bannerbanner
Ҳақиқат талабгоримиз
Ҳақиқат талабгоримиз

Полная версия

Ҳақиқат талабгоримиз

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
3 из 5

Рауф Парфи шеъриятининг бош мавзуи – бу Инсон, Ватан, Туркистон, туркий дунёнинг воҳидлиги. Шоир бир умр ўзининг жонбахш мавзуларига содиқ, эътиқодига собит умргузаронлик қилди. Мўмин банда эди – бевафоларга ҳам вафо қилди, фақат иймонини сотмади. У ХХ аср одамининг беҳад кескин фожеъ руҳиятини муқаддас туркий тилда ифодалашга қарор этган ва муродига етган жасоратли шоирдир.

«ВИДО ТАБАССУМЛИ ОЛАМ, ЁШЛИГИМ..»

Рауф Парфи Ўзтурк асли насаби фарғоналик (Водилдан) бўлиб, 1943 йилнинг 27 сентябрида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғида Парфи Муҳаммад Амин (1893–1955) ва Сакина Исабек (1913–1995) оиласида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таълимни «Шарқ юлдузи» (1–7-синфлар), Шўралисой (53-мактаб, 8–9-синфлар), Янгийўл шаҳридаги Алишер Навоий (10–11-синфлар, кечки) мактабларида олди. 1960–1965 йилларда Тошкент Давлат Дорилфунунининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди.

Рауф Парфининг аждодлари Туркистоннинг маърифатли ойдинларидан эдилар. Отаси Парфи Муҳаммад Аминнинг ҳам эскича, ҳам янгича маълумоти бўлиб, форс-тожик, усмонли туркча ва рус тилларини яхши билган. Рус босқинига қадар, ундан кейин ҳам бир муддат турли маҳкамаларда таржимонлик-тилмочлик қилган. Кейинроқ большевизмнинг қонли қатағонидан жон сақлаш учун умрининг охиригача барча ҳужжатларда ўзини «саводсиз», деб ёздирган.

Рауф Парфининг туғилган йили ва исми турли ҳужжатларда турлича ёзилган. Биргина ишончли ҳужжат яқингача жамоа раиси Ҳамроқул Турсунқуловнинг котиби Ҳамид Азимбоевнинг уйида сақланган катта хўжалик дафтари бўлиб, унда «Турсунали Парпибой ўғли Мадаминов 1943 йил 27 сентябрда туғилган» деб ёзилган. Гарчи, отаси ёлғиз ўғлига Абдурауф деб исм қўйган эса-да, қариндош-уруғлар, шу бола ўлмасин, турсин деб, Аллоҳдан сўраб, ирим қилишиб Турсун Али отини қўйганлар. Худди шу маънода бошида икки кокил ҳам ўстириб, бирини Ўшпиримга, бирини Шоҳимардон пиримга бағишлаганлар (Исломий, Шомоний).

1945 йили Парфи Муҳаммад Амин оиласининг бошида алғов-далғов можаролар кўп бўлиб ўтади. Бу можароларга ота-онасининг келиб чиқиши бойлардан бўлганлиги асосий сабаб бўлади. Парфининг отаси – Муҳаммад Амин, унинг отаси Муҳаммад Сиддиқ Норқучоқ, унинг отаси Муҳаммад Расул Фарғоний, унинг отаси Муҳаммад Раҳим Фарғоний… Ота томондан момоси Жосият биби, унинг онаси Хосият биби, унинг онаси Марям биби. Катта бобоси Муҳаммад Расул Фарғоний Доғистонга Имом Шомил қўшинига ёрдамга бораётган туркистонлик мужоҳидлар билан чор босқинига қарши жангга кетган экан. Доғис тондан туркийча сўзлашадиган Марям деган қизни олиб келиб, тўй қилиб уйланган экан… Она томондан бобоси Исабек, унинг отаси Мусабек. Унинг отаси Толиббек, унинг отаси Олимбек… Она томондан момоси Қумринисо, унинг онаси Чаман бека… Онасининг катта момоси Ҳувайдо пиримнинг набираси бўлган.

Урушдан кейинги илик қуриган йиллар. Ўша пайтда «Бирлашув» жамоа хўжалигида отаси боғбон, онаси пиллакор бўлиб ишлайдилар. Отаси мусаллас қилиб, ўрислардан буғдойга, карислардан гуручга алмаштириб, очарчиликдан оиласини сақлаб қолади. 1947 йили ота-онаси билан Водил, Шоҳимардон, Жалолободга боради. Кейин Ўшга ўтишади. Ўшпиримга бағишланган кокилини 1948 йили олдиради. Биринчи синфга боради.

1950 йили иккинчи синфга ўтади. Дарсликлардан ташқари бадиий китобларни чанқоқлик билан ўқий бошлайди. Ота-онаси билан Шоҳимардонга боради. Шоҳимардон пиримга бағишланган иккинчи кокилини олдиради…

Рауф Парфи Ўзтурк 1953 йилдан эътиборан биринчи устози (отасининг дўсти) шоир Абдураҳмон Водилий тарбиясида бўлади. 5 март куни илк шеърини ёзади. У Сталин вафотига бағишланган «Энди қандай яшаймиз?!» деган марсия эди. Илк шеърини инсоният тарихидаги энг золим шахсга бағишлаган шоир кейинчалик зўравонликка қарши курашчи, инсон ҳуқуқлари ва эркининг ҳимоячиси бўлиб етишди.

Ёш Абдурауф мактаб кутубхонасида мавжуд бўлган ўзбек халқ достонларининг ҳаммасини ўқиб чиқади. Аммаси Хосиятбибидан (эртакчи) халқ достонларини ёзиб ола бошлайди.

1958 йили «Янгийўл» туман газетасида биринчи шеъри босилади. Кечки мактаб таҳсилини тугатгач, 1960 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)га ўқишга киради. Талабалик давриданоқ жаҳон классикасини – Блок, Такубоку шеърларини таржима қилади. «Турк дунёси адабиёти» курсини ўқитишни таклиф қилади; ўзи дўстлари учун «Турк дунёси шеърияти» дастурини ёзади. Талабалик йиллари Р.Парфи ҳикоялар ёзади. Леся Украинка шеърларини таржима қилади. 1962 йили Нозим Ҳикмат шеърлари билан (София нашри) танишади. Унинг шеърларини, «Инсон манзаралари» шеърий эпопеясини таржима қила бошлайди.

1965 йилдаёқ ҳаёт ва абадият йўлидаги ўз эътиқодини баён этиб ёзганди: «Ҳаёт – жуда оддий, гўё бир бош узумни еб битирмак каби гап, умрнинг шоҳ томирини шарт кесмак каби мураккаб, биласанки, сўнгги соат бор, биласанки, сенда абадият каби яшамакка қаноат бор, тириклик меваси – Мен ва Сен, айтмакчиманки, онамнинг қошида бўлай доим, айтмакчиманки, гуллар ўссин, айтмакчиманки, Туркистоним бир бутун бўлсин, дўстларимдан мактублар олайин, жирканаман аслини йўқотган олтиндан, олмосдан, сотилган хотиндан, пулга чайиб олинган нафасдан…»

«СЎЗНИНГ ГУЛХАНИДА РУҲИМ ИСИНДИ…»

Рауф Парфи қўлига қалам тутган аснолардан эътиборан шеър унинг учун қисматга, бир умрлик тақдирга айланган эди. Адабиётшунос Н.Раҳимжоновнинг фикрича: «Аслида, Ўзбекнинг шоири бўлиш ниҳоятда масъулиятли. Ва лекин, ниҳоятда шарафли. Боиси, ўзбек чақалоқларининг қулоғига айтилган азон ҳам шеърдир. Ҳатто яқинларини, қариндош-уруғларини сўнгги манзилга ҳам йиғи-йўқловлар, марсиялар айтиб кузатади». Рауф Парфининг наздидаги шоир «жафокаш шу хилқат аро қора қаламга ҳамнишин тутинган», ғамгусор ва мотамсаро фикр сочаётган» инсондир, норизо одамдир. Аммо унинг норизолиги аввало ўзига қаратилган. Инсоннинг «қафас ичра уйғонган наво», «тошлоқларда қон ютган лола» сингари иложсизлиги, «ҳавоси сўриб олинган ҳаво»даги ҳаёти уни қийнайди. Шоир 70-йиллардаёқ ёзгани каби: «Юзма-юз келгандек гўё ўт ва сув, Юзма-юз келадир шоир ва замон». Зеро, «буюк эътиқоддир муборак илҳом» ва шоирнинг юрагида қасос яшайди, унда «собит интиқом».

Юксак идеалларга интилган Рауф Парфининг севиб эргашган шоири Блок шеърни тушунтириш имконсизлигини таъкидлаб «доцентнинг дастидан додлаган» сатрларни битганди. Биз ҳам шоир феноменини тушунтириш ниятидан йироқмиз. Аммо бу ҳам бир уриниш-да. Рауф Парфининг мажозий тимсоллардан тикланган бадиий тафаккури илк сатрлариданоқ эрк истаги ва озодлик руҳи, жамиятдаги зулмга, ижтимоий адолатсизликка, тенгсизликка, ноҳақликка қарши исён ғоялари билан тўйинганди. Рауф Парфи ХХ аср ўзбек поэзиясида фикр билан кечинманинг синтезини бадиий санъат даражасига кўтарди, соф туйғунинг табиий оқимини, қабариқ мажозий ифодасини бетакрор йўсинда омухталаштирди. Фикратнинг фожеий ҳазин оҳангга йўғрилганлиги шоир ижодининг зоҳирий тамғасидир. Истибдодга, Хиёнатга, Ёлғон ва Риёга қарши исёнкор лирикаси юракдан чак-чак томаётган қон зардобларини эслатади. Унинг гўзаллик ҳодисасига айланган дардли шеъриятида Эрк, Ҳақиқат, Эзгулик ва Гўзалликнинг таъмини туйиш, рангини кўриш, чеҳрасига тик боқиш мумкин.

Рауф Парфини ҳаёт ҳақиқати эмас, қалб ҳақиқати кўпроқ ўзига тортади. Менинг назаримда, у кундалик турмушда қандай яшамасин, одамлар билан қай тарзда мулоқот қилмасин, шеър ёзаётганда қандайдир руҳий юксакликда туриб ёзарди. Бир-икки марта унинг жаҳлини чиқаришга, фикрини шу тахлит билишга уриниб кўрганман. «Нега сиз ҳам «Ой чиқар гоҳ заҳоли, Қизлар кўпдир вафоли» ёки «Кимгадир ёқар райҳон, Ким атиргул шайдоси» сингари сатрларни ёзмайсиз?» – деб сўраганман. Ва ундан жавоб ололмаганман. Унинг сатрлари залворли, у донишманд, у виждон сингари бир сўроқчи. Бу феномен ҳали ўрганилиши керак. У ўзбек шеърий маданиятидаги сарбаст шеър тузилишини ўзбек халқининг нафақат орзу армонлари, дарду аламлари, шу билан баробар яна тафаккур маданияти, қалб зарблари, ўзбекона миллий руҳи билан бойитди, рауфона оксиморон тимсоллар тизимини яратди. Ҳислар оқими шеър мусиқийлигини ҳосил этиши – ёлғиз Рауф Парфи ижодий изланишлари учун хос бўлган бетакрор самарадир. Сатрлардаги ички қофияланиш, аллитерация – оҳангдош сўзлар билан бойитилиш шеърнинг тафаккур тўлқинининг онг-шуурларда михланиб қолишини таъминлади. «Тахайюл майига термуламан жим» дея зорланган шоирнинг тахайюллар асосига қурилган мажозий образлилик, бу – воқеликни, инсонни, руҳоний ҳаётни ҳаққоний идрок этиш йўлларидан бири.

«…Нарсаларга эркимизни боғлаб қўйганмиз, моддиятнинг қулимиз, – деб ёзган эди Рауф Парфи. – Бу «айёр» ақлнинг хулосалари, оқил ақлники эмас. Оллоҳни таниган банда моддиятга боғланиб қолмайди, у ўзининг қоровули эмас. У – Ўзининг эгаси, ўзлигини излаётган инсон». «Санъатнинг вазифаси инсонга ўлимни англатишдир… Инсон доимо ўлим билан ёнма-ён юради. Тошбақа косасини бир умр ортиб юрганидек, ўз ўлимини доимо кўтариб юришга маҳкум. Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, Ўзига, бировга хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади» («Суҳбатдош» газетаси, 1999 йил, 2-сон, февраль).

Рауф Парфи сингари бир буюк ўзбек шоирининг ижодидан ҳар ким ўзи истаган фикрини топа олади. Энг муҳими, эҳтимол, айнан у шеър ҳақидаги минг йиллар қарор топган тушунчаларни парчалади. У шеър осон ўқилиши, ўқиган одам маза қилиши керак, деган тасаввурни синдирди. Унинг шеърлари бир ўқишда англашилиб кетадиган осон сатрлар эмас. Ундаги фикр силсилаларини англаш учун мияни «сиқиш», оғриқли ўйлаш керак бўлади. Шундагина ундан бойиниши, тўйиниш мумкин.

Рауф Парфи жуда завқли инсон эди. Ялиниб-ёлвориб, зўрға бир шеърини ўқиб беришга кўндирардик. Кейин шеърини тинглаб: «Устоз, жуда зўр шеър бўлибди-да», – десак, у жилмайиб: «Ёмон ёзолмасам, нима қилай?!» – дерди.

У Ҳамлету Отелло тўғрисида ёзганда ҳам, Байрон ва Егише Чаренцга мактуб битганда ҳам, Тҳакур ва Вейденбаумга назира битганида ҳам Туркистон ва туркийларни, Ўзбекистон ва ўзбекларни ёзарди. Рауф Парфининг 1981 йилда ёзилган ва ўша замонда чоп этилган «Муктибодҳ дуоси» аталган шеъри гўё Ҳиндистон мавзуида. Аммо ундаги ташбиҳ ва тасвирга эътибор қилинг:

Токай шундоқ қолур муқаддас бу ер.Кундуз талвасада, кеча жон узган,Сўқир вужудларнинг шаҳпарлари йўқ,Руҳ – ташлаб кетилган уй каби тўзган,Кўз – туман пинжида сўнаётган чўғ.

Сўнг тасвир яна ҳам қуюқлашади, сатрлар ҳукмдай жаранглайди: «Юракнинг энг чуқур қоронғусида Қор ичра беркинган сингари қўрқув. Ул бўшлиқ, бемантиқ меҳроб имдоди, Ундан ўлим ҳиди гуп этиб урар, Умиднинг, илҳомнинг, гулнинг жаллоди, Қонли қиличини сермаб югурар». Ахир бунда «Токи пул, амалдир ҳукми ом чиндан, Ахлоқ есирликда, имон қолгай тул, Нафосат – бир латта, этик ичинда, Кўрки, инсонликнинг қиммати бир пул!»

Бир пайтлар ҳазиллашиб: «Рауф ака, доимо сархуш юрасиз, дарвишоналик талабидасиз. Шу керакми?» – десам ҳазиллашиб, ул зот жиддий ўйлаб турдилар-да: «Мастлигим – бу менинг ниқобим, у мени асрайди, менинг айрим сатрларимни соғ одам, ақлу ҳуши бор одам ёзганини билсалар, йўқ қилиб юборардилар. «Э, бу бир жинни-да, алжирабди-да», деб тегинмайдилар», – деди. Билмадим, ҳар ҳолда Рауф Парфи шунчаки гапирмасди.

Шўро замонида ҳамма нарса унутилади, ҳамма гунг, ғамлар эсда қолмайди, қувончли кунлар келганда ҳасратлар ёддан кўтарилади, гарчанд қамоқларда элпарварлар эзилаётган бир пайтда телеэкранларда ҳамма рақсга тушади, деб эзилганингда, халқ кўрмаса ҳам ҳис қилади, деб таскин излаганингда Рауф Парфининг 1982 йилда битилган бешлигини мутолаа қиласан ва йўқ, хотирот абадийдир, деб ўйлайсан, ҳамманинг ҳам кўзи юмуқ эмас:

Мен ночор ва меҳрибонКимсаларни кўрдим.Кўрдим ғолиб жаллодларни.Кўр эмасман,Кўрдим.

Рауф Парфининг шахсга сиғиниш, турғунлик аталган «зерикиш», «ториқиш» йилларида, 1977 ёзилган: «Мақтов – ширин оғу, ширин ўлдирар» сатрлари замиридаги маъно абадий ҳақиқатдир. Унинг шеъриятидан ҳар ким ўз хулосасини чиқаради. Масалан, менга у миллатимизнинг зўравонлик тузумидаги фожиаларини ўшандаёқ акс эттиргандай туюлади.

Инсоният тарихида жуда кўп зўравонлар орзуни эксплуатация қилиб кун кўрганлар. Ленин «жаҳон инқилоби», «интернационализм» каби шиорлар билан Россияни забт этолмагач: «Ер – деҳқонларга, завод – ишчиларга!» деган даъват билан халқни қўзғотди. Октябрь инқилоби – нафс инқилобидир. Наполеон: «Халқни фазилатлари орқали эмас, иллатлари орқали бошқариш осон», – деб ёзганди. Яъни, у босиб олинган шаҳарни талайсизлар, деб аскарларини жангга, олдинга ташларди. «Бугун қийин бўлса ҳам, эртага яхши бўлади, коммунизмда яшаймиз», – деб большавойлар ҳам халқнинг яхши кун умидидан обдон фойдаландилар. Рауф Парфи буни англаб, «Ватан ҳақида Бернд Иенцга мактубим» номли «Ташқарида қор ёғмоқда эзгин-эзгин», – деб бошланувчи шеърида «миллион-миллион шаҳидлар номидан сўзлаётган карвон-карвон булутлар» ҳақида ёзар экан, ўзининг болтиқбўйилик дўстига «бизни орзулар оҳангида алдаётганлар ҳақида ўйлайлик кўпроқ», дея хитоб қилади. Орзу оҳангида алданиш – бу миллатнинг улкан фожиасидир. У халққа мурожаат этиб: «Сендадир матонат, сендадир тоқат… Ўлдирсанг ўзингни ўлдирдинг фақат», – деб тоқатнинг ҳаддин мўллиги, андишанинг керагидан ортиқлиги Ватанни ва миллатни фожиага етаклашини ҳам англаб куйинади.

Шоирнинг «Сўзлар», «Шеърият», «Харита», «Она тилим», «Туркистон», «Чўли Ироқ», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё», «Қадимий туркийлардан», «Ўзингни аяма, бораётган илдиз», «Англатгани англаган бошлари қани» сингари ўнлаб шеърларида Турон-Туркистоннинг олис ўтмиши, бугуни ва келажаги билан боғлиқ турфа бадиий талқинлар силсиласи кузатилади.

Шоир илгари сурган ғоялар ХХ аср шўро зулмининг, коммунистик истибдод воқелигининг, жамият ҳаётининг хилма-хил томонлари, мутелик кўринишлари орқали ёритилади. «Туркистон ёди», «Туркистон – энг ширин бўса», «Она тилим», «Ўзингни аяма бораётган илдиз», «Қадимий туркийлардан», «Ухлама сен, ҳақиқат», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё» ва ҳоказо ўнлаб шеърлари ана шу қутлуғ ғояларнинг бадиий-фалсафий талқинлари ўлароқ юзага келади («Туркистон ёди. Нақадар узундир, оғирдир бу йўл»).

Рауф Парфи бадииятининг хизматларидан бири, бу – Чўлпоннинг эркчилик ғояларини ривожлантирганликда кўринади. У Чўлпон йўлини давом эттирди. ХХ аср ўрталари – ХХI аср бошлари ўзбек бадиий маданиятида Туркистонда туркчилик руҳини барқарор этди. Адабиётда миллият, миллатсеварлик, ватанпарварлик, миллий руҳни янги босқичга кўтарди.

Рауф Парфи эстетикасида ўзини таниш, ўзликни билиш – бу кўнгилга қайтишгина эмас. Яна, жамият сир-синоатларини, халқнинг дарди-аламларини чуқур туйиш ва тушунтириш ҳам демакдир. Бу – қайноқ воқеликка сингиб кетиш, халқ кўнглига қайтиш, миллат идеалини билишдир. Шоирнинг таъкидлашига кўра, санъатнинг бош вазифаси – бу инсонни ҳимоя қилиш, инсонни улуғлаш, инсондаги одамийликни, юксак маънавий-ахлоқий хислат-фазилатларни ардоқлаш, камол топдириш ва шу тариқа Аллоҳ жамолига етишишдир. Рауф Парфи шеърларида бу ҳақиқатларни очиқ айтиб, ақл ўргатмайди, балким ўз руҳияти орқали ўткариб ифодалайди.

«МЕН КУЙИНИБ СЕВАМАН, НЕТАЙ?»

Рауф Парфи шунчаки яшамади, шунчаки ёзмади ва шунчаки севмади. У ишқда ҳам максималист эди. Учрашувдан қувониб: «Сени топгунга қадар Қандай яшадим мен? Наҳотки яшадим?» деб ажабланганди. Айрилиқ ҳақида ёшлигидаёқ: «Айрилсак, ер ўқидан чиқиб кетар», деб ёзганди ва бу ҳеч кимга ваҳима бўлиб туюлмаган. Унинг соғинчи шу қадар чексизки, у ёрининг ёнида туриб ҳам соғинади: «Вужудим яллиғланар нафасингдан. Сен шундай яқинсанки, жон қадар ахир, Барибир, сени соғинаман, севгилим». Ўзининг эътирофича: «Оғир севганидан рашки ҳам оғир». Ёрининг хиёнатидан хабар топган ошиқ фарёд солмайди: «Кел, видолашайлик энди соғиниб», – дейди:

Шу гаплар рост бўлса, ёлғизим, йиғлаб,Сенга ўлим тилаб қолар эдим мен.Йўқ, йўқ, мозорингни ўпиб, тимдалабҚайта тирилтириб олар эдим мен.Ростин айт, мен озлик қилдимми сенга?!Айт, бир юрак озми? Мана! Тўйдим-ку!Ўжар севгим билан тегдим жонингга,Кечир, рашким билан қийнаб қўйдим-ку.

Рауф Парфи бир уйда муқим яшамаган. У дунёда бир саёҳатчидай, йўлчидай юриб ўтди. Неча марта турмуш қурганини ҳеч ким аниқ билмайди. Биров «тўрт марта» дейди, бошқаси – «беш марта». Ҳар гал янги оиласига уй-жойни ташлаб яна йўлига кетарди. 1975 йил уйидан кетиб, кандакор Омон Азизникида яшаб юради. Кейин ҳайкалтарош Илҳом Жабборнинг устахонасида жой топади, қўним топмайди. 90-йилларда рассом Исфандиёр Ҳайдарнинг устахонасида яшаб юради. Кейин тоғаси – тарихчи Акрам Муҳиддинникида яшайди. Драматург Алишер Ҳамдамникида ҳам бир майизни баҳам кўриб юради. Буларнинг бари муҳим эмасдир, аммо унинг ҳаётини характерлайдиган жиҳатлардир.

Ҳаётини доирага жойлай олмаган шоир шеъриятида ўзини сиқувга оларди. У қатъий чегараларга эга бўлган сонет жанрида кўп ёзарди. Шеърларининг бир қанчасида бош ҳарфлар у юкинган устозлар, унга йўлдош бўлган ҳамдамлар исмини ифодалаган. Мана, унинг Сўз ҳақидаги сатрлари (уларнинг бош ҳарфларида шоирнинг сўнгги умрдошининг исми муҳрланган):

Сўзнинг гулханида руҳим исинди,Ул юлдуз, ойларнинг сўзин ўқирдим.Лабларим ёрилди, тишларим синди,Хаёлимдан олтин қафас тўқирдим.Иймон қайда? Билмас қаттол жувонмарг,Дам кўкка боқадир, дам ерга боқарАламзор қўйнида эзилган бир барг.

Мазкур шеърнинг сатрларининг бош ҳарфларидан шоирнинг аввалги умрдоши исмларини ўқиш мумкин:

Даъват қил, гуноҳкор бандангни чақир.Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,Лойимни қориштир, поклаб бер менга,Ожиз томиримга покиза қон бер,Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.Охират илмидан қил мени огоҳ,Муродим шаъмини сўндирма, Аллоҳ.

Қуйидаги сатрларнинг бош ҳарфларидан шоир қизининг исми яшириндир:

Сен фано водийси, ҳақ қошига бор,Еру осмон чўкмакдадир бенишон,Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,Инсон фарёдига тўлди коинот.Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,Чора, чора, дея сўрдилар нажот…Аллоҳим, билурсен қай сари кетдим…Аллоҳим… Мен ўлдим… Мен сенга етдим…

Рауф Парфи умрининг сўнгги йилларида Аллоҳга кўп мурожаат қилди. Дунёга келди, кўрди, юрди ва шукрки, Аллоҳни таниди. Шоир чин дунё сари пайғамбар ёшида кетди.

МУҲАММАД ЮСУФНИНГ СЕВИНЧИ ВА АРМОНЛАРИ

Муҳаммад Юсуф – ҳаққоний ўзбекона, халқона шоир. «Халқона» сўзи икки сўздан – «халқ» ва «она»дан келади. Муҳаммад Юсуфнинг тафаккурида улар жонбахш бир тарзда уйғунлашгандир. Ватан ҳақида шунчаки ёзиб бўлмайди, юрт мавзуси ҳар қандай шоирнинг қудрати ёки заифлигини шундоқ кўрсатиб қўядиган мавзудир. Ҳар ким ҳам юрак ютиб ёзиши қийин. Ларошфуконинг бир ҳикмати бор: «Ёлғонни равон ёзсанг, ўзини фош қилади». Ёлғон фош бўлмаслик учун чиройли бўяб-бежалади, тимсоллардан либос кияди. Ростнинг ошкор бўлиб қолишдан хавотири йўқ, ҳақиқат турланиб-тусланишга эҳтиёжсиздир. Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги шеърлари ҳам ясама эмас, кўнгилдан оққандир, шунинг учун ойдину равондир ва шу ойдину равонлиги ила гўзалдир.

Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ва халққа бўлган чексиз меҳру муҳаббатига шубҳа йўқ ва ана шу муҳаббат унга халққа рост сўзни куюнчаклик билан оломон бўлма, «халқ бўл, элим» деб айтиш ҳуқуқини беради.

Бўлар элнинг болалари бир-бирин дер,Бўлмас элнинг болалари бир-бирин ер,Бир бўл энди, қадри баланд қаддингни кер,Халқ бўл, элим, халқ бўл, элим, халқ бўл, элим!

Муҳаммад Юсуфнинг исму шарифи икки пайғамбарнинг – Муҳаммад алайҳиссалом ва Юсуф алайҳиссаломнинг исмларидан келадиган илоҳий рамзлиги ҳам бежиз эмасдир.

МУҲАММАДНИНГ МУҲАББАТИ

Муҳаммад Юсуф шеъриятининг бош мезони – муҳаббатдир. Ва бу муҳаббат «осмонга бўй чўзган оқтерак ўлка»га, «довруғу ҳам дарди бор» халққа, «кўзи йўлда қолган» онага, «кўк кўлдаги тиниб қолган сувпари» ёрга, «қирларида беарқон туёқлари чақноқ қулунлар» кезган ерга, шу заминдаги «кўкидан бир чимдим» тутган ҳар бир гиёҳу «кўзи ёшга тўла жайрон»ларга, қурт-қумурсқага бўлган муҳаббатдир. Зеро «йиллар тўзони», «инсоннинг яхши-ёмони» ўтар, «самонинг кўз ёши – юлдузлар» охир тўкилиб кетар, «келганда ҳам қиёмат охир, меҳр қолур, муҳаббат қолур».

Унинг шеърларини катта-кичик бари ёд билади, уни давлат раҳбарларидан тортиб тоғдаги чўпонгача эҳтиром билан қадрлайди. Бу бежиз эмас – унинг шеърларидаги дард одамларнинг дардидир. Бу дард жонга тегмайди. Абдурауф Фитратнинг лутфича: «Шарқнинг виқорида ҳасрат, қайғусида виқор мужассамдир». У севганига теголмай, кейин фарзандига исмини қўйган келинларнинг, ота уйидан кетиш қисматига битилган сингилларнинг, «ота уйда умри тушдайгина» ўтган сингиллари учун «ёлғиз ака бўлиб, ёнида юролмаган» акаларнинг, иш баҳона «бир парча юраги минг пора», «ортидан оввора» онасини бир кўргани боролмаётганидан минг хижолат ўғилларнинг, «Озодани севишини хотини ҳам биладиган», лекин «ҳар куни бир кўчасидан ўтмаса сира бўлмайди»ган, «кўнглида – бир ёр, қўйнида – бир ёр» ошиқларнинг ҳам шоиридир.

Муҳаммад Юсуфнинг шеъриятга муҳаббати ўзгача эди. Унингча, шеърият бу «ширин азоб экан, жонни ёқмоқ экан, бир қўлда гул, бир қўлингда чақмоқ экан».

Муҳаммад ёрига қарата «Сени ҳеч ким севолмайди менингдек» деса ишонасан, киши. Чунки унинг ишқи илоҳий, беғараз ишқдир. У ёрни ҳам «ўпай деса – пешонаси йўқ», «тегса – тўкиладиган» лолақизғалдоқни севгандай «аяб» севади.

Жонингга жон бўлмайман-у, севаман,Ёнингга бир келмайман-у, севаман.Исмингни ҳам билмайман-у, севаман,Сени ҳеч ким севолмайди менингдек.

Муҳаммад Юсуфнинг эътирофича, ҳар бир шоир «куйган кўнгилларнинг ноласи, ғариб оналарнинг ғариб боласи», ҳам «буюкларнинг буюги», ҳам «жами бечоралар бечораси», шоир гоҳо одамлардан тополмаган меҳрини қушлардан, тоғу тошлардан сўраса ҳам, бу унга ярашади, малол келмайди. «Туғилгандан мен шўрликнинг бағрим қон, Бир жисмимда талашади икки жон. Жон талашсам, тепамда чарх урган шу Капалаклар одамлардан меҳрибон». Чунки, разм солиб қарасанг, уларнинг «на кулбаси, уйи йўқ», на қўшиғи, «на товуши, куйи йўқ». Зеро, «капалакнинг камбағали, бойи йўқ».

Албатта, дунёнинг жонзотлари – Муҳаммад Юсуфнинг тимсолларидир. У ялпизга «жилға бўйида сарғайган синглим» деб ўтинади, «эрка кийик»ка қарата «бу дунёда бирдай ғариб мен ҳам, сен ҳам» дея эркаланади, «сенинг жонинг, менинг жоним – омонат жон» деб иқрор бўлади.

«НЕЧУН ҚУЛЛУҚ ҚИЛМАЙ АНДИЖОНГА МЕН!»

Муҳаммад Юсуф маҳаллийчиликни ёмон кўрар эди. Унинг «Халқ бўл, элим» деган даъватида ҳам юртни бутун, миллатни якдил кўриш истаги барқ уриб туради. Самарқандни севарди, борса «Улуғбекни кўрмай қайтмас»ди, Бухоро минораларига уя қўйган лайлакларга дарё меҳри бор эди, Файзулла Хўжаевнинг юртига атаб достон битганди, юрт кезарди, ҳатто сўнгги кунини ҳам олис Элликқалъада ўтказди.

Шоирнинг она юрти Андижонга ҳам ўзгача меҳри бор эди. «Кўнглида кўкарган дала»сига, «йўлига термулиб толган чорбоғ»ларга, шоир «соғинмаса ҳам шоирини соғинадиган момоқаймоқлар»га муҳаббати ўзгача эди.

Сайлаб юрт ажратмоқ феълимга йироқ,Бухор минорлари кўнглим этар тоғ,Менга Самарқанд ҳам азиздир, бироқ -Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен!

Дунёга «Бобурдек шоҳларни берган», Нодирабегимнинг «сочларин ўрган» бу қадим қўрғон – Андижоннинг тупроғи жаннатдек «ғамза этиши» унга севинч бахш этарди. Андижонни, онасини тез соғинарди. Бориб қайтса ҳам, кун ўтиб қўмсарди, эҳтимол, бориб туриб ҳам соғинарди. Бу «Чўлпони ёдидан чиқмаган диёр»га «кузда кетган турна баҳор қайтгандек» бир куни қайтишини айтарди.

Муҳаммад Юсуф улкан тарихий хотира шоиридир. У юртни севар экан, унинг оғриқли тарихини четлаб ўтмайди, ундан сабоқ чиқаришга даъват қилади ва бунинг учун аччиқ таъналар ҳам қилади. Бу оғринишлар, куюнишлар юртига бўлган улкан муҳаббатидан, Андижонни мукаммал кўриш истагидандир. Буюк фарзандларнинг юрт бошига сиғмагани уни қаттиқ ўртайди.

«Оллоҳ-ку Анжонда қормиш лойини, Нодиранг на қилсин хон саройини?» – дея Боғишамол бўлиб йиғлаган диёрга юкинади, «ҳаттоки қаландар Машраби талош»лигидан, юртга «Бобури сиғмаган»лигидан ўкинади.

Ўзинг улғайтирган ниҳолингга боқ,На бўйинг етар, на қўлинг етади.Болангдан шоҳ чиқса – ўзга юртда шоҳ,Шоир чиқса, бари дайдиб кетади.Гоҳо койимайсан гапга кирмаса,Гоҳо бошин силаб, йўлга солмайсан.Тақдирдан нолийсан, худо бермаса,Худо берганини асрай олмайсан.

Бешафқат, аммо рост сўзлар! Шоир «Андижонда Тожмаҳал йўқ»лигига кўнолмайди: «Балки аҳил бўлсанг, сал кенгроқ бўлсанг Бағрингда бўларди Тожимаҳаллар». Энди «қирқ йил чорласак ҳам» Бобур гўрдан чиқмайди, «чиқса ҳам бағрингга сиғмайди», абадий «Ҳинду тупроғида ухлайди». Сўнг «қайинзор қаъридан узилар бир ўқ… Чўлпонинг бор эди, Чўлпон энди йўқ. Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?»

Муҳаммад Юсуф бу оғир сўзлари учун элига узрхоҳлик билан лутф ҳам қилади:

Узр, гар оғринсанг елкамга бош қўй,Шод кунинг кўнглингни мен билан чоғла.Бобурга илинсанг, менга қовун сўй,Чўлпонни соғинсанг, мени қучоқла.

Муҳаммад Юсуф Бобурни кўп ёдларди, иззатларди. Ҳатто ўғлига «Бобур» деб исм қўйганди. Ўзи ҳам Бобурнинг ёшида – 47 ёшида оламдан ўтди.

«МИНГТЕПАНИ АТАЙЛИК ЎЗ НОМИ БИЛАН…»

Муҳаммад Юсуфнинг яна бир армонини бугун амалга оширмоқ фурсатидир. Шоир ўз туғилиб ўсган юрти Марҳаматга унинг тарихий номи – Мингтепани қайтаришни орзу қилганди. Камина «Ҳуррият» газетасида ишлаганимда у шу масалада хат ёзиб келган: «Марҳаматни номини одамлари «Пожалуйста!», «Марҳамат!» деб турсин дея мустамлакачи Горчаков қўйган» дерди, бу ҳақда шеър ҳам ёзиб берганди. Мана, ўша шеър:

На страницу:
3 из 5