bannerbanner
Моррининг сешанба дарслари
Моррининг сешанба дарслари

Полная версия

Моррининг сешанба дарслари

Язык: uz
Год издания: 2023
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
3 из 3

Шу сўзларга амал қилган Морри хасталикка чалинишидан анча олдин ўз қарашларини яратган эди. Муҳокама гуруҳлари, дўстлар билан сайрга чиқиш, Ҳарвард майдонидаги черковда ўз мусиқасига рақс тушиш. Морри ночор одамларга бепул руҳий хасталикларни даволаш хизматларини кўрсатувчи “Иссиқхона” номли лойиҳага асос солганди. У дарслари учун янги ғоялар топиш мақсадида китоблар ўқир, ҳамкасблари билан учрашар, собиқ талабалари билан хабарлашиб турар, узоқдаги дўстлари билан хат ёзишар эди. У бир дақиқасини ҳам телесериаллар ёки “Ҳафта фильмлари” томошасига совурмас, бўш вақтини кўпроқ овқат ва табиатдан баҳра олишга сарфларди. Морри суҳбат, мулоқот ва меҳроқибатдан иборат машғулотлар тўпламини яратган ва шу билан унинг ҳаёти шўрвага лиммо-лим тўла косадек тўлиб турарди.

Мен ҳам ўз қадриятимни яратгандим: иш. Фокус кўрсатаётган масхарабоз каби Англияда матбуот учун бир вақтнинг ўзида тўрт-бешта вазифани бажарардим. Ҳикояларимни АҚШга юбориш учун ҳар куни саккиз соат вақтимни компьютер олдида ўтказардим. Бундан ташқари, телевидение учун репортажлар тайёрлаш мақсадида суратга олиш гуруҳи билан Лондоннинг турли қисмларини кезардим. Шунингдек, ҳар куни тонгда ва тушдан кейин телефон орқали радио репортажларда иштирок этардим. Шундай суръатда ишлашга кўникиб қолгандим. Йиллар давомида иш менинг энг яқин ҳамроҳимга айланган, ишдан бошқа барча нарсани бир четга суриб қўйгандим.

Уимблдонда пайтим миттигина ёғочли иш кабинамда овқатланар ва буни табиийдек қабул қилардим. Ўта тиғиз кунларнинг бирида, бир тўда мухбирлар Андре Агассе ва унинг машҳур маъшуқаси Брук Шилдс ортидан қувиб кетаётганимизда, бўйнига катта фотоаппарат осиб олган инглиз мухбирларидан бири мени туртиб юборди – ерга қуладим. У эса зўрға “кечирасиз” дейишга улгурар-улгурмас, ҳаллослаб йўлида давом этди. Ўшанда Моррининг бошқа бир гапи ёдимга тушди: “Қанчаданқанча кишилар мазмунсиз ҳаёт кечиради. Улар ҳатто ўзлари муҳим деб ўйлаган машғулотларни ҳам мудроқ ҳолатда бажараётгандек туюлади. Чунки улар янглиш нарсалар ортидан қувишади. Ҳаётингга мазмун олиб кириш учун ўзингни бошқаларга меҳр бериш, жамиятга ҳисса қўшиш ҳамда сенга мақсад ва мазмун тақдим этувчи ниманидир яратишга бағишлашинг керак”.

Унинг ҳақ эканини билардим. Лекин амал қилмасанг, билганингдан нима наф?

Турнир охирига етди, у билан бирга мени оёқда тутиб турган туганмас қаҳвахўрлик ҳам ниҳоясига етди. Компьютеримни ёпдим, иш кабинамни тозалаб, нарсаларимни кетишга ҳозирлаш учун хонамга қайтдим. Жуда кеч бўлиб қолганди. Ҳатто телевидение дастурларининг узатилиш вақти ҳам тугаганди.

Детройтга учдим, кун охирлаганда қўндик, зўрға уйимга етиб олдим ва ухлашга ётдим. Уйғонганимда мени қарши олган янгиликдан эсанкираб қолдим: мен ишлайдиган газетанинг касаба уюшмаси аъзолари иш ташлаш эълон қилибди. Ишхона ёпилганди. Асосий кириш эшигининг олди пикетчилар билан тўлган, намойишчилар кўчанинг у бошидан бу бошига юриб, ўз норозиликларини билдиришаётганди. Касаба уюшмаси аъзоси бўлганим учун ўзга чорам йўқ эди: кутилмаганда, умримда биринчи марта ишсиз, маошсиз ва иш берувчиларимга қарши кураш ҳолатида қолиб кетгандим. Собиқ муҳаррирларимнинг аксарияти билан дўст эдим. Касаба уюшмаси етакчилари уйимга қўнғироқ қилиб, улар билан ҳеч қандай мулоқотга киришмаслигимни, бирортаси мен билан алоқага чиқиб, муроса қилишга уринса, гўшакни қўйиб қўйишим кераклигини уқтиришди.

– Ғалаба қозонгунимизча курашамиз! – худди аскарлардек қасамёд қилишди касаба уюшмаси етакчилари.

Саросима ва тушкунлик ичида қолдим. Радио ва телевидениедаги ишларим яхшигина қўшимча даромад келтирса-да, газета мен учун ҳаёт манбаи, сув ва ҳаводек муҳим эди. Ҳар тонг нашрдан чиққан мақолаларимни кўришим ҳеч бўлмаганда бир жабҳада тирик эканимни билдириб турарди.

Энди эса ундан маҳрум бўлдим. Биринчи кун ўтди, кейин иккинчи, учинчи кун… Иш ташлаш давом этаркан, у ойлаб чўзилиши мумкинлиги ҳақида хавотирли қўнғироқлар бўлар, турли миш-мишлар юрарди. Ҳаётим остин-устун бўлиб кетди. Ҳар оқшом спорт тадбирлари ўтказиларди, одатда уларни ёритиб бориш учун ҳеч биридан қолмасдим. Энди эса уйда ўтириб, уларни телевизорда томоша қилардим. Ўқувчилар менинг мақола ва репортажларимга муҳтож деган хаёл миямга ўрнашиб қолганди. Ҳаёт менсиз ҳам бир маромда давом этаётгани тасаввуримга сиғмасди.

Бир ҳафтадан сўнг телефонни олиб, Моррига сим қоқдим. Конни уни телефон ёнига олиб келди.

– Мени кўргани келяпсан-? – деди у.

Унинг гапи саволдан кўра, кўпроқ тасдиқ оҳангида янгради.

– Ҳа. Борсам майлими?

– Хўп, сешанба кунига нима дейсан?

– Сешанба тўғри келади, – жавоб қайтардим мен. – Сешанба мен учун ҳам қулай.

Иккинчи курсда у дарс берадиган яна иккита фанга қатнаша бошладим. Вақти-вақти билан шунчаки суҳбат қуриш учун синфхонадан ташқарида ҳам учрашадиган бўлдик. Авваллари қариндошим бўлмаган катта ёшли кишилар билан ҳеч қачон бирор ерда ўтирмаганман, шундай бўлса-да, Морри билан бирор ерга боришдан тортинмайман, у ҳам вақт ажратишга оғринмайди.

– Бугун қаерга борамиз? – қувноқ овозда сўрайди у офисига киришим билан.

Баҳорда Жамиятшунослик факультети биносининг ташқарисидаги дарахтлар остида ўтирамиз, қишни эса унинг кабинетидаги ёзув столи ёнида ўтказамиз – мен кулранг жемфер ва “Адидас” кроссовкада, у эса Рокпорт чарм пойабзали ва чийдухоба шимда. Ҳар галги суҳбатимизда у менинг бир боғдан, бир тоғдан келиб, алланималарни вайсашимга қулоқ тутади, кейин эса менга ҳаётий тажрибаларидан сабоқ беришга уринади. Университетда кенг тарқалган қарашларга қарши ўлароқ, пул ҳаётда энг муҳим нарса эмаслигини уқтиради. “Том маънодаги инсонийлик”ка интилишим зарурлигини айтади. У ёшларнинг ўз қобиғига ўралиб олишга мойиллиги ҳамда инсон жамиятга “қўшилиб” яшашга эҳтиёжманд экани ҳақида гапиради. Унинг айтганларидан айримларини тушунаман, айримларини эса йўқ. Лекин бу аҳамиятсиз. Суҳбатларимиз мен учун Морри билан гаплашишга бир баҳона. Ҳуқуқшунос бўлишимни истаган дадам билан Морри каби отаболадек суҳбат қура олмайман.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «Литрес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Конец ознакомительного фрагмента
Купить и скачать всю книгу
На страницу:
3 из 3