Полная версия
Мавлоно Завқий
Менга не ёру не ошиқ ҳавасдир,
Агар мен одам ўлсам ушбу басдир.
А.Навоий
***
Ҳеч қачон икки нусхада такрорланмайдиган инсон дунёга ёлғиз келиб, ёлғиз кетади. Унинг нигоҳидаги олам, қалбидаги туйғулар, қувончу қайғулар, хоҳишу орзулар, севги ва нафратлар, жамики кечинмалари бетакрор ва ягонадир. Барчамиз нималарнидир ўрганиб умр ўтказамиз, лекин ҳеч бир кимса ўзини мунтазам билмайди, тингламайди, ўрганмайди, билганларимиз эса холис эмас, бироз мақтов, ёлғон, худбинлик қўшилган бўлади. Демак ўз худбинлигини енга олган одам жуда кам ёки йўқ. Нега шундай деб изланадиган одам ҳам жуда кам ёки йўқ. Ҳар бир дунёга келган одам борлиқнинг ижоди ёки бетакрор кашфиёти, шубҳасиз у бир қанча нуқсон ва беҳисоб фазилатлар билан яратилади, кимса ўз нуқсонларини мутлоқ енгиб, фазилатларини тўла парваришлай олса эди, у бетакрор гўзаллик ва бетакрор кашфиёт соҳиби бўлган бўлар эди, ҳар биримиз умр бўйи ўта гўзал инсонни излаймиз, тинимсиз излаб, тинимсиз қайғуриб асло топа олмайдиган кимса ўзимиз учун ўзимиздир.
Бизларни кашф қилишда нақадар саҳийлик қилган қодир куч нуқсонларимизни аниқлаб бермаган, биз уларни тинимсиз излаб, беҳисоб заҳматлар чекиш ҳисобига аниқлаймиз. Ўзини аниқлаган инсон мукаммал дейилади, нуқсонларини йўқота олса комилдир. Унинг ўз қиёфаси, нигоҳи, хулқи, товуши, ўрни бўлиб, холис фикрлайди, холис муносабатда бўлади. Хушомаду очкўзлик, шуҳратпарастлик, энг муҳими худбинликдан холи кишига айланади.
Аччиқ ҳақиқатни тан олиб, ўзимиздан адолатли нафратланиб, танқид қилиб, тинимсиз тергаб, зарарли хоҳишларимизни жиловлай олсак эди, чинакам гўзалликка эриша олардик. Афсуски, бундай қила олмаймиз, ўзимизга тинимсиз сайқал бериб, инсон деган асл номни оқлаб, ёруғ юзли гўзал инсон бўлишга интилишни, барча фаолиятимизни инсоният мулкига мулк қўшиш, кишиларга малҳам яратишга бағишлашни ёдимиздан чиқариб қўямиз. Нималардан завқланиб, нималардан нафратланишни адолатли ҳал қила олсак янада гўзалроқ бўлар эдик. Ноўрин нафратланиш, тараққиёт учун зарарлидир.
Ҳайрат ва ҳасрат тўла бу оламда, армонлар ҳам бисёр, ишқ-муҳаббат ёнида афсус ва надоматлар ҳам. Бирор лаҳзага тиним билмайдиган инсон умр бўйи ўз қалби билан ҳасратдош. У ҳаётнинг барча қайғу ва ҳасратларини биргаликда енгиб, барча қувончлардан бирга баҳраманд бўлиб, севиб ҳам нафратланиб уни асло тарк этмайдиган ягона дўстдир. Шоирлар умр бўйи ана шу дўстлари билан ҳасратдош бўладилар, бирга суҳбатлашиб, бирга куйлашиб, бирга ижод қиладилар.
***
Аъзамхўжани улфатлари бекорга «қўли гул» деб атамайдилар. У чиндан ҳам пазанда бўлиб, ниҳоятда дидли ва озода, дастурхон тузаш ва таом тайёрлашда тенги йўқ. Шу сабабларга кўра меҳмондорчиликдан қўли бўшамайди. Мана бугун ҳам Муҳаммад Солиҳнинг меҳмонларини кутиб олиш унга юкланган. Ҳамма ишларни режалаб олган Аъзамхўжа уйни йиғиштириб тартибга солишдан бошлади, тахмондаги кўрпачаларни бир бошдан солиб, атрофга болиш ва ёстиқларни териб қўйди. Тоғорадаги сомса совиб қолмаслиги учун кўрпача билан ўраб қўйди-да, сўнгра дастурхон солиб тузай бошлади. Ликопча ва пиёлаларни териб қўйиб, бир бошдан қуруқ мева ва ширинликларни тузади. Энди шошилмай кўкатларни тўғраб, сузма қатиқ билан аралаштириш лозим ҳамда кабобга қўшиб ейиш учун «зирапиёз» ҳам тайёрлаш керак. У тухумсимон нўш пиёзларни тозалаб «қил-қил» қилиб тўғрай бошлади, сўнгра уларни енгилгина эзғилаб, сирка қуйди, устидан озгина мурч сепиб аралаштириб қўйди. Энди пиёлаларга қаймоқ ва мурабболарни қуйиб жойлаштириши керак. Қандолат печак, лабз, ҳолвалар каби қандларни чиройли қилиб териб чиқди. Хонага хушбўй ҳид тарқалсин деб дастурхон ўртасига райҳон қўйишни ҳам унутмади. Қалампир-туздан тортиб барча нарсаларни ҳозирлаб бўлди-да, сихларни олиб гўшт бўлакчаларини тера бошлади. Энди бироз дам олиб меҳмонларни кутиб олса бўлаверади. Ҳеч нарсани эсидан чиқариб қўймадимми деб ўйлай бошлади. Йўқ ҳамма нарса жойида, дастурхоннинг тўрт бурчагига биттадан сочиқ қўйса бас. Обдастага сув тўлдириб, чилопчинни ҳам ҳозирлаб қўйган.
– Тайёргарлик бўляптими, Аъзамхўжа?
– Ҳамма йўқ бисёр, дастурхонни айтганингиздек қилиб тузаб қўйдим.
– Қанақа таомлар қиламиз?
– Биринчисига қобили шўрва, кейин паловхонтўрада.
– Шунинг ўзи етадими?
– Албатта етади, дастурхонга анчагина нозу неъматлар тузадим. Орада иккитадан сомса ҳам берамиз.
– Сомса ҳам тайёрладингизми?
– Дўстингиз Маҳмудхўжа бир тоғора сомса ташлаб кетди, совға ўрнига деди. Кўрпача билан ўраб қўйдим.
– Эй бечора, жуда қўли очиқда.
– Менга қаранг Муҳаммад Солиҳ, машшоқчиларни ҳам айтдингизми?
– Айтдим, Қамбар ҳофизни айтдим, шериклари билан ҳали-замон кириб келади.
– Ундай бўлса…
– Нимадир демоқчимисиз?
– «Ҳалиги»дан бўладими?
– Бир-иккита қарилар ҳам келишади, ноқулай бўлмасмикин?
– Шундай қувончли кунда озгина-озгина қилмасак бўлмайди-да.
–
Сиз дўстларимиз харқанча хурсандчилик қилсаларинг мен ҳам хурсанд бўламан, лекин иймон – эътиқодли бўлатуриб бундай ишлар қилиш менимча яхши иш бўлмайди.
–
Акагинам, бунақа ишлар ими – жимида бўлади, бирорта кимса хидини хам билмайди.
–
Сиз Аъзамхўжа нихоятда ақилли одамсиз, харқандай ишни бандалардан яшириш мумкин, лекин Оллоҳдан яшириб бўлмайди. Шу сафарчалик мени манзур тутинг.
–
Хўп ака, айтганимиздек қиламиз.
–
Барака топинг ука, чақалоқнинг бахтли ва омадли бўлиши учун истак билдирсаларинг мен учун катта мурувват кўрсатган бўласизлар. Қарилар Қуръон тиловот қиладилар, яхшигина сухбат қиламиз.
–
Яхши, мен бу томонини билмаган эканман.
–
Ниятим катта, гўдаккина элимизни ардоқли фарзанди бўлсин, илмли эътиборли бўлсин.
Истакларингизга барчамиз тилакдошмиз
Пешин намозидан кейин меҳмонлар бирин-кетин кела бошладилар. Зиёфат жуда қуюқ бўлиб, кўтаринки руҳда ўтди. Қамбар ҳофиз айниқса ўтиришга файз киритди. Гўдак Убайдуллохўжага барча яхши тилаклар билдирди. Баркамол инсон бўлишини, бахтли ҳаёт кечиришини тилаб бир неча бор фотиҳа қилдилар.
Уч ўғилнинг отаси Муҳаммад Солиҳнинг қувончи чексиз эди. Унинг хонадони шундоққина Шайхон маҳалласининг кираверишида жойлашган бўлиб, Хода бозор кўчаси билан туташиб кетган. Қўқон хонлигининг қароргоҳига яқин маҳаллалардан ҳисоблангани учун аҳоли зич, кўчалар обод ҳамда гавжум. Атрофида бир неча чойхоналар жойлашган. Ана шу аҳоли зичлиги туфайли барча қатори Муҳаммад Солиҳнинг ҳам ҳовли саҳни кичкина, бироз узунчоқ эди. Кираверишда болохонали уйча бўлиб у меҳмонлар учун мўлжалланган, яна бир хона ташқари икки уй бир даҳлиз бўлиб, у ётоқхона ва ўтирадиган уй вазифасини ўтар. Ҳовли тор бўлишига қарамай тартибли, саранжом-саришта, ҳамма нарса жой-жойида. Муҳаммад Солиҳ маҳсидўзлик билан шуғулланар, унча-мунча савдо-сотиққа ҳам аралашиб турарди. У бой-бадавлат бўлмасада, ўзига яраша мустақил киши бўлиб, жуда меҳмондўст, хушмуомала, кишиларнинг меҳрига кира олган одам эди.
Кўргилик кўпгина ҳолатларда кутилмаган томондан келиб, кутилмаган натижа билан якунланади. Ҳар қандай қийинчилик билан бўлса ҳам ўрнини тикласа бўладиган кўргиликнинг жароҳати аста-секин битиб кетади. Лекин қайта битмайдиганининг асорати умрбод сақланиб қолади, қайта-қайта кўнгилни тирнайвериб охири битмас ярага айланади. Унга гирифтор бўлган кишининг афсус ва надомати бир умрликдир. Орқама-орқа келган кўргиликлар Муҳаммад Солиҳни ҳам қаддини букиб қўйди, фаолиятли ҳаётини йўқотиб, ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган, ўқтин-ўқтин пана жой топиб кўз ёши тўкадиган бўлиб қолди. Хулқидаги жўшқинлик, ҳазил-мутоибаларга бўлган мойиллик, юзидаги табассум уни мутлақо тарк этди. Жисмонан тетик ташқи қиёфаси йўқолиб, уларнинг ўрнини оқариб кетган соч-соқоллар, букилган гавда эгаллаб олди. Одамзотнинг тақдирга тан бермай иложи йўқ.
***
Катта орзу-умидлар билан яшаётган бечора йигитнинг бошига тушган оғир кўргилик уни хароб қилиб қўйди. Бирин-кетин касалга чалинган икки ўғлидан ажрайди, узоқ вақт даҳшатли кўргиликдан ўзига келолмай юради. Энди барча орзу-умиди ягона ўғли Убайдуллодан. Оллоҳ унинг умрини узоқ қилган бўлсин. Убайдулло ёқимтой болакай бўлиб ўса бошлади. Уни ота ва она еру кўкка ишонишмасди, Оллоҳдан умр тилаб парвариш қилишар, болани оила аъзолари билан бирдек тоғаси Муҳаммад Содиқ ҳам жуда ёқтирар, тез-тез улардан хабар олиб, совға-саломлар билан йўқлаб турар эди.
***
Оламдаги энг гўзал неъмат покиза инсоннинг покиза дили бўлса керак.
Ёвузликни мутлоқ йўқотиб бўлмаганидек, гўзаллик бўлган ва ҳар доим бўлади.
Олижаноблик ҳақида айрим олижаноб кишилар ҳақида ҳикоялар ҳатто асарлар ёзамиз, таҳсинлар ўқиймиз. Тарихга киритамиз, аслида жамиятнинг асосий қисми олижаноб одамлардан иборат бўлмоғи лозим. Олижаноблик оддий ҳол бўлмоғи керак. Қачонлардир келиб эҳтимол шундай бўлар, оддий инсон энг камида олижаноб кишига айланар. Баркамол одам бўлиш учун оддий турмуш сабоқларининг ўзи етарли эмас. Ҳаётий эҳтиёж жуда кўплаб йўлакларга етаклайди. Муҳтожлик нима, оч қолиш нима, меҳнат ва илм олиш нима барчасини билиш керак, билиш учун кўриш, ўрганиш керак. Кўрмай, билмай ўтиш яшамай ўтиш билар баробар, одам боласи бўлиб туғилиб, яшамай ўтиш жуда ачинарли ҳол.
Тараққиёт тўхтаб қолмайди. Тўхтатишнинг иложи ҳам йўқ, уни тинимсиз одимлашидан барчамиз баҳрамандмиз. Шу боис инсоният тараққиёти учун, одамларнинг бахтли ҳаёти учун яратилган ҳар қандай янгилик учун қувонишимиз шарт. Нодон буни тушунмайди, тушунишни хоҳламайди ҳам, қанақа-ки гўзал неъмат яратилса ўша нарсага қарши фаолият бошлайди, кишиларнинг омади унинг учун ёқимсиз воқеа, яратилган гўзал нарса унинг учун фожеа.
***
Афсуски қанча-қанча истеъдодларимиз ожизликларимиз исканжасида нобуд бўлган. Бахт нима эканлигини билиш учун аввал бахтсизлик нима эканини билмоқ лозим.
Убайдулло оиланинг ёлғиз фарзанди бўлиб қолди. Отаси Муҳаммад Солиҳ ўзининг барча орзу-умидларини ўғлига бағишлаб унинг тарбиясига астойдил киришди. Болани даставвал эски усулдаги маҳалланинг мактабига ўқишга беришди. Убайдулло зеҳни тез, зукко, чаққон бола бўлиб улғая бошлади. Унинг энг яқин кишиси отаси ва тоғаси Муҳаммад Содиқ эди. Ота-она ва қариндошларнинг меҳрига қониб ўсган бола бошқаларга нисбатан ўзи ҳам меҳрибон, одобли ва ростгўй эди, шўх бўлишига қарамай тез сабоқ олар, ўргатилган нарсаларни ошиғи билан ўзлаштириб оларди.
– Дада, – деди бола қувончдан кўзлари чақнаб, – ҳафтиякни тамомладик.
– Э баракалло ўғлим, ўқишни яхши тамомласангиз олим одам бўласиз, барча одамлар сизни ҳурмат қилишади.
– Дада қачон менга тойчоқ олиб берасиз?
– Бироз катта бўлсангиз, албатта тойчоқ олиб бераман.
– Қачон катта бўламан?
– Яхши бола бўлиб, айтганларимизни қилаверсангиз тез кунда катта йигитча бўласиз.
– Кейин нима қиламан?
– Кейин мадрасада ўқиб, илм оласиз. Жуда кўп ўқишингиз керак. Мен сизга жуда қизиқарли китоблар олиб бераман.
– Уларда нималар ёзилган бўлади?
– Ҳар хил қизиқарли эртаклар, ҳикоялар бўлади.
– «Уч оғайни ботирлар» ҳам борми?
– Албатта бор, сиз бу эртакни қаердан биласиз?
– Домламиз айтиб берганлар.
– Баракалла, домлангиз ўргатган нарсаларни эслаб қолишга ўрганинг.
– Ўртоқларим билан ўйнаб келсам майлими?
– Майли болам, ўйнаб келинг, фақат от аравалардан эҳтиёт бўлинг.
Болаларга бўлган муносабат, ҳар бир даврнинг қиёфаси ва ўша давр кишиларининг меҳр-муҳаббатининг ўлчовидир. Ҳар қандай шароит имкониятдан келиб чиқади. Ўша даврнинг имконияти ўзига хос бўлиб баъзи бир соҳалар қашшоқ ва ночор эди. Ана шу сабабларга кўра қурилиш ва ободончилик ишлари суст ривожланган, кўчалар тор, ёзда тупроқ, қишда лой билан қопланган эди. Болаларнинг ўйнаб ҳордиқ чиқаришлари учун ҳеч қандай шароит йўқ. Бечора болакайлар шундай бўлишига қарамай ўзларига ўзлари шароит яратиб неча хил ўйинларни кашф қилишиб қувонишар, шўхлик қилиб яйрашар эди. Ўйинлар асосан қувлаш, яшин тўпалоқ, эшак минди, оқ терагу-кўк терак каби бўлиб, ўйинчоқларсиз бўларди, мавсумларнинг ўзгаришига қараб уларнинг турлари ўзгариб борарди. Баҳор палласида даста-чикалдак, камалак отиш, дўндирак ўйнаш, варрак учириш бўлса, куз чоғига бориб ёнғоқ ўйини, лаппак отиш кабилар авж олади, қиш палласида ланка тепиш, бир-бирларига эртак сўзлаб беришдан иборат бўлади. Убайдулла жуда хушчақчақ, соддадил бола бўлиб улғая бошлади. Лекин кўпгина ўйинларни тақиқлаб қўйишгани учун фақат томоша қилишдан нарига ўтолмасди. Отаси йиқилиб тушишидан қўрқиб томларга ва дарахтларга чиқишга рухсат бермайди, шунинг учун у қўйнига ғўра тўлдириб дарахтдан тушаётган, томда маза қилиб варрак учираётган болаларга қараб фақат ҳавас қиларди холос. Бошқа ўйинларга ҳар ҳолда қатнаша олади. Унинг ёшлиги пастқам уйлардан иборат унча кенг бўлмаган кўчаларда терлаб-пишиб ўйинқароқлик қилиш билан ўтди. Аста-секин ўйинларни тарк этиб, мутолаа ва отасининг касби маҳсидўзлик билан шуғуллана бошлади.
***
Инсоният тарихига назар солсак, узоқ йиллар давомида диний низолар, дахшатли жанжаллар бўлганини гувоҳи бўламиз. Хўш нега шундай бўлган? Бунинг сабаби шундаки кўпгина одамлар чинакам эътиқод, чинакам гўзаллик нима эканини билмай, эътиқоднинг чин мохиятини тушунмай, ўрганмай ўзини диндор деб тушунади, яна бир тур кишилар динни ўз манфаатларига мослаш қайғуси билан ёки уни даромад манбаи деб тушунувчилар ҳам йўқ эмас. Бундай кишиларнинг аксарият кўпчилиги динга ёнгил – елпи қараган, саёз фикрли ва илмсиз одамлардир. Билимсизлик хардоим салбий хохишларнинг авж олишига етаклайди, айниқса очкўзлик, шухратпараслик, нафсни тиябилмаслик, худбинлик, хирсга берилиш каби қусурларни йўлини тўсишга ожизлик қилиб қолади. Чинакам эътиқод эгаси умр бўйи меҳнат қилади, тер тўкади, илм олади, ана шу йўл билан, тинимсиз ўз ички оламини бойитиб, маънавиятини юксалтириб, ўз дилини поклаб боради, бундай одам худбинликдан холи, кишиларга меҳрибон, хаммага омад тилагувчи бўлиб энг ёқимсиз қусурлар хасад бахиллик, бойликка ружу қўйишларидан фориғ бўлади, Парвардигорга чин дилдан ишонган бундай эътиқод эгалари, хурофот, мутаассиблик, бефаросатликдан холи бўладилар. Бундай гўзал кишиларнинг кўпайиши бахтли ҳаётга, мамлакатнинг тараққий қилишига, мазмунли ҳаёт томон етаклайди, бундай юртининг қудрати беқиёс ошади, фидоийлик ва фаоллик тинмай ривожланаберади. Хурофотдан холи бўлган бундай мамлакатни хеч кандай ёв мағлуб қилаолмайди. Бунинг акси бўлган юртда матаассиблик авж олади, бақироқ мутаассиблар пайдо бўлади, илмсизлик, порахўрлик, дилозорилик авж олади. Фуқароларнинг асосий қисми оломонга айланиб, диний низолар кучаяди, жахолат хукмрон кучга айланади, кишилар учун зарарли бўлган фикрлашлар, кераксиз ақидалар ҳам хукмрон кучга айланади. Ўтмиш шуни юз қарра исбот қилди, қайсики юртда муттассиблик кучайса ўша юрт инқирозга юз тутиб, душманга ем бўлган, мустақиллигини йўқотган, донишманд ва хос одамлар изтиробларга мубтало бўлган. Хар бир юртнинг билимдонлари бундай муаммолар устида бош қотирмоқлари, хушёр бўлишлари жуда мухим.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.