
Полная версия
Энг яхши дада!
Ўзи ҳақида юқори баҳони ҳис қилиш, бу ижобий фикрлашнинг асоси ҳисобланади ва у келажакда боланинг ҳаётдаги турли қийинчиликларни енгишида ёрдам беради.
Бу ҳақда мен иккинчи бобда батафсил тўхталаман, аммо ҳозир шуни айтишим лозимки, ўз ўзини баҳолай олиш инсондаги ўзига бўлган ишончни ривожлантиради ва бу ҳар қандай илмфандан муҳимроқдир.
Бутун бошли китобчани бир мартада ўқиб чиқиш шарт эмас
Уч дақиқа ичида унчалик ҳам кўп иш қилиб бўлмайди. Бу вақт оралиғида, ҳатто, кичик бир суратли китобчани ҳам батафсил кўриб чиқиш даргумон.
Умуман олганда, бир ўтиришда бир китобни бошдан охиригача ўқиб чиқиш, фойдали иш эмас. Яхшиси, қанчасига улгурсангиз, шунчасини ўқинг, қизиқарли давомини эса, эртанги кун учун қолдиринг.
Кўпинча менинг ўзимда ҳам шундай бўлади, яъни уйқуга кетиш олдидан бола билан китобчасини ўқишга келишаман, кейин эса, ёки ювина бошлайман, ёки бошқа бир иш билан машғул бўлиб кетаман. Уйқу вақти келиб қолганида эса, ваъда бажарилмаган бўлади.
Агар ўша пайтда болага, «энди кеч бўлди, эртага ўқиб оламиз», десангиз, албатта боланинг кайфияти бузилади. Ҳатто хафа ҳам бўлиши мумкин ва анча вақтгача ухлай олмайди ҳам.
Шунинг учун «ҳозир бир неча варақ ўқиймизда, қолганини эртага давом эттирамиз», дейиш керак. Бундай муроса болани хурсанд қилади.
«Ҳаммаси ёки ҳеч нарса», деган тамойил асосида иш тутмаслик лозим.
Топшириқни 100% бажариш мушкул иш, лекин имкон даражасида бажарсанг, бу ҳамкорингни ҳам қониқтиради. Бизнес учун ҳам шу тамойилни қўллайдиган бўлсак, у болаларга қўлланганидан кам фойда келтирмаслиги аниқ.
Вақтнинг йўқлиги – афзаллик сифатида
Юқоридаги фикрларимизда, ота доим банд ва бунинг учун энди ҳеч нарса қилиб бўлмайди, деган мантиққа нисбатан сукут сақлаб келаётган эдик. Бироқ, вақтнинг йўқлигини албатта камчилик, дея қабул қилмаслик керак.
Оилага кўп вақт ажратишдан кўра, афзалроқ нарса йўқ эканига, сизнинг ишончингиз комил. Умуман олганда, бу тўғри. Аммо кўп ҳолларда бу шарт эмас. Масалан, агар сизнинг бўш вақтингиз бор бўлса, уни қувноқ ўтказиш бўйича бирор нарса ўйлаб топиш хаёлингизга ҳам келмаса керак.
Кичик бир мисол келтираман.
Мана сиз яқиндагина бир қиз билан учраша бошладингиз ва кейинроқ у билан бирга яшай бошладингиз, яъни суткасига 24 соат давомида битта ҳудуддасиз. Муносабатлардаги бу янгилик, алабатта, тез орада ўтиб кетади.
Аммо сиз у билан ҳафтасига бор-йўғи бир марта учрашадиган бўлсангиз, у ҳолда сиз етти кун давомида дам олиш кунини орзиқиб кутасиз ва севган қизингиз билан учрашганингизда, уни қандай хурсанд қилиш ҳақида бош қотирасиз. Бундай режалаштирилган учрашув сиз учун ҳам, суюклингиз учун ҳам, эсда қоларли воқеага айланади. То навбатдаги дам олиш кунигача сиз ушбу учрашувни хотирлаб, ҳафтани яхши кайфиятда тказасиз.
Буни ҳар сафар қайта-қайта такрорлай туриб, сиз ўрталарингиздаги севгини мустаҳкамлаб борасиз. Ва шу қисқа вақт ичида севимли дўстингизни қандай хурсанд қилиш мумкинлигини тушуна бошлайсиз.
Агар жуда банд бўлсанг, ўз болангнинг кутилмаган жиҳатларини ҳам сеза бошлайсан
Ўта банд бўлган оталарнинг яна бир афзаллик томони ҳам бор. Узоқроқ масофада бўлган ота доим болага қарайдиган онага нисбатан кўпроқ ундаги эътиборли сифатларни пайқаши мумкин..
Она ҳамма вақт бола ёнида бўлгани боис, уни асосан бола характеридаги салбий хусусиятлар безовта қила бошлайди ва у фарзандининг ҳаётига ҳаддан зиёд аралаша бошлайди ҳамда тез-тез «бу мумкин эмас», дейди.
Эҳтимол, бундай шароитда оталар ҳам шундай қилишган бўларди.
Айрим ҳолларда менга оталар илгарилари аёллари болаларини урушганда, ҳайрон бўлишганини айтишади. Ажрашиб кетишганидан сўнг ёлғиз оталарнинг ўзи болани, худди илгари оналарига ўхшаб «эговлай» бошлайди.
Ота-оналар болага турли масофалардан ва турли нуқтаи назарлардан қарашади, лекин агар улар бирлашадиган бўлса, у ҳолда улар боланинг ҳам ижобий, ҳам салбий хусусиятлари мужассамлашган, кенг қамровли образини кўра олишади.
Боланинг ёнида доим бирга бўлмаганингиз учун ҳам, сиз унинг характеридаги кутилмаган сифатларни пайқай олишингиз мумкин.
Иш билан банд бўлган ота балиқ олиб келмайди, аммо уни тутишни ўргатади
Агар сиз болангизнинг ёнида бўлишни уддалай олмасангиз, унга ҳаммасини бошдан охиригача ўргата олмайсиз ва унинг ўқишидаги ҳамма босқичларни кўрмайсиз.
Аммо банд бўлган ота унга йўл кўрсатиши ёки унинг учун мос шарт-шароит яратиб бериши мумкин. Қолганини эса, келажакда боланинг ўзи қилиши керак бўлади.
Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Бола ривожланиши учун эса, бу ҳатто анча яхши ҳолат. Агар ота оналар бола учун бутунлай ҳамма нарсани қилишадиган бўлса, у ҳолда қандай қилиб у мустақил бўлишни ўрганиши мумкин?
Бунинг ўрнига, агар болани керак пайтда бир ўзини қолдирсангиз, у ҳамма нарса қўлидан келадиган инсон бўлиб етишади.
Лао-цзынинг шундай бир машҳур гапи бор: оч одамга балиқнинг ўзини бермасдан, унга уни тутишни ўргатиш лозим, шунда у бир умр тўқ юради. Агар оч одамга бир марта ёрдам берсангиз, бу унинг муоммосини ҳал қилмайди, лекин унинг ўзини қийинчиликларни енгишга ўргатсангиз, ҳаётини қутқариб қолган бўласиз..
Шунинг учун банд бўлган оталар болаларини «балиқ овлашга ўргатиш» усулида ўқитишлари мумкин. Фарзандлар эртами-кечми улғайиб ва улар ўз нонларини ўзлари топиши керак бўлади.
Эҳтимол бола учун майда-чуйдасигача ҳамма нарсасини ўйлаб топиш керак эмас, Унинг ўрнига боланинг ўқиши, улғайиши ҳамда ўз кучи билан олдинга интиши учун зарур бўлган шартшароитларни яратиш муҳимроқдир. Ахир, бу нарса таълимнинг мазмунини ташкил этади-ку.
Машҳур ёзувчи ва файласуф Юкити Фукудзава шундай деган: «Ўқитиш» сўзининг ўзи азалдан инсонни чалғитади. Биз болани ўқитмаслигимиз керак, балки унга табиат ато этган қобилиятларини намоён қилиши учун имконият беришимиз лозим.
Мен кўпинча машҳур ёки нуфузли деб аталадиган мактаблардан материаллар тўплайман. Қоидага кўра, юқори даражадаги таълим тизимини таклиф этадиган мактабларда ўқувчиларга йўлйўриқ кўрсатилади, улар фақатгина йўналтирилади, у ёғига эса, уларнинг ўзлари ҳаракат қилишади.
Болага тўғри жавобни айтиш эмас, балки унда ўша жавобни ўз кучи билан қидириб топиш истагини тарбиялаш муҳим.. Илк бор қийинчиликка тўқнаш келганда, бола ўзини йўқотиб қўймасдан, балки унинг ечимини мустақил равишда қидириб топишга ўрганиши керак. Айнан ана шу нарса бола учун ҳаётда ўз кучига ишонч пайдо қилади.
Ҳатто моҳир педагоглар учун ҳам бола билан доимий алоқада бўла туриб, унинг ўз қобилиятини намоён қилишини кутиш ва бунинг учун маълум бир масофа сақлаб туриш – ўта мураккаб вазифа ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам фавқулодда вазият сифатида сизнинг вақтингиз йўқлиги ва ўта бандлигингизда ҳам ўзига хос афзалликларни топиш мумкин.
Агар ҳамма имкониятлардан тўғри фойдаланилса, банд бўлиш ва вақтнинг йўқлиги ҳам, бола тарбиясида ижобий омил сифатида фойда бериши мумкин.
Иккинчи она бўлиш шарт эмас
Бироқ қисқа вақт оралиғида унчалик кўп нарса қилиб бўлмайди.. Шунинг учун қаерда ўзингизни кўрсатиш муҳимлигини аниқлаб олиш керак.
Шундай қилиб, ўта банд ота биринчи навбатда нимага эътибор қаратиши керак?
Бирданига хулосага ўтаман.
Агар боланинг онаси уддалай олмайдиган ёки ёқтирмайдиган, ва аксинча, сиз ўзингизни кучлироқ ҳисоблайдиган масаладан бошласак, тўғрироқ бўлади.
Аввалга ўша ўтмишдаги ажойиб даврларда бўлган катта бир оилани тасаввур қилиб кўрамиз.
Сиз бувингиз ва бувангиз билан яшардингиз, ҳатто қўшнилар ҳам ўзига хос бир тарзда сизнинг оила аъзоларингиздек эди. Кўплаб акалар, опалар ва қўшниларнинг болалари бўларди.
Албатта отангизнинг фикри ҳар доим ҳам, бувангизнинг фикри билан мос келмас эди. Онангиз баъзида кимларнидир койир, бувингизни эса, унга раҳми келар эди.
Болалар кўпчилик одамлар орасида ўсиб, турли хил можороларнинг гувоҳи бўлишарди. Шунинг учун ҳам улар бу дунёда битта тўғри жавобнинг ўзи бўлмаслигини ва ҳамма одам ҳар хир бўлишини тушунган.

Мен катта оила кичкинасидан кўра, яхшироқ демоқчи эмасман, аммо атрофни кўпчилик одамлар қуршаб тургани туфайли бола ўз оёғида мустаҳкам туришни ўрганиб олиши мумкин эди.
Хўш, замонавий ҳаётда биз нимани кўряпмиз? Оталар деярли уйда бўлишмайди, болалар эса, ҳар куни йигирма тўрт соатнинг бачасини оналари билан бирга ўтказадилар. Ҳозир бундай болалар кам эмас.
Бола атрофида турли хил одамлар жуда кам. Ўзида ишонч ҳосил қила олган болани тарбиялаш учун эса, унинг атрофда хилма-хиллик етишмайди.
Бундай вазиятда бола ҳаётига мутлақо янги нимадир олиб кирувчи инсон айнан отаси бўлиши мумкин
Бошқача айтганда, ота ўз зиммасига онанинг мажбуриятларидан бир қисмини олмайди, балки она бажара олмайдиган ролни ўйнайди.
Ота-оналарнинг ҳар бири ўз ўйинини ўйнайдиган ва бола билан ўзига хос ҳолда мулоқот қиладиган бўлса, у ҳолда мен «гибрид», деб номлаган тарбия усули амалга оширилади.
Ота – универсал ўйинчи
Бува ва бувиларнинг ўз роллари бор, улар оналарнинг жаҳли чиққанда, болани авайлашади, бошини силашади. Амаки ва аммаларнинг ҳам ўз роли бор, улар « сен билан кўришмаганимиздан буён шунча улғайиб кетибсан-ку!», дея болаларни объектив баҳолайдилар.
Безори қўшни боланинг вазифаси эса болага онасидан дакки эшитиш мумкин бўлган ўйин ва шумликларни ўргатиш. У ҳашоратларни тутиш, дарахтларга чиқишни, лой кечиш ва бошқа нарсаларни ҳам ўргатади. Онанинг қайси соҳада қурби етмаётган бўлса, ота ўша жойда ўзини кўрсатиши лозим.
Агар ота спорт билан шуғулланадиган бўлса, болани ўзига қўшиб олиши ёки у поездларни тушунадиган бўлса, унда улар биргаликда ўйинчоқ темир йўлни ўйнашлари мумкин.
Энг масъулиятли пайтда она ўз ролини ўйнай олиши учун отага тайёргарлик керак.
Бу ҳолатни тасвирлаш учун агар бейсбол атамаларидан фойдаланадиган бўлсак, онани коптокни биринчи бўлиб узатадиган стартдаги питчер билан қиёслаш мумкин.
Ота эса, қолган барча ролларни ўйнаши керак бўлади: кэтчер – тўпни қабул қилиб олувчи, аутфилдер – ташқи майдонни қўриқлаб юрувчи, релиф-питчер – ўйин давомида стартдаги питчерни алмаштирувчи.
У бир вақтнинг ўзида бир нечта ролларни ўйнаши лозим, бу эса унчалик осон иш эмас.
Лекин бундай маслашишга, айнан ўзини назорат қилишнинг уддасидан чиқа оладиган ва бола билан доимий равишда мазмунли вақт ўтказадиган, оталаргина қодир бўлишади.
У онанинг дастёри бўлиши ва доим унинг айтганини қилиши шарт эмас. Аксинча, у она ниманинг уддасидан чиқа олмаётган бўлса, ва нимани ёқтирмаётган бўлса, ўша нарсаларни ўз зиммасига олиши лозим.
Агар боланинг ёнида у билан онасидан кўра, бошқача муомала қиладиган инсон пайдо бўлса, унинг ҳаёти сезиларли даражада бойиб боради.
Оталик – бу уч томонлама муносабатдир
Ота қанчалик кўп ролларни ижро этадиган бўлса, боланинг муомала муҳити шунчалик хилмахил бўлиб боради. Бу эса, боланинг ҳар томонлама ривожланишига ҳисса қўшади.
Шу билан бирга, ўйинлар ва вақтичоғликлар меъёрдан ошиб кетса, бу онаннинг норозилигини ҳам ўйғотади.
Агар сиз кўчада роса ўйнаб, ифлос кийимлар билан уйга кириб келсангиз, албатта бундан онанинг боши осмонга етмаса керак. «Мени шундоқ ҳам ишим бошимдан ошиб ётибди, сизлар эса, қўшимча ташвиш орттираяпсиз!» Агар болани ширинликлар ёки ўйинчоқлар дўконига олиб борадиган бўлсангиз, онаси яна норози бўлади: «болага бу нарсалар керак эмас», «сиз бола билан бирга бўладиган бўлсангиз, доим менга ташвиш орттирасиз».
Лекин она ҳар доим ва ҳамма соҳада ҳам бола учун нима яхши эканлигини яхши тушунавермайди.
Ҳамма вақт онасининг кўнглига қараб, бола билан муомала қилиш мушкул иш.
Бошқача айтганда, оталик – бу уч томонлама муносабатдир.
Лекин тушкунликка тушиш керак эмас!
Бу ҳақда онангга айтмаймиз, яъни кейинчалик онамиз бизни койиши мумкин бўлган ишни қилиш ҳам, баъзида фойдали ҳисобланади.
Агар онасининг сиздан ҳам жаҳли чиқадиган бўлса, у ҳолда чин дилдан кечирим сўраш керак, бола буни кўриб, отам ҳам таъзирини еди-я, деб хурсанд бўлади. Вақт ўтиши билан бу нарса кулиб эсланадигна тарихчага айланади.
Оталар! Ўз уйингизда тартибсизликлар қилиб туринг!
Сўнгги вақтларгача, ота-оналар фикрининг турли хиллиги болани гангитиб қўяди, деб ҳисоблашар эди. Шунинг учун эр-хотинлар гуёки ҳар доим бир хил нарсани гапириши ва ҳамфикр бўлиб ҳаракат қилиши керак эди. Ҳозирги кундаги бобо ва бувилар айнан шундай деб ҳисоблашади.
Ҳа, албатта, агар ота-оналар болани ўзларига ўхшатиб тарбия қилишни хоҳласалар, у ҳолда бу фикр ўз қийматида қолишга ҳақли. Бундай вазиятда ота-оналарнинг фикрлари ва улардаги қадриятлар тизими мутлақ ҳақиқат ва инкор этилмас, дея қабул қилинади.
Лекин бироз ўйлаб кўрилса-чи, бу бола шахсига ўтказилаётган босим-ку. Бундай ёндашув болани тор қолибга солиб қўяди, ва мен буни тавсия қилмаган бўлар эдим.
Қачонлардир болаларнинг тарбияси билан аёл шуғулланади, оталар эса бу ишни тўлалигича ўз аёлларига юклаши керак, дея қабул қилинган эди. Ўшанда онанинг қадриятлар тизими асосий ҳисобланган ва эр-хотинлар бола тарбиясида ўзаро бир фикрга келиши осон кечган.
Аммо бизнинг вақтимизга келиб, оталарнинг бола тарбиясида иштирок этиши ижобий баҳоланмоқда, ва улар бола ривожланиши масаласида ўз фикрларига эга бўлиш ҳуқуқига эришмоқдалар.
Ахир ўйлаб қаралса, эр-хотинлар аввал бошида бир-бирига мутлақо бегона одамлар эди. Улар барча масалаларда якдил фикрга кела олишмайди. Ҳозирги кунда тарбияга нисбатан фарқли қарашлар, бу яхши нарса деб ҳисобланади.
Эр-хотинларнинг турли усуллари бола тарбиясининг чегарасини кенгайтириши ҳақида мен юқорида ҳам айтиб ўтгандим. Ана шундай ўзига хосликлар туфайли бола қарама-қаршиликлар ва фарқли фикрларни ҳис қила олиши, мустақил хулоса чиқариши ва ўз қарашларига яқинроғини танлаб олиши ҳамда ўзининг такрорланмас шахсий хусуситятларини шакллантира олиши мумкин. Ота-оналарнинг қадриятларидаги фарқлар бола дунёқарашининг кенгайишига ёрдам беради.
Шунинг учун эр-хотинлар, агар уларнинг фикрлари фарқли бўлса, бор кучларини сарфлаганча, ўз фикрларини мослаштиришлари шарт эмас.
Уйда ҳукм сурадиган бетартиблик болада қувонч, қайғу, дилсиёҳлик ва мамнунлик туйғуларини ўйғотиши мумкин. Айнан ана шундай уй бола улғайиши учун энг яхши муҳит ҳисобланади! Бундай бола ҳиссиётларни ва бурч туйғусини интиутив тарзда ҳис қилади ҳамда дунёни нозик дид билан англайдиган бўлади.
Бундай нарсаларга мактаб ёки тайёрлов кўрсларида ўқита олишмайди.
БУ ҚИЗИҚ!
Эр киши ота бўлгач, унинг фикрлаши ўзгаради!
Оталик ҳиссини ўйғотувчи мослама отанинг болага бир бор тегиниши ва унинг ҳидини ҳис қиш биланоқ, ишга тушиб кетади!
Бола туғилган чоғда эркакнинг миясидаги ўзгаришларни ўрганиш мақсадида олимлар сичқонларда эксперимент ўтказишган. Маълум бўлишича, ота сичқонларнинг миясида янги синапслар ( нерв ҳужайралари туташган жой) шаклланган.
Бунинг учун битта шартни бажариш талаб этилган. Ота сичқонларни боласи туғилиши биланоқ бошқа катакка ўтказилганда, уларда ҳеч қандай ўзгариш юз бермаган. Маълум бўлишича, мияда синапслар пайдо бўлиши учун улар янги туғилган гўдакнинг ҳидини ҳис қилиши ва бевосита унга тегиши лозим бўлган. Ҳатто биологик ота бўлса ҳам, гўдак ҳидини сезмасдан ва тегинмасдан туриб, унинг оталик туйғуси ўйғонмаган.
Оталик туйғуси онанинг таъсири остида ўйғонади!
Бошқа бир тажриба чоғида ота сичқон ўзининг оталик туйғусини она сичқоннинг маълум бир ҳаракатларидан кейингина англаб етган.
Агар сичқонча туғилгандан сўнг, фақатгина ота сичқонни бошқа катакка ўтказишган бўлса, кейинчалик бу ота сичқон боласининг тарбиясида иштирок этишга ҳаракат қилмаган. Лекин ота ва она сичқонларни биргаликда бошқа катакка кўчиришганларида эса, ота сичқон ўзининг оталик туйғусини ҳис қила олган – деб тахмин қилишади.
Она сичқон феромонлар ёки ультра товушлар ёрдамида ота сичқонга, бола учун қайғуриш керак, деган маълумотни етказган бўлиши мумкин.
Оталарда эркаклик гормонлари камаяди!
Одамлар билан ҳам қизиқ тадқиқот ўтказилган. Асосий эркаклик гормони – бу тестостерон ҳисобланади.
Тестостерон мушаклар ҳажмининг ортиши ва соч ўсишини кучайтиради. Психологик жиҳатдан эса, у тажовузкорлик ва фаолликка жавоб беради. Бундан ташқари, айнан ана шу гормон бошқа жинс вакилларига ва интим муносабатларга бўлган майлни қўзғайди.
Маълум бўлишича, юқори даражадаги тестостерони бор эркаклар уйланганлар ва фарзандлилар орасида ҳам кўп учрайди. Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ, чунки улар фаол эркаклар.
Шу билан бирга, яна бир қизиқарли факт маълум бўлди. Боласи туғилгач, эркакларда тертостерон даражаси вақтинча камаяр экан.
Характери анча майинлашиб, бошқа жинсга нисбатан қизиқиши ҳам сусаяди.
Бу дегани, агар ёш ота фарзанди туғилгандан кейин ҳам, хотинидан бошқа аёлларга илакишиб юришни яхши кўрадиган бўлса, унда у ҳали ўзининг оталигини унчалик яхши англай олмаган ҳисобланади.
2 БОБ
3 СОНИЯДА УДДАЛАШ! ҲАР ДОИМ БОЛА ҚАЛБИДА БЎЛИШИНГИЗ УЧУН ИМКОН ЯРАТУВЧИ СЎЗЛАР
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
1
Benesse номли Кейинги авлод тарбияси масалалари бўйича тадқиқот маркази..