bannerbanner
Евгений Онегин
Евгений Онегин

Полная версия

Евгений Онегин

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
1 из 3

Александр Сергеевич Пушкин

Евгений Онегин. Шеърий роман

УЛУҒ ШОИРНИНГ ШОҲ АСАРИ

Улуғ ижодкорлар қанчалик кўп ва хўб асарлар ёзган бўлишмасин, улар орасида одатда биттаси шу қалам соҳибининг ташрифномаси бўлади. Биз Фирдавсий деганимизда «Шоҳнома» кўз олдимизга келганидек, Шекспир номини тилга олишимиз билан қаршимизда «Ҳамлет» гавдаланади. Худди шунингдек, буюк рус шоири А.С.Пушкин номи жаранглаши билан зеҳнимиз «Евгений Онегин»ни чақириб олади. Аммо бу ҳол на «Отелло» ва на «Борис Годунов»нинг, Шекспир ва Пушкиннинг олтин қаламига мансуб бошқа шоҳ асарларнинг йўқлигини мутлақо англатмайди.

Ўзбек халқи XX асрда, маълум сабабларга кўра, мумтоз ва замонавий рус адабиёти намояндалари ижоди билан кўпроқ танишди. Шулар орасида ўзбек тилига энг кўп таржима қилинган ва асарлари ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган ижодкор Александр Сергеевич Пушкиндир.

Ўзбек халқи Пушкиннинг ҳаёти ва ижоди билан 1899 йили шоир туғилган куннинг 100 йиллиги муносабати билан таниша бошлаган. Шу йили унинг «Шоир» ва «Шоирга» шеърларидан ташқари, «Балиқчи билан балиқ эртаги» ва «Боқчасарой фонтани» асарлари «Туркистон вилоятининг газети» орқали ўзбек китобхонлари эътиборига илк бор тақдим этилди. Лекин бевосита рус тилидан таржима қила оладиган ўзбек шоир ва таржимонлари ҳали етишиб чиқмагани учун улар А.Самойлович ва Али Асқар Калинин томонидан ўзбек тилига ўгирилган эди. Бу маърифатли кишилар ҳам шеърий таржима санъатидан узоқ бўлишган ва шу сабабли мумтоз рус шеърияти намуналарини насрий баён қилишдан ўзга йўлни топа олишмаган. Аммо орадан бор-йўғи 35–36 йил ўтиб, Пушкин ҳалок бўлган куннинг 100 йиллиги нишонланадиган бўлганида, янги ўзбек адабиёти ва янги ўзбек адабий тили шаклланиб равнақ топаётган, рус шоирининг шоҳ асарларини маҳорат билан таржима қила оладиган шоир ва таржимонлар авлоди етишиб чиққан эди. Ўзбекистон ҳукумати тарихий сана муносабати билан махсус қарор қабул қилиб, бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларни Пушкиннинг энг сара асарларини ўзбек тилига таржима қилишга сафарбар этади. Ойбек зиммасига рус шоирининг энг муҳташам асари – «Евгений Онегин» шеърий романини таржима қилиш масъулияти юкланади.

Бу Ойбек учун ҳам, шу адабий маъракага жалб этилган бошқа ижодкорлар учун ҳам катта имтиҳон ва машаққатли иш эди. Агар Чўлпоннинг 1934 йилда Шекспир «Ҳамлет»ини ўзбек тилига зўр муваффақият билан таржима қилганини инобатга олмасак, ҳали жаҳон адабиётининг бошқа бирор дурдонасини ўзбек тилига ўгириш тажрибаси бўлмаган эди. Шунинг учун ҳам республика ҳукумати ўзбек маданияти тарихида илк бор амалга оширилаётган бу тадбирга катта аҳамият бериб, Тошкентнинг энг хушманзара манзилларидан бири – Чимён қишлоғида «пушкинчи таржимонлар» учун еттита ўтов тикиб беради ва бошқа шарт-шароитларни муҳайё этади.

Ҳали ўзга тилдаги бирор йирик асарни ўзбек наволарида янгратиб улгурмаган Ойбек чекига тушган ишга катта масъулият билан ёндашиб, устози Чўлпондан маслаҳат сўрайди. Шу йилларда сиқув ва тазйиқ остида бўлган Чўлпон «Онегин»нинг 14 сатрлик икки бандини 11 ҳижоли бармоқ вазни билан таржима қилиб, Ойбекка шу йўлдан боришни маслаҳат беради. Унинг фикрича, ҳар бир сатридан юксак бадиий тафаккур ёғдулари чақнаб турган, 7 ҳижоли ямбда ёзилган асарнинг бадиий латофатини ўзбек тилида 11 ҳижоли бармоқ вазни орқалигина ифодалаш мумкин эди. Ойбек устоз маслаҳатини миннатдорлик билан қабул қилиб, таржима учун 11 ҳижоли «бармоқ»ни танлади.

«Евгений Онегин»нинг аҳамияти рус адабиётидаги биринчи шеърий роман бўлганлиги билангина белгиланмайди. Бу асарни 1823 йил 9 майда Кишинёвда бошлаган Пушкин унга 1830 йил 25 сентябрда Болдино қишлоғида сўнгги нуқта қўйган. Шу етти йил ичида Россия ҳаётида ҳам, Пушкин ҳаётида ҳам кўплаб воқеалар содир бўлган эди. Шоир шу воқеалар таъсирида дам асар устида ҳамма нарсани унутиб ишлаган, дам уни четга суриб қўйган. Катта «ижодий» танаффуслар бўлганига қарамай, асар воқеалари ҳам, лирик чекинишлар ҳам, худди паровозга уланган вагонлардек, шоир чизиб берган издан нурли манзил сари изчил ривожланиб, юксалиб боради.

Асар қаҳрамонлари кўп эмас. Лекин шоир Онегин ва Татьяна, Ленский ва Ольга сингари қаҳрамонлар образининг тўла қонли чиқиши учун улар яшаган тарихий даврни, шу даврдаги ижтимоий-маданий ва маиший муҳитни шундай маҳорат билан тасвирлаганки, шу ҳол туфайли В.Г.Белинский бу асарни «рус ҳаётининг қомуси» деб баҳолаган эди. Шу тарихий даврнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ва муҳими шундаки, Буюк Пётр даврида Европага «дарча очган» рус жамияти энди европалашган, аниқроғи, Сенадан эсаётган шабада билан нафас олиб, рус «нон»ига француз «сариқ мой»ини суртиб истеъмол қилаётган ва шу билан ўзини маданиятнинг арши аълосига кўтарилган, деб ўйлаётган эди. Пушкин ватандошлари ҳаётидаги шундай ўзгаришларга киноя билан қарайди. Бироқ асарда олға сурилган фикр бундан кўра залворли. Бу фикр истеъдодли шоир Ленскийнинг Францияда юз кўрсатган урф таъсирида Россияга кириб келган дуэль туфайли бекордан-бекорга ҳалок бўлиб, унутилиб кетиши, енгил ҳаёт шарбатини ичавериб, танбал бўлиб ўсган Онегиннинг эса жамиятнинг «ортиқча кишиси»га айланиши билан боғлиқ.

Асар бадииятининг ўзига хослиги ва бетакрорлиги, аввало, «Онегин банди» билан ёзилганида. 14 мисрали бу банднинг қофияланиш тизими қатъий белгиланганлиги сабабли Пушкиннинг шеърий романини бошқа тилларга таржима қилиш осон эмас. Ойбек ҳам асарни ўзбек тилининг наволарига солишда худди шу масалада қаттиқ заҳмат чеккан.

Пушкин маҳоратини белгиловчи омиллардан бири шундаки, у воқеаларни ҳикоя қилмайди, балки аксар ҳолларда у ёки бу воқеаларга ўз муносабатини билдириб, тасвирни фалсафий ўйлари ва ҳаётий кузатишлари билан бойитиб боради. Муҳаббати навқирон Онегин томонидан рад этилган Татьяна кекса генералнинг меҳр-муҳаббатига муяссар бўлади. У Ленскийдан фарқли ўлароқ, оқилона ва, айтиш мумкинки, бахтли ҳаёт кечира бошлайди. Шоир унинг шу ҳолатини кузатиб, бундай фалсафий хаёлларга боради:

Любви все возрасты покорны;Но юным, девственным сердцамЕе порывы благотворны,Как бури вешние полям.

Бу ва кейинги қуйма сатрларни Ойбек бундай таржима қилган:

Севгига бўйсунар ҳамма – ёш-қари,Лекин ёш ва тоза қалбларга, баҳорЁмғири қирларни яшнатган каби,Ишқнинг жўшишлари гўзал, хайркор:Севги ёмғирида бўлиб топ-тоза,Қалблар янгиланар, етилар росаВа қудратли ҳаёт бағишлар кўркам.Чиройли гуллар ҳам, ширин мева ҳам.Ёш улғайиб, дармон кетганда лекин,Бизнинг умримизнинг бурилишидаЎлик эҳтироснинг изи фожиа:Совуқ куз фаслида бўрон ва ёғинКўм-кўк ўтлоқлардан ботқоқ ясайди,Яшил ўрмонларни яланғочлайди.

Шундай нозик ва рангин ипак билан тикилган асарга уч-тўрт ойда янги ҳаёт бағишлаш осон эмас.

1936 йилнинг эрта баҳорида «Онегин»ни Чимёнда таржима қила бошлаган Ойбек 20 августда таржимага сўнгги нуқта қўйиб, оиласи бағрига қайтади. Лекин «айрим бобларнинг таржимаси суюқ» эканлигини сезган таржимон «бундай қисмлар» устида қаттиқ ишлайди ва таржимани «қиш ўрталарига яқин» тамомлашга муваффақ бўлади. Аммо 1949 йилда Пушкин таваллуди 150 йиллигининг нишонланиши ва шоир асарлари кўп жилдлик нашрининг тайёрланиши муносабати билан таржимани яна бир бор жиддий кўриб чиқади.

Пушкиннинг ўзбек тилига илк бор таржима қилинган «Поэт» («Шоир») шеъри дастурий аҳамиятга молик бундай мисралар билан бошланган:

Пока не требует поэтаК священной жертве Аполлон,В заботах суетного светаОн малодушно погружен;Молчит его святая лираДуша вкушает хладный сон,И меж детей ничтожных мираБыть может, всех ничтожней он.Но лишь божественный глаголДо слуха чуткого коснется,Душа поэта встрепенется,Как пробудившийся орел…

Номаълум таржимон бу шеърни 1899 йилда бундай таржима қилган: «Ҳар қаю баланд даражадаги шоир шоирлик хусусида фикр ва хаёл айламаган вақтда бўлак одамлардек умр ўтказадур. Ул вақтда мазкур шоир назм айламай, индамай, уйқудагидек турадур. Ва шул вақтда шоир ўзи кўп зеҳнлик бўлса ҳам, ер юзидаги бўлак одамлардан бечора, пастроқ кўринадур. Ва лекин шоирнинг кўнглига худонинг илҳоми бўлса, ул шоирнинг жони жунбишга кириб, уйқудан уйғониб турган бургутдек осмон тарафига ўз фикрини парвоз қилдиради…»

Бу «таржима»да XIX аср сўнгги – XX аср аввалидаги ўзбек таржима мактабининг ҳам, ўзбек адабий тилининг имконият даражаси ҳам, худди кўзгудагидек, яққол кўринади. Ўтган 30–35 йил ичида ўзбек адабий тили шу қадар гўзал бир тарзда шаклланган эдики, ҳатто Шекспирнинг «Ҳамлет»и-ю Пушкиннинг «Евгений Онегин»ини ўзбек тилига юксак бадиий савияда таржима қилиш имкони туғилди. Бунда Чўлпон билан бирга Ойбекнинг ҳам ҳиссаси беназирдир.

Ҳали «Онегин» Чўлпон ва Қодирий тилида сўзламай туриб, Элбек Пушкин асари таъсирида, ўзбек адабиётида биринчи бўлиб 1934 йилда «Тозагул» шеърий романини ёзган эди. Орадан 30-йилларнинг фожиали ва 40-йилларнинг суронли воқеалари ўтгач, Мирмуҳсин 1958 йилда «Зиёд ва Адиба» шеърий романини яратди. Кейинчалик шеъриятнинг бу муаззам жанрига Ҳусниддин Шарипов билан Муҳаммад Али ҳам мурожаат этиб, «Бир савол» (1972) ва «Боқий дунё» (1981) асарларини шеърият мухлисларига ҳадя этдилар. Пушкин романининг ўзбек тилига таржима этилиб, ўзбек китобхонларига манзур бўлиши миллий адабиётимизда шеърий роман жанрининг шаклланишида муҳим омил бўлди.

«Пушкинни ўқиш, ўрганиш, – деган эди Ойбек рус шоирининг 150 йиллиги муносабати билан ўтказилган илмий анжуманда, – ва, айниқса, уни ўзбек тилига таржима этиш орқали шоирларимиз Пушкиндан маҳорат сирларини ўргандилар. Ўзбек поэзиясига кириб, ўзлашаётган қатор шеърий формалар – баллада, элегия, «бағишлов»лар – бари Пушкин поэзиясидандир. Бу кунги достонларимиз Пушкин мактабида ўқиш ва ўрганишнинг натижаси ҳамдир. Шеър тузилиши ва қофиялар системасида ҳам улуғ рус шоирининг «сабоғи»ни кўриш мумкин. Айниқса, ўрта асрларга хос эстетик нормалардан янги, реалистик, жонли, табиий образлар системасига ўтишда Пушкин бизнинг шоирларга муаллим бўлди».

Бу сўзлар айтилган 1949 йилдан кейин, айниқса, XX асрнинг 60-йилларидан бошлаб ўзбек адабиёти дарвозалари кенг очилиб, жаҳоннинг бошқа мумтоз ва барҳаёт ёзувчилари ҳам ўз асарлари билан кириб кела бошладилар. Улар ижоди билан танишиш, уларнинг сара асарларини она тилига таржима қилиш миллий адабиётимиз бадиий уфқларининг янада кенгайишига имкон берди.

Аммо бу ҳол Пушкин ижодининг ҳозирги кундаги қимматини асло пасайтирмайди. Ўзбек китобхонлари буюк рус шоири асарларини севиб ўқишда, шоирларимиз эса ундан сабоқ олишда давом этажаклар.

Наим КАРИМОВ,филология фанлари доктори

Евгений Онегин

Petri de vanite il avait encore plus de cette espece d’orgueil qui fait avouer avec la meme indifference les bonnes comme les mauvaises actions, suite d’un sentiment de superiorite, peutetre imaginaire.

Tire d’une lettre particuliere 1.Ниятим: киборлар эрмаги эмас,Қадрлаб дўстликнинг илтифотини,Истадим бағишлай меҳрингга эваз –Муносиб куйларнинг мукофотини,Токи гўзал руҳга бўлсин у манзур,Муқаддас хаёллар билан лим тўлғунТирик шеъриятки, тоза ва сернур;Унда юксак ўйлар, соддалик – мазмун:Хўб энди, орзуманд қўлинг чўз жасур,Қабул эт ранг-баранг боблар тўпламин,Бу кулги ва қайғу аралаш, гўзал,Ҳам ўзи халқона, ҳам соз, мукаммалҲангомаларимнинг камтар мевасин,Уйқусиз кечалар, енгил илҳомлар,Думбул, сўлғун йиллар ижодини, ҳамЮракнинг дардини қабул эт бу дам2.

БИРИНЧИ БОБ

Ҳам яшашга ошиқади, ҳам ҳис этишга шошади. К. Вяземский 3 I       «Тақводор, қоидапараст амакимБўларкан касалга чинакам дучор,Ўзин иззатлашни у кўрди лозим,Бундан соз тадбирни топмоққа ночор.Унинг бу қилиғи бошқага ибрат:Лекин, Парвардигор, бу қандай заҳмат,Бемор киши билан кундуз ҳам, тун ҳамЎтириш, силжимай ундан бир қадам!Нақадар тубанлик, маккорликки бу;Ўлимтик кишини сен овунтирсанг,Тўшак-ёстиғини тузатиб турсанг,Дори-дармон берсанг, гўё серқайғуВа ҳамда хўрсиниб ўйласанг шу он;Қачон сенинг жонинг қабз этар шайтон!»II          Шундай ўйлар эди ён-ёш шумтакаПочтавойда чангда ошиб дала, қир.Зевснинг илоҳий иродаси-ла4,Бутун ақрабога у ворис ҳозир.Людмила, Русланнинг5 дўсту ёрони!Менинг романимнинг шу қаҳрамониБилан ҳозир сизни, муқаддимасиз,Таништириш учун рухсат этингиз:Танти бир ошинам бўлган ОнегинНева бўйларида туғилган эди.Сиз ҳам у ерларда, ўқувчим, балкиТуғилган ё жилва қилгансиз ёрқин!У ерларда мен ҳам кезгандим бурун:Лекин зарарлидир шимол мен учун6(1)*III       Хизматин бажариб аъло ва асл,Яшади отаси қарзи-қурз билан.Уч дафъа бал7 ташкил этиб у ҳар йилБор-йўғин совурган эди охиран…Тақдир Онегинни сақлаган эмиш:Аввал уни Madame8 қилди парвариш,Monsieur9 олди унинг ўрнини кейин.Гўдак шўх, тийракди: суюмли лекин,Monsieur эди юпун, ожиз бир фаранг,Ҳеч азоб чекмасин дея ёш бола,Ҳазил-ҳузул қўшди дарсига анча,Ахлоқ, одоб ила қилмади гаранг,Шўхлик қилса енгилгина силтардиТомоша-чун ёзги боққа элтарди.IV    Келгач, Онегиннинг исёнчи, қизғинЙигитчалик даври ва тилак-армонНозик дард чекишлар даври, камтаринMonsieurни қувдилар бу хонадондан.Энди Онегиним озоддир, мана;Сочлари қирқилган сўнгги модада;Лондоннинг dandycи10(2) каби кийинган;Киборлар оламин кўрди охиран.Француз тилида у ғоят тузукСўйлар ва ёзарди фикрини равон;Мазурка11 рақсига тушарди осон,Салом ва таъзимлар эркин ҳам нозик:Ортиқ нима керак? Юксак доираТан берди у онгли ва дилбар дея.V       Ўқидик оз-оздан ҳаммамиз бир қур,Жуда енгил-елпи ва чала-чулпа,Тарбия бобинда, тангрига шукр,Мақтанишлик бизда қулайдир жуда.Онегин кўпларнинг (шартта ҳал қилган,Қатъиятчи судлар) беришича тан,Суҳбатда мушкилот чекмай энг бурунҲар бобни енгилтак чўқиб ўткалиВа муҳим баҳсларда билимдон кабиОлимона тур-ла сукут қилиш-чун;Лекин ўткир ҳажвлар ёлқини биланКулдира биларди хонимларни шан.VI        Бу кун латин13 тили модадан чиқмиш:Сизга ҳақиқатин айтсам, ОнегинБаъзи эпиграфлар маъносин ечиш,Мактуб охирига бир vale14 сўзинЁзишга, Ювенал15 ҳақида бирорГап сотишга етар латинча билар.Яна бир-икки шеър Энеидадан16Чала-чаттигина ёдида қолган.Дунёнинг саргузашт тарихин узоқЎтмиш даврларнинг ботиб чангига,Тимискилаш учун йўқ ҳавас сира:Ва лекин Ромулдан17 бошлаб то шу чоқКечган замонларнинг латифаларинЭсидан чиқармас эди Онегин.VII       Нозик садоларга умрин ҳис биланБағишлашга йўқди унда зўр ҳавас,Қанча уринмайлик, Онегин зотан,Хорейни ямбдан18 фарқ қила билмас.Койирди Гомерни ҳам Феокритни19,Аммо ўқир эди Адам Смитни20,Иқтисодчи эди Онегин чуқур,Яъни мулоҳаза у қила олур:Давлат қандай қилиб бойийди олдин,Сўнгра нима билан яшар ва негаОддий маҳсулотга у бўлса эга –Унга керак бўлмас ҳаттоки олтин,Буни англаёлмас эди отаси,Гаровга қўйилди ери – даласи.VIII     Евгенийнинг яна бор маълумотинАйтиб беришликка йўқ менда дармон,Лекин қайси бобда у доҳийди чинВа қайси илмда у зўр билимдон?То ёшликдан бери Онегин учунҲам емак, ҳам азоб, ҳам ором, ҳар кунУнинг қайғу-ҳасрат аралаш, хастаТанбал ҳаётини тўлдирган нарса –Муҳаббат, эҳтирос илмидир, бироқ,Бу ҳисни этмишди Назон21 тараннум,Шу юздан кўрганди у жазо, зулм;Молдавия чўли ичида узоқ –Қувилиб ўз юрти Италиядан,Исёнкор ва порлоқ умрин тугатган.IX    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .X       Кўп барвақт ўрганди риё ҳунарин,Умидни яширар, рашкни яширар,Қайғули кўринар, кўзлари ғамгин,Ҳам алдар, ҳам аврар, ҳам инонтирар,Гоҳ мағрур кўринар, гоҳ итоаткор.Ўйчан ё паришон бўлишга тайёр!Дам қандай ошифта сукутга чўкур;Дам қандай оташин бир нотиқ бўлур,Ишқий мактубларда у қандай қайдсиз!Бирига берилиб ва севиб бирин,Қандай унутишни биларди ўзин!Боқиши қандай тез, нозик ва тамиз,Уятчан ва жасур, лекин баъзи чоқХоҳласа кўзёшин оқизар порлоқ.XI          У қандай ўзгача кўриниб, ҳазил – Ила маъсумликни ҳайратга солар, Дарҳол маъюсланиб, қўрқитиб енгил, Ёқимли хушомад билан овутар; Илишга устадир ихлос лаҳзасин, Қизлик иффатининг мулоҳазасин – Ақлу эҳтирос-ла енгиб, у охир – Хоҳ-нохоҳ илтифот кутмоққа моҳир. Ёлвориш, эътироф талаб қилишни,Қалбнинг илк садосин тинглашни зимдан,Ёр кетидан чопиб, ногоҳ у биланМахфий учрашувни, қўлга илишниБиларди… сўнг, ёр-ла ёлғиз, бирпасда –Хилватда сабоқлар бермоққа уста.XII       Донғи чиққан танноз хотинлар қалбинЎйнатишга қандай ўрганди эрта!Истаса агар у ўз рақибларинБутун йўқотишни, ана шу дамдаУ қандай заҳар тил билан узарди!Қандай тузоқларни у ҳозирларди!Бахтлиман, деб юрган эрлар, сиз лекинЮрдингиз у билан дўст бўлишиб чин…Айёр эр ҳам иззат қиларди униФобласнинг22 қадимий талабаси-да,Ҳаммадан ишончин ўзган кекса-да,Ва ҳар вақт ўзидан овқат-озиғи,Хотинидан рози бўлган улуғворАлданган эрлар ҳам унга лутфкор.XIII, XIV    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .XV  Ҳали у ётоқдан турмаган экан:Унга келтиришар бир қанча мактуб,Нима гап? Таклифми? Шу кечга чинданУчта хонадонга бориши матлуб;Бир ерда бал, бирида гўдак байрами,Қаерга югурар арзандам ҳали?Кимдан бошлайди у? Локин барибирҲаммасин уддалаш эмасдир оғир.Ҳозир эрталабки кийимида ул.Бошига кияркан кенг бир боливар23(3),Онегин гердайиб боради бульвар*Кенг майдон, у ерда кезади буткул,То тушлик овқатга брегет-соат**Жаранглаб дайдини қилгунча даъват.XVI       Тушди қоронғилик; ченага минар,От учар шамолдай, учар қичқириқ.Совуқ қор учқуни кумушин сепар,Ялтирайди юмшоқ барра ёқалик.Машҳур ресторанга Онегин чопар,Каверин24 кутади унда, ишонар.Мана, келиб кирди: май ҳам шишаданТошиб, пробкани шипга отар шан.Сели оқиб турган roast-beef25 анаЁш чоғлар безаги, лазиз таомлар,Фаранг дастурхонин гули саломлар.Страсбургнинг иссиқ сомсаси шунда.Турар лимбургский тоза, хуш пишлоқ,Ҳам тотли, олтиндек ананасга боқ!XVII       Серёғ котлет дамин сўндириш учунҲали қадаҳларга чанқоқди лаблар,Соат жаранглайди: янги бир ўйин,Янги бир балетдан беради хабар.Театрнинг сипоҳ қонуншуноси,Саҳна орқасининг фахрий аъзоси,Ғоят жозибали актрисаларгаШамолдай қарорсиз, топинган банда –Онегин тез учар театр сари,Бу ерда ҳар киши яйраган, эркин,Балет-рақс авжларин олқишлар, кейинИззалаб Федрани, Клеопатрани,Моинани26 ҳар ким қилади даъват(Унигина ҳамма эшитсин фақат).XVIII       Эй, сеҳрли диёр! Ўтмиш замондаУ ерда журъатли ҳажвда устоз,Эрк дўсти Фонвизин27 сурди дабдабаВа унда Княжнин28 маълум тақлидбоз;У ерда Озеров29 халқ кўзёшларин,Гулдурос олқишлар ва қутлашларинСемёнова30 билан бўлишди иноқ,Корнелнинг31 азамат даҳосин бир чоқУ ерда Катенин32 тиргизган эди.Дағал Шаховской33 чиқарди янаКомедиялардан суронли гала.Унда Дидло34 шуҳрат тожини кийди:У ерда, театр тин кўлкасидаМеним ёш чоғларим кечди бир сира.XIX    Менинг париларим, билсам, қайдасиз?Тинглангизлар меним ёниқ фарёдим:Яна ўшамисиз? Ё бошқа кўп қизСизнинг ўрнингизни босгандир балким?Яна тинглайманми куйингиз андак?Рус Терпсихораси35 бажарган юксакРуҳли рақсларни кўрармиканман?Ё ғамли нигоҳим ошиноларданМароқсиз саҳнада тополмас бирин?Ёки мен бегона зумрага томонЎксинган лорнетни36 тутаман ҳайрон?Ўйинга бепарво бир томошабинСингари бурчакда эснаб ўтирайВа ўтган дамларни эсгами олай?XX       Театр лиқ тўла; ложалар порлар;Партерлар, курсилар – бари қайнайди.Тепадан сабрсиз чапак чалишар,Юксалиб юқори парда гурлайдн.Муҳташам ва енгил, ҳавойи-майин,Камоннинг сеҳркор ёйига толғинИстомина37 турар гўзал, нодира,Раққос парилар-ла чизиб доира,Эданга тегади битта оёғи,Иккинчи оёқ-ла аста айланар,Нақ Эол38 лабидан учгандек бир пар,Сўнг бирдан сакрайди, бирдан учади;Гоҳ қаддин бурайди; гоҳо ёзади,Латиф оёқларни тез-тез уради.XXI        Ҳамма чапак чалар. Онегин кирар.Курсилар оралаб босар илгари.Қўш лорнетни тутиб, у қия боқарБегона хонимлар ложаси сари.Ҳамма ярусларга отди бир қараш,Ҳаммани кўрди у: чеҳралар, уст-бошЖиҳатдан унинг кўп диққати ошди.Бош эгиб эркаклар билан сўрашди.Сўнгра қараб турди саҳнага андак,Унинг боқишлари энди паришон.Орқага қайтаркан эснади бир онВа деди: «Ҳаммасин янгилаш керак;Балетга шунча вақт сабр этиб тўздим,Лекин Дидлодан ҳам, ниҳоят, бездим»(4).XXII       Севги тангрилари, жинлар, илонларЎйнашар, сакрашар ҳали саҳнада,Чарчаган лакейлар* ухлаб ётишарПўстинга ўралиб тиш остонада.Ҳали тўхталмаган кезиш, типирлаш,Тупуриш, йўталиш, чапак, пиқирлаш.Ичкари, ташқари ҳали чароғон.Фонарлар ҳар ерда нур сочар хандон.Совуқдан отлар-да уринар ҳали,Эгар, жабдуқлардан безган, чарчаган,Кучерлар гулханни ўраб қуршаган,Сўкар жанобларни кўп ишқаб бари:Бизнинг Онегин-да чиқиб қолади,Уйга, кийингали у йўл олади.XXIII       Танҳо бир бўлманинг мен тасвириниЧиза оламанми тўғри ва чевар,Ки бунда моданинг ўрнак шогирдиКийинар, ечинар ва пардоз этар?Резаворчи Лондон бўш ҳавас-орзуУчун не молларни ишлаб сотса-ю,Болтиқ денгизида кўпирган тўлқинБизга на келтирса ёғоч, мой учун…Фойдали бир ҳунар, санъат деб билсаПарижда очкўз завқ нимани уч кун,Энг янги сафо, ноз ва зийнат учун,Эрмак, шўхлик учун ихтиро қилса,Шуларнинг ҳаммаси ўн саккиз ёшлиФайласуф ўйини безарди яхши.XXIV       Истанбул қаҳрабо трубкалари,Столда бронза, чинни қалашир,Энг нозик ҳисларнинг орзу-нашъаси –Биллур шишаларнинг ичида атир.Тароқлар, пўлатдан кўп аррачалар,Тўп-тўғри ва эгри ҳар хил қайчилар,Чўткалар ўттиз хил, баъзиси тишга,Баъзиси тирноқни тоза қилишга,Руссо39 (мен бу гапни қистириб ўтай)Англай олмаганди ёнида доимТентакча хушсуҳбат, савлатли Грим40Тирноқ тозалашга жасорат қилгай(5)Эрклик ва ҳуқуқнинг ҳимоячиси,Мана шу тўғрида том ҳақсиз эди.XXV       Тирноқ гўзаллигин ўйламоқ мумкин,Ишли, жиддий одам бўлсанг-да доим!Замон-ла бекорга баҳслашмоқ нечун?Инсонларда одат мустабид ҳоким.Иккинчи Чаадаев41 бизнинг Онегин,Гап-сўз бўлишликдан қўрқар эди чин.Кийиниш бобида у эди педант,Биз айтиб ўтгандай олифта-франт.Лоақал уч соат ўз вақтини у,Ойналар олдида ўтказар эди.Пардоз бўлмасидан у чиқар эди,Венерага42 ўхшаш енгил ва сулув:Эркакча кийиниб гўё бир париМаскарадга борар ноз-карашмали.XXVI       Сўнгги завқ-дид учун муносиб кийим,Пардоз-ла жалб этиб диққатингизни,Онегин безагин ёза билардим,Билимдонларга мен қолдирмай чизги.Жасорат бўларди, албатта, бу ҳам,Уни тавсифламоқ, зотан, вазифам,Нетайин, панталон, фрак ва жилет, Булар рус тилида йўқ, бу сўзлар чет;Буни кўриб, айбим қиламан иқрор,Ажнабий сўзлар-ла азалдан менимКамбағал сўзлигим бу билан балким,Бир қуроқ сингари товланмас бекор,Гарчи эски вақтда анжуман донишЧиқарган луғат-ла бўлсам-да таниш43.XXVII       Бизнинг мавзуимиз ҳозир бу эмас,Яхшиси бал сари ошиқайлик биз.Битта каретани44 киралаб бирпас –Базмга Онегин жўнаб кетди тез.Қоронғи уйларнинг олдида ёнар,Уйқули кўчани тўлдирган қаторКареталарнинг қўш, шод фонарлариМайин нур сочишар суюқ зар каби.Қорларга чизилар шуъладан ёйлар,Атрофда юлдуздай кўп майда чироғ,Порлайди муҳташам катта уй шул чоғ;Яхлит ойналарда кўлкалар кезар;Бу – хонимлар, сатанг эркаклар шакли,Кўринар ва зумда йўқолар акси.XXVIII       Бизнинг қаҳрамон ҳам етиб келди, боқ,Эшикбон ёнидан ўтди ўқ каби.Мармар зиналардан чиқди учароқ,Тузатди қўллари билан сочини,Кирди ичкарига, залда халқ тўлган,Музика ҳам энди гуруллаб бўлган,Халқ бутун банд эди мазурка илаҲамма ёқда шовқин, уйлар лиқ тўла.Сувори зобитнинг45 шпори46 жаранг,Сўлим хонимларнинг оёқчалариУчади; сеҳрли изларнинг зори –Ёлқинли қарашлар учар оташ ранг.Танноз хотинларнинг рашк имоларинҚоплайди созларнинг наъраси вазмин.XXIX       Нашъанинг, тилакнинг ўтган замониБалларга ишқибоз, ошифта эдим.Изҳори муҳаббат, хат топширганиБундан ҳам қулайроқ макон йўқ балким.Эй сиз, эй муҳтарам эру хотинлар!Хизматимни таклиф қилай бир қадар;Сўзимни тинглашни сўрайман сиздан,Нима учун сизни қиламан огоҳ?Сиз ҳам, онажонлар, бўлинг эҳтиёт,Ўз қизларингизни таъқиб этингиз;Лорнетни жудаям тўғри тутингиз.Йўқса… йўқса… тангрим сақласин, уят!Нечун буни ёздим сарф этиб сиёҳ,Чунки кўпдан бери қилмайман гуноҳ.XXX       Водариғ, ҳар турли ҳангома учунКўпгина умримни мен исроф этдим.Ахлоққа зиёнли бўлмаса шу кун,Шу дамга қадар ҳам бални севардим.Мен жуда севардим жўшқин ёшликни,Кўпчилик, дабдаба, шод бўлишликни,Хонимларнинг завққа монанд безагин,Севамен уларнинг оёғин, лекин:Бутун Русияда топилармикинУч жуфт энг келишган аёл оёғи?Оҳ, унутолмадим, қалбимда доғи,Бир жуфт оёқчани!.. Маҳзун, совунганҲали ҳам эслайман; тушимда ҳатто,Қалбимни қилади улар безовта.XXXI       Сен қачон, қаерда, қай чўлда бутунЭсдан чиқарасан уларни, тентак?Оҳ, латиф оёқлар! Қайдасиз бу кун?Қаерда босасиз баҳорги чечак?Шарқнинг сафосида сиз эркаланган,Шимолнинг қайғули қорида, лутфан,Қолдирмай кетгансиз биронта ҳам из.Чунки сиз у ерда жондан севдингизЮмшоқ гиламларнинг майин бўсасин.Сиз учун бир маҳал, ахир, унутдимШуҳрат, шон орзусин, туғишган юртим,Тутқунда яшашнинг қайғу-жафосин?Йўқолди ёшликнинг бахти ҳам эсиз,Бамисли майсада енгил изингиз.XXXII       Диананинг кўкси ва Флоранинг47Яноқлари латиф, севикли дўстлар!Лекин меним учун ТерпсихоранингОёғи, негадир, латифроқ, дилбар.Бебаҳо мукофот ваъда этар уҲамиша кўзларга, пардозли сулувАёл юрагимга орзу ва армонГирдобин чайқатар эсласам ҳар он.Севаман оёғин, дўстим Эльвина48,Столлар остига ташласам назар,Қиш фасли каминда49 исинсак агар,Заллар паркетининг ойнасида ҳам,Денгиз қоясининг панасида ҳам…XXXIII       Қасирғали денгиз ёдимда ҳали:Унинг оёғига йиқилиш учунКетма-кет югурган тўлқинлар capиБоқиб хўб қизғонган эдим мен у кун!Истардим у чоқда тўлқинлар илаАзиз оёқларга лабларим тегса!Йўқ, ёшлик палламда, қон қайнаганда,Дилимни ишқ ўти банд айлаганда,Мен ҳеч қачон шундай бир азоб биланЖононларнинг гулдай юзин ё лабин,Ёки меҳр тўла нафис кўкрагинЎпишни бу қадар истамаганман.Йўқ, ҳислар ҳужуми ҳеч қачон маниБу қадар тўсиндан ўртаб эзмади.XXXIV       Ёдимда қолганлар бошқа бир замон:Эзгу хаёлларга мен ўзим баъзанБахтли узангини ушлайман; бир онЛатиф бир оёқни қўлда сезаман.Хаёлларим ошиб-тошади янаУ гўзал оёқнинг тегишигинаШу сўлғин қалбимда ёқиб қўяр қон.Яна-да муҳаббат, яна дард-ҳижрон…Маҳмадона созинг ила, етар, бас,Мадҳ этиб куйламоқ такаббурларни:На севгига, дардга, на илҳомлариТўқиган куйларга улар арзимас,Бу сеҳргарларнинг сўзи ва кўзиНақ оёқларидай алдоқчи ўзи.XXXV       Онегиним қалай? МудраганичаЁтоққа у жўнаб кетади балдан;Ҳар вақт ғовур-ғувур Петербург эсаДўмбира товуши ила уйғонган.Савдогар туради, ташувчи борар,Извошчик биржаси томон югурар,Шошади хурмали* бир сутчи хотин,Тонгги қор ғирчиллар у юрган сайин.Бошланди ёқимли тонгнинг сурони.Дарчалар очилди. Қувурдан тутунЮксалди ҳавога нақ мовий устун.Қоғоз қалпоқ кийган немис новвойиХудди ҳар кунгидай, кечикмай бир он,Дўкон очиб савдо қилади чаққон.XXXVI       Балнинг шовқини-ла қурган тинкаси,Онегин учун тонг ярим кечадир.У ўйин-кулгию, зийнат гўдаги,Тинчгина роҳатда ухлаб ётадир.Пешинда уйғонар, тонггача локинБояги тартибда умр ўтар тағин.Қандай ҳаёт дейсиз? Бир хил ва рангли,Эртанги ҳаёти – кечанинг айни.Бахтиёр ва хурсанд эдими лекин,Эркин юриб умрин кўклам чоғида,Порлоқ зафарларнинг кенг қучоғидаҲар кунги завқ-сафо ичра Онегин?Зиёфатлар ичра у эҳтиётсиз,Соғломди: бу ҳаёт қолдирмади из?XXXVII       Йўқ: унинг ҳислари совиди эрта,Зериктирди кибор ҳаёт шовқини.Фикрини гўзаллар, жононлар қисқаЗамонгина машғул этганди уни;Хиёнатлар уни чарчатиб қўйди.Дўстлар, дўстликлардан жуда тез тўйди.Яна ҳар кун лазиз таомлар ейиш,Ҳар кун шампанский қониқиб ичиш,Боши оғриб турган паллада янаРангдор, ингичка сўз ёғдириш ҳар ён,–Булардан зерикди, дили бўлди қон.Гарчи у бўлса-да қизғин шумтака,Кўнгли қолган эди унинг тамоман,Ҳам жангдан, ҳам ўқдан ва ҳам қиличдан.XXXVIII       Онегин мубтало иллат сабабинҚидириб топишнинг келгандир чоғи.Инглиз зиққига ўхшайди, локинҚисқасин айтганда: рус хафақониСекин-секин уни эгаллаб олди.Тангрига шукрки, уринмай қолдиУ отиб ўзини ўлдириш учун.Аммо совиганди ҳаётдан бутун.Child-Harold50 каби ғуссали, синиқ,Қўноқхоналарда бўлар намоён,Киборлар ичида на ғийбат, бостон51,На тотли бир боқиш, на бежо қилиқ,Ҳеч бир нарса унга таъсир этмасди,Юрарди ҳеч нарса пайқамай асти.XXXIX, XL, XLI    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .XLII      Эй, серқилиқ кибор нозанинлари,Сизни у тарк этди ҳаммадан бурун.Рост айтсам, киборлар қилиғи бариАнча бездирувчи бўлибдир бугун.Эҳтимол баъзи бир хоним бир қадар,Бентамни ва Сейни52 изоҳлай олар;Лекин улар гапи-сўзи умуманБеғубор эса-да, маҳрум маънодан.Яна улар тағин шундай бегуноҳВа шундай улуғвор, шундай донишманд.Тақводорлик билан юраклари банд,Шунчалар субутли, зийрак ва огоҳ,Шундай номаҳрамдир уларга эркак,Афтларини кўриб хун бўлар юрак(6).XLIII       Петербургнинг кенг, тош кўчалариданКечки паллаларда учқур ва кўркамАравага тушиб кетувчи хурсанд,Гўзал ёш хонимлар, ахир, сизни ҳамБутун ташлаб кетди бизнинг Евгений;Жўшқин завқ-сафодан қочиб у эндиУйига бутунлай қамалиб қолди.Зерикиб қўлига қаламни олди,Ёзишни истади: мушкул, зўр меҳнатКўнглини айнатди, эзди, қаламданҲеч нима чиқмади: у шунинг биланҚаламкаш аҳлига бўлмади улфат.Мен бу касб ҳақида бир сўз демайман,Чунки унга менинг ўзим мансубман.XLIV       Бекорчиликка у берилди янаРуҳида бир бўшлиқ сезди кун сайин.Катта гўзал ишга қилди ҳафсала –Билим орттиришга киришди қизғин.Токчага қалади жилд-жилд китобларЎқиди, ўқиди; фойдасиз, бекор:Бирида дилгирлик, талваса, хато;Бирида виждон йўқ, бирида маъно.Ҳаммасида ҳар хил ирим нишони.Қадимгилик қадри эскиган жудаЯнгилик ичида эски сафсата.Китобларни ташлар хотинлар каби,Чанг босган китоблар ётган токчагаТортади қоп-қора қалин бир парда.XLV       Кибор ҳаётининг отиб эмгагин,Беҳуда шовқиндан қочиб, у кабиДўстлашган эдим мен, у замон лекинМенга ёққан эди бор хислатлари.Хаёллар, ўйларга эрксиз садоқат,Тақлид қилиб бўлмас ажиб бир сифат.Фикри, қарашлари совуқ ва кескин,Мен ғазабли эдим, у эди ғамгин.Ўйинин билардик ҳирснинг иккимиз:Биз иккимизни-да бездирган ҳаёт,Учганди қалб ўти иккимизда бот.Яна кутар эди худди умримизТонгларида бизнинг иккимизни ҳамИнсонлар, қўр тақдир ғазаби ҳар дам.XLVI       Яшаб фикр қилган киши ҳар замонРуҳида инсондан нафрат этгуси.Ҳис этган кимсага солар ҳаяжонҚайтиши имконсиз кунлар шарпаси:Унга қолмас асло фусун, жозиба.Уни хотиралар илони ила,Яна пушаймонлар ичдан кемирар.Буларнинг барчаси кўпинча берарШирин бир нафислик сўзга – матлабга,Онегиннинг тили мени даставвалСаросима қилди; кейинча мен салКўникдим ундаги таънали гапга,Заҳар аралашган ҳазилига ҳамЧидадим энг ўсал ҳажвига ҳар дам.XLVII       Ёз фасли кўп чоқлар бирга эдик биз,Неванинг устида кеча самоси(7)Очилар тип-тиниқ, ёруғ ва чексиз,Сувларнинг нашъали ўйноқ ойнасиТўлин ой жамолин акс этмас экан,Ўтмиш қиссасини кечириб ёддан,Биз жим эслар эдик кечмиш севгини,Биз беғам, бўшаган ҳислар тизгини;Бу сўлим кечанинг нафаси бутун –Бизларнн айларди сархуш, жимгинаҚамоқдан кўм-кўк бир ўрмон ичигаУхлаган пайтида элтилган тутқунСингари хаёлда учардик биз ҳам,Ёш умр баҳори қайда, деб шу дам.XLVIII       Турарди фикрга толиб Евгений;Руҳи тўла эди афсуслар билан,Ўзин тавсифлаган бир шоир каби(8).Соҳилда гранит-тошга суянган.Ҳамма ёқ жимжит-ди; ёлғизгина тунПосбонлари баъзан чиқарарди ун,Извошчининг олис дукури баъзанЭшитилар эди Мильоннаядан53,Эшкакларни уриб ёлғиз бир қайиқМудраган дарёда сузарди аста,Бизни қилар эди мафтун, дилбаста –Узоқдан бир наю диловар қўшиқ.Тўн базми ичинда лекин тотлироқТорквато54 шеърининг куйлари ҳар чоқ!XLIX       Адриатик денгизи тўлқинлари, сан,–О, Брента!55 Сизни кўрарман албат,Илҳомларим тўлиб-тошиб янгидан,Сеҳрли товшингиз эшитмоқ ният!Бу товуш Аполлон набиралариУчун муқаддасдир; уни куй каби,Альбион созидан туйдим, таниш у.Гоҳ сўзамол, гоҳо индамас сулув –Венециялик ёш бир жонон биланСирли бир қайиқда мен сузиб, олтинГўзал Италия тунининг эркинОғушида ишқдан лаззатланардим,Петрарка56 ва севги тилин у замонБағишлайди менга бу дилбар жонон.L       Келажакми менинг эрким замони?Келмишдир фурсати! Қўмсайман эрким;Денгиз қирғоғида очиқ ҳавониКутаман(9), имлайман кема чодирин.Қачон бўронларнинг ридосида майМавжлар-ла курашиб, денгизнинг улканКўксида бошлайман сафарни эркин?Менга адоватли денгиз қирғоғинТарк этмакнинг энди келмиш замони.Жануб кенгликлари кўксида яйрабАфрикамнинг57(10) тиниқ кўкига қараб.Русияни ўйлаб оҳ чекиш чоғи,О, мен бу ерларда қанча дард чекдим.Бу ерларда севдим, кўмдим юрагим.LI       Ажнабий юртларнинг томошасигаОнегин шайланган эди мен билан.Лекин биз тақдирнинг тақозосича,Узоқ вақт айрилдик бир-биримиздан.У замон отаси вафот қилганди,Онегин қошига дув йиғилганди,Қарз бергувчиларнинг очкўз тўдаси,Ҳар кимнинг ўз ақли ва ўз режаси:Даъволардан нафрат қилди ОнегинЎз чекидан ўзи бўлганди рози,Қарзни тўлаш учун кетди мероси.Катта бир зиён ҳам кўрмади лекин.Гўё билган эди у олдинданоқҚари амакининг ўлишин тез чоқ.LII       Чиндан ҳам Евгений кутмаган дамдаИш бошқарувчидан олади бир хат.Ўлим олдидамиш амаки; ҳамдаВидолашувни у истармиш фақат.Қайғули номани ўқиб ЕвгенийШу он суриштирмай нари-берини,Почтавойда чопди учрашиш учун.Ақча дарди уни эгаллар бутун.Алдаш, йиғи-сиғи учун у ҳозир,(Романни бошлаган эдим бу билан)Зерикар, ҳомуза тортар олдиндан.Мана, у қишлоққа етади ахир.Кўрарким, тахтада ётар амаки,Ерга жо бўлажак савғо сингари.LIII       Кўрди маъзаратга тўлган қўрани;Азага келишар яқин-узоқданКўмиш маросимин ҳаваскорлари,Дўстлар, бегоналар – бари ҳар ёқдан.Ўлик ҳам кўмилди; овқат еб-ичибПоплар ва меҳмонлар жўнар гердайиб,Гўё бажардилар жиддий бир ишни.Онегин қишлоқда яшар бир кишиБўлиб қолди энди. Мана у ўрмон,Ер-сув, заводларга тамом хўжайин.Шу чоққача танти, исрофгар, олтинҚадрини билмаган бу танбал инсонҲозир жуда хурсанд: у илгаригиЙўлин алмаштирди, на бўлса майли.LIV       Янгидай кўринди икки кунгинаОнегинга бекас, танҳо далалар,Қоронғи ўрмоннинг салқини, янаБулоқлардан учган майин садолар;Учинчи кун тепа, дала, чакалакУни овунтира олмади андак;Улар сўнг келтирди унинг уйқусин;Ва сўнгра кўп равшан кўрди Онегин;Қишлоқда ҳам бормиш айни дилгирлик.Гарчи на кўча бор, на сарой, на ёр,На карта, на баллар, на мунда шеър бор.Хафақонлик уни қўймай бир эллик,Пойларди кетидан пояма-пояВафодор хотиндай ё мисли соя.LV       Тинчлик ҳаёт учун мен туғилганман,Туғилганман қишлоқ сукути учун:Соз саси пастқамда жаранглайди шан,Ижодий хаёллар жон, қонга тўлғун.Маъсум, тин онларга берилиб тамомЖимжит кўл бошида ёлғиз ҳар айёмЮраман, бекорлик – менинг қонуним.Ҳар кун тонг пайтида уйғонаман жим,Ширин ҳузур учун, эркинлик учун:Озгина ўқийман, кўпроқ ухлайманЎткинчи шуҳратга назар солмаймаи,Ўтмиш замонларда мен нақ шу йўсинКечирмаганмидим кунларим бекор,Яшамаганмидим шундай бахтиёр!LVI       Чаман, сезги, қишлоқ ва бекор юриш,Далалар! Мен сизга содиқман руҳан,Онегин-ла меним орамда бўлмишФарқни қайд этишга ҳар вақт мен хурсанд,Токим истеҳзоли бирон ўқувчиЁки моҳирона туҳмат тўқувчи,Бирон нашриётчи менинг хислатимҚиёс этиб яна у демасинким,Мағрурлик куйчиси Байрон58 сингариЎз портретимни мен чизганман бунда,Гап сотиб юрмасин у унда-мунда.Ўйлашарки, биз-чун имконсиз кабиБошқалар ҳақида яратмоқ достон,Гўё шоир ўзин қилармиш баён.LVII       Айтиб ўтай яна: бутун шоирларХаёлчан севгининг дўстидир, лекинБир замон энг гўзал лавҳалар, сирларТушимга кирарди. Руҳим яширин,Гўзал тасвирларни сақлади маҳкам,Кейинча уларни жонлатди Музам59.Мен шундай, қайғусиз, тараннум этдим,Тоғларнинг қизини, менинг идеалим,Салгир60 бўйларининг асираларин.Эшитиб қоламен, дўстларим, ҳозирКўпинча сизлардан савол ёғадир:«Ким учун бу нозинг чекади оҳин?Қизғанчоқ қизлардан кимни хушлабсан,Қайсига созингда куй бағишлабсан?LVIII       Илҳоминг мавжлатиб кимнинг нигоҳи,Армуғон этмишдир самимий меҳр,Сенинг бу ўйловчан куйингга, қани,Сенинг шеъринг кимни оллоҳ деб танир?»Дўстларим, ҳеч кимни, Худо ҳақи!.. МанБошимдан кечирдим, маҳрум нашъадан,Муҳаббатнинг телба ғалаёнини.Ишқ-ла қофиянинг ҳаяжониниКимки қўша билса, у инсон хушбахт:У шеърнинг муқаддас сирли садосинЯнгратар ва босар Петрарка изин;Қалбнинг азобини тинчитар; шул вақтМуяссар бўлади унга шараф-шон;Лекин мен севганда эдим гунг, нодон.LIX       Ишқ кечди, кўриниш берди илҳомим,Зулмат босган фикр нурланди секин;Озодмен, янгидан излайман доимСеҳркор садолар, хаёл, ўй базмин.Ёзаман, юрагим билмас, дард нима…Ёзилиб битмаган шеърлар ёнигаҚалам ҳушсизланиб чизмайди расминХотин болдирларин ва чеҳраларин.Ўчган кул лов этиб ёнмас янгидан,Яна қайғураман! Кўзимда йўқ ёш.Мана энди бўрон излари ювошРуҳимда жим бўлиб қолар тамоман.У чоғда ёзарман йигирма бешта –Қўшиқдан иборат достон, албатта.LX       Ўйларкан асарнинг планин секинВа қаҳрамонимни на деб атайман;Романнинг ҳозирча биринчи қисминБитирдим; буларнинг барин қайтаданКўриб чиқдим қатъий бир диққат ила;Бунда зиддиятлар ҳали кўпгина,Лекин тузатишни мен истамайман;Цензурага61 ўзимнинг бурчим тўлайман,Журналистларга ҳам чайнамоқ учунМеҳнатим мевасин берарман яна:Эй янги туғилган асарим, жўна,Нева бўйларини кезиб чиқ бутун;Менга хизмат қилиб, қозон шараф-шон;Қинғир сўз ва ур-сур, сўкиш ва сурон!
На страницу:
1 из 3