
Полная версия
Медиатаълимнинг «ўзбек модели» ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболлари
Киберхавфсизликни таъминлашда ҳам кибермакон фойдаланувчиларининг ахборий саводхонликнинг муҳим компоненти бўлган рақамли саводхонликка эга бўлиши талаб этилади. Маълумки, киберхавфсизлик ахборот хавфсизлигининг бир кўриниши бўлиб, ахборотларни мазмунига кўра саралаб олишга хизмат қилувчи юксак маънавиятдан ўзгачароқ тушунча. У кўпроқ техник жараёнларга оид бўлиб, оддий фойдаланувчи учун почта, ижтимоий тармоқлар, тўлов тизимларида ишончли ва мустаҳкам паролларни ўрнатиш, ўз шахсий компьютери ва смарфонини вируслардан ҳимоялаш, шахсий маълумотлари дахлсизлигини таъминлай олишни англатади. Кенгроқ маънода эса киберхавфсизлик рақамли маълумотлар хавфсизлиги, тармоқлар, мобил иловалар ва қурилмаларнинг хакерлик ҳужумларидан ҳимоясига қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир. Бу маълумотлар конфиденциаллигини сақлаш, уларнинг бутунлигини ҳимоялаш, у ёки бу сайт, илова, дастурнинг ишончли ва тўлақонли ишлашини англатади.
Рақамли оламга реал оламда барча жараёнлар – таълим, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, мулоқот, ҳамён билан бирга, турли таҳдид, хавф-хатар ва жиноятлар ҳам кўчди. Киберҳужум, кибержиноят, кибертаъқиблар, криптовалюталар бўйича яширин фаолиятнинг ортиши, тролл (сохта аккаунт), спам, ботлар фаолияти кенгайиши киберхавфсизлик масаласини Ўзбекистонда ҳам кун тартибига олиб чиқди. Барча тизим ва жараёнлар рақамлашар, ахборотлашар экан, уларнинг техник жиҳатдан мукаммал ва бехато ишлашини, хавфсизлигини таъминлаш муҳим мақсад ҳисобланади.
«2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси»33нинг 89-мақсадида белгиланган фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ устувор вазифалар шу мақсадга қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг «Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани янги Ўзбекистонда хавфсиз ахборот сиёсатини олиб бориш, киберхавфсизликка доир меъёрларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши юзасидан зарур воқеа бўлди. Рақамли олам ҳали ҳуқуқий жиҳатдан ўз мақомини аниқ белгилай олгани йўқ. Таҳдидларнинг янги тур ва шакллари пайдо бўлмоқда. Уларни қонунчиликда акс эттириш зарур. Бу миллий кибермаконда жиноятчиликка қарши қурашиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солади. Зотан, виртуал оламдаги жиноятчиликнинг зарари ва хавфи реал оламдагидан кам эмас.
«Киберхавфсизлик маркази» ДУКнинг йиллик ҳисоботи34да келтирилишича, 2021 йил ҳолатига кўра, интернетнинг миллий сегментида 100 мингдан зиёд домен рўйхатга олинган бўлиб, улардан 38 мингга яқини фаолдир. Улардан фақат 14 мингдан зиёди хавфсиз, яъни «SSL» хавфсизлик сертификатига эга. Бошқаларида сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки сертификат мавжуд эмас. «SSL» хавфсизлик сертификати сайт манзилида «https» шаклида ифодаланиб, «http» эса сертификат йўқлигини англатади. «SSL» хавфсизлик сертификатига эга бўлган сайтлар ишончли сайтлар ҳисобланади.
2021 йилда интернет тармоғининг миллий сегментида 17 097 478 та зарарли ва шубҳали тармоқ фаоллиги ҳолати аниқланган. Уларнинг 76 фоизи бот-тармоқ иштирокчиларига тегишли. Эътиборлиси, тармоқ аномалиялари ва аниқланган киберхавфсизлик заифликларга чоралар кўришни мувофиқлаштириш орқали 2021 йил 2020 йилнинг шу даврига нисбатан кибертаҳдидлар сони 20 фоиз камайган.

1.4-расм. «Киберхавфсизлик маркази» ДУКнинг веб иловаларни ҳимоя қилиш тизими ёрдамида интернет тармоғининг миллий сегментининг веб сайтларига қилинган 1 354 106 та киберҳужум аниқланган ва бартараф этилган.
«Uz» доменидаги веб сайтларда 444 та инцидент қайд этилган бўлиб, улардан энг кўпини рухсатсиз контентни юклаб олиш (341 та) ва асосий саҳифага рухсатсиз ўзгартиришлар киритиш (Deface) (89 та) ташкил этган. Инцидентлар таҳлили шуни кўрсатдики, давлат секторининг веб сайтлари хусусий секторга нисбатан уч баравар камроқ ҳужумга учраган.

1.5-расм. Манзил майдонлардан киберҳужумлар амалга оширилган мамлакатлар.
Таҳлил натижасида «Wordpress», «Joomla», «Open Journal Systems» ва «Drupal» контентни бошқариш тизимларида ишлаб чиқилган веб сайтлар энг заиф экани аниқланган. Веб иловаларда заифликларнинг мавжудлиги, ўз вақтида янгиланмагани, заиф пароллардан фойдаланиш хакерларнинг бузғунчи фаолиятига йўл очиб бермоқда. 2021 йилда Ўзбекистонда ахборот тизимлари ва ресурслари, шунингдек, улардан фойдаланувчиларнинг киберхавфсизлигига таҳдид соладиган 6635 та зарарли файл ва скрипт аниқланган. Бундай вазиятнинг юзага келиши миллий ахборот тизимлари ва ресурслари эгалари ҳамда маъмурларининг ахборот ва киберхавфсизлик талабларига эътиборсизлик билан муносабатда бўлиши билан боғлиқ бўлиб, бу эса уларнинг ишига рухсатсиз аралашиш хавфини сезиларли даражада оширади. Медиатаълим касбга йўналтириш вазифасини ҳам бажариб, ахборий ва киберхавфсизлик долзарблигни тушунадиган, буни ўз фаолиятида қўллай оладиган мутахассислар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Мавжуд вазият муаммога эътибор қаратиш, ахборот муҳитида рақамли экологияни, инсонларнинг рақамли саломатлигини сақлашнинг долзарблигини кўрсатади. Рақамли оламда медиасаводхонлик киберхавфсизликни таъминловчи муҳим категория вазифасини бажаради. Маълумки, рақамли саводхонлик медиасаводхонликнинг муҳим компоненти бўлиб, медиасаводхон инсон шахсий маълумотлари дахлсизлигини таъминлай олади, сунъий интеллект бўйича билимга эга бўлади, троллар ҳаракатини, бот билан мулоқотга киришганини илғайди, сохта видео, фейк суратларни метадата маълумотлари, илк манбаларга кўра аниқлай олади.
Медитаълим шакллантирадиган махсус билим ва кўникмалар ахборот маконида кибертаҳдид, кибержиноятчилардан ҳимояланишда асосий вазифани бажаради. Рақамли олам аъзоларининг ахборот-коммуникация технологиялари ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги малакаси ва билимини мунтазам ошириб бориш орқали киберхавфсизликка таҳдидлар ва оқибатларни бартараф мумкин.
Энг муҳими, медиасаводхонлик динлараро бағрикенглик, маданиятлараро ҳамжиҳатлик, тенглик, ижтимоий интеграция, мослашувчанлик, тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга ҳисса қўшади. Бу кўпмиллатли Ўзбекистонда тинчлик, ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим.
Янги Ўзбекистоннинг ахборот сиёсатида очиқлик, танқидий таҳлилга катта ўрин берилгани медиатаълимни жорий этишга шароит яратади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ—60-сон фармонига кўра тасдиқланган Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси 71-мақсадида «оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш35” белгиланган. Бу борадаги маънавий жиҳатдан соғлом ахборот маконини шакллантириш, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда холис ахборотларнинг ўз вақтида бериб борилишини таъминлаш, ёлғон ва деструктив маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш каби амалий чора-тадбирлар акс этган бўлиб, вазифа ижроси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказига юкланган. 89-мақсадда эса фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш кўзда тутилган.
Фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш йўналишида турли ёш тоифаси учун мўлжалланган ўқув курслари ҳамда онлайн дастурларни оммалаштириш, халқ таълими ва профессионал таълим тизимининг тегишли дарсликларига медиасаводхонлик бўйича мавзуларни жорий қилиш белгиланган. Ахборот майдонидаги киберҳужум ва таҳдидларни мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалар орасида ҳар йили талаба ва ўқувчилар орасида киберҳужумларни аниқлаш бўйича республика миқёсида конкурслар ўтказиш назарда тутилгани медиатаълимнинг мақсад ва вазифаларига мос келади.
2021 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 10 ёшгача бўлган 7,5 миллиондан ортиқ бола яшайди36. 6-жадвалда эса 2022 йилдаги аҳолининг ёш таркибига кўра тақсимланиши37да болаларнинг сони қуйидагича.
1.1-жадвал. Аҳолининг ёш таркибига кўра тақсимланиши.

Замонавий медиа институти (MOMRI) экспертлари болаларнинг медиа истеъмолини тадқиқ этиб, ТВ, интернет ва мессенжерлар болалар ўртасида оммабоп эканлигини таъкидлаган38. 10—12 ёшли аудиториянинг 60 фоизи мессенжерлардан, 47 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Шу билан бирга телевидение ўзининг оммабоплигини сақлаб турибди: 2—12 ёш оралиғидаги экрансеварларнинг фоиз кўрсаткичи 73 га тенг. 4—9 ёшдаги болаларнинг 59 фоизи ҳеч бўлмаса, кунига бир марта телевизор кўрса, 89 фоизи ҳафтасига бир маротаба, 99 фоизи ойига бир марта бўлса ҳам телевизор кўради. Улар кунига ўртача 2 соат мультсериал, сериал, мультфильмлар томоша қилади. Реклама ўз самарадорлиги ва таъсирчанлигини кўрсатмоқда. Болаларнинг 79 фоизи ота-онасидан реклама қилинаётган маҳсулотларни олиб беришни сўрайди.
Интернет ўсмирлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Интернет орқали видео кўриш, ўйин ўйнаш, айниқса, ўғил болаларга қизиқарли. Улар, шунингдек, таълим жараёни учун муҳим ахборотларни ҳам излашади. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, респондентлар ҳар куни интернетда минимум 3 соат вақт ўтказишади. Интернетга кириш воситаси шахсий смартфон. Улар кирадиган базалар ичида таълимий, кўнгилочар ва ҳаваскорлик гуруҳлари мавжуд. Болалар ва ўсмирларнинг интернет билан ўтказадиган вақтининг асосий қисмини YouTube эгаллайди. Бу видеоресурснинг болалар ва ўсмирлар қизиқишига мослаша олиши, унда тавсия этиладиган видеолар қисми борлиги қизиқишни янада оширади. Улар орасида аудитория эътиборини тортишда блогерлар катта ўрин тутади. Айниқса, «приколлар», «челленжлар», «бьюти» (қизлар учун), видеоўйинлар ва саёҳатлар қизиқарли. Фильмлар, сериаллар фаол томоша қилинади, ўғил болаларни кўпроқ ўйинли мавзулар қизиқтиради. Босма оммавий ахборот воситаларининг ҳам болалар учун мўлжалланган контенти фаол ишлаб турибди.
Ўзбекистонда болалар ва ёшлар аҳолининг катта қисмини ташкил этиши, уларнинг медиамаҳсулотларни фаол истеъмол қилаётганлиги медиа, ахборот билан муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тақозо этди. Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни болаларнинг ахборот билан муносабати, медиа истеъмолини тартибга солади. Миллий медиамаконда ҳам, глобал интернет тармоғида ҳам болаларнинг руҳий ва жисмоний жиҳатдан меъёрий, соғлом ўсишига салбий таъсир кўрсатувчи, ҳатто тўғри мақсадда, масалан, таълим учун мурожаат қилганда уларни чалғитувчи ахборотлар кўп. Бу ўз жонига қасд қилишга чорловчи ўйинлар, инсонларга ва жониворларга шафқатсизлик акс этган видеолар, ҳаёсиз суратлар, қимор, спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки чекишга чорловчи ахборотлар, терроризм тарғиботи ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, болаларнинг ёшига мос бўлмаган ахборотлар ҳам мавжуд. «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни туфайли ахборот маҳсулотларини ёшга доир таснифлашни амалга ошириш тизими жорий этилди. Ёшни таснифлаш бўйича хорижда тан олинган таснифларга кўра, ахборотни қабул қилувчилар бешта асосий тоифага бўлинади:
– 7 ёшгача бўлган болалар.
– 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар.
– 12—16 ёшли ўсмирлар.
– 16—18 ёшли ёшлар.
– 18 ёшдан катта бўлган тоифалар.
«Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ахборот маҳсулотларини ёш тоифаси бўйича таснифлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш пайтида тегишли ёш тоифасини (0+, 7+, 12+, 16+, 18+) жойлаштирган ҳолда тарқатиш тартибини белгилаб берди. Муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулотларига:
«шафқатсизлик, жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатлар тасвири ёки баёни тарзида тақдим этиладиган;
болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, жумладан, куч ишлатилмаган ўлимни, касалликни, ўз жонига қасд қилишни, бахтсиз ҳодисани, аварияни ёки фалокатни ва (ёки) уларнинг оқибатларини инсон қадр-қимматини камситадиган шаклда тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;
жинсий муносабатларни тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;
уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзлар ва ибораларни ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари киради»39.
Экспертиза жараёнида ахборотларда эзгулик ёвузликнинг устидан ғалаба қозониши, раҳм-шафқат ифода этилиши, жиноят содир этишга ундамаслиги, дайдилик ва тиланчилик билан шуғулланишга чақирмаслиги, оилавий қадриятларни инкор этмаслиги, ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги ва бошқа белгиланган талабларга эътибор қаратилади.
Қонуннинг 3-моддасининг 2-қисмида «Ушбу Қонуннинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулотининг айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди40” дейилади. Яъни бадиий, илмий, статистик ахборотларнинг болаларга зарари борлиги борасида чеклов таснифи қўйилмайди.
Ахборот маҳсулотининг айланиши, яъни ахборот маҳсулотини тарқатиш, жумладан, уни сотиш, обуна бўйича тарқатиш, ижарага бериш, ахборот-кутубхона муассасалари фондларидан тарқатиш, бериш, оммавий намойиш қилиш, эфир ёки кабель узатуви, томошабоп тадбирлар воситасида оммавий ижро этиш, телекоммуникация тармоқларига, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштиришга доир талаблар ва хусусиятлар қонуннинг 18-19-моддаларида белгилаб берилган: «Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан болаларни ҳимоя қилишни таъминлашнинг маъмурий ва ташкилий чора-тадбирларини, дастурий-аппарат ва техника воситаларини кўлламай туриб, ушбу ахборотнинг жамоат жойларида айланишига йўл қўйилмайди»41.
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашнинг интернет тармоғи, теле ва радиоузатиш, мобил алоқа тармоқлари орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишда қўлланадиган дастурий-аппарат ва техник воситаларига қуйидагилар киради:
– «интернет тармоғидаги сайтларда жойлаштирилган болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан фойдаланишни чеклаш воситалари;
– болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ҳамда теле ва радиоузатиш, мобил алоқа воситалари орқали тарқатиладиган ахборот маҳсулотидан фойдаланишни чекловчи декодлайдиган техник воситалар;
– фойдаланишни блоклаш воситалари, фойдаланишни чеклаш воситалари, контентни фильтрлаш воситалари, фойдаланишни назорат қилиш воситалари, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган бошқа дастурий ва техник воситалар.
– интернет, телевидение ва радиоэшиттиришлар, уяли алоқа тармоқлари орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланишни чеклаш шартлари лицензия шартномаларида ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш шартларида назарда тутилади»42.
Қонунда белгиланган умумий механизмлар болаларнинг соғлиғига зарарли бўлган ахборотлар ва унга тегишли тушунчаларга аниқлик киритиш, ёшга оид ахборотларни таснифлаш, уларнинг айланишини назорат қилиш ва талабларга мос бўлмаган ахборотларни тарқатганлик учун жавобгарликни белгилаш ва бошқалардан иборат.
Ўзбекистонда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асос яратилган. Бу медиатаълимни жорий этишга ҳуқуқий жиҳатдан йўл очиб беради. Сабаби, медиатаълим мақсадлари болаларни салбий ахборотлардан ҳимоялашни кўзда тутади ва «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни мақсадига мос келади. Қонун ижросини таъминлаш таълим, ўқув-тарбия муассасаларида болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Медиатаълим болаларнинг ахборот истеъмоли жараёнини ўрганиш, ахборот ҳуқуқини таъминлаш, ахборотдан тўғри фойдаланиш, фактчекинг қилишга ўргатиш, медиага қарамликдан халос бўлишга ўргатиши билан аҳамиятли. Медиатаълимнинг жорий этилиши натижасида Ўзбекистонда ўқувчи-ёшларнинг зарарли ахборотдан ҳимояланиш борасидаги ҳуқуқи таъминланади, болалар ва ёшлар инсон онги ва маънавиятига таҳдид солувчи ахборий хуружлардан онгли равишда ҳимояланади, интернет ва бошқа ахборот ресурсларидан фойдаланиш маданияти шаклланади, фан ва таълимда ахборот оламини тартибга солиш йўлларини излайди, ахборот билан муомала қилишнинг янги усул ва кўникмалари тизими ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида», «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида», «Тижорат сири тўғрисида», «Реклама тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларида ахборот истеъмолини тартибга солиш бўйича ҳуқуқий меъёрлар белгиланган.
Масалан, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида”ги қонуни рекламанинг айланиши соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди, реклама тайёрловчи ва тарқатувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгилаб беради. Қонунда реклама кўринишидаги ахборотни саралашга ёрдам берувчи аксилреклама, ахлоқсиз реклама, номақбул реклама, нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама, яширин реклама, қиёсий реклама каби тушунчаларга аниқлик киритиб ўтилган. Қонуннинг 17-моддаси вояга етмаганларни рекламадан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, вояга етмаганларни, уларнинг ишончи ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишлардан ҳимоя этиш мақсадида рекламаларга бир қатор тақиқлар киритилган:
– «вояга етмаганларнинг истеъмол қилиши тақиқланган товарларни истеъмол қилаётган ёки улардан фойдаланаётган вояга етмаганларнинг тасвирларидан фойдаланиш;
– хавфли вазиятларда, шу билан бирга уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан, ўз соғлиғига зарар етказишга ундовчи вазиятларда вояга етмаганларни намойиш этишда фойдаланиш;
– вояга етмаганларни товарларни олишга даъват қилиш ёки реклама қилинаётган товарларни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга ундаш;
– ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланиш;
– ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш;
– вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш»43.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида», 2019 йил 2 февралдаги ПФ-5653-сон «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида кўрсатилган вазифалар ҳам медиатаълимни жорий этишга мос келади. Ўзбекистонда таълим тизимида тарбиянинг параллел олиб борилиши медиатаълимни жорий этишни осонлаштиради. Чунки тарбияда медиатаълимнинг элементлари мавжуд. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Медиатаълим маркази, Киберхавфсизлик маркази ДУК томонидан болаларнинг, ёшларнинг, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2021 йилда нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтган Янги медиатаълим марказининг асосий мақсади – «аҳолининг ахборотга бўлган талабини қондириш, интернетнинг миллий сегментини ғоявий жиҳатдан бойитиш, ёшларда тажовузкор контентга нисбатан мустаҳкам иммунитетни шакллантиришдир»44. Шунингдек, марказ оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларининг медиасаводхонлигини оширишни назарда тутади. Медиатаълим маркази ўқувчи ва талабаларда интернетдан самарали фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш, фейк ва манипулятив ахборотларга нисбатан иммунитет шакллантиришда тегишли ташкилотлар, таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистондаги қонунчилик асос, мавжуд ахборий вазият медиатаълимни жорий этиш заруратини намоён этади. Медиатаълим ахборот асрида вақтни тўғри тақсимлашидан тортиб давлат хавфсизлигигача бўлган жараёнда зарур бўлган малакани шакллантиради. Медиатаълимни жорий этиш, унинг моҳиятини илмий асосда ўрганиш, мақсад ва вазифаларини тадқиқ этиш, унга мос хорижий тажриба ва миллий таълим тизимидаги ўхшашликларни топиш, шу асосда оптимал дастур ва дарсликлар яратиш орқали амалга оширилади.
1.3§ Медиатаълимнинг полисемик талқини ва таснифи, мақсад ва вазифалари
Рақамли макон концепцияси энг кичик кимёвий зарра – атомдан энг кичик электрон бирлик – битга ўтишга асосланади. XXI асрда – нанозарралар ва замонавий ахборот технологиялари асрида медиакорпорациялар ва коммуникация воситалари жамоатчиликка турли мазмундаги ахборот ва билимларни етказиб бериш билан бирга, ҳар бир шахснинг турмуш тарзини шакллантирувчи ижтимоий-маданий муҳитни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Бугун ахборот ишлаб чиқарувчилар истеъмолчилар онгини эгаллаш учун курашда сиёсий, иқтисодий ва бошқа мақсадларни кўзламоқда. Бу жараён жамиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Коммуникатив чегаралар тобора кенгайиб, ахборот ҳажми мислсиз даражада ортиб бормоқда. Бу ахборотларни онгли равишда саралаб, қабул қилишни қийинлаштиради. Рақамлашув ва ахборотлашув таъсирида исталган соҳа мутахассисидан нафақат ўз соҳасига доир кўникма ва малака, балки оммавий коммуникация воситаларидан зарур ахборотларни қидириб топиш, таҳлил қилиш, саралаш, тўғри қабул қилиш кўникмаси талаб этилмоқда. Таққослаш учун айтиш жоизки, ХХI асрда ахборотдан тўғри фойдаланиш фақат медиа соҳасида фаолият юритувчи шахслар, балки замонавий ахборий жамиятда ахборотни қабул қилиш, унга ишлов бериш ва тарқатиш, матн яратиш имкониятига эга бўлган ҳар бир инсоннинг медиасаводхонликка эга бўлиши зарурлигини кун тартибига чиқармоқда. Ахборот истеъмолчиларининг қарашлари, қадриятларини шакллантириш масалалари ахборот истеъмолини тартибга солиш йўлларини излашни, ахборот билан муомала қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқишни тақозо этиши натижада жаҳон таълим амалиётида медиатаълим пайдо бўлди. Янги йўналиш орқали ўқувчилар ва талабаларга медиамаданият дунёсига мослашиш, медиадан мақсадли ва тўғри фойдаланиш, медиаматнларни таҳлил қила олишга ёрдам бериш кўзда тутилган. Медиатаълим ўқитиш тизимида экспериментал, инновацион фандан босқичма-босқич фундаментал фанга айланмоқда.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Примечания
1
Мирзиёев Ш. М. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик нутқи – https://president.uz/uz/lists/view/4454. Мурожаат вақти: 15:12 / 03.03.2022.
2
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони. – Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2022 й., 06/22/60/0082-сон.
3
Мўминов Ф. Ахборот хавфсизлиги ва ижтимоий тараққиёт // Ўзбекистон матбуоти. – 2007. – №6. – Б. 32—33.; Журналистикада медиа ва ахборот саводхонлиги: [Матн] / Н. Муратова, Э. Гризл, Д. Мирзахмедова – Тошкент: Baktria press, 2019. – 112 б. Дўстмуҳаммад Х. Ахборот – мўъжиза, жозиба, фалсафа. – Т.: Янги аср авлоди, 2013. – 320 б.; Fake news: медиада дезинформация: қўлланма / Н. Муратова, Н. Тошпулатова, Г. Алимова. – Ташкент: «Innovatsion rivojlanish nashriyot-matbaa uyi», 2020. —104 б.; Я. Маматова, С. Сулайманова, тузувчилар. Ўзбекистон медиатаълим тараққиёти йўлида. Ўқув қўлланма.—Т.: «Extremum-рress», 2015. – 94 б.; Бабаджанов С., Хозирги медиамуҳит шароитида ёшларни деструктив ахборотлардан химоя килишнинг самарали воситаси сифатида медиатаълимнинг зарурияти // Замонавий таълим. – 2017. – №2. – Б. 9—14.;