bannerbanner
Маъсума
Маъсума

Полная версия

Маъсума

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
4 из 4

– Эҳ, лақаб эмас, тахаллус-ку! – деди. – Истеъдод эгалари, зиёлилар ўзларига шунақа махсус ном танлаб олишади. Бу тахаллусни менга устозим Абдурауф қори8 танлаб берганлар! Олтой нималигини биласизми? У бепоён ўрмонлар, инсон қадами етмаган қарағайзорлару арчазорлар макони бўлмиш турк ўлкасидир.

Олтойнинг ўғри-чапанилардан ҳам, шоиру зиёлилардан ҳам, сермулозамат муллаваччалардан ҳам таниш-билиши мўл, ўзи эса бориб турган янгиликчи йигит бўлиб, отасидан яшириб попирис ҳам чекади. Эскичиларни “қадимчи” деб атар, улар ҳақида сўз кетса, масхара қилишини қўймасди. Гоҳида Маъсумага дунё воқеаларини сўзлаб берар, баъзан эса саволга ҳам тутиб қоларди:

– Сиз янги ҳукуматга ишониш керак деб ўйлайсизми ё йўқми?

– Билмасам…

– Янги ҳукумат камбағалга қайишади! Халқнинг қонини сўриб ётган бой-боёни, уламоси, тўрасидан йўқсул ҳақини олиб беради. Янгиликларни олиб келиб, халқнинг қўлига тутқазади. Ана, трактўр ҳам келди. Уни нималигини айтган эдим-а? Айропланни-чи? Билсангиз, бу ишларнинг барини кўчада юрган автомобилнинг матўридай нарсалар бажаради. Чархпалакка уласангиз, сув чиқаради. Омочга қўшсангиз, ер ҳайдайди. Қанот тақиб қўйсангиз, парвоз ҳам қилади. Эҳ-ҳе, келажакда яна нима ишлар бўлмайди дейсиз?

Маъсума Олтойнинг баландпарвоз ҳикояларини тинглай-тинглай, пайраҳалардан қолган кулни куракча билан олиб, кул чуқурига элтиб ташлади. Қайтиб келиб, янги пайраҳалардан самовар тагига ёқди. Сариқ-қизил заиф аланга пайдо бўлиб, аста қувватланди. Олтой чўнқайиб, попирисини ёндириб олди-да, тушунтиришда давом этди:

– Бизларнинг ҳар биримиз олмон ундоқ, фаранг мундоқ тараққий этибди, деб жар солишни яхши кўрамиз, аммо ўша тараққиётга эришиш учун ҳеч нима қилмаймиз. Гап сотамиз, холос! Ўзимизни мамлакат тақдирига жон куйдиргандек кўрсатсак ҳам, аслида маишатни яхши кўрамиз, зиёфатларни еб, бир-биримизга мақтаниб, олиймақом иморатларимиз, дулдул отларимиз, дабдабали тўйларимиз билан кериламиз. Бундай янгиликларни халққа ким етказади? Мен бу айтганларимнинг барини шеърга соламан, газетга бостираман. Боситхон акамнинг бир дўсти театр очибди, унга пьеса ёзиб бераман, авомга етказаман!

– Билиб қўйинг, халқимизнинг кўзи очилди, энди олдингидек яшай олмайди! – деб хитоб қилди у ҳаяжон билан. – Қаранг, дунё таноб-таноб ерларни мошина билан ҳайдамоқда. Ермойи қазиб олиб, у билан кемаларини, буғмошинларини юрғизмоқда. Олмон кофири урушда осмон вопурини9 кўтармиш, ўқ ўтмас кажавасига икки ўқчи миниб олиб, ердаги аскарларни тинмай қирармиш. Эндиликда фабрика-завўдлар қурилади, тўнлар, дўппилар, бўз-алак кийим-кечаклар, тўшак-кўрпалар – бари завўдлардан чиқади. Ҳа, ҳаёт ўзгариб кетади! Фабрикани ишчиси уйига келиб, биз сингари меҳнатга уринмайди, бемалол чойини ичиб, оёғини узатиб ётади, ё бўлмаса хонимчаси билан қўлтиқлашиб, томошага боради!

Олтой жўшиб яна анча гапларни сўзлади, кейин янги ёзган шеърини ўқиб берди:

Қоч – бўшат йўлни,Сол резинга – трубани,Бос – сув, шор-шор!Ўт ўчди,Юрт ҳалокатдан қутулди.Чиғир-чиғир…

Маъсума бунақа шеърни энди эшитиши эди. “Қошинг қаро, кўзинг қаро” дегандай ғазалларга қулоғи ўргангани учун, ҳайрон бўлиб:

– Бу қанақа шеър? – деб сўради.

– Янги замон шеъри! – деб жавоб қилди Олтой. – Ўт ўчирувчилар меҳнати ҳақида. Қаранг: “Қоч, бўшат йўлни”, чунки ўт ўчириш мошинаси келмоқда. Резин қувурга сувни солиб бос, шор-шор қилиб қуй! Ана, ўт ўчди, юрт қутулиб қолди. Чиғир-чиғир қилиб, резин ичакни ўраб қўй… Қалай экан? “Ишқингда ўлдим-куйдим” деган ғазаллар замони тугаб битди, ҳатто уларда ишлатилган сўзлар ҳам тарих қаърига улоқтирилди. Энди бутунлай бошқа замон келади!

Сўнг Маъсумага қараб:

– Қанақа замон деб сўрамайсизми?

– Қанақа замон? – деб сўради Маъсума, кулгиси келиб.

– Яп-янги замон! – деб жавоб қилди Олтой, гердайиб.

– Аввалги шоирлар эрон, форс, араб адабиётидан ва уларнинг сарой таъсиридан қутила олмаганлар. Инқилоб бизнинг сарой ва унинг думи бўлмиш эски адабиётимизни шакл-қиёфа ва мундарижалари билан яксон қилиб, ўрнига янги адабиёт туғдирди!

Шундай деб, у қўйнидан газет чиқарди.

– Мана буни эшитинг! Шоир ўлка аҳволини билдириш учун ўйлаб топган усулига боқинг!

Ўйноқ қизча, эркин-эркин ўйнаб ол, Эрта-индин эркинг қўлдан кетадир.Эркаланиб бир-икки кун қувнаб қол, Эрка кўнглинг ҳасратларга ботадир.Нурлар сочиб ўйнаб турган кўзларинг Эрта-индин ғам ёши-ла тўладир.Севинч порлаб, кулиб турган юзларинг Дард остида сап-сарғайиб сўладир.Кўксингдаги эрк чечагин бой бериб, Эрта-индин мотам гулин тақарсан.Қўлингдаги бахт чолғусин синдириб, Қайғу-алам ўчоғида ёқарсан.Табиатда яшнаб турган юзингга Эрта-индин манҳус ўртук тутарсан.Ана сўнгра қоп-қоронғу зиндонда Йиғлаб-сиқтаб ўлимингни кутарсан.Боёқиш қиз, эркаланиб ўйнаб ол, Эркаланиб бир-икки кун қувнаб қол 10.

– Муни бир қизгинага ёзилган деб ўйладингизми?

Асло йўқ. “Эркли қизча” дегани бир ўхшатиш, ўлкамизни назарда тутгандир. Эски тузумга қайтсак ҳам, жоҳиллигимизча қолсак ҳам ҳалокатга учраймиз демоқда шоир.

Олтой қўлларини ҳаволатиб-ҳаволатиб, яна аллақанча нарсаларни сўзлади. Янги замона театрда хотинлар томоша кўрсатишига рухсат берармиш. Эркак-аёл тенг бўлармиш. Уфа татарлари, Боку мусулмонлари шундай қилишибди. Олам тинимсиз ўзгараётганмиш. Чунончи, олмон кофири замбаракли ўзиюрар қўрғон ясаганмиш, юра-юра ўт сочармиш. Исвич11 тарафларда олимлар кемага ўтириб, дунёнинг охирига етиб боришганмиш, у ерда йил бир кеча-кундуздан иборат бўлиб, кеча ҳам, кундуз ҳам олти ой давом этармиш.

БЕШИНЧИ БОБ

Бунча киши орасида замонага энг ярашиғлиси – йигитларнинг сарвари Боситхон эди, албатта.

Боситхоннинг ёр-дўстлари ҳуда-беҳудага сўзлайвермайдиган кишилар бўлиб, энг ёқтиргани – мошранг дўппи, тўқ яшил майда қавима тўн кийиб юрадиган ингичка мўйловли адиб Жулқунбой, “Андижоннинг андиси” – қўнғиз мўйловли Абдуҳамид Чўлпон, Зиё Саид ва Элбек эди.

Яна Ғафур деган ошнаси ҳам бўлиб, у чапани, кўнглига нима келса шуни қиладиган эрка йигит, йиғинларга онда-сонда келар, келганида гоҳ ашула айтиб, гоҳ ҳазил-ҳузил билан даврани қизитиб юборарди. У қатнашган йиғинларда алламаҳалгача завқли қий-чувлар, кулгилар тинмасди.

– Бу Ғафур деганлари шоир бўлмаса, Эски шаҳарнинг безориси бўларди, – деб таърифларди уни Боситхон. – Бир қарасанг, пиёзфурушнинг олдига ўтириб олиб сабзавот сотган, яна бир қарасанг, ҳасипчилар қаторида ўтирган чиқади. Чорсуда катта бир йиғин бўлаётган экан, карнай-сурнайчиларни саф қилиб тизишибди. “Ваға-вағ” бошланганида Ғафур нима қилибди денг? Қуванинг қайнар анорини олиб, ўшаларнинг олдида карсиллатиб ея бошлабди. “Вағ-вуғ” қилиб турган карнайларнинг овози пасайиб, “ғит-ғит”лаб қолибди. Ахийри бир ёши каттароқ карнайчи Ғафурни олдига солиб чунон қувлабдики!

– Э тавба, нега қувлабди?

– Мен ҳам шуни айтаман-да! Сувини оқизиб карсиллатиб анор еса, карнайчининг иштаҳаси очилиб, лунжи сўлакка лим тўлиб, карнайини чалолмай қолар экан!

Маъсума ҳам шоирнинг қилиғига қотиб-қотиб кулди.

– Тавба, ҳақиқатан ҳам роса безори шоир эканми?

– Йўқ, унинг ғайрати ичига сиғмай, тўлиб-тошиб туради, безориликлари шундан. Нима қилса ҳам, Қўрғонтегининг боласи-да. Уни қўятуринг, мен сизга бир совға олиб келдим. Уйда болалар билан ўтириб, зерикиб қолманг, дедим.

– Нима экан у?

Боситхон меҳмонхонага чиқиб, у ердан бир даста китоб ва газеталар билан қайтиб келди.

– Газет-жўрноллар, – деди ичидагиларни бирма-бир чиқариб. – Мана булар эса китоблар. Қаранг, Лев Толстой, Николай Гогол, Лермонтов…

Маъсума китобларни қўлига олиб, бир-бир варақлаб кўрди.

– Биринчи бўлиб албатта Лев Толстойни ўқинг, – дейди Боситхон. – Падари бузрук Тулада сургунда эканликларида у одам билан кўришиб-сўзлашган, вафот этганида жанозасига ҳам борган эканлар. Динимизга ҳурмати шоён баланд, ҳар қандай ақлли кишининг борар манзили исломдир, деб айтган экан.

– Наҳотки, мусулмон бўлган бўлса? – деб сўради Маъсума, ишонқирамай.

– Йўқ, ундай эмас. Аммо черков уни даҳрий деб эълон қилгани аниқ. Ким билсин, яна бир неча йил яшаганида, шаҳодат келтирган бўлармиди…

– Тилла совға қилганингизда ҳам бунчалар суюнмаган бўлардим, – деди Маъсума, китобларни авайлаб токчага қўяр экан. – Мен буларни албатта ўқиб чиқаман…

* * *

Бир куни Боситхон кечки таомдан сўнг ичкарига кирди-ю, “Отам билан муҳим бир нарсани гаплашиб олишим керак” деб анча иккиланиб ўтирди.

– Нима экан у муҳим суҳбат? – деб сўради Маъсума.

– Акмал амаким янги ҳукуматда катта бир лавозимга тайинланди, менга “келиб ёнимда ишла” деб айтяпти, – жавоб қилди Боситхон. – Ишласам ишлайвераман-ку, аммо падаримизнинг розилигини қандай қилиб олсак экан?

– Қайдам… Балки хўп дерлар?

– У киши Акмал амаким ўрис хотинга уйланганларидан12 буён аразлаб юрибдилар, – деди Боситхон. – Ҳамма гапни ҳам айтавермайдилар, ким билсин, кўнгилларида нималар бор экан…

Шундай деб тараддудлана-тараддудлана ота ҳовлисига чиқиб, узоқ вақт қолиб кетди. Қайтиб келганида, авзойидан ҳалиям тараддуди кетмагани билиниб турарди.

– Иш ўзимизга қолди, – деди у, хўрсиниб, ёстиқни қўлтиғига тортиб, ёнбошлаб. – Қиблагоҳ кўп гапларни гапирдилар. Дедиларки, “Сен ҳам, молинг ҳам ота-онангникидир” қавлига мувофиқ, сиздан ҳар нарсани талаб қилсам ҳаққимдир. Бироқ юрт қайғуси билан бирга, фарзанд қайғуси ҳам бошимга келишини истамайман. Тез орада ҳаётимдаги энг улуғ вазифани бажаришга жўнайман, балки бу умримнинг энг хайрли иши бўлса, айблариму гуноҳларимни ювиб юборса ажабмас.

Мен кўп йиллар халқнинг хизматини қилдим, халойиқ талабини ҳукуматга, ҳукумат талабини халққа етказиб, қўлимдан келганича мўминлар ҳаётини яхшилашга уриндим. Муросаю мадора йўлини энг тўғри йўл деб билдим.

Аммо ҳаёт сизникидир. Шу сабабли, аввалги тутумларингизга қарши бўлмаганимдек, бу ишингизга ҳам бир нима демайман. Сизга ёлғиз насиҳатим бўлади, холос. Қаерда ишласангиз ҳам халқнинг ёнини олинг, раиятга нафи тегадиган ишлар қилинг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам имонингизни сақлаб қолинг, токи Яратган Парвардигор ҳузурига ёруғ юз билан боринг. Сизга бошқа сўзим йўқ. Овмин, Оллоҳу акбар…”

Маъсума қайнотасининг тушкун гапларига ҳайрон қолди. Ҳар доим оғир-вазмин, донишманд қиблагоҳ фарзандларидан ранжиганмикин, ранжиган бўлса, нима учун очиқ-ойдин сўзламабди? Бундай бўлиши эҳтимолдан узоқ, чунки Боситхон ҳам, Боисхон ҳам қорининг ҳурмат-иззатини жуда баланд тутишар, оғзидан чиққанини муҳайё қилишга тиришишарди.

– Падаримиз айниқса, яқин дўсти, ҳазрат Яссавий авлоди Маҳмудхўжа қори13 қатл қилингач, тушкунликка тушиб қолдилар, – деб жавоб қилди Боситхон. – Эҳ-ҳе, бунинг тарихи узоқ. Гоҳо ўйлаб қоламан: энди бундай кишилар қайтиб туғилмаса керак. У киши ҳам, дўстлари ҳам эл-юрт учун молу жонларидан кечган табаррук одамлар…

Шундай деб, у Абдувоҳид қори ҳаётига оид тафсилотларни сўзлаб берди:

– Қиблагоҳ ҳам, у кишининг сафдошлари ҳам юртимиз умумжаҳон тараққиётидан орқада қолиб кетаётганини мулоҳаза қилиб, ўлкани ислоҳ қилиш зарур деган қарорга анча аввал келишган эди.

Авваллари сира кўрилмаган янгиликларни ҳаётга шу зотлар олиб келишди. Бу кишилар миллий адабиётни яратишди. Миллат, ватан деган тушунчалар шулар туфайли пайдо бўлди. Эҳ-ҳе, нималар қилишмади улар? Бунча ғайрат, бунча фидойилик, бунча қалб қўри… Янги усул мактабларини очишди. Мактабларга дарс китоблари керак-ку? Шу сабабли ўзлари дарсликлар ёзишди, ўзлари миллий матбаа очишди, унда дарсликлар билан бирга, газета-журналлар ҳам босиладиган бўлди. Миллат ойдинлари газета-журналлар, янги усул мактаблар, турли кутубхонаю қироатхоналар, театр гуруҳлари тузиб, шулар теграсида жамланишди. Бунча ишга маблағни қаердан топишди денг? Сармоядорлар, тагли-тугли кишилар болаларининг ризқи ҳисобланмиш ақчаларини шу ишга тикдилар. Ҳатто дов-дастгоҳини сотиб хайрия қилганлари ҳам бор.

Билсангиз, айни шу кишилар халқимизни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолишди!

Эвазига падаримиз бошига не кунлар келмади дейсиз? Бир маҳаллар у киши Ўрусиянинг Давлат думасига аъзоликка сайланган эдилар. Тошкент, Чимкент ва бошқа жойларнинг халқи номидан, мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқи поймол этилмаслиги ҳақидаги талабномани ўша думага олиб бориб топширганлари учун, оқпошшо у кишини Тула деган жойга сургун қилди. Айни эллик ёшида қиблагоҳ тўрт йил сургунда бўлди.

Бу орада Ўрусияда февраль инқилоби рўй берди. Туркий халқларни бирлаштириш ғояси ўртага чиқди. Қиблагоҳ ва Мунаввар қори бошчилигида «Шўрои Исломия» жамияти тузилди. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, бошқирд, татар, туркман каби туркий халқларни бирлаштириб, шу асосда давлат қуриш масаласи бўй кўрсата борди. Ўрусия ҳеч қачон мустақиллик бермаслигини сезгач, қозоқ ва бошқирд етакчилари Туркистонга келиб, бизнинг оталаримизга қўшилдилар.

Шунда қизиллар халқнинг куч-қудратидан қўрқиб кетишди. Қонли урушлар бошланди. Орадан йил ўтиб-ўтмай, Туркистон Мухторияти қизил қонига бўялди. Қонхўр ҳукумат жаҳон урушида Туркияда кўрган талафотининг аламини Қўқондан олди, дашноқлар келиб, Қўқонни қонга ботирди. Жадидлар шунда ҳам ўзларини йўқотиб қўйишмади, айримлари исёнчилар сафига, бошқалари яширин миллий ташкилотларга қўшилишган бўлса, баъзилари янги ҳукумат идораларида ишлашга мажбур бўлишди.

Сизга бултурги ишни ҳам айтиб берай. Бултур кузда Бокуда Шарқ халқлари қурултойи чақирилди. Қурултой тугагач, туркистонлик қирқ аъзо ўзаро кенгашиб, Туркистонда қизилларга қарши ташвиқот ишларини авж олдиришга ва Шўро инқилобининг уч йиллиги кунида умумхалқ қўзғолони кўтаришга ахд қилишди. Афсуски, уларнинг бу режаси амалга ошмай қолди.

Уларнинг фаолияти энди бошқача йўсинда давом этди. Мактаб таълими, ҳунар, санъатдан ташқари, ҳарбий машқлар билан шуғулланиб, шўроларга асосий зарба берувчи куч сифатида «Турон кучи», «Турк кучи», «Темур», «Изчилар», «Лочин» каби гуруҳлар тузилди. Аммо шўролар Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатини тамомила бостиришга аҳд қилган эдилар. Ўша йилиёқ бу гуруҳлар фаолияти тугатилиб, аъзолари ҳибсга олинди.

Фарғона ва Тошкентдаги мағлубиятлар оталаримизнинг умидларини сўндира олмади. Улар Бухоро етакчилари билан кенгашиб, Бухоро жадид тараққийпарварлар фирқасини тузишди. Фирқа дастурига кўра, давлатни жумҳур-раис ва мажлис бошқариши керак эди.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «Литрес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

1

Озарбайжон операси асосчиси Узейир Ҳожибейлининг 1907 йилда ёзилган “Лайли ва Мажнун” операсидан.

2

Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон шеъри.

3

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдан.

4

Абдулла Авлонийдан.

5

Тўлаган қори Хўжамёров (Тавалло) шеъри.

6

Андижонлик атоқли диний уламо, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпоннинг тоғаси.

7

Тўлаган қори Хўжамёров, “Тавалло” тахаллуси билан ижод қилган. 1938 йилда отиб ташланган.

8

Шоир, олим ва таржимон Абдурауф Фитрат, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган.

9

Вопур – кема.

10

Боту шеъри.

11

Исвич – Швеция.

12

Акмал Икромовнинг турмуш ўртоғи Евгения Зелькина. Ер ишлари комиссарлиги бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган, эри қатағон қилинганидан сўнг, 1938 йилда отиб ташланган.

13

Маҳмудхўжа Беҳбудий, қизиллар фитнаси сабабли 1919 йилда қатл қилинган.

Конец ознакомительного фрагмента
Купить и скачать всю книгу
На страницу:
4 из 4