Полная версия
Юз йиллик қотиллик қиссаси
Темур керакли жилдни ола солиб, ўзи истаган мақолани зумда топди, ўқишга киришди. Ўқиётиб йиғмажилддаги иккинчи мақола – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1995 йил 6 январь кунги сонида босилган Ҳалим Сайиднинг “Беҳбудийни қатл этган ким?” деб номланган мақолани кўз олдига келтирди. Энтикди, вужудига титроқ турди. Хаёлида Беҳбудийнинг қотили ёки қотиллари номма-ном ёзилгану, уларни билиб оладиган, мушкули осонлашадигандек эди. Ахир сарлавҳадаги саволга жавоб бермоғи керак эмасми, мақола муаллифи? Жавоб топмаган бўлса, нима учун бундай савол қўяди?
Қайта-қайта ўқийверганидан, мақола ёд бўлиб кетди. “Маҳмудхўжа Беҳбудий Шўро идорасида ишлаган бўлса-да, ҳеч қачон большевикларни қўллаган эмас ва қўллай олмасди ҳам”, деб ёзибди Ҳалим Сайид. Тўғри, Беҳбудий жон-жонидан большевикларни сўкишга – сўки, отишга – ўқи йўқ бўлиши мумкин, лекин ўша большевиклар буни сезмаган, пайқамаган дейсизми! Жуда яхши пайқаган ва зимдан Беҳбудийни кўз остига олган. Муаллиф профессор Бегали Қосимовнинг “Беҳбудийнинг қабри қаерда?” мақоласидаги ҳазратнинг ўлими ҳақидаги фикрлари кўпчиликни алоҳида ўйлантириб келаётганини ёзган. Бундан чиқди, Беҳбудийнинг қабри қаердалиги, унинг қаерга дафн этилгани ҳам номаълум. Профессор бу жумбоққа ойдинлик киритишга уринган, Ҳалим Сайид эса унинг тахминларига гумони бор. “Дорилфунунда ўқиб юрган кезларимдаёқ, – деб ёзади у, – Беҳбудийни айнан Амир Олимхон фармони билан Қарши беги қатл қилиб, қабрини текислаб ташлаган, деган маълумотга гумонсираб қарар эдим”.
Темур бу маълумотни алоҳида аниқлаштираман, деб дилига тугиб қўйди.
У ҳар сафар янги мақолани ўқишга киришганда қайсидир жумбоққа ойдинлик киритаман, топаман деб умид боғлар, бироқ аксинча, ҳар бир мақола уни яна ва яна бошқа бир мавҳумлик кўчасига рўпара қилар, дафтаридаги савол аломати қўйилган тахминлар, фаразлар кўпайгандан-кўпая бораётган эди.
– 7 –
Даставвал Оҳиста ая ҳам, Азиз ҳам Темурнинг ҳар куни бирор янгилик топиб келишига қизиқишар, дастурхон теварагидаги суҳбатларда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг исми тилга олиниши одатий ҳолга айланганди. Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтгани сайин оилавий суҳбатлар “сафи”га яна бир мавзу қўшила бораётган, бунга асосан, Оҳиста ая сабабчи эди.
Ая Темурни уйлантириш ҳаракатига тушганди.
Онасига акаси қўшилди.
– Бунингиз Беҳбудийнинг қотилини топадими, келин бўлмиш қиз излайдими, ая? – деди кулиб Азиз. – Ўзингиз суриштиринг, қариндош-уруғ, таниш-билиш дегандек, топилар бир муносиби?
Аяси билан акасининг тезлашларига жиддий эътибор бермаётган Темур гапни чўзмади:
– Мана шу топшириқни бажарсам, юзим ёруғ бўлса, кейин уйланаман, – деди, гапни чўрт кесиб.
Азиз пиқирлаб кулди.
– Юз йилда бирортаси тагига етолмаган убийствани аниқлашингга ишоняпсанми?
– Бошлаганимда иккиланган эдим, ҳозир ишона бошладим. Ишларим беҳуда эмас, қизиқиб кетяпман, ака.
Акаси жиддий тортди:
– Адам кўп айтгандилар – очилмайдиган жиноят йўқ, деганлар. Зора, шуни эпласанг.
Темурнинг ўй-хаёлини эгаллаганди шуғулланаётган иши. Ётса ҳам, турса ҳам, акаси айтмоқчи, эплаш-уддалаш дардига айланди, унинг. Ҳар бир топган маълумоти ушбу нияти йўлида мушкулини осонлаштиришига ишончи ортиб бораётганди.
– 8 –
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририяти жойлашган етти қаватли, узун бинога етиб борганида соат кечки бешдан ошган, иш вақти охирлаганидан, бинодан битта-яримта эркак-аёл ходимлар чиқиб кетишаётган эди.
Учинчи қаватдаги керакли хонани топиб борди, телефонда овози паст ва ингичка эшитилган йигит айтди – устоз Саъдий кечроқ келадилар, ҳамма нарсани у кишидан сўраб оласиз, деди.
Темур кутди, тоқат қилиб кутди.
– Қандай шамол учирди сизни бу ёқларга? – деб кўзойнаги тепасидан мўралаб, гапни терговнамо сўроқ қилишдан бошлади, Саъдий устоз.
– Поён Равшанов деган одамни сиз яхши билар экансиз…
– Поён Равшановга қизиқиб қолдингизми ёки Беҳбудийгами? Аввал шуни аниқлаштириб олайлик-да. Талабамисиз? Қаерда ўқийсиз? Ҳозирги талабалар Беҳбудийга қизиқадиларми? Янгилик-ку бул?
Саъдий устознинг кинояомуз гапириши, дам-бадам ўнг кифтини учириб қўйиши ғалати туюлса-да, ҳарқалай, унинг пичинглари ўринсиз эмасди. Темурнинг ўзидан қиёс, тўрт йиллик талабалик кезларида Беҳбудийга қизиқиш у ёқда турсин, бундай одам бор-йўқлиги ҳақида ҳеч вақо эшитмаган, на бирорта талаба, на бирорта домла бундан гап очган. Поён Равшановни-ку, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” деган газетани-ку… газетанинг номи қисқароқ бўлгучи эди…
У ўзига синовчан боқиб турган торгина хона соҳибига қаради. Саъдий устоз сочи ёнбошлатиб силлиқ таралган, анчагина уринган кўзойнагини тинимсиз дам қўлига олиб-дам кўзига тақавериши қараб турган одамнинг кулгисини қистатар, жиғига тегар, бунга беэътибор устоз “чирт” этиб тупламоқчидек, юпқа лабларини қимтиб-қимтиб жуфтлар, булар етмагандай, дам-бадам елкасини учириб-учириб қўярди. Темур икки-уч сонияда хона соҳибини бир кўз югуртиришда тўла ўрганиб, “ўзлаштириб” улгурди.
– Сиз ўқиган мақола газетада чиққан кезлари бирдан Беҳбудийчилар жонланиб қолди-ку! – Арз-ҳол қилаётган оҳангда деди Саъдий устоз. – Билган ҳам, билмаган ҳам қўнғироқ қилди, ёзди, ёпирилди. Сизга ўхшаш талаба бачалар ҳам келди. Хурсанд бўлдим. Ўзи бизда одат шундай – бир янги гап қўзғалса, ёв қувгандай ёпирилиш одатимиз бор, қочгани жой тополмай қоласан, одам, бир унутса, фонус ёқиб, дурустроқ фикр айтгич қора кўз топилмайди. Уриб-ёлбориб ёздиролмай хунобимиз чиқади. Ҳай, майли, ўша мақола бир шамол қўзғади. Шунга ҳам хурсандман. Поён Равшан билан мақолани ўзиям нақ бир йил ишладик чоғи! Сабаби бор – Беҳбудийнинг тақдири ҳақида аниқ-тиниқ гап оз, ҳаммаёқ тахмину мавҳум, саналар, исмлар, ҳолатлар аниқланмоғи керак. Газетага ёлғонни ёзмайсан-ку, шундай эмасми?! Айрим олимваччалар чўпчак ёзиб келади, чўпчак, газетага боссанг, шарманда бўлишинг аниқ! Сенга ўхшаб сўраб-суриштириб келадиганлар… яхши… Неча марта ўқидинг мақолани?
Темур ёши улуғ бу одам дам ҳасратини тўкиб солаётганидан, дам шикоят қилаётганидан, муҳими, танимаган-билмаган ёшгина йигитчани ўзига тенг-тўшдек тутиб гапираётганидан ўнғайсизланиб ранги ўзгариб-гезариб нима жавоб қилишини билмай, тили тутилди. “Институт домласига ўхшаб кетаркан”, деб қўйди ичида. Ва ҳақиқатда мақолани етти-саккиз марта ўқигани, ҳатто айрим жойлари ёд бўлиб кетганини эслаб, енгил тортди.
– Тўрт марта.
Саъдий устоз ўрнидан ирғиб турди, бети чарақлаб, кўзойнагини қўлига олди, яна тақди, кифтини учирди, столни айланиб ўтиб, Темурнинг рўпарасига яқин келди-да, узоқ йўл босган одамдек ҳансираганича, таққа тўхтади.
– Тўрт марта, дедингми?!
– Ҳа, тўрт марта, – такрорлади Темур, нима учун етти-саккиз марта ўқиганини айтгиси келмаганини ўзи ҳам тушунмай.
– Аҳмад, ҳой Отабой, бу ёққа чиқ, тезгина чиққин! Отабоев!
Очиқ эшикда ўртача ёшдаги ингичка юзли, даҳани чўзиқроқ йигит кўринди. Кўринган заҳоти кўзойнагини қаншарига кўтариб қўйди.
– Лаббай, тинчликми, устоз? – афтидан ўта бандлиги сезилиб турган йигит, кўзини пирпиратиб, истар-истамас савол қотди.
– Поён Равшаннинг мақоласини… Беҳбудийни, манави талаба бача тўрт марта ўқибди!
Аҳмад Отабой деганлари тишларининг оқини кўрсатиб, оғринибгина жилмайди.
Устоз бошини бир томонга қийшайтирганича Темурни тезлади:
– Ўзинг айт, неча марта ўқидим, дединг, айт!
– Тўрт марта… – бўшашибгина деди Темур.
– Қаттиқроқ айт, қўрқмасдан айт! Бу туман қоплаган дунёдагилар ҳам эшитиб қўйсин! Айт!
– Қизиққан одам ўқийди-да, устоз, – деди Отабоев гапни мухтасар қилиш дардида. – Ҳозирги талабалар анойи эмас, илм истагидагилари кўпаймоқда. – У шундай деб Темурга юзланди: – Баракалла, ука, кам бўлманг.
У гап тамом дегандек, изига қайтди. Темур Саъдий устозга термилди. Устоз ҳаяжони босилди шекилли, ниҳоят мақсадга кўчди.
– Сиз бундай қиласиз, Поён Равшаннинг телефонини ёзиб олинг. Ул заҳматкаш тарихчи олим тиниб-тинчимайди, куюнчак-да, ҳаётини шунга тиккан, яна битта мақола берган, портфелда нафас ростлаяпти. Тошкентга тез-тез келиб туради. Йўлини пойлайсиз. Беҳбудийга чини билан ошуфтага ўхшайсиз… қизиқсангиз… шу бинонинг тўртинчи қаватида – Ҳалим Сайидни топасиз. Битирув иши ёзаётган бўлсанг, ёрдам беради, унинг номзодлик иши Беҳбудийдан. Беҳбудий десанг, бошқа юмушларини унутади. Тақриз ҳам ундирасан ишингга, борақол.
Темур миннатдорлик билдиришга ҳам улгурмади, устоз ўша заҳоти хонасида турган йигитни унутиб, сўлоқмондек попкаси ичидан тахлам-тахлам қоғоз олиб, столга ёйганича, улар орасидан ўзига зарурини излашга тушди.
Темур ташқарига хурсанд бўлиб, анчагина енгил тортиб чиқди, негаки Саъдий уни талаба, деб ўйлади, айниқса, устознинг мақолани неча марта ўқиганини айтгандаги болаларча севинганидан ажабланиб, кулиб қўйди.
– 9 –
Темур дафтарининг алоҳида варағидаги ёзувга кўз югуртириб ўтириб, мулоҳазага берилди: “Қизилтепа тумани, “Қизилтепа тонги” газетаси. Раҳим Мақсудов. “Қалб туғёнлари” номли китобча. Ундаги “Ибратли умр” сарлавҳали мақола эътиборини тортди. Сабаби – сарлавҳа остида қавс орасига олинган ёзув: “ёки Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига бир назар”. Олис туманда яшовчи инсон ёзибдики, уни алоҳида ўрганиш фойдадан холи бўлмайди. Лекин Темур Навоий вилоятидаги бу туманга бормаган, у ерлик бирор инсонни танимаса… Саъдий устознинг меҳрибонлик билан айтганлари ёдига тушди. “Ҳалим Сайид Беҳбудий десанг, бошқа юмушларини унутади!”
Темур Саъдий устоз кўрсатган беминнат меҳрибонликдан қувватланиб, Ҳалим Сайидга сим қоқди. Қисқа салом-аликдан сўнг, Ҳалим ака мақсадга кўчди. “Беҳбудий ҳазратларига қизиқаётганингиз дуруст. Ишни нимадан бошлаяпсиз?” деб суриштира кетди.
– Сизнинг мақолангизни қайта-қайта ўқидим. Раҳим Мақсудов деган одамни излаётгандим, сиз у кишини танийсизми? – сўради Темур.
– Раҳим Мақсудов… – у шундай деб, пича ўйлаб турди-да, сўнг давом этди: – Мабодо қизилтепалик бўлса, Ойдин Ҳожиевадан, Ашурали Жўрадан, Азиз Саиддан суриштириб билишингиз мумкин.
Темур номлари тилга олинган кишиларнинг бирортасини танимас, эшитмаган ҳам эди.
– Ойдин Ҳожиева қаерда ишлайдилар?
– Ишламайди, опа кексайиб қолган, уй бекаси. Азиз Саиднинг иш жойини аниқ айтолмайман, ўзини кам учратаман. Ашурали ака… Айтганча, икки кундан кейин Юнусободдаги “Баҳор” тўйхонасига боринг, Жаббор Раззоқ ош беряпти. Ашурали акани ўша ердан топасиз.
Темур Ҳалим Сайид билан у киши ёзган мақола ҳақида сўз очмоқчи эди, улгурмади – телефон гўшаги тақ этиб қўйилди.
Темур таклиф қилинмаган тўй ошига боришга мажбур бўлди. “Баҳор”га кираверишда тўй эгалари сафида турган ўрта ёшлардаги бир кишидан сўради.
– Ашурали Жўрами? У киши юқорида, кайвонилик у кишига топширилган, – деди нотаниш мезбон.
Иккинчи қаватдаги кенг-мўл зал бўсағасида ўрта бўй, дўмбоққина, оппоққина, дўпписи чеҳрасига ярашиб тушган киши чиройли табассум билан пешвоз чиқди Темурга. Темур ўзи истаб келган одамни топдим, деган хаёлда салом бериб, у кишига яқин борди, қўл етар жойга етганида, унинг ёнидаги қорамағиздан келган, мўйлабли, кўз қорачиғи тим қора киши ўзига чимирилиб қараётганини пайқади.
– Ҳа, ука, сизми, мени излаётган? – савол қотди у фавқулодда.
Темур ҳайрон бўлди, у излаб келганини қаердан билди бу киши?
Наҳотки, Ҳалим Сайид айтган бўлса? Ахир, Ҳалим ака Каттақўрғонга чақириб қолишди, ошга боролмайман, дегани аниқ эсида. У ҳолда…
– Аввал ош еб чиқасизми ёки танишиб оламизми? – деб сўради Ашур Жўра деганлари ҳамон Темурдан синовчан нигоҳини узмай.
– Ош учун келмадим, сиздан бир нарсани сўраб олсам кифоя, қайтаман.
– Ўзбекчилик бундай эмас-да, жўра. Қани, бери ўтинг. – У шундай деб чеккадаги бўш столлардан бирига Темурни чорлади. – Ҳали ошхўрлар ёпирилиб келишига пича бор. Ишни битирсак, битирақолайлик. Сиз асли қайси идорадан?
Темур шошиб қолди. У иш жойини тилга олишдан ийманаётган, қолаверса, қандай лавозимга расмийлаштирилганидан бехабар, нима деб айтади?!
– Беҳбудийга қизиқаман… Шунга сизни айтишганди.
Ашур Жўра бирдан енгил нафас олди. Рангига ранг кирди. Юзига табассум югурди.
– Шундай демайсизми! Офарин-ей! Қайси аскиячи тавсия қилди мени сизга? Чиндан ҳам, Беҳбудийни билади деб айтдими? Бу, одамларни тушуниб бўмай қолди-ей! Мен беҳбудийшунос бўлмасам, у кишини сув қилиб ичган, уни ортидан доктор, профессор бўлиб юрганлар қолиб, ким менга рўпара қилди, ука, сени?!
Темур муддаосини охиригача айтиб улгурмаганидан хижолат чекди.
– Мен, – деди фурсатдан фойдаланиб, – сиздан Беҳбудийни эмас, Раҳим Мақсудовни сўрамоқчи эдим.
– Раҳим Мақсудов? Қанақа Раҳим…
– Қизилтепалик ёзувчи.
– Юракни ўпирдинг-ку, бола, – деб юборди Ашур Жўра ўрнидан дик этиб туриб. – Бор, ичкари киргин-да, ош-пошингни еб ол. Кейин гаплашамиз. Бор! Раҳим Мақсудов, деб мени ўтакамни ёрдинг-ку, болам!
– Ўша ёзувчини танийсизми? Телефони?..
– Ёзувчимас у, журналист. Рай-йонда журналист-т! Ёши бир жойга борган, кекса… яхши инсон!
– Беҳбудий ҳақида китоб ёзган экан…
– Қанақа китоб?! Тўғри, туман тарихини ёзган, китобининг ичида бир чимдим Беҳбудийни тилга олган бўлса олгандир, илло, Беҳбудийни астойдил ўргана бошлаган одам – Бегали Қосимов, Наим Каримов! Ана шу домлаларни танийсанми? Китобларини ўқиганмисан?
Темур бош чайқади.
– Беҳбудийга қизиқсанг, ишни Бегали Қосимовга, Наим Каримовга қизиқишдан бошлагин. Тушундингми?.. Ҳозир сафсатани бас қилайлик-да, ичкари кир, ош еб кет. Э, барака топгур-а!
Темур ичкари томон икки қадам юрди-ю, тўхтади, ортига ўгирилиб, Ашур акадан яна ниманидир сўрамоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаган эди, Ашур Жўра уни гапиртирмади.
– Э, мен бир болалар журнали редактори бўлсам, ҳозирги мишиқи гўдаклар Беҳбудийни биладими? Отасига қизиқмайди-ку, Беҳбудийга бошини оғритадиган бола қайда?! Э, бор дедим, ошга ўтир, ҳа, Ҳожибой жўрам айтгандек, ошга ўтир, ука!
Ашур Жўра шундай деб бошини сараклатганича бояги зина тепасида меҳмонларга пешвоз чиқиб, илтифот кўрсатишда давом этаётган табассуми ўзига ярашган дўмбоққина шеригининг ёнига кетди.
– 10 –
Темур юз берган танишувни эслаб, кулиб юрди. Шуғулланаётган иши юзасидан таниган-билганлари қанча кўпайса, шунча яхши – бири бўлмаса, бошқаси калаванинг учини топишга кўмаклашар ахир! Зиммасидаги вазифани адо этмоқлиги йўлида нокерак одам, нокерак маълумот йўқ, битта рақам бўлса ҳам, гувоҳ одамнинг битта маълумоти бўлсаям – қимматли, зарур, асқатиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳатто, ҳеч нарса билмайман, беҳбудийшунос эмасман деган Ашур Жўра ҳам ўзи истамаган ҳолда, бир нечта маълумот берди. Раҳим Мақсудов ёзувчи эмаслигини, журналистлигини айтди, у беҳбудийшунос эмаслигини айтди, ёзганда ҳам, Бегали Қосимов, Наим Каримов китобларидан фойдаланган бўлишига ишора қилди. Ва… кейин Темур бир гапни эслаб, юраги жиз этиб ачишгандек бўлди. Ашур Жўра ҳазилвон эканми ё жиддий гапирдими, ҳарқалай, ош еб чиқаётганида имлаб, Темурни ёнига чорлади.
– Сен ош еб чиққунингча, мен ўйладим. Болалар журналига Беҳбудийнинг болалиги ҳақида мақола заказ қилгандим. Пичоққа илинадиган маълумот топилмади. Тушуняпсанми, ҳазратнинг болалигига доир хотира йўқ, ҳеч кимда йўқ! Аслида эса, ўрганишни болалик чоғларидан бошлаш керак, болалигини билмасанг, Беҳбудий қаердан пайдо бўлганини қаёқдан аниқлайсан?! Шуни дилингда тут, жиян! Мисқоллаб бўлса ҳам тўпла, беш-олти қоғоз қоралаб келсанг, журналда мақолангни чиқариб бераман.
Темур қизилтепалик журналистнинг мақоласига кўз югуртириб ўтириб, дам-бадам хаёли Ашур Жўрага кетди, у кишига ғойибона миннатдорлик маъносида бош ирғади.
У дангалига, лўнда ва бўямай-бежамай айтилган гапни ёқтирарди, Ашур ака шунақа хилидан экан. Беҳбудий ҳам шундай табиатли бўлгани муқаррар, акс ҳолда “Амир Саид Олимхон уни ўзининг шахсий душмани деб билган”. Оддий гап эмас бу. Нима сабабдан шундай бўлган? Нима сабабдан амир уни ўзига шахсий душман деб билган? Бундан чиқди, Беҳбудий ниҳоятда залворли, мураккаб шахс бўлган, амирга нисбатан шахсий душманликка қодир одам бўлган! Ҳа-а-а!.. Бу етмагандай, “Унинг номи Туркистон генерал-губернаторлиги у ёқда турсин, оқ пошшонинг ўзига ҳам аён бўлган”.
Эҳ-ҳе-е!.. Темур эса битта мақола ёзган чекка тумандаги журналистни излаб юрибди…
– 11 –
Темур қўлидан қўймайдиган дафтарнинг илк саҳифасига йирик ҳарфларда ёзиб қўйган гапни қайта-қайта ўқишдан чарчамайди: “Маълумотнинг номуҳими йўқ! Айтилган бир оғиз сўз ҳам, эътибордан четда қолмаслиги шарт!” Шундай экан, деди ўзига-ўзи далда бериб Темур, ёзувчими, журналистми, олимми – фарқи йўқ, ҳаммасини битта қўймай ўрганаман, йиғаман, таҳлил қиламан ва табиий, хулоса чиқади, хулоса!
Ашур Жўра билан танишиб қайтгач, уч-тўрт кун ўтганида бирдан Ҳалим акага миннатдорлик билдириб қўйиш зарурлигини ўйлаб қолди. Ахир Ҳалим аканинг маслаҳати билан “Баҳор” тўйхонасига борди, Ашур Жўра билан ўша ерда танишди, ўша кишининг истар-истамас айтганларига зид иш тутиб, Раҳим Мақсудовнинг мақоласини ўқиди, ундан кўчирмалар олди. Кўчирмалари ўзига ёқди. Лўнда, тушунарли ёзилган экан. Ашурали ака айтмоқчи, Бегали Қосимов ё Наим Каримовнинг китобидан олган бўлса, уларни ҳам топади, ўқийди, улардан фойдаланади. Лекин инсоф билан айтганда, шу каби китоблар мавжудлигини Раҳим Мақсудовнинг мақоласидан ўқиб билди-ку!
– Сиз ёзган мақолани ўқидим, – деди Темур дабдурустдан ўзи ҳали кўрмаган, юзма-юз келмаган Ҳалим Сайидга.
– Қайси бирини?
– “Беҳбудийни қатл этган ким?” мақоласини.
– Яхши, раҳмат, – Ҳалим ака бошқа сўз айтмади. Лекин Темурнинг саволлари кўп эди ушбу мақола юзасидан. Сўрашни дилига тугиб юрганди.
– Менда бир нечта савол туғилганди, ўшалар юзасидан сўрамоқчи эдим.
– Телефонда эмас-да, ука, – деди Ҳалим Сайид, – бундай мавзулар бемалол, юзма-юз суҳбатларда қўзғалгани маъқул-да.
Темурга кераги ҳам шу эди, яъни бу гапни “Ҳузуримга келинг, бафуржа гаплашамиз”, деб тушунди.
– Бажонидил бораман, Ҳалимжон ака, сиз қачон десангиз, учиб бораман!
Келишдилар. Илло, Ҳалим Сайид тўғри маслаҳат берди.
– Сиз, ука, – деди у, – дуч келган манбани ўқишингиз мумкин, тўғри, лекин ишни тўғри ташкил этай десангиз, Беҳбудий ҳазратларига бағишланган барча мақолаларни, хотиралар-у тадқиқотларни бир бошдан ўрганишга ҳаракат қилинг. Илм тартибни тақозо этади. Биз сингари ёшлар, эҳ-ҳе-е, а-анча кечикиб киришганмиз бу қутлуғ ишга. Бизга қадар бу борада хизмат қилиб қўйганлар анчагина. Ҳожи Муиндан қолган мероснинг ўзи бир дунё!
Темур ўша заҳоти Ҳожи Муин исмини ёзиб олар экан, кўнглидан кечган гапдан кулимсиради. “Ҳалим ака, илм тартибни тақозо этади”, деди. Жиноят-қидирув ишида ҳам тартиб-интизом зарур, жуда зарур!”
– Қолаверса, – Ҳалим Сайид яна бир муҳим нарсани эслатди, – топган мақолаларингизни ўқиётганда баён этилган фикр-мулоҳазалар қайси даврда ёзилганига алоҳида эътибор қаратинг. Мисол, Беҳбудий ҳаётлик чоғи, чор Русия зуғуми, Туркистон мухторияти даври, Беҳбудий дом-дараксиз кетган пайтлар, унинг муборак номи қатағонга учраган давр, шўронинг сўнгги йиллари ва мустақиллик даври эркинликларини ҳисобга олинг… Фарқи ниҳоятда катта, тушунтиролдимми?..
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.