, ўзининг 72 йиллик умри давомида юксак санъати билан халқнинг ардоқли фарзандига айланган шахс.

Тўғри, китобчадаги воқеалар ўша ҳодиса устида бўлган кишиларнинг хотираларига айнан тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Бу табиий ҳол. Чунки мен баъзи оғиздан-оғизга ўтганларини ёзганман. Оғиздан-оғизга ўтиш ва қоғозга тушиш вақти воқеалардан қай бир ҳолатлар тушиб қолади ёки қай бирларига қўшиб айтилади. Натижада воқеаларнинг хабардор кишининг ёдидагига менинг ёзганим тўғри келмай қолса, олдиндан узр сўрайман.

Ўн бир ёшида отадан етим қолган Сойибжонни тақдир сўқмоқлари Қўқон болалар уйига олиб келади. 1927 йилда Қўқон театрининг раҳбарлари “Ҳалима” спектакли учун оммавий саҳналарга йигит-қизлар танлаш учун болалар уйига келишади. Бир неча йигит-қизларни таклиф қилишади. Шуларнинг орасида 17 ёшга тўлар-тўлмас шўх, тийрак, қизиқчиликка мойил Сойибжон ҳам бор эди. Бу улуғ санъат арбоби, қизиқчилик юлдузининг туғилиши эди.

Сойибжон Қўқон театрида роллар ўйнаб, тезда халқ назарига тушади. Унинг довруғи Тошкентга етиб келиб, 1937 йилда пойтахтга таклиф қилинади ва Муқимий театри ташкил бўлгач, унга ўтиб, то умрининг охиригача шу санъат даргоҳининг абадий актёри бўлиб қолади.

Сойиб Хўжаев ажойиб инсон, истеъдодли актёр, самимий дўст, меҳрибон устоз бўлганлиги учун борган сари хотира юлдузи чарақлаб, сўзлари халқ ҳикматига айланиб бормоқда.

Олтин соат қолиб кетибди

Бир куни Муқимий театри артистларидан бир гуруҳини машҳур боғбон Ризамат ота боғига бир тадбирда хизмат қилиш учун чақиришади. Катга банкет-базмда қўшиқ айтиб, ўйнаб хизмат қилишади. Лекин ҳеч ким қистир-қистир қилмайди. Охирида совға-салом ҳам беришмай қуруқ хайрлашишади. Улар енгил машинада боришган бўлишади. Машинага чиқиб ўтирамиз дейишса, оёқ қўядиган жойлар узумга тўлиб кетибди. Бу гуруҳга Сойиб Хўжаев бош бўлиб борган экан. Амаллаб ўтириб йўлга тушишибди. Йўлда Сойиб Хўжаев бу узумларни ким келтириб қўйди, деб ўтирганлардан сўрайди. Боя базм қизиган вақтда бир учарроқ артист “Мен чекиб келай”, деб чиқиб кетган экан. У: “Мен тўлдириб қўйдим. Мезбонларнинг муомаласидан қуруқ кетадиганга ўхшаймиз. Боя келаётганда бир шиғил узумли ишкомни кўз остига олиб қўйгандим. Сўрасам, тажриба учун олиб қўйганмиз дейишганди. Бордим-да, ҳаммасини узиб, машинага жойладим”, – деди мақтаниб, қойил қилдимми, дегандек.

– Яхши, энди буни нима қиламиз? – деб Сойиб Хужаев сўрайди.

– Бўлишиб олиб еймиз, – дейди у.

– Сени ҳали бола-чақанг йўқ, шунча узумни яримтага алишиб ичиб, спектаклларга келмай қўясан. Менинг болаларим кўп, мен уйга олиб кетаман, – депти Сойиб Хўжаев. Ҳеч ким индамапти. Машина анча жойга борганда:

– Вой, қўлимдаги олтин соатим қолиб кетибди. Машинани қайтар, ўша ерга бориб келамиз, – депти Сойиб Хўжаев. Артистлар: “Қўйинг энди, Сойибжон ака. Битта соат деб яна шунча жойга қайтиб борамизми?” – дейишипти.

– Эй, биласизларми, у соатни энг каттакон одам совға қилиб, қўлимга тақиб қўйган. Мени чақирганда ёки олдига борганимда соат юряптими деса, йўқотиб қўйганман, дейманми. Эй, эсинг қурсин, демайдими, каттакон одам. Унда мен нима деган одам бўламан. Йўқ, қайтар, – деб туриб олипти. Ниҳоят, машина орқага қайтибди. Боғнинг олдига борганда:

– Энди узумларни туширинглар! У ерга узум билан борсак бўлмайди, – деб туриб олибди. Охири узумни боғнинг олдига туширишибди. Энди кетдик дейишибди. Машинага ўтиришиб, банкет-базм бўлган тарафга кетишаётганда: “Қайтар изингга, олтин соатим чўнтагимда экан. Лекин виждонимизни эсдан чиқариб қолдирган эканмиз. Энди уйга кетдик”, – деган экан Сойиб Хўжаев.

МАШҲУР ҚЎШИҚЧИ АЗИМ МУЛЛАХОНОВ КАСАЛ БЎЛГАНДА

Машҳур эстрада қўшиқчиси Азим Муллахонов Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматованинг ўғли эканлигини кўпчилик билмаса керак. Азимжон гўдаклик вақтида Муқимий театрида ишлайдиган онаси Каттақўрғон шаҳрига гастролга олиб боради. У вақтда оналарга боласи 4 ой бўлгунча тарбия учун вақт бериладиган қонун бор эди. Ҳозиргидек уч йил эмас. Шунда гўдак иситмалаб, қаттиқ касал бўлиб қолади. Кимдир шу ерда Қавс мозори борлиги, унга гўдакни олиб бориб зиёрат қилдирса, дарров тузук бўлишини айтади. Фароғат опа Сойиб Хўжаев билан Қавс мозорига Азимжонни олиб боришади. Фароғат опа болани қабрдан ўнгга қараб айлантириш керак деса, Сойиб ака, йўқ, чапга қараб айлантириш керак дейди. Хуллас, Фароғат опа билганича дуо ўқиб, ихлос билан икки марта ўнгга, икки марта Сойиб Хўжаев айтгандек, чапга айлантиради. Шунда Сойиб ака:

– Порогсердца (Фароғат опани ҳазиллашаб шундай деб чақирар экан), ўғлинг тузук бўлса, эртага чойхонада ош қилиб берасан, келадиган одамларни ўзим айтаман, – дейди.

–Сойибжон ака, ош сиздан айлансин, ўғлим тузук бўлса бўлди, ошдан қочирасизми? – дейди Фароғат опа.

Ўғли тезда тузук бўлади. Эртаси 5-6 кишига чойхонада Фароғат опа ош буюради. Сойиб Хўжаев ўзи таклиф қилган ҳамкасблари келади. Маза қилиб ош еб бўлишгандан кейин улфатларига:

– Бу ошни Порогсердца қилди. Энди беш-бешдан ташлаб қўясанлар. Хотин кишининг ошини текин еб бўлмайди, – дейди. Улар Сойиб Хўжаевнинг айтганини қилишиб, 5 сўмдан ташлашади. Уларни йиғиб Фароғат опага беради.

ШОАБДУРАҲМОНБОЙ, ПУЛ ҚИСТИРМАЙСИЗМИ?

Муқимий театрида турли хўжалик вазифаларида қарийб 60 йилча ишлаб келаётган Кимсанбой ака Шоабдураҳмоновнинг яхши ошпазлик касби ҳам бор, тўйларда ош дамлаганда илик қилиб юборади. Театр ходимларининг деярли ҳаммасининг тўй ва бошқа маросимлари ошини дамлаган, ажойиб, дилкаш инсон бўлганлиги учун театрда уни ҳамма яхши кўради. Кимсанбой ака тўй қилса театр кўчиб боради. Сойиб Хўжаевни Кимсанбой аканинг ота-амакилари алоҳида ҳурмат қилишади. Чунки уларнинг тўй-ҳашамларига бориб, кўп қизиқчиликлар қилиб, уларнинг муҳаббатига сазовор бўлган санъаткор. Кимсанбой бир куни тўй қилиб, театр жамоасини таклиф қиладилар. Сойиб Хўжаев гул бўлиб боради. Кимсанбой аканинг оталари шу вақтда 81 ёшларида бетоб бўлиб ётиб қоладилар. С.Хўжаев ўртада қизиқчилик қилиб турганида бирдан Шоабдураҳмон ака ётган хонага кириб борадилар-да, қизиқчилик қилиб:

–Чол, нега ётибсиз? Ўламан деб ўйламанг. Сизни Шоабдураҳмонбой дейишади. Пулдан борми? – дейди.

Чол заиф овозда:

– Бор,– дейди.

–Унда чўзинг, мен азроил билан гаплашиб, умризни яна етти-саккиз йилга чўзиб бераман,– дейди Сойиб Хўжаев беморнинг кўнглини кўтариш учун. Сойиб Хўжаев орқасида бу ҳазилни эшитиб турган Кимсанбой ака:

–Отамнинг пуллари менда туради, – деб, Сойиб аканинг икки чаккасига юз сўмликдан қистиради.

– Ия, шунақами, ундай бўлса, ота, яна етти-саккиз йил ўйнаб-кулиб юринг, – деб юз-кўзларидан ўпиб, соқолларини силаб чиқиб кетади. Шундан кейин Шоабдураҳмон ака яна 7 йилча умр кўриб, вафот этадилар.

БУРНИНГДАН ОТАМАН

“Малиновкада тўй” спектаклида Марям Ихтиёрова немис аёли ролини ўйнар экан. Бурнига қиррали қўшимча бурун ясаб, грим қилишибди. Яққол кўзга ташланадиган бурун чиқибди. Томошабиннинг ҳам дарров диққатини тортар экан. Немис аёли партизан ролини ўйнаётган Сойиб Хўжаевга қараб:

– Менга отганинг билан мендан барибир ўқ ўтмайди, овора бўласан, – дер экан. Пьесада бошқа сўз йўқ экан. Шунда топқир Сойиб Хўжаев: “Агар ўзингга ўқ ўтмаса, нақ бурнингдан отаман”, – деганда зал қарсакдан гулдираб кетган экан.

ПАЛОВНИ МЕН ҚЎЛИМНИ ЮВМАЙ ЕЙМАН

Бир гуруҳ санъаткорлар билан Сойиб Хўжаев пахта теримига боришибди. “Ҳамма пахтакор” шиори авжига минган вақт экан. Дала ҳашарчилар билан тўла. Тушлик вақти бўлиб қолипти. Икки чиройли қиз келиб Сойиб Хўжаевни бирга тушлик қилиш учун ўз давраларига таклиф қилибди. Сойиб Хўжаев рози бўлиб борибдилар. Борсалар ўн чоғлиқ қиз давраси ўртага катта сопол лаганда палов қўйиб, кутиб ўтиришган экан. Шунда қизлар оққушлардай гур этиб туриб Сойиб аканинг тўрга ўтишини, аввал қўлларини ювиб олишини таклиф қилишибди.

– Қизлар, мен ҳозир паловдан олдин қўлимни ювмайман, – депти Сойиб ака.

– Нега? – ҳайрон бўлиб сўрашибди қизлар.

–Нега дейсизларми? Биринчидан, мен паловга қўлимни урмайман. Иккинчидан, Сизлар менга бир ошамдан ошатасизлар. Қорним тўяди-қолади, – деган эканлар.

ЗИНДОН ЭНАНГНИ УЙИМИДИКИ, ЧИРОҚ ЁҚИБ ҚЎЯДИГАН

Муқимий театрининг “Равшан ва Зулхумор” спектаклида зиндонни тешиб чиқиш саҳнасида Равшан ролини Ҳамза Умаров, Эрсак ролини Сойиб Хўжаев ўйнар экан. Бир куни Сойиб Хўжаев Ҳамза Умаровга:

– Постановка бўйича биласан, зиндонни мен оддин тешиб чиқаман, кейин сен чиқасан, шундайми? – дейди.

– Шундай, —дейди Ҳамза Умаров.

Шунда Сойиб Хўжаев:

– Бугун зиндонни сен олдин тешиб чиқасан, кейин мен чиқаман, – дейди. Спектакль чоғида Ҳамза Умаров зиндонни тешиб чиқиб:

– Вой-бў, бу ер намўнча қоронғу, – дейди.

Сойиб Хўжаев:

– Зиндон энангни уйймидики, чироқ ёқиб қўядиган. Зиндон қоронғу бўлади-да, – дейди.

Залда гулдурос қарсак янграйди.

Шу куни асар муаллифи Комил Яшин келиб, спектакль кўраётган экан. Раззоқ Ҳамроевга: ”Сойибжон топиб айтди, шу сўзни пьесага киритиб қўйинг”, – деган экан.

МОСКВА ҚОЙИЛ ҚОЛГАН РОЛЬ

1959 йили Москвада ўтган декадада Муқимий теадрининг бош режиссёри Раззоқ Ҳамроев Сойиб Хўжаевга қаттиқ танбеқ беради.

– Сойибжон, бу ерда спектаклларга биронта сўз қўшмайсиз. Бу ернинг театршунос олимлари қилни қирк ёради. Ўзбекчани тушунмаса ҳам хатти-ҳаракатдан ортиқча бегона сўзни билади. Келишдикми? – Дейди.

– Эшитдим, ўртоқ Ҳамроев, лекин мен сўз қўшмасам хотиним талоғ бўлади, – дейди Сойиб Хўжаев.

–Бўлмаса, шу ернинг ўзида бўшатаман, дейди Раззоқ Ҳамроев.

Кечқурун ҳаммани йиғиб мажлис ўтказишади. Спектаклга ҳамма чиқиши керак, халқ артистлариям, хизмат кўрсатганлар ҳам оммавий саҳналарда иштирок этиб, спектаклнинг савиясини баланд кўтаришга хизмат қилиши керак, деб Раззоқ Ҳамроев уқтиради ҳамда ҳар бир артист спектакль руҳига қараб, ўзига ҳолат ва кийим топишини тайинлайди. Ҳамма тушунарли, деб тарқалишади. Сойиб Хўжаев ўзидан сўз қўшмаслик ҳақида танбеҳ олган. Сўзсиз ҳолат топишни ўйлайди. Ва, ниҳоят топади. Эртаси спектаклда Сойиб Хўжаев қўлига “А” ҳарфига ўхшаган ер ўлчоғичини олган, қийиқчани пешонабоғ қилиб боғлаб, катта бутафор қизил қаламни қулоғига қистирган, елкага ҳарбий планшет сумкани осган ҳолда спектаклнинг хирмон саҳнасида кўринади. Ва саҳнани у бошидан бу бошига “А” ўлчагич билан ўлчаб, супачага кўкраги билан ётиб олиб, планшетни очиб, қоғоз олиб, қизил қалам билан нимадир ёзади, ўчиради, чизади, яна туриб шу ҳолатни такрорлайди. Бир оғиз ҳам сўз айтмайди. Спектакль баланд қарсаклар билан тугайди. Эртаси спектакль муҳокамаси бўлганда машҳур театршунослар бош ролда ўйнаганлар қолиб, фақат Сойиб Хўжаев ролини мақтаб кетишади. Шунда Сойиб Хўжаев сўз олиб, ўзбекчалаб:

– Мени ишдан ҳайдамоқчи бўлган Ҳамроев, сўз қўшганим йўқ. Мақтовларни эшитдизми? Спасибо, театраведлар, – деб тушиб кетади.

Раззоқ Ҳамроев:

– Зўрсиз, – дейди тан бериб.

ШЛЯПА ОСТИДА БОДОМ

Бир куни Сурхондарёнинг Деновдаги Дендропаркига бир гуруҳ артистларни олиб боришади. У ерда мевали дарахтлар тажриба сифатида ўстирилиб, мевалари териб олинар экан. Бодом пишган вақти бўлгани учун артистлар бодомларни теришиб, чақишиб, чўнтакларига солишибди. Кимдир, бодом ва бошқа мевалардан тўйганча енглару чўнтакка солманглар! – депти. Парк дарвозасининг олдига келганда Наби Раҳимов “Ҳаммангнинг чўнтагингни ўзим текшираман”, деб дарвоза олдига туриб олибди. Сойиб Хўжаевнинг чўнтагида бодом бор экан. Дарров олиб, шляпасининг ичига солиб, бошига кийиб олипти-да, шимининг икки чўнтагини астарини чиқариб, Наби Раҳимовнинг олдига келипти.

– Набижон, чўнтакларим бўш, – депти.

Бодомни шляпасига солаётганини Наби ака кўриб турган экан.

– Сойибжон, шляпанинг тагида бош борми ўзи? – деб шляпани кўтарса, дув этиб бодом тўкилипти. Бу нима? – депти дўқ қилиб Наби ака.

–Набижон, сиз яхши биласиз, мен Тошболта куёвман. Парининг онаси рақматли деновлик бўлган. Бу ерга келганимга бошимдан қайнонам бодом сочди-да, – деб ҳаммани кулдирган экан.

СОЙИБ ХЎЖАЕВ СУВГА ЧЎККАНДА

Бир куни кинорежиссёр Али Ҳамроев бир фильмни суратга олаётганда Сойиб Хўжаев ўйнайдиган қаҳрамон сувга чўкиши керак экан. Шунинг учун Сойиб акани тез оқар сойга олиб бориб, суратга ола бошлашипти. Шунда ҳақиқатан ҳам Сойиб Хўжаев ростмана сувга чўка бошлабди. “Мени қутқаринглар!” – деб бақирипти, Режиссёр билан оператор съёмка табиий чиқаётганлигидан хурсанд: “Яхши! Яхши! Табиий чиқяпти”, – дейишипти.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «Литрес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Конец ознакомительного фрагмента
Купить и скачать всю книгу