
Полная версия
Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)
“Вақт ўтган сайин йўқотганларингизнинг алами каттариб, ўзингизни йўқолиб бораётганингизни ҳис қилиб яшар экансиз, – деган эдилар Рауф Парфи. – Ҳамма йиллар, ҳамма ойлар, ҳамма соатлар айрилиқлардан иборатдек туюлади мен учун. Хаёлимда изтироблар сира камаймади, аксинча, ортиб боради. Чорасиз сайёрамиз инсон фарёдини кўтариб айланаверди, айланаверди…”
Ўрни келганда дўстларим ҳақида яна сўз айтаман. Ўшанда ўлим билан ҳаёт орлағидаги қилкўприк устида ётганимда уларнинг сўнгги нафаслари ҳақида ўйладим.
Дарвоқе… сўнгги сўз… сўнгги нафас…
Шу ҳолатни ҳеч ўйлаймизми? Билмаймиз… билолмаймиз… Ҳозиргина тилимиздан учган сўз сўнггиси бўлиши эҳтимол… Эндиги чиқарган нафасимиз охиргисидир балки? Киши бу оламни тарк этгач, яқинлари унинг сўнгги ҳаракатларини, сўнгги гапларини эслашади ва ундан ҳикмат излашади. Ажойиб болалар ёзувчиси, кўп йиллик қадрдон акамиз Сафар Барноевнинг касал бўлиб ётганларини эслолмайман. Шу киши олтмиш уч ёшларида кеннойимизга: “Малика, ўлиш шунақа осонми?” – дебдилару, жон таслим қилибдилар. Бу ҳол каминани кўп ўйга солган эди. Улуғларнинг сўнгги сўзларини эслагандим: англиялик шоир лорд Байрон ўлими олдидан қоғоз ва қалам сўраган экан. Аммо қалам тутишга ҳоли бўлмай: “Тамом, энди жуда кеч”, – деб кўз юмган экан. Шоиримиз Шавкат Раҳмон ҳам қўлига қалам тута олмай, 1996 йилнинг 9 август куни сўнгги сатрларни айтиб турган экан:
Ғазабланма дейдилар,Асабланма, дейдилар?Диққат бўлма дейдилармайда-чуйда гаплардан.Гўёки бу дунёда қолмагандайбедиллар.Суқрот ҳаким: “Ўлим руҳнинг танадан ажралиши ва танадан айриҳолда яшаши, мавжуд бўлишидир, шундай экан, мен ўлимдан қўрқ-майман”, – деб яшаган. Сўнгги сўзи эса… “Аскулепиосга бир хўрознинг баҳосича қарзимиз бор эди, эсингдан чиқмасин, Критон”, – деб васият қилган экан. Салмон Форсийнинг сўнгги сўзлари насиҳат тарзида бўлган экан: “Нимаики қилсанг, Аллоҳ розилиги учун қил ва буни сира унутма!”. Сўфий Ҳалложни “Анал ҳақ!” ақидаси учун қийнаб ўлдирганлар. Олдин панжалари, қўллари кесилган, кўзлари ўйилган. Навбат тилни кесишга келганида деган эканларки: “Аллоҳим, сенинг розилигинг учун менга ушбу уқубатларни раво кўрганлардан раҳматингни аяма. Сенинг муҳаббатингга эришиш йўлида мени қўлларимдан, оёқларимдан жудо қилган бу қулларингни афв эт. Кечир, Аллоҳим, уларни кечир! Муҳаббатинг ҳурмати кечир…”
Сўнгги нафас… сўнгги сўз…
Ишқ аҳлининг ўлим билан учрашуви ҳам ўзига хосдир. Мавлоно Жалолиддин Румий ўзларининг ўлимларини “Шаби арус”, яъниким “никоҳ оқшоми” – келинни кўрадиган, лаззат оладиган, ҳаяжонланадиган, висолга эришадиган оқшом, деб атайдилар. “Ўлганимда менинг орқамдан йиғламанг, “алвидо!” деманг. Мен ажралишга эмас, учрашувга кетяп-ман”, – деганлар… Эътиқодли, ошиқ бир инсоннинг сўнгги нафаслари…
Иймон эгаларининг умиди охирги нафасда иймон калимасини айтиш. Шундай жон бериш улуғ бахт! Бир қизиқчи саҳнада масхарабозлик қилаётганида жон берган экан. Ҳамкасблари уни: “Санъатга бўлган фидойилик” – деб улуғладилар. Агар иймон калимаси билан жон берганида эди, у банда Аллоҳ ҳузурида улуғланарди. Бировлар ашула айтиб туриб ҳам ўлишлари мумкин. “Қошу кўзингдан акагинанг айлансин, вой дод-е!” – деганича жон таслим қилса, Қиёматдаги дод-фарёдидан наф бў-лармикин? Бир чойхонада шахмат, нарди, қарта ўйнаб ўтирганларни кўргандим. Уларнинг аксари “ҳожи”лар экан. Беш вақт намозни масжидда ўқиб, орадаги вақтни чойхонада ўтказар эканлар. Ажабки, шахмат ўйнаб туриб “шох!” ёки “мот!” деган сўз билан жонлари чиқиши мумкинлигини ўйлашмаса?! Ана ўшанда… (Аллоҳ сақласин!) шахматда “мот” бўлмайдилар-у, аммо иймон бобида мот бўладилар, охират саодатини бой берадилар…
Ўшанда у биродарларга бир ривоят сўзлаш истаги туғилган эди:
Дейдиларки, жон чиқар вақтида одамнинг ичи олов каби ёниб, қизир экан, ташналикдан азоб чекар экан. Шунда ўлим талвасасидаги одамга шайтон алайҳилаъна қўлида бир коса зилол сув билан кўринар экан. Дер эканки: “Мен сени ташналик азобидан қутқараман, фақат сен “Худо йўқ, пайғамбари ёлғончи” десанг бас”. Иймони заиф кимсалар бу васваса қармоғига илинар эканлар. Тақвода собит мўъмин эса калима келтириб шайтонни ҳайдар экан. Шунда шайтон унинг оёқ томонига ўтиб, зилол сувни кўз-кўз қилиб яна васваса тўрига ўрар экан…
Умри тақво либосида ўтган бир мўмин ўлимни кутиш тараддудида ётганида биродарлари йўқлаб келишибди. Мўмин сўнгги нафасларини олаётганида биродарлари: “Ла илаҳа иллоллоҳ”, деб калима келтиринг”, –деб эслатишибди. Бунга жавобан мўмин “Мен бу гапни ҳаргиз айтмасман”, – деб пичирлабди-ю, жон берибди. Буни эшитган биродарлари кўп маъюс бўлишибди. “Дўстимиз иймонсиз кетди-я!” – деган гумонда йиғлашибди.
Орадан кунлар ўтиб улардан бири тушида вафот этган биродарини кўрибди. Оппоқ либос кийиб олган биродари жаннат боғларида юрганмиш. “Биз сизни иймонсиз кетди, деб армонда эдик, Аллоҳ сизни буюк ажр билан сийлабди-ку?” – деб савол берибди. “Ажабланманг, дўстим, –дебди вафот топган банда, – сизлар уйга кириб келганингизда мен шайтони алайҳилаъна билан олишиб ётиб эдим. У менга васваса қилиб: “Худо йўқ, пайғамбари алдамчи”, – демоқликни амр этди. Мен сизларга эмас, у лаънати шайтонга қараб: “Бу гапни ҳаргиз айтмасман”, – деб эдим. Жонимни иймон калимаси билан топширганим эвазига Аллоҳ мени сийлади”…
Умр яхшиликлар билан бирга дўстлардан айрилиш йиллари ҳамдир. Дўстлар бирин-кетин бизларни ҳам, дунёни ҳам ташлаб кетадилар. Яна қанча дўстни сўнгги манзилга узатар эканмиз? Бизни қайси дўстларимиз кузатар эканлар?
Киши ҳаётида дийдор ҳам, айрилиқ ҳам кўп. Зийракроқ разм солсак, ҳаёт учрашув ва ўлимдан иборатга ўхшаб кўринади. Қай бири кўпроқ?.. Учрашган, танишган, кўнгил қўйганларимизни ўлим аёвсиз равишда бизлардан юлиб олади. Бирида қайғурамиз, иккинчисида… Одамлар билан учраша-учраша оқибат ўлим билан ҳам учрашамиз. Бизнинг бу сўнгги учрашувимиз кимнидир қайғуга солар, кимнидир эса…
Фоний дунёдаги ҳар қандай дийдорнинг оқибати – айрилиқдир. Одам-лар охир-оқибат айрилиқ майини ичмоқ учун учрашадилар. Бу дунёда ҳар бир нарса омонат бўлгани каби дийдор ҳам омонат. Боқий дийдор фақат жаннатдир. Энг бахтли дийдор ҳам ўша маконда. Узил-кесил айрилмоқлик ҳам Қиёматда содир бўлади. Унга қадар ота-она, дўстлар ва бошқа яқинлар билан жаннатда юз кўришмоқлик умиди мавжуд. Умид ушалмаса-чи? (Аллоҳ сақласин!) Бу дунёдаги айрилиқ фожиа эмас, ўткинчи ғам, холос. Энг даҳшатли фожиа – Қиёматдаги айрилиқдир. Бу фожиага учраш ёки учрамаслик масаласини ҳар бир инсон тириклик чоғида ҳал қилиб олмоғи зарур.
Бир йигит қазо қилди. Бундай ҳолларда “бевақт вафот этди”, дейишга кўникканмиз. Билмаймизки, ўлим бевақт келмайди. Аллоҳ тайин этган аниқ нафасда келади. Инсон ризқида белгиланганидан бир луқма ҳам кўп, бир луқма кам ҳам емайди. Бир нафасни ортиқча ҳам, кам ҳам олмайди. Юраги битта кўп ҳам, кам ҳам урмайди. Ҳар бир одам ўз вақтида ўлади. Биз буни билмаймизми? Биламиз, фақат “бевақт” деб ўзимизни алдаймиз. Хўп, алдамас эканмиз, “вақтида” келган ўлим қандай бўлади? Қачон ва қай ҳолда келади? Етмиш ёшдами ё саксондами? Балки тўқсон бешдадир. Аниғи шуки, ўлим айни вақтида келади. Биз, ўзимиз уни қаршилашга, Тангри берган омонатни қайтариб беришга, у дунёда кутилажак савол-жавобга вақтида тайёр бўлмаймиз.
Ўқишда имтиҳон куни, соати белгиланган бўлади. Тунни кунга улаб, тайёрланиб борамиз. Тайёргарлигимизга кўра баҳо оламиз. Фоний дунё ҳам имтиҳон экан, тайёргарлигимиз қандай, ўйлаймизми? Муаллимга пора бериб, баҳо олиш мумкин. Охират имтиҳонида эса бунақа гап йўқ. Баъзилар йилда бир ёки икки, ёки унданда кўп марта қўй сўйиб, номи “худойи” деб аталмиш зиёфатлар беришади. Пешоналари эса бирон марта саждага тегмайди, бузуқ йўллардан ҳам қайтмайдилар. Улар ўша “худойи”ларини охиратга тайёргарлик, деб ҳисоблайдилар. Аслида эса улар муаллимга пул бериб имтиҳондан ўтмоқчи бўлаётган билимсиз ва нодон талабага ўхшашади.
Мавзудан чекинмоқни бас қилиб, асосий мақсадга қайтай: хуллас, “бевақт” вафот этган биродарига ачиндилар. Дўстлардан бири суҳбатга аралашмай ўтирган эди. Кимдир “сиз ачинмайсизми?” деган мазмунда гап ташлади. У бир оз қўпол тарзда бўлса-да, тўғрисини айтди: “Мен биродаримизнинг ўлганига ачинмайман”. Давра аҳли ажабланди, ҳатто кўнгиллари оғриди. У эса изоҳ берди: “Йиғилиб олиб ачинганимиз билан тирилиб, дўстимиз қайтиб келмайди-ку? Ундан кўра дуолар қилайлик ва сағирларига ёрдам беришни ўйлайлик. Ким, қандай ёрдам бериши мумкин – шуни сўзласин. “Унинг вафотига ачинмайман”, дейишимнинг боиси, у бугун бўлмаса эртагами ё ўн йил кейинми бу дунёни барибир ташлаб кетарди. Мен унинг ибодатсиз кетганига ачиняпман. Унинг нариги дунёдаги аҳволи нима бўлади энди? Менинг қайғум шунда. Бу дунёдаги улфатчиликлар, зиёфатлар, қизлар, қадаҳлар… у ёқда ёрдам бермайди, балки қабр азоблари эшикларини очиб беради. Биродаримизни бу азоблар йўлидан қайтара олмаганим учун мен ҳам айблиман. Бу айбим учун балки Қиёматда жавоб берарман…”
Оқилона сўзлар… аммо.. дўстлар ҳақида қайғуриш олдинроқ бошланса нақадар гўзал бўлур эди…
Санъаткор биродаримиз оғир хасталикка учрагач, яқинлари унга фахрий унвон олиб бериш учун турли идораларга қатнай бошладилар. Ўлим эшик қоқиб тургандаги уларнинг бу ҳаракатини яхшиликка йўйиш ҳам мумкин. Ҳар ҳолда унвон берилса бемор қувонади. Азоблари салгина бўлса-да, ариши мумкин. Лекин… унвону мукофотлар ортда қолади-ку? У дунёда буларнинг қиммати йўқ-ку? Савол-жавобда булар инобатга олинмайди-ку?
Аввалроқ бир танишимиз: “Биттагина медаль олиб ўлсам армонсизкетардим”, – дер эди. “Медаль сизга шунчалик зарурми?” – деб сўрага-нимизда: “Ҳа, ўлгандан кейин духоба ёстиққа тикиб, тобут олдида олиб боришга нимадир керак-ку? Болаларим отамнинг ҳеч нарсаси йўқ экан”, деб изза чекишмасин”, – деган эди.
Ҳамонки, барча нарса ортда қолар экан, хаста биродаримизнинг яқинлари нишон ҳақида эмас, иймон тўғрисида қайғурсалар дурустроқ бўларми эди. Жон чиқмай туриб, иймон калимасини ўргатсалар қандай яхши эди! Агар фарзандлар доно бўлсалар: “Отамиз медалсиз ўтди”, деб куюнмайдилар, балки: “Отамиз иймон билан кетдилар”, – деб Яратганга шукурлар қиладилар.
Баъзилар туғилган кунларини тантана билан нишонлайдилар. Шу кунга, шу ёшга етишмоқ ўзига хос байрамдир, бу учун Яратганга шукурлар қиламиз. Аммо туғилган кунга етмоқ – яна бир йилнинг ў л г а н и г а нишонадир. Ўтган ҳар кун, ой, йил умр адоғига яқинлашмоқликдир. Демак, ароқ ичиб чулдирагандан кўра “Қандай яшадим, қандай яшамоғим керак?” деган саволга жавоб излаб топишга интилмоқ дурустдир. Туғилган кун яна бир йил ўлганига нишона эмас, балки жаннатга етмоқ учун бир йил яқинлашувдир, деб яшаган банда бахтлидир.
Дўстларим Абдужалил билан Дилмурод сўнгги нафасларида нималарни ўйлашди, қандай сўз айтишди, буниси менга номаълум. Аммо уларнинг иймон билан кетганларини умид қиламан. Чунки ҳаётлари бош-қаларга яхшилик қилиш билан ўтган эди. Дарвоқе, Абдужалилнинг жон беришдан бир кун олдинги армонли сўзларини менга айтиб эдилар. Абдужалилни шифохонага олиб боришганда врачлар унга етарли эътибор беришмабди. Ҳатто маълум муддат қаровсиз ётибди. Шунда у хўрсиниб: “Агар тўрт юз доллар пулим бўлганида ўлмай қолар эдим”, – деган экан. Буни у алам устида айтиб юборган. Чунки унга тўрт юз эмас, унданда кўпроқ пул бериши мумкин бўлган дўстлари кўп эди. Лекин у барибир олмаган бўларди. Феъли шунақа эди раҳматлининг…
Ўтга ҳам,Сувга ҳам ўзини урди.Сира аямади ғайрати, кучин.Хатарга, кулфатга басма-бас юрдиДўстлари учун.Силкитди каттакон қўлчаларини…Юзида табассум, кўзида учқун.Ҳамиша тутди у елкалариниДўстлари учун.Дўстлари босиб ўтдиБахтиёр, шодмон,Орқалаб дунёнинг вафосиз кўчин.У зина мисоли яшарди ҳамонДўстлари учун.Дўстлар гуноҳидан қийналди, ёнди,Дўстлар қилмишига йиғлади беун.Кечалари танҳо чўчиб уйғондиДўстлари учун.Халақит бермангиз, айтманг яхши сўз,Ҳолсиз қўлларини ушламанг бу кун.У сўнгги марта юмаётир кўзДўстлари учун…Хуллас, реанимация бўлимидаги уйқусиз тун шундай тизгинсиз хаёллар, хотиралар гирдоби оғушида ўтди.
Хотира бир тўловдир,Инсондан тортиб олинганқимматбаҳо нарсалар учун.Эртасига яра қайта боғланиб, “Энди ҳаёти хавф остида эмас”, деган қарорга келишгач, аввал ётган хонамга олиб ўтишди. Аҳли аёлим, фарзандларимни кўрганимдан сўнг тирик қолганимга ўзим ҳам аниқ ишониб, шифо бергувчи Аллоҳга яна-яна, қайта-қайта шукурлар қилдим. Фарзандларнинг кўнгли тинчиб, хизматларига кетишгач, аҳли аёлим маъ-юс ҳолда менга тикилиб ўтираверди. Унинг одати шу – камгап. Айниқса, ҳозирги аҳволда гапирай деса йиғлаб юбориши мумкин. Кўнглини кўтариш мақсадида жилмайдим.
– Нега куляпсиз? – деб ажабланди.
– Бу сафар битталигингча турибсан.
Шундай деб бундан аввалги жарроҳлик амалиёти (операция)ни эслатдим. Қарийб уч соат давом этган амалиётдан сўнг хонага беҳуш ҳолда олиб чиқишган экан. Уйғотишга уриниб, исмимни айтиб чақиришди. Ҳушимга келгач, врач: “Кўзингизни очинг!” – деб амр этди. Очдим-у яна юмиб олдим.
– Бошингиз айланяптими? – деб сўради.
– Шунақага ўхшайди… тепамда турган хотин иккита бўлиб кўриняп-ти, – дедим.
– Хотин иккита бўлса яхши-ку? – деб ҳазиллашди врач.
Оғзим қуриб қолган, гапиришим қийин эди, шундай бўлса-да, ҳа-зилини жавобсиз қолдирмадим:
– Иккита бўлгани яхши-ку, аммо иккаласи битта хотин-да…
Аҳли аёлим ўша воқеани эслаб кулимсиради. Ташвиши сал чекингандай бўлди… Врач кириб, қаддимни кўтарди. Кейин кўпчилик бўлиб, туришимга ёрдамлашишди. Икки кундан кейин ўзим юра бошлагач, кашанда тамакини қўмсагандай, қўлимга қоғоз-қалам олишни хоҳладим. Шифохонага отланганда китоб, қоғоз ва қалам олволган эдим. Китоб ўқий олмадим. “Наркоз” деб аталмиш дори бошимни гаранг қилиб қўйган эди. Кечки пайт аҳли аёлим бир оз безовталангандай бўлди. Даҳлиздаги телевизордан чиқаётган овозлардан билдимки, хоним афандим ёқтирган Мексика киноси бошланибди.
– Чиқиб кўравер, – дедим.
У: “Ҳозир кўнглимга кино сиғадими?” – дегандай бош чайқади.
– Сен бечора мен билан андармон бўлиб кечаги кунни киносиз ўт-қаздинг, бу қаҳрамонлигинг учун ҳали сени мукофотлашим керак, – дедим.
Яна бир оз ноз қилган бўлиб, телевизор томон қанот чиқариб учди.Мен эсам қоғоз-қаламни олиб ёзишни бошладим. “Сўнгги уч дақиқа ёкиўлимдан олинган маънолар”… Реанимация бўлимида ўйлаб қўйганла-римни бир-бир қоғозга туширдимки, бу тумтароқ баён билан асар аввалида танишишга улгурдингиз.
Эртасига аҳли аёлим “мексикалик меҳмонлари”ни кутиб олгани чиқ-қач, ёзишни давом эттирмоқчи бўлдим. Қоғозга тикилиб узоқ ўтирдим. Лекин ёза олмадим. Хаёлимни ёритаётган фикрлар ожиз бўлиб туюлаверди.
Китобхонлар билан бўлган турли учрашувларда мухлислар: “Ўзингиз-нинг ҳаётингиз ҳақида ҳам ёзинг, бу биз учун қизиқарли”, – деган таклифларни айтишарди. Мухбирлар билан суҳбатда ҳам бу таклиф тилга олинарди. Адабиётимизда шундай асарлар бор. Устоз Ойбекнинг “Болалик”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” асарларини ёшлигимда қизиқиб ўқиганман. Бу асарларда тарихий воқеалар ажиб тарзда баён этилган. Лекин коммунистлар ғояси чегарасидан чиқилмаган. Айниқса, атеистларча дунёқараш устун бўлган. “Бой ёмон, диндор ёмон”, – деган ғоя асарлар ўзагини ташкил қилган эди. Бу хатоликни ўша пайтда тўла англамаганман. Айниқса, Абдулла Қаҳҳор асарларида ўтмишни атайин ёмонлаш кучли эди. Бундан ажабланиш керак эмас, чунки у: “Мен партиянинг солдати эмасман, онгли аъзосиман”, – деб баралла эълон қилганди. Демак, партия ғояларига онгли равишда содиқ бўлган. Унинг барча асарлари партия дастурларига мос ҳолда ёзилган: “халқ душманлари”га қарши кураш бошланди (буни биз ҳозир “Сталин репрессияси” деймиз) – “Сароб” ёзилди; колхозлаштириш ҳаракатига бағишланиб “Қўшчинор чироқлари” романи дунёга келди. Мирзачўл ўзлаштирилишига бағишланиб “Шоҳи сўзана” битилди ва Сталин мукофоти билан тақдирланди. Хрушчёв деганлари Сталин даврини ёмонлаган эди – “Синчалак” ёзилди… “Ўтмиш шу қадар разил ва ёмонки, воқеалар ўқувчига эртакдай бўлиб туюлади”, деган мақсадда таржимаи ҳол ўрнида ёзилган асарга “Ўтмишдан эртаклар” деб ном берди. “Эртак” деб номланмиш бу битикларда ёлғон кўп эди. “Кўриб қўйларинг, Ўзбекистоннинг ўтмиши қора, совет тузуми мунаввар”, деган ғоя ётарди. Ғояси таққосланилса, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасидан фарқ қилмасди. “Бой ила хизматчи”дан воз кечилди. Ажабки, “Ўтмишдан эртаклар”ни яна қайта нашр қиляптилар. Асарда бир қора баён бор: боланинг отаси Қуръонни улоқтиради, яъни Аллоҳга исён қилади! Алҳазар! Бу қадар ёлғон! Бу ҳолат бўлиб ўтган воқеа эмас, аксинча, ёзувчи истаги бўйича ўз онгида содир бўлган мантиқсиз баён деб ўйлайман (Аллоҳга исён “Шайтанат”нинг тўртинчи китобида ҳам баён қилинган, бу хусусда кейинроқ, ўз ўрнида фикр юритажакмиз). Худога исён ғояси унинг “Бемор” сингари кичик асарларига ҳам сингдирилган эди. “Анор” ҳикояси-чи?! Қаранг, бир йигитнинг хотини анорга боши қоронғи бўлибди. У бечора бир этак анорни ўғирлаб келади. Чунки ўтмиш шундай зулмкор эди, камбағал битта анорга зор эди. Бўлмаган гап! Қишлоқларда анорзорларда девор бўлмаган, боғларда ҳозир ҳам девор йўқ. Мол кириб пайҳон қилмасин, деб шох-шаббадан четан девор қилинади. Бу боғга ўғирликка тушишга ҳожат ҳам йўқ. Қўни-қўшнидан битта анор сўралса, бир сават берилган ва ҳозир ҳам шундай. Энг хасис ва энг разил бойдан сўралса ҳам берган. Бу бирламчи. Иккиламчи шуки, хотиннинг боши қоронғи бўлган пайтда унга ўғирланган ҳаром таом берилмайди. Хуллас, адибнинг бадиий маҳоратини инкор этмасам-да, бу асарларига муносабатим яхши эмас.
Узр, мақсаддан сал узоқлашдим. “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи”ни ёза бошлашдан муддао ҳаётим мобайнида кўрган-кечирганларимни фалсафий йўналишда баён этиш эди. Менинг ҳаётим тенгдошларимникидан фарқ қилмайди. Бугунги ёшларни ҳайратга соладиган воқеалар ҳам йўқ. Шу боис қуруқ баён қилмай, воқеаларнинг фалсафий таҳлили ва талқини услубини танлаган эдим. Назаримда, ўлим олдидаги ўйлар ўқувчини ўзига тортиши мумкиндай туюлганди. Ёзишдан тўхтаб қолишимнинг сабаби: фалсафий йўналишда юришга фикр қуввати етишмаслигини ўзим сездим. Иккинчи сабаб: ҳадеб ўлим атрофида сўз айтавериш ёқимсиз услуб бўлиб кўринди. Тўғри, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўлимни ўйлаб юриш, ўлимга тайёргарлик кўриш ҳақида гапирганлар. Лекин бу “оҳ, эртага ўлар эканман”, деб ташвиш чекишни билдирмайди. Балки, “ҳамонки ўлим бор экан, кўпроқ яхшилик қилишим керак, савоб топишим зарур, ўзимни жаннатга тайёрлашим керак”, деган маънони анг-латади. Ҳудди Фаридуддин Аттор баён қилган бу ҳикмат каби:
Бир мамлакатда подшоҳ роппа-роса ўн йилдан кейин тахтдан тушириларкан. Сўнг қайиққа ўтқазиб уни кимсасиз оролга ташлаб келишаркан. Навбатдаги подшоҳ тахтга ўтиргач, у маъюсланиб вазирига дебдики:
– Наҳот менинг ҳам қисматим шу бўлса? Наҳот мен ҳам кимсасиз оролнинг чўлу биёбонида жазирама азобларида яшашга ҳукм этилсам?
Доно вазир шундай маслаҳат берибди:
– Муҳтарам шоҳим, сиз кимсасиз оролда яшашни истамасангиз, шоҳ-лик даврини беҳуда айш-ишратлар билан совурмай, умрингизни ва мол-давлатингизни ўша оролни обод қилишга сарф этинг.
Подшоҳ мулоҳаза қилиб кўрсаки, вазир ҳақ экан…
Мазкур ривоятни шарҳлашга уриниб кўрамиз: подшоҳ – шахснинг ўзи.Яъни ҳар бир одам ўзи учун ўзи шоҳдир. Ақли ва иймони унинг вазиридир. Ақл ва иймон ҳудди эгизак сингари ҳамиша биргадир. Ақл йўқ жойда иймонни изламанг, иймон йўқ ерда ақлни қидирманг. Демак, ақлимиз ва иймонимиз бизга доно маслаҳатчидир. Кема – тобут. Одамнинг қис-мати шу – бир кунмас-бир кун ўз тахтидан тушади, ўша кема – тобутга солиб олиб борадилар. Кимсасиз орол – йўқлик дунёси, биз борадиган жой. Бошқача айтганда, охират ороли. Агар биз бу дунёйимизни ҳою ҳавасларга совурсак, ўша орол чиндан ҳам кимсасиз бўлади, чиндан ҳам чўлу биёбондан иборат бўлади. Агар Ҳақ йўлидан юриб, яхши ишлар билан банд бўлсак, ўша кимсасиз оролни обод қилган бўламиз. Борар жойимиз саҳро – дўзах азоблари эмас, жаннат боғлари бўлади, инша Аллоҳ! “Охиратинг обод бўлсин!” – деб дуо қилишганда шу назарда тутилса керак. Барчаларимиз охиратларимиз обод бўлишини истаймиз. Охират оролини фирдавс боғлари билан обод қилмоқлик эса ёлғиз ўзимизга боғлиқ экан. Ҳазрат Али, Аллоҳ ул зотдан рози бўлсин, айтганларидай, жаннатга иштиёқи бўлган одам яхшилик қилишга шошилади. Жаҳаннамдан қўрққан одам нафсини ёмон хатти-ҳаракатлардан қайтаради. Ўлимни ҳақ деб билган одам дунё завқларини тубан кўради.
Турли хаёлларга бориб, ёзишдан тўхташни маъқул кўрдим. “Уйга чиқ-қанимда ёзарман”, – деб ният қилдим. Уйда ҳам оппоқ қоғозга тикилишдан нарига ўтмадим. “Вақти-соати келиб қолар”, деган умидда бу мавзуни четга суриб, бошқа ишлар билан банд бўлдим. Кейин яна уч марта жарроҳлар муолажаси насиб этди. Айниқса, бешинчисида: “Омон чиқ-масам ҳеч ким сизларга даъво қилмайди”, – деган мазмунда тилхат берганимда, сўнг реанимация бўлимида бу сафар узоқроқ ётганимда яна ўша “Сўнгги уч дақиқа…” туйғуларимни безовта қила бошлади. Навбатчи врач –рус йигити адабиётга, айниқса, фантастикага ишқибоз экан. У билан қув-ватим етганича суҳбатлашдим. Сўнг шифтга, бир нуқтага тикилиб ётдим. Врач ҳолатимни кузатиб турган экан. Бир маҳал келиб:
– Нимадир ёзгингиз келаётганга ўхшайди, мен қоғоз ва қалам бера олишим мумкин, афсуски, бошқа ёрдам бера олмайман, – деди.
Икки оёғим боғлаб ташланган, чап қўлим томирига эм игнаси санчиб қўйилган. Ўнг қўлимда эса куч йўқ. Қоғоз-қалам берган тақдирда ҳам ёзиш имкони йўқ.
– Қоғоз керакмас, калламга ёзяпман, – дедим ҳазил оҳангида.
Лаззат бор ҳар қандай оғриқда,Кечалар оғриқдан инграб ётаман.Ва ўша оғриқни беғам, бўғриққаноғриқсиз юзларга отаман…Изғиринга юринг, очинг кўкракни,Йиқилинг, қон қусинг – барибир кераксиз.Қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракниЯшамаслик учун юраксиз… (Шавкат Раҳмондан)Нималарнидир ўйладим, нималарнидир ёзгим келди. Ижод ҳақида ўйлаганимда вужудимга қувват оқиб кираётгандай бўларди. Тезроқ туриб, тезроқ уйимга қайтиб, ёзув столига ўтиришни истардим. Хаёлимда икки-уч асарнинг чизгилари бор эди. Назаримда буларни ёзишга кучим етадигандай эди…
Мен қадам ташлайман чайқалиб, секин.Оғриқдан юзларим буришар…Йиқилмак,тўхтамак – мумкинмас!Қаерга бўлса ҳам юрганим яхши…Менинг ҳар қадамим муқаддас,Менинг ҳар қадамимўлимга қарши.* * *Яшамоғим зарур ҳар дақиқаниҒазаб билан, севги билан тўлдириб.Дунёдаги барча қора нарсаниЁруғ лаҳзаларда ўлдириб.ТокимБош кўтариб қарай ҚуёшгаТоким кўзларимда ёнсин ҳақиқат.Токим тош мисоли тегмасин бошгаМен яшай олмаган ҳар бир дақиқа. (Булар ҳам Шавкат Раҳмондан)Уйга қайтгач, кўрган-кечирганларимни ёзиш фикри яна уйғонди. Ўзимга бўлган ишонч қатъийлашди. Деганларки, одамнинг ўзига-ўзи ишониши гўзал фазилатдир. Бу фазилат ўз қобилияти даражасини билувчи кишиларга хосдир. Кишининг ўзига бўлган ишончи ўзгаларга бўлган ишончининг асосини ташкил этади. Ҳаёт йўлида учровчи кўпгина муваффақиятсизликнинг асосий сабабларидан бири кишининг ўзига ишонмаслигидан келиб чиқади. Чунки ўз-ўзига ишонч буюк ишларнинг энг биринчи зарур шарти ҳисобланади. Энг даҳшатли ишончсизлик эса – кишининг ўз-ўзига ишонмаслигидир. Шубҳа – хоин, дейдилар ва у одамни уриниб кўришдан, ҳаракат қилишдан қўрқитиб, эришиши мумкин бўлган кўп нарсалардан маҳрум қилади. Ўзига ишониш, ўз қадр-қимматини англаш ақлли одамни янада камтарин, шунинг баробаринда янада саботли қилади. Яна донолар деганларким: “Безбетлик ва мақтанчоқлик – жирканчлидир, бироқ ўзига ишонмайдиган, бу фазилатга эришиш учун ҳаракат қилмайдиган киши жирканчликда ундан қолишмайди”. Яна деганларким: “Кимки интилмаса, у ҳеч нарсага эришмайди, кимки шижоат кўрсатмаса, у ҳеч нарсалик бўлмайди, кимки ўзининг маънавий қувватидан фойдаланмаса, бу қувват уни тарк этади”.
Ана шу ҳикматлар каминага далда берди. Лекин дастлабки услубдан воз кечдим, сал ўзгачароқ йўналиш маъқул келди-ю, иш бошладим. Аммо дастлабки ёзувларимни ташлаб юбора олмай, асар аввалига жойлаштирдим. Чунки ўша воқеа ҳам ҳаётимнинг бир зарраси эди. Асарнинг илк номи – “Сўнгги уч дақиқа ёхуд ўлимлардан олинган маънолар”ни сақлаб қолгим келди, фақат “Ўлимлардан олинган маънолар” эмас, “Ҳаёт ва мамотдан олинмиш маънолар” десам мантиқан дуруст бўлурмикин, деган хаёлга бордим. Қўлёзмани бир неча киши ўқигач, асар номига эътироз билдирилди, мен уларнинг фикрини маъқулладим. Энди бу номдан совуқ нафас келиб тургандай туюлди. Ўйлай-ўйлай, хаёлимда туғилган номлар орасидан “Охирги манзил (Остона олдидаги ўйлар)”ни танладим. Агар умрни автобусдаги саёҳатга ўхшатсак, умр ўтган сайин бекатлар бир-бир ортда қолаверади. Киши истаса-истамаса, охирги манзилга етиб боради. Касбидан қатъи назар, ортига бир қараб олади. Ўтган сурурли йиллари уни ширин хотира шабадаси билан ҳузурлантиради. Уятли дамлари қалбини эзади. Қиёмат куни гуноҳлари кечирилишини умид қилиб, остона ҳатлайди.
Орадан ойлар ўтиб, бу ном ҳам ўзимга эриш туюлди. Кўпгина адабиётларда “ҳаёт уммони” деган иборани учратамиз. Одам гўё ўз қайиғида уммон бўйлаб сузади. Кимдир қирғоққа етади, кимнидир ярим йўлда довул ғарқ этади. Шуларни ўйлаганимда, “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” деган номда чуқур маъно яширингандай туюлди. Сиз – азизларга ҳам бу ном маъқул келар деб умид қиламан.
Киши ҳаёти давомида яхши-ёмон одамларни кўп учратади. Ёмонларнинг ёмонлигидан азият чекади. Бировлар ўша ёмонга нисбатан кек сақлаб яшайди. Бировлар унутади. Мен кек сақламайман. Бу ҳикматга амал қилиб яшашга интиламан:






